Мукаррам фаришталар Принтер учун
15.05.2010 й.
islom.uz

Аллоҳ таоло: «Роббингнинг аскарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. Ва у (дўзах) башар учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмас», деган.

Бу ояти каримадаги «аскарлар»дан мурод фаришталардир. Уларнинг сони, қуввати ва бошқа хусусиятларини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, холос.
«Ва у (дўзах) башар учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмас».
Шундан сўнг Аллоҳ таоло осийларни қўрқитишга ўтади. Ва Ўзининг баъзи махлуқлари ила қасам ичиб, дўзахнинг ҳақ эканлигини таъкидлайди.
Аллоҳ таоло яна:
«Вақтики, икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар», деган (Қоф, 1 — 18).
Демак, инсоннинг икки тарафида икки фаришта жойлашган ва улар инсоннинг ҳар бир амали ва сўзларини кутиб олади. Оятда уларни «икки кутиб олувчи» деб айтилмоқда.
«Вақтики, икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар».
Мазкур фаришталар содир бўлган барча ҳодисаларни ёзиб боришга вакил қилинганлар.
«Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар».
Инсоннинг оғзидан чиққан битта лафз ҳам уларнинг назаридан четда қолмайди. Улар ҳамиша ҳозиру нозирдирлар, дарров ёзиб қўядилар.
Таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таоло бандасининг амалларини ҳисоб-китоб қилишда бу икки фариштанинг ишига муҳтож эмас. Ўзи ҳамма нарсани комил илми ила билиб туради, ҳаттоки, аввалги оятларда айтилганидек, одамнинг хаёлидан ўтган нарсаларни ҳам билади.
Мазкур фаришталарнинг барча амалларни ёзиб боришида бошқа ҳикмат ҳам бор: қиёмат куни инсонга ҳужжат сифатида кўрсатиладиган номаи аъмолда ушбу фаришталар ёзган ёзувлар бўлади. Бунга иймон келтириш эса, ҳар бир банданинг кўпроқ яхшилик қилишига, ёмонликдан янада кўпроқ четланишига сабаб бўлади.
Ушбу мавзуда кўплаб ривоятлар келган. Шуларнинг баъзилари билан танишиб чиқсак, тушунчаларимиз янада мукаммалроқ бўлади.
Али ибн Абу Толҳа Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, у зот:
«Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар» ояти ҳақида: «Ҳар бир яхши-ёмон гап ёзиб борилади. Ҳаттоки, «едим», «ичдим», «бордим», «келдим», «кўрдим» кабилар ҳам. Пайшанба куни унинг иши ва гапи арз қилинади: яхшилиги ва ёмонлиги борлари қолдирилиб, қолганлари ташлаб юборилади», деган эканлар.
Имом Ҳасан Басрий «...ўнгда ва чапда ўтирган ҳолда» оятини ўқиб туриб:
«Эй одам боласи, сенинг саҳифанг очилди. Икки ҳурматли фаришта сенга вакил қилинди: Биттаси, ўнг тарафингдаги яхшиликларингни ёзади, иккинчиси, чап тарафингдаги ёмонликларингни ёзади, нимани хоҳласанг қилавер, озми, кўпми вафот этганингда саҳифанг беркитилади, қабрингда бўйнингга осиб қўйилади. Қиёмат куни шундай ҳолда қабрингдан чиқасан...» деган эканлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўлим тўшагида инграб ётганларида Товус розияллоҳу анҳудан: «Фаришта ҳар бир нарсани, ҳатто инграшни ҳам ёзади» деган ривоятни эшитибдилару дарҳол инграшни тарк этиб, шу билан то жон таслим қилгунларича инграмаган эканлар.
Мазкур саҳифалар инсоннинг ҳаёти давомидаги барча амалларининг саҳифасидир. Аммо ўлим олдидан жон таслим қилиш саҳифаси ҳам бор.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
«Барча Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига иймон келтирди», деган (258-оят).
Аллоҳга иймон келтиришнинг ичида Унинг фаришталарига иймон келтириш ҳам бор. Фаришталарга иймон келтиришни эса, Аллоҳ буюрган. Шунинг учун ҳам иймон келтириш лозим бўлган барча нарсалардан олдин Аллоҳга мустаҳкам иймон бўлиши керак. Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш ҳис этиш аъзолари таъсирига тушмайдиган, улардан юқори бўлган ғайб нарсаларга иймон келтиришнинг бир қисмидир. Инсонни яратган Аллоҳ унинг табиатида ғайб нарсаларга қизиқиш борлигини билгани учун ушбу ғайбий нарсага — фаришталарга иймон келтиришни буюрган.
Ўзи билан доимо фаришталарнинг бирга юришига, барча яхши-ёмон ишларни ёзиб боришига ва фаришталарнинг бошқа хусусиятларига иймон келтирган одам фақат яхшилик қилишга интилади ва ёмонлиқдан четда бўлади. Бундай ҳис-туйғу эса, ҳар бир инсон боласи учун зарурдир.
Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ғайбий нарсаларга, жумладан, фаришталарга ишонишдир. Бундай иймони бор инсон ҳис этиш аъзолари чегарасида — «тор жойда» ўралашиб қолмайди. Балки унинг тасаввур доираси чексиз бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар алмашиб турадилар. Улар бомдод намозида ва аср намозида жамланиб турадилар. Сўнгра ичингизда тунаганлар кўтариладилар. Бас, Роббилари Ўзи билиб турса ҳам улардан:
«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрайди. Улар:
«Уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик. Уларнинг ҳузурига борганимизда ҳам намоз ўқиётган эканлар», дейишади», дедилар
».
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикри келаётган фаришталар бандаларни муҳофаза қилиш учун ер юзига навбат билан тушиб турадилар. Кундузи муҳофаза қилиш учун алоҳида фаришталар бор. Кечаси муҳофаза қилиш учун алоҳида фаришталар бор. Улар бомдод ва аср намозлари вақтида алмашадилар. Бомдод намози вақтида туннинг фаришталари кўтарилиб, куннинг фаришталари муҳофаза учун тушадилар. Ана шу вақтда икки тоифа фаришталар жамланиб, бир-бирлари билан кўришадилар. Аср намозида эса, кундузи муҲофаза қилган фаришталар кўтарилиб, кечаси муҳофаза қиладиган фаришталар тушадилар. Бу пайтда ҳам икки тоифа фаришталар бир-бирлари билан учрашадилар.
Бандалар ичида турган фаришталар кўтарилганларида Аллоҳ таолонинг Ўзи билиб турса ҳам, улардан:
«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўраши намозхон инсоннинг шаънини олий мақомга кўтаришдир, Аллоҳнинг ҳузурига, Аллоҳга муқарраб бўлган фаришталар тўпига кўтаришдир. Бу эса намознинг ўта улкан ва ўта фазилатли ибодат эканлигидандир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Намознинг энг олиймақом ибодат эканлиги.
Чунки Аллоҳ билан фаришталар орасидаги савол-жавобда фақат намоз зикр этилмоқда.
2. Бомдод ва аср намозларининг бошқа намозлардан устун туриши.
3. Бомдод ва аср намозларининг вақти афзал ва баракали вақтлар эканлиги.
Чунки ана шу вақтларда фаришталар жамланади. Асарларда келишича, ризқ бомдод намозидан кейин тақсимланади. Кундалик амаллар эса, аср намозидан кейин Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилади. Шунинг учун ҳам банда бу вақтларни тоат-ибодатда ўтказса, ризқи ва амали баракали бўлади.
4. Фаришталарнинг мусулмонлар орасига тушиб туришларидан Ислом умматининг бошқа умматлардан кўра шарафли эканлиги келиб чиқади.
5. Аллоҳ таолонинг фаришталар билан сўзлашиши.
Бу ҳадис ҳам намоз ўқишга катта тарғибдир. Намоз ўқиган одам ҳар куни икки марта Аллоҳ билан фаришталар ўртасидаги суҳбатда зикр қилинар экан. Бу жуда улуғ шараф! Бирорта амалдор таниш одамидан бир киши ҳақида: «Фалончи тинч юрибдими?» деб сўраб қўйса, у умрбод мақтаниб юради. Намозхонни эса, Аллоҳ таоло фаришталардан ҳар куни икки марта: «Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрар экан. Фаришталар эса: «Намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик», деб жавоб берар эканлар. Намоз ўқимаганлар эса, бундай бахтдан бебаҳрадирлар.
Шунинг учун намозни канда қилмайлиқ ҳар куни Аллоҳ томонидан ҳоли сўраладиган бандалар қаторида бўлишга ҳаракат қилайлик.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга Аллоҳ таолонинг Аршни кўтариб турувчи фаришталаридан бири ҳақида гапиришимга изн берилди. Унинг қулоғининг юмшоқ жойидан елкасигача бўлган масофа етти юз йиллик масофадир», дедилар
».
Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фаришталар ҳақидаги тафсилотларни одамларга сўзлашлари учун уларга Аллоҳ таоло изн бериши керак экан. Аршни кўтариб турувчи фаришталар шу қадар катта бўлса, Аршнинг ўзи қанчалик улкан эканлигини тасаввур қилиш ниҳоятда қийин бўлса керак. Энди ана шу Аршнинг яратувчиси — Аллоҳ таолонинг сифатини ҳар ким ўзи билиб олгани маъқул. Ана шундоқ фаришталар хизматида бўлиб турган Аллоҳ таолодек Зотнинг иқобидан қочиб қутулиб бўладими?! Шунинг учун ўша фаришталарга иймон келтириб, Аллоҳ таолонинг айтганларидан четга чиқмай, бандаликни адо этиб юриш лозим.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz