Мулойимлик Принтер учун
20.05.2010 й.
islom.uz

Биз «мулойимлик» деб таржима қилган сўз арабчалар «рифқ» деб айтилади ва қўполликнинг зиддини англатади.
Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл билан амалга оширишни билдиради. Қўполлик ҳам қилмайди, ўта заифлик ҳолига тушиб ҳам қолмайди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир гуруҳ яҳудийлар келишди ва «Ассааму алайкум (Сизга ўлим бўлсин)», дейишди.
Оиша айтди:
«Бас, мен фаҳмладим ва «Сизларга ўлим бўлсин! Лаънат бўлсин!» дедим.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳой Оиша! Шошилма! Аллоҳ барча ишда мулойимликни яхши кўради», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Нима деганларини эшитмадингизми?» дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзингларга ҳам», дедим», дедилар
».
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган бир гуруҳ яҳудийлар «Ассааму алайкум» дея бу жумлани саломга ўхшатиб айтиб келишибди. Бу таркиб саломга ўхшаб кетади. Шунинг учун яҳудийлар бу сўзни салом ўрнига айтишибди. Шумлик қилиб, қарғишларини салом қилиб кўрсатиш пайидан бўлишибди.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бу ҳийлани фаҳмлаб қолиб ўзига яраша жавоб берибдилар. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини юксак одоб доирасига чорладилар. Душман беодоблик қилса ҳам, мўмин-мусулмон одоб доирасида туриши кераклигини англатдилар. Уларга ўзига яраша муомала қилишни ўргатдилар.
Расуллулоҳ алайҳиссалом уларнинг ҳийласига яраша жавобни қисқагина қилиб мақсадга урган эканлар, лекин мулойимлик билан жавоб берибдилар.
Бу ҳадиси шарифда мулойим бўлишга ундов бор. Аҳли фазл кишилар нодонлар билан бўладиган муомалада ўзини билмаганга солишлари мустаҳаблиги бор. Албатта, ношаръий ишга олиб бормайдиган бўлиш шарти ила.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи кези келганда ўзини билмасликка солиш оқиллик аломати эканини таъкидлаган эканлар.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳрум бўлибди», - дедилар
».
Шарҳ: Юмшоқлик бўлмаса одам яхшиликка ҳам эриша олмас экан. Шунинг учун биз - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари доимо мулойим, юмшоқ бўлишга ҳаракат қилишимиз керак экан.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимга мулойимликдан насибаси берилган бўлса, ўшанга яхшиликдан насибаси берилибди. Ким мулойимлик насибасидан маҳрум бўлса, ўша яхшилик насибасидан маҳрум бўлибди.
Қиёмат куни мўминнинг мезонида энг оғир тош босадиган нарса ҳусни ҳулқдир. Албатта, Аллоҳ фаҳшчи ва уятсизни ёмон кўради», дедилар
».
Шарҳ: Бу маънода бошқа ҳадислар ҳам ривоят қилинган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Оиша, албатта, Аллоҳ мулойимдир. У зот мулойимликни яхши кўрадир ва мулойимлик учун қўполликка ҳамда ундан бошқага бермаган нарсани берадир», дедилар
».
Тўртовлари ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«У кишидан саҳрога чиқиш ҳақида сўралганда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам манашу шовваларга чиқар эдилар. У зот бир марта саҳрога чиқмоқчи бўлдилар. Бас, менга садақанинг туяларидан минилмаган бир туяни юбордилар ва:
«Эй Оиша, мулойим бўл. Шубҳасиз, мулойимлик не нарсада бўлса, албатта, уни зийнатлаган ва уни не нарсадан суғириб олинган бўлса, албатта, уни айблаган», дедилар
».
Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган.
Бундан нафақат ҳайвонларга нисабатан, балки барча нарсаларга нисбатан мулойим бўлиш зурурлиги келиб чиқади. Ҳа, мулойимлик зийнатдир ва кўполлик айбдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Обрўли кишиларингизнинг қоқилишларини кечиринглар», дедилар
».
Шарҳ: Албатта, мўмин-мусулмонлар ичида кўзга кўринган, обрўли кишилар Ислом жамиятининг ҳам юзи, обрўсини ифода қиладиган рамзга айланиб қоладилар. Албатта, банда беайб бўлмайди, беайб Парвардигори оламнинг ёлғиз Ўзи. Банда ҳар қанча етук, улуғ бўлмасин, баъзан хато, камчиликлар бўлиши турган гап.
Чунки бизнинг ақийдамиз бўйича маъсум, яъни Аллоҳ таоло томонидан гуноҳ ёки номаъқул иш қилишдан сақланган яккаю-ягона шахс – Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар, холос. Бошқа кишиларда қоқилишлар, тойилишлар содир бўлиши мумкин.
Аллоҳ сақласин, ана шундай ҳолат содир бўлиб қолса, мўмин-мусулмонлар буни кечириб юборишлари керак экан. «Фалончи фалондақа бўла туриб, фалон ишни қилибди» деб етти иқлимга жар солиб, ўз айбларини ўзлари очмасликлари лозим экан.
Негаки бу обрўли, мўмин-мусулмонларнинг рамзига айланиб қолган, бир неча минглаб яхши ишларни қилган одам эди. Бир марта адашибди. Демак, иложи бўлса бу одамнинг шу айбидан шов-шув қилиб, ҳаммаёққа жар солмасдан ўтиб юбориш керак экан. Бундан мўмин-мусулмонларнинг ўзларига фойда бўлар экан.
Оддий ҳолатда ҳам бир киши баъзи гуноҳларни яшириб қилаётган бўлса, буни айтиб бўлмайди. Шу ишни яшириб қилганининг ўзи ўша кишининг қалбида бир нарса борлигини кўрсатади. Қалбида бир нарса борки, яширяпти.
Назар-писанд қилмай, «Шариатинг менга нима бўпти? Қуръонда келса нима бўпти?» деган каби очиқ-ойдин, фахрланиб қиладиган бўлса, мана буни «бу иш шариатга хилоф бўлди, фалончи ундай қилди, бундай қилди» деб айтиш мумкин.
Бироқ обрўли, рамзга айланиб қолган кишилар эса бундай ишларни ўз-ўзидан қилмайдилар. Бундай кишилар томонидан хатоликлар бандачилик, ожизлик қилиб, турли сабабларга кўра баъзи кўпчилик билмайдиган сир-асрорларга кўра содир бўлган бўлади. Буни бекитиш керак экан.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳарқ ҳар бир нарсада бўлса, албатта, уни айбли қилади. Албатта, Аллоҳ мулойимдир ва мулойимликни яхши кўрадир», дедилар
».
Шарҳ: «Ҳарқ» сўзи араб тилида «йиртиқ, тешик, эски» маъноларини билдиради. Бу сифат ҳар бир нарсани, масалан бир кийимни айбли қилиб қўяди, унинг зийнатини йўқотади. Бандада ҳам ана шундай айб бўладиган иш бўлмаслиги керак экан.
Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло рафиқдир, мулойим муомала қилувчи ва мулойимликни яхши кўрувчи Зотдир.
Ушбу ҳадисга биноан мўмин-мусулмонлар мулойим бўлишлари, қўпол, дағал бўлмасликлари лозим. Буни эшитган ҳар бир киши ўзида мулойимлик сифати бўлса, уни янада зиёда қилишга уриниши лозим.
Агар баъзи сабабларга бу сифатдан йироқ бўлса, уни ўзида ҳосил қилиш учун баъзан нафсларини мажбурлаб бўлса ҳам ҳаракат қилиши лозим бўлади.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали турмушга чиқмаган, чачвон (чиммат) ичидаги ёш қиздан ҳам ҳаёли эдилар. Агар бир нарсани ёқтирмасалар, буни у Зотнинг юзларидан билар эдик».
Шарҳ: Албатта, одатда ёш муслима қизлар жуда уятчан, тортинчоқ бўлишади. Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўшалардан ҳам кўра ҳаёлироқ бўлганликлари айтилмоқда.
У Зот ўзларига ёқмаган нарсани айтмас эканлар, балки юзлари ўзгариб қолганидан атрофдагилар дарров хулоса чиқариб, ўша нарсани тузатишга уринар эканлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биров қилаётган бир ишда ўзларига ёқмаган нарса содир бўлса ҳам, буни овоз чиқариб айтиб, танбеҳ бермас эканлар. Саҳобаи киром у Зотга бирор нарса ёқмаганлигини, хуш кўрмаганликларини муборак юзларидаги ўзгаришдан билиб олар эканлар.
Бу ҳам ҳар бир мўмин-мусулмонга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламинг умматиданман, деб юрган киши зийнатланиши лозим бўлган юксак ва олиймақом сифатлардан ҳисобланади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аҳли солиҳ ҳидоят, самт-гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш Пайғамбарликнинг етмиш жузидан бир жуздир», дедилар
».
Шарҳ: Ўзини салоҳиятли тутиш, гўзал кўриниш ва вазминлик, сукут, виқор ва тежамкорлик Пайғамбарликнинг етмиш жузидан бир жуз экан.
Албатта, Пайғамбарлик буюк, олий бир мақом. Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло бундай мақомни саноқли бандаларига берган, холос. Лекин ана шу олиймақом сифатларнинг ичидаги мазкур сифатлар нубувватнинг етмиш жузидан бир жуз экан. Бу нарсага яқин бўлиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчи ҳисобланади.
Доим аҳли солиҳлик билан ҳидоятда юриш, ўзини ораста тутиш, одоб билан, виқор билан юриш ҳамда тежамкор бўлиш, исроф қилмаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик Пайғамбарликнинг етмиш жузидан бир жуз, етмиш бўлагидан бир бўлак экан.
Буни ҳар бир мўмин-мусулмон, эркагу-аёл, ёшу-қари яхши ўзлаштириб олиб, ҳаётига татбиқ қилмоғи лозим.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен бир саркаш туяга минган эдим. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мулойим бўл. Чунки мулойимлик қайси бир нарсада бўлса, унга зийнат бўлади. Қайси бир нарсадан мулойимлик суғуриб олинган бўлса, унга айб бўлади», - дедилар
».
Шарҳ: Демак, ҳайвонга нисбатан ҳам мулойим бўлиш керак экан. Минган ҳайвони исталган томонга юрмаса, саркашлик қилса, сакраса ҳам мулойим бўлиш керак экан.
Ана шу мулойимлик ҳар бир инсонни зийнатлар экан, мулойимлик бўлмаса, бу инсон айбли, нуқсонли инсон бўлар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлар зинҳор ва зинҳор мумсикликдан сақланинглар. Чунки у сиздан олдингиларни ҳалок қилди. Улар бир-бирларининг қонларини тўкдилар ва қариндошлик алоқаларини уздилар. Зулм қиёмат кунининг зулматларидир», дедилар
».
Шарҳ: Бу дунёда ким бировга зулм қилса, охиратда зулматлар узра зулматлар ичида қолади, қаттиқ азобларга дучор бўлади.
Шунинг учун мўмин-мусулмон инсон мумсиклик, қизғанчиқлик ва зулм каби қабиҳ сифатлардан узоқда бўлиши, бу нарсаларга мутлақо яқин йўламаслиги лозим.
Аввал ўтган қавмлар мол-дунёни талашиб, қизғанчиқлик қилиш оқибатида ҳалокатга учрадилар. Бу ҳолат кейин келганларга ўрнак бўлиши керак.

МАЪИЙШАТДА МУЛОЙИМЛИК

Ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Отам менга қуйидагиларни айтиб берди: «Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг олдига кириб бораётган эдим, у киши:
«Тўхтаб тур! Мен кўйлагимни ямаб олай», дедилар. Тўхтаб турдим. Кейин:
«Эй мўминларнинг онаси! Агар ҳозир мен ташқарига чиқиб, сиз қилган ишни одамларга айтсам, сизни бахил деб ўйлашади», дедим.
«Ўзингга қара! Билиб қўйки, ким эскини киймас экан, янгини кия олмайди», дедилар
».
Шарҳ: Оиша онамиз розияллоҳу анҳо улуғ зот бўлишларига қарамай, шу қадар камтарона ҳаёт кечирган эканлар. Эски кўйлакларини ўзлари ямоқ солиб кийганлар. Буни ўзлари учун ор, номус ёки қандайдир камчилик деб кўрмаганлар, балки оддий ҳолат деб, ҳатто фахр деб билганлар.
Ҳолбуки, ўша ватқнинг ўзида ҳам, ривоятда келганидек, одамлар бу ишни бахиллик дейишлари мумкин бўлган. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари кийимларига ямоқ солиб ўтирибдилар экан.
Аммо аслида бу иш маъийшатдаги мулойимлик, енгилликдир. Манашу каби ишлар бўлмаса, ундан улуғларига эришиб ҳам бўлмайди.
Сиз билан биз бу ривоятдан чуқур хулоса чиқаришимиз ва ўз ҳаётимизда содда, камтар ва ҳалол-пок йўлни танлашимз лозим.

БАНДАГА МУЛОЙИМЛИГИ УЧУН БЕРИЛАДИГАН НАРСА

Абдуллоҳ ибн Муғоффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ мулойимдир ва мулойимликни яхши кўради. Мулойимлик учун қўполликка бермаган нарсани беради», - дедилар
».
Шарҳ: Демак, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло мулойимликка алоҳида ажр-савоб ва даражотлар берар экан. Шунинг учун мўмин банда мулойим, юмшоқ, ниҳоятда хушмуомала инсон бўлиши керак экан.
Бу ҳақиқатни кундалик ҳаётимиз давомида зинҳор унутмаслигимиз керак. Афсуски, воқеъликда бундан йриқлигимиз бор. Қўполлик ва дағаллик кўпроқ мулойимликдан устун келиб қолади.
Ислом динининг фазийлатини қарангки, ўзимизнинг бугунги кунга ҳаётимиз учун ўта зарур бўлган сифатни шахсимизда мужассам қилганимиз учун бизга ажр ва савоб ваъда қилинмоқда. Бас, ушбу марҳаматдан унумли фойдаланиш пайидан бўлишимиз керак.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri