Дағаллик Принтер учун
20.05.2010 й.
islom.uz

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен бир саркаш туяга минган эдим. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мулойим бўл. Чунки мулойимлик қайси бир нарсада бўлса, унга зийнат бўлади. Қайси бир нарсадан мулойимлик суғуриб олинган бўлса, унга айб бўлади», - дедилар
».
Шарҳ: Бу ҳадис шарифда мулойимлик мақталмоқда. Демак, унга хилоф бўлган дағаллик сифати мақтовга сазовар сифат эмас. Мўмин – мусулмон банда қўпол бўлмаслиги керак.

Абу Нузра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биздан бўлган Жобир (ёки Жувайбир) деган одам шундай деди: «Умарнинг халифалигида ишим тушиб, олдига бордим. Мадийнага кечаси кириб бордим. Эрталаб ҳузурига кирдим. Менинг фаҳм-фаросат ва бийрон тил берилган эди. Дунёни ёмонлаб, ерга урдим. Уни ҳеч нарсага арзимайдиган қилиб қўйдим.
Унинг ёнида соч-соқоли ва кийими оппоқ бир одам ўтирарди. Гапим тугагач, ўша киши:
«Ҳамма гапинг яхши бўлди. Аммо дунёни сўкканинг яхши бўлмади. Сен ўзи дунё нималигини биласанми? Ахир биз охиратга зоди роҳилани шу дунёдан оламиз-ку! Охиратда мукофот олинадиган амалларни биз мана шу дунёда қиламиз-ку!» деб, дунёни мақтай кетди. Бу киши дунёни мендан яхши билар эди.
«Эй мўминларнинг амири! Ёнингиздаги одам ким? – дедим.
«Бу одам мусулмонларнинг саййиди Убай ибн Каъб», - деди
».
Шарҳ: Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ниҳоятда олим ва қори саҳобалардан бири эдилар. Илмларини мана шу суҳбатда ҳам намойиш қилган эканлар. Ўша пайтда ёшлари ҳам улуғ бўлган экан.
Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, дунёни ёмонлашнинг ўрнига уни охират учун тайёргарлик кўриладиган бир майдон деб билиш, бу ерда Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, охиратга зоди роҳила тайёрлаб олиш, охиратда мукофотга сабаб бўладиган амалларни қилиб олиш лозим ва лобуд экан.
Баъзи кишилар ушбу ривоят эгасига ўхшаб дунёни ортиқча ёмонлаб ўзига обрў ортирмоқчи бўладилар. Манашунинг ўзи ҳам нуқсон экан. Мазкур кишининг бийрон тилидан чиққан барча балоғатли ва фасоҳатли гаплари биргина дунёнинг сўккани туфайли танқидга учрагани ҳаммамизга ибрат бўлиши керак. Биз гап-сўзимиз ва ҳатти-ҳаракатимизда нуқсон бўладиган нарсаларга йўл қўймаслик пайидан бўлишимиз лозим. Чунки, биргина дағаллик кўпгина яхшиликларга футур етказиши бор.

Ал-Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Гердайиш ёмонликдир», - дедилар
».
Шарҳ: Бундан ҳам эҳтиёт бўлишимиз керак экан. Албатта, гердайган бандада дунё билан фахрланиш, ўша дунё матоҳини бошқалардан манъ қилиш каби ёмон сифатлар жамланган бўлади.
Бу каби камчиликлар мусулмон шахсда бўлмаслиги керак. Сиз билан биз бу каби нуқсонларга қарши курашмоғимиз зарур.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz