Кечаси бемор кўришга бориш Принтер учун
22.05.2010 й.
islom.uz

Холид ибн Ар-Робийъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳузайфа оғирлашиб қолганда қавми ва ансорийлар эшитиб тунда ёки тонг ёришай деганда келишди.
«Ҳозир қайси вақт?» деди у.
«Тун ёки тонг отай деб қолди», дейишди.
«Аллоҳдан дўзахнинг тонгидан паноҳ тилайман. «Менга кафанлик олиб келдингларми?» деди.
«Ҳа», дедик.
«Кафанга кўп сарф қилманглар. Чунки мен учун Аллоҳнинг ҳузурида яхшилик бўлса, у(кафан)ни тезда алмаштирилади. Агар бошқача бўлса зудлик билан суғириб олинади», деди
».
Ибн Идрис: Биз унинг олдига кечанинг баъзисидан борган эдик, деди.
Шарҳ: Яъни, мен учун Аллоҳнинг ҳузурида яхшилик бўлса, кафан тезда алмаштирилади, шунинг учун яхши кафаннинг ҳожати йўқ. Агар Аллоҳ кўрсатмасин, аҳвол бошқача бўлса, уни мендан тортиб, шилиб олишади. Шунинг учун кафанга кўп сарф қилманглар, дедилар.
Бу ривоятдан саҳобаи киром бетоб бўлиб ётган Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳуни кўришга кечаси борганликлари маълум бўлди. Демак, касал кўришга кечаси ҳам бориш мумкин экан. Баъзилар «Кечаси касал кўришга бориб бўлмайди, ундай бўлмайди, бундай бўлмайди» дейишади, бу гаплар нотўғри экан.
Шунингдек, ушбу ҳадисдаги Ҳазрати Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳунинг ўлимга тайёргарликлари, дўзахдан қўрқаётганликлари ҳам чуқур мулоҳаза қилинадиган нарсалардир.
Хусусан, у зотнинг ўзлари учун кафан ҳақида сўраб-суриштиришлари, кафанга ортиқча сарф-харажат қилмаслик кераклигини, яхши бўлса ҳам у дунёда фойда бермаслигини, Аллоҳ раҳматига олса, ундан яхшироғи кийдирилишини айтишлари биз учун катта дарсдир.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Кўпчилик бўлиб беморни кўргани бориш мумкинлиги.
2. Оғирлашиб қолган беморни тунда ёки тонг ёришай деганда кўргани бориш мумкинлиги.
3. Бемор кафанлик ҳақида сўраши мумкинлиги.
4. Кафанга кўп сарф қилмасллик кераклиги.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин бемор бўлса, Аллоҳ уни худди босқон темирнинг зангини тозалагандек, тозалайди», - дедилар
».
Шарҳ: Темирнинг занги бўлса, уни ўтга солиб, пуфлаб, тозалангандек, Аллоҳ берган дард ҳам мўмин банданинг гуноҳларини ювиб, тозалар экан.
Шунинг учун мўмин-мусулмон одам ўзининг бемор бўлишига шундай кўз билан қараши керак. «Нега касал бўлдим, фалончи бирон нарса қилиб қўйдимикан? Фалончига фалон иш қилиб қўйган эдим, қилмасам бўлар экан» каби гапларни айтмасдан, аксинча, иншаАллоҳ, бу дард менинг гуноҳларимни худди темирнинг зангини кетказгандек кетказади, деган умидда Аллоҳдан шифо сўраб туриш керак экан.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир мусулмон бир мусибат ёки беморлик етса, албатта унинг гуноҳларига каффорот бўлади. Ҳатто тикон ёки нохушлик ҳам», - дедилар
».
Шарҳ: Демак, мўмин бандага етган каттами, кичикми ҳар қандай беморлик, ҳар қандай мусибат бежиз бўлмас экан, беҳуда кетмас экан. Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло бу нарсани мўмин-мусулмон бандага гуноҳларни ювадиган бир омил қилиб қўяр экан. Бу ҳақиқатни жуда яхши тушунишимиз керак.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Маккада қаттиқ бемор бўлиб қолдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен кўргани келдилар. Бас, шунда:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен мол қолдираман. Биргина қизимдан бошқани қолдирмайман. Молимнинг учдан иккисини васият қилиб, учдан қолдирайми?» дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Ярмини васият қилиб, ярмини унга қолдирайми?» дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Учдан бирини васият қилиб, учдан иккисини унга қолдирайми?» дедим.
«Учдан бир. Учдан бир ҳам кўп», дедилар.
Кейин У зот қўлларини пешонамга қўйдилар. Сўнгра юзимни, қорнимни силадилар ва:
«Эй Аллоҳим! Саъдга шифо бергин! Унинг ҳижратини батамом қилигин!» дедилар.
Шундан бери, ҳозиргача у Зотнинг қўлларининг совуқлигини жигаримда сезиб тураман
».
Шарҳ: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Мадийнадан Маккани фатҳ қилишга борганларида бемор бўлиб қолганлар. Шунда «Мен Маккаликман. Мадийнага ҳижрат қилган эдим. Муҳожир сифатим бор эди, энди Маккада ўлиб қолсам, ҳижратим нима бўлади?» деб ҳам сўраганлар.
Бу ҳадисдан дарднинг оғир бўлганлиги кўриниб турибди. Бу ҳадисдан маълум бўлаётган яна бир нарса шуки, у киши орқаларидан қолаётган молнинг ҳисоб-китобини ҳам қилганлар. Кўпроқ хайр-эҳсон бўлсин, менинг номимдан тарқатилсин, деган маънода хайр-эҳсон учун аввал молнинг учдан иккисини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўқ деганларидан кейин ярмини, сўнга учдан бирини қолдиришни сўрадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввалгиларини рад этиб учдан бирни васият қилишни тасдиқ қилдилар, лекин шуни ҳам кўп дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан мерос масаласида муҳим бир ҳукм чиқарилган. Масалан, бир киши меросхўрлари бор бўла туриб, вафотидан олди «Қолаётган барча молимга масжид қуринглар», деса, васияти молининг ҳаммасига ўтмайди, фақат учдан бирига ўтади.
Мисол учун «Ўттиз минг пулим қоляпти, шунга масжид қуринглар» деса, йигирма минг меросхўрларига тақсимланади, васиятига фақат ўн минги сарфланади. Бунга ушбу ҳадис далилдир.
Боланинг дунёга келишига ота-она сабаб бўлган. Энди шу дунёдаги ҳаёт кечиришига ҳам ёрдам бериши керак. Чунки ота-она бу дунёда бирор мусибатга учраса, фарзандлар хизматини қилади, мол сарфлайди, жонини фидо қилади.
Шунинг учун улар вафот этгач, фарзанд уларнинг мол-дунёсига ҳақдор бўлади. Шу маънода бу ҳақдан уларни мол-дунёнинг эгаси – ота-онаси ҳам маҳрум қила олмайди.
Вафот этаётган шахснинг васияти эса молнинг фақат учдан бир қисмига ўтади. Ота молнинг ҳаммасини бошқа нарсага васият қилган бўлса ҳам, учдан бир қисмидан қолганини шариатнинг ҳукми асосида фарзандлар бўлиб оладилар.
Шу билан бирга, ушбу ҳадисда касал кўргани келган одам беморнинг ҳаққига дуо қилиши кераклигини ҳам ўргандик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг пешоналарига қўлларини қўйиб, юзларини, қоринларини силаб, дуо қилишлари бизга ўрнакдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисдаги дуолари илоҳий мўъжиза бўлган. Ушбу муборак дуодан кейин ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу соғайиб кетиб, узоқ йиллар умр кўрганлар. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин музаффар қўмондон бўлганлар ва Форс империясини енгиб, бу диёрни шу зот фатҳ қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қўлларининг таъсирида жигарлари узоқ йиллар давомида, ҳатто ҳадис айтилган вақтгача ҳам хушҳол бўлиб турган экан.
Буларнинг ҳаммаси бизлар учун ўрнак, сабоқ, ибрат бўлиши лозим, уларни ўрганишимиз ва аҳлимизга, биродарларимизга ўргатишимиз керак.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz