Никоҳнома ( Абдуғофур Собир Мирзо) Принтер учун
10.07.2010 й.

 
 Қизимга қайдларим...

Оппоқ қизим, жон қизгинам,
    Бўйларингдан ўргилай,
Кетар чоғинг кел, бу азиз
    Бошгинангни бир силай.    

Кел, қизгинам яна бир бор
    Ўпайин пешонангдан,
Рози бўлгин, мен отангдан,
    Рози бўлгил онангдан.

Не иложким кузатаман
    Бугун узоқ йўлларга,
Не иложким узатаман
    Бегона бир қўлларга.

Улар бегонамас, энди
    Бизлар гўё бегона,
Энди ўзга отанг бордир,
    Онангдир ўзга она.

Бул дам гўё дилгинамнинг
    Уйин бузиб кетарлар,
Қизимнимас, гўё бул дам
    Танам узиб кетарлар.

Сен йиғлама, жон қизгинам,
    Гар йиғласам мен ночор,
Бўлди қизим, кўп йиғлама,
    Бора қолгин, яхши бор.

Борар жойингда бахт топгин
    Кўзимнинг нури, моҳим,
Ўзи қўллаб ҳам асрасин
    Ҳар қадамда Илоҳим.

Ҳамиша ҳам тут покиза
    Қалбингни, руҳу танни,
Бизларни кам эсласанг-да,
    Унутма Яратганни.

Кўзга нурдай кўрингайдур
    Болам, босган изларинг,
Билгин, сенга ибрат бўлсин
    Расулуллоҳ қизлари.

Борар жойингда бўл, қизим,
    Бир соҳиба ҳур аёл,
Бардошли бўл барига ва
    Қайтишни қилма хаёл.

Ширин ўтсин ҳар бир кунинг,
    Ширин бўлсин ҳар хобинг,
Нурга тўлсин руҳу танинг,
    Нурга тўлсин ҳижобинг.

Нурга тўлсин хонадонинг
    Яъни, борар ул жойинг,
Дуодамиз биз иккимиз
    Яъни мен ҳамда ойинг.        

Кел, бул дамда сенга меҳрим
    Берайин мен сўнгги бор,
Қолмасинки дилда армон,
    Қолмасинки сўнг ғубор.

Демагилки, доно қизим
    “Бердингиз мени кимга!”,
Бугун сени топширгум мен
    Сени берган Роббимга.

Болам, азиз бошинг сира
    Кўрмасин бало домин,
Сени бизга берган Аллоҳ
    Бахтинг ҳам берсин “Омийн!”...

Ёдимда... кўп қувонгандим
    Сен дунёга келган кун,
Бул кун ҳам кўп қувончдаман
    Чеҳрам бўлсада маҳзун.

Бахтинг тилаб эрдим сени
    Йўргакка ўрашганда,
Қувонгандим дояларинг
    Суюнчи сўрашганда.

Ҳа, ёдимда қанча табрик
    Сўзга қулоқ осганим,
Ҳам илк бора жажжи жуссанг
    Бул бағримга босганим.

Онанг билан бирга сени
    Оқ ювиб, оқ тарадик,
Ҳар ҳаракат, ҳар ҳолингга
    Меҳр билан қарадик.

Ҳа, барчаси худди бугун
    Бўлгандай ҳа, ёдимда,
Бул дам эса бари тушдай
    Ўтар бу ҳаётимда...

Йўлдошдурсан энди аввал
    Кўрмаган бир кишингга,
Ул ҳам энди ўртоқ эрур
    Келажак турмушингга.    

Болам, энди қўйилгайдур
    Бир ёстиққа икки бош
Аҳил бўлинг, бир-бирингиз
    Учун бўлинг кўмакдош.    

Ҳар номаъқул давраларда
    Кўринмасин қорангиз
Шунда бешак бузилмасдур
    Оилада орангиз

Кўнгил қўйма мол-дунёга,
Жилов солгин нафсингга,
Айла улуғ муҳаббат сен
    Ҳақ берган улуғ динга.

Ҳар дам борингга шукр қил,
    Сабр қилгил озингга,
Беэътибор бўлмагил ҳеч
    Болам ҳар намозингга.

Гар имконинг бўлса қизим,
    Соғлигинг бўлса танда,
Аллоҳ бизга фарз айлаган
    Рўзани қилма канда.

Насиб этса Ҳаж сафар қил,
    Етиш оби зам-замга,
Болангни ҳам дуо қилай
    Мен ўтқазиб тиззамга.

Ул уйингда хавотирли
    Бўлмасин сира ҳолинг,
Ҳурмат топсинким ҳамиша
    Сендан жуфти ҳалолинг.

Шукр қилгил, бул замонда
    Банда бахтсизлик билмас,
Қай замонлар каби қизлар
    Тириклайин кўмилмас.        

Ҳа, динимиз улуғлигин
    Битадурман бу хатга,
Ислом барҳам берди бундай
    Жоҳилона одатга.    

Жоҳилият замонида
Бўлган юз ўгиришлар,
Қиз туғилса хавотирда,
 Қўрқувда ўтиришлар.        

Қадимда кўп аёл куни
    Кўп аянчли ўтарди
Ислом аёл иззатини
    Кўкларга кўп кўтарди.        

Ислом сабаб аёл зотин
Фориғ бўлди кўп дарди,
Аёлни кўп жабр-зулм,
    Қийноқлардан қутқарди.    

Эътибор қил ҳар мўминнинг
    Бир ҳаракат-саъйига,
Никоҳ пайти мўмин қарар
    Қиз боланинг раъйига.        

Ҳар муслима аёл ҳақли
    Эрур бўлса фахрда,
Чунки унинг эрки бордур
    Эри берган маҳрда.    

Ҳар аёлни ҳурматлагай
    Шариатнинг ҳар хати
Шариатда ҳимояда
    Ҳар аёлнинг иффати.        

Мусулмонлар оламида
Харобмас аёл ҳоли,
Бу оламда ҳар бир аёл
    Ору номус тимсоли.        

Аёл қадри хусусинда
    Бир ҳадисга қараб боқ,
Она ҳурмати отадан
    Уч ҳиссага ортиқроқ.        

Бир ҳадисда айтилар, ким
    Уч қиз боқиб ўстирар
Соҳиби сўз хабарича
    Ул ким жаннатга кирар.        

Яна бир сўз, ҳадис отлиғ
    Ул улуғ рисоладан:
“Фарзандларга ҳадя бериш
    Бошланур қиз боладан”.    

Аллоҳ бежиз буюрмаган
    Аёл рўмол ўрашин
Рўмол тўсар муслимани
    Балодан ичу ташин.    

У сақлагай ёмонларнинг
    Ёмон қарашларидан
Аёл шаънига бўлмағур
    Гаплар қалашларидан.        

Чин мўмин ҳеч гард юқтирмас
    Қалбига, либосига,
Сабаб бу дин бино бўлмиш
    Тозалик асосига.        

Иймон учун тоза тана,
    Тоза қалблар ватандур,
Ҳабибуллоҳ ҳадиси бор:
    “Тозалик иймондандур”.    

Демак, софлик хусусинда
    Сўзларимда бўлмас лоф,
Ҳамиша бўл пок ва тоза
    Ҳар жиҳатдан бўлгил соф.        

Ҳижоб ила ўраса гар
    Аёл ҳар тарафини,
Бу бўғишмас, қўриқлашдур
    Аёллик шарафини.        

Эсли аёл эрта-ю, кеч
    Эрнинг измида юрган,
Эрга итоат ишини
    Аллоҳ Ўзи буюрган.

Агар эрга бўй эгмасанг
    Амалинг бир чақадур,
Ҳадис борким, эрга хизмат –
Бул ҳам бир садақадур.     

Сўз қайтарма сира ҳам сен
    Соҳибингнинг сўзига,
Доим бошингни хам тутгил,
    Тик қарама кўзига.

Майли ема ёғли палов,
    Егин оддий қатлама,
Соҳибингдан бесўроқ сен
    Ҳеч остона ҳатлама.

Аллоҳ марҳаматига ул
    Аёлким яқин турур,
Берухсат ҳеч босмай қадам
    Ул ким уйда ўлтурур.         

Қай аёлки беэҳтиёж
    Кўча, бозор айланар,
Шул заҳоти таъқиб учун
    Жину шайтон шайланар.                    

Уйда ўлтур ва ўйлагил
Оиланг тавобини,
Уйдаги ҳар аёл олур
    Мужоҳид савобини.     

Бул дунёнинг бахтин бизга
    Ҳақ Ўзи қилмиш ато,
Лек дунёга мағрур бўлма
    У – ўткинчи бир мато.    

Бул матонинг хайрлиси
    Ибодатли аёлдир.
Иймонли ва хуш аҳлоқли
    Яъниким, сўзи болдир.        

Ҳаёси йўқ хотинларга
Бало ҳар томондандур,
Ҳаёли бўл сен ҳамиша
    Ҳаё бу – иймондандур.         

Бул битарим бари сенинг
    Фойданг учун бир хатдур,
Хотинлар-чун бир ҳадис бор
    Яъни, аёл – авратдур.     
    
Яна билки, хотинларда
    Эрнинг ҳақи кўпроқдир,
Ҳақин олган эр эр эрур
    Йўқса қаро тупроқдир.    

Эринг хабар олгувчидир
    Уй-рўзғорнинг ҳолидан,
Ҳеч вақт бировга берухсат
    Берма унинг молидан.        

Қизим, эринг сирларини
    Ҳеч кимсага билдирма,
Тинч оиланг шарафини
    Оёқ ости қилдирма.    

Бил, тил ботиний тиғиндан
    Банда дили тилингай,
Бил, банда бало домига
    Кўпроқ тилдан илингай.    

Кўча-кўйдан эр мабодо
    Келтирса камроқ ул-бул,
Араз қилма арзимас деб
    Хуш ҳолда айла қабул.        

Номаъқул сўз дема эрга
    Ноҳақ сўзинг соз дема,
Уйга неки топиб келса
    Шукр қилгил, оз дема.    

Гар бир камлик бўлса уйда
    Жанжал бошлама сира
Ўз дилингни ҳамда ёринг
    Дилини қилма хира.    

Гап қайтарма эрингга ҳеч
    Қолсин ёмон ҳис ёнга,
Эсинда тут эрга қарши
    Киришмагил исёнга.        

Арзимас бир сабабни деб
    Араз қилмагил салга
Ул арзимас сабаб сабаб
    Бўлмасин бир жанжалга.    

Арзимас бир нарсани деб
    Кўзлар тўлмасин намга
Бесабрлик, ношукрлик
    Йўл очур жаҳаннамга.        

Ўйламагил ажрашишни
    Арзимас бир нарсага,
Жиддий сабаб бўлмаса гар
    Арш келадур ларзага.

Аёл зотин ёмон тили
    Ҳам ноўрин жаҳлидан
Кўпроқ қисми аёл бўлур
    Эмиш дўзах аҳлидан.    

Яна ҳадис, гўё келур
    Ралулуллоҳ овози:
“Ул хотинки жаннатий гар
    Эр бўлса ундан рози”.        

Эрнинг хотин устидаги
    Ҳаққи гўё расулнинг
Уммат устиндаги ҳаққи
    Кабидур (бу сўз улнинг).    

Сўзла ҳар дам паст овозда
    Чиқма асло авжингга
Ҳар дам ҳурмат ила қара
    Жуфти ҳалол – завжингга.        

Ҳар айтилар гап-сўзингни
    Топгил ўз маврудини,
Аксин қилиб кўтарма эр
    Фиғонини, дудини.    

Унутмагил ҳар доимо
    Ҳар дақиқа, ҳар соат,
Шукрда бўл, сабрда бўл,
    Борингга қил қаноат.        

Сабр айламоқ ва қаноат
    Эмас ахир қийин иш,
Қаноат – бу кўп номаъқул
    Истаклардан тийилиш.    

Эрнинг айрим сўзлари гар
    Қаттиқ ботсада бир оз
Сабрли бўл, бирдан сакраб
    Билдирмагил эътироз.        

Ҳамфикр бўл эринг билан
    Топишгил умумий тил,
Диққат ила тингла уни
    Якдил бўлишга интил.        

Номаъқул сўз қайтармайин
    Агар оғзинг ёпарсан,
Бешак борни Билгувчининг
    Розилигин топарсан.        

Билки, феълинг туфайли эр
    Бахтингдур ё ғамингдур,
Эринг сенинг жаннатингдур
    Ёки жаҳаннамингдур.

Эрнинг дилин ранжитмагил
    Ботмагил жаҳолатга,
Эринг кўзи тушмасин ҳеч
    Ножўя бир ҳолатга.        

Уй ишига меҳрингни бер,
    Ишинг бўлмасин чала,
Ҳар нарсангни тоза тутгил,
    Ҳеч кир қўйма, тозала.    

Исрофдан қоч, бил нелигин
    Кам харажат, тежашлик,
Сўнг баракот нелигин кўр,
    Билмассан асло ғашлик.    

Тоза қалбли инсонлардан
    Ол ҳамиша андоза,
Қалбинг, руҳинг, бор бутингни
    Тутгил ҳамиша тоза.        

Билгил ҳар иш маврудин, ҳар
    Ишни қачон қилишни,
Ҳар юмушни ўрнида қил,
    Ўрнида қил ҳар ишни.        

Ҳушёр бўлгил, кўча-кўйдан
    Эринг хафа келганда,
Хунук ҳолат бўлур агар
    Хуш ҳолат кўрса санда.    

Эринг дилин ранжитгулик
    Бирон иш қилма сира,
Ножўя бир амалингдан
    Дили бўлмасин хира.    

Ҳаракат қил эр ҳаққини
    Ҳам ўз ҳаққинг танишга,
Бул наф берар ўз ёрингга
    Чин дилдан боғланишга.    

Байтларимда битилар ҳар
    Сўзимдан шул хулоса:
Ҳар доимо орангизда
    Бўлсин гўзал муроса.        

Билгил яна не битилмиш
    Ҳадис битилган хатда,
Бор гуноҳлар тўкилгайдур
    Изҳори муҳаббатда/    

Ҳар қадамда Ҳақ асрасин
    Сизларни турли ғамдан,
Қоч, ҳар турли тажовуздан,
    Қоч, турли номаҳрамдан.

Сен алардан узоқ бўлгил,
    Ёндошмасин ҳеч ётлар,
Аллоҳ ато қилсин сизга
    Кўп солиҳ зурриётлар.

Аллоҳ берсин тўп-тўп фарзанд
    Оналик бахтига тўй,
Ёдда тутгил! Ҳар болангга
    Чиройли исмлар қўй!        

Оиланинг бахти бешик,
    Билдирай бу сирини,
Бахти бутун гар эр-аёл
    Севишса бир-бирини.        

Супур-сидир ҳар кун жойинг,
    Уйинг бўлсин саришта,
Саришта ҳар хонадонга
    Ҳар дам тўлар фаришта.

Тангримизнинг раҳмат нури
    Тўлсин уйинг, хонангга,
Ҳар доимо ҳурматда бўл
    Қайнотанг, қайнонангга.

Бул дам сенинг фойданг учун
    Бул сўзларни айтарман,
Ота-онанг ҳурмат қил ва
    Аларга сўз қайтарма.

Аларнинг ҳар иккисига
    Ҳурматда бўлгин ҳар пайт,
Ширин қилгил муомаланг
    Ширин сўзлар топиб айт.    

Дуо олгин амал айлаб
    Айтганларим барига
Ҳамда ўзинг дуода бўл
    Аларнинг ҳақларига.    

Бул кун борар жойинг сенинг
    Бул кундан иссиқ ининг,
Инда иноқ бўлгил қизим,
    Бўлса агар овсининг.

Кичик бўлса синглим дегин,
    Катта бўлса опангдур,
Овсин билан олишганлар
    Ҳоли ҳамиша тангдур.

Иноқ бўлгин бари бирла
    Ҳатто ёш ўғил қиз-ла,
Барига айт ширин сўзинг,
    Барини қизим, сизла!

Ҳазил бўлгил ҳар ҳазилга,
    Айланмасин у чинга,
Ҳай бер хунук ҳар ҳазилга,
    Яхшиси, ют ичингга.

Меъёрда тут сен ҳамиша
    Зеб-зийнат, пардозингни,
Баъзан бехос кулганингда
    Кўтарма овозингни.

Бекинг ҳар дам ҳалол қилиб
    Едирсин ҳар нонингни,
Ҳурмат айла ҳар ҳалолга,
    Пок сақла иймонингни.

Асло ружу қўйма хобга,
    Ортиқча уйқу зарар,
Кўп ётишдан қомат ҳамда
    Табиатинг ўзгарар.

Кўпроқ тингла соз суҳбатни,
    Сўрашса камроқ сўзла,
Ғийбат гапдан узоқ бўлгил
    Доно суҳбатни кўзла.

Омон бўлсин ҳар қадамда
    Ҳамиша болам бошинг,
Ҳамда бирга омон бўлсин
    Қизим, умр йўлдошинг.        

Хаёл қилма хиёнатни
    Маҳрамингнинг маҳрига,
Қўрққин, қизим учрашингдан
    Қаҳҳоримиз қаҳрига.    

Ойинг берган бўлса бор кўп
    Нозик насиҳатларни,
Ўзинг ҳам кўп ўқиб билдинг
    Кўп хулоса хатларни.        

Албат онанг ўргатгандур
    Бошқа бир адабларни,
Айтгандур қиз-жувонларга
    Хос ўзга бир гапларни.        

Амал қилсанг бул барига
    Бошингга бир бахт қўнгай,
Онанг айтганларин айтиш
    Эмасдир менга ўнғай.  

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri