Ижара ҳақида Принтер учун
17.02.2007 й.

Луғатда «Ижара», ажр, берилган ҳақ маъносини билдиради. Шариатда эса маълум эваз бадалига бир нарсани бағишлаш ва мубоҳ қилишга оид қасд қилинган аҳдномага ижара, дейилади. Маълум эваз бадалига, дейилганидан, маълум эваз бадалига бўлмайдиган, ҳиба, васият, шериклик ва ориятга бериш каби муомалалар ижарага кирмаслиги англашилади. «Бир нарсани бағишлаш ва мубоҳ қилиш», деганидан эса жинсий алоқага оид ақдлар чиқиб кетади, чунки, у ижара дейилмайди. Эркак ҳайвонларни (эркаклигидан истифода қилиш учун) ижарага олиб бўлмайди.

«Қасд қилинган» деганидан қасд қилинмаган, арзимаган нарсалар чиқиб кетади. Улар ҳам ижара дейилмайди.
«Маълум» дейилганидан, номаълум нарсаларга одам ёки нарса ишлатиш чиқиб кетади. Ундоқ ақдни музораба ёки жаъола, дейилади.
Ҳанафий мазҳабида эса қисқа қилиб:
«Ижара эвазли манфаатлар учун тузилган ақддир», дейилади.
Яъни, ижарада икки томон манфаати асос бўлади. Ижарада мулк бир томондан иккинчи томонга бир йўла ўтиши ҳам йўқ. Шунингдек, бир нарсадан бир томон манфаат олиб, иккинчи томон манфаат олмаслиги ҳам йўқ.

Аллоҳ таоло: «У: «Менга саккиз йил ижарага ишлаб беришинг шарти билан, шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман, агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг. Мен эса сенга машаққат қилишни истамасман. Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан», деди», деган (Қасас 27 оят).
Шарҳ: Қуръони Каримнинг «Қасас» сурасидаги машҳур қиссадан иқтибос қилиб келтирилган бу ояти каримадан ижара иши Қуръонда ҳам зикр қилингани, аввалги умматларда ҳам бўлганини билиб оламиз.
Қиссанинг тафсилоти эса қуйидагича:
«Бас, икковларидан бири ҳаё билан юриб келиб:
«Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда», деди.
Қачонки унга келганида ва қиссани айтиб берганида, у:
«Қўрқма, золим қавмлардан нажот топдинг», деди», (25 оят).
Ўйга толиб ёлғиз ўтирган Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига ҳалиги икки аёлнинг бири уялибгина келиб:
«Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда», деди».
Албатта, ҳайвонларни осонлик билан суғориб уйга одатдагидан эрта қайтган қизлар билан қари оталари орасида суҳбат бўлиб ўтган. Қизлар отасига ҳайвонларини суғориб берган ғариб йигит ҳақида, унинг мардлиги, шижоатлилиги, яна ўзи ёлғиз сояда ўтириб қолганлиги ҳақида сўзлаб беришган. Ўшанда оталари қизлардан бирини ўша ғариб йигитни чақириб келиш учун юборади. Мусо алайҳиссалом бу чақириқни қабул қилиб, чолнинг олдига борадилар.
«Қачонки унга келганида ва қиссани айтиб берганида, у: «Қўрқма, золим қавмлардан нажот топдинг», деди».
Мусо алайҳиссалом уй эгасига бошларидан ўтган қиссани гапириб бердилар. Кўпни кўрган тажрибали чол у кишининг кўнглини кўтариб, қўрқма, энди қутулиб кетдинг, деган маънони айтди.
«Икки(қиз)дан бири: «Эй отажон, уни ишга ёллаб ол. Чунки ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир», деди» (26 оят).
Мўйсафид чолнинг оиласида тарбия топган қизлар билимдон, ақлли, доно, сермулоҳаза ва иффатли бўлиб ўсганлари кўриниб турибди. Оталари қариб қолгани, уйда бошқа эркак киши йўқлигидан қизлар ҳайвонларни ўзлари боқишга, суғоришга, эркакларга аралашишга мажбур бўлмоқдалар. Бу ҳол жуда ҳам ноқулай. Ёш, бақувват ва ғариб бир йигитнинг пайдо бўлиб қолиши уларнинг оиласидаги чўпонлик муаммосини ҳал қилишга қулай фурсат эди. Шунинг учун қизлардан бири отасига таклиф киритиб: «Эй отажон, уни ишга ёллаб ол», деди.
Яъни, отасига Мусо алайҳиссаломни чўпонликка ёллаб олишни таклиф қилди. Кейин нима учун Мусо алайҳиссаломнинг номзодини кўрсатганини шарҳлаб: «Чунки ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир», деди.
Бу гапдан ҳам қиз олий савияли одоб соҳибаси экани кўриниб турибди. Гапни Мусо алайҳиссаломга эмас, учинчи шахсга қаратиб, ишга ёлланадиган энг яхши одам қандай бўлиши кераклиги ҳақида гапирмоқда. Зотан, ҳайвонларини суғориш ва оталарининг амри билан Мусо алайҳиссаломни чақириб келиш пайтида, у кишининг кучли ва ишончли одам эканини сезишган эди.
Шундай оқила ва фозила қизларни тарбиялаган отанинг жуда маданиятли ва одобли киши бўлиши турган гап. Қизининг таклифи маъқул келганидан кейин бу ҳақда Мусо алайҳиссаломга мурожаат қилиб:
«У: «Менга саккиз йил ижарага ишлаб беришинг шарти билан, шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман, агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг. Мен эса сенга машаққат қилишни истамасман. Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан», деди» (27 оят).
Бу гаплардаги одоб, соддалик, очиқлик киши қалбини қувончга тўлдиради. Қизларининг бирида ғариб йигитга нисбатан рағбат борлигини сезган ота масалани жўнгина ҳал қилди. Мусо алайҳиссаломга мен сенга яхшилик қилай, ҳеч киминг йўқ, бечора мусофир экансан, мардикор бўлиб қўйларимни боқиб юр, бир кунингни кўрарсан, демади. Балки ишга таклиф қилишнинг ажойиб услубини қўллади.
«У: «Менга саккиз йил ижарага ишлаб беришинг шарти билан, шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман...», деди. Айни чоқда, Мусо алайҳиссаломдек йигитни куёв қилиб олиш имконини ҳам қўлдан чиқармади.
«...агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг».
Бизга фазлу карам кўрсатган бўласан.
«Мен эса сенга машаққат қилишни истамасман».
Ҳамма нарса содда, оддий ва осон бўлишини истайман.
«Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан», деди.
Яъни, мен айтган гапимда тураман, нолойиқ хатти-ҳаракат қилмайман, деди.
Тафсирчи уламоларимиз бу доно, улуғ ёшдаги киши ким эканлиги ҳақида ҳар хил фикрлар айтганлар. Фикрларнинг турлича бўлишига асосий сабаб у одамнинг кимлиги Қуръони Каримда ҳам, саҳиҳ ҳадисларда ҳам очиқ-ойдин айтилмаганидир.
Мусо алайҳиссаломга қайнота бўлган шахсни Шуайб алайҳиссалом дейдиган уламолар у кишининг Мадянлик эканлигига, ҳикмат билан тасарруф қилганига ва баъзи ривоятларда ўша одам Шуайб алайҳиссаломга нисбат берилганига суянадилар.
«У(Мусо): «Бу мен билан сенинг орамиздадир. Икки муддатдан қай бирини адо қилсам ҳам, менга тажовуз қилинмас. Айтаётган нарсамизга Аллоҳ вакилдир», деди» (28 оят).
Яъни, сен айтган таклиф иккимиз орамиздаги шартномадир. Икки муддатдан - саккиз ёки ўн йилдан қайси бирини адо қилсам, мен ўзим биламан. Айтган гапимизга, тузган шартномамизга Аллоҳ шоҳиддир, дедилар.
Ана шундай қилиб, Мусо алайҳиссалом ўз давридаги энг катта давлат саройи амиридан энг катта чўлларнинг чўпонига айландилар. Энг забардаст подшоҳнинг кўз қувончи, боқиб олган ўғлидан, энг заиф, ўрнидан қимирлаши қийин мўйсафиднинг мардикорига айландилар.
Аммо буюк кишиларни бу мансаб ва меҳнатлар баландга ҳам кўтара олмайди, пастга ҳам тушира олмайди. Бундай ҳолатлар уларнинг кимлигини синайди, улардаги мардлик, мурувват, сабр-матанот ва бошқа етуклик сифатларини яна бир бор намойиш қилади. Ҳеч шубҳа йўқки, Мусо алайҳиссаломнинг ҳаётларидаги бу муҳожирлик, ғариблик, ёлланма ишчилик босқичи ўзига хос тааммул, тафаккур даври, ўтган ҳодисаларни қайта баҳолаб чиқиш, келажакка режа тузиш ва келажакда елкага тушажак оғирликларни кўтаришга тайёргарлик босқичи бўлган эди.
Аллоҳ таоло «Талоқ сурасида қуйидагиларни айтган:
«Агар сизга (фарзандни) эмизиб берсалар, ҳақларини беринглар, ўзаро яхшилик билан маслаҳат қилинглар» (6 оят).
Агар аёл талоқ қилган эридан бўлган фарзандни эмизса, хоҳласа, эмизгани учун ҳақ олади. Бу ҳақнинг қанча бўлиши «ўзаро яхшилик билан маслаҳат қилинглар» деган амрга биноан келишилади.
Ораларига талоқ тушган эру хотин фарзандни эмизиш ҳақини келишишда,
«Агар қийинчиликка учрасангиз, у(эр)га бошқа аёл эмизиб берур».
Яъни, эр бошқа бегона аёл билан шартнома тузиб, унга ҳақ бериб боласини эмиздиради. Ислом дини аёлларни қанчалик эъзозлаганини ушбу ҳукмдан ҳам билиб олса бўлади. Таоми, кийими ва маскани эрининг зиммасига. Ҳатто болани эмизиш ташвиши ҳам хотиннинг эмас, балки эрнинг зиммасида, унинг бурчи. Болани эмизгани учун аёл иш ҳақи олишга сазовордир.
Бу гўдакни эмизиш учун эмизувчи аёлни ижарага олиш мумкинлигини кўрсатади.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Омонатли хазиначи ўзига амр қилинган нарсани сидқидилдан адо этиб турса, икки садақа берувчининг бири бўлади», дедилар».
Шарҳ: Бировга хазиначи бўлиб ишга кирган одам ҳам ижарага ишлаётган бўлади. Яъни, ўз иши эвазига ажр-ҳақ олаётган бўлади. Уни ишга олган одам ишидан манфаат олади, у эса иши эвазига олган ҳақдан манфаатланади. Демак, бир ерга ишга кириб ҳақ оладиган одам, агар ўша ишини сидқидилдан, яхшилаб бажарса, савоб ҳам олар экан. Иши учун иш эгасидан ҳақ олса, сидқидиллиги учун Аллоҳдан савоб олар экан.
Шунинг учун, ҳар бир ишни сидқидил билан, яхшилаб адо этишга уриниш керак.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Бани дийиллик йўлни яхши билувчи бир кишини йўл бошловчи қилиб ижарага олдилар. У Қурайш кофирлари динида эди. Икковлари унга уловларини юки билан бериб, уч кечадан кейин Савр ғори олдида учрашишга ваъдалашдилар. У учинчи кеча тонгида икковлари ҳузурларига уловлари ва юкларини олиб келди ва соҳил йўлидан олиб кетди». Икковини Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда зикр қилинаётган ва Пайғамбаримиз ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ҳижрат сафарларида ижарага йўл бошловчи бўлган кишининг исми Абдуллоҳ ибн Арийқит эди.
Бу ҳадисдан кофир одамни ижарага ишга олиш мумкинлиги билинади.
Ислом уммати доимо ижара жоиз эканига иттифоқ қилиб келган. Чунки, кишилар баъзи нарсаларни мулк қилиб олишга муҳтож бўлганларидек, манфаатларни алмашишга ҳам муҳтождирлар. Биров бир нарсани ижарага қўйиб манфаат олмоқчи бўлса, бошқа бир одам бировнинг нарсасини ижарага олиб манфаат кўришга муҳтож.
Бошқа молиявий ва манфаат муаммолари каби ижарада ҳам шаръий далиллар – оят, ҳадислардан олинган қоидалар бор.
Ижарада ижара қўювчи, ижара олувчи, ийжоб ва қабул (ўзаро келишув) ва ажр(ҳақ)лардан иборат рукнлар бор.
Ҳанафий мазҳабида, ижаранинг рукни, ийжоб ва қабул холос, дейилган. Бу ақд ижара ва кира лафзлари ва улардан олинган бошқа сўзлар билан тузилади.
Ижаранинг тўғри, ҳалол-пок бўлиши учун бир қанча шартлар мавжуд бўлиши лозим.

1. Ижарада иштирок этувчи тарафларда мавжуд бўлиши лозим шартлар:
а-Ижара ақди тузувчи оқил бўлиши керак.
Мажнун ва ақли тўлишмаган ёш боланинг тузган ижара ақди ўтмайди.
б-Ҳанбалий ва Шофеъий мазҳаблари, балоғатга етган бўлиши ҳам шарт, деганлар.
Ҳанафий мазҳабида ёш болага ўз мулкида тасарруф қилишга изн берилган бўлса, унинг тузган ижара ақди ҳам жоиз. Бўлмаса, валийсининг рухсатига боғлиқ бўлади, дейилган.

2. Ижаранинг татбиқ бўлиш шартлари:
а-Тузилган ижара ақди амалга ошиши учун ижара тузувчи манфаатга молик бўлиши керак. Мисол учун у ўз мулкидаги уйни ижарага қўя олади.
б-Ижара ақди тузувчи моликнинг валийси бўлиши керак. Яъни, масалан, молик кичкина бола бўлса, унинг молига боғлиқ ижарани унинг валийси қилади.
Бундан бошқалар ижара ақдини туза олмайдилар. Мисол учун бир одам ўз мулки бўлмаган нарсани ижарага қўя олмайди. Шунингдек, ўғри ўзи ўғирлаган, золим тортиб олган нарсаларини ижарага қўйсалар ҳам шаръан амалга ошмайдиган ақд бўлади.

ИЖАРА САҲИҲЛИГИ ШАРТЛАРИ

I. Ижарага оид шарт.

1. Икки томоннинг розилиги.
II. Ижара қилинган нарсадаги шартлар:
1. Ижара қилинган нарса низони ман қиладиган даражада маълум бўлиши шарт.
Бунда, ундан келадиган манфаат очиқ-ойдин бўлиши, шунингдек муддати, ишга оид бўлса қиладиган иш ҳам аниқ-равшан бўлиши шарт.
Ундан келадиган манфаат очиқ-ойдин бўлиши шарт деганимиз, мисол учун, биров ушбу икки уйдан бирини сенга ижарага бердим, деса ижара дуруст бўлмайди. Чунки, манфаат берадиган маҳал аниқ эмас. Кейин низо чиқиши турган гап.
Муддат аниқ бўлиши шарт, дейилганида ҳам худди шу сабаб кўзда тутилган. Муддат маълум бўлмаса манфаат ноаниқ бўлади, кейинчалик низо келиб чиқади.
Ижара ишга оид бўлса, қилинадиган иш очиқ-ойдин бўлиши шарт, дейилганда ҳам айни шу ҳикмат кўзда тутилган.
Бировни қиладиган ишини аниқ айтмай ишга олишда ҳам ноаниқлик бор, кейин низо келиб чиқиши мумкин. Аввало иш нимадан иборат эканлиги аниқ айтилиши керак. У иш қурилишми, қассобчиликми, деҳқончиликми ёки бошқами аниқ бўлиши шарт. Кейин эса ўша ишнинг миқдори ва сифатига ҳам келишиб олинади. Сенга фалон пул бераман, битта чуқур қазиб берасан, дейиш билан иш битмайди. Чуқурнинг кенглиги қанча, чуқурлиги қанча, ернинг қаттиқлиги ва бошқа майда-чуйдалари ҳам келишиб олиниб, икки томон рози бўлганидан кейин иш бошланади.

2. Ижара қилинган нарса ҳақиқатда ҳам, шариатда ҳам фойдаланиш мумкин нарса бўлиши керак.
Мисол учун, қочиб кетган уловни ижарага қўйиш мумкин эмас. Чунки, ҳақиқатда ундан фойдаланиб бўлмайди.
Шунингдек, ҳайз кўрган аёлни масжидни супурушга ишлатиб бўлмайди. Чунки, шариатда ҳайзли аёлнинг масжидга кириши мумкин эмас.

3. Ижара қилинган нарса шаръан жоиз бўлиши шарт. Гуноҳ бўладиган нарсаларга ижара қилиб бўлмайди. Одам ўлдириш, ҳаром ишларни қилиш, сеҳр ўргатиш каби ишларга ўхшаш.

4. Ижарага қилинадиган иш ижарадан олдин, иш бажарувчига фарз ёки вожиб бўлмаслиги шарт. Шунинг учун ҳам ижарага намоз ўқиб, рўза тутиб ва бошқа ибодатларни қилиб бўлмайди.
Шунингдек Ҳанафийларнинг «Ўз зиммасидаги нарсага ижара ҳақи олиш жоиз эмас» деган қоидалари ҳам бор. Шунинг учун аёл ўз уйи хизматлари учун эридан ҳақ талаб қилмайди. Чунки, бу унинг ўз хизматидир.

5. Ижарага иш қилган одам ўша ишидан ўзи манфаат олмаслиги керак.
Шунинг учун ҳам тоат-ибодатларга ижара жоиз эмас. Чунки, уларни бажарган одам ўзи биринчи ўринда манфаат олади.
Бировга ушбу буғдойни тортиб, ун қилиб берсанг, иш ҳақингга ўша ундан бунча оласан, дейиш ва шунга ўхшаш ишлар ҳам шу қаторга кирадими, йўқми, деган масалада Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаблари киради, деганлар. Ҳанбалий ва Моликий мазҳаблари эса кирмайди, деганлар.

III. Ижара ҳақи учун бериладиган нарсадаги шартлар:

1. Ижара ҳақи учун бериладиган нарса маълум, вужуди бор мол бўлиши шарт.
Номаълум нарсани ижара ҳақи қилиб бўлмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким биров билан ижара муомаласи қилса, ижара ҳақини маълум қилсин», деганлар.
Шу маънода, иш ҳақига таомни қўшиб бўлмайди, чунки у қанча бўлиши маълум эмас.

2. Ижара ҳақи, ижарага қўйилган нарсанинг жинсидан бўлмаслиги шарт.
Мисол учун бировнинг уйида ижара тургани ҳақига ўзининг уйини яшашга бериб туруши мумкин эмас. Бу ҳолда рибога ўтиб қолади.
Ижарага оид масалалар кўп бўлиб фиқҳ китобларимизда анчагина саҳифаларни эгаллагандир. Ижара иш билан шуғулланадиган кишилар, ўша маълумотларни яхшилаб ўрганиб олишлари лозим.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri