Бир кеча кундузда мингдан ортиқ суннат Принтер учун
03.08.2010 й.
islom.uz
Кириш
Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм

«Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Росулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди», дея марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Аллоҳ таоло Ўзининг азалий ва абадий Каломида «...ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон пайғамбар…» дея мақтаган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга биз – Ислом умматларига қолдирган суннатлари баробарида Аллоҳнинг салоту, саломи бўлсин.
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларининг бизгача етиб келишида бор вужудлари билан хизмат қилган саҳобалар, тобеъинлар, муҳаддислар ҳамда азиз уламоларимизга Аллоҳнинг чексиз раҳматлари бўлсин.
Ҳижрий 1431 сана Робиъул­аввал ойининг кириб келиши муносабати билан Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олийгоҳида уюштирилган сийратга, яъни «мавлидга» бағишланган тадбир асносида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кундалик ишларидаги суннатларини ўрганиб, бу борадаги маълумотларни тўплаб, тақдим этиш каминага топширилган эди. Биз ушбу мавзуга бағишланган қўлланмалар орасидан Холид Ҳасинаннинг «Бир кеча кундузда мингдан ортиқ суннат» номли китобларини танладик ва деярли у билан кифояландик. Рисолани таржима қилиш жараёнида унга баъзи ўзгартиришлар ҳам киритилди. Жумладан, турли мазҳабларда турлича ихтиёр қилинган суннатлар таржима қилинаётган тил эгалари, яъни ўзбек халқининг амалдаги эргашган мазҳаби бўлмиш Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаблари ­ Ҳанафия мазҳабига мувофиқ баён қилинди. Бунда Шақиқурроҳман Надавийнинг «Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаблари асосида муяссар (қисқа, қулай) фиқҳ» китобларидан ҳам фойдаландик. Шунингдек, айрим мавзуларда бошқа баъзи суннатларни ҳам қўшимча қилдик. Ушбу қўшимчаларни мазкур рисоланинг асл матнидан хабардор кишилар ажратишлари мумкин.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу камтарона амални ўз даргоҳида қабул этиб, бу дунёда баракотли, охиратим учун захира бўлишини насиб қилсин. Аввало ўзимни, қолаверса, рисолани мутолаа қилган барча азизларимизни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида ҳаёт кечиришга муаваффақ айласин. Омин!

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олийгоҳи
«Таҳфизул­-Қуръон» кафедраси 3-­босқич талабаси.
1431 23 Рабиъул-­аввал.
Раҳмли ва мағфиратли, карамли ва қаҳрли, қалблар ва кўзларни идора этиб турувчи, махфию ошкорни билувчи Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Мен У Зотга эртаю кеч бардавом ҳамд айтаман. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ягона, Унинг шериги йўқдир. Шундай гувоҳлик бераманки, у гувоҳлик дўзах азобидан нажот бергай. Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг танланган пайғамбаридир. У зотга ҳамда У зотнинг ҳар қандай таъзим ва улуғлашларга муносиб бўлган аҳлу аёллари ва саҳобаларига токи туну кун бор экан, Аллоҳнинг доимий салоту саломлари бўлсин.
Албатта, мусулмон кишининг кундалик ҳаётида энг кўп аҳамият берадиган нарсаси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эртаю кеч амал қилмоқдир. Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатнинг аломати Унинг Ҳабиби солллаллоҳу алайҳи васалламга ахлоқларида-ю ишларида, буйруқлари-ю суннатларида эргашишдир. Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад) «Агар Аллоҳни яхши кўрсаларингиз, менга эргашинглар, Аллоҳ сизларни яхши кўради ҳамда гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ мағфиратли, раҳмлидир», деб айт».
Ҳасан Басрий айтадилар:
«Инсонларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатларининг аломати Росулининг суннатига эргашиш бўлди».
Мусулмон кишининг Аллоҳ таолонинг наздидаги мартабаси Унинг Пайғамбарига эргашиши билан ўлчанади. У суннатни қанчалик кўп татбиқ этса, Аллоҳ таолонинг наздида шунчалик олиймақом ва мукаррам бўлади. Шу боисдан ҳам мен мусулмонларнинг кундалик ҳаётида, ибодатлари-ю истироҳатларида, ейиш­ичишларида, одамлар билан муомалаларида, қўшничилик алоқаларида, борингки, барча ҳаракат ва саканотларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини иҳё қилишни йўлга қўйиш мақсадида ушбу мўъжазгина рисолани туздим.
Агар инсоф билан ўйлаб кўрилса, бирортамизнинг озгина моддий маблағимиз йўқолиб қолса, қанчалар ғам­ташвишга тушамиз, уни жон­жаҳдимиз билан излаб, топишга ҳаракъат қиламиз. Аммо ҳаётимиздан қанчадан­қанча суннатлар тушиб қолаётганига, таъбир жоиз бўлса, йўқолиб бораётганига ўшанчалик ташвиш чекамизми? Уларни ҳаётимизга татбиқ этишга тиришамизми?
Биз - мусулмонларнинг асосий мусибатимиз шундан иборатки, биз суннатдан кўра мол­дунёни кўпроқ улуғлайдиган бўлиб қолганмиз. Фараз қилайлик, агар «Ким бир суннатга амал қилса, унга мана шунча маблағ берилади», дейилса, одамларнинг эртаю кеч ҳар қандай ҳолатда суннатга амал қилаётганларини кўрар эдик. Кошкийди, ана шундай ваъда эвазига амал қилинган суннат кетидан эришилган мол­мулк қабрга қўйилиб, устимизга тупроқ тортилгандан сўнг бирор фойда берса. «Балки сизлар ҳаёти дунёни ортиқ кўрасизлар. Ваҳоланки охират яхшироқ ва боқийроқдир». (Аъло сураси, 16­17-оятлар)
Бу рисоламиздаги «суннатлар» да ҳар куни такрорланадиган, ҳар биримиз қила оладиган, қилган киши ажр олиб, қилмаган киши иқобга қолмайдиган суннатлар назарда тутилган. Агар қай бир шахс бир кунлик фаолияти давомида астойдил амал қилса, мингдан кам бўлмаган суннатни ҳаётга татбиқ этиши мумкин эканлигига камина амин бўлдим. Ушбу рисола ана шу мингдан ортиқ суннатни амалда ижро этиш учун қулай бир қўлланма, холос. Қай бир мўмин киши кун давомида ва тун бўйи мазкур суннатларга амал қилишга уринса, у бир ойда ўттиз минг суннатни иҳё қилган бўлади! Энди ушбу суннатлардан бехабар бўлган ёки билса ҳам, амал қилмаётган кишиларнинг ҳаётлари мобайнида қанчадан­қанча савоб ва даражалардан маҳрум бўлиб қолаётганларини ҳисоблаб кўраверинг. Мана шу ҳақиқий, том маънодаги «маҳрумлик» дир.
Суннатни маҳкам ушлашда бир неча фойдалар бор. Жумладан:

­ Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлиш;
­ фарзлардаги камчиликларнинг ўрнини тўлдириш;
­ бидъатга берилиб кетишдан сақланиш;
­ Аллоҳ таолонинг шиорлари, шариатини улуғлаш.
 
Эй Ислом уммати! Росулингиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ҳаётингизга татбиқ этинг! Ушбу суннатларни тирилтиришга сиздан бошқа ким бор?! Сизларга ҳақиқий ҳаётни бахш этадиган ана шу суннатлардан ўзга нима бор?! Бу иш сизларнинг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатингизнинг далили, У зотга эргашишингизнинг аломатидир!

Холид ал-­Ҳасинан
 
Уйқудан уйғонишдаги суннатлар

1. Уйқу дангасалиги ва унинг асоратини қўл билан юздан аритиш.
Имом Нававий ва ибн Ҳажар роҳимаҳумуллоҳлар бунинг суннат эканлигига қуйидаги ҳадисни келтирганлар:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб, ўтирдилар ва юзларини ишқалаб, уйқуни аритдилар».
Имом Муслим ривояти.

2. Дуо.
У қуйидагича:
«Бизларга руҳимизни олганидан кейин қайта ҳаёт бахш этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Қайта тирилиб бориш у томонгадир».
Бухорий ривояти.

3. Мисвок тутиш.
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда уйқудан турганларида оғизларини мисвок билан тозалар эдилар».
Муттафақун алайҳ.

4. Бурун қоқиш.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Сизлардан бирортангиз уйқудан турса, бурнини уч марта қоқиб ташласин, зеро шайтон унинг димоғи тунаган бўлади».
Муттафақун алайҳ.

5. Қўлларни уч марта ювиш.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Сизлардан бирортангиз уйқудан турса, идишга солмасдан, кафт қўлларини уч марта ювсин».
Муттафақун алайҳ.

Ҳожатхонага кириб чиқишдаги суннатлар

1. Киришдан олдин ушбу дуони ўқиш:
اللهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْخُبُثِ وَالْخَبَائِثِ.
«Эй Аллоҳ, мен Сендан эр ва аёл нопок жинларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман».

2. Чап оёқ билан кириш.

3. Қиблага чап ённи қилиб ўтириш.

4. Чап ёнга босиб ўтириш.

5. Покланиш воситасини тоқ ишлатиш.


6. Истибро ва истинжода чап қўлни ишлатиш.

7. Ўнг оёқ билан чиқиш.

8. Чиққач, غفرانك. «Аллоҳим, мағфиратингни сўрайман», дейиш.

Насаийдан бошқа барча сунан эгалари чиқарганлар.
Қуйидаги ҳамд қалималари ҳам, заиф санад билан бўлса­да, баъзи ҳадисларда келган:
الحَمْدُ لِلَّهِ الَّذي أذْهَبَ عَنِّي الأذَى وَعافانِي.
«Мендан азиятни кетказган, менга офият берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин».
Ибн Можа.
الحَمْدُ لِلَّه الَّذي أذَاقَنِي لَذَّتَهُ، وأبْقَى فِيَّ قُوَّتَهُ، وَدَفَعَ عَنِّي أَذَاهُ.
«Менга таомнинг лаззатини тоттирган, қувватини қолдириб, азиятини мендан кетказган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин».
Ибн Синний ва Тобаронийлар ривоят қилганлар.
Инсон ҳожатхонага бир кунда бир неча марта кириб чиқади. Агар ҳар сафар кириб­чиқққанида мазкур суннатларни адо қилса, бир куннинг ўзида бир неча суннатни ўз ҳаётига татбиқ этган бўлади.
Эр ва аёл нопок жинларнинг ёмонлигидан паноҳ сўралиши уларнинг маконлари нопок жойлар бўлганлиги сабаблидир.
Агар бир кунда ўртача ҳисобда уч марта ҳожатга борилса, ушбу суннатлар уч марта такрорланади, натижада бир кунда 32 марта суннат амалга оширилган бўлади. Бошқа суннатлар ҳам шундай ҳисоб қилинса, катта натижа ҳосил бўлади, иншоаллоҳ.

Таҳоратнинг суннатлари

1. Таҳоратни ният қилиш.

2. Басмала.

3. Таҳоратнинг аввалида қўлларнинг кафт қисмини уч марта ювиш.

4. Мазмаза   оғизни уч марта чайиш.

5. Оғизни мисвок билан тозалаш:

«Умматимга машаққат туғдириб қўймаганимда, уларни ҳар таҳорат қилишда мисвок ишлатишга буюрган бўлар эдим».
Аҳмад ва Насаийлар ривоят қилган.
Мисвок топилмаса, ўрнига бармоқларни ишлатиш ҳам суннат.

6. Истиншоқ - бурунни уч марта чайиш.
«(Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам) икки қўлларини уч марта ювдилар, оғизларини чайдилар, бурунларига сув олиб қоқдилар, сўнг юзларини уч марта ювдилар».
Муттафақун алайҳ.

7. Рўза бўлмаган ҳолида мазмаза ва истиншоқни етук адо қилиш.
«Рўзадор бўлмасанг, мазмаза ва истиншоқда муболаға қилгин».
Тўртовлари чиқарган.
Мазмазада муболаға қилиш, деганда сувни оғизнинг барча жойларига тўлиқ етказиш тушунилади.
Истиншоқда муболаға қилиш эса буруннинг ичига сувни яхшилаб тортишни англатади.

8. Соқоли қалин бўлса, остидан, орқасидан ҳилол қилиш, яъни бармоқларни соқолга оралатиш.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳоратларида соқолларини ҳилол қилар эдилар».
Имом Термизий ривояти.

9. Бошнинг ҳаммасига масҳ тортиш.

10. Масҳ тортишда бошнинг олд томонидан, пешона тарафдан бошлаш.

11. Бўйинга масҳ тортиш
. (Бўғизга (томоққа) масҳ тортиш бидъатдир.)

12. Қулоқларнинг ички ва ташқи тарафларига масҳ тортиш.

Масҳнинг сифати:
Жимжилоқдан бошлаб учта бармоқ билан пешонадан бўйин тарафга тортилади. Сўнг кафтнинг ички томони билан бошнинг икки ёнига орқадан олди тарафга, кўрсатгич ва бош бармоқлар билан қулоқларнинг ички ва ташқи тарафларига, кафтнинг орқа тарафи билан бўйинга масҳ тортилади.
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларига олди орқага қилиб масҳ тортдилар».
Муттафақун алайҳ.

13. Қўл ва оёқ бармоқларини ҳилол қилиш.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Таҳоратни маромига етказ, бармоқларни ҳилол қил».
Тўртовлари чиқарганлар.

14. Таҳорат амалларини ўнг тарафдан бошлаш.
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пойабзал кийишда, таҳоратларида,... ўнгдан бошлашни яхши кўрар эдилар».
Муттафақун алайҳ.

15. Бир марта ювиш фарз бўлган аъзолар - юз, оёқ ва қўлларни уч мартадан ювиш.

16. Аъзоларни кетма-кет ювиш.

17. Таҳоратда ювиладиган аъзоларни суннатдаги тартибда ювиш.

18. Аъзоларни сув билан ёки кейин қўл билан ишқалаш.


19. Қўл-оёқларнинг фарз қилинган миқдордан кўпроқ жойини қўшиб ювиш.
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу таҳорат қилганларида қўлларини юқори билакларигача, оёқларини болдирларигача ювдилар ва:
«Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай таҳорат қилганларини кўрганман», дедилар».
Муслим ривояти.

20. Таҳоратни маромига етказиб қилиш.
Бу ҳар бир аъзонинг ювиш ва масҳдаги ҳаққини мукаммал адо этиш, амалларни тўла бажариш билан бўлади.

Таҳоратга тааллуқли суннатлар

1. Бадандан тушаётган таҳорат сувини уст­бошига сачратмаслик.

2. Қиблага юзланган ҳолда таҳорат қилиш.

3. Иложи борича таҳорат учун ўзгаларнинг ёрдамидан фойдаланмаслик.

4. Гапирмаслик.

5. Ҳар бир аъзони ювишда «бисмиллаҳ» ни айтиш.


6. Қулоққа масҳ тортиш асносида ҳўл жимжилоқни қулоқларнинг ичига суқиб қўйиш.

7. Остига сув бемалол етадиган кенг узукни ҳам айлантириб қўйиш.

(Агар узук тор бўлса, остига сув етиши учун уни айлантириб қўйиш фарз бўлади.)

8. Оғиз ва бурунга сувни ўнг қўлда олиш.

9. Бурунни қоқишда чап қўлни ишлатиш.

10. Таҳоратни намоз вақти киришидан олдин қилиш.

11. Сувни тежаш.

«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муд (чорак соъ) сувда таҳорат қилар эдилар».
Муттафақун алайҳ.

12. Таҳоратни адо этиб бўлгач,шаҳодат калималарини айтиш:
أشْهَدُ أَنْ لا إلهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لا شَرِيكَ لَهُ، وأشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّداً عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ.
«Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиздир. Унинг шериги йўқ. Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг бандаси ва элчисидир».
Самараси:
«Унга саккиз жаннатнинг эшиклари очилади, у хоҳлаганидан киради».
Имом Муслим ривояти.
Имом Термизий ривоятида қуйидаги дуо ҳам қўшилган:
للهم اجعلني من التوابين واجعلني من المتطهرين.
«Аллоҳим, мени тавба қилгувчилардан ва покланувчилардан қилгин».

13. Имкон бўлса, таҳоратни ўз уйида қилиш.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Кимки уйида таҳорат қилса, сўнгра Аллоҳнинг уйларидан бирига Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юриб борса, унинг ҳар икки қадамининг бири ундан бир хатони ўчиради, бошқаси уни бир даража кўтаради».
Муслим ривояти.

14. Таҳоратдан сўнг икки ракъат намоз ўқиш.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Кимки мана шу таҳоратимдек таҳорат қилса, сўнг икки ракъат намоз ўқиса, икки ракъатида ўзи билан гаплашмаса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади».
Бухорий ва Муслим ривояти.
Муслим Уқба ибн Омирдан ривоят қилган ҳадисда:
«Унга жаннат вожиб бўлажак», дейилган.
Мусулмон киши бир кеча-кундузда бир неча марта - баъзилар беш, баъзилар чошгоҳ, таҳажжуд ва бошқа нафл намозлар сабабли ундан ҳам кўп марта таҳорат қилади. У ҳар сафарги таҳоратида мазкур суннатларни такрор-такрор адо этар экан, бунда суннатни иҳё қилишни ният қилса, буюк ажрларга эга бўлади.
Таҳоратда ушбу суннатларни барпо этишнинг самараси:
«Кимки таҳорат қилса, таҳоратни гўзал қилса, вужудидан, ҳатто тирноқларининг остидан хатолари тўкилиб кетади».
Муслим ривояти.
«Сизлардан қай бирингиз таҳорат қилса, таҳоратни чиройли адо этса, сўнг туриб, қалби ва юзи (яъни бутун вужуди) билан Аллоҳга юзланган ҳолда икки ракъат намоз ўқиса, унга жаннат вожиб бўлади, гуноҳлари мағфират қилинади».
Муслим ривояти.
Имом Нававий айтадилар:
«Ушбу мартаба инсонда шайтоний хаёллардан тийишга тиришганлиги, намозига қаттиқ риоя қилганлиги, жидду жаҳд билан қалбини Аллоҳга холи қилиб, ҳатто кўз юмиб-очгунча миқдорда ҳам чалғимаганлиги, шайтондан халос бўлганлиги боисидан ҳосил бўлади».

Таҳорат қилиш мустаҳаб бўлган ўринлар

1. Таҳорат билан ётиш учун.
2. Уйқудан турганда.
3. Доимий таҳоратда юриш учун.
4. Таҳорат устига қурбат учун.
5. Ғийбат, чақимчилик, ёлғон ва бошқа ҳар қандай гуноҳдан сўнг.
6. Хайрли бўлмаган шеър айтгандан сўнг.
7. Қаҳқаҳа уриб кулгандан сўнг (Аммо намозда қаҳқаҳа уриб кулса, фарз бўлади.)
8. Ҳар бир намоз вақти учун.
9. Жанобатдан қилинган ғуслдан олдин.
10. Жунуб кишига еб­ичиш ёки дам олиш олдидан.
11. Ғазаб келганда.
12. Қуръонни ёддан ўқиш учун.
13. Ҳадис ўқиш ёки ривоят қилиш учун.
14. Шаръий илм дарсларида.
15. Маййитни ювиш учун.
16. Маййитни кўтариш учун.

Мисвок суннати

Мусулмон кишининг кундалик ҳаётида мисвок тутиши суннат бўлган бир неча ўринлар бор. Масалан:
1. Беш маҳал намоз олдидан.

2. Ишроқ, чошгоҳ, таҳажжуд ва бошқа намозлар олдидан.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Агар умматимни машаққатга солиб қўмаганимда, уларни ҳар бир намоз олдидан мисвок тутишга бюрган бўлар эдим».
Бухорий ва Муслим ривояти.

3. Уйга кирганда.
Имом Муслимнинг саҳиҳида Оиша онамиз розияллоҳу анҳадан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирганларида биринчи бўлиб оғизларини мисвоклашлари нақл қилинган.

4. Қуръон қироати олдидан.

5. Уйқудан турганда.

6. Оғизнинг ҳиди ўзгарганда.

«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Мисвок оғизни тозалагувчи, Парвардигорни рози қилучидир».
Имом Аҳмад ривоят қилган.
Ушбу суннатни татбиқ этишдаги фойдалар:
- Аллоҳ таоло бандасидан рози бўлади.
- Оғиз пок ва соғлом бўлади.
Замонавий тиббиёт ҳам мисвокнинг тиш ва милк учун фойдали бўлган кўплаб моддаларга эга эканлигини кашф қилган. Жумладан, унинг таркибида бактерияларга қарши моддалар, умумий тозаловчи (дезинфекция қилувчи) моддалар, тишни оқартирувчи модалар, оғизни хушбўйлантирувчи моддалар мавжуд экан.

Зийнатланиш

1. Хушбўй суриш.

2. Хушбўйни бошнинг икки ёнига тоқ суриш.

3. Сочларни тараш.


Пойабзал кийишдаги суннатлар

1. Кийишни ўнг оёқдан, ечишни чап оёқдан бошлаш.

2. Кийганда ҳар икки пойни кийиш.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Сизлардан бирортангиз пойабзал кийса, ўнгдан бошласин, ечганда чапдан бошласин. Кийганда ҳар иккисини кийсин, ечганда ҳар иккисини ечсин».
Муслим ривояти.
Мусулмон киши бир кеча-кундузда уйга, ҳаммомга, масжидга ва бошқа жойларга кириб-чиқиши натижасида бир неча бор оёқ кийимини кийиб, ечишига тўғри келади. Агар у ҳар сафар мазкур одобларга риоя қилса ва қалбида суннатга амал қилишни ният қилса, бир кунда шу амалнинг ўзидан ҳам бир неча суннатни иҳё қилган, натижада улуғ ажрларни қўлга киритган бўлади.

Либос кийишдаги суннатлар

Инсонларнинг кундалик ҳаётида энг кўп учрайдиган ишларидан бири ювиниш, дам олиш, кўчага чиқиш баҳоналари билан кийим алмаштиришидир. Бунда қуйидаги суннатларга риоя қилиш лозим:
1. Кийимни кийишда «Бисмиллаҳ» (Аллоҳнинг номи билан) дейиш.
Имом Нававий:
««Бисмиллаҳ» ни айтиш ҳар бир хайрли ишда мустаҳабдир», деганлар.

2. Либосни кийишда ўнг тарафидан бошлаш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
«Агар кийинсангиз, ўнгдан бошланг».
Термизий, Абу Довуд, ибн Можалар ривояти.

3. Либосни кийганда қуйидаги дуони қилиш:
الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي كَسَانِي هَذَا وَرَزَقَنِيهِ مِنْ غَيْرِ حَوْلٍ مِنِّي وَلا قُوَّةٍ.
«Менга ушбу либосни (либос номи айтилади, масалан: шим, дўппи, ва ҳоказо) менинг тарафимдан ҳеч қандай куч-қудратсиз кийдирган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин».

4. Кийимни ечишда чап тарафдан бошлаш.

5. Ечганда ҳам «Бисмиллаҳ» ни айтиб ечиш.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Одам болаларининг аврати билан жинларнинг кўзлари ўртасидаги парда кийимни ечганда «Бисмиллаҳ» дейишдир».
Тобароний ривоят қилган.

6. Янги либос кийганда дуо қилиш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иштон, кўйлак, ридо ёки салла кийсалар, қуйидаги дуони ўқир эдилар:
اللَّهُمَّ لَكَ الْحَمْدُ، أَنْتَ كَسَوْتَنِيهِ، أَسْأَلُكَ مِنْ خَيْرِهِ وَخَيْرِ مَا صُنِعَ لَهُ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّهِ وَشَرِّ مَا صُنِعَ لَهُ.
«Эй Аллоҳим, мен сендан ушбу либосдаги (либоснинг номи айтилади) яхшиликни ва унга боғлиқ яхшиликни сўрайман. Мен сендан ундаги ёмонликдан ва унга боғлиқ ёмонликдан паноҳ сўрайман».
Абу Довуд, Термизий, Аҳмадлар ривояти. Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар саҳиҳ, деганлар.
Аҳлу фарзандларимиз бўлсин, дўсту ошноларимиз бўлсин, янги либос кийган кишини кўрганда унинг ҳаққига дуо қилиш ҳам суннат:
«(Илоҳим) Янги­янги кийининг, бахтиёр ҳаёт кечиринг, шаҳодат билан вафот этинг».
Термизий ривояти.
«Кийиб, эскиртираверинг, Аллоҳ ўрнига бераверсин».
Абу Довуд ривояти.

Уйга киришдаги суннатлар

Имом Нававий айтадилар:
«Уйга киришда қуйидагилар суннат:
1. «Бисмиллаҳ» дейиш.

2. Аллоҳни зикр қилиш.

3. Салом бериш».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Қачонки киши уйига кирса, киришида ҳам, таоми устида ҳам Аллоҳни зикр қилса, шайтон (шерикларига):
«Сизларга ўрин ҳам йўқ, овқат ҳам йўқ», дейди. Агар кирганида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон:
«Жойларингизни топдингиз», дейди. Таоми устида ҳам Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон:
«Жойингизни ҳам, таомингизни ҳам топдингиз», дейди».
Бухорий ривояти.

4. Кириш дуосини айтиш:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Киши уйига кирганда:
اللَّهُمَّ إِنِّي أسْأَلُكَ خَيْرَ المَوْلَجِ وخَيْرَ المَخْرَجِ، باسْمِ الله وَلَجْنا وباسْمِ الله خَرَجْنا، وعلى الله رَبِّنا تَوَكَّلْنا.
«Аллоҳим! Мен сендан яхши кириш ва яхши чиқишни сўрайман. Аллоҳнинг номи билан кирдик, Аллоҳнинг номи билан чиқдик. Роббимиз Аллоҳга таваккал қилдик», десин ва аҳлига салом берсин».
Абу Довуд ривояти.
Бу дуо бандага киришидаю чиқишида Аллоҳга таваккал қилишни, доимо Аллоҳга боғланиб туришни эслатади.
Салом беришга Аллоҳ таоло амр қилгандир:
«Қачонки уйларга кирсангиз, ўзларингизга Аллоҳнинг ҳузуридан бўлган пок ва муборак салом йўлланг».

5. Оғизни мисвоклаш.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирганларида биринчи бўлиб мисвок тутар эдилар».
Муслим ривояти.

Уйдан чиқиш дуоси

1. Умму Салама розияллоҳу анҳа айтадилар:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимдан тонгда чиқар эканлар, нигоҳларини осмонга қаратиб, қуйидаги дуони қилар эдилар:
اللهُمَ إني أعُوذُ بِكَ أن أَضلَّ أوْ أُضَلَّ أَوْ أزلَّ، أو أُزلَّ، أوْ أظلِم أوْ أُظْلَم، أوْ أَجْهَلَ أوْ يُجْهَلَ عَلَيَّ."
«Аллоҳим! Мен Сендан адашишдан ва адаштиришдан, тойилишдан ва тойдиришдан, зулм қилишдан ва зулмга қолишдан, жоҳиллик қилишдан ва жоҳилликка йўлиқишдан паноҳ сўрайман».
Тобароний ривояти.

2. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Киши уйидан чиққан пайтида:
بِسمِ اللهِ، تَوَكَّلْتُ عَلَى اللهِ، وَلا حَولَ وَلا قُوَّةَ إلاَّ باللهِ.
«Аллоҳнинг номи билан. Аллоҳга таваккал қилдим. Ўзгартириш ҳам, қувват ҳам фақат Аллоҳ ила бўлур», деса, ўша пайтда унга «Ҳидоят қилиндинг, кифоя қилиндинг, ҳимоя қилиндинг», дейилади. Шайтон ундан четланади. Бошқа бир шайтон унга (биринчи шайтонга): «Ҳидоят қилинган, кифоя қилинган, ҳимоя қилинган кишига ҳолинг не», дейди».
Абу Довуд.
Агар инсон бир кунда беш вақт намозни масжидда ўқиса, ҳар кириб чиқишида ушбу суннатларга амал қилса, шунинг ўзида у бир кунда ўттиз бешта суннатга амал қилган бўлади ва буюк ажрларга эришади.
Ушбу суннатнинг татбиғидаги фойдалар:
- Бандага унинг ҳар бир дунёвий ва ухравий ишида Аллоҳ таоло кифоя қилади.
- Инсу жиндан бўладиган ҳар қандай кўнгилсизликлардан ҳимояда бўлади.
- Дунёвий ва ухравий ишларида ҳидоятда бўлади, адашмайди.

Масжидга боришдаги суннатлар

1.    Намозга эрта бориш.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида эди, унга фақат қуръа ташлаш билан эришишдан бошқа илож бўлмаса, албатта қуръа ташлар эдилар. Таҳжирда нима борлигини билганларида, унда кимўзар қилар эдилар. Хуфтон ва Бомдод намозларида нима борлигини билганларида, эмаклаб бўлса ҳам келган бўлар эдилар».
Бухорий ривояти.
Имом Нававий:
«Таҳжир - намозга эрта келиб туришдир», деганлар.

2. Масжидга бориш дуосини ўқиш:
اللَّهُمَّ اجْعَلْ في قَلْبِي نُوراً، وفي لِسانِي نُوراً، وَاجْعَلْ في سَمْعِي نُوراً، وَاجْعَلْ في بَصَري نُوراً، وَاجْعَلْ مِنْ خَلْفِي نُوراً، وَمِنْ أمامي نُوراً، وَاجْعَلْ مِنْ فَوْقي نُوراً وَمِنْ تَحْتِي نُوراً، اللَّهُمَّ أعْطِني نُوراً.
«Аллоҳим! Қалбимда нур қилгин, тилимда нур қилгин, қулоғимда нур қилгин, кўзимда нур қилгин, олдимдан нур қилгин, ортимдан нур қилгин, устимдан нур қилгин, остимдан нур қилгин. Аллоҳим, менга нур ато этгин».
Муслим ривояти.

3. Сакинат ва виқор билан юриш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Иқоматни эшитсангиз, намозга сакинат ва виқор билан юриб келинглар».
Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Сакинат - оҳиста, хотиржам ҳаракъат қилиш, беҳуда нарсалардан тийилиш.
Виқор - кўзни тийиш, овозни кўтармаслик, ҳар тарафга алангламаслик.

4. Масжидга пиёда бориш.

Фақиҳлар масжидга боришда шошмсдан, қадамни яқин-яқин босиб боришнинг суннат эканлигини айтганлар. Токи юриб борувчининг савоби янада кўп бўлсин. Бунга қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирганлар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Сизларни Аллоҳ у билан хатоларни ўчирадиган, даражотларни кўтарадиган нарсага далолат қилмайинми?». (Саҳобалар):
«Бўлмасам-чи, айтинг, ё Росулуллоҳ», дедилар. Росулуллоҳ айтилганларнинг орасида «масжид сари қадамни кўпайтириш» ни санадилар».
Муслим ривояти.

5. Масжидга киришда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш.

6. Дуо ўқиш:

اللَّهُمَّ افْتَحْ لِي أَبْوَابَ رَحْمَتِكَ.
«Аллоҳим! Менга раҳматинг эшикларини очгин».
«Сизлардан бирортангиз масжидга кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом йўлласин ва «Аллоҳим! Менга раҳматинг эшикларини очгин», десин».
Имом Насаий, ибн Можа, ибн Хузайма, ибн Ҳиббонлар ривоят қилганлар.

7. Ўнг оёқ билан кириш.

8. Биринчи сафга ҳаракъат қилиш.

Юқорида келтирилган ҳадисга биноан:
«Одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида эди, унга фақат қуръа ташлаш билан эришишдан бошқа илож йўқ бўлса, албатта қуръа ташлар эдилар».
Албатта, бунда ўзгаларга озор бермаслик шарт қилинади.

9. «Таҳийятул масжид» намозини ўқиш:
(масжидга салом бериш намозини ўқиш)
«Сизлардан бирортангиз масжидга кирса, икки ракъат намоз ўқимасдан ўтирмасин».
Муттафақун алайҳ.

Ҳофиз ибн Ҳажар айтади:
«Фатво аҳли таҳийяти масжид суннат эканлигига иттифоқ қилганлар».
Агар ўтириб олганидан кейин ёдига тушса, ўша заҳоти туриб, ўқиб олса ҳам бўлади. Аммо макруҳ вақтлар мустасно.

10. Масжидда чиқишда дуо қилиш:
«Қачонки чиқса,
اللَّهُمَّ إني أسألُكَ مِنْ فَضْلِكَ.
«Аллоҳим, фазлингдан сўрайман», десин».
Муслим ривояти.

11. Имом Насаийнинг ривоятида «Чиқишда ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтади», дейилган.

12. Чиқишда чап оёқ билан чиқиш.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Масжидга кирганингда аввал ўнг оёқни, чиққанингда аввал чап оёқни босишинг суннатдандир».
Имом Ҳоким чиқарган ва «Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир», деган. Заҳабий унга қўшилган.
Ушбу суннатлар амал қилишга ҳаракъат қилган мусулмон учун беш маҳал такрорланиши билан бир кунда эллик мартадан ортиқ суннатга амал қилиш имконини беради.

Азон суннатлари

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Зодул-маъод» китобида азонни эшитган киши учун бешта суннатни зикр қилган:
1. «Азон эшитган киши муаззин айтган калималарни қайтаради. Фақат «Ҳайя ъалас солаҳ» ва «Ҳайя ъалал фалаҳ» деганда «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ», дейди.
Бухорий ва Муслим ривояти.
Самараси:
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» ида зикр қилинганидек, бандага жаннатни вожиб қилади.

2. Азон тамом бўлгач:
وَأَنَا أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ رَضِيتُ بِاللَّهِ رَبًّا وَبِمُحَمَّدٍ رَسُولاً وَبِالإِسْلاَمِ دِينًا.
«Мен ҳам гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳнинг росулидир. Аллоҳни Робб деб, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни пайғамбар деб, Исломни дийн деб рози бўлдим».
Муслим ривояти.
Самараси:
Мазкур ҳадисда айтилганидек, банданинг гуноҳи мағфират қилинади.

3. Муаззинга жавоб айтиб бўлгач, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Қачонки муаззиннинг овозини эшитсангиз, унинг айтганларини қайтаринг, сўнгра менга саловат айтинг. Зеро, ким менга бир саловат айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловат йўллайди».
Муслим ривояти.
Самараси:
Аллоҳ таоло бандага ўн марта саловат йўллайди.
Энг мукаммал саловат «иброҳимийя» саловатидир, ундан мукаммал саловат йўқ.
Аллоҳ таолонинг Пайғамбарга саловат йўллаши У зотни муқарраб фаришталарга мақташи, бандага саловат йўллаши унга раҳмат назари билан боқишидир.

4. Саловатдан сўнг қуйидаги дуони ўқиш:
اللَّهُمَّ رَبِّ هَذهِ الدَّعْوَةِ التَّامَّةِ وَالصَّلاةِ القائِمةِ، آتِ مُحَمَّداً الوَسِيلَةَ والفَضِيلَةَ، وابْعَثْهُ مَقاماً محموداً الذي وَعَدْتَهُ.
«Аллоҳим! Эй ушбу етук чақириқниг, ҳозир бўлиб турган намознинг Робби! Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га васила ва фазилатни ато эт. У зотни Ўзинг ваъда қилган мақоми маҳмудга етказ».
Бухорий ривояти.
Самараси:
Бандага Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари вожиб бўлади.

5. Аллоҳдан умид қилган нарсаларини дуо қилиш.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Муаззинлар айтган калималарни айт, қачонки охирига етсанг, сўра, берилади».
Абу Довуд ривоят қилган. Ибн Ҳажар ҳасан, деган, ибн Ҳиббон саҳиҳ, деган.
Ушбу беш суннатга амал қилган кишига бир кунда йигирма бешта суннат бўлади.

Иқоматдаги суннат

Иқомат айтувчига худди муаззинга айтгандек жавоб қайтариш.

Сутра суннати.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Сизлардан бирортангиз намоз ўқиса, сутра қўйиб ўқисин ҳамда унга яқин турсин. Сутра билан ўзининг орасидан бирор кишининг ўтишига йўл қўймасин».
Абу Довуд, ибн Можа ва ибн Хузаймалар ривоят қилганлар.
Сутра масаласи:
Сутра - намозхоннинг қибла томонини тўсиб турадиган девор, устун, ҳасса ёки бошқа нарса бўлиши мумкин.
Сутранинг энига чегара белгиланмаган, аммо бўйи, яъни баландлиги энг ками болдиргача, тахминан, бир қарич бўлиши керак.
Оёқ билан сутранинг оралиғи намозхон бемалол сажда қила оладиган миқдорда бўлиши лозим.
Сутра нафл ҳамда фарз намозларида барибир бир хил. ???
Имомнинг сутраси қавм учун ҳам сутра бўлади.
Самараси:
- Олдидан бирор ўтувчи нарса боис намознинг кесилиб қолишидан сақлаш.
- Намозхоннинг фикри намоздан чалғимаслиги учун ёрдам.
- Намозхоннинг олдидан ўтишга зарурати бор кишини мушкулликка туширмаслик.

Бир кеча-кундузда ўқиладиган нафл намозлар

1. Равотиб суннатлар:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир мусулмон банда ҳар куни Аллоҳ учун фарздан ташқари ўн икки ракъат намоз ўқиса, албатта, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй бино қилади ёки бино қилинади», дедилар.
Муслим ривояти.
Улар қуйидагилар:
Пешин намозидан олдин тўрт ракъат, кейин икки ракъат, Шом намозидан кейин икки ракъат, Хуфтон намозидан сўнг икки ракъат, Бомдод намозидан олдин икки ракъат.
Биз уларни намозларнинг суннатлари сифатида яхши биламиз. Аммо уларни одат бўлиб қолганлиги учун ёки бошқа ҳолатда эмас, улуғ ибодат сифатида, юқорида зикр қилинган ваъдани кўз ўнгимизга келтирган ҳолда адо этсак, буюк ажрларга эга бўламиз. Ахир жаннатдан ўзига хос бир бинога эга бўлишга харидор бўлмаган мусулмон бўлмаса керак.

2. Ишроқ намози.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Ким тонг намозини жамоат билан ўқиса, кейин то қуёш (бир ёки икки найза миқдори) кўтарилгунича Аллоҳни зикр қилса, сўнгра икки ракъат намоз ўқиса, унга ҳаж ва умранинг савоби битилади».
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мукаммал, мукаммал, мукаммал», деб таъкидладилар».
Имом Термизий ривояти.

3. Зуҳо намози.
Бу намоз уч юз олтмиш садақага тенгдир. Инсоннинг жисми уч юз олтмиш бўғиндан иборат бўлиб, инсонга бу неъматларнинг шукронаси ўлароқ, ҳар куни уч юз олтмиш садақа қилиши лозим бўлади. Чошгоҳ намози ана шу шукронани адо этишга кифоя қилади. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганлари ривоят қилинади:
«Ҳар бирингизнинг ҳар бир бўғинингиз учун бир садақа лозимдир. Ҳар бир тасбеҳ садақадир. Яхшиликка буюриш садақадир. Ёмонликдан қайтариш садақадир. Чошгоҳ маҳалидаги икки ракъат эса унинг учун кифоя қилади».
Муслим ривояти.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай деганлари ривоят қилинган:
«Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳар ойда уч кун рўза тутишни, икки ракъат Зуҳо намозини ўқишни, ётишдан олдин Витрни ўқиб олишни васият қилдилар».
Муттафақун алайҳ.
Зуҳо намози икки ракъатдан саккиз ракъатгача бўлиб, унинг вақти қуёш икки найза кўтарилгандан бошлаб, қиём вақти келгунича, афзал вақти эса қуёш ҳарорати сезила бошлаган пайтдир.

4. Аср намозидан олдинги суннат.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Асрдан олдин тўрт ракъат (нафл) ўқиган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин».
Абу Довуд ва Термизий ривояти.

5. Шом намозидан кейинги олти ракъат «Аввобин» намози.

6. Азон ва иқомат ўртасида икки ракъат нафл намози.

«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки азон ўртасида намоз бордир, икки азон ўртасида намоз бордир, икки азон ўртасида намоз бордир», дедилар ва учинчисида «Хоҳлаган киши учун», деб қўйдилар».
Муттафақун алайҳ.
Имом Нававий айтадилар:
«Икки азондан мурод, азон ва иқоматдир».

Тунги намознинг суннатлари

1. Таҳажжуд намози ўқиш.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи - Муҳаррам рўзасидир, фарздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир».
Муслим ривояти.

2. Оғизни мисвокламоқ ва Оли Имрон сурасининг 190-200-оятларини ўқиш.

3. Икки ракъатдан саккиз ракъатгача ўқиш.

4. Саждаларни узун қилиш.

5. Витр намозини охирида ўқиш.

Оиша розияллоҳу анҳадан ривоят қилинади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн бир ракъат намоз ўқир эдилар. Бу У зотнинг тунги намозлари эди. Унда сизлардан бирортангиз эллик оят ўқигудек миқдорда бошларини кўтармай сажда қилар эдилар...»
Бухорий ривояти.

6. Тунги намозни қўшиб ўқиш жоиз бўлса-да, икки ракъат-икки ракъатдан қилиб ўқиш.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Тунги намоз икки ракъат-икки ракъат бўлади...»
 Бухорий ривояти.

7. Таҳажжудни аввал икки ракъат енгил намоз билан бошлаш.
Шунда намозга яхши киришиш осон кечади ҳамда кейинги ракъатларни завқ билан, тетик ўқийди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Бирортангиз тунда турса, намозни енгил икки ракъат билан бошласин».
Муслим ривояти.

8. Таҳажжудда қироатни узоқ қилиш.
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Энг афзал намоз қайси?» деб сўралди. У зот «Узун Қунут», (яъни қиём) деб жавоб бердилар».
Муслим ривояти.

9. Қироатни тадаббур билан қилиш.
Агар азоб оятлари келса, «Аъузу биллаҳи мин азабиллаҳ» дейиш, раҳмат оятлари келса, «Аллоҳумма инний ас-алука мин фазлик» деб дуо қилиш, тасбеҳ ояти келса, тасбеҳ айтиш.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги намозлари таърифида келганки:
«...Оҳиста қироат қилар эдилар. Тасбеҳ маъноси бор оят ўтса, тасбеҳ айтар, сўраладиган оят ўтса, сўрар, паноҳ тиланадиган оят ўтса, паноҳ сўрар эдилар...»
Муслим ривояти.

10. Суннатда келган дуоларни қилиш.
Таҳажжудга туришга ёрдам берадиган тадбирлар:
Кундузи қайлула қилиш, эртароқ ётиш, дуо қилиб Аллоҳдан ёрдам сўраш, нафсга қарши туриш, кундалик ҳаётда каттаю-кичик гуноҳлардан узоқ бўлиш, ваъда қилинган ажрларни мулоҳаза қилиш.

Витр намозининг суннатлари

1. Уйғонишига ишонса, Витр намозини кечанинг охирги қисмида ўқиш.

2. Биринчи ракъатга Аъла, иккинчи ракъатга Кафирун, учинчи ракъатга Ихлос сураларини зам қилиш.

3. Витр намозидан сўнг «Субҳанал-маликил-қуддус, субҳанал-маликил-қуддус, субҳанал-маликил-қуддус, роббил-малаикати вар-руҳ» дейиш, учинчисида овозни чўзиб айтиш.
Абу Довуд ривояти».

Намозга тааллуқли умумий суннатлар

1. Фарз намозларини жамоат билан ўқиш.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Жамоат намози кишининг бир ўзи ўқиган намозидан йигирма беш баробар афзалдир».
Муслим ривояти.

2. Таҳажжуд, Зуҳо, равотиб суннатлар каби нафлларни уйда ўқиш. 
«Киши намозининг энг яхшиси уйидагисидир, фақат фарз намози бундан мустасно».
Муттафақун алайҳ.
«Кишининг одамлар кўрмайдиган жойдаги ўқиган нафл намози одамлар кўз ўнгида ўқиганининг йигирма бештасига тенг келади».
Абу Яъло ривояти.
Инсон ушбу суннатга амал қилишга ҳаракат қилса, у ҳар бир уйда ўқиган суннат ва нафл намозларида қўшимча ажрларга эга бўлади.
Самараси:
- Банда ибодатидаги хушуъ-хузуънинг мукаммал бўлишига, амалининг риёдан узоқ бўлишига сабаб бўлади.
- Уйига раҳмат ёғилиши, ундан шайтоннинг қувилишига сабаб бўлади.
- Масжидда ўқилган фарз намозининг савоби кўп бўлгани каби, одамлар кўрмайдиган жойда ўқилган нафл намозидаги ажру савоб бир неча баробар кўп бўлади.

Бомдод намозидаги суннатлар

1. Бомдод намозининг суннатини енгил ўқиш.
Оиша розияллоҳу анҳадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида азон ва иқомат орасида енгил икки ракъат ўқир эдилар».
Муттафақун алайҳ.

2. Биринчи ракъатга Кафирун, иккинчи ракъатга Ихлос сураларини зам қилиш.
Муслим ривояти.
Ёки бошқа ривоятларда келган оятларни ўқиш.

3. Суннатдан сўнг озгина ёнбошлаш.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозининг суннатидан кейин ўнг тарафлари билан озгина ёнбошлаб ётар эдилар».
Бухорий ривояти.

4. Бомдод намозидан кейин ўша жойда ўтириш
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозидан сўнг намоз ўқиган жойларида то қуёш яхши чиқиб олгунича ўтирар эдилар».
Муслим ривояти.

Намоздаги қавлий суннатлар

1. Сано айтиш.
«Субҳанакаллоҳумма..»ни ўқиш.
Тўртовлари ривоят қилганлар.

2. Қироатдан аввал тааввуз айтиш.

3. Ҳар бир ракъатда Фотиҳадан олдин Басмалани айтиш.

4. Фотиҳани ўқиб бўлгач, «Омин» дейиш.

5. Зам сурани турли намозларда суннатда ворид бўлганидек қилмоқ.

Бомдод ва Пешин намозларида «Ҳафтияк»нинг узун суралари, Аср ва Хуфтон намозларида ўрта сураларини, Шом намозида қисқа сураларини ўқиш.

6. Рукуъъда энг ками уч марта тасбеҳ айтиш.

7. Рукуъъдан тургач, «Роббана лакал-ҳамд»ни айтиш.

8. Саждада энг ками уч марта тасбеҳ айтиш.

9. Ташаҳҳуддан сўнг саловат айтиш.

10. Саловатдан сўнг суннатда келган дуоларни қилиш.

Ушбу суннатлардан олтитаси (3-8) ҳар ракъатда такрорланади. Сажда икки марта бўлишини ҳисобга оладиган бўлсак, фарз намозларининг ўзида бир юз ўн тўққиз суннат татбиқ бўлади. Суннат ва Витр намозларини қўшсак, яна бир юз беш суннат амалга татбиқ этилган бўлади. Агар бунга юқорида айтилган кундалик нафл ва бошқа намозларни илова қиладиган бўлсак, у янада зиёда бўлади. Бир намозда фақат бир марта ўқиладиган зикрлар ҳам (1,2,9,10) беш маҳал намознинг ўзида қирқ тўртта суннатга айланади.

Намоздаги феълий суннатлар

1. Таҳримадан олдин қадди­қомат ва бошни тик ва текис тутиб олиш.
2. Такбири таҳримани айтиш олдидан қўлларни қулоқ юмшоқлари баробарида кўтариш.

3. Қўлларни кўтаришда бармоқлар ортиқча юмилмаган ҳамда очилмаган, балки ўз ҳолича, тик бўлиши, қўлларнинг кафти қиблага тўғри бўлиши.

4. Эркак киши кийимининг енги узун бўлса, таҳримада қўлларини енгидан чиқариши.

5. Қиёмда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш.

6. Ўнг қўлнинг кафти чап қўлнинг устига қўйилиб, бош бармоқ ва жимжилоқни ҳалқа қилиб, чап қўлнинг кафт бўғинидан ушлаш.

Бунда ўртадаги учта бармоқ тирсак томон чўзилиб туради.

7. Қўлларни киндик остига қўйиш.

8. Қиёмда нигоҳнинг саждада бўлиши.

9. Оёқларнинг ораси ёпишмаган, шунингдек, елка баробаридан ортиқ очилмаган, тавозуъ ва тазарруъга мувофиқ туриши.

10. Қироат ва зикрларда тадаббур бўлиши.

11. Рукуъда белни текис тутиш.

12. Рукуъда бармоқларни кенг очиб, тиззаларни чангаллаш.

13. Рукуъда бошни паст ҳам, баланд ҳам эмас, гавда билан баробар тутиш.

14. Рукуъда нигоҳни оёқ учларига қаратиш.


15. Рукуъда билакларни ёнбошга ёпиштирмаслик.

16. Саждага борганда аввал тиззалар, сўнг қўллар, сўнг юзни қўйиш.

17. Саждада юзни икки кафтнинг орасига қўйиш.

18. Саждада билакларни ёндан узоқ тутиш.

19. Саждада қоринни тиззадан узоқ тутиш.

20. Саждада сонларни болдирлардан узоқ тутиш.

21. Саждада тиззаларнинг орасини бир-биридан алоҳида қўйиш.

22. Саждада оёқларни (қадамларни) тик қўйиш.


23. Саждада бармоқ учларини қиблага қаратиш.

24. Саждада қадамларини бир-бирига яқин тутиш.

25. Саждада қўл бармоқларини қиблага чўзиш.

26. Саждада қўл бармоқларининг орасини очмаслик.

27. Саждада кўзларни юммасдан, бурун учига қараб туриш.

28. Саждадан туришда аввал юз, кейин қўллар, кейин тиззаларни кўтариш.

29. Саждага бориш ва ундан туришда таянмаслик.


30. Сажда билан қиём орасида енгил ўтириш қилмай, бирдан туриш.
(Бу ўтириш «қаъдаи истироҳа» деб аталиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни қилганларини уламолар кексалик ёки бетобликка йўйганлар ёки ижозат маъносида бўлган, деганлар.)

31. Нафл намозларда ҳадисларда келган қавма ва жалсадаги қўшимча дуоларни ўқиш.

32. Қаъдада чап оёқнинг устига ўтириб, ўнг қадамни бармоқларни қиблага қаратган ҳолда тик қўйиш, қаъдада нигоҳни қучоғига қаратиб ўтириш.


33. Ишораи саббоба қилиш.
Ишора пайтида нигоҳ бармоққа қаратилади.

34. Салом берганда икки елкага тўла бурилиб салом бериш.

35. Салом берганда икки тарафидаги фаришталар ва одамларни ният қилиш.

Ёлғиз намозхон фақат фаришталарни ният қилади.

36. Намозда сокинликни лозим тутиш.

37. Кўз юмиб-очгунча ҳам чалғимай, хушуъ ва хузуъда барқарор бўлиш, ўз-ўзи билан гаплашмаслик.

38. Йўтал ва эсноқларни кучи етчанча қайтариш.

Аёллар ҳам «Аёллар намозни ийманиб ўқийдилар» ҳадисига мувофиқ тарзда ўқийдилар. Унинг кайфияти фиқҳ китобларимизда баён қилинган.
Мазкур суннатларни ҳар намозда адо этган киши бир кеча-кундузда неча марта суннатга амал қилишини ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг.
Фойда:
Ибн Қаййим алайҳирроҳма айтади:
«Бандага Аллоҳ таолонинг ҳузурида икки туриш бордир. Биринчиси намоздаги туриши, иккинчиси охиратда, У Зотга йўлиққан чоғида туриши. Кимки биринчи мақомнинг ҳаққини адо қилса, унга иккинчи мақом осон кечади. Кимки биринчи мақомнинг ҳаққини адо этмаса, уни енгил санаса, иккинчи мақом унинг учун оғир ҳолат бўлади.

Намоздан кейинги суннатлар

1. Уч марта «астағфируллоҳ» деб, сўнгра «Аллоҳумма антассалам...»ни айтиш.

2. Оятал-курсийни ўқиш.

3. «Субҳаналлоҳ», «Алҳамду лиллаҳ» ва «Аллоҳу акбар»ларни ўттиз уч мартадан айтиб, юзинчисига «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу…»ни ўқиш.

Муслим ривояти.

4. Қуйидаги зикрни ўқиш:
لا إله إلا الله وحده لا شريك له، له الملك وله الحمد وهو على كل شيء قدير. اللهم لا مانع لما أعطيت ولا معطي لما منعت ولا ينفع ذا الجد منك الجد.
Бухорий ва Муслим ривоятлари.

5. Қуйидаги зикрни ўқиш:

لا إله إلا الله وحده لا شريك له، له الملك وله الحمد وهو على كل شيء قدير، لا حول ولا قوة إلا بالله، لا إله إلا الله ولا نعبد إلا إياه له النعمة وله الفضل وله الثناء الحسن، ولا إله إلا الله مخلصين له الدين ولو كره الكافرون.
Муслим ривояти.

6 – Ушбу дуони ўқиш:

اللهم أعني على ذكرك وشكرك وحسن عبادتك.
Абу Довуд ва Насаий ривоятлари.

7 - Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини ўқиш.
Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар ривоят қилганлар.
Бомдод ва Шом намозларидан сўнг уч мартадан ўқилади.

8. Қуйидаги зикрни Бомдод ва Шом намозларидан сўнг ўн мартадан ўқиш:

لا إله إلا الله وحده لا شريك له ، له الملك وله الحمد يحيي ويميت وهو على كل شيء قدير.
Термизий ривояти.

9. Тасбеҳларни ўнг қўл билан санаш.

Ўнг қўл билан бўлса, афзал.

10. Мазкур зикрларни намоз ўқиган жойида қилиш.
Мусулмон киши ушбу суннатларга амал қилар экан, бир кунда эллик суннатни иҳё қилган бўлади.
Самараси:
- Мазкур зикрларни ҳар намоздан сўнг доимо ўқиб юрган кишига бир кунда тахминан олти юз садақа битилади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Ҳар бир тасбеҳ садақадир. Ҳар бир такбир садақадир. Ҳар бир таҳмид (ҳамду сано) садақадир. Ҳар бир таҳлил садақадир...»
Имом Нававий:
«Яъни унга садақанинг савоби берилади», деганлар.
- Мазкур зикрларни ҳар намоздан сўнг доимо ўқиб юрган киши учун бир кунда ббеш юз дарахт ўтказилади.
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу кўчат ўтказаётган чоғларида ёнларидан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб қолдилар ва айтдилар:
«Эй Абу Ҳурайра, сени сенинг учун бундан-да яхши нарсага далолат қилайми?» У киши:
«Ҳа, айтинг, ё Росулуллоҳ», дедилар. Шунда (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар:
«سبحان الله، والحمد لله، ولا إله إلا الله، والله أكبر» дегин, ҳар бирига сенинг учун жаннатда бир дарахт ўтказилади».
Ибн Можа ривоят қилган.

- Ҳар фарз намозидан сўнг Оятал-курсийни ўқиб юрган кишини жаннатдан фақатгина ўлим тўсиб туради.
- Учинчи бандда айтилган тасбеҳларни ўқиб юрган кишининг хатолари, агар денгизнинг кўпикларича бўлса ҳам, ўчирилади. Бу маъно Саҳиҳи Муслимда келган.
- Мазкур тасбеҳларда бардавом бўлган киши дунё ва охиратда хорлик ва ноумидликка тушмайди. Бу маъно ҳам Саҳиҳи Муслимда келган.
- Ушбу зикрлар намозда бўлган нуқсон, камчиликларнинг ўрнини тўлдиради.

Тонгда ва кечки пайт ўқиладиган зикрлар

1. Оятал-курсийни ўқиш.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Ким уни тонгда ўқиса, кечгача, ким уни кечки пайт ўқиса, тонггача жиндан ҳимояда бўлади».
Насаий ривояти.

2. Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини уч марта ўқиш.
«Ким уни тонгда ва кечки пайт уч мартадан ўқиса, унинг учун барча нарсага кифоя қилади».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

3. Тонгда ва кечки пайт қуйидаги дуони ўқиш:
أصبحنا وأصبح الملك لله والحمد لله، لا إله إلا الله وحده لا شريك له، له الملك وله الحمد، وهو على كل شيء قدير. رب أسألك خير ما في هذا اليوم وخير ما بعده، وأعوذ بك من شر ما في هذا اليوم وشر ما بعده، رب أعوذ بك من الكسل وسوء الكبر، رب أعوذ بك من عذاب النار وعذاب القبر.
Кечки пайт أصبحنا ўрнига أمسينا, шунингдек, ما في هذا اليوم ўрнига ما في هذه الليلة, ما بعده ўрнига ما بعدها дейди.
Муслим ривояти.
Маъноси:
«Бизлар ва барча мулк Аллоҳ таолоники бўлган ҳолда тонг оттирдик (ёки «кеч киргиздик»). Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У ёлғиздир. Унинг шериги йўқ. У ҳар бир нарсага қодирдир. Роббим, мен Сендан ушбу кундаги ҳамда ундан кейинги яхшиликларни сўрайман. Мен Сендан ушбу кундаги (ёки тундаги) ҳамда ундан кейинги ёмонликлардан паноҳ сўрайман. Роббим, мен Сендан дангасаликдан ва ёмон қариликдан паноҳ тилайман. Рббим, мен Сендан дўзах азоби ва қабр азобидан паноҳ тилайман».

4. Тонгда:

اللهم بك أصبحنا وبك أمسينا، وبك نحيا وبك نموت، وإليك النشور.
«Аллоҳим! Сенинг ёрдаминг билан тонг оттирдик, Сенинг ёрдаминг билан кеч киргиздик. Сенинг қудратинг билан ўлурмиз (уйқуга кетурмиз), Сенинг қудратинг билан тирилурмиз (уйғонурмиз). Қайта тирилиб бориш Сенинг ҳузуринггадир».
Кечки пайт:
اللهم بك أمسينا وبك أصبحنا، وبك نحيا وبك نموت، وإليك النشور.
«Аллоҳим! Сенинг ёрдаминг билан кеч киргиздик, сенинг ёрдаминг билан тонг оттирдик. Сенинг қудратинг билан ўлурмиз (уйқуга кетурмиз), Сенинг қудратинг билан тирилурмиз (уйғонурмиз). Қайта тирилиб бориш Сенинг ҳузуринггадир».
Термизий ривояти.

5. Истиғфорлар саййиди:
اللهمَّ أَنْتَ رَبِّي لا إِلَهَ إِلا أَنْتَ، خَلَقْتَنِي و أَنَا عَبْدُكَ، وأَنَا عَلَى عَهْدِكَ وَوَعْدِكَ مَا اسْتَطَعْتُ، أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا صَنَعْتُ، أَبُوءُ لَكَ بِنِعْمَتِكَ عَلَيَّ و أَبُوءُ لَكَ بِذَنْبِي، فَاغْفِرْ لِي فَإِنَّهُ لا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلا أَنْتَ.
«Аллоҳим! Сен менинг Роббимсан. Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен мени яратгансан, мен Сенинг бандангман. Мен қудратим етганича Сенинг аҳдинг ва ваъданг узрадирман. Мен қилган амалимнинг ёмонлигидан Сенинг паноҳингга қочаман. Сенинг мендаги неъматларингни тан оламан. Гуноҳимни иқрор этаман. Бас, мени кечиргин, зеро гуноҳларни Сендан ўзга ҳеч ким кечирмас».
«Кимки ушбуни чин қалбдан ишонган ҳолда эрталаб ўқиса, кечгача вафот этса, у жаннат аҳлидандир. Кимки уни чин қалбдан ишонган ҳолда кечқурун ўқиса, тонггача вафот этса, у жаннат аҳлидандир».
Бухорий ривояти.
«Аллоҳнинг аҳди» - Одам болаларидан мийсоқда олган аҳдидир. Унда Аллоҳ таоло:
«Роббингиз эмасманми?» деган ва Одам болалари унга жавобан:
«Ҳа, албатта, сен бизнинг Роббимизсан», деганлар.
«Аллоҳнинг ваъдаси» - унинг ҳузурига унга ширк келтирмаган, буюрганларини адо қилган ҳолда борган бандасини жаннатга киритмоғидир.

6. Қуйидаги дуони эрталаб ва кечки пайт тўрт мартадан ўқиш:
اللَّهُمَّ إِنِّي أصْبَحْتُ، أُشْهِدُكَ وأُشْهِدُ حَمَلَةَ عَرْشِكَ وَمَلائِكَتَكَ وَجَمِيعَ خَلْقِكَ أنَّكَ أنْتَ لا إِلهَ إِلاَّ أنْتَ، وأنَّ مُحَمَّداً عَبْدُكَ وَرَسُولُكَ.
«Аллоҳим! Мана, тонг оттирдим. Мен сени, Аршингни кўтариб тургувчи фаришталарни, ҳамма малоикаларингни, барча махлуқотингни гувоҳ қилиб айтаманки, Сендан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Сенинг банданг ва Пайғамбарингдир».
Кечки пайт أصْبَحْتُ ўрнига أَمْسَيْتُ, яъни «кеч киргиздим» дейди.
Самраси:
«Аллоҳ таоло уни дўзахдан озод этади».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

7. Қуйидаги дуони ўқиш:
اللَّهُمَّ ما أصْبَحَ بِي مِنْ نِعْمَةٍ أَوْ بِأَحَدٍ مِنْ خَلْقِكَ فَمِنْكَ وَحْدَكَ لا شَرِيكَ لَكَ، لَكَ الحَمْدُ وَلَكَ الشُّكْرُ.
«Аллоҳим! Менга ёки бирор махлуқотингга бирорта неъмат етган бўлса, ёлғиз Сенинг ўзингдандир. Сенинг шеригинг йўқ. Сенга ҳамду санолар бўлсин. Сенга шукрлар бўсин».
Самараси:
«Кимки буни тонгда айтса, кунининг шукрини адо этган бўлади, кимки уни кечки пайт айтса, тунининг шукрини адо этган бўлади».
Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилганлар.

8. Ушбу дуони уч марта ўқиш:
اللَّهُمَّ عافِني فِي بَدَني، اللَّهُمَّ عافِنِي في سَمْعِي، اللَّهُمَّ عافِني في بَصَري، اللَّهُمَّ إني أعُوذُ بِكَ مِنَ الكُفْرِ وَالفَقْرِ، اللَّهُمَّ إني أعُوذَ بِكَ مِنْ عَذَابِ القَبرِ، لا إِلهَ إِلاَّ أنْتَ.
«Аллоҳим! Менинг баданимни соғлом қил. Аллоҳим! Менинг эшитиш аъзойимни соғлом қил. Аллоҳим! Менинг кўриш аъзойимни соғлом қил. Аллоҳим! Мен Сендан кофирлик ҳамда фақирликдан паноҳ сўрайман. Аллоҳим! Мен Сендан қабр азобидан паноҳ сўрайман. Сендан ўзга илоҳ йўқ».
Абу Довуд ва Аҳмад ривоятлари.

9. Ушбу дуони ўқиш:

حَسْبِيَ اللَّهُ لا إِلهَ إِلاَّ هُوَ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَهُوَ رَبُّ العَرْشِ العَظِيمِ.
«Менга Аллоҳнинг ўзи кифоя. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Айнан унга таваккал қилдим, таяндим. У буюк Аршнинг Роббидир».
«Кимки ушбуни эрталаб ва кечки пайт етти марта ўқиса, Аллоҳ таоло унинг дунёвий ва ухравий муҳим ишларига кифоя қилади».
Абу Довуд ривояти.

10. Ушбу дуони ўқиш:
اللَّهمَّ إني أسألُكَ العَافِيَةَ في الدنيا والآخِرةِ. اللَّهمَّ إني أَسألُكَ العَفو والعَافِيَةَ في دِيني ودُنيايَ، وأهلي ومَالي. اللَّهمَّ استُر عَوْرَاتي، وآمِنْ رَوْعَاتي. اللَّهمَّ احفظني من بَينِ يَدَيَّ ومِن خَلْفي، وَعن يَميني، وعن شِمالي، ومِن فَوقي، وأعُوذُ بِعَظَمَتِكَ أنْ أُغْتَالَ مِنْ تَحتي.
«Эй Аллоҳ! Мен Сендан дунё ва охиратда офият сўрайман. Эй Аллоҳ, мен Сендан дийним, дунёим, аҳлу аёлим ва молу мулкимда ўтим ва офият сўрайман. Эй Аллоҳ, авратларимни ёпгин, қўрқинчларимни тиндиргин. Эй Аллоҳ, мени олдимдану ортимдан, ўнгимдану сўлимдан ҳамда устимдан муҳофаза этгин. Мен Сенинг буюклигинг билан остимдан ҳалок этилишимдан паноҳ тилайман».
Абу Довуд, Насаий ва ибн Можалар ривоятлари.
«Авратлар»дан мурод, мусулмон кишининг бадани, аҳли, моли, дунё ва охиратида ўзгаларга аён бўлса, хижолатга тушадиган жиҳатларидир.

11. Ушбу дуони ўқиш:
اللَّهُمَّ فَاطِرَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ، عَالِمَ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ، أَنْتَ رَبُّ كُلِّ شَيْءٍ وَمَلِيكُهُ، أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ، وَحْدَكَ لاَ شَرِيكَ لَكَ، وَأَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُكَ وَرَسُولُكَ، أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ نَفْسِي، وَشَرِّ الشَّيْطَانِ وَشِرْكِهِ، وَأَنْ أَقْتَرِفَ عَلَى نَفْسِي سُوءًا، أَوْ أَجُرَّهُ إِلَى مُسْلِمٍ.
«Аллоҳим! Эй осмонлар ва ерни яратган Зот. Эй ғайбу ошкорни билгувчи Зот. Сен ҳар бир нарсанинг Робби ва эгасидирсан. Гувоҳлик бераманки, Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сен ёлғизсан, Сенинг шеригинг йўқ ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Сенинг банданг ва Пайғамбарингдир. Мен ўз нафсимнинг ёмонлиги, шайтоннинг ёмонлиги ҳамда ширкидан, ўз-ўзимга ёмонлик келтириб қўйишдан ёки уни бирор мусулмонга етказиб қўйишдан Сенинг паноҳингга қочаман».
Термизий ва Абу Довуд ривоятлари.

12. Ушбу дуони ўқиш:
بِسْمِ الله الَّذِي لاَ يَضُرُّ مَعَ اسْمِهِ شَيْءٌ في الأَرْضِ وَلاَ في السَّمَاءِ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ.
«Еру осмонда Унинг исми билан бўлганда бирор нарса зиён қила олмайдиган Зот Аллоҳнинг номи ила. У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчидир».
«Кимки ушбу зикрни эрталаб ва кечки пайт уч мартадан ўқиса, унга ҳеч бир нарса зиён келтирмас, (иншааллоҳ)».
Абу Довуд, Термизий, ибн Можа ва Аҳмадлар ривоят қилганлар.

13. Ушбу зикрни ўқиш:
رَضِيتُ بِالله رَبًّا، وَبِالإِسْلاَمِ دِينًا، وَبِمُحَمَّدٍ نَبِيًّا.
«Аллоҳни Робб деб, Исломни дийн деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар деб рози бўлдим».
«Кимки ушбуни эрталаб ва кечқурун уч мартадан айтса, қиёмат куни уни рози қилиш Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади».
Абу Довуд, Термизий, Насаий ва Аҳмадлар ривоят қилганлар.

14. Тонгда ва кечки пайт:
يَا حَيُّ يَا قَيُّومُ بِرَحْمَتِكَ أَسْتَغِيثُ أَصْلِحْ لِي شَأْنِي كُلَّهُ، وَلَا تَكِلْنِي إِلَى نَفْسِي طَرْفَةَ عَيْنٍ.
«Эй Ҳай, эй Қойюм! Раҳматингдан ёрдам сўрайман. Менинг барча ҳолатимни тузатгин. Мени кўз юмиб-очгунча ҳам ўз-ўзимга ташлаб қўйма».
Ҳоким ривоят қилган.
«Ҳай» - доимий барҳаёт, ҳаёт манбаси.
«Қайюм» - ўз-ўзидан қоим, барқарор, мавжудотларнинг барча тадбирини бажарувчи.

15. Эрталаб ва кечки пайт:
أَصْبَحْنَا عَلَى فِطْرَةِ الإِِسْلاَمِ، وَكَلِمَةِ الإِِخْلاَصِ، وَدِينِ نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم، وَمِلَّةِ أَبِينَا إِبْرَاهِيمَ حَنِيفًا مُسْلِمًا وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ.
«Ислом фитрати, ихлос калимаси, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дийни ҳамда отамиз Иброҳим алайҳиссаломнинг ўзга ёққа оғмаган мусулмон миллатида узра ??? тонг оттирдик ва мен мушриклардан эмасман».

16. Қуйидаги тасбеҳни айтиш:
سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ.
«Аллоҳ таолони унга ҳамд айтган ҳолда поклаб ёд этаман».
«Кимки уни эрталаб ва кечки пайт юз мартадан айтса, Қиёмат куни ўшани қилган ёки зиёда айтган кишидан бошқа ҳеч ким у келтирган нарсадан афзал нарса келтира олмайди».
«Хатолари денгиз кўпигича бўлса ҳам ўчирилади».
Имом Муслим ривояти.

17. Қуйидаги зикрни тонгда юз марта айтиш:
لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ.
«Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У ёлғиздир. Унинг шериги йўқ. Мулк уникидир. Мақтов уникидир. У ҳар бир нарсага қодирдир».
Самараси:
- Ўнта қул озод қилганнинг ажри берилади.
- Унга юзта ҳасана (яхшилик) битилади.
- Ундан юзта хато ўчирилади.
- Ўша куни кечгача шайтондан ҳимояда бўлади.
Бухорий ва Муслим ривоятлари.

18. Ҳар куни юз марта тавба-истиғфор айтиш:
أسْتَغْفِرُ اللَّهَ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ.
«Аллоҳдан кечиришини сўрайман ва Унга тавба қиламан».
Бухорий ва Муслим ривоятлари.

19. Эрталаб қуйидаги дуони қилиш:
اللهم إني أسألك علماً نافعاً ورزقاً طيباً وعملاً متقبلاً.
«Аллоҳим! Мен Сендан фойдали илм, покиза ризқ ва қабул бўладиган амал сўрайман».
Ибн Можа ривояти.

20. Қуйидаги тасбеҳни уч марта айтиш:
سُبْحَانَ الله وَبِحَمْدِهِ عَدَدَ خَلْقِهِ وَرِضَا نَفْسِهِ وَزِنَةَ عَرْشِهِ وَمِدَادَ كَلِمَاتِهِ.
«Аллоҳ таолони Унга ҳамд айтган ҳолда поклаб ёд этаман: махлуқотларининг ададича, Зотининг розилигича, Аршининг оғирлигича, калималарининг саноғича».
Муслим ривояти

21. Кечки пайт уч марта ушбу дуони қилиш:
أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللهِ التَّامَّاتِ مِنْ شَرِّ مَا خَلَقَ.
«Аллоҳнинг баркамол калималари билан яратган нарсаларининг ёмонлигидан паноҳ тилайман».
Термизий ривояти.
Самараси:
- Унга ҳеч қандай зарар етмайди, иншааллоҳ.
- Мусулмон киши ушбу зикрлардан ҳар бирини адо этганда бир суннатга амал қилаётган бўлади. Демак, банда ушбу суннатларга амал қилиш билан кўплаб ажрларга эга бўлиш учун эртаю-кеч ҳаракат қилиши керак. Шунингдек, киши мазкур зикрларни улардаги маъноларни ҳис этган ҳолда, ихлос ва ишонч билан қилиши, бу маънолар унинг бутун ҳаётида ўз аксини топиши лозим.

Инсонларга йўлиққандаги суннатлар

1. Энг аввал салом бериш.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Энг яши мусулмончилик қайси?» деб сўралди. Шунда У зот «Таом улашишинг ҳамда таниган-танимаганингга салом беришинг», дедилар.
Бухорий ва Муслим ривоятлари.
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келди ва «Ассаламу алайкум», деб салом берди. У зот унга жавоб қайтардилар ва «Ўнта», деб қўйдилар. Кейин яна бир киши келиб, «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ», деди. У зот унга ҳам жавоб қайтардилар ва «Йигирмата», деб қўйдилар. Сўнгра яна бир киши келди-да, «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ», деди. У зот унга жавоб қайтаргач, «Ўттизта», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган, Термизий «ҳасан» деган.
Азиз биродар, Аллоҳ сизга тавфиқ берсин. Саломни яримта-юримта бериб юрган киши қанчалар ҳасанотдан маҳрум бўлиб қолаётганини қаранг. Ваҳоланки, у ўша сониянинг ўзида ўттизта ҳасанани, Аллоҳ таоло уни энг ози ўнга кўпайтириб беришини ҳисобга олсак, уч юзта ҳасанотни қўлга киритиши мумкин эди. Шундай экан, сиз саломни тўлиқ беришга, аликни тўлиқ қайтаришга тилингизни ўргатинг, токи улуғ ажлардан маҳрум бўлиб қолманг.

2. Кўришган киши билан хайрлашаётганда ҳам салом бериш.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Сизлардан бирортангиз бир мажлисга келса, салом берсин, қайтмоқчи бўлса, яна салом берсин. Биринчи салом иккинчисидан ҳақли эмас».
Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
Яъни, иккинчи саломнинг аҳамияти биринчиникидан кам эмас.
Мусулмон киши бир кун мобайнида уйга кириб-чиқишида, йиғинларда, кўча-кўйда, иш жойида, телефондаги мулоқот ва ҳоказоларда ушбу суннатга неча марта рўбарў бўлади? У ҳар доим мазкур суннатга амал қилиб юрса, бир куннинг ўзида ўнлаб суннатга амал қилаётган, юзлаб савобларга эга бўлаётган бўлади.

3. Табассум билан рўбарў бўлиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Яхши амалдан бирор нарсани арзимас санама, ҳатто бир биродарингга очиқ чеҳра билан йўлиқишни ҳам».
Муслим ривояти.

4. Икки қўл билан кўришиш
«Икки мусулмон бир-бирларига йўлиқиб, қўл бериб кўришар экан, улар ҳали ажралмай туриб, албатта, уларнинг гуноҳлари мағфират қилинади».
Абу Довуд, Термизий ва ибн Можалар ривоят қилганлар.
Имом Нававий айтадилар:
«Билгинки, қўл бериб сўрашиш ҳар кўришганда мустаҳабдир».
Шундай экан, эй дўстим, сиз ҳар бир инсон билан унга салом бериб, табассум қилган ҳолда, икки қўл билан кўришар экансиз, шу лаҳзанинг ўзида учта суннатни бажараётган бўласиз.

5. Гўзал сўз.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) бандаларимга дегинки, энг гўзал нарсани айтсинлар. Албатта, шайтон уларнинг ораларини бузар. Албатта, шайтон инсонга очиқ-ойдин душмандир». Исро сураси, 53-оят.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Яхши сўз садақадир».
Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Яхши сўзлар деганда зикр, дуо, салом-алик, чиройли хулқлар, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш каби хайрли сўзлар тушунилади.
Яхши сўз инсонни шайдо қилади, унинг қалбига роҳат бахш этади, унга хотиржамлик келтиради.
Яхши сўз мўмин кишининг қалбидаги нурга, ҳидоят ва хайриятга далолат қилади.
Азиз биродар! Сиз бутун ҳаётингизни эртадан кечгача яхши сўз билан обод қилишни ўйлаб кўрдингизми?! Ота-онангиз, жигарларингиз, аёлингиз, фарзандларингиз, қўшниларингиз, дўстларингиз, ҳамкасбларингиз ва бошқалар билан яхши сўз асосида мулоқотда бўлиш билан дунёю охиратингизни жаннати наъимга айлантиришни хоҳламайсизми?!

Таомланишдаги суннатлар

1. Қўлларни ювиш.
Имом Тобароний Абдуллоҳ ибн Аббосдан қилган ривоятда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Таомдан олдин ва кейин қўлларни ювиш фақирликни даф қилади ва у пайғамбарларнинг суннатларидандир».

2. «Бисмиллаҳ» дейиш.

3. Ўнг қўл билан ейиш.

4. Таомни ўз олдидан олиш.

Бу уч суннатни қуйидаги ҳадис жамлаган:
«Ҳой болакай. Аллоҳнинг номини айт, ўнг қўлинг билн е, ўз олдингдан ол».

5. Тушиб кетган луқмани олиб, еб қўйиш.
«Бирортангиздан бир луқма тушиб кетса, ундаги зарарни кетказсин, сўнгра есин».
Муслим ривояти.

6. имкон бўлса, учта бармоқда ейиш.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бармоқ билан ер эдилар».
Муслим ривояти.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аксарият ҳолларда шундай ер эдилар.

7. Таомланиш асносида чўккалаб ёки бир тиззани кўтарган ҳолда ўтириш.
Ҳофиз ибн Ҳажар ўзининг «Саҳиҳи Бухорий»га ёзган шарҳида буни мустаҳаб, деган.

Таомлангандан кейинги суннатлар

1. Идишни ялаб, тозалаб қўйиш.

2. Бармоқларни ялаб тозалаш.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу амалга буюриб туриб:
«Барака қайсида эканлигини билмассиз», деганлар.
Муслим ривояти.

3. Аллоҳга ҳамд айтиш.
«Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади».
Муслим ривояти.

4. Суннатда келган ҳамдларни айтиш.

Жумладан:
الحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أطْعَمَنِي هَذَا وَرَزَقَنِيهِ مِنْ غَيْرِ حَوْلٍ مِنِّي وَلاَ قُوَّةٍ.
«Менинг тарафимдан ҳеч қандай ўзгариш ва куч-қувватсиз ушбуни менга едирган, уни менга насиб этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин».
Ушбу дуонинг самараси:
«Олдинги гуноҳлари кечирилади».
Абу Довуд, Термизий ва ибн Можалар ривоят қилганлар.

5. Қўлларни ювиш.
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисга мувофиқ.
Агар киши бир кунда уч марта таомланса ва мазкур суннатларга амал қилса, у ўттиз олтита суннатга амал қилган бўлади. Орада енгил тамадди қилишлар ҳам қўшилса, янада кўпаяди.

Ичимлик ичишдаги суннатлар

1. Тасмия.

2. Ўнг қўлда ичиш.

3. Дам олиб, (идишнинг ташқарисида) нафас олиб, уч бўлиб ичиш.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликда уч марта нафас олар эдилар».
Муслим ривояти.

4. Ўтириб ичиш.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Бирортангиз тик туриб ичмасин».
Муслим ривояти.

5. Ичиб бўлгач, Аллоҳга ҳамд айтиш.
«Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади».
Муслим ривояти.

Мажлис одоби

1. Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар:
«Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мажлисда:
رب اغفر لي وتب على إنك أنت التواب الرحيم
«Роббим, мени кечиргин, тавбамни қабул қилгин. Албатта, Сен тавбаларни кўп қабул қилгувчи ва раҳмли зотсан» деганларини юз марта санар эдик».
Бухорий ривояти.

2. Мажлисдан туриш олдида мажлис каффороти бўлган зикрни айтиш:
سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ، أَشْهَدُ أَنَّ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ، أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ.
«Аллоҳим! Сени Сенга ҳамд айтган ҳолимда поклаб ёд этаман. Гувоҳлик бераманки, Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сендан кечиришингни сўрайман ва Сенга тавба қиламан».
Сунан эгалари ривоят қилганлар.
Инсон бир кеча­кундузда неча марта мажлис қуради? Бунга бир неча мисол келтиришимиз мумкин:
­ Ҳар доимги дастурхон устида. Одатда таом устида ҳам бир мунча суҳбат бўлади.
­ Қўни­қўшни ёки дўстлар билан кўчада кўришиб қолиш натижасидаги суҳбатлар. Баъзан тик турган ҳолда ҳам анчагина суҳбатлар бўлади.
­ Ўқиш ва иш жойларидаги шериклар билан бўлган суҳбатлар.
­ Уйда аҳлу аёл билан бўлган суҳбатлар.
- Машинадаги ёки пиёда ҳамроҳ билан бўлган сўзлашувлар.
­ Илмий суҳбат, мавъиза, маърузаларда.
Самараси:
Ҳадисда таъкидланганидек, «Суҳбатда ўтган хато ва камчиликларга каффорот бўлади».
Қаранг, азизим! Бир кунда Роббингизга неча марта боғланасиз. Неча марта سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ деб, уни поклаб ёд этасиз, унга ҳамд айтасиз. Неча марта أَشْهَدُ أَنَّ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَдеб, шаҳодат калималарини қайтариш билан иймонингизни янгилайсиз. Аллоҳ таолони рубубийят, улуҳийят ва асмоу­сифатда ягоналигини эслаб, тавҳидингизни мустаҳкамлайсиз. أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ калималари билан Роббингизга тавбангизни янгилайсиз, доимо гуноҳдан покланиб юриш баракасига эришасиз. Натижада кун бўйи Аллоҳ таолога ҳамд ва тасбеҳ, тавҳид ва истиғфор билан боғланиб турасиз.

Уйқу олдидаги суннатлар

1. Қуйидаги дуони ўқиш:
بِاسْمِكَ اللَّهُمَّ أَمُوتُ وَأَحْيَا.
«Аллоҳим! Сенинг номинг билан ўламан (уйқуга кетаман) ва тириламан (уйғонаман)».
Бухорий ривояти.

2. «Икки қўлини очади ва кафтларига Ихлос, Фалақ, Нас сураларин ўқиб, дам уради. Сўнгра икки кафти билан қўли етганча баданини масҳ қилади. Буни уч марта такрорлайди».
Бухорий ривояти.

3. Оятал­-курсийни ўқиш.
Самараси:
«Аллоҳ таоло томонидан бир қўриқчи унга тушади, тонггача унга шайтон яқин кела олмайди».
Бухорий ривояти.

4. Қуйидаги дуони ўқиш:
باسْمِكَ رَبِّي وَضَعْتُ جَنْبِي وبِكَ أرْفَعُهُ إِنْ أمْسَكْتَ نَفْسِي فارْحَمْها وإنْ أرْسَلْتَها فاحْفَظْها بِما تَحْفَظُ بِهِ عِبادَكَ الصَّالِحينَ.
«Парвардигоро! Сенинг номинг билан ёнимни қўйдим. Яна Сенинг ёрдаминг билан уни кўтарурман. Агар жонимни ушлаб қолсанг, унга раҳм қил. Агар уни қўйиб юборсанг, уни солиҳ бандаларингни сақлаганинг ила сақла».
Бухорий ва Муслим ривоятлари.

5. Қуйидаги дуони ўқиш:
اللَّهُمَّ أنْتَ خَلَقْتَ نَفْسِي وأنْتَ تَتَوَفَّاها، لَكَ مَمَاتُها وَمَحْياها، إنْ أحْيَيْتَها فاحْفَظْها، وَإنْ أمَتَّها فاغْفِرْ لَهَا، اللَّهُمَّ إنِّي أسألُكَ العافِيَةَ.
«Аллоҳим! Жонимни яратган Сенсан. Уни Ўзинг олгувчидирсан. Унинг ҳаёти ҳам, мамоти ҳам Сенинг учундир. Агар уни яшатсанг, Ўзинг уни асра, агар вафот эттирсанг, уни кечиргин. Аллоҳим! Мен Сендан офият сўрайман».
Муслим ривояти.

6. Ўнг қўлни ёноқ остига қўйиб, қуйидаги дуони уч марта ўқиш:
اللَّهُمَّ قِنِي عَذَابَكَ يَوْمَ تَبْعَثُ عِبَادَكَ.
«Аллоҳим! Бандаларингни қайта тирилтирган кунинг мени азобингдан асра».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

7. Ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ»ни, ўттиз уч марта «Алҳамду лиллаҳ»ни, ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»ни айтиш.
Бухорий ва Муслим ривоятлари.

8. Ушбу дуони ўқиш:
الحَمْدُ لله الَّذِي أَطْعَمَنَا وَسَقَانَا وَكَفَانَا وَآوَانَا فَكَمْ مِمَّنَ لاَ كافِيَ لَهُ وَلاَ مُؤْوِيَ.
«Бизларни таомлантирган, суғорган, бизларга кифоя қилган, бошпана берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Қанчадан­қанча кифоя қилгувчиси йўқ, бошпана бергувчиси йўқлар бор».
Муслим ривояти.

9. Ушбу дуони ўқиш:

9 ­ اللَّهُمَّ فَاطِرَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ، عَالِمَ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ، أَنْتَ رَبُّ كُلِّ شَيْءٍ وَمَلِيكُهُ، أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ، وَحْدَكَ لاَ شَرِيكَ لَكَ، وَأَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُكَ وَرَسُولُكَ، أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ نَفْسِي، وَشَرِّ الشَّيْطَانِ وَشِرْكِهِ، وَأَنْ أَقْتَرِفَ عَلَى نَفْسِي سُوءًا، أَوْ أَجُرَّهُ إِلَى مُسْلِمٍ.
«Аллоҳим! Эй осмонлар ва ерни яратган Зот. Эй ғайбу ошкорни билгувчи Зот. Сен ҳар бир нарсанинг Робби ва эгасидирсан. Гувоҳлик бераманки, Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сен ёлғизсан, Сенинг шеригинг йўқ ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Сенинг банданг ва Пайғамбарингдир. Мен ўз нафсимнинг ёмонлиги, шайтоннинг ёмонлиги ҳамда ширкидан, ўз-ўзимга ёмонлик келтириб қўйишимдан ёки уни бирор мусулмонга етказиб қўйишдан Сенинг паноҳингга қочаман».
Термизий ва Абу Довуд ривоятлари.

10. Ушбу дуони ўқиш:
اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْلَمْتُ وَجْهِي إِلَيْكَ، وَفَوَّضْتُ أَمْرِي إِلَيْكَ، وَأَلْجَأْتُ ظَهْرِي إِلَيْكَ، رَهْبَةً وَرَغْبَةً إِلَيْكَ، لا مَلْجَأَ وَلا مَنْجَا مِنْكَ إِلاَّ إِلَيْكَ، آمَنْتُ بِكِتَابِكَ الَّذِي أَنْزَلْتَ وَبِنَبِيِّكَ الَّذِي أَرْسَلْتَ.
«Аллоҳим! Албатта, мен юзимни Сенга таслим этдим, ишимни Сенга топширдим, оғиримни Сенга солдим, Сендан қўрққаним ҳамда Сенга интилганимдан. Сендан қочиб қутуладиган, Сендан паноҳ топадиган жой йўқ, магар ўзинг томондир. Туширган Китобингга, юборган Набийингга иймон келтирдим».
Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Самараси:
«Агар вафот этсанг, фитратда вафот этасан».

11. Ушбу дуони ўқиш:
اللَّهُمَّ رَبَّ السَّمَاوَاتِ وَرَبَّ الْأَرْضِ وَرَبَّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ رَبَّنَا وَرَبَّ كُلِّ شَيْءٍ فَالِقَ الْحَبِّ وَالنَّوَى وَمُنْزِلَ التَّوْرَاةِ وَالْإِنْجِيلِ وَالْفُرْقَانِ أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ كُلِّ شَيْءٍ أَنْتَ آخِذٌ بِنَاصِيَتِهِ اللَّهُمَّ أَنْتَ الْأَوَّلُ فَلَيْسَ قَبْلَكَ شَيْءٌ وَأَنْتَ الْآخِرُ فَلَيْسَ بَعْدَكَ شَيْءٌ وَأَنْتَ الظَّاهِرُ فَلَيْسَ فَوْقَكَ شَيْءٌ وَأَنْتَ الْبَاطِنُ فَلَيْسَ دُونَكَ شَيْءٌ اقْضِ عَنَّا الدَّيْنَ وَأَغْنِنَا مِنْ الْفَقْرِ.
«Аллоҳим! Эй осмонларнинг Робби, ернинг Робби, буюк Аршнинг Робби! Эй бизларнинг Роббимиз ва ҳар бир нарсанинг Робби! Эй уруғ ва данакни ёргувчи, Таврот, Инжил ва Забурни туширгучи Зот! Мен ҳар бир Сен унинг пешона сочидан ушлаган нарсанинг ёмонлигидан Сенинг паноҳингга қочаман. Аллоҳим, Сен Аввалсан, Сендан олдин ҳеч бир нарса йўқдир. Сен Охирсан, Сендан кейин ҳеч бир нарса йўқдир. Сен Зоҳирсан (ошкор, намоёнсан), Сендан зоҳир нарса йўқ. Сен Ботинсан (махфийсан), Сендан махфий нарса йўқ. Бизларнинг қарзимизни узгин ва бизларни муҳтожликдан беҳожатликка чиқаргин».
Муслим ривояти.

12. Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқиш.
«Бу икки оят унинг учун кифоя қилади».
Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Нававий айтадилар:
«Унинг учун кифоя қилади» жумласининг маъноси ҳақида уламолар турли фикр айтганлар. Баъзилар:
«Тунги қиёми, қироати сифатида кифоя қилади», дейдилар. Бошқалар:
«Ҳар қандай ёмонлик ҳамда кўнгилсиз ҳолатлардан ҳимоя сифатида кифоя қилади», дейдилар. Мен айтаманки:
«Бу ерда ҳар иккиси ирода қилиниши мумкин».

13. Таҳорат билан ётиш.
«Ётоғингга келсанг, таҳорат қил...» ҳадисига мувофиқ.

14. Ўнг тарафни қиблага қилиб ётиш.

15. Ўнг ён билан ётиш.

«Кейин ўнг ёнинг билан ёт».
Бухорий ва Муслим ривоятлари.

16. Ўнг қўлни ўнг ёноқ остига қўйиб ётиш.
«Қачонки ётсалар, ўнг қўлларини ўнг ёноқлари остига қўйиб ётар эдилар».
Абу Довуд ривояти.

17. Ўринни қоқиб ташлаш.

«Сизлардан бирортангиз жойига ётса, уни қоқиб ташласин... зеро, у ўзидан кейин ўрнида ??? нима келганини билмас...»
Бухорий ва Муслим ривоятлари.

18. Кафирун сурасини ўқиш.
«У ширкдан покликдир».
Абу Довуд ва Термизий ривояти.
Имом Нававий айтадилар:
«Инсон ушбу бобдаги барча зикрларни айтиши афзалдир. Буни эплай олмаса, кучи етганича, энг зарурларини ўқийди».
Агар эътибор қилсак, кишилар бир кунда фақат кечқурун эмас, кундузи ҳам ухлайдилар. Демак, ушбу суннатларни бир кунда икки мартадан татбиқ этиши мумкин. Зеро, бу суннатлар тунги уйқуга хос эмас. Чунки ҳадислар умумий лафзда келган.
Мазкур уйқу олдидаги суннатларни адо этиб юришдаги фойдалар:
Юқорида айтилган тасбеҳларни уйқу олдидан айтган киши учун:
­ Юзта садақанинг савоби битилади. Негаки, Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда ўтдики: «Ҳар бир тасбеҳ садақадир, ҳар бир такбир садақадир, ҳар бир таҳмид (ҳамд айтиш) садақадир, ҳар бир таҳлил садақадир...»
­ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга айтганларига мувофиқ, жаннатда юзта дарахт экилади.
­ Аллоҳ таоло тун бўйи бандани ўз ҳимоясига олади, шайтон унга яқинлаша олмайди, бало­офатлардан омонда бўлади.
­ Мусулмон киши кунини Аллоҳни зикр этиш, Унга таваккул қилиш, Ундан ёрдам олиш ва Унга бўлган иймон­эътиқодини янгилаш билан тамомлаган бўлади.

Тунги суннатлар

1. Оиша розияллоҳу анҳа айтадилар:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда у ён-бу ёнга айланаётганларида қуйидаги зикрни айтар эдилар:
لاَ إله إِلا الله الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ رَبُّ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا الْعَزِيزُ الْغَفَّارُ.
«Ягона ва Қаҳҳор бўлган Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг Робби Азийз ва Ғаффордир».
Қаҳҳор ­ ўз ҳукмини ўтказувчи.
Азийз ­ ўз ишида ғолиб.
Ғаффор ­ гуноҳларни кўп­кўп кечувчи.

2. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Кимки кечқурун уйғониб кетган чоғи:
لا إلَهَ إلاَّ الله وحْدَهُ لا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ المُلْكُ ولَهُ الحَمْدُ، وهُوَ على كلِّ شيءٍ قَدير، الحَمْدُ لله وسُبْحانَ الله ولا إله إلا الله والله أكبر، ولا حَولَ ولا قُوةَ إلا بالله.
«Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У ёлғиздир. Унинг шериги йўқдир. Моликлик Унга хос. Барча ҳамду сано Унга хос. У ҳар бир нарсага қодирдир. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Аллоҳни поклаб ёд этаман. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳ буюкдир. Ҳеч қандай ўзгартириш ва куч­қудрат йўқдир, магар Аллоҳ(нинг ёрдами) ила бўлур», деб айтса, сўнг «Аллоҳим, мени кечиргин» деса, (ёки дуо қилса, дедилар) албатта, ижобат қилинади. Агар таҳорат қилиб, намоз ўқиса, намози қабул қилинади».
Термизий ва ибн Можалар ривоят қилганлар.

Қуръони Каримнинг ҳаққи

Ҳар бир ўзини Қуръон умматидан деб билган шахс учун Қуръони Каримдан кундалик вазифа бўлиши лозим. Ҳар қандай оддий мусулмон Қуръони Каримни бир ойда бир марта хатм қилиб туриши керак. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Қуръонни ҳар ойда хатм қилинглар».
Абу Довуд ривояти.
Бунинг осон йўли қуйидагича:
Ҳар бир намозга ўн дақиқа олдин келасиз, Қуръони Каримдан тўрт саҳифа, яъни икки варақ ўқийсиз. Беш маҳал намоздаги йиғиндиси бир пора бўлади. Натижада бир ойда хатм бўлади.

Хулоса

Тирикчилик, еб-­ичиш, уйқу-­истироҳат каби инсон табиий эҳтиёж асосида доимий равишда қилиб юрадиган мубоҳ амаллар мусулмон киши учун ниятини тўғрилаши, у билан Аллоҳга яқин бўлишни ирода қилиши натижасида улуғ ибодатларга, минглаб ажру ҳасанотларга айланади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари) деб, бежиз айтмаганлар. Мисол учун, мусулмон инсон Таҳажжуд ёки Бомдод намозига ўз вақтида туриш учун эртароқ ухласа, унинг ана шу уйқуси ҳам ибодатга ўтади. Бошқа мубоҳ амалларда ҳам шунга ўхшаш бўлади. Бундан ташқари, умрини ғанимат билган киши бир вақтнинг ўзида бир неча ибодатни жамлаши мумкин. Масалан:
Масжидга боришнинг ўзи хоҳ пиёда бўлсин, хоҳ уловда бўлсин, айни ибодатдир. Аммо ўша муддатнинг ўзида Аллоҳнинг зикри ёки тиловати Қуръон билан машғул бўлса, у бир вақтнинг ўзида икки ибодатни жамлаётган бўлади.
Гуноҳ ва маъсиятдан холи бўлган тўйга чақириққа жавобан боришнинг ўзи катта ибодат. Аммо ўша тўйда Аллоҳнинг зикри бўлса, тиловати Қуръон ёки амри маъруф, наҳйи мункар қилинса, бу ибодат устига ибодат бўлади ва бир вақтнинг ўзида бир қанча буюк савобларга эришилади. Мисол учун:
- Аллоҳни зикр қилиш бандаликнинг асосидир. Зеро, у бандани Яратувчисига боғлаб турувчи асосий воситадир. Оиша розияллоҳу анҳадан Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ҳолларида Аллоҳни зикр қилар эдилар».
­ Аллоҳни зикр қилиш мўмин билан мунофиқнинг ўртасини ажратиб туради. Аллоҳни кам зикр қилиш мунофиқнинг белгисидир.
­ Шайтон инсонга Аллоҳнинг зикридан ғофил бўлгандагина ғалаба қила олади. Бинобарин, Аллоҳнинг зикри инсонни шайтоннинг ҳийлалари, васвасаларидан ҳимоя қилиб турувчи мустаҳкам қўрғондир. Шунинг учун ҳам шайтон инсонни ўзига оғдириш учун аввало унга Аллоҳни унуттириши лозимлигини яхши билади.
­ Аллоҳнинг зикри икки дунё саодати, фаровонлиги, хотиржамлигининг кафолатидир. Аллоҳ таоло айтади:
«Улар иймон келтириб, қалблари Аллоҳнинг зикри билан хотиржам бўлган кишилардир. Огоҳ бўлингки, қалблар Аллоҳнинг зикри билангина хотиржам бўлур!» Раъд сураси, 28-оят.
­ Банда Аллоҳни кези келгандагина эмас, доимий зикр қилмоғи лозим. Зеро, жаннат аҳли ҳеч нарсадан ҳасрат қилмайдилар, фақатгина ҳаёти дунёда Аллоҳни зикр қилмасдан ўтказган онлари учун ҳасрат қиладилар. Аллоҳни доимо зикр қилиш унга доимий боғланиб туриш деганидир.
Имом Нававий айтадилар:
«Уламолар таҳоратсиз, жунуб, ҳайз ёки нифосдаги инсонлар учун тил билан ҳам, дил билан ҳам тасбеҳ, таҳлил, саловат ва дуо каби зикрларни қилишлари жоиз, фақат Қуръон қироатигина мумкин эмас, деб иттифоқ қилганлар».
­ Кимки Аллоҳ таолони эсласа, Аллоҳ ҳам уни эслайди.
«Бас, мени зикр қилинглар, мен ҳам сизларни зикр қиламан. Менга шукр келтиринглар, куфр келтирманглар». (Бақара сураси 152-оят)
Инсон ўзига ўхшаган инсонлардан бўлган бир подшо ўзининг аъёнлари орасида уни мақташидан қанчалар қувонади. Энди оламларнинг Робби, пошоҳларнинг Подшоҳи бўлган Аллоҳ таоло энг улуғ мавжудотларни муқарраб фаришталарининг орасида зикр қилса, мақтаса, банда қандай ҳолатга тушишни ҳеч нарса билан қиёс қилиб бўлмайди.
Зикр, деганда қалб ғафлатда, Аллоҳнинг таъзими ва тоатини ҳис қилмаган ҳолда тилнинг қуруқ қимирлашини тушунмаслик керак. Балки тил зикр қилар экан, унга қалб ҳам шерик бўлмоғи, унинг маъноларини тафаккур қилмоғи, Аллоҳ таоло билан боғланаётганини ҳис этмоғи даркор. Аллоҳ толо айтади:
«Роббингни эртаю кеч ичингда тазарруъла, қўрқиб, овоз чиқариб гапирмай зикр қил ва ғофиллардан бўлма». (Аъроф сураси, 205-оят)
Зикр қилаётган шахс ўзи нима деяётганини ҳис этмоғи, тили билан бирга дили ҳам зикр айтмоғи зарур, токи Аллоҳ таолога зоҳиру ботинда боғлансин. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Аллоҳнинг неъматлари борасида тафаккур қилинглар. Аммо Аллоҳнинг зотида фикр юритманглар».
Тобароний ва Байҳақийлар ривоят қилган.
Банда бир кунда бот­бот адо этиши лозим бўлган ишлардан яна бири - Аллоҳнинг неъматларини ҳис этмоғидир. Масалан, сиз масжидга кетаётган чоғингизда атрофингиздаги қанча кишилар узр сабабли ёки узрсиз бу неъматдан маҳрум бўлганларини идрок этганмисиз?! Сиз Бомдод намозига йўл олган бир пайтда бир қанча мусулмон хонадонлар қабр каби қоронғу бўлиб ётгани, уларнинг эгалари эса мурда каби тош қотганини ҳис қилганмисиз?! Катта йўлда борар экансиз, йўлнинг бир тарафида бир автоуловдан шайтоний куй­садолар янграган, йўлнинг иккинчи тарафида эса кимдир автоҳалокат сабабли омонатни топшириб турган онда сиздан қандай кечинмалар ўтишини ўйлаганмисиз?! Турли давлатлардаги зилзила, сув тошқини, уруш, очарчилик, нотинчлик каби кулфатларнинг хабарини ойнаи жаҳондан томоша қилган чоғингизда сизни ўраб турган Аллоҳнинг неъматларини ҳис этганмисиз?!
Ўйлайманки, қалбу шуури Аллоҳнинг неъматларини идрок этишдан бир нафас ҳам холи бўлмаган, ҳар бир ўринда, ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолонинг иймон, дийн, саломатлик, эсон­омонлик ва бошқа неъматлари учун ҳамду шукроналар билан банд бўлган киши ҳақиқий тавфиққа эришган, чин муваффақият қозонган шахсдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Кимки бирор мусибатга учраган кишини кўрганида «Сени мубтало қилган нарсадан мени омон қилган ва мени кўп яратганлиридан афзал қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин» деса, ўша бало унга йўлиқмайди». Термизий «ҳасан ҳадис», деган.
Юқорида санаб ўтганларимиз кундалик суннатлардан Аллоҳ муяссар қилганича тўплаганимиздир. Аллоҳдан бизларга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан ҳаёт кечириш ҳамда вафот этишни насиб этишини сўраб қоламиз.
Сўнгги дуойимиз шундай, азизлар:
«Барча мақтов оламларнинг Робби Аллоҳга хосдир».

Муҳаррир Барно Саидраҳмон

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz