Ким ўз оиласида омонликда тонг оттирса… Принтер учун
26.08.2010 й.
islom.uz
Салама ибн Убайдуллоҳ ибн Миҳсон ал-Ансорий оталаридан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимки ўз уйида омонликда, жасади саломатликда, кунлик таоми ҳузурида ҳолда тонг оттирса, худди унга бутун дунё жамлангандек бўлади», дедилар».
Шарҳ: Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учта муҳим нарсани айтиб ўтибдилар: бири омонлик, тинчлик, иккинчиси соғ-саломатлик, учинчиси – етарлик таом.
Бу дунёда инсоннинг энг яхши ҳолати мана шу уч нарсага эга бўлган ҳолати экан. Шунга эришган одам аҳволим ниҳоятда яхши, деб шукр қилиб юрса бўлади.
Кишининг уйига, оиласи, бола-чақасига биров хавф солмаса, тинч-хотиржам бўлса, соғ-саломат бўлса, дарди йўқ бўлса, ейдиган таоми бор одам ниҳоятда улуғ бир бахт-саодатга эришган бўлар экан. Биз буни жуда чуқур тушуниб етишимиз керак. Мазкур ҳолатнинг ўзимизда бўлиши Аллоҳнинг улкан неъмати эканини англаб етишимиз ва унга шукрни ўрнига қўйишимиз лозим. Агар бундай қилмасак, ношукр бўламиз.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz