Гапни ва саволни катта бошлайди Принтер учун
26.08.2010 й.
islom.uz
Рофеъ ибн Хадийж ва Саҳл ибн Абу Ҳасмадан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Саҳл ва Муҳаййиса ибн Масъуд Хайбарга боришди. Хурмазорга тарқалиб кетишди. Бас, Абдуллоҳ ибн Саҳл қатл қилинди. Кейин Абдурроҳман ибн Саҳл, Ҳуваййиса ва Муҳаййиса ибн Масъудлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб соҳиблари иши ҳақида гапирдилар.
Бас, Абдурроҳман (гап) бошлади. У уларнинг энг кичиги эди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Каттанинг катталигини бил», дедилар.
Яҳъя: «Гапни катта гапирсин», деган.
Бас, улар ўз соҳиблари иши ҳақида гапирдилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўлдирилганингизнинг ҳақини ўзингиздан эллик кишининг қасами ила собит қила оласизми?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Бу биз кўрмаган иш», дейишди.
«Яҳудийлардан эллик киши қасам ичиб, сизларни беҳожат қилсинми?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Кофир қавм-а?!» дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз тарафларидан уларга дия бердилар».
Саҳл: «Ўша (дияга берилган) туялардан менга бир урғочи туя теккан эди. Бир куни уларнинг туяхонасига кирганимда, у оёғи билан мени тепган», деди.
Шарҳ: Хайбар хурмозорлари кўп жой бўлиб, яҳудийларга тегишли бўлган. Мазкур икки киши қандайдир сабаб билан хурмозорга кириб кетишибди. Икковлари бир-бирларидан ажраб, хурмозорнинг ичида юрганда улардан бири - Абдуллоҳ ибн Саҳлни кимдир ўлдириб кетибди.
Бу хабарни эшитиб, унинг укаси - Абдурроҳман ибн Саҳл келибди. Муҳаййиса ибн Масъуднинг Ҳуваййиса исмли укаси ҳам етиб келибди. Ҳаммалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтмоқчи бўлишибди.
Гапни Абдурроҳман ибн Саҳл бошлабди. У келганларнинг ичида энг ёши кичиги эканлиги кўриниб турар экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб туриб:
«Катталарга йўл бер», дебдилар.
Яҳъя исмли ровий тушунтириш учун: «Гапни катталар бошлайди», деб шарҳ қилди.
Демак, ана шундай шароитда, бошлиқ тайинланмаган бўлса, гапни ёши каттароқ одам бошлаши керак экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирганларнинг ичида ёши кичикроғи бўлган воқеани айта бошлаши билан уни тўхтатиб, катта сўз беришни буюрибдилар.
Энди қиссанинг давомига келадиган бўлсак, келганлар воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб, қотил кимлигини билмаймиз, аммо боғ яҳудийларники, ўшалар ўлдирган бўлса керак, деб даъво қилишибди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан эллик киши келиб, уни яҳудийлар ўлдирди, деб қасам ича оладими? Агар ича олса, ҳукмни қабул қиламан», дебтилар.
Келганлар: «Албатта, биздан элликта одам уни яҳудийлар ўлдирди, деб қасам ича олмайди» дейишибди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яҳудийлардан эллик киши келиб, биз ўлдирмадик, деб қасам ичиб, сизларни қасам ичишдан беҳожат қилсинларми?» дебдилар.
Келганлар ноқулай аҳволга тушиб қолиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Кофирларнинг қасамини қабул қиласизми?» дейишибди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бўпти, унинг хунини мен ўзим тўлайман» деб, ўлган кишининг хунини тўлаган эканлар.
Абдурроҳман ибн Саҳл ўша хунга берилган туялардан биттаси унга ҳам текканлигини, ҳатто уни бир тепиб олганлигини айтган экан.
Ушбу ҳадисдан сўзни катталар бошлаши Ислом одобидан эканлигини, катталарни эъзозлашнинг ана шундай кўринишлари борлигини билиб оламиз.
Халқимизда ёши катталарга кўрсатилаётган эҳтиромнинг манбаи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экан.

КАТТА ГАПИРМАСА, КИЧИК ГАПИРСА БЎЛАДИМИ?

 Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қани менга айтинглар-чи, бир дарахт бор. У мусулмонга ўхшайди. Аллоҳнинг изни билан доим мевасини беради. Бироқ барги тўкилмайди. Ўша қайси дарахт?» дедилар.
Хаёлимга хурмо келди. Гапиришни ёқтирмадим. У ерда Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар бор эди. Улар гапирмаганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У хурмодир», дедилар.
Кўчага чиққанимизда отамга:
«Ота! Ўша хурмо экани хаёлимга келган эди», дедим.
«Айтишингдан нима манъ қилди? Агар айтганингда мен учун фалон, фалон нарсалардан ҳам маҳбуброқ бўлар эди», деди.
«Мени фақатгина сиз ва Абу Бакрнинг гапирмаганларинг манъ қилди, холос. Шунинг учун гапирмадим», дедим».
Шарҳ: Бу ҳадисдан ровийнинг одоблари нақадар юксак бўлганлигини билиб оламиз. Бироқ ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг сўзларидан катталар гапирмаса, кичиклар гапириши мумкинлиги, жоизлиги келиб чиқади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Раҳбар ва олим одам ўз одамларига бир нарсани яхши уқтириш учун уларга масалани топишмоқ тарзда савол қилиши мумкинлиги.
2. Мусулмон шахс фазийлатли шахс экани.
3. Хурмо дарахти фазийлатли экани.
4. Катталар борида кичиклар гапирмай туриши одобдан экани.
5. Катталар билмай қолган нарсани кичиклар гаприши мумкинлиги.

Ҳакийм ибн Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Унинг отаси ўлимидан олдин ўғилларига васият қилиб:
«Аллоҳга тақво қилинглар! Каттангизни бошлиқ қилиб олинглар. Қайси қавм каттасини бошлиқ қилиб олса, оталарига ўринбосар бўлади.
Агар кичигини бошлиқ қилиб олсалар, бошқалар уларнинг устидан кулади.
Сизлар молни ва уни топадиган санаътни маҳкам ушланглар. Чунки у карамли учун шарафдир. У ила пасткашдан беҳожат бўлинур.
Зинҳор одамлардан тиланманглар. Бу одамнинг охириги касбидир. Ўлганимда овоз чиқариб йиғламанглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга овоз чиқариб йиғланмаган. Ўлсам, мени Бакр ибн Воилликлар сезмайдиган ерга дафн қилинглар. Мен уларни жоҳилиятда ғофил қолдирар эдим», деди».
Шарҳ: Бу ҳадисдан бирор оила, қариндошлар, жамоа ёки қавм ўзларининг ичидан катта ёшли, тажрибали кишиларни раҳбар қилиб олишлари, уларнинг раҳбарлиги остида иш олиб боришлари зарурлигини билиб оламиз. Кичиклар эса одоб сақлаб туришлари лозим.
Ровийнинг отаси Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳу шарафли, шижоатли, сахий, оқил, ҳалийм ва ҳакийм шахс бўлганлар. У киши вафотлари олдидан ўз ўғиларига васият қилганлар. Ушбу васият Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан таълим олган саҳобийдан ва ўта фойдали васиятлардан бўлганидан имом Бухорий ва у кишига ўхшаш муҳаддислар ривоят қилиб қолдирганлар.
«У киши ўлимидан олдин ўғилларига васият қилиб қуйидагиларни айтганлар:
«Аллоҳга тақво қилинглар!»
Мўмин-мусулмон шахс учун тақво муҳим омиллардан бўлгани учун Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳу ўз ўғилларига қилётган васиятларини айнан ушбу нарсадан бошлаганлар.
«Каттангизни бошлиқ қилиб олинглар. Қайси қавм каттасини бошлиқ қилиб олса, оталарига ўринбосар бўлади».
Отаси вафотидан кейин унинг ўрнига катта ўғилни бошлиқ қилиб сайлаш яхши иш экани таъкидланмоқда. Ана ўшанда отага ҳақиқий ўринбосар бўлади.
«Агар кичигини бошлиқ қилиб олсалар, бошқалар уларнинг устидан кулади».
Чунки, кичикни бошлиқ қилиб олиш барча халқларнинг одатида йўқ нарса.
«Сизлар молни ва уни топадиган санъатни маҳкам ушланглар. Чунки у карамли учун шарафдир. У ила пасткашдан беҳожат бўлинур».
Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳу ушбу уч жумла ила ўз фарзандларига мол ва уни касб қилишга оид бўлган фикрни баён қилмоқдалар.
Молни ва уни топадиган санъатни маҳкам ушлаш фойдали ишдир. Чунки мол карами бор одам учун шарафдир. У ўз шарафини ҳалолдан топгани молини ҳалол йўлгасарфлаш йўли ила сақлайди. Шу моли туфайли инсон пасткашлар олдида хижолат бўлиб қолмайди.
«Зинҳор одамлардан тиланманглар. Бу одамнинг охириги касбидир».
Бошқалардан мол сўраб юриш карамли ва обрўли кишилар учун нолойиқ нарса. Бу иш иложи қолмаганда, бошқа ишга имкон бўлмаганда қилинади, холос.
«Ўлганимда овоз чиқариб йиғламанглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга овоз чиқариб йиғланмаган».
Бу барча мўмин-мусулмонларга маълум ва машҳур ҳақиқат.
«Ўлсам, мени Бакр ибн Воилликлар сезмайдиган ерга дафн қилинглар. Мен уларни жоҳилиятда ғофил қолдирар эдим», деди».
Вафот этаётган шахс ўзининг дафни ҳақида ҳам васият қилиши саҳобларда ҳам бор иш экан. Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳу жоҳилият даврида, ўзлари мусулмон бўлмай туриб Бакр ибн Воил қабиласига улар ғафлатда турган чоғларида ҳужум қилиб доғда қолдириб юрар эканлар. Шу маънода улардан дафин қилинган жойларини махфий бўлишини ўғилларига васият қилганлар.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz