Фойда билан рибонинг фарқини аниқлаш Принтер учун
22.09.2010 й.
islom.uz
Ғарбий фикр фойдани мубоҳ дейди. Бу фикрга илмий ва амалий узоқ тортишувлардан сўнг келишган. Гоҳида давлат фойданинг чегараси ёки энг кўп миқдорини белгилашга аралашди. Ушбу аралашиш юнонлар даврида бўлган. Баъзан давлат фойдани белгилашга аралашмаган. Бу римликлар ҳокимияти даврида кўрилган. Агар фойда чегараланган ҳудудда бўлса дуруст, аммо чегарадан ошиб кетса, ман этилинган ва рибо деб эътибор қилинган. Лекин кўриниб турибдики, фойда билан рибонинг фарқини ажратиш маълум қоида асосида эмас, балки давлат нархга аралашмасин, қарз олди-берди бозори эркин бўлсин, нархларни рақобат орқали бозор ўзи белгиласин деган чақириқлар асосида бўлган.
Иқтисодий эркинликни муҳофаза қилиш лозим, нархни чегаралашда фойда йўқ балки зарар бор. Чунки, бу турли ҳийлаларга йўл очади, қора иқтисод ва қора бозор ривож топади. Натижада, нарх-наво кўтарилиб, иқтисод издан чиқади деган даъволарни олға суришади.
Ушбу даъволар ғалаба қилиб Британияда қарз берувчи ўзи хоҳлаган миқдорда фойда қўйиш мумкинлиги тўғрисида қонун қабул қилинди. 1974 милодий санада истеъмол кредити номли қонун қабул қилингач, фойда миқдорининг белгилар озод бўлиб, ҳар қандай қайдлар бекор қилинди. Натижада, бечора қарз олувчилар маҳкама ҳузурида ҳар қандай вазиятда ҳам ўзларини эксплуатация бўлаётганларини кўрдилар. Америкада XX асрнинг 80 йилларига келиб рибо қонуни бекор қилинди. Бошқа бир қанча шаҳарлар айнан шу йўлдан боришни ўзлари афзал деб билишди. (Mills and Presley, Islamic Finance, p.105).
Шулардан аниқ кўринадики, рибо билан фойдани ажратишда тўғри йўл танланмаган. Балки фойдага қўшиб рибони ҳам мубоҳ қилишга шу йўл орқали ўтиб кетилган.

ФОЙДА ВА РИБОНИ АЖРАТИШ

Рибо замон муқобилига кўпайтириш ёки камайтиришдир. Кечроқ бергани учун қўшилади. Олдинроқ бергани сабабли камайтирилади.
Киши 100 ни бир йилдан сўнг 110 қилиб бераман деб қарз олса, шу бир йил эвазига 10 фойдани берган бўлади. Қарзнинг фойдаси агар оз бўлса ҳам, муҳаққиқ уламолар наздида ўта хатарлидир. Бунинг юқорида баёни ўтди.
Энди қарзга қўйиладиган фойда чегарасиз бўлса қандай бўлади? Буни фойда деб, аниқ миқдори белгиланмаса шубҳасиз миқдор ҳадсиз даражада ортиб кетади. Сўнгра хатарли таъсирлар кўриниб, шаҳарлар хароб, кишилар ўртасидаги тақсимот ёмон аҳволга тушади.
Қарздан олинажак фойдани даромад деб номлаш жоиз эмас. Даромад номи билан фойда олиш ёки фойда даромадни бир тури дейиш ёхуд қарзни ҳам савдо деб аташ хатонинг бошидир. Ушбу нотўғри тушунчалар орқасидан рибонинг миқдори бебош бўлиб, нақд пуллар ёки банклар рақобатга дош бера олмай қолади.

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА ИСТЕЪМОЛЧИ ҚАРЗЛАРДАГИ РИБОНИНГ ҲАРОМ ҚИЛИНИШ ҲИКМАТИ

Исломда мол муомаласи амал муомаласидан фарқ қилади. Амалга маълум ҳақ таъйин қилиш жоиз. Амал даромадга шерик бўлиши ҳам мумкин. Мол эса, икки турли бўлади.
Қарзга бериладиган мол;
Ижарага бериладиган мол;
Ижарага берилган мол ижарасининг жоизлиги қарзга бериладиган молдан фарқ қилгани учундир. Агар мол қарзга берилса, унинг эгалик ҳуқуқи қарз муддати мобайнида қарз берувчидан кўчиб қарз олувчига ўтади. Эгалик ҳаққи билан бирга зоминлик ҳаққи ҳам қарздорнинг ҳиммасига тушади. Яъни, қарздор маблағга талофат етса тўлаш, вақти келса айнан олган миқдорини қайтариш масъулиятини ҳам бўйнига олади.
Энди қарздор олган қарзини ишлатиб ёки фойдаланиб даромад топса, ушбу даромад ёки манфаат унинг ўзига бўлади. Чунки усул қоидамизга кўра الْخَرَاجُ بِالضَّمَانِ яъни, фойда зарарни бўйнига олганга берилади. Ёки  الْغُنْمُ بِالْغُرْمِяъни жаримани тўлаган ўлжани олишга ҳақли. Қарздор тўлашни зиммасига олиб, яна қарз берувчига фойдани ҳам берса тўғри бўлмайди. Чунки қоидага кўра  أَنَّ الأَجْرَ وَالضَّمَانَ لاَ يَجْتَمِعَانِ яъни фойда ва тўлов жам бўлмайди.
Бу қарз берувчига фойдани ҳам бериб, яна зарар қилса, уни ҳам тўлаб бериши тўғри эмас деганидир.
Агар нақд пуллар ишлаб чиқаришни молиялаш учун тикилса, мол ва иш юритиш унсури жамланади. Бунда зарарни ким зиммасига олади. Мол эгасими ёки иш юритувчими? Агар маблағ эгаси фақат фойдани олиб, бечора иш юритувчи ҳамма хатарни зиммасига олса, агар иш чаппасига кетса ишлаган амалига ҳам куйиб, яна мол эгасига зарарни тўласа қандай бўлади?
Аслида фойдага шерик бўлишгач хатарда ҳам ҳиссалари тенг бўлиши лозим. Ишлаган иш хатарини зиммасига олса, пул тиккан пул хатарини бўйнига олиши лозим. Мол эгаси ўз пулининг хатарини кўтармаслиги муносиб эмас. Чунки агар пул уйида турса, ундан фойда кўрмас ва яна ўзи ҳам ишлатиб фойдалана олмас эди. Демак, уни ишлатадиган кишига фойда кўриш учун тикдими, хатарини ҳам зиммасига олиши лозим. Бошланган ишни юриши учун икки тараф ҳам ўз ҳиссасини қўшиши керак. Ишчи ишнинг хавф-хатарини, пул тиккан пулнинг хавф-хатарини бўйнига олсин. Агар пул тиккан фақат фойдани олиб, бошқа нарса билан иши бўлмаса, бунинг маъноси пул эгаси ҳамма хатарни ишчининг зиммасига ўтказиб қўйибди. Лекин Исломда пул эгаси эмас, балки ишчи ҳамма хатарни мол эгасига юклаши жоиз. Яъни, қилган иши учун фақат ойлик олиб, қолган нарсага пул эгаси ўзи жавоб берсин дейиши мумкин. Аммо пул эгаси ўз хатарини ишчига кўчириши дуруст эмас. Яъни, пулни ишчига бериб, ҳар ой маълум миқдор фойдани берасан, қолган барча хатарларга ўзинг жавобгарсан дейишга рухсат йўқ. Ҳар қандай иш хатардан холий эмас.
Агар мол эгаси ундан қочса, бечора ишчига иккита хатар юкланиб қолмоқда. Ўзининг ва бошқанинг зиёни. Албатта, мол эгаси ўз молининг хатарини кўтаришга қодирдир. Ишчининг хатари ўзи билан бирга турибди. Лекин шу ишчи ўз амали билан бошқанинг молининг хатарини кўтаришга қодир эмас. Агар зиён бўлса, у молни қаердан олади? Ўзида мол йўқлигидан шерикчиликка ишини тикмоқда. Шундоқ экан, ҳар икки шерик ўзи тиккан нарсасига масъул бўлиб, шунинг эвазига чиққан фойдадан ҳисса ҳам олсин.
Ижарага берилган молнинг мулкияти ижарани олувчига кўчиб ўтмайди. Балки у мулкият зоминлик билан бирга ижара берувчининг ўзида қолади. Яъни, агар ижара олувчи мулкдан фойдаланишда ҳаддидан ошмаса, бепарволикка йўл қўймаса ёки қусурга учратмаса, мулкнинг ўзи ёниб кетиши, талофатга учраши ёки эскириши каби хатарлар ижара берувчининг зиммасида бўлади. Аммо мулкни ишлатишда ҳаддидан ошиши, бепарволикка йўл қўйиши ёки қусурга учратиши ижарага олганнинг зомин бўлишига сабаб бўлади. Мулкни ўз эгасига қайтараётган вақтда, яъни, ижара шартномаси тугагач ижарага олган мулкининг айнан ўзини қайтариб беради. Қарздаги каби мислини қайтариб бермайди. Бу ерда қоиданинг айнан ўзи татбиқ бўлади.
Ижара берувчи зоминлик эвазига ҳақ олиши мумкин. «Харож зоминлик билан», «Жаримани тўлаган ғаниматни олишга ҳақли». Бу ўринда ажр ва зоминлик бир тарафга жамланмайди. Ижара ҳаққини ижарага олган тўласа, зоминлик хатари ижара берувчига юкланади.
Ер ижара қўйишга лойиқ мулк ҳисоблансада, фуқаҳолар бу ўринда турли фикрни билдиришган. Баъзи уламолар ерни ижарасини жоиз санамаганлар. Балки ерни қарзга бериладиган нақд пуллар ва бошқа моллар каби тасаввур қилиниб, ундан чиқадиган фойдага шерик бўлишни жоиз деганлар.
Рибонинг ҳаром қилиниш ҳикмати тўғрисида баҳс олиб борган ҳамаср тадқиқотчи ва фуқаҳолар уни ерга ҳам солиштириб кўришган ва агар ер табиий ҳолатида бўлиб, унга ишлов берилмаган, иморатлар қурилмаган бўлса, у ердан ижара ҳаққи олиш ҳаром эканлигни айтишган.
Демак биз араб тилидаги فَائِدَةٌ (нақд фойда) ва رِبْحٌ (тушган фойда) тушунчасини ажратиб олишимиз лозим экан. Қарз берувчи маълум вақтга маълум миқдорни белгилаб қўйса, бу фойда (яъни нақд фойда рибо) дейилади. Лекин қарз берувчи бўлажак фойдадан маълум қисмига шериклигини белгиласа бу рибҳ (яъни тушган фойда) дейилар экан. Шундан келиб чиқиб араб тилидаги рибҳ дуруст, фойда эса дуруст эмас.
Қарз берувчи фойдани таъйин қилса, унинг миқдори маълум бўлади. Аммо рибҳнинг яъни бўлажак фойданинг миқдори аниқ эмас. Баъзан рибҳ кўзланган фойдадан бир неча баробар ортиб кетиши мумкин. Шунда фойдани белгилаб қўйган алдангани ва зулмга учраганини эътироф қилади. Агар рибҳ фойдадан камайиб кетса, қарзни олган алданган ёки зулмга учраганини сезади. Шу сабабли бу икки йўлнинг адолатлироқ томони қарзни рибҳ асосида беришдир.
Яъни, аниқ миқдордаги фойдага эмас, балки бўлажак фойдадан маълум қисмига шерик бўлиш учун қарз бериш адолатли ҳисобланади.
Фойдага қарз бериб қўйган маблағ эгаси ишдан ҳосил бўлаётган натийжа билан иши бўлмайди. Балки қарз олувчидан ундирадиган ўзининг ҳаққинигина ташвишини қилади. Кўпинча қарздорнинг маҳорати, ҳикмати ва иш юритиш услубидан кўзини юмади. Бу шерикчиликнинг қоидасига тўғри келмайди. Агар маблағ эгаси ўз пулини рибҳ асосида берса, энди шунинг натижаси билан қизиқишда у биринчи ўринга чиқади. Чунки унинг оладиган даромади бўлажак натижага боғлиқ. Шунда икки тарафнинг ҳам фойдаси натижага кўра ҳосил бўлади. Рибҳ, яъни, бўлажак фойда кўпайса, икки тарафнинг ҳам маблағи кўпаяди.
Рибонинг ҳаром қилиниш ҳикматларидан яна бири сармояни фойдасини ишлаб чиқариш режаларига боғлиқ қилиб қўйишдир. Шунда мол эгаси билан ишлаб чиқарувчи томон ўртасида даромад касб қилиш учун тавозун юзага чиқади. Агар ушбу тавозун бўлмаса зарар кўрилган вақтда мол эгаси ишлаб чиқарувчининг зиёни ҳисобига бойишни бошлайди. Истеъмол учун бериладиган қарзлар зарурий эҳтиёжларни қоплаш учун ишлатилади. Яъни, бунда қарздор муҳтож бўлади. Маблағ эгаси муҳтож одамнинг эҳтиёжлари билан савдолашиши инсофдан эмас. Қийналиб тургани учун қарз устига фойдани ортириш, қийинчилик ортса фойда миқдорини ҳам кўпайтириш рибонинг энг жирканч турларидан биридир.
Заруратга ишлатиш учун олинадиган қарзларда сармояни ўстириш маъносининг ҳеч қайси кўриниши бўлмайди. Демак, бундай қарзлардан савобдан бошқа фойда талаб қилиш дуруст эмас. Агар истеъмол қарзлари дабдаба, ҳашам ва ўйин каби нарсалар учун берилса, яхши оқибатларга олиб келмайди. Чунки, киши ўз пулини шу каби беҳуда нарсаларга сарфлаши номаъқул ҳисобланса, энди бировнинг пулига буларни қилиш қандай бўлади?
Агар истеъмол қарзлари кундалик эҳтиёж моллари, жиҳозлар ёки уй асбоб-анжомларини сотиб олиш учун берилса, муштарий шу нарсаларни сотиб олса яшаш тарзи яхшиланади, унинг даромади ортади деган даъво билан берилган қарзга фойда қўйиш ҳам тўғри эмас. Чунки, бу нарсалар билан фойда ҳосил бўлиши гумондир. Агарчи эҳтимолий фойда бўлса ҳам шуни ишлаб чиқаришдаги фойдаларга қиёс қилиниб, берилган қарздан рибо талаб қилиш дуруст бўлмайди.
Бугунги кунимиз инсонлари орасида истеъмол қарзлари тўлиб тошди. Одамлар ўз имкониятларидан ҳам ортиқроқ турмуш тарзини хоҳлаб, шуни ҳосил қилиш ташвишига тушди. Кўпинча бу қарзлар секин-аста кўпайиб, тўлиб-тошиб исроф ва бузғунчиликларни келтириб чиқармоқда. Бошқарув ва тасарруф ёмонлашиб, қарзга ботиб қолишлар кўпаймоқда. Агар қарзлар ишлаб чиқаришга берилса, гоҳида ишлаб чиқаришдан ҳам фойда ҳосил бўлмаслиги мумкин. Бунда қарз олган зулмга учрайди. Агар фойда кўзланган миқдордан бир неча баробар ортиб кетса, қарз берган мазлум бўлиб қолади. Демак, икки тараф ҳам фойдага қарз олди-бердини тарк қилиб, ҳосил бўладиган рибҳга (яъни даромадга) шерик бўлишлари афзал йўлдир. Бунда фойда ҳам, хатар ҳам баробар бўлиб, икки томоннинг хавф ва ражоси тенглашади.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz