«Махраж» – чиқиш жойи дегани бўлиб, қироат илмида нутқ товушининг чиқиш жойини, пайдо бўлиш ўрнини англатади. Масалан, «бã»нинг махражи икки лаб, дейилса, унинг икки лабдан талаффуз этилиши тушунилади.
«Сифат» деб одатда нарсанинг ҳолати, ҳайъатини айтилади. Қироат илми истилоҳида нутқ товушининг талаффуз меъёрини, махражда пайдо бўлиш усулини «сифат» деб юритилади. Мисол учун, «бã» жарангли, портловчи товуш дейилганда «жарангли», «портловчи» сўзлари унинг сифатини билдиради.
Нутқ товушларини тўғри талаффуз қила олиш учун, албатта, уларнинг махраж ва сифатларини яхши билмоқ керак. Хусусан, ўзга тилда тўғри сўзлашиш малакасини ҳосил қилмоқчи бўлган киши, аввалло ўша тилдаги нутқ товушларининг таркибини, пайдо бўлиш ўрнинию талаффуз меъёрларини ўзлаштириши даркор. Ана шундагина у ўша тилда тўғри, адабий сўзлаша олиши мумкин. Қуръони каримни тўғри тиловат қилиш учун ҳам араб нутқ товушларининг таркибини, аниқроғи, араб фонетикасини пухта ўрганиш лозим.
Кўпчилик кишилар Қуръони каримни чиройли ўқиш учун биринчи бўлиб оҳангга эътибор берадилар. Тўғри, Қуръонни гўзал оҳангда ўқшига ҳаракат қилиш керак. Лекин ҳар бир нарсанинг ўз ўрни бор. Қуръонни чиройли ўқиш учун аввало талаффузни ростлаш даркор.
Шу боис, Қуръон ўқишни ўрганувчилар учун мўлжаланган ушбу қўлланмада араб тилидаги нутқ товушларининг махражларини ва, қисқача бўлса¬да, сифатларини баён қилдик. Айни вақтда унинг талаффузида кўпчиликда бўлиши мумкин бўлган хатоларнинг асосийларини эслатиб ўтдик. Тоинки ўрганувчи улардан сақлансин ва товушларни тўғри талаффуз этишни осонроқ ўзлаштирсин.
Араб тилидаги нутқ товушларининг аксари айрим жиҳатлардан фарқли равишда бизнинг тилимизда ҳам бор. Бу фарқ аввало махражда бўлиб, бизда оғизда пайдо бўлувчи товушларнинг баъзилари араб тилида ҳалқум-бўғизда, айримлари нисбатан чуқурроқ, ичкарироқдан ёхуд олдироқдан ҳосил бўлади. Ўзбек тилида эса, деярли ҳалқум товуши йўқ.
Шунингдек, уларнинг ораларида пайдо бўлиш усулига кўра ҳам тафовут мавжуд. Бу тафовут, асосан, уларнинг биздаги нутқ товушларига нисбатан куч билан айтилиши, яъни жарангли товушлар ўта жарангли бўлиб, ҳеч қачон жарангсизлашмаслиги, шовқинлилар янада кучли шовқин билан айтилиши, сирғалувчиларда нутқ аъзолари янада жипслашиши, портловчилар қаттиқроқ портлаш билан ҳосил бўлишидадир. Шу боис араб товушлари умуман олганда ўзбек тилидаги нутқ товушларидан кўра қаттиқ, кучли ва тўлароқ талаффуз этилади. Демак, бу икки тилда муштарак бўлган товушлар бир-бирларидан махражда ҳам, сифатда ҳам фарқли бўлишлари мумкин экан.
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, араб товушлари ҳақида биз берган таълимотлар араб тилини ўргатувчи бошқа қўлланмаларда келтирилган маълумотлардан айрим ўринларда фарқ қилиши мумкин. Чунки биз бу ўринда ҳозирда араблар нутқ этаётган товушларни эмас, балки Қуръони карим нозил қилинган фасиҳ ва равшан бўлган араб товушларини ўрганмоқдамиз.
Махражлар суратиАраб тилидаги нутқ товушларининг махраж ва талаффузларини ўрганишга киришишдан олдин, махажларнинг номларини аниқлаб, улар билан яқиндан танишиб олишимиз лозим. Бунинг учун аввало нутқ товушларининг талаффузларида бевосита иштирок этадиган нутқ аъзолари ҳақида керакли даражада тасаввурга эга бўлишимиз керак. Биз уларни шартли равишда умумий махражлар, деб атадик.
Қуйида мазкур нутқ аъзолари учун умумий сурат берилган. Унда ҳар бир аъзо ўзига хос рангга эга. Аъзо, бошқача қилиб айтганда, ҳар бир умумий махраж номи унинг ёнига ёзилган. Сиз уларни яхшилаб англаб, ёдда сақлаб қолинг.
Умумий махражлар