Кибр ва ҳаволаниш Принтер учун
10.10.2010 й.
islom.uz
Кибр, такаббур, кибриё сўзлари луғатда катталик маъносини билдиради ва ўзини бошқалардан катта, устун ва афзал ҳисоблаш сифатига эга шахсга нисбатан ишлатилади.
Имом Ғаззолий кибрни:
«Ўзини улуғ санаш ва қадрини бошқанинг қадридан устун қўйиш» деб таърифлаганлар.
Имом Ғаззолий «Эҳъёу улумид Дин»да кибрни бадбахтлик калити эканини қуйидагича баён қилади:
«Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир.
Банда учун Аллоҳ таолонинг неъматлари ичида иймон ва маърифатдан улуғи йўкдир. Унга эришиш учун бағрикенглик ва қалб кўзи ўткирлигидан бошқа васийла йўкдир.
Куфр ва маъсиятдан каттароқ бало-офат йўқдир. Мазкур икки нарсага чақиришда қалб кўрлиги ва жаҳолат зулматидан бошқа нарса йўқдир.
Зийрак кишилар Аллоҳ таоло уларни ҳидоятини ирода қилган ва қалбларини Исломга кенг қилиб қўйганлардир.
Мутакаббирлар Аллоҳ таоло уларни залолатини ирода қилган ва қалбларини худди осмонга чиқаётгандаги каби тор ва танг қилиб қўйганлардир.
Мутакаббир ўз ҳидоятига кафил бўлиши учун қалб кўзи очилмаган кишидир».
Бу ўта салбий сифат ҳақидаги бошқа маълумотлардан баъзисини келажак ҳадиси шариф ва ривоятлардан ўрганамиз.
Кибрли одам ўзини бирор фазилатли сифатда бошқалардан устун кўриб, уларни назар-писанд қилмай қўяди.
Биз «ҳаволаниш» деб таржима қилган сўз арабчада «ихтиёл» дейилиб, кишининг юриш-туришда ўзини сохта равишда юқори тутишига ишлатилади.
Аллоҳ таоло: «Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас», деган (Луқмон, 18).
Биз Луқмон сурасида келган оятдаги «юз ўгирма» деб таржима қилган маъно оятда «тусаъъир» деб келган. Бу маъно, аслида, туяда учрайдиган бир касалликка нисбатан ишлатилар экан. Ўша касалликка мубтало бўлган туя доимо бошини пастдан юқорига ҳаракатлантириб, ёнбошга силтаб турар экан. Мутакаббирлик билан бурнини жийириб, юзини одамлардан ўгирадиган кишилар ана ўша касал туяга ўхшатилмоқда.
«Одамлардан такаббурла юз ўгирма»
Ҳа, мусулмон киши учун одамларни камситиш, уларни паст санаш жуда ёмон иллат. Ҳатто юриш-туришда ҳам кибру ҳаводан, такаббурликдан сақланиш керак.
«...ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма».
Бу жуда ёмон нарса. Бошқаларга кибр оғир ботади. Энг муҳими:
«Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда:
«Кимнинг қалбида заррача мутакаббирлик бўлса, Аллоҳ уни дўзахга юзтубан ташлайди», дейилган.
Шунингдек, Ибн Абу Лайло ривоят қилган ҳадисда:
«Ким кийимини кўз-кўз қилиб, мақтанчокдик ила судраб юрса, Аллоҳ таоло унга назар солмайди», дейилган.

Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларга аҳли жаннатнинг хабарини берайми? Ҳар бир заифҳол ва заифҳол саналгандир. Аммо Аллоҳга қасам ичса, У Зот унинг қасамини юзага чиқаради.
Сизларга аҳли дўзахнинг хабарини берайми? Ҳар бир қўпол, саркаш ва мутакаббирдир», дедилар
».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кибрнинг тескариси бўлган заифлик ва заифҳоллик кишининг жаннати бўлиши омилларидан бири эканлиги таъкидланмоқда. Заифҳоллик деганда моддий камчилиги туфайли одамлар уни назар-писанд қилмайдиган киши кўзда тутилади.
Заиф ва заифҳол кишилар одамлар олдида унча эътиборга сазовор бўлмасалар ҳам, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида уларнинг қадр-қиймати бор. Агар улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бирор қасам ичсалар, У Зот уларнинг қасамларини Ўзи юзага чиқаради
Аксинча, бу дунёда қўпол, саркаш ва мутакаббир бўлганларнинг охиратда аҳволларига вой бўлади. Улар аҳли дўзахдан бўладилар. Шунинг учун мўмин-мусулмон банда бу разил сифатга зинҳор яқинлашмаслиги керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло кибриё ридоимдир. Азимлик изоримдир. Ким уларнинг иккисидан бирида Мен ила низо қилса, уни дўзахга ташлайман, деган», дедилар
».
Абу Довуд ва Муслим ривоят қилишган.
Шарҳ: Кибриё ва иззат фақат Аллоҳга хос экан, бу сифатлар бандага тўғри келмас экан. Шунинг учун ким бу сифатларни Аллоҳ билан талашса, яъни, шу сифатлар билан сифатланишга уринса, Аллоҳ таолонинг азобига учрар экан.
Ушбу ҳадиси қудсийда арабларнинг истиъора услуби ишлатилган. Аллоҳ таолонинг «Иззат изоримдир. Кибриё ридоимдир» дейиши бу икки сифат Аллоҳга худди мазкур икки кийим кишига лозим бўлганидек лозим эканига ишорадир. Бу икки нарсани «талашиш» эса, ўша сифатлар билан сифатланишга ҳаракат қилишга ишорадир.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қалбида бир дона ачитқи уруғи оғирлигида иймони бор одам дўзахга кирмайди. Қалбида бир дона ачитқи уруғи оғирлигида кибриёси бор одам жаннатга кирмайди», дедилар
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кибриё иймоннинг қаршисига қўйилмоқда. У дўзахга тушишга бош омил бўладиган куфрнинг ўрнига қўйилмоқда. Аслида иймон жаннатга тушишнинг бош омили, куфр дўзахга тушишнинг бош омили ҳисобланади. Ачитқи уруғи оғирлиги худди шу икки нарсада ҳисобга олинади. Аммо бу ҳадисда куфрнинг ўрнига кибриё қўйилибди. Шундан бу ёмон хулқнинг қанчалар хавфли эканини англаб етмоғимиз ва ундан халос бўлиш ҳаракатида бўлмоғимиз лозим.

 Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбида зарра оғирлигида кибриёси бор киши жаннатга кирмайди», дедилар».
«Эй Аллоҳнинг Расули! Киши кийими гўзал бўлишини, пойафзали гўзал бўлишини ёқтиради-ку?» деди бир одам.
«Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севадир. Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни паст санашдир», дедилар
».

Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбида зарра оғирлигида кибри бор киши жаннатга кирмаслиги ҳақида хабар бериш билан бирга, саҳобаларнинг саволларига жавоб тариқасида кибрни таърифлаб ҳам бермоқдалар.
Саҳобаи киромлар ораста ва гўзал кийиниш ҳам кибр ҳисобланади шекилли деган гумонга бориб қолган эканлар. Шунинг учун улардан бирлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Киши кийими гўзал бўлишини, пойабзали гўзал бўлишини ёқтиради-ку?» деб сўради.
«Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севадир», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга жавоб берар эканлар. Кишининг ўзини камтар тутган ҳолда гўзал кийиниши гўзалликни севувчи Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло севган ишга амал қилгани бўлади. Мусулмон инсоннинг гўзал кийиниши зинҳор кибрланиш эмас.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севадир», деган гаплари мўмин-мусулмонларнинг муомалавий ҳаётларидаги бош шиорлари бўлиши керак.
Албатта, бунда кибрдан четланиш шартдир. Буни амалга ошириш учун кибр нимадан иборат эканини яхши билиб олиш зарур. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича таърифламоқдалар:
«Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни паст санашдир».
Демак, ҳақни инкор қилиш ва одамларни пастга уриш кибр экан. Мўмин-мусулмон киши бировга жабр қилувчи, кибрланувчи бўлмаслиги керак. Аксинча, ўзини камтар тутиши, ҳаммани тенг кўриши, мутавозеъ бўлиши лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан рйвоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни уч тоифага Аллоҳ гапирмайди, уларни покламайди ва уларга назар ҳам солмайди. Уларга аламли азоб бўлади; зинокор чол, каззоб подшоҳ ва мутакаббир камбағал», дедилар
».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикри келган уч тоифадаги мавжуд ёмон сифатларнинг ҳар бири оддий ҳолатда ҳам, ким бўлишидан қатъи назар катта гуноҳлардан ҳисобланади. Аммо бу уч сифат айнан бу ҳадисда зикр қилинган шахслардан содир бўлганда яна ҳам ёмонроқ бўлар экан.

1. Зинокор чол.
Зино ҳар кимдан содир бўлганда ҳам энг оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади. Аммо бу қабиҳ ишни чол одам қилса, яна ҳам оғирроқ бўлади. Қариб, ёши бир ерга етиб қолганида ҳам қуйилмаган одамнинг зинокор бўлиши жуда ҳам ёмон иш.
2. Каззоб подшоҳ.
Каззоблик кимдан содир бўлса ҳам гуноҳи кабира ҳисобланади. Аммо оддий одамдан каззоблик содир бўлса, бир нави, подшоҳдан содир бўлса, бошқа бир нави.
Оддий фуқаронинг ёлғони жуда оз кишиларга зарар келтириши мумкин. Баъзида унинг ўзига гуноҳ ёзилишидан бошқа зарари бўлмаслиги ҳам мумкин.
Аммо подшоҳ каззоб бўлса, унинг ёлғончилигидан бир эмас, бир неча давлатлар зарар тортиши турган гап. Бунинг устига унинг ёлғончилигидан сонсизсаноқсиз кишилар ўрнак олиши, улар ҳам тап тортмай ёлғонга ўзларини урадиган бўлиб қолишлари турган гап.
3. Мутакаббир камбағал.
Мутакаббирлик ким тарафидан содир этилса ҳам, қанчалар ёмон оқибатларга олиб боришини юқорида ўтган ҳадиси шарифлардан жуда ҳам яхши англаб олдик.
Аммо камбағал киши мутакаббирлик қилса, яна ҳам оғир бўлади. Зотан, камбағалнинг камбағаллигининг ўзи унинг мутакаббир бўлмаслигини тақозо этади. Бас, камбағалнинг мутакаббирлик қилиши бошқаларнинг бу қабиҳ ишни қилишига нисбатан икки ҳисса ёмон бўлади.
Ушбу сабабларга кўра, мазкур уч тоифага мансуб шахсларга охиратда бўладиган муносабат жуда ҳам шиддатли бўлиши таъкидланмоқда.
Қиёмат куни мазкур уч тоифага алоҳида муомалада бўлинади.
Аллоҳ уларга гапирмайди!
Аллоҳ уларни покламайди!
Аллоҳ уларга назар ҳам солмайди!
Уларга аламли азоб бўлади!

Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан розияллоҳу анҳум ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мутакаббирлар қиёмат куни кичик қизил чумоличаларга ўхшаган ҳолларида, кишилар сувратида ҳашр қилинадилар. Уларни ҳар макондан хорлик қоплаб олган бўлади. Бас, уларни жаҳаннамдаги Булиса номли қамоққа ҳайдаб борилади. Уларнинг устида оловларнинг олови бўлади. Уларни аҳли дўзахнинг йиринги - тийнатул хабол ила суғорилади», дедилар
».
Шарҳ: Мутакаббирларнинг қиёмат куни аҳволлари қанчалар даҳшатли бўлишини Ушбу ҳадиси шарифдагидек сифатлаш қийин бўлса керак. Хорлик устига хорлиқ азоб устига азоб. Бу хорлик ва азоблар мутакаббирларнинг бу дунёда ўзларини тутишларига тамоман зид бўлган ҳолда юзага келади.
Бу дунёда ўзини жуда ҳам катта фаҳмлаб, бошқалардан устун қўйиб юрган мутакаббирлар қиёмат куни барча халойиқ қайта тирилтирилганида «кичик қизил чумоличаларга ўхшаган ҳолларида, кишилар сувратида ҳашр қилинадилар».
Бундан ортиқ хорлик бўлиши мумкинми?! Одам сувратидаги, митти қизил чумолича ҳажмидаги жонзотни тасаввур қилиб кўринг-а!
«Уларни ҳар макондан хорлик қоплаб олган бўлади».
Мутакаббирларни бир ёки икки тарафдан эмас, ҳар тарафдан, олти тарафдан хорлик қоплаб олган бўлади. Мутакаббирларларни суврат ва ҳажмда хорликлари етмаганидек, ана ўша кичик қизил чумолича шаклидаги хору зор одамчаларни яна ҳар тарафдан хорлик қамраб турибди.
«Бас, уларни жаҳаннамдаги Булиса номли қамоққа ҳайдаб борилади».
Мутакаббирларнинг хорлигини яна ҳам зиёда қилиш учун уларга дўзахда алоҳида қамоқхона ҳам тайёрлаб қўйилган.
«Уларнинг устида оловларнинг олови бўлади».
Оддий дўзахилар олов билан жазолансалар, мутакаббир дўзахилар оловларнинг олови ила жазоланадилар. Албатта, оловларнинг оловида куйибёнганлар роса чанқашлари турган гап. Улар бирор ичиладиган нарсага муҳтож бўладилар. Шунда:
«Уларни аҳли дўзахнинг йиринги - тийнатул хабол ила суғорилади».

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши:
«Сенда такаббур бор дейсизларми? Батаҳқиқ, мен эшак минганман, шамла кийганман ва қўй соққанман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ким шуни қилса, унда кибрдан бирор нарса бўлмайди, деганлар», деди
».
Шарҳ: Демак, такаббурлик кишилар билан бўладиган муомалада кўринар экан. Хусусан, камтар, мутавозеъ киши оддийроқ, одмироқ маркабни минишдан орланмас экан. Масалан, улов сифатида эшак миниб юрган одам мутакаббир бўлмас экан.
Шунингдек, такаббури йўқ одам оддий кийимларни кийиб ҳам юраверади. Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу ўзларининг камтарликлари далили сифатида шамла кийганларини айтмоқдалар. Шамла елкадан ёпиниб юрадиган оддий кийим.
Камтар одам қўй боқишни ўзига ор деб билмайди. Уни ушлаб, қўрага қамаб, уни ўзи соғиб келган киши ҳам кибрли одам бўлмайди.
Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари таъкидлаганлар.

Салама ибн Аквъа  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши ўзидан кетишда давом этаверса, жабборлардан бўлиб қолади», дедилар
».
Учовини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Киши ҳавойи нафсини жиловламаса, уни эркалатиб кўтар-кўтар қилаверса, кибр даражасига етиб қолиши турган гап. Бу ҳолатда у жабборлардан бўлиб қолади ва уларга бериладиган жазоларга бу ҳам гирифтор бўлади.

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен унга жамол маҳбуб қилинган одамман. Менга ундан ўзингиз кўриб турган нарса берилган. Ҳаттоки, бирортаси менинг кавшимнинг ипида ҳам мендан устун бўлмасин, дейман. Ана шу кибрданми?» деди.
«Йўқ! Аммо кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни паст санашдир», дедилар
».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан Ислом гўзаллик дини эканини ва кибрга қарши эканини яна бир бор аниқроқ билиб оламиз.
Мўмин-мусулмон киши гўзалликка эътибор бериши, кийими чиройли бўлиши учун уриниши, ҳаттоки, арзимаган нарса, пойафзалининг ипини ҳам ҳаммадан чиройли бўлишига ҳаракат қилиши кибрга кирмас экан.
Кибр қалбдаги хасталик бўлиб, унга мубтало бўлган инсон Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрлари ва наҳйиларини эътиборсиз қолдириб, ҳақни зое қилишдан, одамларни паст санашдан, уларни назар-писанд қилмасликдан иборатдир.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz