Қабристонда ёки ўтганларга атаб тиловат қилиш Принтер учун
20.10.2010 й.
Барча мусулмонлар оммаси ўтганларга атаб, жумладан қабристонда Қуръон тиловат қилишга одатланганлар. Турли мазҳабларнинг уламолари бу ишга ўз фатволарини берганлар. Аммо баъзи кишилар бу ишга ҳам хилоф қилишган. Улар дастлабки пайтда бу иш бўлмаган деган гап ила одамларни ўтганларга атаб Қуръон тиловат қилишдан қайтарадилар. Ҳа, бошқаларни қайтарадилар. Ўзлари бу ишни қилмаслик билан кифояланмайдилар, айнан бошқаларни қайтарадилар. Уларнинг бу борада аввал айтиб ўтилган гапдан бошқа далиллари йўқ. Аммо дастлабки пайтда бу ишнинг оммавий равишда бўлмаганинг ўзи уни қилмасликка далил бўла оладими, ўзи деган гап уларнинг хаёлларига ҳам келмайди.
Муҳтарам ўқувчиларимизга ўзимизга бу масалада келган кўплаб саволларга берилган жавоблардан бирини намуна тарийқасида тақдим этамиз.
Савол: Ассалому алайкум Шайх ҳазратлари!
Қабристонда Қуръон тиловати ҳақида маълумот берсангиз?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Имом Жалолиддин Суютий ўзларининг «Шарҳус Судури бишарҳи ҳолил мавта вал қубури» номли китобларида «Дафн пайтида айтиладиган нарсалар боби»да жумладан қуйидагиларни келтиради:

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қачон бирингиз вафот этса, уни ушлаб турманглар. Уни қабрига тезроқ элтинглар. Унинг бош тарафида «Фотиҳа»сини, икки оёғи тарафида «Бақара» сурасининг охирини қабрига ўқисин», деганларини эшитдим».
Табароний ва Байҳақий ривоят қилган.

Абдуррҳман ибн ал-Алаа ибн Лажлождан ривоят қилинади.У ўғилларига:
«Қачон мени қабримга қўйсангиз, бисмиллаҳи ва ала суннати Расулиллаҳи саллаллоҳу алайҳи васаллам, дегинлар. Сўнгра устимга тупроқ тортинглар. Кейин бош тарафимда «Бақара»нинг аввали ва охирини қироат қилгин. Мен Ибн Умар шуни мустаҳаб қилганини кўрганман», деди».
Байҳақий ривоят қилган.
Яна ўша китобнинг «Маййитга ёки қабрга Қуръон қироат қилиш боби»да имом Жалолиддин Суютий роҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:
«Мусулмонлар барча асрларда ҳеч қандай инкорсиз жамланиб, ўликларига қироат қилиб келмоқдалар. Бас, бу нарса ижмоъ бўлади. Буларнинг ҳаммасини Ҳофиз Шамсиддин Абдул Воҳид ал-Мақдисий ал-Ҳанбалий шу масала бўйича таълиф қилган жузида зикр қилган.
Қабрга қироат қилишга келсак, унинг шариатда борлигига бизнинг асҳобларимиз ва бошқалар жазм қилганлар.
Заъфароний айтади: «Шофеъий раҳимаҳуллоҳудан қабр олдида қироат қилиш ҳақида сўрадим. Ҳечқиси йўқ», деди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал буни аввал инкор қилар эди. Чунки унга бирор ривоят етмаган эди. Унга ривоят етганда ўз фикридан қайтган».
Имом Жалолиддин Суютийнинг «Шарҳис-Судури бишарҳи ҳолил мавта вал қубури» номли китобида зикр қилинган имом Аҳмад ибн Ҳанбалга қабр устида қироат қилишга ҳужжат бўлган ривоятни қандоқ етганинини шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳи «Саласу расоила фии истиҳбоби дуои ва рафъул ядайни фийҳи баъдас саловотил мактуба» номли китобга ёзган муқаддимада ўқиймиз:
«Ибн Қайюм «Китобур руҳ»нинг аввалида (51-бетда) зикр қилади: «ал-Халлол айтди:
«Ҳасан ибн Аҳмад ал-Варроқдан, у Али ибн Мусо ал-Ҳаддоддан ривоят қилади:
«Аҳмад ибн Ҳанбал ва Муҳаммад ибн Қудома ал-Жавҳарий билан бирга жанозада эдим. Маййит дафн қилинганида бир кўр киши қабр ёнида ўтириб қироат қила бошлади. Шунда Аҳмад унга:
«Эй сен! Қабрнинг ёнида қироат қилиш бидъатдир!» деди.
Мақбарадан чиққанимизда Муҳаммад ибн Қудома Аҳмад ибн Ҳанбалга:
«Эй Абу Абдуллоҳ! Мубашшир ал-Ҳалабий ҳақида нима дейсан?» деди.
«Ишончли одам», деди.
«Ундан бирор нарса ёзганмисан?» деди.
«Ҳа», деди.
«Мубашшир менга Абдурроҳман ибн ал-Алаа ал-Лажлаждан, у отасидан хабар берди. Ўша одам дафн қилинганидан сўнг бош тарафида «Бақара»нинг аввали ва охирини ўқишни васият қилган ва Ибн Умарнинг шундоқ васият қилганини эшитганман, деган экан», деди.
Шунда Аҳмад унга:
«Қайтиб бориб ҳалиги одамга айт, қироат қилаверсин», деди».
Имом Аҳмадни Аллоҳ раҳм қилсин. У билан ҳақнинг орасида адоват йўқ эди» (7–8-бетлар).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзиси қабр устига капасини тикиб олди. У ер қабр эканини билмади.  Кейин қабр ичидаги инсон «Таборак» сурасини охиригача қироат қилганини эшитди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ё Аллоҳнинг Расули, билмасдан капамни қабрнинг устига қуриб олибман. Унинг ичида бир одам Таборакал мулк сурасини охиригача қироат қилди, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У («Таборак» сураси) манъ қилувчидир. У нажот берувчидир. Унга қабр азобидан нажот беради», дедилар.
Термизий ва Табароний ривоят қилган.
Ўликнинг қабр ичида туриб Қуръон қироат қилгани собит бўлганидан кейин тириклар қабр устида туриб қироат қилишларини нима учун манъ қилиш керак?!
Шунинг учун, бизда дафндан кейин «Таборак» сурасини қироат қилиш одат бўлган.
Бошқаларда, масалан, Либияда «Ясин» сурасини қироат қилиш одат бўлган.
Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби бўйича руҳ-баёнга, нутқ қилишга ва хитобни фаҳмлашга қодир бўлган жон жасаднинг йўқ бўлиши билан йўқ бўлиб кетмайди. У мавжуд ҳолда бўлади. Ўлганларнинг руҳлари тўпланади. Азоб ва савоб ҳам руҳга, ҳам баданга бўлади. Руҳ бадандан ажраганидан кейин неъматланиши ёки азобланиши давом этади.
Маййит ўзининг тирик яқинларининг ҳолини билиб туради. Уларнинг яхши ишларидан хурсанд, ёмон ишларидан хафа бўладилар.
Маййит ўзини зиёрат қилганларни билади ва у маъруф иш қилса, фойда, мункар иш қилса, озор олади.
Ҳанафий мазҳаби бўйича қабрларни зиёрат қилиш эркак ва аёлларга мандубдир. Бошқа мазҳаблар аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши жоиз эмас, деганлар.
Қабр зиёрати Жума, Шанба, Душанба ва Пайшанба кунлари бўлгани яхши. Зиёрат ва дуо тик турган ҳолда бўлади.
Зиёратчи «Ясин» сурасини қироат қилиш мандубдир. Буни «ал-Баҳру ар-Роиқ» китобининг соҳиби ва аз-Зайлаъий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Унда Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Ким мақбараларга кирганда «Ясин» сурасини қироат қилса, Аллоҳ ўша куни уларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади», деганлар.
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўликларингизга «Ясин»ни қироат қилинг», дедилар.
Аҳмад, Ибн Можа, Абу Довуд ва Ҳокимлар ривоят қилишган.
Шунингдек, «Фотиҳа» сураси, «Бақара» сурасининг аввалида «муфлиҳун»гача, оятул Курсийни, «Аманаррусулу»ни, «Таборак» сурасини, «Такаасур» сурасини, «Қул аъузу бироббил фалақи» ҳамда «Қул аъузу бироббиннаси»ни уч мартадан ва «Ихлос» сурасини уч, етти ёки ўн бир марта ўқиса бўлади. Қироатнинг савобини ўтганларга бағишлаб дуо қилинади. Валлоҳу аълам.

ИККИНЧИ САВОЛ: Қабр бошида тиловат килишликни макруҳ деб билар эдим, дўстларим, менга баъзи китобларни кўрсатиб, мана бу ерда қабр бошида тиловат қилса бўлар экан-ку, деб айтишмокда. Яна маййит кўмилганда, савол-жавоб пайтида каловланиб қолар экан, шунинг учун ҳар қадамда, ё етти қадамда тиловат қилиш керак, дейишмоқда. Мен уларга диннинг аслини, хақиқатини тушунтирмоқчи бўлдим. Исбот, далил келтиролмаганим учун улар гапимни ҳазм қила олишмаяпти.

2-САВОЛГА ЖАВОБ:

Маъқил ибн Ясар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўликларнингизга «Ясин»ни қироат қилинг», дедилар».
Абу Довуд, Насаий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни тушунишда уч хил ижтиҳод қилганлар.
Баъзилари, ҳадисдаги «ўликларингизга» дейилганидан мурод ўлим тўшагида ётганларингизга, дейилгани. Шунинг учун муҳтазар кишига «Ясин» сурасини ўқиш керак. Бу сурада, қайта тирилиш, қиёмат, жаннат ва дўзах, шайтоннинг фитнасидан ҳазир бўлиш каби масалалар зикр қилингани учун айнан шу сурани ўқишга амр қилинган, дейдилар.
Бу гуруҳдаги уламоларнинг машҳурлари Имом Молик ва Имом Шофеъийлардир.
Иккинчи тоифа уламолар Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Ҳанафийлар, баъзи Моликий ва Шофеъийлар бўлиб, улар, қироат ўликлар учунгина қилинади, деганлар ва ўз гапларига ушбу ҳадисни ва Ислом умматининг амалини ҳужжат қилиб келтирганлар. Шу билан бирга ўз нуқтаи назарларини қуйидагича шарҳлаганлар:
1. Ҳадисда, ўликларингизга, дейилган, ўлим тўшагида ётганларингизга, дейилган эмас. Ўлик ҳақиқатда ўлиб бўлган шахсга ишлатиладиган лафздир. «Ўлик» сўзини ўлим тўшагида ётган кишига ишлатиш учун қўшимча далил ёки ишора керак. Бу ерда у нарса йўқ. Имом Шавконий шуни айтади:
«ал-Муҳиб ат-Табарий:
«Мазкур ҳадисга умумий жиҳатдан амал қилиш ҳақдир. Буни Дора Қутний келтирган қуйидаги ҳадис ҳам қўллайди:

«Ким қабристонга кириб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиб савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича ажр берилади».
2. Қироатниг ҳикматларидан бири енгиллик келтиришдир. Бу нарса муҳтазарга матлуб бўлганидек, маййитга ҳам матлубдир.
«Муснадул Фирдавсда»: «Қайси бир ўлик ўлгандан кейин унинг олдида «Ясин» қироат қилинса, албатта, Аллоҳ унга енгиллик беради», дейилган.
Имом Аҳмад: «Машойихлар қачон маййит учун «Ясин» қироат қилинса, унга енгиллик берилади», дер эканлар», деган.
3. Жаноза намозида «Фотиҳа» сураси ўқилишига қиёс қилинади.
4. Ҳадисларда қабрларни зиёрат қилишда ўликларга салом бериш талаб қилинган. Агар маййит башарнинг каломи бўлмиш саломдан унсу улфат топар экан, нима учун Аллоҳнинг каломидан унс олмаслиги керак?!
5. Қуръон қироат қилинган жойда сакийна ва раҳмат нозил бўлиши маълум ва машҳур. Нима учун маййит бор жойга сакийна ва раҳмат нозил бўлмаслиги керак экан?!
6. Ҳадиси шарифда ривоят қилинганки, сафарга чиққан бир одам билмасдан қабр устига капа тиқиб олади. Кейин қабр ичидаги инсон «Таборак» сурасини охиригача қироат қилганини эшитиб, буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинганда у зот:

«У (Таборак сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Унга қабр азобидан нажот беради», деганлар.
Ўликнинг қабр ичида туриб Қуръон қироат қилгани собит бўлганидан кейин тириклар қабр устида туриб қироат қилишларини нима учун ман этиш керак?!
Қироатни ман қилувчи ҳеч қандай далил йўқ. Маълумки, шариат бўйича бирор ишни қилишга ҳам, қилмасликка ҳам далил–ҳужжат бўлиши керак. Ўликка қироат қилишни ман қиладиган далил йўқ. Ушбу тоифа уламолар бу гаплар қироати Қуръон қилиб савобини бағишлаганда айтиладиган гаплардир, агар савобини бағишлайдиган бўлса, бу гапларга ҳам ўрин қолмайди, чунки, унда дуо маъносига айланади, дуодан маййит манфаат олишини ҳеч ким инкор қила олмайди, дейдилар.

УШБУ МАСАЛАГА МИСР МУФТИЙСИНИНГ ЖАВОБИ

Бу каби ихтилофли масалалар фақат бизда, Ўрта Осиёда ёки МҲД давлатларида эса, бошқа ерлардан ҳам борлиги далили сифатида, Миср Араб Жумҳурияти бош муфтийси Шайх Али Жумҳа ҳазратларининг жавобларини “Замонавий фатволар” номли китобларидан таржима қилинган матнни келтиришга ижозат бергайсиз.
Савол: Дафн давомида ёки ундан кейин қабр олдида Қуръон ўқишнинг ҳукми нима? Маййитга Қуръон талқин қилинишининг ҳукми нима? Баъзи бир кишилар бундай иш бидъат бўлиб, на Қуръон, на ҳадис, ва на эргашиш лозим бўлган хабарда келмаган, Қуръон қабрлар олдида тиловат қилиш учун нозил қилинмаган, дейишади. Бу ҳақда шариатнинг ҳукми нима?
Жавоб: Қуръон тиловати шариат буйруғида умумлаштирилган ҳолатда айтилган. Умумий буйруқ эса, жамики макон, замон, шахс ва ҳолатларни ўз ичига олади. Ушбу умумийликни фақат далил билан чеклаш мумкин, холос. Агар далил бўлмасдан чекланса, бидъат ишни қилган бўлиб, Аллоҳ ва Расули кенг қилиб қўйган ишни торайтириш бўлади.
Шунга биноан, қабр олдида, дафндан олдин ёки кейин Қуръон тиловат қилиш шаръий амал бўлиб, насс-матннинг умумийлиги ҳам шунга далолат қилмоқда. Бунга яна қўшимча равишда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари ва салаф солиҳлардан ворид бўлган кўплаб асарлар бордир.
Бу ҳақда имом Абу Бакр Халлол Ҳанбалий (311-ҳижрийда вафот этган) "Жомеъ" китобининг "Қабрлар олдидаги қироат" номли жузъида, Ҳофиз Шамсиддин ибн Абдулвоҳид Мақдисий Ҳанбалий китобининг ушбу масаладаги жузъида, имом Қуртубий Моликий (671-ҳижрийда вафот этган) "Охират иши ва ўликлар ҳолати хусусида эслатма" номли китобида, Ҳофиз Суютий Шофеъий (911-ҳижрийда вафот этган) "Ўликлар ва қабр ҳолатини шарҳлашда қалб очқичи" номли китобида, Ҳофиз Абдуллоҳ ибн Сиддиқ ал-Ғиморий (1413-ҳижрийда вафот этган) "Қуръон савоби етишида баённи очиқ-ойдин бўлиши" китоби ва бундан бошқа китобларда бу масала хусусида сўз айтилган.
Бу хусусда очиқ-ойдин келган саҳиҳ ҳадислар;
1. Абдураҳмон ибн Алоо ибн Лажлождан, у отасидан ривоят қилинади:

«Отам менга: "Эй ўғилчам! Агар вафот этсам,мени лаҳадга қўйгин. Лаҳадимга қўйиб бўлгач: "Бисмиллаҳи ва ъала миллати расулиллаҳ", деб устимдан тупроқ сочгин. Кейин бош томонимда «Бақара» сурасининг аввали ва охирини ўқигин, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай деяётганларини эшитганман", деди».
Табароний ривоят қилган.
Худди мана шу ҳадисни Ибн Умар мавқуф ҳолатда ривоят қилган. Шунингдек Халлол ҳам "Қабрлардаги қироат" жузъида, Байҳақий "Сунан ал-Кубро"да ва бу икковиларидан бошқалар ҳам ривоят қилишган. Имом Нававий ва Ибн Ҳажар бу ҳадисни ҳасан дейишган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Агар сизлардан бирор киши вафот этса, уни ушлаб турманглар. Қабрига тез олиб боринглар. Бош томонида «Фотиҳа»ни ўқинглар. Қабрнинг оёқ томонида «Бақара» сурасининг охирини ўқинглар", дедилар.
Табароний ва Байҳақий ривоят қилган.
Имом Ҳофиз "Фатҳ"да "китобнинг бошланиши", деган ривоятни ўрнига "Бақарани бошланиши", деб айтганлар. Бу масалада бошқа ҳадислар ҳам бор лекин бироз кучсиздир.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрлар олдидан ўтаётиб "Қул ҳуваллоҳу аҳад"ни ўн бир марта ўқиб сўнгра уни ажрини ўликларга бахшида этиб, ўликлар ададича уни ажридан берилди, дедилар».
Ушбу ривоятни Халлол "Қабрлардаги қироат" номли китобида, Самарқандий "Қул ҳуваллоҳу аҳадни фазийлати" китобида ривоят қилишди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Ким қабристонга кириб сўнгра «Фотиҳа», «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Алҳакумут такасуру» сураларини ўқиб, кейин Аллоҳим! Ушбу каломингдан ўқиган нарсаларни савобини қабристондаги мўмин ва мўминаларга атадим деса, Аллоҳга у хусусида шафоатчи бўлишади", дедилар».
Абулқосим Занжоний "Фавоид" номли китобида ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Ким қабристонга кириб «Ёсин» сурасини ўқиса, Аллоҳ таоло у ердагилардан азобни енгиллатади ва у ердагилар ададича ҳасанот ёзади", дедилар».
Соҳибул Халол ривоят қилган.
Ҳофиз Шамсиддин ибн Абдулвоҳид Мақдисий Ҳанбалий бу масаладаги қисмда таълиф этган нарсалари қуйидагичадир. Ушбу мавзудаги ҳадислар заиф бўлса ҳам уларни мажмуаъси асли борлигини билдиради. Барча ўлка ва асрдаги мусулмонлар ҳеч қандай инкорсиз ижмоъ бўлган ҳолларида ўликларига Қуръон ўқийдилар.
2. Суннатда «Ёсин» сурасини ўликларга қироат қилиш хусусида қуйидагилар айтилган.

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Ўликларингизга «Ёсин» сурасини ўқинглар", дедилар».
Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган.
Қуртубий ушбу ҳадисни шарҳлаб, ушбу қироат маййит ўлган вақтда ёки қабри ҳузурида бўлиши мумкин, деган.
Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий "Фатво" китобида «Ёсин» қироати юқоридаги икки ўринда ҳам мандуб», деган.
3. Шунингдек, шариат ҳам жанозага «Фотиҳа» сурасини ўқишни айтган. Чунки бунда маййитга хос манфаат бор бўлиб, раҳмат ва мағфират ҳам мужассамдир. Аммо ундан бошқа сураларда ундай эмас.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Фотиҳа сураси бошқа сураларни ўрнини босувчидир. Лекин бошқа суралар унинг ўрнини боса олмайди", дедилар».
Дора Қутний ривоят қилган. Имом Ҳоким саҳиҳ деган.
Шунинг учун, имом Бухорий ҳам саҳиҳ китобларида "Фотиҳани ўликка ўқиш боби" деб алоҳида бобга ажратдилар. Демак, у жаноза намози ёки унинг ташқарисида бўлишдан умумийроқдир.
Жаноза намозида «Фотиҳа» сурасини ўқишга далолат қилувчи бошқа ҳадислар ҳам ҳадислар бор. Ундан ташқари «Фотиҳа» сурасини дафн пайти ёки ундан кейин ўқилишига далолат қилувчи ҳадислар ҳам бор.

Умму Афиф Наҳдийядан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилинганида, биз аёллар ҳам байъат қилдик. Ўша байъатда эркаклар фақат маҳрамлари билан гаплашишига ва ўликларимизга «Фотиҳа» сурасини ўқишга буюрдилар».
Табароний ривоят қилган.

Умму Шарик розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликка фотиҳа сурасини ўқишни буюрдилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
4. Уламолар қабр олдида Қуръон қироат қилишга Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу қилинган қуйидаги ривоятни ҳам далил қилиб келтиришади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр олдидан ўтаётиб: "Бу икки қабрдагилар азобланишмоқда. Уларни азобланиши катта бўлмаган нарсадандир. Улардан бири чақимчилик қилиб юрар иккинчиси эса сийдигидан ўзини тўсмас эди, дедилар-да, ҳўл новдани олиб иккига бўлиб, ҳар бирини алоҳида қабрга суқдилар. Кейин шоядки булардан азоб енгиллатилса", дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
Хаттобий: "Бу Қуръон тиловати қабрлар олдида бўлгани маҳбуб эканига далилдир. Чунки дарахт(шохи)нинг тасбеҳидан маййит наф олганидан кейин, Қуръон тиловатидан ундан кўп фойда ва барака умид қилинади", деди.
Имом Қуртубий: "Баъзи уламолар қабр олдида Қуръон қироати қилинишига икки новда ҳадисини далил қилишади ва қабрларга дарахт экиш ҳамда Қуръон тиловатини фойда эканини таъкидлашади. Дарахтлар азобни енгиллатганидан кейин қандоқ қилиб мўмин кишини Қуръон тиловат қилиши фойда бермасин. Шунинг учун, уламолар қабр зиёратини мустаҳаб, тиловат зиёратчидан маййитга туҳфадир, дейишган ", деди.
Имом Нававий "Саҳиҳ Муслим" шарҳида: "Уламолар қабр олдида Қуръон тиловат қилишни мана шу ҳадисга асосан мустаҳабдир, дейишган. Шохнинг тасбеҳи билан азоб енгил бўлгач, Қуръон тиловати билан азобни енгиллашиши янада аълороқдир», деган.
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр устида жаноза намозини бир неча марта ўқиганлар. Ушбу хабар икки саҳиҳ ва бошқа китобларда келган. Намоз эса, Қуръон тиловати, салавот, зикр ва дуоларни ўз ичига олади. Демак, буларнинг барчаси жоиз бўлган нарсада, баъзиси жоиз бўлиши табиийдир.
Шунингдек, уламолар қуйидагиларни айтадилар:
«Маййитга қироат савобини етиб боришини ҳажни савоби маййитга етиб боришидан қиёс қилиб олганлар. Чунки ҳаж ҳам намоз амалини ўз ичига олади. Ўз-ўзидан намозда «Фотиҳа» ва бошқа суралар бор. Демак, буларнинг барчаси етиб борганидан кейин баъзиси, яъни тиловат етиб бориши табиийдир. Баъзилар тортишса ҳам, мана шу охирги маънодир. Лекин аксар уламолар қироат қилувчи маййитга қироати савобича савоб берилишини сўраса, Аллоҳ Ўз изни билан ўшандай савоб беради. Чунки, Карим сифатли Зот агар Ундан сўралса албатта, беради. Ва дуо қилинса, ижобат қилади».
6. Мана шу, ҳеч қандай инкорсиз авлоддан авлодга, салафдан халафга ўтиб келаётган амал бўлиб, эргашилаётган мазҳабларда эътимодли нарсадир. Ҳаттоки, Ҳофиз Шамсиддин ибн Абдулвоҳид Мақдисий Ҳанбалий ҳамда Шайх Усмонийлар ҳам китобларида қуйидагича нақл қилишган. Албатта, истиғфор, дуо, садақа, ҳаж ва қул озод қилишда маййитга манфаат бўлиб, савоби унга етиб туради. Қабр олдида Қуръон тиловат қилиш эса мустаҳаб амалдир.
Салаф солиҳлардан ушбу мавзудаги асарлар
Ибн Абу Шайба "Мусаннаф" китобида имом Шаъбийдан қилган ривоятда ансорийлар маййит ҳузурида «Бақара» сурасини ўқишар эди, деб айтилган.
Имом Халлол "Қабрлардаги қироат" номли китобларида:
"Ансорлар агар бирор маййит ўлса, унинг қабрига навбат билан қатнаб, у ерда Қуръон ўқишар эди", деб айтганлар.
Халлол Иброҳим Нахаийдан ривоят қилиб:
"Қабрлар олдида Қуръон қироат қилишда зарари йўқ", деб айтдилар.
Ҳасан ибн Саббоҳ Заъфаронийдан ривоят қилиб:
"Шофеъийдан қабрлар олдида қироат қилиш хусусида сўрадим. Шунда у зот зарари йўқ, деганлар", деб айтди.
Али ибн Мусо Ҳаддоддан ривоят қилинади:
«Мен Аҳмад ибн Ҳанбал ва Муҳаммад ибн Қудома ал-Жавҳарийлар билан жанозада эдим. Маййит дафн этилгач, кўзи ожиз бир киши қабр олдида ўтириб, тиловат қила бошлади. Шунда Аҳмад ибн Ҳанбал: "Эй фалончи! Қабр олдидаги қироат бидъатдир", деди. Қабристондан чиққач, Муҳаммад ибн Қудома Аҳмад ибн Ҳанбалга: "Эй Абу Абдуллоҳ! Мубашшир Ҳалабий хусусида фикрингиз қандай?" дегандилар, имоми Аҳмад: "У ишончли", дедилар.
Имом Аҳмад: "Сиз у кишидан бирор нарса ёзиб олганмисиз?" дегандилар, Муҳаммад ибн Қудома қуйидагича жавоб берди: «Мубашшир Абдураҳмон ибн Алоодан у эса отасидан ривоят қилади. Отаси васият қилиб: "Агар дафн қилсангиз маййитнинг бошида «Бақара» сурасини боши ва охирини ўқинглар. Чунки мен Ибн Умарнинг мана шундай васият қилганларини эшитганман", дедилар. Шунда имоми Аҳмад: "Бориб ҳалиги кишига айт, тиловат қилаверсин", дедилар.
Эргашилаётган мазҳаб соҳибларининг бу хусусда айтган сўзлари
«Фатавои ҳиндийя" китобида ҳанафий олимлари келтиришларича, маййит дафн этилгач қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча миқдорда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир».
Муҳаммад ибн Ҳасан Ҳанафий машойихлари мана шу сўзни олишган, дедилар.
Аммо Моликий машойихлари наздидаги эътимодли нарса, ана шу амалнинг мустаҳаб эканлигидир. "Шарҳул кабир"га ёзилган Дасуқий ҳошиясида Ибн Ҳабиб ана шу амални маҳбуб, деб агар ушбу амални суннат қилиб олган киши имом Молик билсалар кариҳ кўрардилар, дейилган.
Ушбу сўзни Ибн Рушд ҳам нақл қилган. Худди ушбу сўзни Ибн Юнус ҳам нақл қилган. Имом Лахмий эса, қироат маҳбуб, деб эшитишни аъло кўрмаган. Ибн Ҳабиб «Ёсин» сурасини ўқишни маҳбуб деганлар. У икковларидан бошқаларни сўзларидан ҳам мутлақ ҳолатда қироат маҳбуб экани билинади.
Ваззоний Моликий "Навозилус суғро" китобида келтиришларича, қабрдаги қироат хусусида Ибн Рушд "Ажвиба" китобида, Ибн Арабий "Аҳкамул Қуръон" китобида, Қуртубий "Тазкира" китобида келтириб, маййит қироатдан хоҳ қабрда бўлсин, хоҳ уйида бўлсин манфаат олиши айтилган.
Ушбу фикрни кўплаб Моликий мазҳаби уламолари ҳам нақл қилишган. Улардан: Абу Саъийд ибн Лубб, Ибн Ҳубайб, Ибн Ҳожиб, Лахмий, Ибн Арафа, Ибн Мавоқ ва бошқалар ҳам бор.
Шофеъий уламоларидан имом Нававий "Мажмуъ" китобида қуйидагиларни айтади:
«Соҳибларимиз қабрларни зиёрат қилувчиларга аввало салом бермоқ ва зиёрат қилаётганда барча қабр аҳлига дуо қилмоғи мустаҳабдир. Ана ўша саломи ва дуоси ҳадисдаги нарсаларга мувофиқ бўлмоғи керак. Ва Қуръондан муяссар бўлганича ўқиб, ортидан дуо қилмоғи керак. Имом Шофеъий ва соҳиблари мана шунга иттифоқ қилиб, далил келтиришган.
Имом Нававий ал-Азкор китобида келтиришларича, маййитни дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича уни ҳузурида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар эса, Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлини ҳикоялари ва солиҳларни ҳолатларини суҳбатига машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари Қуръондан баъзи қисмларни ўқилади. Бордию Қуръонни барчасини хатм қилинса, яхшироқ бўлади, деб айтишди.
Шунингдек, Ҳанбалий олимлари ҳам қабр олдида Қуръон тиловатини жоизлигини айтишган.
Аллома Мирдовий "Инсоф" китобида қабр олдида қироат қилиш икки ривоятни саҳиҳроғига қараганда кароҳиятли эмас, деб айтган. "Фуруъ" китобида ҳам имом Аҳмад далил келтирганлар. Ушбу китобнинг шарҳида бу имом Аҳмаддан машҳурдир, дейилган.
Халлол ва соҳиблари қироат кароҳиятли эмас, дейишган. Кўпгина соҳиблар ҳам шунга иттифоқ қилишган. Улардан бири имом Қозий бўлиб, у фикрни "Важиз, Фуруъ, Муғний, Шарҳ" китобларида келтирилган. Ибн Тамим эса "Фоиқ"да келтирган.
Сийрат, таржимаи ҳоллар ва тарих китобларини ўқиганлар ҳам салафларнинг бу хусусдаги амалларини ва умматни ҳеч қанақа инкорсиз унга эргашганларини, хусусан Ҳанбалий ва аҳли ҳадис бўлмиш биродарларни топади. Биз сўзимизни тасдиғи учун Ҳофиз Заҳабийнинг "Сияру аъломун нубало" китобидаги Абу Жаъфар Ҳошимий ал-Ҳанбалийнинг (470-ҳ, вафот этган) таржимаи ҳолларини келтириш билан кифояланамиз. Бу зот ўз асрларида Ҳанбалийларнинг шайхи бўлган. Вафот этганларида имом Аҳмаднинг қабрлари ёнига дафн этилган. Одамлар у зотнинг қабрларини бир муддат лозим тутиб ўтиришган. Айтилишича, қабрлари устида ўн минг хатми Қуръон қилинган.
Ҳатто қабр олдида Қуръон тиловати бидъат ва бундай қилиш салаф ҳамда халафларнинг ишига мухолиф, деган шайх Ибн Таймийя розияллоҳу анҳу ҳам вафот этганларида қабрлари ва уйларида хатми Қуръон қилинган. Абдул Ҳодий Ҳанбалий ва бошқалар ҳам буни зикр қилишган.
Шунингдек, маййитга талқин қилиб туриш ҳам мустаҳаб амалдир. Рошид ибн Саъд, Замра ибн Ҳабиб ва Ҳаким ибн Умайрлардан ривоят қилинади. Улар Ҳимс аҳлидан бўлган тобеъийнлардан эди. Улар: "Агар маййитни ерга қўйиб, устидан тупроқ тортилгач, одамлар тарқалишса, ўша маййитни қабри устида туриб, эй фалончи! Ла илаҳа иллаллоҳу, ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳу, деб уч марта айт. Эй фалончи! Роббим Аллоҳ, диним Ислом, набиййим Муҳаммад алайҳиссалом, деб айтгин, дейди-да кейин тарқалади", деб айтишган.
Абу Умома Боҳилийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. У зот: "Агар вафот этсам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликларга бажарилишини буюрганларидек менга ҳам ана шу нарсани бажаринглар. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидагиларни буюрдилар. Агар биродарларингиздан бири вафот этса, қабрига тупроқни текислангач ичингиздан бири қабр бошида турсинда сўнгра: "Эй фалончи ўғли фалончи", десин. У эшитадию аммо жавоб бера олмайди. Эй фалончи ўғли фалончи, десин. Шунда ҳалиги киши ўтириб олади. Эй фалончи ўғли фалончи, десин. Маййит: "Аллоҳ раҳмат қилгур, бизни тўғри йўлга бошла", дейди. Лекин сизлар буни ҳис қилмайсизлар. Шунда атрофдагилар: "Дунёдан чиқаётганингдаги нарсани зикр қил. Яъни, Ла илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан расулуллоҳ. Сен Аллоҳни Рабб деб, исломни Дин деб, Муҳаммад алайҳиссаломни Набий деб, Қуръонни имом деб рози бўлгансан", десин. Чунки Мункар ва накирнинг ҳар бири ўз соҳибини қўлидан ушлаб, биз билан юргин. Ҳужжати талқин қилинган киши ҳузурида бизни ўтқазилмайди, дейди. Аллоҳ таоло уни ҳужжатини иккови орасида тўсиқ қилади. Шунда бир киши: "Эй Аллоҳнинг расули! Агар онасини билмасачи?» деганида, у зот: "(Бутун инсониятни онаси бўлмиш) Ҳаввога нисбат бериб, Эй Ҳавво ўғли фалончи, дейилади.
Ҳофиз ибн Ҳажар ушбу ҳадисни санади солиҳ деганлар. Имом Зиё ҳам "Аҳком"ларида уни кучли деганлар.
Имом Нававий "Равза" китобида ушбу ҳадисни заиф деганлар. Лекин фазийлат ҳақидаги ҳадисларда илм аҳли бўлмиш муҳаддис томонидан ишлатишга рухсат берилган. Ушбу ҳадисни бошқа саҳиҳ ҳадислар мустаҳкамлайди. Масалан, "ўликларга субутни сўранглар" ёки Амр ибн Оссни васиятлари каби. Шом аҳли ҳанузгача бу талқинга аввалги аср яъни эргашиладиганлар замонидан бери амал қилиб келишади. Аллоҳ таоло "Эслатгин, чунки эслатма мўминларга манфаат беради", (Зарият- 55) деган. Демак банда эслатмага бу ҳолатда унданда ҳожатлироқдир.
Ибн Қайюм "Руҳ" номли китобида қуйидагиларни айтадилар: «Одамлар қадим пайтлардан то ҳозирги вақтимизгача ҳадис собит бўлмаса ҳам барча шаҳар ва асрларда ҳеч қандай инкорсиз бунга амал қилиб келишмоқда. Бу уммат мағрибдан машриққача ушбу одатни татбиқ қилган. У умматларни ақл ва маърифат жиҳатидан энг мукаммали бўлиб, ҳеч қачон эшитмайдиган ва ақл қилмайдиган кишига хитоб қилмайди. Мана шу нарсани бирор инкор қилувчи инкор қила олмайди. Балки бу аввалгиларни кейингиларга суннати бўлиб, кейингилар аввалгиларга эргашишади.
Ўлганларга атаб Қуръон қироат қилишнинг ҳукми
Албатта, Қуръон тиловати энг афзал ибодатлардан бўлиб, у билан мусулмон банда раббисига яқин бўлади. Қуръон қироати инсон хоҳ вафотидан кейин бўлсин, хоҳ манзилида ёки уйида бўлсин, хоҳ жанозадан кейин ёки олдин бўлсин ёки қабр олдида бўлсин, бу нарса шаръий ҳукмда жоиз бўлиб, Аллоҳнинг фазли билан маййитни қабрида азобдан енгиллашишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бериб, ўликларга вафотидан кейин Қуръон қироат қилишга ундаганлар. У зот: "Бирор маййитга «Ёсин» сураси ўқилса, енгиллик бўлади", деб айтганлар. Албатта ушбу қироатда тиловат одобларига амал қилиб, ҳарфларни ўз махражидан чиқариш керак.
Ҳанафий мазҳабидагилар маййитга ҳамда тирикларга ҳам Қуръон қироатининг савоби етиб боришини жоизлигини айтишган. Ҳидоя, Бадоиъ, Баҳр ва бошқа китобларда бу ҳақда айтилган.
Шунингдек, Шофеъий мазҳаби уламолари ҳам қироатни савоби агар ўқувчи Аллоҳдан сўраса, маййитга етиб боришини айтишган.
Ибн Абу Зайд "Рисола" китобида Ибн Фарҳундан ривоят қилиб айтишларича, Моликий имомлари ҳам маййитга қироат савоби етишини нақл қилишган.
Ҳанбалий фақиҳларидан Ибн Қудома "Муғний" китобида, маййит барча қурбат бўлувчи нарсалардан манфаат олганидек Қуръон қироатидан ҳам манфаат олади. Демак инсон қандай қурбат қилса ҳам савобини маййитга бағишласа Аллоҳни изни билан манфаат олади.
Ибн Қудома Маъқал ибн Ясордан қилган ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ўликларингизга Ёсин сурасини ўқинглар", деб айтганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон тиловати маййитга хоҳ у маййит қабрда бўлсин ёки ундан узоқда бўлсин, жоиздир. Аллоҳ изни билан савоби маййитга етиб боради. Хусусан қори қироати савобини маййитга бағишласа.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz