Ашъарий ва Мотурийдийлар адашганларми Принтер учун
20.10.2010 й.
Бу сарлавҳадаги гап ихтилофчи бемазҳабларнинг ҳозирча унча тарқалмаган гапларидан бири ҳисобланади. Улар ақийда масаласида бир неча ихтилофни қўзиганлар, аммо ҳозирча бу борадаги ихтилофлари асосан ўзларининг орасида қолиб келмоқда. Аммо ашъарий ва мотурийдийлар адашганлар деган гап ўта хатарли бўлганидан ва савол келиб турганидан бу масалани ҳам ёритиб қўйишни маъқул кўрдик.
Савол: Ассаламу алайкум. Устоз, саволимни мавзусини укиб "Сунний Акидалар" номли китобимни укисанг булмайдими, дейишингиз мумкин, лекин ушбу китобда келган маълумотлар оркали Ашъария ва Мотурудия хакида, тугриси жуда кам маълумот олдим. Асосан Имом Ашъарий ва Имом Мотурудийлар хакида маълумот бергансиз. Хозирча араб тилини мукаммал билмаганлигим сабабли Ашъарийлар ва Мотуридийлар акидасини урганиб чикишга имконим йук (Акийда китобларнинг аксари араб тилида). Шунинг учун сиздан имкон кадар, киска булса хам Ашъарий ва Мотурудийлар акийдасини тушунтириб беришингизни сурайман.
Гап шундаки Саудия Арабистони Дин ишлари вазирлиги кошидаги, имомлар ва хатиблар кенгаши (адашмасам вазирлик ва кенгаш номини тугри келтирдим) томонидан чикарилган "Усусу акийда" номли китобни шарх килиш жараёнида Ашъария ва Мотурудия АДАШГАН секта сифатида зикр килинганини эшитдим (аудио дарсни эшитиш вактида). Шунинг учун, масала акийда бобида кетаётганлиги учун, сиздан Ашъария ва Мотурудия хакида тулик маълумот сураяпман. Ашъария ва Мотурудия адашган жойлари булса нимада адашган, агар адашмаган булса хужжати кандай ва нихоят узи кайси масалаларда Ашъария ва Мотурудия адашган деб хисобланади. Илтимос, куп саволларга киска жавоб берганингиздек менинг саволимга хам киска эмас, балки туликрок жавоб кайтарсангиз. Имкон кадар мени кийнаётган саволни тугри шакклантиришга харакат килдим,агар савол тузишда камчилигим булса, умид киламанки Аллох учун камина биродарингиз хакида яхши гумонга боргайсиз. (агар бу маълумотни каердан олганимни билишни истасангиз, харакат килиб китоб номини, нашриётчини, муаллифни номини излаб-топиб аник келтириб беришим мумкин!) Жавобингизни кутаман.
Нашриёт ва муаллифни аникладим: китобнинг номи - "Усусу ал акийда"; Саудия Арабистони Дин ишлари буйича вазирлик кошидаги Имом ва хатиблар институти томонидан, "Иброхим ибн Абдулазиз ал Иброхим" фонди томонидан нашр килинган.
 
* * *
 
Жавоб: Аслида сиз ўхшаб шикоят қиладиган ва шарт қўядиганларнинг саволларига жавоб бермайман. Аммо сиз кўтарган масала ўта муҳим бўлгани учун жавоб беришга қарор қилдим.
Мен айтмаган гапда нима учун мени айблайсиз. Ҳали ҳануз менга савол берганингиз ва мен сизга "Сунний Ақийдалар" номли китобимни ўкисанг бўлмайдими, деганим йўқ шекилли?! Савол беришнинг одоби шунақа бўладими ёки? “Сунний ақийдалар” китобида бу саволга жавоб топа олмасингиз аниқ. Чунки, у китоб бу каби масалаларни ёритиш учун ёзилган эмас.
Саволингиз ақийда масаласига тегишли бўлгани учун бир оз муқаддима келтиришга тўғри келади.
Имом Ғаззолий аҳли сунна ва жамоа ақийдавий мазҳабининг тарихи ҳақида сўз юритиб қуйидагиларни ёзади: «Калом бир илм бўлиб унинг мақсади аҳли суннанинг ақийдасини аҳли бидъатнинг ташвишидан муҳофаза қилиш ва қўриқлашдир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига Ўз пайғамбари тилида ҳақ ақийдани илқо қилди. Унда уларнинг дини ва дунёсининг салоҳи бордир. Шунингдек, унинг ҳақида Қуръон ва хабарлар нутқ қилди. Сўнгра шайтонлар ўз васвасаси ила бидъатчиларга суннатга хилоф ишларни илқо қилди. Улар ўша ишларни гапирдилар ва аҳли ҳақнинг ақийдасини бузмоқчи бўлдилар.
Бас, Аллоҳ бир тоифа мутакаллимларни пайдо қилди ва уларнинг ҳимматини тартибга солинган калом ила суннатнинг нусрати йўлида ҳаракатга солди. Шу орқали аҳли бидъатнинг суннатга хилоф равишда чиқарган алдамчиликлари фош қилинади. Ана шундан илми калом пайдо бўлди».
Бу гапларга қўшимча қилиб айтамизки, илми калом пайдо бўлган вақтга келиб, ақийдага оид масалаларга аввалги вақтларга ўхшаб фақат Қуръон ва суннатдан далил келтириш билан кифояланиш етмай қолган эди. Қарши тараф ақлий далил ҳам келтиришни талаб қилар эди.
Калом масалалари бўйича баҳслар мусулмон оламидаги ўша вақтнинг кўзга кўринган ақийдавий мазҳаблари; аҳли сунна ва жамоа, мўътазилийлар, муржиъийлар, хаворижлар ва шийъалар ўртасида бўлган.
Кейинчалик, Аллоҳнинг каломига тегишли баҳслардан, Аллоҳнинг сифатларига, Ислом давлати бошлиғи-имомга оид масалаларга, қазо ва қадар масалаларига ва ҳатто баъзи фиқҳий масалаларга ҳам ўтган.
Вақт ўтиб турли халқ ва тоифаларнинг Исломга киришлари билан бирга уларнинг ақийда ва фикрлари ҳам кирди.
Шу билан бирга номусулмонлар томонидан Ислом ақийдаларига қарши фикрий ҳужум ва танқидлар ҳам авж ола бошлади.
Ана ўша ҳамлалардан Ислом ақийдасини ҳимоя қилиш ва уларга раддиялар қилиш учун илми калом соҳиблари ғайримусулмонлар билан тортишувларни бошладилар.
Бу ишда аҳли сунна ва жамоа уламолари ҳам, мўътазилалар ҳам ва бошқалар ҳам иштирок этдилар.
Аввал бу тортишувлар тўғри йўналишда ва бир маромда кетди. Кейинчалик эса, бошқа илм ва соҳаларда бўладигани каби турли бурилишлар ва хатолар юзага кела бошлади. Илми калом бобига бўлган бўлмаган турли туман масалалар аралашиб кетди.
Шунингдек, мутакаллимлар орасига ҳам ҳар хил шахслар аралашиб кетди. Натижада, ҳақиқий илми каломни сохтасидан, ҳақни ботилдан ажратиб олиш қийин бўлиб қолди.
Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони Карим ва Суннат таълимотлари асосида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Уларга аҳли Сунна ва жамоа номи берилди.
Кейинроқ одамларга тушунарли бўлиши учун матнларни таъвил қилишга ҳам мажбур бўлинди. Турли китоблар битилди. Аҳли Сунна ва жамоанинг ақийда бобидаги таълимотлари тўпланиб тартибга солинди. Охири келиб ақийдавий мазҳаб бўлиб шаклланди ва ўз имомларига ҳам эга бўлди.
Аҳли сунна вал жамоа исми бундан аввал ҳам бор эди. Аммо кейинроқ юқорида номлари айтиб ўтилган турли фирқаларга муқобил ўлароқ айни шу исмни ишлатила бошланди. Аҳли сунна деганда суннатга юрганларнинг йўли ва ҳадисга амал қиладиганлар деган маъноларни кўзда тутилган.
Бу борада имом ал-Ашъарий ва ал-Мотуридийлар аҳли Сунна ва жамоанинг ақийда бўйича имомлари деб тан олиндилар.
Бу икки имом Ислом оламининг икки тарафида – Ашъарий басралик, Мотуридий самарқандлик бўлса ҳам ва бир – бирлари билан кўришмаган бўлсалар ҳам бир хил ишни бир хил вақтда, бир хил тарзда адо этганлари ҳамда икковларини бирданига аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг имоми деб эътироф қилишини бу мазҳабнинг ақийдаси доимо барча юртларда маълум ва машҳур эканига ёрқин далилдир.

ИМОМ АБУЛҲАСАН АЛ-АШЪАРИЙ

Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг насаблари улуғ саҳобий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. У киши Бағдодда яшаб, ўша ерда 333 ҳижрий санада вафот этганлар.
Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи дастлаб мўътазилийларнинг бошлиғи Абу Али Жибоийдан дарс олган ва кези келиб ўзи ҳам мўътазилийларга бош бўлган. Кейин тавба қилиб, мўзътазилийларга қарши бўлган. Уларнинг айбларини фош қилган ва аҳли Сунна ва жамоанинг имом бўлишга эришган.
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи аҳли сунна ва жамоа ақийдаси бўйича бир неча китоблар ёзган. Улардан баъзиларини эслаб ўтайлик.
1. «Мақолатул Исломиййин».
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг бу китобларида Аҳли сунна ва жамоанинг ақийдасини баён қилиб берган.
2. «ал-Ибона»
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи бу китобда аҳли сунна ва жамоанинг мазҳабини имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қавллари асосида баён қилиб мўътазилий ва жаҳмийларга раддиялар қилган.
2. «Рисолатун ила аҳлис сағр»
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи мўътазилийларга маълум бир масалаларда раддия қилади ва ўзларини имом Аҳмад мазҳабида эканини баён қилади.
Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг мазкур уч китобида оят ва ҳадисларни таъвил қилиш йўлига ўтмайди. Салаф уламолари, хусусан, имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг йўлларини тутади.
3. «ал-Ламаъ»
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг бу китобида аввалги уч китобидагидан бошқача йўл тутиб, ақлий далилга ҳам эътимод қилади. Шундай қилиб у киши бу китобда салаф уламолар йўлида эмас, кейинги, таъвил йўлини тутганлар изидан боради.
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаётлари ва мазҳабларини чуқур ўрганган уламолардан шайх Муҳаммад Абу Заҳра раҳматуллоҳи алайҳи қуйидаги хулосаларни қиладилар:
«Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган ақийдаларни олган ва тушунтиришнинг барча услубларини қўллаган.
Ташбиҳга оид оятларнинг зоҳирини – сиртқи маъносини олган. Аммо ташбиҳга ўтмаган. У Аллоҳ таолонинг бандаларнинг юзига ўхшамаган юзи ва У зотнинг махлуқотларнинг қўлига ўхшамаган қўли борлигига эътиқод қилган.
Ақоидга оҳод ҳадислардан ҳужжат келтирган.
Аҳли ҳавонинг барчасидан, мўътазилийлардан четда бўлган.
Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳаби ўртача ва мўътадил мазҳабдир. У киши ақийдаларга далил келтиришда ҳам нақлдан, ҳам ақлдан истифода қилган. Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи Қуръони Карим, ҳадиси шарифда келган Аллоҳ таолонинг, Унинг расулларининг ва охират кунининг васфларини собит қилади. Ақлий ва мантиқий далилларни ҳужжат қилиб келтиради.
Шунингдек, у киши фалсафий масалалардан ҳам фойдаланган. Чунки Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи мўътазилийлар, файласуфлар, қарматийлар, ботинийлар, рофизийлар ва бошқаларга раддиялар қилган. Бу ишда эса ўшаларни қаноатлантириш ва зиддиларига далилни келтириш лозимдир».
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ишини давом эттирувчилар кўп бўлди. Ибн Асокир, Абу Исҳоқ Исфиройиний, Абу Бакр Қаффол, Ҳофиз Журжоний, Абу Муҳаммад Табарий, Дороний, Абу Бакр Боқиллоний, Абулқосим Қушайрий, Имомул Ҳарамайни, Абу Ҳомид Ғаззолий, Фахрул Ислом Шоший, Фахриддин Розийлар шулар жумласидандир.

ИМОМ АБУ МАНСУР АЛ-МОТУРИДИЙ

Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий Самарқандда туғилиб, ўсиб, таълим олиб, ижод қилиб, шу ернинг ўзида 333 ҳижрий санада вафот этган.
У киши ҳанафий мазҳабда бўлиб, имом Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлган. Яъни, у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.
Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи фуқаҳолар ва муҳаддислар чақирган нарсага чақирган. У киши жуда ҳам машҳур бўлиб, Мовароуннаҳрда барча унга мурожаат қилган. Улар у кишидан фиқҳ, усули фиқҳ ва бошқа диний илмларни таълим олганлар.
Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи усул бўйича «Китобул жадал»ни ва фиқҳда «Маъохизуш шарийъа»ни таълиф қилганидан кейин шуҳрати яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб Хуросон аҳли ушлаган мазҳаб соҳибига айланди. Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ақийдадаги мазҳаби Абулҳасан ал-Ашъарийнинг мазҳабига тенг бўлди.
Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Таъвийлоту аҳлис сунна» номли тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши аҳли Сунна ва жамоанинг мазҳабини қўллаб қувватлаган.
Саъдуддин Тафтазоний, имом Тоҳавий, имом Умар Насафий, Фахрул Ислом Баздавий, Ибн Ҳумом ва бошқа уламолар ақоид илмининг мотуридия йўналишида кўзга кўринган уламолардан бўлдилар.

Ашъарий ва мотуридийлар орасидаги фарқлар

Аҳли Сунна ва жамоа мазҳабининг икки катта имомларининг ақийдаларини солиштириб кўрган шайх Муҳаммад Абдуҳу икки томон ўттизга яқин масалада хилоф қилганларини, аммо аксари уламолар бу хилофлар фақат лафзда экани, жавҳар эса тамоман бир-бирига ўхшаш эканини таъкидлашларини қайд қилган.
Баъзи муҳаққиқ уламолар ал-Мотуридий билан ал-Ашъарийнинг ораларида асосан учта масалада хилоф борлигини айтадилар.
Биринчиси ал-Ашъарий ҳолни нафий қилади ва шунинг учун унинг фикрича сифати зоидалар йўқ ҳисобланади. Ал-Мотуридий эса уларни собит дейди.
Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи, таквийн сифати бор, у ҳар бир махулққа шомил сифатдир, дейди. Ал-Ашъарий бу номдаги сифат йўқлигини айтади.
Бу масалани чуқур ўрганган мутахассислардан Аҳмад Амийн ўзининг «Зуҳрул Ислом» номли китобининг 4 – жузида «Мотуридий ва Ашъарий фарқли қараган масалалар ҳақида алоҳида китоблар ҳам битилган. Баъзилар уларни қирқта масалага етказган», деган. Шу билан бирга бошқа олимлар каби Аҳмад Амийн ҳам мазкур масалалардаги фарқланишни хилоф деб бўлмаслигини таъкидлаб «Менимча, уларнинг орасидаги хилоф лафзий бўлган, холос», дейди.
Мотуридий ва Ашъарийлар фарқли қарашган масалаларни бу шаклда бўлишига икки имомнинг ўзлари эргашган фиқҳий мазҳаблари таъсирида бўлганлиги очиқ – ойдин кўриниб туради.
Имом Мотуридий ҳанафий ва имом Ашъарий шофеъий бўлганлари учун баъзи масалаларда ўз мазҳаблари тушунчаларидан келиб чиқиб фикр юритган бўлишлари табиий. Мисол келтирайлик.
Иймоннинг зиёда ёки ноқис бўлиши.
Ашъарийлар иймон зиёда ва ноқис бўлади, дейдилар. Мотуридийлар иймон зиёда ва ноқис бўлмайди, дейдилар.
Бу тортишувларга уларнинг иймонни турлича тариф қилганлари сабаб бўлган. Иймон тасдиқ, иқрор ва амалдан иборат деганлар иймон зиёда ва ноқис бўлади, деган.
Иймон тасдиқ ва иқрордир деганлар, иймон зиёда ёки ноқис бўлмайди, лекин амал зиёда ва ноқис бўлади, деган.
Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи бу маънони қуйидагича ифода этган:
«Иймон Аллоҳ таолодан келган нарсани тасдиқлаб, унга иқрор бўлишдир. Аммо амаллар ўзлари зиёда бўлади. Иймон зиёда ҳам, ноқис ҳам бўлмайди».
Икки тараф қуйидаги оятларни ўз тарифларига биноан тафсир қилиб, бирлари зоҳирий маънони олса, иккинчилари амалга таъвил қилади.
1. «Вақтики, уларга У зотнинг оятлари тиловат қилинса, иймонларини зиёда қилур», (Анфол: 2).
2. «Аллоҳ ҳидоятга юрганларнинг ҳидоятини зиёда қилур», (Марям: 76).
3. «Иймон келтирганлар иймони зиёда бўлур», (Муддассир: 31).
4. «Иймонларига иймон зиёда бўлиши учун», (Фатҳ: 4).
5. «Бас иймонларини зиёда қилди. Улар, Аллоҳ бизга кифоя қилур. У қандоқ ҳам яхши вакил, дедилар», (Оли Имрон: 173).
6. «Вақтики, бир сура нозил қилинса, улардан баъзилари: «Бу сизлардан қай бирингизнинг иймонини зиёда қилди?» дерлар. Бас у иймон келтирганларнинг иймонини зиёда қилди», (Тавба: 124).
 Қазо ва қадарнинг таърифи.
Ашъарийлар қазо ва қадарни қуйидагича таърифлайдилар:
«Қазо – Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандоқ бўлишини азалдан билишидир».
«Қадар – ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир».
Мотуридийлар қазо ва қадар лафзларини ўрнини алмаштирадилар.
Имом Абулҳасан ал-Ашъарий ва имом Абу Мансур ал-Мотуридийлар Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг икки тенг ҳуқуқли ақийдавий мазҳаб имомларидир.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби мусулмонлар жумҳурининг асл ақийдавий мазҳаби ўлароқ юқорида зикр қилинган ва улардан бошқа турли фирқаларга муқобил бўлган бу мазҳаб асрлар оша мўмин-мусулмонларнинг ақийдавий мазҳаби ўлароқ тан олиниб келмоқда.
Ашъарийлар ва мотуридийлар орасидаги фарқлар озлигини аввал ҳам айтиб ўтдик. Аммо бошқа масалаларда бир-бирини кўрмаган икки улуғ имомнинг илмий изланишлари бир хил натижа бергандир. Бу ҳам Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақ экани далилидир.
- Сиз саволингизда «Ҳозирча араб тилини мукаммал билмаганлигим сабабли Ашъарийлар ва Мотуридийлар ақийдасини ўрганиб чиқишга имконим йўқ», дебсиз, мен эса, араб тилини билмасангиз ҳам бу ишни қилиш имконингиз бор дейман. Чунки, сиз айтган тараф ва китобдан бошқа мусулмонларнинг барчаси ва ақийда китобларининг ҳаммаси, жумладан, сиз айтиб ўтган “Сунний ақийдалар” китоби ҳам “Аҳли Сунна вал жамоа” мазҳаби, яъни, Мотуридий ёки Ашҳарий мазҳабидадирлар.
Фақатгина сиз айтган юртдаги баъзи одамлар, ташкилот ва китоблар ҳамда уларга боғлиқ шахс ва тарафларгина яқиндан бошлаб бошқача фикрга ўтиб олганлар. Шунинг учун, Мотуридий ёки Ашҳарий мазҳаблари нима учун адашган экани ҳақида улардангина сўрашингиз мумкин. Улар нафақат Мотуридий ёки Ашҳарий мазҳабларини, балки ўзларидан бошқа барча мусулмонларни адашган деб даъво қилишади. Аммо Аҳли сунна ва жамоа ақийдавий базҳаби уламолар уларнинг ҳар бир гапларига узил – кесил жавобларни беришган.
Сиз билан биз эса, ақийда бобидаги мазҳабимизни яхши билишимиз ва ундаги таҳлимотларни ихлос билан ўрганишимиз ҳамда турли бузғунчиларнинг гапларига учмаслигимиз керак.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz