Амалда тежамкорлик ва бардавомлик Аллоҳ учун маҳбубдир Принтер учун
18.11.2010 й.
islom.uz
Шарҳ: Ислом осонлик динидир. У ҳамма нарсада, жумладан, ибодатда ҳам бандалар учун осонлик ва енгиллик бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Ислом шариатида инсон тоқатидан ташқари нарсани жорий қилмаган. Ибодатларни ҳам меъёрида фарз қилган. Узрли кишиларнинг узри эътиборга олинган. Борингки, ҳар бир нарсада енгиллик бўлиши чораси кўрилган. Енгиллик бўлсин, аммо ибодат бўлсин, давом этсин, тўхтаб қолмасин.
Муаллиф бошқа бобларга тегишли оятларни келтирган эдилар. Аммо, нима учундир ушбу бобга тааллуқли оятлардан мисол келтирмаганлар. Биз келтириб қўйишни лозим деб билдик.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Бақара сурасида мусулмонларга мурожаат қилиб:
«Аллоҳ сизларга осонликни хоҳлайди, қийинликни хоҳламайди», деган.
Доимо бандаларга енгилликни хоҳлаш ва уларни оғир ва машаққатли таклиф остида қолдирмаслик–Ислом динининг асосий ва улкан қоидасидир. Ислом шариати осонликка бино қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалардан Муоз ибн Жабал ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумони Яманга юбораётиб, башоратли сўзлар айтинглар, нафрат қўзғатадиганини айтманглар, енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар, деганлар.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг охирида айтади:
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Фойдаси ҳам ўз касбидан, зарари ҳам ўз касбидан. Эй Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин. Эй Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганга ўхшаш оғирликни бизга юкламагин. Эй Роббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин. Бизни афв эт, мағфират қил ва раҳм эт. Сен хожамизсан. Бас, кофир қавмларга бизни ғолиб қил» (286-оят).
Ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ ҳар бир жонни ҳам нимага ярайдию нимага ярамайди–яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас».
Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкони даражаси доирасида бўлади. Ана ўша таклифга амал қилишига қараб, бошқа ҳеч бир нарсага қарамасдан, банданинг жазоси ёки мукофоти белгиланади. Ҳар бир банданинг:
«Фойдаси ҳам ўз касбидан, зарари ҳам ўз касбидан»
Охиратда ошна-оғайничилик, воситачилик, насли-насабига қараш ёки бошқа имтиёзлар ўтмайди. Ҳар бир шахс ўзи учун ўзи жавоб беради. Шундай экан, ҳар бир банда иймон-ихлос билан Аллоҳнинг амрини бажариши ва доимо унинг ўзига ёлбориб дуо қилиши зарур.
«Эй Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин».
Мўмин банда бор имконини ишга солиб Аллоҳнинг фармонига мувофиқ иш юритишга ҳаракат қилади. Бу борада кўпгина тўсиқларни енгиб, қийинчиликларга бардош беради. Лекин у фаришта ҳам эмас, баъзи вақтларда билмасдан хато қилиб қўяди ёки баъзи нарсаларни унутиб, эсдан чиқаради. Шунинг учун ҳам дуонинг аввалида мазкур нарсалар учун азобга тутмасликни Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўрамоқда. Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг ушбу дуосини қабул этган.
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Умматимдан уч нарса–хато, эсдан чиққан ишлар ва мажбур қилинганлик кўтарилди», деганлар.
«Эй Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганга ўхшаш оғирликни бизга юкламагин».
Маълумки, Аллоҳ таоло аввал ўтган умматларга улар қилган осийликлари учун қийин таклифлар юборган.
Баъзиларига тавба қилиш учун ўзини ўлдиришни амр қилган бўлса, бошқаларга нажосатни кетказиш учун кийимини кесишни буюрган. Шунга ўхшаш оғир ишлар Ислом умматига ҳам бўлмаслиги сўралмоқда.
«Эй Роббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин».
Мўминлар Аллоҳнинг амри қанчалик бўлса ҳам бажаришга доим тайёрлар. Лекин Аллоҳнинг раҳмати кенглигидан умидвор бўлиб, ўзларини кичик фаҳмлаб, бу дуони қилишмоқда.
«Бизни афв эт, мағфират қил ва раҳм эт».
Мўмин банда ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам, бандалик бурчини тўлиқ адо эта олмаслигини яхши билади. Шунинг учун доимо ўзига Аллоҳнинг афви, мағфирати ва раҳматини сўраб туради.
Ушбу бобда келтириладиган ҳадиси шарифлар ана шу руҳдаги маъноларни ўзида мужассам қилган.

 Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирганларида, ҳузурларида бир аёл бор эди. У зот:
«Бу аёл ким?» деб сўрадилар.
«Фалона, намозидан гапирмоқда», деди.
«Йўғ-е! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча Аллоҳга малол келмайди. Диннинг Аллоҳга маҳбуби, соҳиби унда бардавом бўлганидир», дедилар
».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Оиша онамиз бир аёл билан гаплашиб ўтирганларида, олдиларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келибдилар. Шунда, ҳалиги аёл ўрнидан туриб чиқиб кетаётганларида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу аёл ким?» деб сўрадилар». Оиша онамиз:
«Фалона, намозидан гапирмоқда», дедилар.
Бошқа ривоятлардан маълум бўлишича, у аёлнинг исми Хавла бинти Тувайт бўлган. Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саволларига: «Бу Хавла бинти Тувайт, Мадина аҳли ичидаги энг ибодатли шахс, кечаси билан ухламай намоз ўқиб чиқади», деганлар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўғ-е! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча Аллоҳга малол келмайди. Диннинг Аллоҳга маҳбуби, соҳиби унда бардавом бўлганидир», дедилар».
Кўриниб турибдики, Хавла бинти Тувайт ал-Асадийя розияллоҳу анҳонинг кечаси билан намоз ўқиб чиқиши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан маъқулланмаяпти. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни
«Йўғ-е!» деб инкор қилмоқдалар. Сўнгра эса, Исломнинг бу борадаги таълимотларини баён қилмоқдалар:
«Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар».
Яъни, қўшимча ибодат қиладиган бўлсангиз, тоқатингиз етадиганини танланг. Ўз имконларингизга қаранг. Мисол учун мусулмон инсон ўзига фарзу вожиб бўлган намозлардан ташқари нафл намоз ўқиб, қўшимча ибодат қилмоқчи бўлса, ўз тоқатини ҳисобга олсин. Хавла бинти Тувайтга ўхшаб кечаси билан бутунлай ухламасдан намоз ўқиб, ўзини қийнамасин.
«Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча Аллоҳга малол келмайди».
Яъни, сиз ўзингизни қийнаб, ортиқча уриниб, ибодатни малол олиб қилсангиз, Аллоҳга ҳам малол келади. Агар тоқатингиз етадиган нарсаларга қанча кўп уринсангиз, Аллоҳ ҳам малол кўрмай ажру савобни бераверади. Лекин тоқатингиздан ташқари ишга уриниб, малол олиб қилсангиз, ўзингизга яхши бўлмайди.
«Диннинг Аллоҳга маҳбуби, соҳиби унда бардавом бўлганидир».
Яъни, диндаги амалнинг Аллоҳга энг ёққани, эгаси унда доимий бўлганидир. Бирдан кўп қилиниб, кейин қолган амалдан фойда йўқдир. Аммо, оз бўлса ҳам доимий бўлиб тургани фойдалидир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Уйига кирган аёлнинг кимлиги ҳақида эркак киши сўраши жоизлиги.
2. Аёл ўз эрига олдига келган аёл ва унинг гапирган гапи ҳақида хабар бериши жоизлиги.
3. Кечаси билан ухламай намоз ўқиб чиқиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга маъқул тушмагани.
4. Гапни таъкидлаш учун Аллоҳ номи ила қасам ичиш жоизлиги.
5. Мусулмон инсон нафл ибодатга малол келадиган даражада уриниши жоиз эмаслиги.
6. Аллоҳ таолога маҳбуб амал, бардавом амал экани.
7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига енгилликни хоҳлашлари.
Бизнинг замонамизда бу ҳадиси шарифдан қандоқ фойдаланамиз? Хавла бинти Тувайт розияллоҳу анҳога ўхшаб кечаси билан намоз ўқиб чиқишга ҳаракат қилаётган одамни топа оламизми? Айниқса, аёлларимиз ичида бундоқ шахсни учрата оламизми?
Яхши ният қилиб, кечаси билан нафл намоз ўқиб чиқаётганлар ёки шундоқ қилмоқчилар бор бўлса, уларга ушбу ҳадиси шарифга биноан, «Ундоқ қилманг, тоқатингиз етадиган, оз бўлса ҳам бардавом ишни қилинг, чунки динимизнинг таълимоти шу», деймиз.
Агар Исломда таклифлар кўп, кечаси билан намоз ўқиб чиқиш, у қилиш, бу қилиш керак, деб одамларни қўрқитаётганлар бўлса, уларга: «Бекор айтибсиз, Исломда одамларни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилиш йўқ», деймиз.
Баъзибир биродарларимиз, опа-сингилларимиз ибодатни бошлашдан чўчиб турган бўлсалар, уларга: «Ҳеч қандай чўчийдиган жойи йўқ, дарҳол ибодатни бошланг, оғир келадиган жойи йўқ, ибодат сизни икки дунё саодатига эриштиради», деймиз.

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман. Аммо, рўза ҳам тутаман, оғзим ҳам очиқ бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким менинг Суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас», дедилар».
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида нафл амалларда тежамкор бўлиш, тоқатидан ташқари нарсалар билан ўзини қийнамасликка чақирмоқдалар.
Бу ҳадиси шарифнинг айтилишига сабаб бўлган ҳодиса, бошқа ривоятларда тўлалигича келтирилган. Бир куни саҳобалардан уч киши Оиша онамиз ҳузурларига келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафл ибодатлари ҳақида сўрайдилар. Оиша онамиз учовларига бор нарсани айтадилар. Шунда, уларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафл амаллари оз кўринади. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдинги ва кейинги гуноҳларини Аллоҳ таоло мағфират қилиб қўйган, У киши қўшимча амал қилмасалар ҳам бўлаверади, аммо биз кўпроқ қўшимча амал қилишимиз керак, дейдилар. Улардан бири, мен доимо рўза тутаман, ҳеч оғзим очиқ юрмайман, дейди. Иккинчиси, мен кечаси ухламай намоз ўқийман, дейди. Учинчиси, мен аёлларга уйланмайман, дейди.
Уларнинг бу гаплари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қаттиқ аччиқланадилар. Сўнгра масжидга чиқиб, намоздан кейин ваъз қиладилар. Биз ўрганаётган ҳадисдаги гапларни айтадилар:
«Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман».
Яъни, эй одамлар, огоҳ бўлинг, билиб қўйинг. Яна ҳар хил фикрларга бориб, турли гапларни гапириб юрманг.
«Аллоҳга қасамки».
Бу оддий гап эмас, қасам билан таъкидлаб айтилаётган, эътиборли ва аҳамиятли гап.
«Мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман».
Мендан кўра Аллоҳдан кўпроқ қўрқадиганингиз йўқ, бўлмайди ҳам, бўлиши мумкин ҳам эмас.
«Унга энг кўп тақво қиладиганингизман».
Мендан кўра Аллоҳга кўпроқ тақво қиладиганингиз йўқ, бўлмайди ҳам, бўлиши мумкин ҳам эмас.
«Аммо, рўза ҳам тутаман, оғзим ҳам очиқ бўлади».
Яъни, нафл рўза тутадиган кунларим ҳам бўлади. Оғзим очиқ юрган кунларим ҳам бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хафтанинг душанба ва пайшанба кунлари ҳамда ойнинг аввали, ўртаси ва охирида ҳам нафл рўза тутардилар. Шунингдек, нафл рўзага ўта қизиққанлари учун Пайғамбар Довуд алаҳиссаломнинг рўзалари, бир кун тутиб, бир кун очиш маъқул эканини баён қилганлар. Бу масалалар, иншааллоҳ, кези келганда батафсил ўрганилади.
«Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам».
Яъни, кечаси ҳам нафл намози ўқийман, керагича ухлайман ҳам.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси керагича ухлар эдилар. Аммо таҳажжуд намозини ҳам ўқир эдилар. Айниқса, туннинг учдан бири қолиб, саҳар яқинлашганда кўпроқ бедор бўлардилар. Бу масалалар ҳам кези келганда батафсил ўрганилади.
«Аёлларни никоҳимга ҳам оламан».
Никоҳсиз ўтиш менга мос эмас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир вақтнинг ўзида тўққизта аёлни ўз никоҳларида олиб турганлари маълум ва машҳур.
«Ким менинг Суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмасдир».
Яъни, ушбу ва бошқа ишларда ким менинг йўлимни тутмаса, менинг динимда эмас, деяптилар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан энг кўп қўрқадиган банда эканликлари.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга энг кўп тақво қиладиган банда эканликлари.
3. Аллоҳдан қўрқиш ва У Зотга тақво қилишда ҳеч ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўта олмаслиги.
4. Умр бўйи нафл рўза тутиш мумкин эмаслиги.
5. Нафл рўзани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига мувофиқ тутиш зарурлиги.
6. Кечаси билан ухламай, нафл намоз ўқиб чиқиш ўринли эмаслиги.
7. Кечаси вақтида ухлаб, Суннатга мувофиқ нафл намоз ўқиш кераклиги.
8. Оила қурмай юриш яхши эмаслиги.
9. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига рағбат қилмаслик диндан чиқишга олиб бориши.
Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматига, унинг моҳиятига тушуниб етишга бугунги кунда эҳтиёжимиз катта. Замон ўтиши билан мусулмонман, деб юрганларда ҳам Ислом тўғрисида нотўғри тасаввурлар ўрнашиб қолган. Улар турли динларга оид умумий тушунчани Исломга ҳам ёпиштиришга ҳаракат қиладилар. Исломни ҳам бошқа динларга ўхшаш таркидунёчиликдан иборат, деб ўйлайдилар.
Одамларнинг жуда оз қисми амал қилишда хато қиладилар, яъни, таркидунёчиликка юрадилар. Одамларнинг жуда кўплари эса, амал қилмасликда хато қиладилар. Яъни, Исломни таркидунёчилик, деб гумон қилиб, ундан ўзларини олиб қочадилар.
Аслида эса, ундай эмас! Дунёдаги Аллоҳдан энг кўп қўрқадиган банда бўлиш учун ўзини қийнайдиган бирор ишни қилишнинг ҳожати йўқ. Дунёдаги Аллоҳга энг кўп тақво қиладиган банда бўлиш учун оғир келадиган бирор иш қилиш шарт эмас. Балки, таркидунё қилмай, дунёдаги ҳалол нарсалардан тўла баҳраманд бўлган ҳолда, меъёрида ухлаб, еб-ичиб, оила қуриб ҳам энг тақводор, Аллоҳга энг яқин банда бўлиш мумкин.
Бу улкан ҳақиқатни дунёдаги энг маҳбуб банда, энг улуғ Пайғамбар–Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларидан билиб олиш мумкин. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтида ухлаб, вақтида ибодат қилардилар. Вақтида овқатланиб, вақтида рўза тутардилар. Жуфти ҳалоллари билан оилавий ҳаётни давом эттирардилар.
Ислом Аллоҳнинг дини бўлгани учун унда инсоннинг барча эҳтиёжлари ҳисобга олинган. Чунки, инсонни яратган Аллоҳ унинг эҳтиёжларини ҳам яхши билади. Агар инсон доимо оч юриши керак бўлганида, Аллоҳ уни таомга ҳожати тушмайдиган қилиб яратган бўлар эди. Агар инсон доимо овқат қилиб юриши лозим бўлганида, Аллоҳ рўзани фарз қилмас эди. Демак, инсон меъёрида еб-ичиб, меъёрида оч қолиши керак. Инсоннинг доимо оч қолишидан Аллоҳга ҳам, ўзига ҳам фойда йўқ. Аммо, инсоннинг меъёрида оч қолишида Аллоҳга фойда бўлмаса ҳам, инсоннинг ўзига фойда бор. Ислом кишиларни шунга буюради.
Шунингдек, инсон кечаси ухламаслиги керак бўлганида, Аллоҳ уни уйқуга хожатли қилиб яратмаган бўлар эди. Агар инсон умуман ибодат қилмай ухлаб ётаверса, ҳайвондан фарқи йўқ бўлиб қолмаганида, уни ибодатга амр қилмас эди. Инсоннинг ҳаддан ташқари кўп ухлашида Аллоҳга ҳам, инсоннинг ўзига ҳам фойда йўқ, балки ўзига зарар бор. Инсоннинг меъёрида ухлаб, меъёрида ибодат қилишида эса Аллоҳга фойда йўқ бўлса ҳам, инсоннинг ўзига фойда бор.
Агар инсон уйланмай ўтиши керак бўлганида, Аллоҳ таоло уни эркак-аёл қилиб, бир-бирига эҳтиёжли қилиб яратмас эди. Шунингдек, инсон жинсий майлининг ҳалол никоҳ йўли билан қондирмай, ҳаром йўл билан қондирганда ҳайвондан фарқи қолмайдиган бўлмаганида, Аллоҳ никоҳни жорий қилмас эди. Инсоннинг уйланмай ўтишидан Аллоҳга фойда йўқ, бандага зарар бор. Шунингдек, банданинг жинсий ҳаётда хоҳлаганини қилаверишида ҳам ўзига зарар бор. Ислом доимо бандаларга яхшиликни раво кўрганидан уларга никоҳ йўли билан, ҳалол-пок равишда жинсий майлларини қондиришларини йўлга қўйди.
Исломда ухлаш, овқатланиш, оила ҳаёти каби нарсалар дунёвий иш ҳисобланиб, улардан ҳазар қилишга чақирилмайди. Балки бу нарсалар Ислом таълимотларига мос бўлиб, яхши ният билан амалга оширилса, савоб бўлади, ибодат ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга хабар берилишича, сен кечани бедор ўтказиб, кундузнинг рўзасини тутар эмишсан?» дедилар.
«Албатта, мен ўшандоқ қилурман», дедим.
«Агар сен шундоқ қиладиган бўлсанг, кўзинг заифлашади, нафсинг малол олади. Албатта, сенда нафсингнинг ҳам ҳаққи бор, аҳлингнинг ҳам ҳаққи бор. Бас, рўза ҳам тут. Оғзинг очиқ ҳам юр. Бедор ҳам бўл. Ухлаб ҳам ёт», дедилар
».
Икки Шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Муаллиф бу ҳадисни ушбу бобда нима учун келтиргани аниқ ва равшан кўриниб турибди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуни ва у киши орқали барча умматларини амалда тежамкор бўлишга, оз бўлса ҳам бардавом амални қилишга чорламоқдалар. Биз ўрганаётган ушбу ҳадиси шарифнинг айтилишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари даврида бўлиб ўтган бир воқеа сабаб бўлган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуни оталари Қурайш қабиласига мансуб чиройли бир қизга уйлаб қўйибди. Куёв бўлса, янги келин билан иши бўлмай, ибодатга берилиб, кечаси билан намоз ўқиб, кундузлари рўза тутиб юраверибди. Бу ҳақда отаси Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга насиҳат қилибди. У киши эса, ибодатга берилганлик ва ёшлик ғурури таъсирида отанинг насиҳатига қулоқ осмайди. Ўз билганини қилиб, кечаси намоз ўқиб, кундузи рўза тутиб, оиласи билан иши бўлмай юраверибди. Шунда ноилож қолган отаси бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилибди. У зоти бобаракот Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуни ҳузурларига чорлаб:
«Менга хабар берилишича, сен кечани бедор ўтказиб, кундузнинг рўзасини тутар эмишсан», дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларидан ибодат ғурурига кетган ёш йигитлар билан муомала қилишни ўрганиш керак. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дўқ ҳам қилмадилар, отанг менга сендан шикоят қилди ҳам демадилар. Худди унинг ибодати ҳақида ноаниқ шахс томонидан хабар эшитгандек гап бошладилар. Гапларида унинг қилмишини танқид қилиш аломати ҳам сезилмади. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Амр дадилланиб:
«Албатта мен ўшандоқ қилурман», деб жавоб берди.
 Абдуллоҳ ибн Амрнинг устидан тушган шикоятни ўзига тасдиқлатиб олганларидан кейин, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам аста насиҳат қилишга ўтдилар:
«Агар сен ўшандоқ қиладиган бўлсанг, кўзинг заифлашади, нафсинг малол олади», дедилар.
Яъни, сен кечаси билан намоз ўқиб, кундузи рўза тутишни давом эттираверсанг, соғлиғингга зарар етади. Кўзинг заифлашади. Ҳадеб узлуксиз нафл ибодат қилавериш нафсингга малол келади. Бу эса, ёмон оқибатларга олиб келади. Кейин ибодат қилишни хоҳламай қоласан.
«Албатта, сенда нафсингнинг ҳам ҳаққи бор».
Яъни, сенда нафсингни ҳам ҳаққи бор. Уни ҳалол йўл билан меъёрида қондиришинг керак. Бўлмаса, Аллоҳ таоло сенга қўшиб халқ қилган табиатга хилоф қилган бўласан.
«Аҳлингнинг ҳам ҳаққи бор».
Яъни, оила аъзоларингнинг ҳам сенда ҳаққи бор. Уни ҳам адо этишинг керак. Бу шаръий бурчинг.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу мисолида унинг хотини ҳақида гап кетмоқда. Хотиннинг эрда ҳаққи бор. Бир оила эру хотин бўлиб яшагандан кейин эр эрлик бурчини адо этиши керак. Намоз билан рўзага берилиб, хотинни тарк қилиб қўйишлик мусулмон кишига тўғри келмайди.
«Бас, рўза ҳам тут, оғзинг очиқ ҳам юр».
Нафл рўза тутишга иштиёқинг бор экан, майли меъёрида тут. Аммо оғзинг очиқ ҳам юр.
«Бедор ҳам бўл, ухлаб ҳам ёт».
Кечалари бедор бўлиб, намоз ўқишга иштиёқинг бор экан, бу яхши, буни ҳам меъёрида қил. Аммо вақтида ухла ҳам. Бу ҳам керак.
Кези келганда айтиб ўтиш лозим, ушбу бобдаги ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларда нафл ибодат ҳақида сўз кетади. Чунки фарз ва вожиб ибодатларда тежамкор бўлиш, оз амал қилиш, деган гап бўлмайди. Беш вақт намознинг тўрт вақтини ўқий, рўзанинг ярмисини тутай, деб бўлмайди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу мисолида ҳам кечалари ухламай нафл намоз ўқиши, кундузлари нафл рўза тутиши ҳақида сўз кетмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига динда чуқур кетиб, ашаддийлашиб ўзини қийнамасликка, ўртача иш тутиб, иложи борича камолга яқин бўлиш учун уринишга, доимо яхшилик башорати беришликка, қулай фурсатларни бой бермай, улардан фойдаланиб қолишга чақирмоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни васф қилиб:
«Албатта, дин осондир», демоқдалар.
Яъни, дин аслида осонликдан иборатдир. Унинг барча таклифлари осондир. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқдир. Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари Ислом шариати кўрсатмаларини бажариш қийиндир, деб сафсата сотувчилар зиддига қаттиқ раддиядир.
Дарҳақиқат, Ислом осонликдан иборат. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқ. Инсончасига яшаш қасдида бўлган одам, буни дарҳол тушуниб етади. Чунки, Ислом ҳақиқий инсонлар учун Аллоҳ томонидан юборилган кўрсатмалар тўплами. Шу билан бирга, Исломнинг осонлигига паст назар билан қараб, ўзига уни қийинлаштиришга уринганлар ҳам хато қиладилар.
«Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади».
Яъни, динда чуқур кетиб, ҳаддан ошиб, ўзича кўп амалларни қилиб шуҳрат топмоқчи бўлса, енгилиб қолади. Бундоқ одамлар бориб-бориб йўлдан чиқади. Йўлдан чиқиши турлича бўлиши мумкин. Баъзилари, ортиқча уриниб, ўзини уринтириб қўйиб, кейин малол олиб, ҳамма нарсани ташлаб юборади. Бошқалари эса, ашаддийлашиб, динда йўқ нарсаларни ҳам қилиб, бошқаларни ҳам шунга ундаб, ўзи ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради. Ундоқ одамлардан диннинг ғолиб келишининг маъноси шудир.
«Бас, тўғри амалда бўлинглар»
Яъни, шариатда кўрсатилганича тўғри амал қилинг, ошириб ҳам юборманг, камайтириб ҳам қўйманг.
«Яқинлашиб юринглар»
Яъни, шариат кўрсатган чегарага яқинлашиб юринглар. Ундан чиқиб ҳам кетманглар, узоқда ҳам қолманглар.
«Яхшилик башоратини беринглар»
Яъни, доимо ишни яхшиликка йўйинглар. Доимо яхшиликдан гапиринглар, яхши гапларни гапиринглар ва яхшиликни кутинглар.
«Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг».
Ушбу жумлада ёрдам талаб қилинг дегани, нафл ибодат қилинглар, деганидир. Доимо ибодат билан машғул бўлса, қийналиб кетади. Шунинг учун орани узиб-узиб, дам олиш вақтларида қилинса яхши бўлади, деган маънони англатади.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Ислом дини осонлик дини экани.
2. Унда ашаддий бўлмаслик кераклиги.
3. Ким Исломда ашаддий бўлишга уринса, ўзи мағлуб бўлиши.
4. Шариат кўрсатмасига амал қилишлик.
5. Шариат чегарасига яқинлашиб юришлик.
6. Яхшилик башорати ила яшашлик.
7. Мазкур вақтларда ибодатнинг ғанимат бўлиши.
Ислом тўғрисида нотўғри тасаввур кўп. Бу тасаввурлар ичида энг кўп тарқалгани–Ислом шариати таклифларини оғир таклифлар, деб васф қилиш. Инсонни ортиқча таклифлар билан қийнаш, деб тушунишдир. Ислом душманлари бу фикрни тарқатдилар ва тарқатмоқдалар. Ўзларини мусулмон ҳисоблаб юрган дангасалар ҳам бу ишга қўшиладилар. Аммо, Исломни қийинчилик дейиш Аллоҳнинг оятига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига зидлигини ҳам билишлари керак. Ким Аллоҳнинг оятига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига зид гапни айтса, кофир бўлишини ҳам билишлари керак. Мусулмон одам оят ва ҳадисда келган хабарни суриштирмасдан таслим бўлгани учун ҳам мусулмон номини олган. Агар оят ва ҳадисда келган нарсага ишонқирамаса, унга дарров таслим бўлиш ўрнига, сўраб-суриштирса, тескари гап айт-са, мусулмонлиги қолмайди. Агар оят ва ҳадисда келган хабарни тушуна олмаса, менинг ақлим етмаяпти десину, аммо тескари гап айтмасин, шак-шубҳа қилмасин.
Ислом қийин дин, деганларга эса, Исломнинг нимаси қийин, деймиз. Бошқа динлар билан, динсизлик билан солиштириб кўринг, нимаси қийин? Ақийда бобида шаҳодат калимасини тил билан айтиб, дил билан тасдиқлаб қўйсанг бўлди, сен мусулмонсан. Ҳеч қандай бошқа нарсанинг кераги йўқ. Алоҳида жойга бориб, алоҳида маросим ўтқазиб, чўқинтириш маросимида қиладиган ишларнинг кераги йўқ.
Ёки худосизлар фирқасига аъзо бўлиш учун низомномани ёдлаб, турли шахс ва идоралардан ўзининг ихлосли худосиз эканига қоғоз олиб, имтиҳондан ўтиб, саволларга жавоб бериб, етмай қолса, пора бериб, аввал номзод бўлиб, кейин аъзо бўлиш ҳам йўқ.
Исломнинг мусулмон жамияти аъзоларига юклаган таклифларида ҳам ҳеч қийинчилик йўқ. Уларнинг барчаси Аллоҳга ибодат бўлса ҳам, аслида мусулмоннинг ўз шахсига, оиласига, жамиятига ва бутун инсониятга фойда келтирадиган ишлар.
Исломдаги ибодат маросимларини ўтказиш учун алоҳида жой, алоҳида кийим, турли асбоб-ускана ёки воситачининг кераги йўқ. Ҳар ким хоҳлаган жойида, хоҳлаган кийимида, хоҳлаганича ибодат қилаверади.
Исломда тавба қилмоқчи бўлган одам чин дилдан ўкиниб, тавба қилдим, деб айтиб, ўша гуноҳни қайта қилмай қўйса бўлди. Бошқа динларга ўхшаб, алоҳида маросимни, воситачи-тавба қабул қилувчининг ва бадал тўлаб, мағфират паттаси сотиб олишнинг кераги йўқ.
Хуллас, Исломда қийинчилик йўқ. Бу улкан ҳақиқат билан ушбу китобимиз орқали танишиб келмоқдамиз, яна, иншааллоҳ, танишиб бораверамиз.
Ислом инсондан бирор нарсани таклиф қилган бўлса, уни ҳайвонлик даражасидан чин инсонлик даражасига кўтариш учун таклиф қилган, холос. Ислом ўз таклифлари билан инсонни фаришта даражасига кўтаришни кўзлаган эмас. Шунинг учун Ислом таклифларини оғир деганлар, унга амал қилиш қийин деганлар, инсоннинг ҳайвонлик даражасида қолишини ёқтирадиганлардир.
Ислом дини кишиларга оғирлик бўлишини, уларга тоқатларидан ташқари таклифлар юклатилишини хоҳламайди. Шунинг учун ўз ихтиёри билан қўшимча ибодатни кўп қилишга уринадиган одамларни ҳам бу ишдан қайтаради. Ушбу ўрганган ҳадисимиз бунинг ишончли мисолларидир. Кейинги келадиган ҳадисларда бу масала яна ҳам ойдинлашади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки у(саҳоба)ларни бирор ишга амр қиладиган бўлсалар, тоқатлари етадиган амалга амр қилар эдилар. Улар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, биз сизга ўхшаган ҳолатда эмасмиз. Албатта, Аллоҳ сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган», дейишди. Шунда, у зот ғазабланар эдилар. Ғазаблари юзларидан билинар эди ва:
«Сизларнинг энг тақводорингиз, Аллоҳни энг яхши билувчингиз менман!» дер эдилар
».
Икки ҳадисни Бухорий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларида ҳам Ислом дини осон дин экани, унда одамларнинг тоқатидан ташқари таклифлар бўлмаслиги баён этилмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни тоқатларидан ташқари амални қилишга амр қилмас эдилар. Саҳобаи киромлар кўпроқ амал қилиб, кўпроқ савоб олиш иштиёқи билан ёнар эдилар. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни хоҳлаб турган даражаларидаги амалларга буюрмас эдилар. Саҳобаларнинг кўпроқ амал қилиб, кўпроқ савоб олиш иштиёқлари устун келиб, баъзи хаёлларига келган гапни Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишга журъат қилардилар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, биз сизга ўхшаган ҳолатда эмасмиз. Албатта, Аллоҳ сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган», дейишди.
Яъни, сиз гуноҳи йўқ зотсиз, лекин шундоқ бўлса ҳам ибодатни кўп қиласиз, биз сизга ўхшаган гуноҳи кечирилган одамлардан эмасмиз, гуноҳларимиз кўп. Шунинг учун бизга изн беринг, кўпроқ ибодат қилайлик, демоқчи бўлдилар. Бундан саҳобаи киромларни кўп тоат-ибодат қилишга рағбатлари кучли экани кўриниб турибди. Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн бўлмагани учун кўп ибодат қила олмай юрганлари ҳам билиниб турибди. Сиртдан қараганда бу ҳар қанча мақтаса арзугулик рағбат. Пайғамбаримиз шундоқ қилдиларми? Йўқ! Ундоқ қилмадилар. Бундай пайтларда:
«У зот ғазабланар эдилар. Ғазаблари юзларидан билинар эди».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта ҳалимликларини, Аллоҳ учун бўлмаса, ҳеч қачон ғазабланмасликларини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ғазабланишлари амр қилинган нарсага бўйсунмай, унга турли таклифлар киритиш яхши эмаслигидан дарак беради.
Нима учун саҳобаларнинг кўпроқ ибодат қилиш рағбати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазабларини чиқарди? Чунки улар Аллоҳ ва Унинг Расули амр қилган ишларни оз санаб, ўзларига зиёда қилмоқчи бўлдилар. Бу эса, доимо хатога бошлайди. Аллоҳ таоло бандаларига нима муносиб эканини Ўзи яхши билади. Аллоҳ таоло бандаларига қанча миқдорда ибодат муносиб эканини ҳам яхши билади. Шунинг учун инсоннинг тоқатига яраша амалларга буюради. Агар инсон бутунлай намоз ўқиб, рўза тутиб ёки шунга ўхшаган амалларни қилиши керак бўлганида, уни фаришталарга ўхшатиб емайдиган, ичмайдиган, уйланмайдиган қилиб яратар эди.
Шунингдек, еб-ичиб, жинсий шаҳват билан машғул бўлиб, ҳайвонлик даражасида юравериши керак бўлганида, унга ақл бермас, Пайғамбарлар юбормас, китоблар туширмас ва шариатлар жорий қилмас эди.
Аллоҳ таоло инсонни чин инсон бўлишини хоҳлайди. Унинг фаришта бўлишини ҳам, ҳайвон бўлишини ҳам хоҳламайди. Аллоҳ инсонга ҳам ҳайвоннинг, ҳам фариштанинг хусусиятларидан берган. Жисм, емоқ-ичмоқ, жинсий шаҳватга эҳтиёжлар ҳайвонлик сифатларидир. Руҳонийлик, ақл, тоат, ибодатга лаёқатлик фариштанинг сифатларидир. Фаришталик сифатлари ҳайвонлик сифатларидан устун бўлиб, шариат йўлида юрган инсон фариштадан устундир. Ҳайвонлик сифатлари фаришталик сифатларидан устун бўлиб, еб-ичиш ва дунё ташвишидан бошқани билмаган инсон ҳайвондан бадтардир.
Ислом инсонни ҳайвонлик даражасига тушишига рози эмас. Шунингдек, уни фаришталик даражасига кўтарилишига ҳам рози эмас. Ислом инсондан чин инсон бўлишини талаб қилади, холос. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг амрини бажармаганлардан қанчалик ғазаблансалар, Аллоҳнинг амрига зиёда қилишни хоҳлаганлардан ҳам шунчалик ғазабланар эдилар. Ушбу ҳадисда зиёда ибодат қилишга изн сўраган саҳобаи киромлардан ғазабланишлари ҳам шундан. У зот уларга:
«Сизларнинг энг тақводорингиз, Аллоҳни энг яхши билувчингиз менман!» дер эдилар.
Яъни, бирортангиз менчалик тақводор бўла олмайсиз, менчалик Аллоҳни таний олмайсиз. Нега энди мен қилмаган ибодатларни қилмоқчи бўласиз?!
Демак, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларида келган ибодатдан ортиқча ибодат қилиш нотўғри ҳисобланади.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбаримиз ҳеч қачон, ҳеч кимни тоқатидан ташқари амалга буюрмаганлари.
2. Бировни тоқатидан ташқари амалга буюриб бўлмаслиги.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдингию кейинги гуноҳлари Аллоҳ томонидан мағфират қилингани. Албатта, гуноҳ сўзи у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам учун шартли равишда ишлатилади. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларга ишлатиладиган гуноҳлардан маъсум, яъни, сақлангандирлар.
Уламоларимиз у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ишлатиладиган гуноҳни, баъзи амалларни баъзи вақтларда камоли ниҳоясига етмай қолиши, деб таъвил қиладилар.
4. Яхши амаллар кишининг даражасини кўтариши. Шунинг учун саҳобалар зиёда амал қилишга изн сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, зиёда амал даражани кўтармайди, демадилар, балки, шариатда кўрсатилганидан зиёда қилишга қарши бўлдилар.
5. Нафл ибодатларни ўртача ҳолда олиб бориш яхшилиги.
6. Маълум даражага эришган одам шу даража билан кифояланиб қолмай, яна нафл ибодатларда бардавом бўлиши лозимлиги.
7. Шариатга хилоф нарсани кўрганда ғазаб қилишнинг жоизлиги.
8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг тақводор шахс эканликлари.
9. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳни энг яхши билувчи шахс эканликлари.
10. Кези келганда ўз фазли тўғрисида бошқаларга хабар бериш жоизлиги.
Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматлари очиқ-ойдин кўриниб турибди. Албатта, бугунги кунимизда зиёда ибодат қилишга иштиёқмандлар йўқлиги, бу ҳадисга эҳтиёж тушмайди, дегани эмас. Бу ҳадисни Ислом қийинчилик дини, деб иғво қилаётган душманларга қарши ишлатамиз. Исломнинг таклифлари қийинмикан, деб чўчиб турганларга Исломга тарғиб қилиш учун ишлатамиз. Баъзи бир ўзининг бузуқ табиатига берилиб, шариатда йўқ нарсаларни қилиб, ўзини овора қилиб, ўзгаларни Исломдан чўчитаётганларни йўлга солишда ишлатамиз. Бу ҳадисга эҳтиёжимиз жуда кўп.

 Оишадан:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларга бирор нарсани хос қилиб қўйиш одатлари бор эдими?» деб сўралди.
«Йўқ! У зотнинг амаллари доимий эди. Сизлардан қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қодир бўлган нарсага қодир бўла олар эди», дедилар
».
Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Оиша онамиздан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари ҳақида баён келмоқда.
Саҳобаи киромлар доимий равишда Оиша онамиздан турли нарсаларни сўраб туришар эди. У киши жуда кўп нарсаларни билар эдилар. Пайғамбаримиз билан доимо бирга бўлиш, етук ақл соҳибаси бўлиш Оиша онамизга кўп нарсаларни билиб олиш имконини берган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам кўп нарсаларда, катта саҳобалар еча олмай қолган масалаларда ҳам Оиша онамизга мурожаат қилинар эди. Ана шундоқ пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари ҳақида ҳам сўрар эдилар. Шундоқ саволларнинг бирида:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларга бирор нарсани хос қилиб қўйиш одатлари бор эдими?» деб сўралди.
Яъни, маълум бир куни, маълум бир ибодатни хос қилиб қўйишни одат қилган эдиларми, деб сўралди. Оиша онамиз:
«Йўқ», деб жавоб бердилар.
Демак, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундоқ одатлари бўлмаган. Унда қандоқ бўлган? Бу саволга жавоб Оиша онамизнинг жавоблари давомида келади:
«У зотнинг амаллари доимий эди».
Яъни, бир кун амал қилиб, бошқа куни ташлаб қўймас эдилар. Оз бўлса ҳам бардавом амал қилар эдилар.
«Сизлардан қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қодир бўлган нарсага қодир бўла олар эди», дедилар.
Яъни, қайси бирингиз ана шундоқ доимий равишда амал қила олар эдингиз.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Олима аёллардан илм сўраса мумкинлиги.
2. Оиша онамизнинг фазллари.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларни хос қилиб, бирор нафл ибодат учун ажратмаганлари.
4. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишни қилсалар, доимий равишда қилганлари.
5. Бошқа кишилар ҳар қанча уринсалар ҳам, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам даражасига ета олмаслиги.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, қандоқ амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир, деб сўралди.
«Агар оз бўлса ҳам давомлиси», дедилар
».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Саҳобаи киромларда Аллоҳга маҳбуб бўлган амални қилишга иштиёқ зўр эди. Улар Аллоҳга маҳбуб амалларнинг ичидан ҳам энг маҳбубини қилишга ҳаракат қилар эдилар.
Буни билиб олиш учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга савол бердилар:
«Қандоқ амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир?» деб сўрадилар.
Расуллулоҳ бу саволга:
«Оз бўлса ҳам давомлиси», деб жавоб бердилар.
Ҳа, Исломда давомсиз кўп амалдан кўра, давомли оз амал яхшидир. Чунки Ислом яхшиликни доимий бўлишини хоҳлайди.
Мусулмон одам ҳафтанинг маълум кунида яхши амал қилиб, мусулмонлик тақозоси билан иш кўриб, қолган кунларида ҳар хил ёмонликларни қилавермайди. Ҳар куни яхши бўлади. Оз бўлса ҳам ҳар доим яхши амал қилади. Ҳамма яхшилик ана ўшанда.
Биз мусулмонлар худди шу ишни ҳаммамиз амалга оширишимиз керак. Афсуски, кўпчилик биродарлар, жума куни, ҳайит кунлари, рамазон ойида ўзларини яхши тутадилар-да, қолган вақтларда турли ҳолатларда бўлишни ўзларига раво кўрадилар. Албатта, мазкур кун ва ойларда кўп яхши бўлиш мақбул ва савобли иш. Аммо бошқа вақтларда ҳам ўша ҳолатда бўлишга ҳаракат қилиш керак.
Бу бобга хулоса ясар эканмиз, Ислом осонлик динидир, ундан бошқа ҳамма нарса қийинлик, машаққатдир, деймиз. Банда Ислом шариатида кўрсатилган амалларни қилиш билан икки дунё саодатига эришади, деймиз.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri