Ғуслнинг одоблари ва ҳаммомнинг ҳукми Принтер учун
26.11.2010 й.
Умму Ҳонеъ бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Фатҳ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам ғусл қилаётган эканлар. Фотима эса у кишини тўсиб турар эди. Бас, у зот:
«Ким бу?» дедилар.
«Мен Умму Ҳонеъман», дедим.

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровияси Умму Ҳонеъ розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толибнинг қизларидир. У киши Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг сингиллари бўлади. Куниялари билан машҳур бўлганлар. Шунинг учун ҳам исмларида ихтилоф бор. Баъзилар Отика деса, бошқалар Фотима дейдилар, учинчилари яна бошқа исмни айтадилар. У кишидан қирқ олтита ҳадис ривоят қилинган.
Умму Ҳонеъ маккалик бўлганлар, шунинг учун ҳам Макка фатҳ этилган куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келганларини эшитиб, ҳузурларига борганлар. Кейин эса ҳадисда васф қилинган ҳолатни кўрганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Ғусл қилинаётганда киши одамлар кўзидан тўсилиши вожиблиги.
Мусулмон киши бегоналардан авратини тўсмоғи фарз.
Уламоларимиз ким ҳаммомга яланғоч кириб, бошқаларга авратини кўрсатса, унинг гувоҳлиги қабул қилинмайди, деганлар. Яъни, фосиқ киши сифатида тўлақонли, эътиборга сазовор мусулмонлик даражасидан тушади.
2. Ғусл қилаётган отани қизи пана қилиб туриши жоизлиги.
Фотима онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тўсиб турганлари бунга ҳужжат.
3. Шунингдек, маҳрам аёл ҳузурида ғусл қилиш мумкинлиги.
4. Кирган одамнинг кимлигини сўраш мумкинлиги.
5. Кирган одам ўзи ҳақида хабар бериши жоизлиги.

Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга сув қуйиб қўйдим ва тўсиб турдим. У киши ғусл қилдилар».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Маймуна онамиз бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ғусл учун сув тайёрлаб берганлари ва ғусл қилган пайтларида У зотни тўсиб турганлари ҳақида сўзлаб бермоқдалар.
Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Аёл эрининг ғусл қилиши учун сув тайёрлаб бериши.
2. Аёл эри ғусл қилаётганида уни тўсиб туриши.
(Бошқа бир ривоятда «бир кийим билан тўсиб турдим», дейилган).
3. Ғусл пайтида тўсилиб туриш вожиблиги.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир идишдан ғусл қилар эдим».
Бошқа бир ривоятда:
«Фарақ» дейиладиган қадаҳда қўлларимиз аралашиб кетар эди», дейилган.
Учинчи бир ривоятда:
«Жунубликдан», деган сўз зиёда қилинган.
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: «Фарақ дейиладиган қадаҳ ўн олти ратл сув сиғадиган идиш» экани аввал айтилган.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Эр-хотин жунубликдан бир жойда, бир идишдан сув олиб, ғусл қилишлари мумкинлиги.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эркак киши эркак кишининг авратига қарамайди. Аёл киши ҳам аёл кишининг авратига қарамайди. Бир кийим ичида эркак киши эркак кишига баданини теккизмайди. Бир кийим ичида аёл киши аёл кишига баданини теккизмайди», дедилар
».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Эркак киши хотин кишининг, хотин киши эркак кишининг авратига қараши, умуман, мумкин эмаслиги маълум ва машҳур бўлганидан ҳамда оят ва бошқа ҳадисларда муфассал баён қилинганидан бу жойда айтилмаган.
Бу ҳадисда кишилар ўзига енгил санайдиган, бўлаверади, деб ўйлайдиган нарсалардан баъзиларининг ҳукми баён қилинган.
«Эркак киши эркак кишининг авратига қарамайди».
Маълумки, эркак кишининг эркак кишига нисбатан аврати тиззалари билан киндиги орасидаги танаси. Бу авратни аёл киши кўрмаса бўлди, деган хаёл билан эркак кишига кўрсатишнинг зарари йўқ, деб ўйлаш мутлақо хатодир. Аввало, эркак киши бегона эркак кишидан ҳам авратини бекитмоғи лозим. Шунингдек, бошқа эркак кишининг авратига назар солмаслиги ҳам керак. Бу нарса шариатимизда ҳаром қилинган.
«Аёл киши ҳам аёл кишининг авратига қарамайди».
Кўпчилик аёлларда аёл киши авратини эркак кишига кўрсатмаса бўлди, деб аёллардан эҳтиёт бўлмаслик одатлари бор. Бу ҳам нотўғри. Аёл кишининг аврати бошқа бир аёл кишига нисбатан иккига бўлинади.
1. Муслима аёлнинг муслима аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигача.
Мазкур жойини муслима аёлларга ҳам кўрсатмаслиги керак. Бошқа аёлларнинг ўша жойига қарамаслик ҳам керак.
2. Муслима аёлнинг кофир аёлга нисбатан аврати хизмат вақтида очиқ турадиган жойларидан бошқа жойларидир.
«Бир кийим ичида эркак киши эркак кишига баданини теккизмайди».
Кийим деганда ётиш ўрни ҳам киради. Яъни, эркак киши яланғоч баданини бошқа эркак кишига теккизмаслиги керак. Чунки бу иш жинсий бузуқликка олиб келиши мумкин. Эркак киши-ку, нима ҳам бўлар эди, дейиш керак эмас. Кўпчилик бузуқ ишлар, хусусан, ливота (бачабозлик) шундан бошланади.
«Бир кийим ичида аёл киши аёл кишига баданини теккизмайди».
Чунки бу иш ҳам аёллар ичида ўзаро бузуқликка олиб боради. Бу ҳаром ишни арабчада «сиҳоқ» дейилади.
Кўриб турибмизки, Ислом шариатида жинсий тарбияга алоҳида эътибор берилган. Хоҳ эркак киши бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, ўзгаларнинг жинсий майлини қўзғатиши мумкин бўлган аъзоларини бекитиб юришга, бошқаларнинг ўша аъзоларига назар солмасликка амр қилинган.
Шунингдек, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин яланғоч баданини бир-бирига теккизиши ҳам ман қилинган. Булар ҳаммаси зино, бачабозлик, аёлларнинг бир-бирлари билан шаҳвоний алоқалари каби катта гуноҳ бўладиган ҳаром ишларнинг олдини олиш учун қилинган.
Биз мусулмонлар бу амрларга сўзсиз бўйинсунишимиз лозим. Шариатимизнинг амрларига итоат қилишимиз керак. Болаларимизни, ўзимизга қарашли кишиларни шу руҳда тарбиялашимиз керак.

Баҳз ибн Ҳакийм отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади:
«Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил», дедилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, агар одам бир қавмнинг ичида бўлса-чи?» дедим. У зот:
«Агар уни бирор киши зинҳор кўрмаслигига қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин», дедилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бирортамиз ўзи холи бўлганда-чи?» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлардан кўра, Аллоҳдан ҳаё қилинмоғи ҳақлироқдир», дедилар
».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Бухорий баъзисини ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийи Баҳз ибн Ҳакийм розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Баҳз ибн Ҳакийм ибн Муовия ал-Қушайрий ал-Басрий. Ҳадисларни боболари ва оталаридан ривоят қилдилар. Бу кишидан Саврий, Химода ибн Салама, Маъмур, Абу Осим, Марвон ибн Мубораклар ривоят қилишган.
Баҳз ибн Ҳакиймнинг оталари Ҳакийм ибн Муовиядирлар. У киши тобеъинлардан бўлиб, ишончли одам бўлган. Баҳз ибн Ҳакиймнинг боболари Муовия ибн Ҳайдата бўлиб, у киши саҳобийлардан бўлганлар.
Бу ҳадисда ўша Муовия ибн Ҳайдата розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган бир неча масалалар ва уларга берилган жавоблар келтирилмоқда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?»
«Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил».
Демак, эркак киши тиззаси билан киндиги орасидаги аъзоларини ўз хотини ва чўрисидан бекитмаса ҳам бўлар экан. Аммо бошқалардан тўсмоғи вожибдир.
«Эй Аллоҳнинг Расули, агар одам бир қавмнинг ичида бўлса-чи?» Унда нима қилади? Баъзи вақтларда беихтиёр баъзи жойлар кўриниб қолиши мумкин-ку?
«Агар уни бирор киши зинҳор кўрмаслигига қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин».
Яъни, кўпчиликнинг ичида, ноқулай ҳолатда бўлсанг ҳам авратингни бировга зинҳор кўрсатмасликка ҳаракат қил.
«Эй Аллоҳнинг Расули, бирортамиз ўзи холи бўлганда-чи?»
«Одамлардан кўра, Аллоҳдан ҳаё қилинмоғи ҳақлироқдир».
Яъни, авратни тўсиш масаласида одамлардан кўра кўпроқ Аллоҳдан ҳаё қилмоқ зарур.
Шунга биноан, холи одам ўзини тўсмай ғусл қилганидан кўра, авратини тўсиб, ғусл қилгани афзал, дейилган.
Имом Бухорий «Ўзи ёлғиз, холи жойда яланғоч ғусл қилган ва тўсиниб ғусл қилган одам. Тўсмоқлик афзаллиги ҳақида боб» номли боб очганлар.
Бошқа ҳадисларда, хусусан, Мусо ва Айюб алайҳиссаломларнинг яланғоч ҳолда ғусл қилганларини васф қилувчи ҳадисларни далил қилиб, барча фақиҳлар ғусл вақтида холи бўлган одам авратини тўсиши мустаҳабдир, деганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Аврат ҳақида савол бериб, билиб олиш яхшилиги.
2. Эркак киши ўз хотини ва чўрисидан авратини тўсмаса жоизлиги.
3. Хотин ва чўридан бошқадан авратни тўсиш лозимлиги.
4. Одамлар ичида бўлганда ҳам зинҳор авратни ўзгага кўрсатмасликка ҳаракат қилиш зарурлиги.
5. Холи бўлган одам авратини тўсиб, ғусл қилиши афзаллиги.

Асҳоби суффалардан бўлган Жарҳад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримизга ўтирдилар. Соним очиқ эди. У зот:
«Сон аврат эканлигини билмайсанми?» дедилар
».
Абу Довуд, Термизий ва Бухорийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийи Жарҳад розияллоҳу анҳу ҳақида.
Жарҳад ибн Хувайлид Асламий, куниялари Абу Абдурраҳмон, аҳли суффалардан эдилар. Ҳудайбияда иштирок этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча машҳур ҳадислар ривоят қилдилар. Шу ҳадислардан бири «кишиларнинг сони ҳам авратдир» деган ҳадис.
Бу зот Мадинада яшадилар ва ана шу ерда Язид ибн Муовия даврида вафот этдилар.
Бу зот тўплаган ҳадислардан баъзиларини уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
«Асҳоби суффа» саҳобаи киромлардан бир гуруҳига берилган ном бўлиб, уларнинг турар жойлари бўлмаганидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ортидаги суффада яшаб, кўпроқ Масжиди Набавийга келган хайр-эҳсонлардан кун кўрар эдилар.
Ҳозирги кунда ҳам ўша суффа ислоҳ қилинган ҳолда сақланиб қолган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоби суффаларни эҳтиром қилар, кўнгилларини кўтарар, кўпинча, улар билан бирга ўтирар эдилар. Ана шундай ўтиришлардан бирида ушбу ҳадиснинг ровийи Жарҳад розияллоҳу анҳунинг сонлари очилиб қолганини кўриб, у кишига:
«Сон аврат эканини билмайсанми?» дедилар.
Яъни, нимага сонингни очиб ўтирибсан, бекит, деганлар. Шундан сон ҳам авратлиги ва аврати очилиб қолган, бошқа ношаръий ҳолатдаги одамларга танбеҳ бериш лозимлиги чиқади.

 Яъло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ жойда иштонсиз ғусл қилаётган одамни кўриб қолдилар. Бас, минбарга чиқдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг:
«Албатта, Аллоҳ ўта ҳаёли ва ўта тўсингандир. Бирортангиз ғусл қилса, тўсиниб олсин», дедилар
».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввал ҳадиснинг ровийи Яъло розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Яъло ибн Мурра ас-Сақафий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатли саҳобаларидан. Ҳудайбия, Ҳайбар, Макка фатҳи, Ҳувазон, Тоифдаги жангларда иштирок этганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифга борганларида узум келтирган саҳоба шу киши эдилар.
Яъло Али розияллоҳу анҳунинг асҳобларидан бўлиб, Куфа, Басра шаҳарларида истиқомат қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ривоят қилдилар. Бу зотдан ўғиллари Абдуллоҳ, Саид ибн Абу Рашид ва бошқалар ривоят қилишган.
Бу киши ривоят қилган ҳадислардан баъзиларини уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг шариат ҳукмларига амал қилишларини доимо зийраклик билан кузатиб, йўл қўйилган хатоларни ўз ўрнида тузатиб борар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу тузатиш ишларини шароитга, шахсга, хатога қараб, энг мос усулини топар ва турлича муолажа қилар эдилар.
Гоҳида юқоридаги ўтган ҳадисдаги Жарҳад розияллоҳу анҳуга қилган муомалалари каби хатога йўл қўйган одамнинг ўзини огоҳлантирар эдилар.
Агар хато кенгроқ миқёсда бўлса, ўша атрофда турганларни ҳам бохабар қилиб қўяр эдилар.
Гоҳида эса, ушбу ҳадисда келганига ўхшаб, намоздан кейин минбарга чиқиб, ҳаммага тушунтирар эдилар.
Кунлардан бир кун Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам холи, лекин очиқ жойда яланғоч ҳолда ғусл қилаётган бир одамни кўриб қолдилар. Бу хатони тузатишга аҳд қилдилар. Масжидда намоз ўқилгандан кейин минбарга чиқиб хутба қилдилар. Одатларича, гапни Аллоҳ таолога ҳамду сано айтишдан бошладилар. Сўнгра:
«Албатта, Аллоҳ ўта ҳаёли ва ўта тўсингандир. Бирортангиз ғусл қилса, тўсиниб олсин» дедилар».
Бу сўзларда одоб-ахлоқнинг олий даражаси ўз ифодасини топган. Мусулмонлар ичидаги мавжуд камчиликларни муолажа қиладиган ваъзхонлар ва хатиблар бундан ўрнак олишлари керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фалончини фалон жойда қип-яланғоч ғусл қилаётганини кўрдим, шу ҳам иш бўлдими, демадилар. Бошқа шунга ўхшаган гапларни ҳам айтмадилар. Балки аввал Аллоҳнинг ўта ҳаёли эканини эслатиб, мусулмонларни ҳам ўта ҳаёли бўлишга ундадилар. Аллоҳнинг ўта тўсинган эканини эслатиб, мусулмонларни ҳам ўта тўсинишга ундадилар. Сўнгра асосий мақсадга кўчиб, тўсиниб олиб ғусл қилиш кераклигини баён қилдилар.
Ушбу ҳадисдан оладиган фойдалар:
1. Баъзи кишилардан содир бўлган ношаръий ишларни тузатишга шошилиш кераклиги.
2. Холи, очиқ жойда бировнинг кўриб қолиш эҳтимоли борлиги учун яланғоч ҳолда ғусл қилмаслик.
3. Намоздан кейин ваъз қилиб, баъзи хатоларни тузатиш жоизлиги.
4. Минбардан гапни ҳамду сано билан бошлаш.
5. Аллоҳнинг ўта ҳаёли, ўта тўсинган сифатлари борлиги.
6. Мусулмонларни Аллоҳнинг сифатларидан ўрнак олишга чақириш жоизлиги.
7. Авратни доимо тўсиб юришга ҳаракат қилиш.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммомларга киришдан қайтардилар. Сўнгра эркакларга изор билан киришга рухсат бердилар».
Шарҳ: Кўриниб турибдики, ҳаммомларда содир бўладиган аврат очилиши ва бошқа гуноҳ ишлар эътиборидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам маълум муддат мусулмонларга умумий ҳаммомларга киришга рухсат бермаганлар. Кейинчалик ҳамма нарса ўрнига тушиб, кишилар бу ишга боғлиқ масалаларни яхши ўрганиб олганларидан кейин эркакларга изор (авратни тўсадиган кийим) билан киришга рухсат берганлар.
Аёлларга эса рухсат бўлмаган. Чунки аёлларнинг умумий ҳаммомларга қатнаши туфайли келиб чиқадиган ношаръий ишлар эҳтимоли кўп ва кучлидир.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир аёл ўз уйидан бошқа жойда кийимини ечса, албатта, ўзи билан Аллоҳ таоло орасидаги пардани йиртган бўлади», дедилар
».
Иккала ҳадисни Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилган.
Шарҳ: Аёл кишига эри, ота-онаси ва бола-чақасининг уйи ҳам ўз уйи ҳисобланади. Аммо аёл кишининг нотаниш жойларда кийимларини бутунлай ечиши кўпгина ҳаром ишларга сабаб бўлганидан, муслима аёлларни турли ноқулайликлардан сақлаш мақсадида шу ҳукм жорий қилинган. Бу ҳукмга амал қилмаслик кўплаб ҳаром-хариш ишларнинг келиб чиқишига сабаб бўлишини унутмаслик керак.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, келажакда сиз учун ажам юртлари фатҳ қилинур. Ўша ерларда ҳаммомлар, деб аталадиган уйларни кўрасизлар. Уларга эркаклар фақат изор(иштон)лар билангина кирсинлар. Аёлларни улардан ман қилинглар. Магар бемор, нифосли бўлсалар, майли», дедилар
».
Абу Довуд ва Ибн Можалар ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда бўладиган ишлардан хабар берганлар. Бу эса у зотнинг пайғамбарлик мўъжизаларидандир. Дарҳақиқат, ҳадисда айтилган башорат воқеликда содир бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин саҳобаи киромлар ажам юртларини фатҳ қилдилар. Мазкур «ҳаммом» деб аталадиган уйларни ҳам кўрдилар. Улар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларини амалга оширдилар.
Тарихчиларнинг гувоҳлик беришларича, ўша пайтда ҳаммомлар жуда кам бўлган. Борлари ҳам ҳукмдорларга хос бўлиб, аслида фисқу фужурнинг, ифлосликнинг уяси эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни ҳаммомга киришдан эҳтиёт бўлишга чақирганлар. Шариат ҳукмларига қаттиқ риоя қилиб, авратларини тўсган ҳолда киришни тайинлаганлар. Аёлларга эса фақат беморликда ва нифосдан покланиш каби тиббий мақсадлардагина рухсат берилган.
Мусулмонлар бу кўрсатмаларга амал қилиб, ҳаммомларни исломийлаштирдилар. Уларда ношаръий ишлар бўлмаслиги учун барча чораларни кўрдилар. Исломий ҳаммомлар ҳақиқий поклик ва саломатлик масканларига айланди.
Бунга тарих шоҳид. Салбчилар Андалус (Испания) мусулмонларини аямай бирма-бир тиғдан ўтказиб, уйларини хароб қилишганда ҳар бир уйда ҳаммом борлигини кўриб, «бу нима экан?» деб ҳайрон бўлишган. Чунки овруполикларда у вақтларда ювиниш гуноҳ ҳисобланар эди. Мусулмонлар дунё маданиятининг етакчилари сифатида бу ишни ҳам қойиллатиб, ўрнига қўйишган эди.
Мусулмон фуқаролар эса умумий ҳаммомларга тааллуқли ҳукмларни ҳамма учун қоида сифатида ишлаб чиқганлар. Бир неча минг йиллик тарихга эга бу ҳукмлар билан танишиб чиққан одам Ислом маданияти қай даражага етгани ҳақида тасаввур ҳосил қилиши мумкин.
Ҳозиргача Исломий ҳаммомларнинг «турк ҳаммомлари» номи билан бутун дунёга машҳурлиги фикримизнинг далилидир. Келинг, қисқача бўлса ҳам ўша умумий ҳаммомлар ҳукми ила танишиб чиқайлик:
«Ҳаммомларнинг яхшиси, ўзи баланд, суви чучук, ҳарорати мўътадил, хоналари ўртача ва биноси қадим бўлганидир.
Эр кишилар учун ҳаммомга киришга рухсат. Уларга у ерда ҳалол бўлмаган нарсалардан кўзларини тийиш вожибдир. Шунингдек, ўз авратларини бекитмоқ ҳам вожибдир. Агар бировнинг авратини кўришдан, бировга авратини кўрсатишдан саломат бўлишига ишонмаса, ҳаммомга бормасин. Умумий ҳаммомларга иштон (лунги)сиз кириш ҳаромдир» ва ҳоказолар.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort