Нақд пулга ва бошқа нарсага ерни кирага бериш Принтер учун
11.12.2010 й.
islom.uz
Ҳанзала ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Рофеъ ибн Ходийждан ернинг кираси ҳақида сўрадим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишдан наҳйи қилдилар», деди.
«Тилло ва кумуш билан бўлса ҳам-а?!» дедим.
«Агар тилло ва кумуш билан бўлса, ҳеч гап йўқ», деди
.
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ривоятда шерикчилик зироатига қарши бўлган энг бош одам Рофеъ ибн Ходийж розияллоҳу анҳу ҳам тилло ва кумушга ерни кирага олиб деҳқончилик қилиш мумкин эканлигини таъкидламоқдалар. Ана ўшанда тортишув, уруш-жанжал чиқмайди.
Саъд розияллоҳу анҳу:
«Ерни, сув яхши чиқадиган жойлардаги зироатни олишимиз шарти ила кирага берар эдик. Одамлар ихтилофга тушдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни бундан наҳ¬йи қилдилар ва у (ер)ни тилло ва кумушга кирага беришимизга амр қилдилар», деди».
Шарҳ: Шериклик зироатчилиги ҳақидаги ҳамма ривоятлари солиштириб кўрганимизда ҳам ушбу ривоятдаги каби кишиларнинг ихтилофга тушадиган нарсалари бир хил услубда эканини тушунамиз. У ҳам бўлса, ер эгаси бировга ўз ерини шериклик зироатчилигига бераётиб, ўзи сув яхши чиқадиган, ҳосилдор ерларни танлаб олиб, бу ерлардан чиқадиган ҳосил менга, бошқа жойдан чиқадигани сенга, дер эканлар. Деҳқон йил бўйи меҳнат қилиб, ҳосилни йиққанда, ноқулай ерларга эккан ўз экинларидан яхши маҳсул чиқмас экан. Орада ихтилоф чиқиб, уруш-жанжал бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай жанжалларга барҳам бериш учун бу хилдаги ноаниқ ва адолатсиз шерикчиликни қилмай, аниқ ва адолат ила шерикли зироатчилик қилишга амр этган эканлар.

Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, уч тоифагина зироатчилик қилур: Ери бор одам унда зироатчилик қилади. Ерни вақтинчалик фойдаланишга олган одам унда зироатчилик қилади. Ва ерни тилло ёки кумушга кирага олган одам зироатчилик қилади», дедилар
».
Икковини Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда ҳам ерни нақд кирага олиш мумкинлиги таъкидланмоқда. Шу билан бирга, ерда зироатчилик қилишга ҳақи бор уч тоифанинг ҳаммаси бирин-кетин зикр қилиб ўтилмоқда:
1. «Ери бор одам, унда зироатчилик қилади».
 Ўзининг ери бор, ер эгаси бўлган одам ўша ўз ерида зироатчилик қилиш ҳақига эга.
2. «Ерни вақтинчалик фойдаланишга олган одам, унда зироатчилик қилади».
Бировнинг ўз мулки бўлган ери йўқ. Аммо бир ер эгаси унга ўзининг еридан маълум майдонни бериб, вақтинча шу ерни экиб фойдаланиб тур, деган бўлса, ўша одам ҳам ер эгаси белгилаган муддатгача мазкур ерда зироатчилик қилиш имконига эга.
3. «Ва ерни тилло ёки кумушга кирага олган одам зироатчилик қилади».
Бировнинг ўз ери йўқ, бошқа биров унга ердан фойдаланиш ҳақини ҳам бергани йўқ. Аммо ҳалиги одамнинг пули бор. У ўз пулига ерни ижарага олиб деҳқончилик қилиши яхши бўлади. Ҳадиси шарифда тилло ва кумушнинг зикр қилиниши ўша пайтда бу икки маъдан нақд пул ўрнини ўтагани учундир. Ҳозирда ҳар ўлка кишилари ўзларида урф бўлган нақд пулга ерни ижарага олиб экаверадилар.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz