Ғамус қасам Принтер учун
17.12.2010 й.
islom.uz
«Ғамус» сўзи луғатда «чўмилиш», «кўмилиш» маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса, ботил нарса учун қасддан қасам ичишга «ғамус қасам» дейилади. Чунки, ундоқ ботил қасам ўз эгасининг жаҳаннам оловига чўмилишига, кўмилишига сабаб бўлади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Гуноҳи кабиралар: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ғамус қасамдир», дедилар
».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан ғамус қасам қанчалар оғир гуноҳ эканлигини тушуниб олаверсак бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳи кабиралар – энг катта гуноҳлар тўртта бўлиб, шулардан бири ғамус қасам эканлигини таъкидламоқдалар.
Дунёда Аллоҳ таолога ширк келтиришдек катта гуноҳ йўқ. Бу ҳадиси шарифда эса, ғамус қасам ана ўша, Аллоҳ таолога ширк келтиришдек, катта гуноҳга тенглаштирилмоқда.
Шунингдек, ота-онага оқ бўлиш ва одам ўлдиришлар ҳам ҳазил гуноҳлар эмас, ғамус қасам эса, ана ўша гуноҳлар ила бир сафга қўйилмоқда. Бас, шундоқ экан, ҳар бир мўмин-мусулмон ёлғондан қасам ичишдан худди Аллоҳ таолога ширк келтиришдан, ота-онага оқ бўлишдан ва одам ўлдиришдан қандоқ сақланса, шундоқ сақланиши керак.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир мусулмон одамнинг (ёки ўз биродарининг, дедилар) молини узиб олиш учун ёлғон қасам ичса, Аллоҳга мулоқот бўлганида У зот ундан ғазабланган ҳолда бўлур. Бас, Аллоҳ ўшанинг тасдиғини: «Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва қасамларини озгина баҳога сотадиганларга, ана ўшаларга, охиратда ҳеч насиба йўқдир», деб нозил қилди», дедилар
».
Шарҳ: Ушбу ҳадисда ровий шакда бўлгани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ровий Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг «мусулмон одамнинг» ёки «биродарининг» деганларини аниқ ажрата олмай қолган. Шунинг учун омонатга хиёнат қилмаслик мақсадида икки лафзни ҳам келтирган.
Бировнинг молини ноҳақдан, меники, деб даъво қилиб, сўнгра, ботил даъвосини тасдиқлаш учун маҳкамада ёлғон қасам ичган одам қиёмат куни Аллоҳ таолога рўбарў бўлганида, Аллоҳ азза ва жалла ўша одамдан ғазабланган ҳолда бўлар экан. Бундоқ ноқулай ҳолдан ҳар бандани Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони айтиб туриб, ўз сўзларининг тасдиғи учун, «Албатта Аллоҳнинг аҳдини ва қасамларини озгина баҳога сотадиганларга, ана ўшаларга охиратда ҳеч насиба йўқдир», ояти каримасини тиловат қилдилар.
Бундан эса, ноҳақдан бировнинг молини олиш учун ёлғон қасам ичишни Аллоҳ таоло қасамни озгина баҳога сотиш, деб атаганини билиб оламиз. Ундоқ одамларнинг охиратда ҳеч қандай насибаси қолмас экан. Бу эса, ўз навбатида, ғамус қасам ўз эгасини жаҳаннам оловига шўнғитишига яна бир ёрқин далилдир.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ёлғондан лозим қилувчи қасам ичса, ўзининг дўзахдаги ўриндиғига ўзи тайёрланаверсин», дедилар
».
Шарҳ: Ҳадиси шарифдаги «лозим қилувчи қа-сам»дан мурод бировни бирор ишга ёки маблағ тўлашга мажбур қилувчи, деганидир.
Одатда, бундоқ қасамлар маҳкамада, қозининг ҳузурида ичилиб, ноҳақдан бир одамнинг молини тортиб олиш ёки унинг зиммасига зулм ила мажбурият юклашга сабаб бўлади. Аллоҳ таолодан қўрқмаган баъзи кишилар ўзларига шунга ўхшаш ишни раво кўрадилар. Ана ўшалар бу дунёда бир оғиз ёлғон қасам ила беш кунлик ҳаётнинг озгина арзимаган матоҳига эришиши мумкин, аммо охиратларини ўйламайдиларми?!
Ҳа, ҳар инсон ўз охиратини ўйлаб иш қилмоғи лозим. Агар мазкур ёлғон қасам ичувчилар ўз ишларининг оқибати нима бўлишини билмасалар, билиб қўйишлари лозим. Уларнинг оқибатлари, ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шариф маъносига қараганда, жуда ёмон бўлади. Қиёматда ундоқ ёлғон қасам ичиб юрган нобакорларга дўзах вожиб бўлади.
Ушбу ҳадисдан ёлғон қасам ичиб эришган нарсанинг катта-кичиклигига қарамай гуноҳкорга дўзах азоби бўлаверишини билиб оламиз. Чунки, бунга ўхшаш ҳолатларда қатъий чора кўрилмаса бўлмайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мусулмон инсон ёлғон қасам–ғамус қасамдан худди дўзахга тушишдан қўрққандек қўрқмоғи, унга умуман, яқин йўламаслиги лозим.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz