Кийимнинг турлари ҳақида Принтер учун
17.12.2010 й.
islom.uz
Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг акаларига айтган гапларини ҳикоя қилиб:
«Менинг мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, кўзи очилур. Сўнгра аҳлингиз ила жам бўлиб, ҳузуримга келинглар», деган (Юсуф, 93).
Шарҳ: Ушбу ояти каримани келтириш ила Қуръони Каримда ҳам кийимнинг баъзи тури ҳақида сўз кетганига ишора қилинмоқда.
Биз «кўйлак» деб таржима қилган кийим арабларда «қомийс» дейилади ва эркаклар киядиган узун кўйлакни англатади.

 Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. У киши:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун кийимларнинг энг маҳбуби кўйлак эди», дедилар.
Сунан эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Чунки ўша пайтда Арабистон ярим ороли шароитида энг қулай ва энг муносиб кийим кўйлак эди. Умуман, бу боблардаги кийим ва бошқа нарсалар ҳақидаги гапларда ўша пайт шароитини, воқелигини баён қилиш бор. Бундан мана шу ривоятларда зикр қилинмаган кийимларни кийиш мусулмон одамга тўғри келмайди, деган нотўғри мулоҳазага бормаслик керак.

Махрама розияллоҳу анҳу ўз ўғли ал-Мисварга:
«Эй ўғлим, менга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига яктак чопонлар келгани хабари етди. У зот уларни тақсимлаётган эмишлар. Юр, ҳузурларига борайлик», деди. У зотнинг ҳузурларига борсак, уйларида эканлар. Отам:
«Эй ўғлим, у кишини менга чақириб бер», деди. Бу иш менга катта бўлиб кўринди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сизга чақириб қўяманми!?» дедим. Отам:
 «Эй ўғлим, У зот жаббор эмаслар», деди. Мен чақирдим. У зот чиқдилар. Эгниларида тилло тугмали дебождан тикилган яктак чопон бор эди. Бас, У зот:
«Эй Махрама, мана буни сен учун олиб қўйган эдик, деб унга бердилар
».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало, ушбу ривоятда баён қилинган ҳодиса, Ислом шариатида эркак кишиларга ипак кийим ҳаром қилинишидан олдин бўлиб ўтганини эслатиб қўйишимиз лозим. Чунки ривоятда:
«У зот чиқдилар. Эгниларида тилло тугмали дебождан тикилган яктак чопон бор эди», дейилмоқда.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ипак ҳаром қилинишидан олдин ипак кийим кийганлари маълум ва машҳур. Аммо ипак кийим эркак кишиларга ҳаром қилинганидан сўнг бирор марта ҳам ундоқ кийимни эгниларига олмаганлари ҳам маълум. Бинобарин, ушбу ривоятдаги ҳодиса ипак кийим эркакларга ҳаром қилинишидан олдин ўтгани аён бўлади.
Шу билан бирга, унда ўша вақтдаги кийим турлари ҳақида маълумот берилаётгани учун уни ушбу бобда келтирилмоқда. Бу ривоятда барчамиз учун ўта зарур бошқа маълумотлар ҳам бор. Келинг, уни бир бошдан ўрганиб чиқайлик.
«Махрама розияллоҳу анҳу ўз ўғли ал-Мисварга:
«Эй ўғлим, менга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига яктак чопонлар келгани хабари етди. У зот уларни тақсимлаётган эмишлар. Юр, ҳузурларига борайлик», деди».
Биз «яктак чопонлар» деб таржима қилган кийим арабчада «ақиббатун» дейилади. У енгил, олди очиқ чопондир. Арабларнинг ўзида бу хилдаги чопон бўлмаган. Уларга бу чопон ажамлардан келтирилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига нима келса ҳам ҳақдорларга бўлиб берар эдилар. Бу ҳақда ривоятлар жуда ҳам кўп, хурмодан тортиб тиллогача одамларга бўлиб берганлари ҳақидаги ривоятлар маълум.
Ушбу ривоятда У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхтак чопон тақсимлаганлари ҳақида сўз кетмоқда. Ровий Махрама розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яктак чопонлар келгани, У зот уларни одамларга тақсимлаб бераётганлари ҳақидаги хабарни эшитиб, ўғли ал-Мисварга бирга бориб ўша чопонлардан ўз улушларини олиб келишни таклиф қилмоқда. Қиссанинг давомини ал-Мисвар розияллоҳу анҳудан эшитамиз.
«У зотнинг ҳузурларига борсак, уйларида эканлар».
Яъни, масжиддаги ишларини битириб, ичкарига–ҳужраларидан бирига кириб кетган эканлар.
«Отам:
«Эй ўғлим, у кишини менга чақириб бер», деди. Бу иш менга катта бўлиб кўринди».
Қандоқ қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдек улуғ зотга, сизни отам чақиряпти, дейиш мумкин. Ахир, У зот Аллоҳнинг Расули бўлсалар, сарвари олам бўлсалар, Қуръони Каримни Аллоҳдан қабул қилиб олиб, умматга етказиб турган бўлсалар?! Шундоқ зотга, сизни отам чақиряпти, дейиш ўта беодоблик бўлмайдими?!
Ал-Мисвар розияллоҳу анҳунинг мулоҳазалари ўринли бўлса ҳам, у ёшлигига бориб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий васфларини тушунмаётган эди. У зотнинг ўта камтар эканликларини тушуниб етмаган эди. Шунинг учун, отаси унга танбеҳ берди:
«Эй ўғлим, У зот жаббор эмаслар», деди.
Ҳа, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўпдан муомала қилиб юрган ота У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табиатларини яхши билар эди. Шунинг учун ўз ўғлига юқоридаги гапни айтиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни чақириб беришни амр қилган эди.
«Мен чақирдим. У зот чиқдилар. Эгниларида тилло тугмали дебождан тикилган яктак чопон бор эди».
Ҳаммаси соддагина ва осонгина кўчди. Ҳеч қандай асъасаю дабдаба йўқ. Ҳеч қандай такаббурлигу расмиятчилик йўқ. Ҳаммаси камтарлик ва одамийлик асосида. Ал-Мисвар розияллоҳу анҳу чақирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар. Бўлди, тамом. Мақсадга етилди. Энг ажабланарлиси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга тарқатаётган яктак чопонлардан бирини ўзлари ҳам кийиб олган эдилар. Бу билан уммат аъзоларидан ўзлари ҳеч бир нарсада ажралиб турмасликларини  таъминлаган  эдилар.  Бунинг  устига уйларидан безовта қилиб чақирган ота-болага жуда ҳам ширин муомала қилиб, ўзларига келган яктак чопонлардан бирини отага тутиб:
«Эй Махрама, мана буни сен учун олиб қўйган эдик, деб унга бердилар».
Иш битди. Олам гулистон бўлди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида яктак чопон борлиги.
2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига келган нарсаларни одамларга тақсимлаб бериш одатлари борлиги.
3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг содда ва камтарона ҳаёт кечирганлари.
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаббор эмас, камтар эканликлари.
4. Бошлиқ кўпчиликка тақсимлаб берган нарсасидан баъзи кишиларга атаб олиб қўйиши мумкинлиги.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кийишни яхши кўрадиган кийим «ҳибара» эди.
Учовлари ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Ҳибара» Яманда тайёрланадиган пахтадан бўлган яшил рангли чопон. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша хилдаги чопонни кийишни яхши кўрар эканлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким изор топмаса, шалвор кийсин. Ким кавш топмаса, махси кийсин», дедилар
».
Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Изор» тананинг киндикдан пастини тўсиб турадиган кийим бўлиб, тикилмаган мато бўлади. Баъзи араб ва жануби-шарқий Осиё юртларида ҳозирда ҳам кенг тарқалган кийимлардан ҳисобланади.
Ушбу ривоятда ўша пайтда кийиладиган кийимлардан тўрттаси: изор, шалвор, кавш ва махси зикр этилмоқда.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриб кетаётган эдим. У зотнинг устларида ҳошияси йўғон нажроний бурда бор эди. Бир аъробий У зотнинг йўлларини тўсиб, ридоларидан ушлаб, қаттиқ силтади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўйинларининг орт томонида кийимнинг изи чиқиб қолди. Сўнгра у:
«Эй Муҳаммад! Менга ҳам сенинг ҳузурингдаги Аллоҳнинг молидан берилишига амр қил!» деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бурилиб, унга қарадилар, кулдилар ва унга ато беришга амр қилдилар
».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Бурда» тикилмаган матодан қилинган, тананинг устки қисмини тўсиб турадиган, елкага ташлаб олинадиган кийимдир. Уни ридо деб ҳам аталади.
«Нажроний» Нажрон номли юртда қилинган деганидир.
Ушбу ҳадиси шарифда жуда катта масалалар бўлса ҳам, биз ўрганаётган бобга тегишлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларига бурда ташлаб юриш одатлари борлиги ҳақидаги маълумотдир. Бу ҳадиси шариф, асосан, ахлоқ бобида батафсил ўрганилади. Ҳозир эса «кийимнинг турлари ҳақида»ги бобга хос равишда ўрганамиз.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўн йил давомида ихлос ила хизматларини қилган машҳур саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриб кетаётган эдим. У зотнинг устларида ҳошияси йўғон нажроний бурда бор эди».
Эътибор беринг-а! Сарвари олам Анас номли ёш бола билан пиёда юриб кетаётган эканлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам елкаларига Нажронда тайёрланган, ҳошияси йўғон ва қўпол нарсадан қилинган ридони ташлаб олган эканлар.
«Бир аъробий У зотнинг йўлларини тўсиб, ридоларидан ушлаб, қаттиқ силтади. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буйинларининг орт томонида кийимнинг изи чиқиб қолди».
Саҳрода тарбия кўрмай ўсганлари учун аъробийлар қўпол бўладилар. Ўшалардан бири Пайғамбар соллаллоҳу  алайҳи  васалламнинг  йўлда  кетаётганларини кўриб, У зотга салом бериш, ҳурматларини бажо келтириш ўрнига бирдан елкаларидаги  ридоларидан  ушлаб,  куч  билан  қаттиқ силтабди.  Шунчалик  қаттиқ  силтабдики,  ҳатто елкаларидаги ридонинг қўпол ҳошияси У зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларига ботиб, из қолдирибди.
«Сўнгра у:
«Эй Муҳаммад! Менга ҳам сенинг ҳузуринг-даги Аллоҳнинг молидан берилишига амр қил!» деди».
Бировдан ўз ҳожатини сўрайдиган одам унга шундоқ ҳам муомала қиладими? Албатта, бундай ҳолатда ҳар қандай босиқ инсон ҳам, «ҳой биродар, ўзингизни босинг, бундоқ қилмай, тўғриликча ҳожатингизни сўзлайверинг» дейиши турган гап. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига хос тасарруф қилдилар. Бундоқ тасарруфни У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа инсон қилиши амри маҳол.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бурилиб, унга қарадилар, кулдилар ва унга ато беришга амр қилдилар».
Шундоқ қилиб, ҳалиги беодоб аъробийнинг ҳожати равон бўлди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта содда ҳаёт кечирганлари.
2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «бурда» деб номланадиган кийим кийганлари.
3. Аъробийлар ичида ўта қўпол ва тарбиясизлари ҳам борлиги.
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта кечиримли ва хушхулқ зот эканликлари.
5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўраган кишига ато берганлари.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аёл бурда келтирди-да:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен буни сизга кийдириш учун ўзим тўқидим», деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтиёжлари бўлгани учун уни олдилар. Бизнинг олдимизга чиққанларида уни изор қилиб олган эканлар. Қавмдан бир киши уни қўли билан ушлаб кўрди-да:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Шуни менга кийгазсангиз!» деди.
«Хўп», дедилар У зот. Сўнг Аллоҳ хоҳлаганича мажлисда ўтирдилар ва қайтиб (уйларига) кирдилар-да, ҳалига нарсани ўраб, унга бериб юбордилар. Одамлар унга:
«У зотдан буни сўраб яхши қилмадинг. У киши сўраганни қайтармасликларини билар эдинг-ку!» дедилар.
У бўлса:
«Мен буни ўзимга кафанлик бўлиши учун сўрадим, холос», деди. Дарҳақиқат, ўша нарса унга кафан бўлди
».
Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Бурда» қўл билан ҳошияси алоҳида бошқача қилиб тўқиладиган чойшабга ўхшаш нарса. Уни тананинг юқори қисмига ўралса ридо бўлади, пастки қисмига ўралса изор бўлади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан эркак-аёл саҳобаларнинг ҳурматлари ва муҳаббатлари чексиз эканлиги, инсоният тарихида ҳеч бир бошлиқ ўз одамларидан бунчалик эҳтиром кўрмагани, бунчалик муҳаббатига сазовор бўлмагани маълум ва машҳур.
Ушбу ривоятда ҳам ўша эҳтиром ва муҳаббат бир дона кийимга боғлиқ ҳолда икки хил услуб ила намоён бўлмоқда. Келинг, бу нарсани батафсил ўрганиб чиқайлик.
«Бир аёл бурда келтирди-да:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен буни сизга кийдириш учун ўзим тўқидим», деди».
Қаранг! Оддий бир аёл Аллоҳнинг Расулига атаб бурда номли кийимни ўз қўли билан тўқиб, ўз оёғи билан юриб олдиларига келиб, ўз тили билан баён қилиб топширмоқда. Бу ўша саҳобия аёл розияллоҳу анҳонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз эҳтироми ва улкан муҳаббатининг самарасидир. У аёл ўз қўли билан тўқиган нарсани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тақдим этишни ўзига улкан саодат деб билади. У аёл ўз қўли билан тўқиган нарсани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қабул қилиб олишларини, уни бир марта бўлса ҳам муборак баданларига тегишини ўзига чексиз бахт деб билади. Ўша ихлосли саҳобия розияллоҳу анҳонинг нияти холис экан, мақсади ҳосил бўлди.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтиёжлари бўлгани учун уни олдилар».
Ҳалиги аёлнинг кўнгли учун эмас, хушмуомалалик намунасини кўрсатиш учун эмас, эҳтиёжлари борлиги учун, худди ана шундоқ кийимга муҳтож бўлиб турганлари учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкура аёлдан у киши ўз қўли билан тўқиб келган бурдани олдилар.
«Бизнинг олдимизга чиққанларида уни изор қилиб олган эканлар».
Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эҳтиёжлари кучли бўлганидан ҳалиги бурдани дарҳол ичкарига кириб, ўзларига изор қилиб чиққанлар. Бу ҳолни кўрган ўша пайтда У зотнинг суҳбатларида ўтирган кишилар ҳам хурсанд бўлганлар. Аммо уларнинг ичидан бир киши ҳеч ким кутмаган ишни қилди.
«Қавмдан бир киши уни қўли билан ушлаб кўрди-да:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Шуни менга кийгазсангиз!?» деди».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳозиргина бир аёл ҳадя қилган ва У зот ичкарига кириб кийиб чиққан бурдани мажлисда ўтирган бир киши ҳавас билан ушлаб кўрди-да, бирдан уни ўзига ҳадя қилинишини талаб қилиб қолди. Қизиқ бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша бурдага ҳожатлари бор эди. Ҳамма, нима бўлар экан, деб жим қолди.
Эҳтимол, ўшанда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида ўтирган кишиларнинг хаёлларидан жавобнинг ҳар хил турлари ўтган бўлиши мумкин. Мисол учун, бунга ўзимнинг ҳожатим бор эди, сенга яна бошқаси келиб қолса берарман, десалар яхши бўларди, деб ўйлаганлар ҳам бўлгандир. Лекин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз одатларига хилоф қилмадилар. Ўзларининг ҳожатлари тушиб туриши У зотнинг сахийликлари олдида чекинди.
«Хўп», дедилар У зот.
Бу билан ўз эҳтиёжлари тушиб турган, ўзлари кийиб турган бурдани сўраган одамга беришга рози бўлдилар.
«Сўнг Аллоҳ хоҳлаганича мажлисда ўтирдилар ва қайтиб (уйларига) кирдилар-да, ҳалиги нарсани ўраб унга бериб юбордилар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги одамга бурдани беришни ваъда қилганларидан сўнг суҳбатни давом эттириб ўтирдилар. Вақти бўлганда мажлисдан туриб ўз хоналарига кирдилар. Устиларидаги бурдани ечиб, тахлаб бир киши орқали сўраган одамга бериб юбордилар. У одам бу бебаҳо совғани олиб беҳад шод бўлди. Лекин ўша мажлисда ўтирган саҳобаларнинг танқидига учради.
«Одамлар унга:
«У зотдан буни сўраб яхши қилмадинг. У киши сўраганни қайтармасликларини билар эдинг-ку!» дедилар».
Уларнинг гапида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан сўралган нарсани албатта сўраган кишига беришларини билиб туриб, нима учун У зотнинг ҳожатлари тушиб турган бурдани ўзингга беришларини талаб қилдинг, деган маъно бор эди. Сўровчи ҳам бу ҳақиқатни билар экан. Шунинг учун танқидчиларга, мен буни билмаган эканман, демади. Балки, ўз қилмишининг сирини рўйи-рост айтиб қўя қолди.
«Мен буни ўзимга кафанлик бўлиши учун сўрадим, холос», деди».
Ўша саҳобий қилмиши бир оз ноқулай бўлса-да, билиб туриб, мақсади улуғ бўлгани учун, ўлганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак баданлари теккан мато ила кафанланишни ният қилгани боис шу ишга журъат қилган экан. У кишининг нияти холис экан.
«Дарҳақиқат, ўша нарса унга кафан бўлди».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак баданлари теккан бурдага кафанланиб кўмилди.
Тааммул қилиб кўрадиган бўлсак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бир нарсада саҳобалар турли тасарруф қилиб, ўзларининг У зотга бўлган эҳтиром ва муҳаббатларини ўша нарсага боғлаб, турлича ифода этганлар.
Бурдани ўз қўли билан тўқиб, совға қилиб олиб келган саҳобия аёл шу билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эҳтироми ва чексиз муҳаббатини изҳор қилган.
Бурдани қўли билан ушлаб кўриб, уни У зотдан ўзига совға қилишларини сўраган саҳобий эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган улкан эҳтироми ва муҳаббати юзасидан У зотнинг муборак баданлари теккан матонинг ўзига кафан бўлишини орзу қилган.
Бурдани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб олган кишини танқид қилган саҳобалар эса, шу иш орқали, ўзларига маҳбуб зотнинг ҳожатлари тушиб турган нарсадан ажраб қолганларига ачиниб шундай йўл тутганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтар ва ўта хушфеъл зот эканликлари.
2. Аёл киши эркак кишига совға қилиши ва эркак киши у совғани олиши жоизлиги.
3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бурдани изор ўрнида ишлатганликлари.
4. Бировнинг устидаги кийимини бошқа одам ўзига совға қилишни сўраши жоизлиги.
5. Улуғ зотнинг кийимини табаррук учун олиш, уни кафан қилиш мумкинлиги.
6. Саҳобаларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан чексиз эҳтиром ва муҳаббатлари.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri