Салла ва унинг пеши ҳақида Принтер учун
17.12.2010 й.
islom.uz
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ йили Маккага кирганларида бошларида қора салла бор эди».
Шарҳ: Бу жуда ҳам машҳур бўлиб кетган ҳол. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни бошларига қора рангли салла кийиб кирганларини дўсту душман, кофиру мусулмон барча-барча кўрган ва ривоят қилиб қолдирган.
Амр ибн Ҳурайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни минбар устида кўрдим. Бошларида қора салла бўлиб, бир учини икки кураклари орасидан тушириб олган эдилар».
Иккисини бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қора салла кийганлари таъкидланиши билан бирга, аввалги ривоятга қўшимча ўлароқ, салланинг бир учини икки кураклари орасидан тушириб олишлари ҳақида ҳам сўз кетмоқда.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бошларига ўтда куйган нарса рангида салла кийиб олганларини кўрдим».
Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саллалари қора рангда бўлгани ҳақида сўз кетмоқда. Чунки ўтда куйган нарса қорайиб қолиши маълум ва машҳур.

Рукона розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушдим. Бас У зот мени йиқитдилар. Ва У зотнинг:
«Биз билан мушрикларнинг орасидаги фарқ дўппилар устидаги саллалардир» деганларини эшитдим
».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Рукона розияллоҳу анҳудан қилинаётган ушбу ривоятда икки нарса ҳақида сўз кетмоқда.
1. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушдим. Бас, У зот мени йиқитдилар».
Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бадантарбияга қанчалик эътибор беришларини яна бир бор кўрсатади. Ўйлаб кўрайлик-а, қайси уммат Пайғамбарининг ўз умматининг оддий бир аъзоси ила кураш тушиши кузатилган. Бу кураш бадантарбия мусобақасидир. Ислом дини бадантарбияга катта эътибор беришини шундан билиб олсак ҳам бўлади. Албатта, бу масалада бошқа далил ва мисоллар ҳам жуда кўп. Улар ҳақида ўз ўрнида сўз юритилади.
2. «У зотнинг:
«Биз билан мушрикларнинг орасидаги фарқ дўппилар устидаги саллалардир» деганларини эшитдим».
Айни шу жумла биз ўрганаётган бобга тегишлидир. Унда салла ҳақида сўз кетмоқда.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга салла ўратиб қўйдилар. Унинг учини олд тарафимга ва орт тарафимга тушириб қўйдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам камтарликларининг яна бир қирраси намоён бўлмоқда. У зот Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг саллаларини ўз қўллари билан ўраб берган эканлар. Ўшанда салланинг икки учини ҳам осилиб турадиган қилиб чиқарган, бир учини Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг олд томонларига тушириб, иккинчи учини орт томонларига тушириб қўйган эканлар.
Бундан шу шаклда ўралган салла ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тўғри келиши чиқади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон салла ўрасалар, учини икки кураклари орасига тушириб олар эдилар».
Нофеъ айтади:
«Ибн Умар салласининг учини икки кураги орасига туширар эди».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда салланинг учини икки курак орасидан тушириш кераклиги таъкидланмоқда. Бу нарса кўпчилик томонидан қабул қилингандир. Салланинг учини икки курак орасидан тушириб олиш мустаҳабдир, деганлар уламо аҳли. Лекин қилмаса ҳеч гап йўқ. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни доим қилмаганлар. У зот гоҳида дўппи кийсалар, гоҳида салла кияр эдилар. Кўпроқ ҳолатда дўппининг устидан салла ўраб юрар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саллаларининг узунлиги етти аршин бўлган. Саҳобаи киромларнинг дўппилари бошга ёпишиб турадиган дўппилар бўлган экан.
Салланинг турлари:
1. Бошга ўраб пешини икки куракнинг орасига тушуриб олинган саллани «ал-Қитоъа» дейилади.
2. Бошни томоқ билан қўшиб ўраб олишни «Эътижор» дейилади.
3. Салланинг икки томонидан пеш тушириб олишни «аз-Зарқала» дейилади.
4. Саллани бошга ўраб туриб, бир учини бўйнидан ўтказиб олишни «ал-Қафдо» дейилади.
Саллага оид баъзи маълумотлар:
1. Салла билан намоз ўқиш мустаҳабдир. Ҳанафий мазҳабида ялангбош намоз ўқиш макруҳдир.
2. Ҳанафий мазҳабида саллага масҳ тортиш жоиз эмас.
3. Қадимда эр кишининг салласини олиб қўйиш унинг учун таъзир бериш жазоси сифатида қўлланган.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz