Кийиниш пайтида шукр қилиш Принтер учун
29.12.2010 й.
islom.uz
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги кийим киядиган бўлсалар, кўйлак ёки салла, деб унинг номини айтиб туриб, сўнгра:
«Эй Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин! Сен буни менга кийгаздинг. Сендан унинг яхшилигини ва унинг учун қилинган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан унинг ёмонлигидан ва унинг учун қилинган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман», дер эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари агар улардан бири янги кийим кийса унга:
«Эскитгин. Аллоҳ таоло ўрнига бошқасини берсин», дейишарди
».
Сунан эгалари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Мусулмон инсон ўз ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси Аллоҳ таолога доимий равишда боғлиқ эканини чуқур ҳис қилувчи ва ўша ҳис асосида ҳаёт кечирувчи бандадир.
Қолаверса, у ўзига етган ҳар бир нарса, каттаю кичик ҳар бир неъмат Аллоҳдан эканини бир лаҳза ҳам унутмайдиган бандадир.
Мусулмон инсон ўзига каттаю кичик ҳар бир неъмат етган пайтда неъмат берувчи Зотга шукр айтишга шошилади ва шу билан бирга, у Аллоҳ таолонинг «Агар шукр қилсангиз, яна зиёда қилурман», деган ваъдасига тўла ишонган бандадир.
Ушбу маънолар динимизнинг кийиниш маданияти бўйича берган кўрсатмаларида ҳам ўз аксини топган. Ана ўша маданиятни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб, ўзлари амал қилиб, кўрсатиб берганлар.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги кийим киядиган бўлсалар, кўйлак ёки салла, деб унинг номини айтиб туриб, сўнгра:
«Эй Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин! Сен буни менга кийгаздинг. Сендан унинг яхшилигини ва унинг учун қилинган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан унинг ёмонлигидан ва унинг учун қилинган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман», дер эдилар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дуоларида янги кийим кийган одам келтириши лозим бўлган энг олиймақом шукр ва янги кийим кийган одам тилаши мумкин бўлган энг олиймақом тилаклар ўз аксини топгандир.
«Эй Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин! Сен буни менга кийгаздинг».
Ҳа, ҳар бир кийимни ҳақиқий кийдирувчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир. У зотдан бошқа ким ҳам буни қила олар эди? Шунинг учун, ҳар бир янги кийим кийган банда У Зотга ҳамду сано айтиб, шукр қилмоғи лозим. Айнан Аллоҳ таоло унга ўша кийимни кийгазганини тан олмоғи лозим.
«Сендан унинг яхшилигини ва унинг учун қилинган нарсанинг яхшилигини сўрайман».
Албатта, кийимни кийиш билан иш охирига етиб қолмайди. Кийимни кийгандан кейин ҳаёт давом этади. Ана ўша кийим ила турли ҳолатлар бошдан ўтказилади. Шунинг учун, янги кийим кийган киши ўша кийимнинг яхшиликларга насиб қилишини Аллоҳ таолодан сўраши лозим токи, кийимнинг ўзи ҳам яхши бўлсин, ўша кийимни кийгандан кейинги ишлар ҳам яхши бўлсин.
«Сендан унинг ёмонлигидан ва унинг учун қилинган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман»
Аксинча, кийилган янги кийим шумлик аломати ва сабабчиси бўлиши ҳам мумкин. Уни кийган одамнинг бошига балолар ёғилиши ҳам мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг Ўзидан бундоқ кўнгилсизликлардан паноҳ сўралади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари агар улардан бири янги кийим кийса, унга:
«Эскитгин. Аллоҳ таоло ўрнига бошқасини берсин», дейишарди».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларининг бу ишлари ҳам исломий кийиниш маданиятининг ажралмас бир қисмидир. Халқимиз ичида янги кийим кийган кишига, муборак бўлсин, қутлуғ бўлсин, илоҳо, бунга ўхшаган кийимларни яна кўп кийишни насиб қилсин, дейиш одати ҳам мана шу маънолардан келиб чиққан.
Янги бир неъматга эришган кишига ҳасад қилиш ўрнига уни муборакбод этиш, унга яхши тилаклар билдириш, ўша берилган неъматларга ўхшаш неъматлар яна ҳам кўпроқ бўлишини тилаш Ислом маданиятига хос нарсадир.
Ҳар биримиз ушбу ҳадиси шарифга амал қилишга ўтишимиз лозим. Қачон янги кийим кийсак, Аллоҳга ҳамд айтишимиз, янги кийим кийганларимизни муборакбод этишимиз лозим.

Саҳл ибн Муоз ибн Анасдан, у киши ўз отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким таом тановул қилгандан кейин: «Мени ушбу таом ила таомлантирган ва менинг куч-қувватимсиз уни менга ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деса, унинг аввалги-ю, кейинги гуноҳлари мағфират қилинур.
Ким кийим кийгандан кейин:
«Менга ушбу кийимни кийдирган ва менинг куч-қувватимсиз уни менга ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деса, унинг аввалги-ю, кейинги гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар
».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ривоятда таом тановул қилганда ва кийим кийганда Аллоҳга айтиладиган ҳамднинг яна бир сийғаси келтирилмоқда. Шу билан бирга, мазкур нарсаларга ҳамд айтган банда қўшимча мукофотга, аввалгию кейинги кичик гуноҳларининг мағфират бўлишига эришиши маълум қилинмоқда.

Умар розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким янги кийим кийганда: «Авратимни беркитадиган нарсамни ва ҳаётимда ясанадиган нарсамни менга кийгизган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деса, сўнгра эскиртган кийимини садақа қилса, тирик чоғида ҳам, ўлик чоғида ҳам Аллоҳнинг ҳимоясида, Аллоҳнинг муҳофазасида ва Аллоҳнинг сатрида бўлгай», деганларини эшитдим
».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда янги кийим кийган банда айтадиган ҳамду санонинг бошқача бир сийғаси билан бирга, янги кийимни кийган одам эскисини муҳтожларга садақа қилиши тавсия қилинмоқда.
Бу ҳам исломий таълимотлардаги инсонпарварлик, ҳожатмандларга нисбатан эътиборли бўлиш руҳининг бир кўринишидир.
Шу билан бирга, янги кийим кийганда Аллоҳга ҳамд айтган, эски кийимини муҳтож одамга садақа қилган банда учун Аллоҳ томонидан икки дунёда катта мукофотлар бўлиши ҳам таъкидланмоқда.

 Умму Холид бинти Холид розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда у киши айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кийимлар келтирилди. Уларнинг ичида қора рангли кичик хомийса ҳам бор эди. У зот:
«Айтинглар-чи, мана буни кимга кийгазсак экан?» дедилар. Одамлар жим қолишди. Шунда У зот:
«Умму Холидни олиб келинглар», дедилар. Бас, уни кўтариб олиб келинди. У зот хомийсани қўллари билан олиб, унга кийгаздилар ва:
«Кийиб чиритгин! Кийиб эскитгин!» дедилар. Унда яшил ёки сариқ белги бор эди. У зот:
«Эй Умму Холид, бу саноҳдир», дедилар
».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Хомийса» – ипак ёки жундан қилинадиган кийим.
«Саноҳ» ҳабаший сўз. Яхши маънода.
Умму Холид розияллоҳу анҳо ўзлари иштирок этган қиссани ривоят қилмоқдалар. Лекин, мен, деб эмас, Умму Холид, деб учинчи шахсдан ривоят қилмоқдалар.
Ушбу ривоятда алоҳида таъкидланадиган ҳолатлардан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийим бўлишда ҳам саҳобалар ила маслаҳат  қилганлари.  Яна  бир  эътиборли  нарса–У зотнинг Умму Холидни ҳурмат қилишлари. Биров айтмаса ҳам эслаб, бу кийимни Умму Холидга берамиз, дейишлари. У кишини олиб келишни амр қилишлари, кейин хомийсани ўз қўллари билан кийдириб қўйишлари ва охирида:
«Эй Умму Холид, бу саноҳдир», дейишлари шуни кўрсатади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умму Холидга ҳабаший сўз айтишларининг сабаби, у саҳобия Ҳабашистонда туғилиб катта бўлган эканлар. Шунинг учун, албатта, ҳабаш тилини ҳам билганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шу эътибордан у кишига мазкур сўзни айтганлар.
Бу ривоятнинг айнан ушбу бобда келтирилиши эса унда,
«У зот хомийсани қўллари билан олиб унга кийгаздилар ва:
«Кийиб чиритгин! Кийиб эскиртгин!» дедилар», деган иборалар борлиги учундир.
Биров бирор янги кийим кийса, уни кўрганлар мана шунга ўхшаш табрик сўзларини айтишлари лозим экан.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri