Энг бахтли аёл Принтер учун
17.01.2011 й.
islom.uz
БИСМИЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ
 
Муқаддима

Бутун оламлар Парвардигорига ҳамду сано, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга, у зотнинг оила, асҳобларига салоту саломлар бўлсин.
Бу китоб аёл зотини ўзининг Ислом динида эканлигидан бахтиёр бўлишга, Оллоҳнинг унга берган фазлидан шод бўлишга ҳамда ўзидаги бор неъматларга хурсанд бўлишга ундайди. У ҳар бир қалби сиқилган, ғам остида қолган, қайғуси зиёда бўлган инсон учун орзу чечаги, умид насими, хушхабар зиёсидир. Бу китоб аёл зотига қийинчиликдан сўнг енгилликни, кенгликни кутишни айтиб нидо қилади. Унинг заковатли ақлига, пок қалбига, соф руҳига бундай хитоб қилади: сабр қил, савоб кут, ноумид бўлма, келажакка ишон. Зеро, Оллоҳ сен билан биргадир. У Зот сенга етарлидир. У Зот сенга кифоя қилгувчи, сени сақлагувчидир.

Синглим! Бу китобни ўқи. Зеро, бу китобда пухта оятлар, ҳаққоний ҳадислар, қатъий сўзлар, ибратли қиссалар, таъсирли байтлар, онгли фикрлар, тўғри тажрибалар бордир.
Бу китобни ўқи, чунки у сендаги қайғу қолдиқларини, ғам шарпаларини, хавф ва изтироб даҳшатларини кетказар.
Бу девонни мутолаа қил, чунки у сенинг хотирангдан ваҳима ва васваса тоғини ағдаришга ёрдам беради. Сени инсоният чаманзорига, саодат бўстонига, иймон диёрига, шодлик боғига ва сурур жаннатларига бошлайди. Шояд, Оллоҳ икки дунёда ҳам Ўзининг марҳамат ва карами билан сени бахтиёр этар. Чунки У Зот карами кенг, Олийҳиммат Зотдир.
Мен бу китобни аёллар у билан ясанадиган – ўзида фараҳбаш зебу-зийнатларни жамлаган хазина каби қилдим. Бу хазинадаги гўзаллик жилоси, жамол зиёси, ҳақ шуъласи, олтину кумушнинг жилосидан кўра тароватлироқдир.
Агар сенда бу китоб мавжуд экан, у ҳолда сенга ҳеч бир дунёвий зийнатнинг, сохта кўринишнинг, ўткинчи бачканаликнинг кераги йўқдир. Сен бу зийнатлар билан зийнатлан. Уни ҳаёт тантаналарида кийгин, у билан дунё тўйларида, сурур байрамларида, шодлик мавсумларида, гўзаллик кечаларида зийнатлан. Шунда сен дунёдаги энг бахтли аёл бўласан иншаоллоҳ.
Сенинг саодат йўлинг соф маърифатинг, покиза маданиятинг тубига яширингандир. Саодат ўқувчини воқеъдан чиқишга, ўз оламидан узоқлашишга олиб борадиган хаёлий қиссаларни ўқиш билан ҳосил бўлмайди. Кўпинча ундай қиссаларда ширин тушларни, май каби маст қилгувчи нарсаларни топарсан. Аммо унинг самараси муваффақиятсизлик, шахсиятдан узилиш, қотил қайғу, балки унданда хатарлидир. Демак, ҳар бир тўғри йўлни истаган инсон ўзининг тўғри адабий меросларидан иборат бўлган қиссаларни мутолаъа қилсин.
Ҳар не бўлганда ҳам Оллоҳ Қуръонида зикр қилган қиссаларидан, Расули соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатидан, хулафойи рошидийн, уламолар, солиҳлардан иборат бўлган танланган зотларнинг буюк тарихиданда улуғроқ ва гўзалроқ ҳеч нарса йўқдир. Бас, сен Оллоҳнинг баракаси томон сайр эт. Сен сенда бор бўлган дин ва ҳидоят, ўзингдаги ақида ва мерос билан саодатлидирсан.
Намоз ўқувчи, рўза тутувчи, художўй, Оллоҳдан қўрқувчи аёл, сенга салом.
Ҳижоб ўранган, камтарин, салобат эгаси бўлган аёл, сенга салом.
Таълим берувчи, интилувчан, тўғри онг эгаси бўлган аёл, сенга салом.
Вафодор, ишончли, ростгўй, эҳсонкор аёл, сенга салом.
Сабрли, савоб умид қилувчи, тавба қилувчи, Оллоҳга қайтгувчи аёл, сенга салом.
Оллоҳни зикр қилувчи, шукр қилувчи, дуо қилувчи аёл, сенга салом.
Энг улуғ аёллар – Осиё ва Ҳадичага эргашган аёл, сенга салом.
Паҳлавонларни тарбия қилган, эрларни дунёга келтирган аёл, сенга салом.
Ушбу китоб Оллоҳни Парвардигор, Исломни Дин, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни Элчи деб билган ҳар бир муслимага.
Ҳақ Йўлни тутган, ҳақиқат вазифасини елкасига олган ҳар бир қизга.
Ўз сўзлари билан жиҳод қилган, ўз қийматини сақлаган, нафсини поклаган ҳар бир мураббияга.
Фарзандларини тақво билан тарбия қилган, уларни суннатга мувофиқ улғайтирган, уларга фазилатни суюкли қилган оналарга.
Жонсарак, маҳзун бўлган ҳар бир аёлга бағишловдир.
Бас, сен кенгликдан, Оллоҳнинг риоятидан, ажри азимдан, ёмонликларнинг ўчирилишлиги яқин эканлигидан бахтиёр бўл.
Аёл. Сен дунёдаги энг бахтли аёлсан. Бунга сабаб:
Сенинг биргина чиройли табассуминг муҳаббатни қайта тирилтириб, ўзгаларга дўстлик улашар.
Сенинг ширин сўзинг ўртада шаръий садоқат бино қилар, гиналарни кетказар.
Сенинг Оллоҳ олдида мақбул бўлган садақанг мискинни бахтиёр, фақирни хурсанд қилар, очни тўйдирар.
Сен бахтиёр аёлсан, бунга сабаб, сенинг Қуръонни тадаббур билан тиловат қилишинг, унга амал қилишинг, тавба қилишинг, истиғфор айтишингдир.
Фарзандларингни дин йўлида тарбиялаб, уларга суннатни таълим беришинг, уларни ўзлари учун фойдали бўлган нарсаларга етаклашингдир.
Камтарин эканлигинг, номусни сақлаш учун Оллоҳ таоло буюрганидек ҳижоб ўрашингдир.
Оллоҳдан қўрқадиган, динни севадиган, қадрловчи солиҳа аёллар билан дўст тутинишингдир.
Ота-онангга яхшилик қилишинг, силайи раҳм қилишинг, қўшниларни ҳурмат қилишинг, етимларни ўз қарамоғингга олишингдир.
Таълим олишинг, Қуръон ўқишингдир.
Сен дунёдаги энг бахтли аёлсан. Чунки сен:
Умрингни қасос олиш, фойдаси йўқ ишларда жанжал қилиш билан ўтказмайсан.
Дунё учун муккасидан кетмайсан.
Ўзингдаги айбларни унутиб, ўзгалар хатосини сўзлаб, уларни ғийбат қилмайсан.
Нафс лаззати учун ўзингни вайрон қилиб, нафсга у истаган барча нарсани бермайсан.
Бекорчилар билан вақтингни бекор ўтказиб, соатларингни ўйин-кулгуга совурмайсан.
Жисминг, уйингнинг тозалигига бепарво бўлиб, тартибга беэътибор бўлмайсан.
Ҳаром ичимликларни ичмайсан, ифлос ишларни қилмайсан.
Сенга етган мусибат, бало-офатни ҳар кимга сўйлайвермайсан.
Охиратни, унга амал қилишни унутиб, ғафлатда қолмайсан.
Мол-дунёни ҳаром ишларга сарфлаб, исроф қилмайсан. Ибодатни кам қилмайсан.
Сен Парвардигоринг истиғфор сўраганни мағфират қилишини, тавба қилганни тавбасини қабул этишини, Тўғри Йўлга қайтганни қабул қилишини ёдингдан чиқарма.
Заифларга раҳм қил, бахтли бўласан. Муҳтожларга бер, шифо топасан. Сиқилма, саломат бўласан.
Келажакка ишон. Оллоҳ сен билан биргадир. Малоикалар, сенга истиғфор айтарлар. Жаннат сени кутмоқдадир.
Парвардигорингга яхши гумон қилиш билан кўз ёшларингни артгин. Оллоҳнинг сенга берган неъматларини эслаш билан ғамларингни кетказ.
Дунё барчага тўла бўлган деб ўйлама. Ер юзида барча тилаклари рўёбга ошган, ҳар қандай кирдан саломат бўлган инсоннинг ўзи йўқдир.
Ёки сен ғамгинлик ўтган нарсани қайтаради, хатони тўғрилайди деб ўйлайсанми? Бас ундай эмас экан қайғу нечун?    
Қийинчилик, фитналарни кутма, балки тинчлик, саломатлик, офиятни кут. (Иншаоллоҳ)
Сенга ёмонлик қилган барчани кечириш билан қалбингдаги адоват ўтини ўчиргин.
Ҳар бир кадар ва сиқилишнинг давоси ғусл, таҳорат, хушбўйлик, мисвок ва тартибдир.
Тартиб ҳар қандай сиқилишнинг фойдали давосидир.
Сен асалари каби бўлгин. У ҳидли гулларга, нам шоҳларга осилади.
Сенда одамларнинг айбларини очиш, хатоларини жамлаш учун вақт йўқдир.
Агар Оллоҳ сен билан бирга экан, кимдан қўрқасан? Агар Оллоҳ сендан юз ўгирган экан, кимдан умид қиласан?
Ҳасад ўти жасадни ер. Беқарорлик сочилган оловдир.
Агар бугун тайёргарлик қилмасанг, эрта сенинг мулкинг бўла олмайди.
Ўйин-кулги, тортишув мажлисларидан оҳиста узоқлашгин.
Сен ўз ахлоқинг билан бўстонлардан-да гўзал бўла олурсан.
Яхшилик қил, шунда энг бахтли инсон бўласан.
Халқни Холиққа, ҳасадгўйни ўлимга, душманни унутишга ташлагин.
Ҳаром лаззатдан сўнг, унинг ортида ҳасрат-надомат, жазо бордир.
Куч қудрат Ёлғиз Оллоҳникидир.
Ўтган ўтди. Келажак ғойибдир. Сен турган соатлар сен учундир.
Қуръон, суннатга қарасанг, Оллоҳ азза ва жалла солиҳа аёлларга сано айтиб, мўмина аёлларни мадҳ этганини кўрасан. Оллоҳ таоло айтади: “Оллоҳ иймон келтирган зотлар (ва улар ўзлари ҳақиқий мўмин бўлсалар, яқин одамларининг кофир ҳолда бўлиши уларга зиён қилмаслиги) ҳақида Фиръавннинг аёлини мисол келтирди. Ўшанда (яъни, Фиръавн у аёлнинг Мусо пайғамбарга иймон келтирганини билиб қолгач, азоблаган чоғида) у: "Парвардигорим, Ўзинг мен учун ҳузурингда — жаннатда бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин ва менга бу золим қавмдан нажот бергин", деди”. (Таҳрим сураси, 11-оят).
Осиё розияллоҳу анҳо бу ҳаётда Оллоҳнинг йўлини тутишни, ҳидоят топишни истаган барча мўминлар учун тирик намуна ва ибрат қилинганига назар ташла.
 У Парвардигорга қўшни бўлишни истади. Истаги бажо бўлди. У гуноҳкор, золим, кофир Фиръавннинг тоатидан чиқди. Қасрдаги маишатни ва ундаги барча зеб-зийнатларни ташлади. Оламлар Парвардигорига қўшни бўлган ҳолдаги боқийроқ ва тақводор зотлар жаннатларда ва дарёлар (усти)да, Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўлувчи гўзалроқ ҳовлини истади.
У буюк аёлдир. Унинг ҳиммати, ростгўйлиги золим эридан Ҳақ ва иймон калимаси билан чиқишга олиб келди. Азоб чекди. Лекин охир оқибат Оллоҳга қўшни бўлди. Оллоҳ у аёлни бутун мўмин ва мўминаларга намуна қилиб кўрсатди. Қуръонда унинг исмини келтирди. Унинг ишларини мақтади. Оллоҳнинг Тўғри Йўлидан озган эрини эса мазамматлади.
Гарчи сен кучли бўрон остида қолган бўлсанг ҳам келажакка яхши назар солгин.
Албатта қийинчилик билан бирга енгиллик бордир.
Сенда неъматлардан иборат катта бойлик бордир.
Синглим. Албатта қийинчилик билан бирга енгиллик, кўз ёшдан сўнг табассум, кечадан сўнг кундуз бордир. Яқинда қайғу булути тарқалар. Ғам кечаси очилар. Кулфат кетар. Оллоҳнинг изни билан қайғу ниҳоя топар. Билгин-ки, сенга ажр берилар. Агар сен она бўлсанг, фарзандларинг Исломга мададкор, динга кўмакчи, миллатга ёрдамчи бўлишар. Сен уларга солиҳ тарбия берганинг каби улар сени саждаларда, саҳарларда дуо қилишар. Сен меҳри дарё она эканлигингнинг ўзи буюк неъматдир. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг онаси бутун башариятга буюк имомни, элчини ҳадя қилганлиги сен учун шараф ва фахр жиҳатидан кифоя қилар.
Сен бир муштипар аёл ҳолингда ширин сўз, чиройли насиҳатинг, ҳикмат, яхшилик билан ҳамсуҳбат бўлишинг, гўзал сийратинг, улуғ пайғамбар суннатига амал қилишинг билан Оллоҳнинг йўлига даъват қилурсан. Чунки биргина аёл ўз сийрати, солиҳ амали билан хутба, мавъиза ва дарслар орқали қилинмаган нарсаларни қила олади. Қанча-қанча аёллар бор, улардан тақво, камтарлик, ҳижоб, гўзал хулқ, қўшниларга марҳаматлилик, эрга итоат каби гўзал амаллар нақл қилинган. Уларнинг хуш хулқлари кетма-кет мавъизалар бўлишига, мажлисларда ваъз айтилишига сабаб бўлган. Улар қизлар учун гўзал намуна бўлганлар.

Эртага райҳон гул очади, ғамлар кетади, дил таскин топади.
Сенинг муслима эканлигинг сен учун шарафдир.

Кенглик бўлишидан ноумидмисан? У ҳолда Оллоҳ, Қадар деган сўзлар қаерда қолди.
Сенга етган ҳар бир мусибат Оллоҳнинг изни билан сенинг гуноҳларингга каффорат бўлар. Ҳадисда айтилган: “Парвардигорига итоат қилган, беш вақт намозини канда қилмаган, номусини сақлаган аёл жаннатга киради”. Бу Оллоҳ осон қилганларга осондир. Бас, Меҳрибон Парвардигорингга йўлиқиш учун бу улуғ ишларни қилгин. Шунда сен бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам бахтиёр бўласан. Шариат буюрган ишни қил. Оллоҳ азза ва жалланинг, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлини тут. Чунки сен муслимасан. Бу эса буюк шарафдир. Катта фахрдир.
Чунки сендан бошқа аёллар кофир юртларда ё насроний ё яҳудий ё худосиз бўлиб ёки Оллоҳнинг динига қарши бўлган динларга мансуб ҳолда дунёга келмоқдалар. Аммо сен эса.. Оллоҳ таоло сени муслима бўлишингни ихтиёр этди. Сени Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг тобеларидан, Оишага, Хадичага, Фотима (Оллоҳ улардан рози бўлсин)га эргашувчи тобеълардан қилди. Ҳурсанд бўл, чунки сен беш вақт намоз ўқийсан, рўза тутасан, имконинг бўлса ҳаж қиласан. Шаръий ҳижоб тутасан. Сен Оллоҳни Парвардигор, Исломни дин, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни Элчи деб рози бўлганингдан хушнуд бўл.        
Сенинг олтининг динингдир. Сенинг зийнатларинг ахлоқингдир. Мол-давлатинг одобингдир.
“Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи кифоя. У Зот энг яхши ишончли Вакилдир!". (Ол-и Имрон сураси, 173-оят).

***

Сен хурсанд бўлган нарса давомли эмас. Ғойиб сенга қайғуни қайтаравермас.
Сен Ислом юртидаги муслима аёлга ва кофир юртидаги кофир аёлга қараб ҳам ўзингни нақадар бахтиёр эканлигингни кўришинг мумкин.
Ислом диёридаги муслима, мўминадир, садақа қилувчидир, рўзадордир, кечалари тунги ибодатларга турувчидир, ҳижоб ўрар, эрига итоат қилар, Парвардигоридан қўрқар, қўшниларини ҳурмат қилар, фарзандларига меҳрибондир. У учун сакинат, ризо ва улуғ савоб бордир.
Аммо кофир юртдаги кофир аёл эса ўзига зеб берар. У жоҳилдир, пасткашдир, ташлаб юборадиган матодир, ҳар жойда топиладиган арзон буюмдир. Унинг на қиймати, на обрўси, на шарафи ва на диёнати бор. Бас, сен бу икковини қиёсла, шунда сен ундан кўра бахтиёрроқ, улуғроқ ва мартабалироқ эканлигингни биласан. Ҳамд эса Оллоҳ учундир. “(Эй мўминлар), куфрга қарши курашда (сустлашмангиз) ва (Уҳуд жангидаги мағлубият сабабли) ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар”. (Ол-и Имрон сураси, 139-оят).
Одамларнинг ҳаммаси – қаср эгаси ҳам, кулба эгаси ҳам яшар. Лекин уларнинг қай бири бахтли?

Оллоҳ Парвардигоримдир. Унга бирор нарсани шерик қилмасман.

Дангасалик муваффақиятсизликнинг ҳамроҳидир

Мен сенга амални давом эттиришингни, мадорсизлик, дангасаликка суянмаслик, бекорчиликка таслим бўлмасликни тавсия қиламан. Бас, тур, уйингни, хонангни тартибга сол, вазифангни бажар, намоз ўқи, Қуръон тиловат қил, фойдали нарсаларни мутолаъа қил. Дўстларинг, қўшниларинг билан ўтириб, улар билан Оллоҳга яқин қиладиган нарсалар ҳақида сўзлаш. Шундагина сен Оллоҳнинг изни билан саодат қалб шодлиги эканлигини англайсан.
Бекорчиликка таслим бўлишдан сақлан. Чунки бу сенга ғам-андуҳларни, васваса, хиралик ва шак-шубҳаларни мерос қолдиради-ки, буларни фақат иш-амал йўқ қилиши мумкин.
Кўринишингга, гўзаллигингга, уйингни покизалигига, хонадонинг тартибига, эрингга, фарзандларингга, қариндошларинг, яқинларинг, дугоналарингга чиройли хулқ билан йўлиқишга, табассумли ва қалби кенг бўлишга эътибор қил.
Гуноҳлардан эҳтиёт бўл. Чунки у қайғу сабабларидан биридир. Хусусан, аёлларда кўп учрайдиган – ҳаром қилинган нарсаларга қараш, пардоз-андоз, бегоналар билан хилватда қолиш, лаънат, ҳақорат, ғийбат, эрнинг яхшиликларига нонкўрлик қилиш каби гуноҳлардан ўзингни тийгин. Яратганнинг ғазабидан қўрққин. Зеро, Ундан қўрқмоқ, сенинг саодат топишинг ва қалбинг хотиржам бўлишига кифоядир.
Ғамларни қабул қилаверганинг сари аламларинг кўпаяверади. Бас сен, Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб айтгин.
Сен ўзингдаги нарсалар билан дунёдаги миллион аёллардан устундирсан.
Оламга назар ташласанг, ё неча йиллардан бери дард чекиб, қийналиб касалхоналарда ётган минглаган беморларни ёки қамоқхоналарда, темир панжара ортида ҳаётлари кирланган, лаззатлари кетган минглаган маҳбусларни кўрасан ёки бўлмаса меҳрибонлик уйлари, касалхоналарда ақлларидан ажраган, тўғри йўлларини йўқотган, оқибатда мажнунга айланган касалларни кўрасан. Ахир харобаларда, кулбаларда бир бўлак нон топа олмаётган аёллар қанча. Кўзи кўрмайдиган, қулоғи эшитмайдиган, қўл-оёғи узилган, ақлдан озган, саратон ва шу каби тузалмас дардларга чалинган аёллар қанча. Сен эса саломатсан, яхшилик, сакинат, тинчлик, ризодадирсан. Бас, Оллоҳнинг неъматларига ҳамд айт. Телевизиор қаршисида кун бўйи ўтириб, Оллоҳ рози бўлмайдиган нарсаларни, қалбда касаллик ва қайғуни мерос қолдирадиган, жисмни ўз вазифасини бажаришдан дангаса қилиб қўядиган бекорчи нарсаларни кўриб вақтингни исроф қилма. Лекин ўша зангори экран орқали бериладиган фойдали кўрсатувлар, маърузалар, тиббиёт кўрсатувлари ёки ҳаммага муҳим бўлган хабарлар, яна шу каби ибратли кўрсатувларни кўргин. Лекин беъмаъни, аҳмоқона дастурларни кўрмагинки, улар ҳаёни, камтаринликни, динни кетказади.
Золимни унда Оллоҳдан ўзга ҳоким бўлмаган Охират маҳкамасига ташлаб қўйгин.
Ҳар икки соат орасида кенглик бордир.
Ўзинг учун жаннатда қаср қургин.
Истагимга бўйинсундим-у қул бўлдим.
Гар қаноат қилсам мен ҳур бўлардим.

Қара, қанча авлодлар ўтди. Улар мол-мулкларини, қасрларини, мансабларини, ўзлари билан бирга олиб кета олдиларми? Ёки олтин-кумушлари билан биргаликда дафн қилиндиларми? Улар Охиратга ўз уловлари, учоқлари билан кўчдиларми? Йўқ!! Балки, уларнинг устларидаги кийимлари, ёпинчиқлари ҳам ечиб олинди. Қабрларига биргина кафан билан киритилдилар. Кейин улардан сўралади: Роббинг ким? Пайғамбаринг ким? Дининг нима?
Ана ўша кун учун тайёргарлик кўр. Дунё матоларига афсус чекиб, маҳзун бўлма. Чунки у арзимас нарсадир. Бу дунёда инсондан фақат солиҳ амал қолади. Оллоҳ таоло айтади: “Эркакми ё аёлми — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган энг чиройли амаллари сабабли бериладиган ажр-савоблар билан мукофотлаймиз”. (Наҳл сураси, 97-оят). Дард жаннат ҳушхабари бўлган рисолат, саломатлик эса бир ҳолатки унинг баҳоси йўқдир. “Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим...”. (Анбиё сураси, 87-оят).
Ўз қўлинг билан қалбингни парчалама.
Бекорчи, беҳаё жаридалар, бузуқ фикрлар, динсизликка чақирадиган китоблар, ахлоқ оламидан йироқ бўлган ривоятлардан иборат вақтни исроф қиладиган нарсалардан узоқ бўл. Лекин фойдали бўлган Исломий мажаллалар, фойдали китобларни ўқишни ўзингга лозим тут. Чунки баъзи мақолалар нафсда мижғовликни, қалбда шубҳа ва эгриликни мерос қолдиради. Бу эса Ислом шаҳарларини вайрон қилиш учун куфр оламининг бизларга элчи бўлиб келган йўлдан озган маданият таъсиридир.
Билгинки, Оллоҳнинг ҳузурида ғайб калити бордир. У Зот ғам-андуҳларни кетказар. Бас, Унга дуо қил. Бу дуони доим такрорла. “Оллоҳим мен Сендан ғам-қайғулардан, ожизлик, дангасаликдан, қўрқоқлик, бахилликдан, ва қарз остида қолишдан ҳамда одамларга мағлуб бўлиб қолишдан паноҳ сўрайман”. Сен шу сўзларни такрорлаб, унинг маъноларини тафаккур қилганинг сари Оллоҳ сендан ғам-қайғуларни кетказаверади.
Сонияга тасбеҳни, дақиқага тафаккурни, соатга амални эккин.
Сен қўли очиқ, саховатли Зот билан муомала қилмоқдасан.
Ҳушхабар. Дарҳақиқат, Оллоҳ сенга буюк савобни тайёрлаб қўйди. у Зот айтади: “Бас, Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): "Албатта Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман”. (Ол-и Имрон сураси, 195-оят). У Зот эркаклар каби аёлларга ҳам жаннат ҳушхабарини берди. Эркаклар каби аёлларга сано айтди: “Албатта муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр-қаноат қилгувчи эркаклар ва сабр-қаноат қилгувчи аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, хайру-садақа қилгувчи эркаклар ва хайру-садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақлагувчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақлагувчи аёллар, Оллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Оллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар — улар учун Оллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир”. (Аҳзоб сураси, 35-оят). Демак, сен эракакнинг қардоши, яқинисан. Сенинг ажр-мукофотинг Оллоҳ ҳузурида сақлангандир.
Ўз ҳаётингда Фиръавн аёли Осиё, Марям алайҳимас-салом, Хадича, Оиша, Асмо, Фотима (барчаларидан Оллоҳ рози бўлсин)лардан намуна ол. Чунки улар мухтора, олийжанобдирлар. Улар итоатгўй, мўминадирлар. Улар рўза тутурлар, тунги намозга турурлар. Сен ана ўшаларнинг йўлида бўлгин. Уларнинг гўзал сийратларига интилгин, ана шунда сен билим, шон-шуҳрат ва сакинатни топасан.
Жаннат масканларига, Раҳмон ризосига эришмоқ учун етим кўзёшини артгин.
“Субҳ яқин эмасми?!”. (Ҳуд сураси, 81-оят).     
Сен ҳар қандай ҳолатда ҳам фойда олурсан.
Ўзингга сабр-тоқатни лозим тутгин. Агар бошингга ғам-андуҳ тушса билгин-ки, у гуноҳларингнинг каффоратидир. Агар фарзандларингдан бирини йўқотган бўлсанг, билгин-ки, у сени Ёлғиз Зотнинг олдида қўллар. Агар сенга касаллик етган бўлса билгин-ки, унинг ажри Оллоҳнинг ҳузуридадир. У сен учун Ёлғиз Зот ҳузурида сақланиб қолар. Очлик ўз ажри билан, касаллик ўз савоби биландир. Фақирлик Оллоҳнинг ҳузуридаги мукофот биландир. У Зот ҳузурида бирор нарса камаймас, Оллоҳ таоло худди омонатни ўз эгаси учун сақлагандек уни ҳам то Қиёмат қадар сақлаб қўяр.
Намоз қалб ёришишига, ғам кетишига кафилдир.
Оллоҳнинг сенга берган неъматларини санагин:
Тонгга кирар экансан, бу тонгга қанча-қанча бахтсизлар ҳам кирганини, сен эса неъматга сазовор ҳолда эканлигингни, қанча очлар бу тонгга кирганини, сен эса қорнинг тўқ эканингни, қанча тутқин, асирлар бу тонгни кўрганини, сен эса ҳур-озод эканингни, қанча мусибат эгалари бу тонг билан юзлашганини, сен эса бахтли эканингни, қанча аёл ёноғида кўзёшлар қотганини, қанча оналар қалбига изтироб юз тутганини, қанча қизлар бўғзидан фарёд отилганини, сен эса рози ҳолда бу тонгга табассумла боқаётганингни эсла. Оллоҳга Унинг Лутфи, ҳифзи-ҳимояти, Карамига ҳамд айт.
Нафсинг билан очиқчасига гаплашиш учун ўтир, ҳисоб-китобни ишга сол, ахир сенда қанча нарса – мол-давлат, неъматлар, ҳурсанд қилувчи, шодлантирувчи нарсалар бор: Хушчақчақлик, табассум, гўзаллик, мол-дунё, оила, соя, тинчлик, ватан, яхшилик, нур, ҳаво, сув, таом, даво.. бас, хурсанд бўл, бахтиёр бўл, кўнгил ол.
Бир сўмга фақирларнинг дуосини, мискинларнинг муҳаббатини сотиб олишинг мумкин.
Оллоҳ сенга тақсимлаган нарсадан рози бўл, энг бой одам бўласан.
Умринг ҳисоб-китоблидир. У сурур, шодлик, ризо, сакинат, қаноат умридир. Аммо очкўзлик, тамаъ, қўрқув сенинг умрингдан эмасдир асло. Балки улар сенинг соғлигинг, саломатчилигинг, гўзаллигинг душманидир. Бас, Оллоҳдан рози бўл, тақсимланганига қаноат қил, Қадарга иймон келтир, келажакка ишон. Фақат покиза нарса ейдиган, покиза маҳсулот берадиган, бирор новдага ёки бирор бир косага қўнса уни синдирмайдиган, асал берадиган, муҳаббатла қанот қоқадиган, дўстона бўлган, овози яхшиликдан ҳушхабар берадиган, розилик даракчиси бўлган, гўё у самолар салтанатидан берилган ҳадя, абадийлик оламидан тушган неъмат бўлган асалари каби бўлгин.
Оллоҳ тавба қилувчиларни севар. Чунки улар Оллоҳга қайтурлар, ўз аҳволларидан У Зотга шикоят қилурлар.

Мендан ғамни кетказган Оллоҳга ҳамд бўлсин

Ерга эмас осмонга кўз тутгин.
Олий ҳимматли бўлгин. Доимо парвозда бардавом бўл, пастга тушиш, қулашдан сақлан ва ҳаёт дақиқа, сониялардан иборат эканлигини билгин. Сен ҳаракат, сабр-матонатда чумоли каби бўлгин. Доимо жазм қил. Гуноҳингга тавба қил. Қуръонни ёдла, унутсанг иккинчи, учинчи.. ўнинчи марта ёд ол. Муҳими ўзингни омадсизман деб ўйлама. Чунки тарих охирги сўзни билмайди. Ақл охирги мартани эътироф этмайди.
Умр худди жисмга ўхшайди. Унда жарроҳлик амалиётини қўллаш мумкин. Умр бино кабики, уни таъмирламоқ, янгитдан тикламоқ, унга бўёқ бериб гўзаллаштирмоқ даркор.
Ўзингни омадсизлик, муваффақиятсизлик мактабидан узоқ тут. Хотирангдан касаллик, мусибатлар, қийинчиликлар хаёлини чиқариб ташла. Оллоҳ таоло айтади: “Агар мўмин бўлсангизлар, Ёлғиз Оллоҳгагина суянинглар!” (Моида сураси, 23-оят).
Гуноҳни ташлаш жиҳоддир. Унда бардавом бўлиш эса қайсарликдир.
Муслима аёл – кулбада яшаб, Парвардигорига ибодат қилиб, беш вақт намозни ўқиб, бир ой рўзани тутган аёл дабдабали қасрда, канизаклар ичида ёнбошлаб ётган аёлдан яхшидир. Оддий тўшаги, арпа нони, кўзада суви, қўлида Қуръони, тасбеҳи бор мўмина аёл духобалар тўшалган хонада ҳаёт кечирадиган, Парвардигорини, Мавлосини танимайдиган, Пайғамбари соллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашмайдиган аёлдан яхшидир.
Саодат тушунчаси баъзи бир одамлар ўйлагандек нотўғри, тор маънони англатмайди. Улар ўйлагандек, саодат деганда доллар, дийнор, дирҳам, риёл, уй жиҳозлари, кийим-кечаклар, таом-шароблар, уловлар тушунилмайди. Йўқ! Яна бир бор йўқ! Балки саодат қаноат билан бирга қалб ризоси, дил роҳати, нафс барқарорлиги, руҳ шодлиги, хулқ гўзаллиги ва тўғри йўл демакдир.
Мусулмонга озор берган, бандага зулм қилган қандай роҳат олади?
“Ва ўлмайдиган Тирик Зотга таваккул қилинг ҳамда У Зотга ҳамду сано айтиш билан покланг! У Ўз бандаларининг гуноҳларидан етарли Огоҳ Зотдир”. (Фурқон сураси, 58-оят).
Вақтларни вожибот – вазифалар учун бўлгин.
Эҳтимол сен чеккан ғам ортида кенглик бордир.
Фойдали китоб ўқи. Оллоҳнинг Китобининг хушбўй тиловатини тингла. Эҳтимол шунда бир оят бўлса ҳам вужудингни титратар, юрагингни туб-тубига етиб борар, виждонингга хитоб қилар. Ва ана шунда ҳидоят, нур пайдо бўлар, сендан умидсизликни, шак-шубҳани, ноумидликни кетказар. Суннат девонлари, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ўқи. Шунда сен сени тойилишдан, халалдан сақлайдиган, дардингга шифо берадиган фойдали давони, фойдали илмни топасан. Бас, роҳатинг иймондир, кўзинг қувончи намоздадир, қалбинг саломатлиги розиликдадир. Юзинг чиройи табассумдадир, обрўйинг сақланмоғи ҳижобдадир, хотиранг хотиржамлиги зикрдадир.
Маҳрумнинг кўзёшлари, мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўл.
“Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсизлар ва (Оллоҳ) сизларга ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) кетмагайсизлар. Оллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас”. (Ҳадид сураси, 23-оят).
Бизнинг саодатимиз уларнинг саодатидан бошқадир.
Шўх қўшиқлар, маъносиз шеърлар, ахлоқни бузувчи фильмлар, сериаллар, беҳуда саҳна асарлари, беҳаё журналлар саодат, шодликни келтиради деганлар ёлғон айтадилар. Балки булар бахтсизликнинг калитидир. Қайғу йўлидир. Ғам-андуҳ, маҳзунлик дарвозасидир. Бу мана шуларни бошидан ўтказган ва оқибатини билган, кейин тавба қилган одамларнинг айтган гапларидир. Бас сен ҳам бундай бахтсиз ҳаётдан, Оллоҳнинг Тўғри Йўлидан оғган йўлсизларнинг ҳаётидан қочгин. Балки Оллоҳнинг Қуръонини тиловат қилишга, фойдали илм ўқишга, қалбни йиғлатадиган мавъизага, нурли хутбага, фойдали садақага, чин тавбага келгин. Оллоҳ зикр қилинадиган мажлисларга ташриф буюр, эҳтимол Оллоҳ тавбаларингни қабул қилар, бас, қалбингни сакинат, тинчлик-ҳотиржамликка тўлдирар.
Ширк, ғилли-ғаш, гина-адоват, ҳасад жой олмаган қалб тўғри қалбдир.
“Парвардигорим, Ўзинг қалбимни кенг қилгин...”. (Тоҳа сураси, 25-оят).
Нажот кемасига мингин.
Эй бутун коинот Илоҳи, дарҳақиқат, мен сенга таслим бўлдим, бас бизнинг заифларимизга раҳм айла!
Мен ҳаётим давомида ўнлаб қиссалар, ўнлаб ўйин-кулгу, беҳуда-лағвларни, уларнинг ичида жонлигини ҳам, жонсизини ҳам кўрдим ва афсус чекдим. Минг афсус! Мусулмон эркаклар, муслима аёллар, мўмин эркаклар, мўмина аёллар, ростгўй эркаклар, ростгўй аёллар, рўзадор эркаклар, рўзадор аёллар, ибодатли эркаклар, ибодатли аёллар, Оллоҳдан қўрқувчи эркаклар, Оллоҳдан қўрқувчи аёллар қаерда қолдилар. Бу қисқа чекланган умр мана бундай беҳуда нарсаларга зое қилишга, гуноҳ бозорига сарф этишга етадими? Сенинг бу умрингдан бошқа умр, бу кунларингдан бошқа кунларинг борми? Ёки Оллоҳ томонидан сен ўлмайсан деган ишонч қоғозига эгамисан? Йўқ! Балки булар ёлғон гумон, ваҳмлардир, пуч орзулардир. Бас, нафсингга ҳисоб бер, ҳаётингни янгитдан бошла, хатони ўнгла, карвонга қўшил, ҳаёт кемасига мингин.    
Оқила аёл саҳрони гўзал боғга айлантиради.

Кенглик қайғу билан биргадир.
Қайғу билан кенглик бордир.

Саодат калити саждадир

Дунё тўплаган саодатли эмас, балки тақволи одам бахтлидир.
Кун дафтаридаги саодат саҳифасининг аввали, кундуз рўйхатидаги биринчи саҳифа бомдод намозидир. Бас кунингни бомдод намозини ўқиш билан бошла, кундузингни бомдод намози билан очгин. Ўшанда сен Оллоҳнинг ҳифзи-ҳимоясида, риоятида бўласан. Ана шунда Оллоҳ сени ҳар қандай балодан сақлайди, сени яхшиликка етаклайди. Сенга барча фазилатларни кўрсатади, сени разолатдан асрайди. Бомдод намози билан бошланмаган кунда барака йўқдир. Бомдод намозини ўқиганга жаннат бўлсин, бомдод намозини қазо қилмаганга қўз қувончи бўлсин, бомдод намозига бепарво бўлган кимсага бахтсизлик бўлсин.
Бефойда жанжал, ўткинчи тортишув софлик, гўзалликни кетказади.
Сен Золим Ҳажжож олдида Парвардигорига ишонган ҳолда турган кекса кампирдан ибрат олгин. Ҳажжож кампирга унинг қамоқдаги фарзандини ўлдиришини айтиб қасам ичганида кампир деди: “Сен уни ўлдирмасанг ҳам бир кун ўлади”. Сен Абу Бакр қизи Асмо каби матонатли бўлгин. Ўғли Абдуллоҳнинг дорга осилган жасадини кўриб шу сўзни айтди: “Ана энди бу “отлиқ” учун эркак бўлиш вақти келди”. Сен худди тўрт ўғлини жангга чиқариб юборган Хансо каби бўлгин. Ўғилларини шаҳид бўлганини эшитган она: “Мени Ўзининг йўлида тўрт фарзандим шаҳид бўлиб ўлишдек шараф билан шарафлаган Оллоҳга ҳамд бўлсин”. Ана ўша аёлларга, уларнинг буюк тарихларига, улуғ сийратларига назар сол.

Насимдан нозикликни, мушкдан исни, тоғдан саботни олгин

Сен ўз жамолинг билан қуёшдан-да гўзалсан. Ўз ахлоқинг билан мушкдан-да покизасан. Ўз тавозуйинг билан бадр тўлин ойдан-да баландсан. Ўз меҳринг билан ёмғирданда ёқимлидирсан. Бас, бу гўзалликни иймон билан, ризони қаноат билан, соғликни ҳижоб билан сақла. Билгинки, олтин-кумуш, олмослар сенинг зийнатларинг эмас. Балки, бедорликдаги ўқилган икки ракаъат намоз, Оллоҳ учун рўза тутиб, иссиқ ҳароратда чанқаб, Оллоҳдан ўзгаси билмайдиган махфий садақалар, хатоларни ювгувчи иссиқ кўзёшлар, бандалик гиламида қилинган узун саждалар ва ёмонлик истаги, шайтон даъвати пайтида Оллоҳдан ҳаё қилмоқлигинг сенинг зеб-зийнатларингдир. Бас, тақво либосини кийгин. Чунки сени гарчи кийимларинг ямоқ бўлса-да, дунёда энг гўзал аёлсан. Камтаринлик кийимини кийгин. Чунки сен ялангоёқда бўлсанг ҳам коинотдаги энг гўзал инсонсан. Бузуқ, кофир, яланғоч фоҳишаларнинг ҳаётидан узоқ бўл. Ундайлар жаҳаннам ўтинидирлар: “Унга фақат (Ҳақни) ёлғон деган ва (иймон-эътиқоддан) юз ўгирган бадбахт кимсагина кирур!”. (Вал-Лайл сураси, 15-16-оятлар).
Ҳаётингда, ҳар бир маконда зулматни топурсан. Бас, нафсингга чироқ ёқишингдан ўзга чора йўқдир.
Тонгга кирсанг, тунни кутма.
Эй садоқатли муслима аёл, эй Оллоҳга қайтгувчи мўмина аёл, сен худди ёмонликдан, озордан узоқ бўлган хурмо дарахти каби бўл. Сен унга тош отсанг, у сенга ўз мевасини туширади. У қишин ёзин ям-яшил бўлиб, унинг фойдаси кўпдир. Сен бемаъни ишлардан юқорида бўлгин, ҳаёни кеткизадиган барча нарсалардан сақлан. Сўзинг зикр, қарашинг ибрат, жим туришинг фикр бўлсин. Ана шу пайтда сен саодат, роҳатни топасан. Шунда сенга ерда қабул ёзилади, сенга чиройли мақтов, инсонлар томонидан дуолар айтилади. Шунда Оллоҳ сендан хорлик булутини, хавф шарпасини, ғамгинлик тўпини тарқатади. Бас, сен мўминларнинг сенинг ҳаққингга қилган дуоларининг овозида ухлаб, уларнинг сано нашидалари садосида уйғон. Ана шунда сен саодат йиғилган сармояда эмас, балки Оллоҳга итоат қилишда, янги кийимда эмас, балки қуллик хизматини адо қилишда, улуғ ибодатда эканлигини англайсан.
Ўзингдан умидсизланма. Чунки ўзгариш аста-секин бўлади. Ҳали шундай тўсиқларга дуч келасанки, улар ҳимматингни пастлатиб қўяди. Бас, уларга мағрур бўлиб қолма.
“...Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар...”. (Ғофир сураси, 60-оят).     
Оллоҳнинг неъматларидан Унга шукр айтиш, Унга итоат қилиш билан фойдалан. Сувдан ич, у билан таҳорат ол, ғусл қил. Қуёшнинг нурига буркан. Ой нуридан гўзаллик ол. Меваларни тер. Анҳорларни кеч, денгизларга қара, саҳроларда сайр эт, Кечиримли, Қудратли, Подшоҳ, Қаҳҳор Зотга шукр айт, Оллоҳнинг сенга берган мана бундай неъматларидан фойдалан. У Зотнинг неъматларига нонкўрлик қилма.
“Улар Оллоҳнинг неъматини танирлар ва кейин уни инкор қилурлар..”. (Наҳл сураси, 83-оят).
Нонкўрликдан эҳтиёт бўл. Атиргулнинг тиконига қарашдан аввал унинг жамолига назар ташла. Қуёш ҳароратидан шикоят қилишдан аввал унинг нуридан фойдаланиб ол. Тун зулматидан ҳасрат чекишдан аввал унинг сокинлигини ёдга ол. Бундай қора бадбинлик нима учун? Неъматларни ўз йўлидан чалғитишлар нега?
“(Эй инсон), Оллоҳнинг неъматини (яъни, иймонни) куфрга алмаштириб юборган ва қавмларини (яъни, ўзининг ортидан эргашганларни) ҳалокат чоҳига — ўзлари кирадиган жаҳаннамга қулатган кимсаларни кўрмадингми?! Нақадар ёмон жой у!”. (Иброҳим сураси, 28-оят).
Бас, сен бу неъматларни ол ва уни чиройли қабул қил. Булар учун Оллоҳга ҳамд айт.
Хатодан савобга ўзгармоқ таваккалчиликдир, лекин у чиройлидир.
“...Оллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина Мағфиратли, Меҳрибондир”. (Зумар сураси, 53-оят).
Беҳисоб ризқ истиғфор биландир.
Бир аёл айтади: Ўттиз ёшимда эрим вафот этди. Ундан беш фарзандим ёдгор бўлиб қолди. Дунё кўзимга қоронғу кўринди. Йиғладим, кўзларим кўрмай қолди. Йиғидан фойда бўлмади. Мени ғам-алам ўраб олди. Фарзандларим ҳали ёш. Оила тебратиш учун имкониятим етарли эмас эди, лекин мен отамиз ташлаб кетган озгина молни тежамкорлик билан ишлатар эдим.
Бир куни хонамда ўтирар эканман, радиони ёқдим. Унда Қуръони Карим эшиттириши берилаётган экан. Бир шайх мана бу ҳадисни айтди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким истиғфорни кўп айтса, Оллоҳ унинг ҳар бир ғамидан кенгликни, ҳар бир сиқилишдан чиқар йўлни пайдо қилади”. Шундан кейин истиғфор айтишни кўпайтирдим. Фарзандаларимга ҳам шуни буюрдим. Орадан олти ойлар вақт ўтиб... аввал катта ўғлим талаба бўлди. Қуръони Каримни ёд олди. Одамларнинг кўзига тушди. Уйимиз яхшиликка тўлди. Биз яхши ҳаёт кечирар эдик. Оллоҳ таоло фарзандларимнинг барчасини салоҳиятли қилди. Мендан ғам-алам кетган эди. Мен бахтли аёлга айланган эдим.
Агар умидсизликка таслим бўлсанг, ҳеч нарсага эриша олмайсан, саодатли бўла олмайсан.
“...Зеро, Оллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур”. (Юсуф сураси, 87-оят).
Дуо балони кетказар.
Ибодатли бир дўстим бўлиб, унинг аёли саратон дардига чалинди. Уларнинг уч фарзанди бор эди. Дўстим аёлининг дарди сабаб қаттиқ сиқилди. Дунё зулматга айланди. Шунда уламолардан бири унга насиҳат қилиб, кечалари намозга туришини, бедорликда замзам сувига дуо-истиғфорлар ўқишини айтди. Дўстим айтилганларни қилди. Аёли эри дам солган замзам суви билан баданларини ювди. Дўстим аёлининг олдида то тонгдан қуёш ботгунча, кейин шомдан хуфтонгача дуо ўқиб ўтирар эди. Ва ниҳоят Оллоҳ дўстимнинг аёлига шифо берди. Дардманга шифо берувчи Оллоҳни поклайман. Ундан ўзга илоҳ йўқдир.
Эй синглим, агар дардга чалинсанг Оллоҳга муножот қил, истиғфор-дуо, тавбаларни кўпайтир. Оллоҳ сенга муяссар қилган нарсадан хурсанд бўл. Чунки Оллоҳ дуоларни ижобат этар, қайғуларни, ёвузликни кетказар. “Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни Ернинг халифа-эгалари қиладиган Зотми?! Оллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар!”. (Намл сураси, 62-оят).
Ўтмишинг ва ҳозирингни ўрган. Чунки ҳаёт тажрибалардан пайдо бўлар. Инсон эса улардан ғолиб бўлиб чиқиб кетмоғи даркор.
“...У мўминларга Меҳрибон бўлган Зотдир”. (Аҳзоб сураси, 43-оят).
Умидсизлик, муваффақиятсизликдан эҳтиёт бўл.
Ёлғиз фарзанди қамалганини эшитган онанинг кўзидан уйқу қочди. Ғамгин бўлиб фарёд урди. Сўнгра Оллоҳ “ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” калимасини айтишни унинг дилига солди. У жаннат хазиналаридан бўлган бу буюк сўзни такрорлайверди. Саноқли кунлардан кейин, ўғлининг қамоқдан қайтишидан умидини узган бир пайтда, фарзанди эшик қоқди. Она хурсандчилик-шодликка тўлди. Бу Парвардигорига муножот қилган ва Унга дуо айлаган, Унга ўзини топширганнинг мукофоти эди. Сен ҳам шу сўзни айтгин: “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”. У буюк сўздир. Унда саодат, шодлик яширингандир. Сен ҳам уни кўп айт. У билан қайғу қолдиқларини, маҳзунлик ёзувларини, тушкунлик шарпаларини кетказгин. Ва Оллоҳ томонидан бўладиган сурур, яқин қолган кенгликдан хурсанд бўл. Ўзингдан умид арқони узилишига, муваффақиятсизликка дучор бўлишингга йўл қўйма. Қаттиқликдан кейин кенглик, оғирликдан кейин енгиллик бордир.
Сен ўз қийинчилик ва қайғуларингдан одамлар гапириб юриши учун мавзу тайёрлаб бермагин. Акс ҳолда ўзинг билан саодат ўртасига девор солган бўласан.
“...Албатта Парвардигорингиз мағфирати кенг Зотдир...”. (Нажм сураси, 32-оят).
Уйинг азизлик ва муҳаббат мамлакатидир.

Айтгин, бизлар У Раҳмонга итоат этдик
Ясриблик йўлбошчига тобе бўлдик биз

Эй азиз ва мўътабар аёл. Уйингни лозим тут, фақатгина муҳим ишлар учун ташқарига чиққин. Чунки сенинг хонадонинг саодатинг сиридир. “Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар,..)”. (Аҳзоб сураси, 33-оят). Сен уйингдагина саодат таъмини тотишинг, номусинг, шарафинг, шаънинг, хурматингни сақлашинг мумкин. Албатта кўчага ўрганган аёл ҳеч бир заруратсиз бозорларга, тижорат дўконларига чиқаверади, Модалар кетидан қувиб, кийим-кечакларнинг янгиси ва ноёбларини кузатиб суриштириб юради. Унда ҳеч қандай дин, даъват ғами йўқ. Уни илм-маърифат, маданият қизиқтирмайди. Балки у исрофгардир. Унинг ғами емак, кийим-кечакдир. Уйдан узилишдан сақлан. Чунки сенинг уйинг сурур манзилидир. Тинчлик, роҳат жойидир. Ошнолик ошиёнидир. Одамлардан саломат бўлиш қўрғонидир. Бас, уйингни муҳаббат уйи қилгин.
Мўминнинг иши қизиқ, унинг барча иши ўзи учун яхшиликдир.
Сафсата учун сенда вақт йўқдир.
Тўлин ой кулмоқда, юлдузлар олқишламоқда, бас, нима учун ўзимизни ғам-қайғу учун қурбон қилишимиз керак?!
Ишлар атрофида бефойда тортишувлар қилишни тарк эт. Зеро, у дилни торайтирар, фикрни булғар, одамларни қаноатлантиришга уринма, балки ўз фикрингни хотиржам ҳолда ҳеч бир шовқин ва фарёд чекмай айтгин. Танқиддан узоқлаш. Чунки у сендаги роҳатни кетказади, сенга ярашмайди. Балки сен хотиржам ва мулойимлик билан ширин сўз айт. Ана шунда сен қалбларга эга бўласан, руҳларни обод қиласан. Билгинки, одамларни ғийбат қилиш, уларга қабиҳ-хунук сўзларни айтиш, уларнинг устидан кулиб, паст санамоқ қайғуни мерос қолдирар. Бу эса ажрни йўқ қилар, гуноҳни кўпайтирар, тинчликни кетказар. Бас ўзгаларни эмас, ўзингни айбинг билан машғул бўл. Чунки Оллоҳ бизларни маъсум, комил қилиб яратмагандир. Балки бизларнинг гуноҳ-айбларимиз бордир. Ўзгаларни қўйиб, ўз айби билан машғул бўлганга жаннатлар бўлсин.
Фарзанди тепаликдан тушиб кетганини кўрган она фарёд қилиш ўрнига фарзандининг жароҳатини боғламоғи даркор.
Сенга етган нарса сендан хато кетмас.
Қалби очиқ бўлгин, коинот сенга салом берар.
Ҳаётга муҳаббат ва ишонч билан боқ. Чунки ҳаёт Оллоҳ таоло томонидан инсонга берилган ҳадядир. Бас, сен Бир ва Ёлғиз Зотнинг ҳадясини қабул эт, уни ҳурсандчилик ва шодлик билан ол. Тонгни табассум билан қаршила. Кечани ўз салобати ва сукунати билан, кундузни ўз шуъласи ва зиёси билан қабул қил. Сувни ҳамд ва шукр айтиб ич. Масрур ҳолда ҳаводан нафас ол. Тасбеҳ айтганча гулни ҳидла. Коинот ҳақида фикр қилиб ибратлан. Оддий Ерда, гулнинг япроғида, насимнинг эсишида, қуёшнинг ҳароратида, ойнинг шуъласида буларнинг барчасида сен учун катта атойи неъмат бордир. Бас, бу неъматлардан Оллоҳга ибодат қилишда, Унинг неъматига шукр қилишда фойдалан. Бу неъматларни кўришдан қайғу даҳшати, ғам қўшини сени тўсиб қўймасин, у ҳолда сен жонсиз, нонкўрга айланасан. Балки билгинки, Холиқ ва Раззоқ бўлган Зот бу неъматларни фақатгина Ўзига тоат қилишда ёрдам бўлсин учун яратгандир.
Бирорта инсон учун саодат ва яхшилик тўла-комил бўлмаган.
Беҳожат Зотни зикр қилиш билан ғамни кетказ. Ҳавойи нафс кўчасидан воз кеч, ундан узоқ бўл.
Сен кўп хато қиласан. Сен ҳаёт юз фоиз фойдамга бўлиши керак деб ўйлаган нарса бу дунё ҳаётида эмас, балки Охират ҳаётида бўлур. Зеро, бу дунё нисбийликдан иборатдир. Сен истаган барча нарсалар ҳам тўла бўлавермайди, балки унинг олдида бало-офат, мусибатдан иборат нарса бўлиши аниқдир. Бас, сен хурсандчилик пайтида шукр қил, қийинчилик пайтида сабр қил ва дардсиз ҳаёт, фақирликсиз бойлик, нохушликсиз саодат, салбийлиги бўлмаган жуфти ҳалол, айбсиз дўстни истаб, бекаму кўст ҳаёт кечираман деб ўйлама. Чунки бундай бўлиши мумкин эмас. Балки нафсингни ана шундай салбийлик, хатолардан кўз юмишга ўргат. Ижобий, гўзал ишларга қара. Чиройли гумон қил, фақат Оллоҳга суян. Чунки одамлар суянишга, ишларни уларга топширишга лойиқ эмасдирлар. “...улар Сиздан Оллоҳ томонидан бўлган бирон нарсани (азобни) қайтара олмаслар...”. (Жосия 19-оят).    
“...Ким Оллоҳдан қўрқса, (Оллоҳ) унинг ишини осон қилур”. (Таҳрим сураси, 4-оят).
Маърифат бўстонига киргин.
Эй замонни ҳақорат қилувчи кимса, ўзинг покдомон, комил инсонмисан?
Динингни тушунишинг саодатинг сабабларидан биридир. Зеро, динни ўрганмоқ дилни очар, Парвардигорни рози қилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимга Оллоҳ яхшиликни истаса, уни динда фақиҳ қилади”.
Бас, сен динингни тушунишда ёрдам берадиган фойдали китобларни ўқи.
Билгинки, сенинг энг афзал амалинг Оллоҳ таолонинг Ўз Китобидаги истаги, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз суннатидаги кўзлаган мақсадини англамоқлигингдир. Қуръонни тадаббур қилишга, уни биродарларинг билан ўрганишга одатлан. Уни имкон борича ёд ол. Уни тингла. Унга амал қил. Зеро, шариатни билмаслик қалбда зулмат, дилда торликни келтириб чиқаради. Шунинг учун уйингдаги фойдали китоблардан ташкил топган кичиккина бўлса ҳам ўз кутубхонанг бўлсин. Куй-қўшиқларни тинглаш, сериалларни кўришдан узоқ бўл. Чунки умрингнинг ҳар бир сонияси ҳисоблидир. Бас, вақтингни Оллоҳнинг ризоси учун ишлат, сарфла.
Ҳар қандай мусибат ҳам инсоннинг биргина табассуми билан йўққа айланади.
Тўкилган кўзёшлар, мажруҳ қалбларни эсла. Бас, ғамни тўхтат, кўзёш тўкишдан тийил. Чунки сен замон ўқи теккан ягона инсон эмассан ва сенга етган мусибат мусибатлар рўйхатида биринчиси ҳам эмасдир.
Адиблардан бири айтди:
Ҳаётларини дабдаба-ҳашамат, исроф билан ўтказувчиларга ҳавас ила боқма. Чунки уларнинг ҳаёти мақтовли эмас, аксинча ачинарлидир. Чунки кўпчилик одамлар лаззат-шаҳватлари учун исрофга йўл қўйиш ғамидадирлар. Обрў исташ учун бор кучларини сарфларлар. Лаззат кетидан қуварлар. Уларга ҳалол билан ҳаромнинг фарқи йўқ. Улар саодатли эмасдирлар. Улар ғамгин, қайғудадирлар. Зеро, Оллоҳнинг йўлидан оғган, тинмай гуноҳлар қилган кимса абадий бахтни топа олмас. Сен ана ундайлар неъмат ва сурурда деб ўйлама. Чунки баъзи бир лойсувоқ кулбаларда ҳаёт кечирадиган фақирлар ҳам ана ундай туяқушнинг патидан қилинган тўшакларда, дуҳоба, ипакларда ястаниб ухлайдиганлардан, кўркам қасрларда яшайдиганлардан бахтлироқдирлар. Зеро, фақир аммо мўмина, ибодатли, зоҳида бўлган аёл Оллоҳнинг йўлидан оғганлардан бахтлироқдир.
Саодат сенда мавжуддир. Шунинг учун бор кучингни ўз нафсингга қаратишинг лозимдир.
Билгинки, Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир

Оллоҳ томон олиб борадиган йўл энг чиройли йўлдир

Кўпинча нафслар бир иш учун жазавага тушар, ваҳоланки, ўша иш учун тугун ечилгани каби кенглик бордир.
Саодат нима ўзи? Мол-дунёми, обрў-эътиборми? Жавоблар кўп. Лекин яхшиси бу саволларга жавоб топиш учун мана бу аёлнинг саодатига назар соламиз:
Эр аёли билан жанжаллашиб қолди. Эр аёлига: Мен сени бахтсиз қиламан, деди. Аёл: Сен бундай қила олмайсан, деди. Эр: Нега, деб сўради. Шунда аёл: Агар саодат мол-дунёда бўлса, мени ундан махрум этишинг мумкин. Агар у зеб-зийнатда бўлса, уни ҳам мендан тўсишинг мумкин. Лекин сен ҳам, бошқа инсонлар ҳам тўсқинлик қила олмайдиган бошқа нарса бор. Менинг саодатим иймонимдир, иймоним эса қалбимдадир. Қалбимга эса Парвардигоримдан ўзгаси султонлик қила олмайди. Бу ҳақиқий саодатдир. Иймон саодати. Бу саодатни фақатгина Оллоҳнинг муҳаббати қалбига, нафсига, мафкурасига кирган бандагина сеза олади. Саодатнинг ҳақиқий эгаси Якка-ю, Ягона Зот Оллоҳдир. Бас, Унга итоат қилиш билан ундан саодат тила.
Саодатга эришишнинг ягона йўли Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам у билан юборилган тўғри динни англамоқдир. Бу йўлни таниган одамга бутун оламда саодатли бўлмоқ учун кулба-вайроналарда тунамоқлиги, бир бўлак нон билан кифояланмоқлигининг зарари йўқдир. Аммо бу йўлдан адашганнинг умри маҳзунлик, мол-давлати маҳрумлик, амали зиён, оқибати эса шармандаликдир.         
Бизлар яшаш учун мол-дунёга муҳтожмиз. Аммо бу, мол-дунё учун яшаймиз дегани эмас.
Оллоҳим, мен сендан афв ва офият сўрайман.
Йўл торайган пайтда сен Ғайбларни Билгувчи Зотга илтижо қил.
Иш қийинлашса Шарҳ сурасини тиловат қил.
Ибнул Жавзий айтади: бошимга ташвиш тушиб, ундан қутулиш чораларини излай бошладим. Лекин чора топа олмадим. Кейин мана бу оятни ўқидим. “Ким Оллоҳдан қўрқса У Зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур”. (Таҳрим сураси, 2-оят). Ҳар қандай ғам-ташвишдан чиқиб кетишнинг ягона йўли тақво эканлигини билдим. Тақвога эътибор бердим. Ташвишдан чиқишнинг чорасини топдим.
Оқилларнинг ҳузурида ҳар бир эзгуликнинг сабаби тақводир. Гуноҳ бўлмаса азоб бўлмайди. Тавба бўлмаса гуноҳ кетмайди. Бу ғам-ташвишлар сен қилган ишлар – намозга бепарволик, бировни ғийбат қилиш, ҳижоб ўранмаслик каби ҳаром ишларинг жазосидир. Саодатни яратган Зот Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ экан, бас саодатни Ундан ўзгасидан истамоқ нечун? Агар инсонларнинг барчаси ҳам саодатли бўлганларида Ер юзида бирорта ҳам маҳзун, ғамгин инсон қолмаган бўлар эди.
Ҳар кунингни янги кун қилгин.
Оллоҳдан узоқлашмоқ фақат аччиқ мева беради. Заковат, гўзаллик, маърифат неъматлари буларнинг барчаси Оллоҳнинг тавфиқидан ажралган пайтда бало-офат, мусибатларга айланади, Оллоҳнинг баракотидан маҳрум қилади. Шунинг учун ҳам Оллоҳ таоло бандаларини Ундан четланганнинг оқибатини айтиб огоҳлантиради.
Йўлда кетар экансан, сен томон тезлик билан келаётган машинани кўриб, ҳаёлингда у худди баданингни парчалайдиган, ҳаётингга талофат етказадигандек кўринади. Нажот исташдан, қочишдан бошқа чора топа олмайсан.... “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга айтинг): "Бас, Оллоҳга (иймон келтириш учун) чопинглар-шошинглар! Албатта мен сизлар учун У Зот(нинг азоби)дан очиқ огоҳлантиргувчидирман. Ва сизлар Оллоҳ билан бирга яна бошқа бирон илоҳ бор, деманглар! Албатта мен сизлар учун У Зот(нинг азоби)дан очиқ огоҳлантиргувчидирман”. (Ваз-Зориёт сураси, 50-51-оятлар).
Синглингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир.
Аёллар само юлдузларидир, оқшом сайёраларидир.
Агар сенга тақдир ўйинлари зарба берса Ёлғиз, Қудратли Зотдан ёрдам сўра.
Парвардигорига итоат қилишдан сўнг эрига итоат қилишни иккинчи ўринга қўйган аёл солиҳа аёлдир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай аёлни мақтаган ва ҳар қандай эркак бу каби аёлларни ҳурмат қилишларини айтган. Оллоҳ таоло айтади: “..Олтин-кумушни босиб, уни Оллоҳ Йўлида инфоқ-эҳсон қилмай-диган кимсаларга аламли азоб "хушхабарини" етказинг!”.
И з о ҳ: Бу оятларда одамларнинг пул-молларини талон-торож қиладиган яҳудий донишмандлари ва насроний роҳиблари би¬лан бир қаторда мусулмонларнинг орасидаги айрим бойликка муккасидан кетган ва тўплаган мол-дунёларининг закотини бермайдиган кимсалар ҳам ашаддий азобга дучор бўлишлари баён қилингандир. (Тавба сураси, 34-оят). Ушбу оят нозил бўлгандан сўнг Умар розияллоҳу анҳу Савбон розияллоҳу анҳу билан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, у кишига: Эй Расулуллоҳ, бу оят асҳобларингизга оғир келди, деди шунда у зот: “Мен сенга киши топган энг яхши нарсани айтайми: У солиҳа аёлдир. Қачон унга қараса уни хурсанд қилади, буюрса итоат қилади. Йўқлигида уни сақлайди – унга хиёнат қилмайди”.
Яна у зот эрга итоат қилмоқ аёлнинг жаннатга киришига сабаб эканлигини айтди: “Эрини рози қилиб ўлган аёл жаннатга киради”. Бас, сен ҳам шу аёл каби бўлгин, бахтиёр бўласан.
Сенга ҳам шодлик келар, чунки фалак айланмоқда.
Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо ғорда тунаган уч йигит ҳақида ривоят қилган ҳадисда айтилади: Улар ғорда экан, тоғдан тушган бир харсанг тош ғор оғзини беркитиб қўйди. Шунда улар Оллоҳга муножот қилиб уларни бу ғордан озод қилишини сўрашди ва ҳар бирлари ўзлари қилиб ўтган солиҳ амалларини бирма-бир эслашди. Улардан иккинчиси деди: Амакимнинг қизи одамлар орасидаги мен учун мен суйган энг яхши инсон эди. Кунларнинг бирида уни ўзимга тортмоқчи бўлдим. У эса ўзини мендан олиб қочди. Орадан кўп йиллар ўтди. У мендан ёрдам сўраб келди. Мен унинг рози бўлиши шарти билан унга юз йигирма динор бердим. У “рози бўлди”. Мен унга “қодир бўлганимда” у: Оллоҳдан қўрққин... деди. Бу қиз тақводор эди, фақирлиги сабаб йигитдан ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Йигитга Оллоҳни эслатди, тақвога ундади. Унинг қалбида иймон шуурларини уйғотди. Агар истаса унга ҳалол йўл билан уйланишини, зинога ҳожат йўқлигини тушунтирди. Йигит қабиҳ ишидан қайтди, Оллоҳга тавба қилди ва унинг шу солиҳ амали ғор оғзидаги харсанг очилишига сабаб бўлди.
Ҳаётинг тафаккуринг маҳсулидир.
“Оллоҳ танглик-камбағалликдан кейин енгиллик-бойликни ҳам (пайдо) қилур”. (Талоқ сураси, 7-оят). “Эй мўминлар, сабр қилингиз ва сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда до¬имо (кураш — жиҳод учун) белингиз боғлиқ (ҳолда ҳозир) бўлиб турингиз! Ва Оллоҳдан қўрқингизким, (шунда) шояд нажот топгайсизлар!”. (Ол-и Имрон сураси, 200-оят). “...(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бирор мусибат келганда: "Албатта биз Оллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз", дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг!”. (Бақара сураси, 156-оят). “У (одамлар ёғин-сочиндан) умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва Ўз раҳмат-баракотини кенг ёядиган Зотдир. У ҳамду сано Эгаси бўлган Дўстдир”. (Шўро сураси, 28-оят). “..Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур”. (Зумар сураси, 10-оят). “Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим..”. (Анбиё сураси, 87-оят).
Мана бу яқинлик сенга саодатни ва хотиржам бўлишингни, Парвардигорингга ишонмоқлигингни, Оллоҳнинг Ҳақ ваъдаси учун қалбинг таскин топишини айтиб нидо қилмоқда. Оллоҳ бандаларини уларга азоб бериш учун яратмаган, балки уларни имтиҳон қилиш, уларга таълим-одоб бермоқ учун яратгандир. Зеро, Оллоҳ бандаларига уларнинг ота-оналаридан ҳам меҳрибонроқдир. Бас, Оллоҳдан раҳмат, шафқат ва ризо истагин. Бу эса У Зотни зикр қилиш, шукр қилиш, Китобини тиловат қилиш, Расули (соллоллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашиш билан бўлади.
Ёмонликларга пешвоз чиқишга тайёр тур.
Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг онаси ҳам аёл эканлиги ҳар бир аёлга етарли шарафдир.
Раҳмонни танимоқ маҳзунликни кетказар.
Оллоҳ энг сахий, карами кенг Зотдир, У бандаларига улар орзу қилган нарсани улар сўрамасдан аввал беради. Уларнинг қилган озгина амалларини ҳам кўп ўрнида кўриб, у амални Қиёмат қадар ундириб-ўстиради. Кўп тойилишларни кечириб, уларни ўчиради. Осмонлар ва Ердаги (барча) жон¬зот (Унга муҳтождир ва бор тилак-мақсадларини Ёлғиз) Ундан сўрар. У Зот ҳар куни иш-амалдадир. Бир нарсани эшитиш бошқа нарсани эшитишдан У Зотни бирор нарса машғул қила олмайди. Мойилларнинг кўплиги У Зотни чалғитмайди. У Зот сўраб дуо қилганларни севар, сўрамагандан ғазабланар. Бандаси уялмаса-да, У бандасидан уялар. Бандаси ўз нафсини тўсмаса-да, У Зот уни тўсар – сақлар. Раҳм қилар. Ахир ҳасанотларни Ёлғиз Ўзи берадиган, ёмонликларни ҳам Ёлғиз ўзи кетказадиган, Ёлғиз Ўзи дуоларни ижобат қиладиган, тойилишларни ўчирадиган, хатоларни кечирадиган, айбларни беркитадиган, ғам-қайғуларни кетказиб, истакларга етказадиган Зотни қандай севмаслик мумкин?
Оллоҳ, эҳсони кенг, раҳм сўралгувчиларнинг энг раҳмлиси, У Зот бандасига ота-она фарзандига меҳрибон бўлгандан ҳам кўра меҳрибонроқ, У тавба қилувчиларнинг тавбасидан саҳрода туясини таом, сувлари билан бирга йўқотиб, ҳаётдан ноумид бўлиб, сўнгра топиб олганда қувонган кимсадан ҳам кўра кўпроқ ҳурсанд бўлар.
Бомдод намозини ўқигандан сўнг хушуъ билан ўтириб, озгина вақт бўлса ҳам қиблага юзлан, зикр, дуоларни кўп айт. Оллоҳдан бу кунингни гўзал, хуш ва муборак кун қилишини сўра, Ундан бу кунни муваффақият, салоҳият, нажот ва машаққатсиз бўлган бахтиёр кун, ризқи тўкин, яхшилиги комил, ташвишли бўлмаган кун қилишини сўра. Зеро, сурур ҳам, ризқ ҳам, яхшилик ҳам У Буюк Зотдан сўралар. Сенинг бундай дуола ўтиришинг сенинг мана бу улуғ ва муборак кун учун тайёр эканингга кафилдир.
Битиришдан ожиз бўладиган нарсаларга уринишдан кўра, амалга оширишга кучинг етадиган яхши ишларни қилгин.
“..Огоҳ бўлингизким, Оллоҳнинг ёрдами яқиндир”. (Бақара сураси, 214-оят).
Фаросатли аёл бахтли ҳаёт демакдир.
Аёл эри уйга қайтганида унга чиройли ҳолатда пешвоз чиқмоғи даркор. Эрини сиқилган, қийналганлигини кўрган аёл бундан сиқилмаслиги, балки аксинча у томон шошилмоғи, қандай бўлмасин ундан сиқилиш сабабларини сўраш ўрнига унинг талабларини бажармоғи керак. Эри уйга кириб, иш кийимини ечиб, уй кийимини кийганидан сўнг ўзи аёлига сиқилишининг сабабини айтади. Агар айтмаса аёли эридан бу ҳақда сўрамоғининг зарари йўқдир. Лекин сўраганда ҳам эрини ўйлаётганини, унинг бу тушкун ҳолатидан у ҳам безовта эканлигини сездириб сўраши керак.
Агар аёл эрининг бирор бир муаммосини ҳал этишда унга ёрдам бериш имконини топса, унга шошилсин. Агар у шундай қилса эрининг дарди енгиллашади. Эр ҳам унинг уйида қимматбаҳо гавҳар, балки унданда олий нарса борлигини сезади.
Сен тўла бажара олмаган ишингдан ташвиш чекма. Зеро, буюкларнинг ишлари ниҳоя топмас.
Агар Оллоҳ бирор қавмни севса, уларни имтиҳон қилади.
Бугун учун яша.
Улуғлардан бири айтади:
Дунё бизларга эмас, бизлар дунёмизга эга бўлган кун гўзал кундир. Шаҳват, лаззатларимиз бизларни қул қилмай, бизлар уларни ўзимизга бўйсундирган кун бахтли кундир.
Чўнтагим мол-дунёга тўлиб, қалбим кароматдан бўшашга яқин қолган бир вақтда қалбимнинг бўш бўлишидан кўра икки қўлимни бўш бўлишлигини афзал кўрган куним менинг энг яхши кунимдир.
Қўлингдаги борига қаноат қил, Оллоҳнинг тақсимига рози бўл. Сенинг ҳаракатингга ҳам, имкониятингга ҳам муносиб келмай    диган алғов-далғов хаёлларни ташла.
“…Оллоҳ афв этди…”. (Моида сураси, 95-оят).
Сен ўзингдаги таъқиб остидаман деган туйғуни тарк эт.
Неъматдан лаззат ол, зеро, ишларнинг аввали бўлганидек, уларнинг охири ҳам бордир.
Бу гўзал сифат изтиробни яксон қилишга ёрдам қилади, ҳаётда ҳар қандай вазиятда муваффақият топишга, оила билан биргаликда бўлган садоқат ва саодатни сақлашга сабаб бўлади. Зеро, кенг фикр эгаси инсонлар табиатини тушунади, ўзини бошқалар ўрнига қўя олади, хоҳ махфий, хоҳ ошкора бўлсин шароитларни ўлчай билади. Инсон гоҳо яхшилик бўлган ишни ёмон кўрса, гоҳо унда ёмонлик бўлган иш учун севинади. Яхшилик Оллоҳ ихтиёр қилган нарсададир. Кенг фикр эгаси ўзини мана шу коинотнинг бир бўлаги деб билади. Ва бу ҳаётда қайғу-аламдан ҳам, саодатдан ҳам ўз насибаси борлигини сезади. У бирор ишдан фожеага тушмайди, азоб чекмайди. У хоҳ қайғу, хоҳ саодат устида бўлсин тор фикр эгасидек, ўзини таъқиб остида деб билмайди. Ана шундай тор фикр эгалари бу муаммо, бу ёмонликлар барчаси фақат унга етган, одамлар уни таъқиб остига олган, унга фақат ёмонлик етади деб ўйлайди. Кенг уфқ эгаси эса аксинча, ҳаёт қонунини идрок қилади, ўзини бу ҳаётнинг бир жузъи деб билади, афзалликни рўёбга ошириш йўлида бор кучини сарфлагандан сўнг барчасига рози бўлади.    
“…Сўнг уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб (дерлар): "(Оллоҳ Йўлида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу жаннатларда) сизларга тинчлик-осойишталик бўлгай. Охират диёри нақадар яхши!”. (Раъд сураси, 23-24-оятлар).
Машаққатдан кейинги зафар нақадар тотли.
Улуғлардан бири шундай ҳикоя қилади: мен фақир оилада дунёга келдим. Фақирона ҳаёт мен бешикдалик чоғимдаёқ бошланган эди. Онам менга бир бўлак нон ҳам топа олмай қолган пайтларда у кишидан емак сўрашнинг аччиқ таъмини бир неча бор тотдим ва ўн ёшимда уйни ташлаб чиқиб кетдим. Ўн бир ёшимда ишга жойлашдим. Мен бир йилда бир ойгина ўқиш учун вақт топар эдим. Ишлаб бир ҳўқиз ва олти қўзига эга бўлдим. Ўз ҳою-ҳавасимга умримда бир сўм ҳам ишлатмадим. То йигирма бир ёшга етгунимча топган пулимни тўплаб бордим. Мен ҳақиқий машаққатни тотган эдим. Дўстларимдан ишлаш учун иш сўраб бордим. Ўрмонга арава тортиб бориб, ўтин терар эдим. Ҳар куни тонг саҳарда бомдоддан аввал уйғониб, ой ниҳоясида олти доллар ишлаш учун то тунги ғира-шира пайтгача ишлар эдим. Бу олти долларнинг ҳар бири мен учун гўё самарали тўлин ой каби эди.
Агар сен ўтмишда хатоларга минган бўлсанг, ундан ибрат олгин-да, сўнгра тарк эт.
“Айтинг: "Сизларга у (бало)лардан ҳам, барча ғамлардан ҳам Оллоҳнинг Ўзи нажот берур...”. (Анъом сураси, 64-оят).
Мен жароҳат сабабли оёғи кесиб ташланган бир одамни биламан. Бир куни ҳамдардлик билдириш мақсадида унинг олдига бордим ва унга буларни айтдим: Уммат сиздан моҳир мерганлик, ғолиб полвонликни эмас, балки тўғри фикрни кутади.
Омадсизлик энг қаттиқ душмандир. У хотиржамликни йўқ қилишга қодирдир.
“Шунингдек, (яъни, Тўғри Йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик”.
И з о ҳ: Саҳиҳул-Бухорийда ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида ҳар бир пайғамбарни ўз умматлари билан рўбарў қилиб, улардан: "Бу пайғамбарим сизларга менинг амру фармонларимни тўла етказдими?", деб сўраганида, улар: "Йўқ", деб жавоб қилишар, пайғамбар эса: "Етказганман", дер экан. Ундан гувоҳ сўралганида: "Муҳаммад алайҳис-салом ва у зотнинг умматлари гувоҳларимдир", дейди, Шунда ҳазрати Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламни уммат¬лари билан ҳозир қилиниб, улардан: "Мана бу пайғамбар ўз вазифасини тўла адо этганми?", деб сўралганида, улар: "Ҳа, ўтган барча пайғамбарлар ўз элчилик бурчларини тўла адо этганлар. Бизга бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом хабар келтирганлар", дейишади. Шунинг учун мазкур оятда мусулмонларга қарата: "Одамлар устида гувоҳ бўласиз", дейилди. (Бақара сураси, 143-оят).
Қанча ғамларнинг ортидан сурур келган
Араб аёлларидан айтиб қолдирилган гўзал васиятларни келтирмоқчиман. Шулардан Ҳориснинг қизи Имоманинг қизига унинг никоҳ тўйида қилган васиятидир. У қизига деди: Қизим сен ўзинг ўрганган иқлимдан бошқа бир иқлимга чиқиб кетмоқдасан. Қизим, агар аёл киши ота-онасининг эркатойи бўлиб, эрга тегишдан озод бўлганларида мен энг озод аёл бўлар эдим. Аммо аёллар эркаклар учун яратилгандирлар. Сенга васиятим, эрингга қаноат қилган ҳолда бўйинсун. Унга итоат эт. Эрингни кўз-қулоғига айлан. Эринг сенда фақат яхши нарсани кўрсин, сендан фақат яхши бўйни ҳидласин. Эрингни уйқу ва таомини назорат қилгин. Чунки очлик ғазабни аланга олдиради. Уйқу камлиги ғазаблантиради. Эрингнинг мол-давлатига қўриқчи бўл. Эрингга осий бўлма, унинг сирларини очма. Чунки агар сен унинг ишига қарши чиқсанг, унинг қалбида нафрат уйғотасан. Агар унинг сирини фош қилсанг, унинг сенга хиёнат қилмаслигидан ҳотиржам бўла олмайсан. У хафа ҳолида ҳаргиз унинг олдида ҳурсандлигингни кўрсатма. У ҳурсанд эканлигида қайғуйингни билдирма.
Сенинг саодатинг ўзганинг эмас, ўзингнинг қўлингдадир.
Эртага қуёш чиқиб, нафс бахтиёр бўлади.
Ўзига карам қилган Парвардигорини рози қилар.
Ноумид бўлма, зеро, умидсизлик куфрдир. Эҳтимол Оллоҳ беҳожат қилар.
Жуҳаний қабиласига мансуб аёл йўлдан озиб зинога қўл урди. Кейин Оллоҳни эслаб, Унга қайтиб, тавба қилди ва токи гуноҳидан фориғ бўлиши учун уни тошбўрон қилишларини сўраб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келди. Унинг зинодан ҳомиласи бор эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга деди: Мен гуноҳ қилдим, менга жазо тайинланг. У зот унинг валийсини чақириб унга: “Унга ғамхўрлик кўрсат, ҳомиласидан қутулгач, уни менинг олдимга олиб кел”, деди. У шундай қилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уни тошбўрон қилишга буюрди. Аёл ўлгач, унга жанози намозини ўқиди. Бу ҳолни кўрган Умар: Зинокор аёлга жаноза ўқидингизми ё Расулуллоҳ, деди. шунда у зот: “У шундай тавба қилдики, агар Мадина аҳлидан етмиштасига бўлиб берсанг етади. Сен ўзини Оллоҳ азза ва жаллага қурбон қилган мана шу аёлдан афзалроқ кимсани биласанми?” дедилар.
Аёлнинг бундай бақувват иймони уни покланишга, нақд ўрнига насияни танлашга ундади. Агар иймонлик бўлмаганида тошбўрон қилиниб ўлишни афзал кўрмаган бўлар эди. Шундай савол туғилади: У ҳолда нега зино қилди, иймони заифлиги учун эмасми? Жавоб шуки: гоҳида инсон заиф бўлади ва ана шу пайтда ҳаром ишларга қўл уради. Чунки инсон ўзи заиф яралгандир. Инсон гоҳида тойилади, чунки у шошқалоқликдан бунёд бўлгандир. Инсон бир лаҳза адашади, чунки у ноқисдир. Лекин бу аёлнинг қалбида унган иймон уруғи уни покланиш учун унга жазо беришини сўраб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига боришга мажбур қилди ва Оллоҳнинг ризоси, мағфиратини истаб ўз жонидан ҳам кечди.
Кишидан неъмат кетиши ор эмасдир. Кишидан гўзаллик кетиши ҳақиқий ордир.
Қочиб бўлмас ҳақиқатни қабул қил. Ҳақиқат шуки, сен бу дунёда шундай ишларга рўпара келасанки, уларни ўзгартиришга қодир бўлмайсан. Аммо сен у ишлар билан сабр ва иймон ёрдамида муомала қилишга қодирдирсан.
Оналар ватан учун эрларни етиштирувчи паҳлавонлар конидир.
Тавба суви энг пок сувдир.
Ҳаётдан хурсанд бўл, чунки у гўзалдир. Уни барча яхшиликлар билан яна ҳам гўзаллаштир.
Оллоҳ тавба қилувчиларни севар. Ўзни покловчиларни яхши кўрар. Саҳрода қолган банда емак-ичмаги юкланган туясини йўқотиб, ундан умидини узиб, дарахт панасига бориб, ўлимини кутиб ётар экан, ҳушидан кетиб, ўзига келгач, йўқолган туясини устидаги емак-ичмагига ҳам шикаст етмай шундоқ тепасида турганини кўриб, туясининг тизгинини ушлар экан, хурсанд бўлганидан Оллоҳим, мен қулингман, сен Парвардигоримсан дейиш ўрнига адашиб сен қулимсан, мен парвардигорингман, деб қичқирган пайтида қандай хуш ҳолатда бўлса Оллоҳ ҳам тавба қилувчи бандасини ана шундай яхши кўради. У Зот нақадар Буюк. У Зот бандаларини жаннатларига, Ўз ризосига эриштириш учун уларнинг тавбасидан хушнуд бўлади. У Зот мўмин бандаларига шундай нидо қилади: “…Барчаларингиз Оллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар”. (Нур сураси, 31-оят).
Тавба қалбларни кўзёшлар суви билан, надомат олови билан ювади. Тавба қалб алангаси, нафс изтироби, унинг хотирадаги ҳокисорлиги, кўзнинг ёшидир. У саломатлик йўлининг, зафар топганларнинг мол-давлатининг асоси, иродали кишининг биринчи қадами, йўлдан озганлар тўғриланишининг калитидир. Тавба қилувчи зорланар, ялинар, муножот қилар, йиғлар. Банда хотиржам бўлгани билан қалби хотиржам бўлмас. Банда таскин топгани билан хавфи таскин топмас. Банда роҳат олгани билан қалбининг ноласи пасаймас. У Парвардигори ҳузурида қалби маҳзун, боши эгилган, бадани титраган ҳолда турар. У ўзининг катта гуноҳлари, кўп хатоларини эслаган сари маҳзунлиги ошиб борар. Қалбининг олови аланга олар. Кўз ёши тўкилар. Нафаслари чўғ каби, оҳлари қалбининг алангасига муттасил. У нафсини эртанги бўладиган мусобақага тайёрлар. Жаҳаннам кўпригидан осон ўтиш учун бу дунёни паст санар.
Ижобий йўл билан фикр қил. Қайси бир куни ишлар ёмонлашса билгинки, бу унда сурур ва шодлик бўлган бошқа бир куннинг муқаддимасидир.
“...Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлигида Оллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар — яхши хотинлардир…”. (Нисо сураси, 34-оят).
Кўпинча киши оқибати хурсанд қиладиган ишларни ёмон кўради.
У ўз замонасида буюк қасрда ҳаёт кечирар. Унинг қўл остидаги қул чўриларнинг саноғи йўқ, унинг ҳаёти мана шундай тўкин-сочинликда ўтар эди.
У Фиръавннинг аёли Осиё эди (Оллоҳ ундан рози бўлсин). У ёлғиз ва заифа эди. Ўз қасрида осойишта ҳаёт кечирар эди. Унинг қалбида иймон нури барқ уриб, эри бошқариб турган жоҳилий воқени тарк этди.
“Оллоҳ иймон келтирган зотлар (ва улар ўзлари ҳақиқий мўмин бўлсалар, яқин одамларининг кофир ҳолда бўлиши уларга зиён қилмаслиги) ҳақида Фиръавннинг аёлини мисол келтирди. Ўшанда (яъни, Фиръавн у аёлнинг Мусо пайғамбарга иймон келтирганини билиб қолгач, азоблаган чоғида) у: "Парвардигорим, Ўзинг мен учун ҳузурингда — жаннатда бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин ва менга бу золим қавмдан нажот бергин", деди”. (Таҳрим сураси, 11-оят).
Уламолар бу ояти кариманинг тафсирида айтадилар: Осиё Охират диёридан аввал Оллоҳга қўшни бўлишни ихтиёр этди. У Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам томонидан комил аёллар сафига қўшилишга лойиқ бўлди. У зот айтди: “Эркаклардан кўплари комил инсон бўлдилар. Аммо аёллардан саноқлиларигина комил бўлдилар. Улар Фиръавннинг аёли Осиё, Имроннинг қизи Марямдир. Оишанинг бошқа аёллардан афзаллиги эса худди оби ёвғоннинг бошқа таомлардан афзаллиги кабидир”.
Бу мўмина бўлган аёл Осиё эди. У Фиръавн қасрининг зулматларини ёритди. Бас, бизлар учун сабр, сабот ва Оллоҳ таолонинг йўлига даъват қилиш билан бирга улар каби ўзидан нур таратадиган аёллар борми?
“...Зеро, Оллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир”. (Аъроф сураси, 56-оят).
Ўзингни Парвардигорингга топшириб, ором олгин.
Даҳшатли бўронлар остида Оллоҳнинг ризоси ва тақдири билан кўзлари мамнун ором олган, қалби маҳзунликни, кўзлари кўзёшни билмаган ҳар бир инсонга, фарзандлари, яқинлари, оталари, дўстларини йўқотган дардманларга, барча ғамгин мўминга айтаман: Оллоҳ сенинг ажрингни улуғ қилсин, даражангни юқори қилсин. Оллоҳ таоло айтади: “Сабр ва салот (намоз ўқиш) билан мадад сўранглар. Албатта у (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишларини ва шубҳасиз, Унинг ҳузурига қайтгувчи эканликларини биладиган шикастанафс зотларга (оғир эмасдир)”. (Бақара сураси, 45-46-оятлар).
Алий розияллоҳу анҳу айтади: Сабрнинг иймондаги ўрни бошнинг бадандаги ўрни кабидир.
Аёл, сен қилиб ўтган яхши амалларинг эвазига Охират диёридаги Фирдавс ва Адн жаннатларида, Оллоҳ таоло томонидан рози бўлинган ўринда Якка-ю Ёлғиз Зотга қўшни бўлиб ҳаёт кечиришингдан хурсанд бўл. Сен ана шунда ҳар қандай ҳолатда фойда топганингни англайсан. “..(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бирор мусибат келганда: "Албатта биз Оллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз", дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг!”. (Бақара сураси, 155-156-оятлар).
“Оллоҳ бандаларига Меҳрибондир...”. (Шўро сураси, 19-оят).
Кўр деб қалби кўрларни айтилади.
У аёли билан бахтли ҳаёт кечирар, унинг фарзанди, дўстлари бор эди. Лекин унинг саодатига халақит бераётган нарса у яшаётган зулмат эди. Унинг куну туни зулмат ичра ўтар. У ўз саодатини ўз кўзлари билан кўриш учун кўзига нур ато этилишини орзу қилар эди.
Кунларнинг бирида у бир табибнинг довруғини эшитиб, унинг ҳузурига даво излаб борди. Табиб унга томизғи дори бериб, уни кўзига мунтазам томизиб туришини айтди ва: Худо хоҳласа мана шу дорининг таъсирида кўзинггиз кўра бошлайди, деди. У табиб берган дорини хафсаласизлик билан қўллай бошлади. Дорини бир неча кун кўзига томизганидан сўнг уйида ўтирар экан, тўсатдан кўзлари кўра бошлади. У хурсанд бўлиб, бу хушхабарни суюкли аёлига етказиш мақсадида ичкари уйга кирди ва.. аёлини дўсти билан бирга унга хиёнат қилаётган ҳолда топди. У кўрганига ишонмай иккинчи хонага кирди ва... фарзанди жавонни очиб, ундаги пулларни яширинча олаётганини кўрди. У ортига қайтар экан қичқирди: йўқ, бу табиб эмас. У сеҳргар. Кейин қўлига бир михни олиб у билан кўзларини ўйди. У ўз саодатига ўз қўли билан нуқта қўйган эди.
Нафс изтироби жисм касалидан кўра қаттиқроқ вайрон қилувчидир.
“…Йўқ, аниқки, мен билан бирга Парвардигорим бор. Албатта У мени (нажот) йўлига бошлар”. (Шуаро сураси, 62-оят).
Интиқом маҳкамасида турма, акс ҳолда унинг биринчи қурбонига айланасан.
Кеча сенга кифоя қилган Парвардигор эртага ҳам сенга кифоя қилар.
Баъзи одамларнинг бағри кенг бўлади. Ўз ҳаққини талаб қилмайди. Кўп ишларга эътиборсиз бўлади. Жиддийликдан йироқ бўлади. Чунки унинг нафси енгил, у ишларга диққат қилмайди. Ишларни тафтиш қилмайди. Ўзини қийнашни истамайди.
Одамларнинг яна бир тури борки, улар бағрикенгликни билмайдилар. Ўз ҳақларининг бир заррасини ҳам қолдирмай оладилар. У ўз ҳаққига етиш учун (баъзан ноҳақ бўлсалар ҳам) турли ўринларда одамлар билан жанжал қиладилар. Ундайлар камдан-кам рози бўладилар.
Сир эмас, бағрикенг инсон худди қалбларга яқин, инсонлар муҳаббатига лойиқ бўлганлар каби одамларга яқин, хотиржам, изтиробдан узоқроқ бўладилар. Уларнинг олдида омад эшиклари очиқ бўлади. Аммо анави Оллоҳнинг бандалари билан доимий урушда бўлган, сўзида ҳам, амалида ҳам ёмонликни истайдиганлар эса аксинчадирлар. У кабилар ҳар қандай йўл билан бўлсин ўзлари учун қийинини танлайдилар. Уларни одамлар ёмон кўришади, уларга омад эшиклари ёпилади. Бинобарин, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам агар икки ишга рўпара келсалар, модомики гуноҳ бўлмаса уларнинг осонини танлар эдилар, аксинча бўлса одамларни ундан қайтарар эдилар.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сотганда ҳам кенглик қилган, олганда ҳам кенглик қилган, ҳаққини талаб қилганда ҳам кенглик қилган бандага Оллоҳнинг раҳмати бўлсин”, деганлар.
Эртанги кун учун изтироб чекиш ўрнига бугун учун ҳаракат қил.
Агар йигитга Оллоҳ томонидан ёрдам келмаса, унинг учун энг фойдали нарса унинг ҳаракатидир.
Зодагонлардан бири айтади: Мен энг бой инсон эдим. Аёлим оддий ҳаёт кечирар эди. Ароқ ичмадим, тамаки чекмадим, ҳашаматли уйлар, соҳил бўйидаги қасрлар, гўзал жуфти ҳалоллар (ундай гўзалларнинг кўпларининг турмуш ҳаётлари талоқ билан тугаб, ўша “гўзал жуфти ҳалоллар” талоқнинг муқобилида миллион-миллион долларга эга бўладилар) эгалари бўлмиш миллиардерларга ҳавас қилмадим. Ишни севдим ва у билан бахтни ҳис этдим.
Ҳасрат денгиз тубига шўнғиган кемани чиқара олмайди.
“Оллоҳ Ўз бандасига етарли эмасми?!..”. (Зумар сураси, 36-оят).
Агар абадийлик мумкин бўлганида мен якка шахс бўлган бўлар эдим, лекин дунё учун абадийлик йўқдир.
Бизлар ўтмишни ўзгартиришга, келажакка истаган расмни солишга қодир эмас эканмиз, бас, нега уни ўзгартиришга қодир бўлмаган нарсага хасрат чекиб ўзимизни ўлдирамиз.
Ғазабланма. Ғазабланма. Ғазабланма.
Кўпинча қийинчилик енгилликни олиб келади, унинг машаққати роҳатга айланади.
Солиҳа мўмина аёл кўп талаблар қўйиш билан эрини қийнамайди. Оллоҳнинг тақсимига рози бўлади. Бу борада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг оилалари гўзал намунадир.
Урва холаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: У зот айтдилар: “Эй жияним, биз янги ҳилолни (ойни) кўрар, ундан кейин яна бир ҳилолни кўрар эдик, аммо Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларида ўчоққа олов ёқилмас эди”. Урва айтади: Мен сўрадим: Эй хола, у ҳолда қандай ҳаёт кечирар эдинглар. У зот айтдилар: икки қора нарса – хурмо ва сув билан кунимизни ўтказар эдик. Лекин Расуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ансорлардан бўлган қўшнилари чорваларининг сутларидан бизга юборар ва биз ундан ичар эдик.
Ҳаётнинг қиймати инсон унинг ҳар соатида яшамоқлигидир.
Амал орзуга эришиш асоси, муваффақиятсизлик душманидир.
Оллоҳ сени бандаликка танлаганидан рози бўлгин. Парвардигорингга ёмон гумон қилма, чунки Оллоҳ энг Гўзал Зотдир.
Иброҳим алайҳис-саломнинг аёли, Исмоил алайҳис-саломнинг оналари бўлмиш Ҳожар онамиз ўзларини экин ўсмаган қуруқ саҳрога ташлаб кетаётган Иброҳимга айтган сўзлари нақадар гўзал: Эй Иброҳим бизларни мана бундай кимсасиз саҳрога ташлаб қаерга кетяпсиз? Иброҳим унга қайрилмади ҳам. Шунда у: Сизга шундай қилишни Оллоҳ буюрдими, деб сўради. Иброҳим: Ҳа, деб жавоб берди. Шунда у: У ҳолда Оллоҳ бизни ҳалок қилмайди, деди.
Ҳа, Оллоҳ таоло солиҳ бандаларини йўқ қилмайди. Ахир Оллоҳ таоло солиҳ киши ва унинг аёлига фарзандининг ўрнига ундан яхшироғини эваз қилиб бердику. Бу ҳақда Каҳф сурасида айтилади: “Ҳалиги боланинг эса ота-оналари мўмин кишилар эдилар. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан (яъни, уларнинг ўз болаларини яхши кўрганлари сабабли диндан чиқиб кетишларидан) қўрқдик. Шу сабабдан, уларга Парвардигорлари (бу бола)дан кўра покизароқ, ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал-эваз қилиб беришини истадик”. (Каҳф сураси, 80-81-оятлар).
Ахир Оллоҳ таоло солиҳ кишининг хазинасини унинг фарзандлари учун сақлаб бермадими? Ўшанда У Зот Мусонинг ҳамроҳи Ҳизр алайҳис-саломга нураб кетган деворни янгидан қуришни, солиҳ кишининг фарзандлари катта бўлгач оталарининг хазинасини олишларини буюрган эди. “Энди девор эса шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг оталари жуда яхши киши эди. Бас, Парвардигоринг улар вояга етиб, Парвардигорингнинг раҳмат-марҳамати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди..”. (Каҳф сураси, 82-оят).
Сен ўтмишни ўзгартиришга ҳам, ҳозир нима бўлишини билишга ҳам қодир эмассан. Бас, нега надомат чекасан, изтиробланасан.
Ғалаба сабр биландир.
Дунёга афсус чекма.
Парвардигорига осий бўлган, Унга нонкўр бўлган инсонга ажабланаман.
Дунёнинг умри қисқа, зийнатлари кам, ахлоқи ёмон, ўзгарувчанлиги тез эканлигини билган ҳар бир инсон бу дунёнинг ҳеч бир нарсасига афсус чекмайди, дунёдан ўтиб кетган нарсага умидсизланмайди. Бас, сен ҳам ўтган нарсага ноумид бўлма, чунки бизларнинг бу дунёдан ҳам кўра буюкроқ, боқийроқ, каттароқ, гўзалроқ диёримиз бор. У Охират диёридир. Бас, сен Якка-ю Ёлғиз Зот билан учрашишга ишонганинг учун ҳам Оллоҳга ҳамд айт. Сендан бошқа мусулмон бўлмаган аёллар эса ана у ваъда қилинган кунга иймон келтирмайдилар. Бас, бу кунга ишонган, Унга тайёргарлик кўрган бандага хурсандчилик бўлсин. Бугуни деб иймони заиф бўлган, бу дунёнинг қасри, ҳовлилари, хазиналари, арзон матолари машғул қилган кимсага бахтсизлик бўлсин. Иймонсиз қасрнинг,     дуру гавҳарнинг, тақвосиз мансабнинг нима қиймати бор?...
Кеча ўтиб кетган алғов-далғов тушдир. Эрта гўзал орзудир. Аммо бу кун воқеий ҳақиқатдир.
Аёл олам учун буюкларни ҳадя қилар.
Кунларни ўз ҳолига қўй, истаганини қилсин. Қазо ҳукм ўқиганида хурсанд бўл.
Инсоннинг гўзал хилқатига, жинси, тилининг турлилигига назар сол. Оллоҳ унга чиройли шакл берди, гўзал суратни ато этди. “Оллоҳ сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни бино — том қилиб қўйган ва сизларга сурат-шакл бериб, суратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни ҳалол-пок нарсалардан ризқлантирган Зотдир. Мана шу Оллоҳ Парвардигорингиздир. Бас, барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ Баракотли — Буюкдир”. (Ғофир сураси, 64-оят). “Эй инсон, нима сени Улуғ Парвардигоринг ҳақида (Унга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади, деб) алдаб қўйди?! У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни ҳам) расо қилиб, қўйган Зот-ку! У сени Ўзи қай суратни хоҳлаган бўлса (ўша сурат — шаклда) таркиб топтирди — ижод қилди-ку!
И з о ҳ: Ушбу оятларда Оллоҳ таоло инсонга ўзининг ким томонидан яратилиб, бундай ақл-хуш, мавзун қомат ва гўзал суратга эга бўлганини уқтирмоқда ва ундан ўзини бошқа барча махлуқотлардан ажратиб шундай азизу мукаррам қилиб яратган Улуғ Парвардигорига нега қуллуқ — ибодат қилмаётганини сўраб танбеҳ бермоқда. Дарҳақиқат, инсон вужудидаги қай бир аъзога ибрат кўзи билан қаралса — ундаги мукаммалликни кўриб Яратганнинг буюк қудратига, билим ва ҳикматига қуллуқ қилмасдан илож қолмайди. "Ким ўзини таниса, ўша Парвардигорини танир", деган ҳадиси шариф ҳам мазкур оятларнинг шарҳи, десак, хато бўлмас. (Инфитор сураси, 6-8-оятлар). “Дарҳақиқат, Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик”. (Ват-тийн сураси, 4-оят).
Самонинг юксаклигига, юлдузларнинг мафтункорлигига, қуёшнинг гўзаллигига, ойнинг ёғдусига, фазонинг кенглигига қара. Оллоҳ таоло Ерни ёйиб-текис қилиб, Ундан суви-ю, ўтлоқларини чиқариб Ва у (Ер)га тоғларни ўрнаштирганига назар сол. Мана бу анҳору булоқлар, тунлар, тонглар, зиё, соя, булут, бор вужуди билан куйлагувчи махлуқотлар, гуллар, мевалар, мазали сут, тотли асал, хурмо дарахти, асал ари, чумоли, балиқ, қушлар, булбул, ҳайвонлар шулар ҳақида ўйла. Бу жамол тугамас. Бу гўзалликнинг ниҳояси йўқдир. Бу кўз қувончи узилмас. “Бас, сизлар, (эй мўминлар), тунга кириш пайтларингизда ҳам, тонгга кириш пайтларингизда ҳам, оқшомда ҳам, пешин пайтига киришларингизда ҳам Оллоҳни поклангиз (яъни, У Зотга ҳамду сано айтингиз! Зеро), осмонлар ва Ердаги бор ҳамду сано Уникидир (яъни, коинотдаги барча мавжудот Унга ҳамду сано айтур). (Оллоҳ) ўликдан тирикни чиқарур, тирикдан ўликни чиқарур ва Ерни, ўлганидан кейин (баҳорда қайта) тирилтирур. Сизлар ҳам (Қиёмат Кунида қабрларингиздан) мана шундай чиқарилурсизлар”. (Рум сураси, 17-19-оятлар.)
“Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар)”. (Аҳзоб сураси, 33-оят).
Карам чегараси, сахийлик ниҳояси.
Қанча чорасизликдан сўнг кенглик бордир. Қанча ташвишдан сўнг сурур бордир.
Ўтган нарсага йиғлама, кўзёшларингни беҳудага зое қилма.
Ўтмишни қайтаришга сенинг имконинг йўқдир.
“...Огоҳ бўлингизким, Оллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур”. (Раъд сураси, 28-оят).
Бир киши намоз вақти бўлмаган пайтда масжидга кирди. У ерда ўн ёшлар чамасидаги бир болани хушуъ билан намоз ўқиётганини кўриб, уни намоз ўқиб бўлишини кутиб турди. Бола намозини тугатгач, ундан сўради: Кимнинг ўғлисан? Бола бошини эгди. Кўзидан оққан томчи ёш ёноғига тушди: Менинг отам ҳам, онам ҳам йўқ – етимман, деди. Ҳалиги кишининг унга раҳми келиб: Менга фарзанд бўлишни истайсанми, деди. бола: Агар оч қолсам таом берасизми?, деб сўради. Киши: ҳа, деди. Бола: яланғоч қолсам кийинтирасизми?, деди. Киши яна ҳа деб жавоб берди. Бола: Агар вафот этсам мени қайта тирилтира оласизми?, деб сўради. ҳалиги киши: Бу қўлимдан келмайди, деди. Шунда бола: У ҳолда амаки мени яратиб, тўғри йўлга бошлаган, таом бериб суғорган, касал бўлсам шифо берган Парвардигоримга ташлаб қўйинг, деди. “У мени яратгандир, бас, Ўзи мени ҳидоят қилур. Унинг Ўзигина мени тўйдирур ва қондирур. Касал бўлган вақтимда Унинг Ўзи менга шифо берур. У мени ўлдирур, сўнгра (Қиёмат Кунида қайта) тирилтирур. Жазо (Қиёмат) Кунида менинг хато-гуноҳларимни Унинг Ўзи мағфират этишини умид қилурман.” Буларни эшитган киши сукут сақлади ва: Оллоҳга иймон келтирдим. Ким Оллоҳ таолога таваккул қилса, Оллоҳ унга кифоя қилади, деди.
“…Раҳматим — меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир...” (Аъроф сураси, 156-оят).
Саодат мавжуддир. Лекин ким унга эга бўла олади?
Қалбимга дедим: Агар сени ғам-алам тутса хурсанд бўл, чунки кўп қўрқилган нарсалар асли ёлғон бўлиб чиқади.
Инсон саодатга эришиш учун ўзи ҳаракат қилиши керак, аммо унга етишмоқ учун Тўғри Йўлни топган бўлиши лозимдир. У ишни, одамларни севадиган шижоатли, ростгўй бўлмоғи, ўзгаларга ёрдам бериб, худбинликдан узоқ бўлмоғи даркор. Балки ҳамма нарсадан аввал унинг қалби тирик бўлиши керакдир. Саодат афсона эмас, балки у очиқ ҳақиқатдир. Унга етишганлар кўпдир.
Кексаликни яқин қилувчи изтиробдан ҳам кўра аёлнинг гўзаллигига қаттиқ бўлган душман йўқдир.
“Яқинда Парвардигорингиз Сизга (шундай неъматлар) ато этурки, Сиз (у Илоҳий марҳаматлардан) рози бўлурсиз”. (Ваз-Зуҳа сураси, 5-оят).
Одамлар инсон учун кўзгудир. Агар унинг хулқи гўзал бўлса, одамлар ҳам у билан чиройли муомалада бўлурлар. Шунда унинг асаби тинчланар, қалби роҳат олар, ўзига дўст бўлган жамиятда яшаётганини ҳис қилар.
Хулқи ёмон инсон хулқи ёмон одамларга, тошбағирларга дуч келади. Ўзгани ҳурмат қилмаган ҳурмат топмайди.
Ҳусни хулқ эгаси хотиржамликка яқинроқ, изтироб, кескинлик, аламли ҳолатдан узоқроқдир. Бинобарин, ҳусни хулқ Оллоҳнинг бандаларига берган неъмати ва Ислом унга энг кўп ундаган нарсадир. Оллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), афв — марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг!”. (Аъроф сураси, 199-оят). Яна У Зот Расули соллоллоҳу алайҳи ва салламни сифатлаб айтади: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Оллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Бас, уларни афв этинг, улар учун Оллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Оллоҳга таваккал қилинг — суянинг! Албатта Оллоҳ Ўзига таваккал қилгувчиларни севади”. (Ол-и Имрон сураси, 159-оят). Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар. “Сизлардан ахлоқи гўзал, шикаста нафс, ошно бўлувчи ва бўлинувчи кишилар менга суюклидирлар. Чақимчилик қилиб юрадиган, дўстларни бир-биридан айирадиган, покиза одамлардан айб ахтариб юрадиган кимсалар мен учун суюксиз - мағзубдирлар”.
Муаммо атрофида тараддуд қилиб, умидсизларча сайр этмоқ башарни асабий емирилишга ундайди.
“…У Зот ҳар куни иш-амалдадир”.
И з о ҳ: Ушбу ояти карима ўзи мўъжаз бўлишига қарамасдан Исломий ақиданинг асосий рукнларидан бирини тўла ифодалагандир. Яъни, Еру осмонда Оллоҳ таолога муҳтож бўлмаган ва Ун¬дан мадад-ёрдам тиламаган бирон жонзот йўқдир. У Зот ҳар куни, ҳар соат, ҳар лаҳзада Ўзи яратган коинотдаги барча жонзотни бошқариб-парвариш қилиб турадиган Парвардигордир. Бу оят, Оллоҳ таоло борлиқ ва ундаги нарсаларни яратгач, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйган", дейдиган айрим файласуфларга очиқ раддиядир. (Ар-Раҳмон сураси, 29-оят).
Оллоҳдан ғам-қайғудан паноҳ беришини сўра.
Мен оқил инсон самимиятдан юз ўгиради, мўмин инсон бахтсизлик, умидсизлик томон қанот қоқади деб ўйламайман. Лекин, баъзан кишини енгилмас тасодифлар мағлуб қилади ва ундан хотиржамлик ва тинчликни тортиб олади. Киши ана шу пайтда бу чигалликдан чиқариши учун Оллоҳдан паноҳ сўрамоғи даркор. Зеро, қайғу оқимига таслим бўлмоқ иродани қамраб олувчи емирилишнинг бошланишидирки, бунинг оқибатида барча амаллар ожизлик ва омадсизликка йўл тутади.
Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига Оллоҳдан мана шундай офатлардан нажот беришини сўрашларини таълим берганлар. Абу Саийд ал-Худрий айтади: Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кириб, у ерда ансорлардан бўлган Абу Умома отлиқ бир кишини кўрди. Ундан: “Эй Абу Умома нега намоз вақти бўлмаса ҳам бу ерда турибсан?”, деб сўради. Абу Умома: қайғу ва бўйнимдаги қарзларим мени шундай қилишга мажбур қилди ё Расулуллоҳ, деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар айтсанг ғамларингни кетказадиган, қарзларингни тўлашингга ҳам ёрдам берадиган дуони ўргатайми?”, деди. Абу Умома: Ҳа ё Расулуллоҳ ўргатинг, деди. Шунда у зот айтдилар: “Тонгга кирганингда ҳам, тунга кирганингда ҳам ушбу дуони ўқигин: Оллоҳим мен Сендан ғам-қайғулардан, ожизлик, дангасаликдан, қўрқоқлик, бахилликдан, ва қарз остида қолишдан ҳамда одамларга мағлуб бўлиб қолишдан паноҳ сўрайман”.
Ошқозонингдаги яра сен ейдиган нарсалардан эмас, сени ейган нарсалардан пайдо бўлади
Китобларда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотимайи Заҳро кўп кунлар оч юрар эди. Бир куни уни ана шундай рангги сарғайган ҳолда кўрган эри Имом Алий ундан: Сенга нима бўлди эй Фотима, деди. у: Уч кундан бери уйда ейишга ҳеч вақо йўқ, деди. Буни эшитган Алий: Нега менга бу ҳақда айтмадинг, деди. Фотима: Чунки отам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам тўйим куни менга: “Эй Фотима, агар эринг Алий сенга бирор егулик олиб келса уни егин, агар олиб келмаса ундан сўрама”, деб айтганлар, деди.
Лекин ҳозирги кўп аёллар эрларининг чўнтакларини бўшатишни биладилар. Эрларини пул беришга кўндирадилар. Улар уйларидаги фавқулодда ҳолатларга чидамайди ва эридаги бор пулни тортиб олмагунча кўнгли тинчимайди.
Шубҳа йўқ-ки, эр ҳар доим ҳам оқ байроқни кўтариб аёлига таслим бўлмайди. Ҳеч қанча ўтмай ораларида уруш чиқади ва бу талоқ билан якун топади. Ана ўша кунда эр аёлидан зўрға қутулган бир аъробийнинг мана бу байтларини хиргойи қилса не ажаб:
Аёлимни талоқ қилдим, ўч олдим.
Қутулдим бўйнимдаги кишандан
Энди унга алам чекар на қалбим
Тўкмасман уни деб кўздан ёшим ҳам

Ҳамманинг тилида бўлишинг муваффақият демакдир.
Ато ибн Абу Рабоҳ айтади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳу менга: “Сенга жаннат аҳлидан бўлган бир аёлни кўрсатайми?”, деган эди, мен: “Ҳа”, дедим. У айтди: “Мана бу қора аёл Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Менинг тутқаноқ касалим бор. Тутиб қолганида беҳуш бўлиб йиқилиб очилиб кетаман. Менинг ҳаққимга дуо қилиб, Оллоҳдан сўранг, дардимга шифо берсин”, деган эди, “Агар хоҳласанг, сабр қиласан ва жаннати бўласан, хоҳласанг, мен Оллоҳ таолодан сени соғайтиришини сўраб дуо қиламан”, дедилар. Шунда у аёл: “Сабр қиламан, аммо сиз Оллоҳга дуо қилинг, мен тутқаноғим тутганда очилиб кетмайдиган бўлай”, деди. Дуо қилдилар”. Шундай қилиб бу мўмина, тақволи аёл жаннатга эришиш учун ўткинчи ҳаётида Хожаси берган балога рози бўлди ва бу савдосида фойда қилди – жаннат аҳлидан бўлди. Аммо у бадани очилиб, одамлар унинг уят жойларини – тақволи, пардали аёл кўрсатиши мумкин бўлмаган аъзоларини кўриб қолишларини истамади! Энди биз ана у ўзларининг гўзалликларини намойиш қилишда янги-янги йўлларни ўйлаб топаётган, ҳаё пардасини йиртиб солишда, яланғочланишда бир-бирлари билан ким ўзар ўйнаётган, баданларини кўз-кўз қилиш учун “кийинаётган” қиз-жувонларга нима деймиз?!
Изтиробдан ўзингни тийгин. Ҳақиқатга сабот билан юзлан. Яшаш учун ҳаракат қил.
Садақа зеҳн шодлиги, дил кенглигининг эшикларидан бир эшикдир. Оллоҳ таоло яхшилик қилувчини бу дунёда уни дил кенглиги, сурур, юксаклик, нур, зеҳн кенглиги, аҳвол кенглиги билан мукофотлайди. Бас, шундай экан, оз бўлса ҳам садақа қил. Битта хурмо, биргина луқма ёки бир қултум сув, бир татим сутни бўлса ҳам садақа қил, у садақаларни ҳақир санама. Мискинга ҳадя бер. Бечорага эҳсон қил. Очни тўйдир. Касални зиёрат қил. Ана шу пайтда сен Оллоҳ таоло сенинг ғамларингни енгиллаштирганини биласан. Зеро, садақа фақатгина Ислом дорихонасида топилиши мумкин бўлган доридир.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Касалингларни садақа билан даволанглар”. Бошқа бир ҳадисда: “Албатта садақа Парвардигорнинг ғазабини ўчиради, ёмон ўлимни даф қилади”, дедилар.
Изтироб бекорчининг ҳамроҳидир.
“(Улар) чодирларда асралган ҳурлардир”. (Ар-Раҳмон сураси, 72-оят).
Руҳинг гўзал бўлсин. Чунки коинотнинг ўзи гўзал.
Самодаги юлдузлар манзараси гўзал. Бунга шубҳа йўқ. Қалбларни олгудек гўзал. Уларнинг ранглари, вақтларининг турлилиги, тонгдан тунга, шарқдан ғарбга, ойдин кечадан зулматли кечага, тиниқликдан булутликка ўзгариши, балки ҳар соат, ҳар нуқта, ҳар бурчакда ўзгаришлиги, буларнинг барчаси гўзалдир. Буларнинг барчаси ақлларни олур.
Мана бу муҳаббат билан товланувчи гўзал чашмадек сен томон мўралаётган ёлғиз турган юлдуз. Анави кўпчиликдан ажралиб олиб, бир-бирлари билан суҳбат қураётган икки юлдуз. Анави у ер бу ерда ўзаро бирлашган, сочилган мажмуалар. Гўё улар само тантанасидаги йиғин даврасида тургандек.
Мана бу кенг фазо, у томон тикилган кўзлар чарчамайди.
Бу гўзалликдир. Шундай гўзалликки, инсон бу гўзаллик ичра фароғат билан ҳаёт кечириши мумкин. Лекин унинг васфи учун тиллар ожиздир.
Бўлиши керак бўлган ишни қабул қилмоқ даркор. Изтироб чекдинг ҳам дейлик, ўша изтиробдан нима наф?
“Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар!”. (Аҳзоб сураси, 33-оят).
Атиргулнинг тиконини кўрасану, устига шабнам қўнган гултожини кўрмайсанми?
“Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Менга куфр келтирмангиз!”. (Бақара сураси, 152-оят).
Соатларингни ҳавога совурма.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳога айтди: “Агар гуноҳ қилсанг, Оллоҳдан мағфират сўра, Унга тавба қил. Зеро, банда гуноҳини эътироф қилиб, тавба қилса, Оллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади”.
Хаёл қилиб кўр. Сен орзу-истакларингни барчасига эришдинг, айтганинг муҳайё бўлди-да, сўнгра тўсатдан барча нарса зоеъ бўлди. Нима қиласан? Йиғлайсан, оҳ урасан, зоеъ бўлган нарсага надомат, ҳасрат чекиб бармоқларингни тишлайсан. Бас, шундай экан, нега умрингни зоеъ бўлишига оҳ урмайсан, бекор ўтаётганини сезмайсан?
Албатта сенинг умринг ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган нафис жавҳардир. Балки бу умр нафаслардан иборатдир. Ҳар бир чиққан нафас ортга қайтмас. Бу нафаслар сенинг дунёдаги мол-давлатингдир гўё. У билан жаннат неъматини сотиб олишинг мумкин. Бас, шундай экан, мана шундай гулдек умрингни қандай қилиб самимий тавбасиз ўтказасан?
Саодатга олиб борувчи биргина йўл бор. У ҳам бўлса эгалик қилишга кучимиз етмайдиган нарсаларга ваҳима қилишни тўхтатмоқдир.
Саодатни пулга сотиб олиб бўлмайди.    
Кўпчилик ўз ёшлик ва соғликларини дунё тўплаш учун сарфлайдилар-да, сўнгра бутун умрларини саодат топиш учун ўша тўплаганларини сарфлаш билан ўтказадилар. Лекин улар оқибатда бахтсизликни ҳосил қилиб оладилар. Ёшликларини қайтариб олмоқчи бўладилар. Лекин уларга кексалик кутилмаганда ҳамла қилади. Саломатчиликни ҳосил қилмоқчи бўладилар. Лекин уларни бедаво дард мағлуб этади.
У ҳаётининг тотувлиги мол-дунёга боғлиқ деб билар эди. У бу дунёда юз йил бахтли ҳаёт кечиришга мол-давлат билангина эришаман деб ўйлар, барча орзуларига мол-дунё билан етаман дер ва дунёни ўз пойида сажда қилдиришни истар эди. Йигирма йилдан сўнг Оллоҳ таоло унга кўп давлат берди. Лекин ундан соғлиги, ёшлиги кетган эди. У йиғлаб шундай дер эди: Қани энди Оллоҳдан мол-дунё сўрамаганимда. Қани энди ўша юз йилни фақир бўлиб, қайнатилган ловияни ейиш билан ўтказсам. ...соғлик неъматининг қадри йўқотилгандагина билинади.
У шаҳарнинг энг бойи бўлсада, бутун бойлиги билан белгиланган умрига бир кунни қўшишга ҳам қодир эмаслигини англаб етди.
Инсон ҳаётининг ярмини уруш-жанжал билан ўтказмаслиги керак.
“Сабр ва салот (намоз ўқиш) билан мадад сўранглар”. (Бақара сураси, 45-оят).
Шошқалоқлик ва нодонлик бахтсизлик ёнилғисидир.
Ҳалимлик – одамни сеҳрлаб қўядиган қаҳрамонликдирки, у билан инсон ўз ғазаби ва нафси-ҳавосига ғолиб бўлади. Кучлилик – Сабр-тоқат, ақл ва ҳикмат билан иш юритиш ва шошилмасликдир. Бу икки хислат изтиробга қарши урушдир. Бу икки хислатга эга бўлмаган инсон кўп яхшиликни йўқотган бўлади. Чунки ҳалим инсон юмшоқлик билан кўп ёмонликларни қайтаради. Аҳмоқ эса ёмонликни яна ҳам катталаштиради. Бунинг натижасида изтироб томир отиб, зиёдалашиб боради. Пухта ўйловчи инсон кам надомат чекади, оқибати ёмон ишларга кам қадам ташлайди. Шошқалоқ аҳмоқ эса надомат, изтироб, ёмон оқибатга шерикдир. Ўзига, ўзгаларга юмшоқ бўлган инсон асаблари тинч, роҳатда бўлган ҳолида муваффақият топади.
Бизнинг Ҳақ динимиз – Ислом юмшоқликка, ҳалимликка, сабр-тоқатга ундайди. Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Қайси бир нарсада юмшоқлик бўлса у ўша ишни безайди. Аксинча бўлса уни булғайди”.
Қиймати йўқ нарсалар учун ҳаётдаги саодатли вақтларимизни зое қилмаймиз.
Орзу рўёбга ошса яхши, агар акси бўлса ҳам бизнинг ҳаёт фаровон ҳаётдир.
Мол тўплаш ўйинининг ниҳояси йўқдир.
Келажакка ишонч билан қараш билан бирга иймонингни мустаҳкамла.
Бекорчилик разолатни келтириб чиқарар.
Киши орзу қилган нарсасига етавермайди. Шамол ҳам кема истагандек эсавермайди.
Бекорчилик қучоғида минглаб разилликлар туғилади. Ҳалокат ва фалокатлар кўпаяди. Демак иш-амал тирикликдан дарак экан, бекорчилар ўликлардир.
Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантирганлар: “Саломатлик ва бўш вақт шундай неъматлардиркирки, одамларнинг кўплари у иккисидан фойдаланиш ўрнига зиён кўрадилар”.
Одамлар мана шундай бекорчилик учун яратилганларми? Йўқ! Оллоҳ азза ва жалла айтади: “Ёки сизларнинг гумонингизча Биз сизларни беҳуда (яъни, дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, Охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!" (Ундоқ эмас)! 116. Зотан, Ҳақ Подшоҳ — Оллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) Юксакдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар У — улуғ Арш Соҳиби бордир”. (Мўминун сураси, 115-116-оятлар).
Албатта бу ҳаёт, Еру осмон ва уларнинг орасидаги барча нарсалар ҳақ билан яратилгандир. Инсон мана шу ҳақни танимоқлиги ва у билан яшамоқлиги даркор.
Аммо инсон ўзининг тор шаҳватларининг илдизи ортига кириб, ҳамма нарсадан саросимада қолиб ўша шаҳватларининг ҳаддига яширинмоқлиги эса.. инсон ҳозири ва келажаги учун бунча ҳам ёмон жойни танлабди.
Доим хаёлингда муваффақият суратини тасвирлаб юр, уни зеҳнингда чизилган ҳолда қўйгин.
“Уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур..”. (Талоқ сураси, 3-оят).
Унга сабр хиёнат қилса ҳам, қаноат хиёнат қилмаган инсон ақлли, тадбиркор инсондир.
Қиз отасига йиғлаб деди: Кеча эрим билан орамизда жанжал бўлиб ўтди. Эрим менинг айтган бир гапим учун ғазабланди. Уни ғазабланганини кўриб, қилган ишимга пушаймон чекдим, кечирим сўрадим. У эса менга гапиришни ҳам истамас, юзини мендан буриб олди. Мен эса у табассум қилиб, мендан рози бўлсин учун атрофида гирдикапалак бўлдим. Отаси деди: Қизим, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сен эрингни рози қилмай ўлсанг мен ҳам сендан рози бўлмайман. Ахир билмайсанми, эрини ғазаблантирган аёл Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Қуръонда ҳам лаънатланган. Ундай аёлга вафот этганида ўлим мастлиги қаттиқ бўлади, қабри уни сиқади. Бас, эрини рози қилган аёлларга жаннат бўлсин.
Солиҳа аёл эрига маҳбуб бўлишга ҳарис бўлади, ўзи томонидан ҳаётларининг софлигини кир қиладиган нарса бўлишига йўл қўймайди.
Омадсизлик кўринишини тарк эт, уни хаёлингдан чиқариб ташла.
Иймони йўқнинг тинчи йўқдир.

Иффат ва ҳаё гўзалларнинг чиройини яна ҳам зиёда қилади

Умму Салама розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу: “Ким кийимини кибр қилган ҳолда ерда судраса Оллоҳ таоло Қиёмат Куни унга қарамайди”, деган сўзини эшитиб сўради: У ҳолда аёллар кийимларининг этагини қандай қилишади? У зот: “Бир қарич пастга туширади”, дедилар. Умму Салама: Агар оёқлари очилиб қолса нима қилади? деб сўради. шунда у зот: “Бир газ пастга туширадилар, аммо ундан зиёда қилмайдилар (яъни, ерга судраб юрмайдилар)”, дедилар.
Оллоҳ сени мукофотласин эй мўминларнинг онаси. Эй умму Салама. У кибр аҳлидан эмас эди. Балки у муслима, иболи, иффатли, покдомон, олийжаноб аёл эди. Уларнинг оёқларини кўриш мумкин эмас эди, чунки улар этакларини ерга тушириб юришар эди, аммо бу асримизнинг аёллари эса (Оллоҳ раҳм қилганлари бундан мустасно) этакларини имкон борича энг юқорига кўтармоқдалар, улар бу билан этакларига намлик ёки ғубор тегишидан сақланмоқчи бўладиларми билмадим. Агар иложи бўлса бир йўла этакларини очиб юборишни истайдилар. Ахир бу кофир фоҳишаларга тақлидку. ... куч қудрат Ёлғиз Оллоҳникидир. Ана ундай аёлларнинг эрларида эса эр номидан бўлак бошқа нарса йўқ. Улар ана у аёлларининг ёнидан бепарво ҳолда ўтадилар.
Оллоҳ номига қасамки, агар ҳаё кетса дунёда ҳам, яшашда ҳам яхшилик бўлмас.
Кам таом жисм роҳати. Кам гуноҳ нафс роҳати. Кам ғам-алам қалб роҳати, кам калом тилнинг роҳатидир.
Сабр қилган энг яхши ишларга ҳам етар.
Йигирма йиллик узоқ айрилиқдан сўнг Оллоҳ таоло гўзал бир қиссани – она ва унинг йигирма беш ёшли қизи топишиб қолишларини тақдир қилди. Яшаш шароити уларнинг орасини узоқлатган эди. Бу воқеа қизнинг асал йиғиш учун тоққа чиққан пайтда рўй берди. Она биринчи эридан ажрашгандан сўнг уч ёшли қизини унга ташлаб иккинчи эрга турмушга чиқди.
Гўзал ёз кунларининг бирида тоғда юрган қиз ўша атрофдаги бир аёл билан учрашиб қолди. Икковлари ҳам бир-бирларини танимас эди. Суҳбат асносида она қизнинг бармоқларидан бири узилганини кўрди ва ундан унинг онаси ҳақида сўради. Қиз у аёлга ўз қиссасини сўзлаб берди. Шунда она рўпарасида юзма-юз турган қиз унинг йигирма йилдан бери айрилиқда яшаётган фарзанди эканлигини билиб, уни бағрига босди, юзини юзига қўйиб меҳр ила уни қучди.
Мусо алайҳис-салом Парвардигордан сўради: “Эй Парвардигор, менга сенга дуо ва муножот қиладиган дуони ўргатгин”, деди. Оллоҳ таоло: “Эй Мусо, Ла илаҳа иллаллоҳ, деб айтгин”, деди. Мусо: “Ҳамма одамлар бу сўзни айтишадику”, деди. Шунда Оллоҳ таоло: “Эй Мусо, агар етти осмон ва Ер тарозининг бир палласига, ла илаҳа иллаллоҳ калимаси яна бир паллага қўйилса, албатта мана шу сўз оғир келади”, деди.
Ҳеч илоҳ йўқ фақат Оллоҳ бор. Бу сўзларнинг таралган нури, очиқ шуъласи бор. Бу сўз гуноҳлар туманини, унинг қора булутларини тарқатиб юборади. Бу сўзнинг нури бордир. Бу сўзнинг аҳли мана шу нур устида ўз қувват ва заифлигига қараб тафовутланар-ки, уларнинг саноғини Ёлғиз Оллоҳ билар.
Одамлар орасида ўша сўзнинг нури қалбида қуёш каби чарақлаган, қалбида дур юлдуз каби яшнаган, қалбида буюк машъал янглиғ порлаган инсонлар бордир.
Бу нур буюк бўлган ва катталашган сари шубҳа-гумонларни ўлдираверади.
Оллоҳга бўлган муҳаббат мўминнинг саодатидир. Оллоҳ учун севмоқ тубсиз саодатдир-ки, унинг таъмини фақатгина содиқ мўминлар билурлар ва унинг ўрнига бошқа нарсани истамаслар.
Аёл барча хазиналардан қиммат, барча бойликлардан бебаҳодир.

Жаннатга муштоқ қалблар

Ўлимдан аввал ҳаёт билан бахтиёр бўл. Бўрон кўтарилишидан аввал гулларни териб ол.
Солиҳ ибн Ҳуяйнинг аёлини қиссасини эшитганмисан? Эри унга икки болани ташлаб вафот этди. Она вояга етган ўғилларига биринчи бўлиб тоат-ибодат, тунги намозга туришни ўргатди. У икки фарзандига доим айтар эди: Бизнинг уйимизда туннинг ўтган ҳар бир лаҳзасида Оллоҳнинг номи зикр қилинмоғи керак. Фарзандлари: Бу билан нима демоқчисиз она, деб сўрашди. Шунда у: бундан кейин ҳар куни тунда, биринглар туннинг биринчи қисмида, иккинчинглар туннинг иккинчи қисмида, мен эса туннинг охирги қисмида тунги намозга тураман ва сизларни бомдод намозига уйғотаман, деди. Фарзандлари: ҳўп бўлади, дейишди. Она вафот этгандан кейин ҳам фарзандлар бу одатларини тарк этишмади. Чунки тоат-ибодат муҳаббати уларнинг қалбига тўлиб бўлган ва бу тунги ибодатлар уларнинг ҳаётдаги энг ширин лаҳзаларига айланиб улгурган эди. Улар тунги ибодатни иккига тақсимлаб олдилар. Улардан бири қаттиқ касал бўлиб қолди. Яна бири туннинг барчасида тунги намозга турди.
Ҳаёт ўзининг буюк ва гўзал юзи билан саодатга чақирувчи ҳақиқий даъватдир.
“...Агар сизлар Оллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар...”. (Иброҳим сураси, 34-оят).
Қадарнинг яхшисига ҳам, ёмонига ҳам иймон келтирмоқ лозим.
Қаноат хазинаси қўриқлашга муҳтож эмасдир.
“На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса), Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур. Албатта бу Оллоҳга осондир.
И з о ҳ: Яъни, ҳаётда содир бўладиган ҳар бир яхши-ёмон, катта-кичик воқеа-ҳодиса албатта Оллоҳ таолонинг тақдири азалийсида битилган бўлади. Яратганнинг амрисиз бировнинг баданига бир тикан кирмайди. Бу ҳақиқат баён этилишига сабаб...
Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсизлар ва (Оллоҳ) сизларга ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) кетмагайсизлар. Оллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас”. (Ҳадид сураси, 22-23-оятлар). “...(Зотан,) сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сизлар учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Оллоҳ билур, сизлар билмассиз...”. (Бақара сураси, 216-оят).
Қазойи Қадарга иймон келтирмоқ мусибатлар пайтида қалбнинг хотиржам бўлишида катта аҳамиятга эгадир. Хусусан, Оллоҳ таоло Ўз бандаларига меҳрибон эканлиги, уларга фақат яхшиликни исташи ва У Зот Ҳикматли ва Билимдон эканлиги, бандалари учун Охират диёрида заҳира тайёрлашини, сабр қилувчи бандаларига беҳисоб ажрлар беришини, барча-барчасини банда идрок қилар экан, мана шу идрок ва қилинган амал мусибат қайғусини сурур ва саодатга айлантиради. Лекин барчанинг ҳам бунга кучи етмайди.
Ўзингдаги неъмат ва яхшиликларга назар солгин-ки, у неъматлардан кўпчилик маҳрумдир.
Мусибатнинг ҳамроҳи бўлган омадсизликка таслим бўлмагин.
“Бас, албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир. Албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир”.
И з о ҳ: Агар муҳтарам ўқувчи эътибор берган бўлса, юқоридаги оятларда ҳар бир машаққатдан кейин эмас, балки айни ўша машаққат билан бирга енгиллик борлиги икки бор таъкидланди. Буни икки хил маънода тушуниш мумкин. Биринчиси: ҳар бир қийинчиликдан кейин шу қадар тез осонлик келадики, гўё улар иккиси бирга, ёнма-ён тургандек бўлади. Бас, демак, қийинчиликка рўбарў келганда ноумидликка тушишнинг асло ҳожати йўқ. Иккинчи маъно: бир кишининг бошига иймон, эътиқоди сабабли бирон оғирлик тушса, у киши ҳаргиз бундан ранжимаслиги лозим. Зеро, у Охиратдаги осонликка — мангу саодатга айни мана шу дунёда тортаётган қийинчилиги шарофати билан, яъни, мана шу қийинчиликка сабр-тоқат қилгани сабабли эришиши мумкин. Демак, у киши тортаётган муваққат машаққатнинг ўзида унинг учун мангу бахт-саодат бор экан. (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).
Саодатнинг ўзга нафсларга юборувчи энг чопқир элчиларидан бири қалбдан отилиб чиққан ҳақиқий табассумдир.
Ишларнинг яхшиси уларнинг ўртачасидир.
Мустафо Маҳмуд айтади: Мен саодатни ҳис этаман. Чунки мен мўътадил инсонман. Менинг тирикчилигим ҳам, соғлигим ҳам, ҳаётим ҳам ўртачадир. Менда ҳамма нарсадан оз бўлса ҳам бордир. Яъни, менда ҳимоя кўпдир, ҳимоя бу ҳаётдир. Бизнинг қалбларимиздаги ҳимоя бизнинг ҳақиқий ҳаётимизнинг ҳароратидир. Яъни, у бир сармоядирки, у билан саодатимизнинг нархи белгиланади.
Мен мана шу сатрларни ўқиган ўқувчиларга ҳам Оллоҳ таоло мўътадил ҳаёт, ҳар нарсадан оз бўлса ҳам берилишини сўрайман. Бу ҳақиқий даъватдир. Оллоҳ Буюкдир.
Сохта табассум мунофиқлик суратларидан бўлган очиқ суратдир.
“Менинг кўз қувончим намозда қилинди”.
Машъумлик ғамни олиб келар. Боши ёмон бўлган кўп ишнинг охири хурсанд қилар.
Инсон ёнидаги ҳамроҳининг табиати ва ахлоқидан таъсирланади. Агар дўст – у оддий дўст бўладими ёки бирор ишда шерик бўладими – асаблари тинч, юзи гулгун, нафси шод, келажакка ишонч билан қарайдиган бўлса, унинг мана шу гўзал сифатлари ҳамроҳига ҳам кўчади.
Агар у юзи хўмрайган, қовоғи осилган, ҳаётдан норози, доим изтиробда, доим омадсизликка юз тутган бўлса, у ҳолда у қора изтироб илдизларини ҳамроҳининг ҳам атрофига ёйиб, унга ҳам юқтиради.
Сен фақат башардан бўлган дўстлар билан чекланмай, китоб, ойнаижаҳон ва матбуотлардан иборат дўстлар ҳам борлигини билишинг даркор. Ана улар ичида келажакка яхши қарайдигани ҳам, унга шум кўз билан боқадигани ҳам бор. Улар ичида изтиробли бўлгани ҳам, хотиржами ҳам бор. Масалан, китобнинг ҳам баҳор ёки куз каби фасллари бордир. Агар инсон ишонч ва омадга чўмган ҳаёт ҳақида яхши фол очиб, унга табассум билан боққан китобларни танлашга муваффақ бўлса бас, у ўзи учун яхшиликни берган, ундан неъмат ва шодлик насими эсадиган деразаларни ҳаёти учун очган бўлади. Аммо лекин...         
Саодат шундоқ олдингдадир. Уни илм, солиҳ амал, фазилатли ахлоқ билан изла. Ҳар ишда ўртача бўл, бахтли бўласан.
Ғазаб, сиқилишдан ўзингни сақла.
Ёшим йигирма, ўттизларда чоғимда бефойда ғазабланиб сиқилар эдим. Чунки мен саодатли эканимни, саодатла яшаётганимни англамас эдим. Лекин ўша йигирма, ўттиз ёшлар пайтимда нақадар бахтиёр эканлигимни энди билдим. Аммо мен буларни вақт ўтгандан кейин англаб етдим. Энди улар ҳасратли хотиралар бўлиб қолди. Агар мен буларни ўша вақтда билганимда шодон яшар эдим. Гулгун ёшлигимнинг баҳорида ғазаб, ҳасратга ўрин қолмас эди. Саодатимнинг очилган гулини ҳозир кўряпман. Аммо у гул сўлган, мен ҳам сўлган эдим. Ҳурматли ўқувчи сенга айтадиганим, саодатингни ҳис қил, кунингни шодлик билан ўтказ, назаринг, сезгинг, барча ҳиссиётларинг олдингдаги гуллардан баҳра олсин, қаҳр-ғазабга талофат етказ. Ва ҳозирни мозийга айланишини кутгин, яқинда сен у мозийга кўз ёш тўкасан ва сен ўша ўтган кунларингда қанчалик бахтиёр эканингни англайсан.
Аёл бир ўзи хонадонингни жаҳаннамга айлантира олганидек, уни жаннатларга ҳам айлантиришга қодирдир.
Кўп муаммоларнинг сабаби арзимас нарсалардир.
Минг афсус кўп арзимас нарсалар инсонлар орасидаги дўстона муносабатларга раҳна солмоқда, уларнинг уйларини вайрон қилмоқда. Садоқатларини парчаламоқда. Уларни бу дунёга ҳайрону ҳаста ҳолатда итқитмоқда.
Уни сақламоқ вожиб бўладиган неъматларнинг энг каттаси нафс у билан тўладиган, аҳвол у сабабли саодат топадиган яхшиликни асрамоқдир.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам эр-хотин орасидаги сирни очишликдан қаттиқ қайтарганлар. Аҳмад ибн Ҳанбал Асмо бинти Язиддан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида эркак ва аёллардан иборат бир жамоат бор бўлиб, Асмо ҳам ўша ерда эди. У зот айтдилар: “Эҳтимол бирор киши аёли билан бўлиб ўтган ишни ёки бирор аёл эри билан бўлган муомалани одамларга айтар”. Қавм жавоб қайтармай, жим туришар эди. Шунда мен: Ҳа ё Расулуллоҳ, анави эркак ва ва аёллар ичида ана шундайлари бор, дедим. Шунда у зот: “Ундай қилманглар. Чунки бу пайтда шайтон йўлда урғочи шайтонни учратиб, уни алдайди. Одамлар эса буни кўриб турадилар”, дедилар.
Баъзи муфассирлар Оллоҳ таолонинг мана бу оятини бундай тафсир қиладилар: “...Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлигида Оллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар — яхши хотинлардир...”. (Нисо сураси, 34-оят). Бу оятдаги сақловчилардан мақсад ўзлари билан эрлари ўртасида бўлиб ўтган ишни сир сақловчилар ҳақидадирки, бундай қилмоқ вожибдир.
Бошингга тушган машаққатларни санаш ўрнига, Оллоҳнинг сенга берган неъматларини санагин.
Ҳаёт ўзи қисқадир, сен уни ғам билан яна ҳам қисқартирма.
Намоз орқали изтиробга қарши кураш.
Аввалги ўтган муслима аёллар намоз банда билан Парвардигори ўртасидаги алоқа эканини ва у намозда Оллоҳдан қўрқувчиларгина нажот топишларини билганлар. “Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир”. (Мўминун сураси, 1-2-оятлар). Бас сен ҳам тунлари Оллоҳдан қўрқиб, хушуъ билан намозга тургин. Аввалги муслима аёллар Охират учун энг яхши зоди роҳила, одамларга даъватни етказишда энг яхши ёрдамчи бу намоз эканлигини билганлар-ки, бу намоз ўз эгасига қийинчиликларни енгишда куч-қувват беради. Зеро, тунги намоз Оллоҳга яқинликнинг энг афзалидир. Оллоҳ таоло биринчи даъватчи бўлмиш Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб айтган: “Кечанинг (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз Сизни (Қиёмат Кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур”. (Исро сураси, 79-оят). Тунги намозга турганларни мақтаган. “Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар”. (Зориёт сураси, 17-оят).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирганларида икки устун ўртасига боғланган арқонни кўриб: “Бу қандай арқон”, дедилар. Одамлар: “Бу зайнабнинг арқони. У намоз ўқиётганида ҳоли қуриса мана шу арқонга осилиб олибдавом эттиради”, дейишди. Пайғамбаримиз алайҳис-салом: “Ечиб ташланглар. Сизлар ғайрат билан намоз ўқинглар, бўшашган вақтларингизда ўтириб дам олинглар”, дедилар. Ўша аёллар Оллоҳнинг ризосига эришиш мақсадида ўзларини ана шундай қийнар эдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини бу аҳволда қийнамасликларини буюрган. Зеро, ибодатларнинг яхшиси оз бўлса ҳам доим бўлганидир. Аммо бизнинг асримиз аёллари эса тун зулматида шайтонга ғолиб келувчи икки ракаъат намозни ўқишлари уёқда турсин, туну кунларини дунё ишларига тўлдирганлар. Ишларнинг яхшиси ўртачасидир.

Ишонсанг Оллоҳга ишон

Сабр нажот калитидир.
Умму Муосира турмушга чиқаётган қизига насиҳат қилди. Унинг табассуми билан кўзёшлари аралашиб кетган эди: Қизим, сен энди янги ҳаётга қадам қўйяпсан, у шундай ҳаётки, унда отанг учун ҳам, онанг учун ҳам, ака-ука, опа-сингилларинг учун ҳам ўрин йўқдир. Сен у ҳаётда эрингнинг ҳамроҳига айланасан, эринг бу ҳаётда сен ҳақингда унга биров шерик бўлишини истамайди, яъни сени ўзингдан ҳам қизғонади. Сен унга ҳам ёр, ҳам она бўласан. Сен унга унинг борлиғи, бор ҳаёти, бор дунёси эканингни сездир. Шуни билгинки, эр киши катта гўдак кабидир. Озгина ширин сўз ҳам уни бахтиёр қилади. Унинг сенга уйланиши сени ўз аҳли-оилангдан маҳрум бўлишингга сабаб бўлди деган туйғуни сезишига эринг учун имкон берма, чунки бу туйғу уни ҳижолат қилади. Ахир эринг ҳам сени деб ота-онасининг уйини, оиласини ташлади. Лекин у билан сенинг орангдаги фарқ у эркак, сен аёл эканлигингдир. Сир эмас, аёл киши доимо оиласига, туғилиб ўсган хонадонига ошиқади. Лекин барибир у ўзини мана бу янги ҳаётга ўргатмоғи зарурдир. Унга эр, бошлиқ, фарзандлари учун ота бўлган киши билан ҳаётини бирга ўтказмоғи даркор. Бу сенинг янги дунёйингдир.
Қизим, ҳозиринг ҳам, келажагинг ҳам шудир. Бу сен ва эринг уни барпо қилишда шерик бўлган оилангдир. Мен энди ота-онанг, яқинларингни унутгин, демайман. Улар ҳам сени унутмайдилар. Ахир, қандай қилиб она ўзининг жигар парчасини унута олади? Лекин мен эрингни севишингни, у билан бирга осойишта ҳаёт кечиришингни истайман.
Осиёдан сабрни, Хадичадан вафони, Оишадан ростгўйликни, Фотимадан саботни ўрган.
Оллоҳни дўст тутмаган ўзгани ҳам дўст тута олмайди.
Оллоҳ мўминнинг дўсти, итоаткорнинг тасалли берувчиси, обиднинг ҳабибидир. Уни дўст тутган ҳаёт билан дўст бўлур. Борлигидан бахтиёр бўлур, кунлардан лаззат олур. Унинг дили хотиржам, қалби нурафшон, бағри очиқдир. Унинг қалбида Оллоҳнинг муҳаббати нақш солур, унинг қалбида Оллоҳнинг сифатлари маскан топур. Унинг кўз ўнгида Оллоҳнинг исмлари гавдаланур. У Оллоҳнинг исмларини ёд олур. У Зотнинг сифатлари ҳақида тафаккур қилур. Унинг қалбида Меҳрибон, Раҳмли, Мақталган, Ҳалим, Яхшилик қилувчи, Латиф, Эҳсон қилувчи, Дўст тутувчи, Карим, Буюк Зот ҳозир бўлар. Бас, унинг Яратганга бўлган самимийлиги, Буюк Зотга бўлган муҳаббати, Билимдон Зотга бўлган яқинлиги ортар.
Зеро, Оллоҳнинг бандасига яқинлигини ҳис этмоқ унинг Оллоҳга самимий бўлишлиги, Унинг Иноятидан хурсанд, Унинг Риоятидан шод бўлишлигини вожиб қилади. “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бандаларим Сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен (уларга) яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, улар ҳам Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар. (Шунда) шояд Тўғри Йўлни топсалар”. (Бақара сураси, 186-оят).
Оллоҳга дўст бўлиш сабабсиз пайдо бўлмайди, машаққатсиз ҳосил бўлмайди. Балки у тоат-ибодатнинг самараси, муҳаббатнинг натижасидир. Ким Оллоҳга итоат қилиб, Унинг амрига бўйин эгса, Унинг қайтариқларидан қайтса, Унга бўлган муҳаббати рост бўлса, ана шунда у самимийликнинг таъмини, яқинликнинг лаззатини, муножотнинг саодатини топади.
Гўзал деб хулқи гўзалларни, ҳуснли деб одоби чиройлиларни, чиройли деб ақллиларни айтилур.

Аёлларга эзгуликни тавсия қилинглар

Икки белбоғ эгаси бўлмиш Асмо бинти Абу Бакр қашшоқлик ва маҳрумликка сабр қилишда эрнинг итоатига ҳарис бўлишда, эрнинг ризосини исташликда тирик мисол ва гўзал намунадир.
Ҳаёт мўминлар учун гўзалдир. Охират тақводорлар учун севиклидир. Улар бахтиёрдирлар.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни қанчалар яхши кўришинг ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисан? Бундай муҳаббатнинг тасдиқи нима эканлигини биласанми? Бунинг тасдиқи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам буюрган нарсаларни қилиб, қайтарганларидан қайтишингдир. Туйғуларинг ҳақида ўйла, энг аввало муҳаббат туйғуларини Оллоҳ таоло томонга, сўнгра Оллоҳ таоло у сабабли залолатдан қутқарган инсон – Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам томонга юзлантир. Агар жаннатдаги маконинг олий бўлишини истасанг Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини ёдга ол: “Киши Қиёмат куни яхши кўргани билан бирга бўлади”.
Муҳаббатнинг белги ва кўринишларига эга бўлган инсон Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини бажаради. Ахир у зотнинг буйруқларини бажармай, у зотнинг суннатига, ҳидоятига эргашмаган кимсани Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни севади деб қандай айтиш мумкин? Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини ўқиб, ўрган. У зотнинг буюк ахлоқлари, гўзал ҳадислари, саховати, Оллоҳдан қўрқишлари, дунёдан зоҳидлик билан ўтганлари ҳақида ўйла. Сенинг ахлоқинг у зотнинг ахлоқига ўхшаши учун ўз ахлоқингни ўзгартир.
Нуҳ ва Лутнинг аёли эрларига хиёнат қилдилар, хор бўлдилар. Осиё ва Марям иймон келтирдилар, азиз бўлдилар.

Саодатнинг бойлик ёки камбағалликка алоқаси йўқдир

Уйингда сакинатдан иборат жаннат барпо қилгин, шовқиндан иборат ўйингоҳ эмас. Чунки хотиржамлик ҳам бир неъматдир.
Оллоҳ ўзгалардан кўра раҳмат айтилишга лойиқ Зот эмасми?
Ҳеч ғам йўқ-ки, унинг қулфи очилмаса, ҳеч ҳолат йўқ-ки, унинг учун ўзгариш бўлмаса.
Оллоҳга шукр айтмоқ саодат ва қалб роҳати учун энг енгил ва гўзал усулдир. Чунки сен Парвардигорингга шукр айтган чоғингда У Зотнинг сенга берган неъматлари кўрина бошлайди ва шунда сен виқор билан устида юрган неъматларнинг миқдорини ўлчашга тушасан. Салафи солиҳлардан бири айтган:
Агар Оллоҳнинг неъматларини билишни истасанг, бир муддат кўзингни юмгин.
Оллоҳнинг сенга берган кўз, қулоқ, ақл, дин, фарзанд, ризқ, мана шу неъматларга назар сол. Чунки баъзи бир аёллар ўзларидаги бор неъматни ҳақир санайдилар. Лекин агар улар ўзларидан бошқа фақир, мискин, бахтсиз, касал, қайғули бўлган аёлларни кўрганида эди, албатта берган неъматлари учун Оллоҳга ҳамд айтар эдилар.
Агар жундан қилинган уй, лойдан қилинган кулба ёки саҳрода бир дарахтнинг тагида бўлсанг ҳам бу неъматлари учун Оллоҳга ҳамд айтгин ва ўз жисмлари, ақллари, фарзандлари борасида мусибатга учраганлар билан ўзингни солиштир. Ундайлар бу оламда кўпдир.     
Боласини йўқотган аёлнинг иссиқ оловини хуш сўз билан совутгин. Бахтсизларнинг кўзёшларини Оллоҳ ҳузурида қабул бўладиган садақа билан артгин.
Ҳолат ўзгармай туравериши мумкинмас ишдир.

Бахтли одам атрофидагиларни ҳам бахтиёр қилади

Ўз жамолини башарият итларига, ўз ҳуснини инсонларнинг бўриларига кўрсатган аёл саодатли аёл эканми?
“Оллоҳни кенгликда тани, У ҳам сени тангликда танир”.
Хотиржам бўл, ҳар бир нарса Қазойи Қадар билан бўлади.
Шодлик ва муваффақиятларни эсла, мусибатларни ёддан чиқар.
“..Оллоҳнинг Ўзи етарли Вакилдир”. (Нисо сураси, 81-оят).
Ҳар бир яхшилик ва ёмонликнинг тугаш чегараси бордир.
Шовқиндан эҳтиёт бўл, чунки у машаққатдир. Сўкишдан узоқ бўл, чунки у азобдир.

Эҳсон қайғуларни кетказар

Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Улар бир қўйни сўйдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам “Қўйдан бирор нарса қолдими”, деб сўрадилар. Оиша розияллоҳу анҳо: Қўйнинг елкасидан бошқа нарса қолмади, деб жавоб берди. Шунда у зот: “Елкасидан бошқа ҳамма нарсаси қолибди”, дедилар.
Яъни, у зот ўз оилаларига садақанинг ажри Қиёмат қадар қолишини, ўзида қолганининг эса Охиратда ажри кутилмаслигини айтар эдилар. Бу эса Оллоҳ таолонинг ризоси умидида садақага ундовчи гўзал даъватдир.
Оиша розияллоҳу анҳонинг синглиси саййида Асмога ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ унинг фазлини зиёда қилиши учун садақа қилишга ундар эди.
Модомики тун ўтар экан алам ҳам битар, машаққат ўтар, шиддат кетар.
Неъмат келин бўлса, унинг маҳри шукрдир.
Зиёнларингни фойдаларга айлантир.
Саодат ўзимизда, атрофимизда, ҳатто жонсиз нарсаларда ҳам бордир. Лутф маънавий гўзалликдир-ки, у киши учун аёлнинг гўзаллиги кабидир. Энди аёл латофатли бўлса ўз жамолини бир неча баробар орттирган бўлади.
Агар оёқларинг чалиниб, чуқурга тушсанг умидсизланма. Сен у чуқурдан чиқасан. Чунки сен иродали, кучли инсонсан. Оллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир.
Агар сенга ўз яқинларингдан ўқ тегиб, у ўқ қалбингни тирнаса ҳам ғам чекма. Яқинда у ўқни суғуриб олиб, жароҳатни даволайдиган, сенга ҳаётни, табассумни қайтарадиган инсон топилар.
Харобалар, хусусан кўршапалаклар маскан тутган, арвоҳлар эгаллаган жойларда турма. Балки янги тонг зиёси билан бирга уфқ ортидан билдирмай куйлаётган чумчуқ овозини изла.
Шамолни эккан бўронни ҳосил қилиб олади.
Вафо қимматли нарсадир. Вафодорлар қаерда қолди?
Оллоҳни таниб, Унинг қазойи қадарига таслим бўлиб, Унинг Ҳукмига рози бўлганларнинг ичида энг буюги Оллоҳнинг пайғамбари Аюб алайҳис-саломдир. У зот жисми, моли, фарзандалирига зарар етиш балоси билан балоланди. Ҳатто у зотнинг баданида қалбидан бўлак игначалик соғ жойи қолмади. Дардини енгиллатиш учун дунёдан ҳеч бир нарса қолмади. Лекин унинг аёлининг Оллоҳга, Расулига бўлган иймони бақувват эди. У одамларникида ишлаб топган пули билан эрини едирар эди. У эрига тахминан ўн сакиз йил хизмат қилди. У мана шу вақт оралиғида эридан эрталаб кечда бир зумга ҳам айрилмади. Фақатгина одамларнинг хизмати билан ташқарига чиқар, кейин яна эрининг олдига қайтиб келар эди. Вақт чўзилгандан чўзилар эди. Аҳволи қаттиқлашган Аюб Оламлар Роббиси, элчиларнинг Илоҳига, Меҳрибонларнинг меҳрибонроғига зорланиб, Унга нидо қилди: “(Парвардигорим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилгувчиларнинг Раҳмлироғидирсан..”. (Анбиё сураси, 83-оят). Мана шу пайтда Оллоҳ унинг дуосини ижобат қилди, нидосига қулоқ тутди. Унга ўрнидан туриб, оёғи билан ерга уришини буюрди. Аюб шундай қилди. Оллоҳ у ердан чашмани чиқарди ва Аюбга ўша чашма суви билан ювинишни буюрди. Оллоҳ Аюбнинг баданидаги барча дардни кетказди. Кейин бошқа ерга оёғи билан уришни буюрди. Ва у ердан ҳам чашма чиқариб, ундан ичишни буюрди ва Аюбнинг ички дардларини ҳам кетказди. Аюб бутунлай соғайди. Бу сабрнинг самараси, савоб умидининг натижаси, розиликнинг фойдаси эди.
Гоҳо инсон гапирган сўзи учун надомат чекса ҳам, сукут қилгани учун асло надомат чекмайди.

Аёл сурур масдари, шодлик манбайидир

Тонг табассумини ғанимат бил, ва айтгин: Марҳабо тонг, биз сени кўришга муштоқмиз.
Ишларингда, фарзандларинг тарбиясида, фойдали ишларни қилишда, тўғри ўқиш, хушуъ билан тиловат қилиш, итоаткорона намоз ўқишда, зикрда, садақада, уйнинг тартибида, ишхонанинг интизомида жиддийликка эътибор бер. Шунда сен ўзингдан ғам-андуҳларни ҳайдайсан.
Саодат сеҳрнинг бир нави эмасдир, агар шундай бўлганида унинг қиймати бўлмас эди.
“Зотан, Оллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи зотлар билан биргадир”. (Наҳл сураси, 128-оят).
Нафс билан биргаликда бир нафас жасорат билан тур.
Биргина қуруқ нон билан очлик кетар экан, бу ҳасратлар, бу васвасалар нима учун?
Ўзингдан мана буларни сўра ва буларга оқилона жавоб бер:
Сен яқинда қайтиб келмас жойга сафар қилишингни биласанми? Сафар учун тайёгарлик кўрдингми?
Қабрда ёлғиз қолганингда сенга ҳамроҳ бўлсин учун бу фоний дунёда солиҳ амаллардан иборат зоди роҳила тайёрладингми?
Қанча умринг қолди? Қанча яшайсан яна. Ахир ҳар бир бошланишнинг ниҳояси борлигини, оқибат жаннат ё дўзахдан иборат эканлигини билмайсанми?
Сен дилхушлик қилиб, ғофил қолганингда фаришталар осмондан сенинг жонингни олиш учун тушиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисан?
Бу кун, бу соатлар ҳаётингни охири, оила, фарзандлардан ажраш соати, дўстлардан айрилиш вақти бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳеч ўйлаганмисан? Бу ўша, мастликлари билан, жонни суғуриши билан танилган ўлимдир. Бу ўлимдир. Бу ўлимдир.
Руҳинг жасадингдан ажрагач сени ювиб кафанлайдилар. Сўнгра жаноза намози ўқиш учун масжидга олиб борадилар. Кейин одамлар елкаларида кўтариб кетадилар .. қаерга? Қабрга. Охират манзилининг аввалига. У манзил ё жаннат боғи ё дўзах чуқурларидан бир чуқур бўлиши мумкин.
Кофир, бузуқ аёлларга, эркакларга ўхшашдан эҳтиёт бўлгин. Ҳадисда айтилади: “Оллоҳ таоло ўзини аёлларга ўхшатган эркакларни ҳам, ўзини эркакларга ўхшатган аёлларни ҳам лаънатлаган”.
Ҳадисларда қайтарилган – аёллар ўзларини эркакларга ўхшатиш, аёл киши бегона киши билан ёлғиз қолиш, номаҳрам билан сафарга чиқиш каби ишлардан ёки аёлдан ҳаё пардаси тортилиши, бошидан рўмоли олиниши, аёл Парвардигорини унутиши каби Парвардигорни ғазаблантирадиган барча нарсадан эҳтиёт бўл. Буларнинг ҳаммаси қалбда ғашликни, дилда торликни, дунё-ю Охиратда эса зулматни мерос қолдирадиган ҳунук ишлардандир. Булар эса минг афсус муслима аёллар орасида кенг тарқалган иллатлардир-ки, Оллоҳ азза ва жалла раҳм қилган аёлларгина бундан мустаснодир.
Гўзал бўлиш учун гўзал фикр юритмоқ лозим.
“Парвардигоро, Ўзинг бизнинг гуноҳларимизни ва ишларимизда ҳаддан ошиб қилган хатоларимизни мағфират айла, (жанг майдонида) қадамларимизни собит қил ва бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!” (Ол-и Имрон сураси, 147-оят).
Яхшилик қилувчига раҳмат айтмоқ вожибдир.
Баъзи аёлларнинг табиати эри бирор хато қилса унинг яхшиликларини унутишади. Аёлнинг табиатини билган инсон аҳён-аҳёндаги аёлининг ёмон ишларидан, эри унга кўп нарса берганига қарамай мен сендан ҳеч нарса кўрмадим дейдиган ўша аёлининг ишларидан ғазабланмайди, изтиробга тушмайди, асабларини қақшатмайди.
Омадли хотинни мақталади, эри уни мақтайди, қўшнилари уни севади, дугоналари уни ҳурмат қилади.
Раҳматим ғазабимдан кенгдир.
Жисмдан кўра руҳ эътиборга лойиқроқдир.
Одамларнинг қилган ишлари бизнинг елкамизга тушмас, биз ўзгаларнинг жазоланиши ҳақида ўйламаслигимиз вожиб.
“Оллоҳни ёдда сақла, сени ҳам ёдда сақлар”.
Ўтмиш билан ҳам, келажак билан ҳам эмас, ҳозиринг билан машғул бўл.
Агар бизларда ўтмишга қараб, унинг ҳодисалари ичидаги ёмон кўрадиганимизни яхши кўрадиганга айлантириш имкони бўлганида эди, мозийга қайтиш вожибга айланган бўлар эди. Лекин бу мумкинмас ишдир. Демак, бизлар бор кучимизни бугунги кунимиз ва тунимиз учун сарфлашимиз даркор. Қуръони Карим Оллоҳ таоло Уҳуд жанггидан сўнг ўликларига йиғлаб, майдонга чиққанларига надомат чекканларни огоҳлантириб айтган: “...Агар уйларингизнинг ичига беркиниб олганингизда ҳам ўлдирилиши ёзиб қўйилган — (Оллоҳ томонидан ҳукм қилинган) кишилар шубҳасиз, ўз ҳалокат жойларига келган бўлар эдилар...” (Ол-и Имрон сураси, 154-оят).
Ишон, саодат худди ўзи экилган бўлса ҳам ҳануз гули кўринмаган атиргул кабидир. Аммо унинг кўриниши аниқдир.
“Ким Менинг Эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг — бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни Қиёмат Кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз”. (Тоҳа сураси, 124-оят).
Мусибатлар орзулар хазинасидир.
Уммул Ало розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Касал ётганимда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам кўргани келдилар ва: “Эй уммул Ало, ҳурсанд бўл, мусулмоннинг дарди сабабли Оллоҳ таоло унинг хатоларини худди ўт кумушнинг кирини кетказганидек кетказади”, дедилар.
Лекин дард хатоларни ўчирар экан деб жисмларимизда касаллик томирларини кучайтириб, даволанишни тарк этишимизнинг кераги йўқдир. Балки банда дардга сабр қилиш, Оллоҳнинг ҳузурида чеккан аламлари учун ажр исташ билан баробар шифо, даво исташи ва бу дард унинг ҳасанотлардан иборат тўпланаётган жамғармаси эканлигини билиши керак. Мана бу солиҳа аёл бизларга шуни таълим берди.
Аёл эри, фарзандаларидан иборат яқинларини йўқотишга сабр қилмоғи керак. Ҳадисда келади: “Оллоҳ таоло мўмин бандасига агар унинг ердаги бирор яқин кишисини йўқотса-ю, унга сабр қилиб, ажр истаса, у бандасига жаннатдан ўзга савобни беришга асло рози бўлмас”.
Агар аёл эрини йўқотган бўлса демак, Оллоҳ бандасини қайтариб олибди. Чунки уни Оллоҳ яратган. Аёл эрим, болам, дер экан, Оллоҳ бандам дейди. Унга ўзгалардан мен ҳақлиман дейди. Зеро, эр ҳам, фарзанд ҳам, ака-ука ҳам, ота ҳам, хотин ҳам қарзга олинган нарсалардир.
Билинг, мол-дунё, оила омонат холос
Бир кун уларнинг қайтарилмоғи рост.
Ўлатдан қочгандек ҳақорат қилишдан қочинглар.

Раҳм қилганларга Оллоҳ ҳам раҳм қилар

Ердагиларга раҳм қил, Осмондаги Зот сенга раҳм қилар.
Ахир сабр олдида кенглик бўлгани каби қийинчилик ортидан енгиллик келишини билмайсанми?
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида онанинг меҳри ҳақида жуда очиқ ва равшан баён қилинган. Масалан, раҳм-шафқат, меҳр. Оллоҳ таоло онани ўз фарзандига муҳаббатни чиқарадиган чашма қилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уни Оллоҳнинг бандаларига нечоғлик меҳрибон эканлигига тирик намуна қилди.
Амирул мўминийн Умар ибнул Хаттобдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам асирларнинг турар жойига келди. Улар орасидаги бир асира аёл кетиб борар экан, бошқа асирлар орасидан бир гўдакни топди, уни қўйнига олиб эмиза бошлади. Бу ҳолатни кўрган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ёнидаги саҳобаларига: “Мана шу аёл қўйнидаги боласини оловга ташлаши мумкинми?”, деб сўрадилар. Бизлар: Йўқ, дедик. Шунда у зот: “Оллоҳ таоло фарзандига меҳрибон бўлган мана бу аёлдан ҳам кўра бандаларига меҳрибонроқдир”, деди.
Асир тушган, афтодаҳол, ҳазин бўлган бу аёллар ўз аҳли-оилаларида саййида эди. Ўз қабиласининг кишилари қарамоғида ҳур эдилар. Эрига итоаткор эдилар. Лекин асирлик уларни жория, чўрига айлантирди. Бу инсонни атрофидагиларга беэътибор қилишдан ташқари қалбни кемирувчи қийин ҳолат эди-ки, шуларнинг барчаси уни ўз ўғлидан, жигар парчасидан чалғита олмади. Жон жаҳди билан уни излади. Топгач эса уни қўйнига олди, унга меҳр билан кўкрагини тутди. Уни бағрига босди. Бу каби ҳар бир она ўз фарзандини қанчалик кичик бўлмасин ёмонликка ташлаб қўймайди. Қанчалик ҳақир бўлмасин ундан озорни даф қилади ва ҳар бир зарар олдида унга жонини фидо қилади.
Бемаъни тил ўзгалардан кўра, эгасига кўпроқ ёмонлик келтиради.

Шукр офатдан ҳимоядир

Дунё гўзалдир. Уни фақат кўзлари яхшиликни кўрадиганларгина кўра оладилар.
Агар қиш фасли сенинг дарвозангни ёпса, ҳар тарафдан музликлар сени қуршаб олса бас, сен баҳор келишини кутгин. Покиза насим ҳаволар кириши учун деразанг туйнукларини очиб қўйгин.
Оллоҳни кенгликда танигин. У Зот сени тангликда танир. Узоқларга қара, шунда сен қушлар галаси куйлаётгани, сенга янги умр, янги ҳалимлик, янги қалб туҳфа қилиш учун қуёш ўзининг заррин нурларини дарахт шохлари устига ташлаётганини кўрасан.
Саҳрога гўзал дарахтларни излаб борма. Барибир у ерда кимсасизликдан бошқа нарсани топа олмайсан. Балки сен ўз соялари билан сени ўраб олган, ўз мевалари билан сени бахтиёр этган, ўз куйлари билан сенга таъсир ўтказган юзлаган дарахтларга боқ.
Ўтмишни, ундаги тортган зиёнларни ҳисоб қилишга киришма. Зеро, умрнинг ҳар бир узилган барги ортга қайтмас. Лекин ҳар бир навбаҳорда янги барглар униб чиқар. Бас, сен самони ўраб олган баргларга боқ. Ерга тушганларига эмас.
Кеча ўтган бўлса олдинда бугунги кун бордир. Агар бу куннинг сафари қариган бўлса у ҳолда эрта бордир. Ўтмиш учун ғам чекма, чунки у қайтмас. Бугун учун афсус чекма, у ҳам кетгувчидир. Балки сен гўзал эртанинг нурли қуёшини кут.
Жароҳатли калималар алмашуви оқибатида пайдо бўлган касалликнинг чўзилишини хаёл қилиш мумкин эмасдир.

Аёллар эркакларнинг сингилларидир

Оллоҳ таолони кенгликда тани, У Зот сени тангликда танийди.
Балиқ қорнида, даҳшатли зулмат ичида, денгиз зулматида, кеча зулматида дили сиқилган, қайғуси кўпайиб, ғами катталашган Юнус алайҳис-салом Оллоҳ таоло томон, мазлумлар ёрдамчиси томон, ғамгинлар Паноҳгоҳи томон, раҳмати кенг, тавбаларни қабул қилгувчи Зот томон шошилди ва шу сўзларни айтди-ки, у сўзлар ёқут, маржонлар каби эди гўё. “Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим", деб нидо қилган (пайтини эсланг)!
И з о ҳ: Зуннун, яъни, балиқ соҳиби деб ном олган Юнус алайҳис-салом Оллоҳнинг амри билан ўз қавмини Ҳақ Йўлига даъват қилганида улар иймон келтирмадилар. Оллоҳнинг азоби тушиши ҳақида огоҳлантирганида ҳам у қавм тавба қилмади. Шунда Юнус пайғамбар Яратганнинг: "Сабр қил", деган буйруғини унутиб, ўз қавмининг иймонсизлигидан ғазабланган ҳолда ўз қишлоғидан чиқиб кетади ва ўзича "Бу ишим учун Оллоҳ мени жазоламас", деб ўйлайди. Лекин Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг бу итоатсизлигининг жазосига ўзининг кенг қишлоғига сиғмаган Юнусни балиқнинг тор қорнига ҳибс қилиб қўяди. Шунда Юнус алайҳис-салом балиқ қорнида туриб юқоридаги оятда зикр қилинган каби нидо қилади. (Анбиё сураси, 87-оят). Шу он дуо дарҳол ижобат бўлди. Оллоҳ таоло айтади: “Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мûминларга мана шундай нажот берурмиз”. (Анбиё сураси, 88-оят).
Шундан сўнг Оллоҳ таоло балиққа ваҳий қилиб, Юнусни очиқ кенгликка ташлашни буюрди. У соҳил четига касал, мадорсиз, касал-бемор ҳолда чиқди. Унга Оллоҳнинг инояти келди. Уни Ўз раҳматига олди. Ва у учун у ерда қовоқ дарахтини ўстирдики, у... мевадир. Унинг барги кенгдир. Юнус алайҳис-салом секин-аста соғая бошлади. Унинг юзида ҳаёт белгилари кўрина бошлади. Зеро, Оллоҳни кенгликда таниганни Оллоҳ тангликда танир.
Ҳаётингни бошқаришга лойиқ бўлмагунингча ўзингни бошқаришга лойиқ бўла олмайсан.     

Аёли йўқ киши мискиндир

Қиз дунёдаги энг қиммат маҳрдир.
Аёл. Сен насим шамолидан ҳам нозик, жавзо юлдузидан ҳам азиз бўлгин.
Абу Толҳа Милҳон қизи умму Салимни қўлини сўраб бориб, унга катта маҳр беришини айтди. Лекин бир фожеа уни эсанкиратиб, тилини боғлаб қўйди. Умму Салим унинг сўзини қайтариб деди: Мен мушрикка эрга тегмайман. Эй Абу Толҳа, ахир билмайсанми, фалончи сизларнинг илоҳингларни ер билан яксон қилдику, агар сизлар унга олов ёқсанглар, ўша фалончи оловингларни ҳам ўчирур.
Абу Толҳа қаттиқ сиқилганича ортига қайтди. У кўрган, эшитганларига ишонмас эди. Лекин унинг ҳақиқий муҳаббати бунга йўл қўймади. Эртасига яна унинг олдига борди ва зора эриб қабул қилар деган илинжда унга катта маҳр, тўкин ҳаётни ваъда қилди. Буларни эшитган аёл одоб билан деди: Сенга ўхшаши йўқ эй Абу Толҳа, аммо сен кофирсан, мен эса мусулмонман. Менинг сенга турмушга чиқишим тўғри келмайди. Абу Толҳа деди: Қанча сариқ-оқ (олтин кумуш) истайсан? У деди: Мен сариқни ҳам оқни ҳам эмас, сенинг мусулмон бўлишингни истайман. Абу Толҳа сўради: Ким менга мусулмон бўлишимда ёрдам бера олади. Аёл: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам, деб жавоб берди. Шундан сўнг Абу Толҳа Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига кетди. У зот асҳоблари билан ўтирган эди. Абу Толҳани кўргач: “Сизларнинг олдингизга келган Абу Толҳанинг кўзларида Ислом белгиси кўринмоқда”, деди.
Абу Толҳа Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга умму Салимнинг гапларини айтди ва унга уйланди.
Бу аёл ҳар бир улуғликни куйлайдиган, фазилат учун ҳаракат қиладиган инсон учун олий намунадир.
Қара, бу аёл ўзининг гўзал сийрати билан улуғлик ва иймондан иборат қанча аломатларни чизди. Унинг Қиёмат Эгаси бўлмиш Ёлғиз Зотнинг ҳузуридаги савоб миқдорига қара. Ахир у ортидан хушбўй, гўзал сано қолдирди. Баракотли, катта ажр касб этди. Чунки у Парвардигорига, ўзига, инсонларга содиқ эди. Бу ростгўйларга фойда берадиган кундир. У учун жаннат хушхабари бўлгай. Улар учун жаннат бўлсин. Абадий жаннат муборак бўлсин.        
Агар сенга ўзгалар табассум қилишини истасанг, сен ҳам уларга табасум қилгин.
“Сенга етган нарсага сабр қил”.

Зафар калитлари

Азизлик калити Оллоҳга ва Унинг расулига итоат қилишдир.
Ризқ калити Истиғфор ва тақвога шошилишдир.
Жаннат калити тавҳиддир.
Иймон калити Оллоҳнинг оятлари ва У Зотнинг махлуқотлари ҳақида тафаккур қилишдир.
Яхшилик калити ростгўйликдир.
Қалб ҳаётининг калити Қуръонни тадаббур қилиш, саҳарларда тазарруъ қилиш, гуноҳларни тарк этишдир.
Илм калити чиройли сўраш ва чиройли тинглашдир.
Зафар ва ғалаба калити сабрдир.
Нажот калити тақводир.
Яна ҳам зиёда бўлишнинг калити шукрдир.
Охиратга рағбат қилишнинг калити дунёдан юз ўгиришдир.
Ижобат калити дуодир.
Кишининг табассуми қуёш шуъласидан бир шуъладир.
“Парвардигоро, Ўзинг бизни ҳидоят қилганингдан кейин — энди дилларимизни Ҳақ Йўлдан оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ҳадя этгин! Албатта Сенгина (барча яхшиликларни) ҳадя этгувчисан!”. (Ол-и Имрон сураси, 8-оят).
Қийинчиликдан кейин ғалаба лаззати бордир.
Ўзга хонадонга келин бўлиб тушган қиз асал ойи ўтганидан сўнг онасига хат ёзди. Мактубда шу сўзлар битилган эди: Онажон, асал ойимиз ҳам ўтиб куёвинггиз билан уйга қайтдик. Тўғриси сизлар ёнимда бўлишингларни жуда жуда истайман. Аммо.. мен сизга эрим билан бўлган янги ҳаётимдаги тажрибаларим ҳақида сўзлаб бераман. Эрим яхши инсон. У мени яхши кўради, мен ҳам уни яхши кўраман. Уни рози қилиш учун бор кучимни аямайман. Онажон, менга айтган насиҳатларингизни ёдимда сақлайман, сиз менга айтган ҳар бир гапингизга амал қиламан. Тўйим кечаси мени ўз бағрингизга босиб, қулоғимга пичирлаб айтган сўзларингизни ҳар бир ҳарфини ёдда тутаман. Мен ҳаётга сизнинг кўзларингиз билан боқдим. Сиз мен учун гўзал намунасиз. Менинг бор мақсадим сиз отамга, биз фарзандларингизга нимайики қилган бўлсангиз мен ҳам эримга, фарзандларимга шундай қилмоқликдир. Дарҳақиқат сиз бизларга меҳр бердингиз. Бизларга ҳаёт тушунчасини, унда яшашликни ўргатдингиз. Қалбларимизга муҳаббат уруғларини сочдингиз. Эшик очилганга ўхшади, менимча эрим бўлса керак. У бу мактубни ўқишни, онажонимга нималарни ёзганимни кўришни, мен билан бирга фикр-хаёлим сиз билан бўлган мана бундай бахтли онларимга шерик бўлмоқни истайди. Сизни, отамни укаларимни ўпиб қоламан. Кўришгунча!
Табассум ҳеч нарсани юкламайди, лекин кўп нарсани беради.
“Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, Сен Эшитгувчи, Билгувчисан!”. (Бақара сураси, 127-оят).
Изтироб зеҳн ва жисмни азоблайди.
Изтироб иш вақтингда эмас, балки бўш вақтингда сени қамраб олади ва бу пайтда хаёл ҳар ёқларга олиб кетади. Бунинг давоси жиддий иш билан шуғулланмоқдир.
Ҳаёт дақиқа ва сониялардан иборатдир.
Сенинг маҳбуб амалинг саодатинг сирридир.
Кишининг саодати аёлнинг икки лаби орасидан чиқадиган биргина ширин сўздадир.
Қувват қалбда бўлади, жисмда эмас.
Менинг ҳар кунги одатим, мусибат келса сабр қиламан. Неъмат келса шукр қиламан.
Солиҳа аёл мустаҳкам қўрғондир.
Қаноат тугамайдиган ҳазинадир.
Буюк аёл мусибатлар жаҳаннамини жаннатга айлантиради.
Гўзал сабр оқибати гўзалликдир
Киши хулқин афзали яхшиликдир.
Иффат каби ҳеч бир нарса аёл қадрини кўтара олмайди.
Кечага субҳи содиқ ҳушхабарини бергин.

Сабр қил, зафар топасан

Замоннинг ширинига ҳам, аччиғига ҳам сабр қилгин. Сабрга одатланмоқ тўғри йўлга бошлар.
Умму Робийъа бинти Барродан ривоят қилинади. У Ҳориса ибн Суроқанинг онаси бўлиб, ўғли Бадр жанггида ҳалок бўлгач, Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва салламнинг олдига у зотдан шаҳид кетган фарзанди ҳақида қалбига таскин оладиган сўз эшитиш ниятида келди ва: Эй Расулуллоҳ, менга ўғлим Ҳориса ҳақида айтинг, агар у жаннатда бўлса сабр қиламан. Агар аксинча бўлса йиғлашга тушаман, деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй умму Ҳориса, жаннатда боғлар бордир. Ўғлинг эса Фирдавси аълога етди”, дедилар.
Зеро, фарзандни йўқотиш қалбни парчалайдиган, вужудни кемирадиган, жигарни майдалайдиган оғир дарддир.
Мана бу аёл агар ўзи жаннатга муваффақ бўлса фарзандига йўлиқади иншаоллоҳ. Чунки унинг бу жудоликка сабр қилиши ўзининг ҳам, фарзандининг даражасини юксакка кўтаради. Агар аксинча бўлса..     
Агар гўзал аёл гавҳар бўлса, фозила аёл хазинадир.
Аёл сўнмас қуёшдир.
Машаққатлар пайтида биз учун Ёлғиз Оллоҳдан ўзгаси йўқдир.
Қани энди, ҳаёт аччиқ бўлган пайтда сен ширин бўлсанг, халқ ғазабланган пайтда сен рози бўлсанг.
Ғам тушиб, қайғу ўрнашиб, алам қаттиқлашиб, мусибатлар катталашиб, йўллар торайиб, ҳийлалар танг қолган пайтда нидо қилувчи нидо қилар: Ё Оллоҳ.. Ё Оллоҳ. “Илоҳ йўқ, фақат Буюк, Ҳалим Оллоҳ бор. илоҳ йўқ, фақат Буюк Арш Парвардигори Оллоҳ бор. илоҳ йўқ, фақат осмонлар ва Ер, Улуғ Арш Парвардигори бордир”. Шундан сўнг ғам кетар, қайғу арир. Машаққат яксон бўлар. “Сизларга берилган барча ноз-неъматлар Ёлғиз Оллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга (бирон) бало-мусибат етса ҳам фақат Унгагина илтижо қилурсизлар”. (Наҳл сураси, 53-оят). Касал қаттиқлашиб, ҳолдан тойса, рангги оқариб, ҳийласи камайса, воситаси заифлашиб, табиб ожиз қолса, муолажалар ҳайратда қолиб, нафс жазавага тушса, қўллар титраб, қалб ҳаяжонга тушса дардман инсон Улуғ Оллоҳ томон юзланиб нидо қилар: Ё Оллоҳ, шунда дард тузалар, шифо бошланар, дуо тингланар: ““Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим", деб нидо қилган (пайтини эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз”. (Анбиё сураси, 87-88-оятлар).

Вафодор аёл киши эришган энг яхши нарсадир

Яратганнинг карамидан бири У Зот Ундан умид қилганни ноумид қилмайди. Қилган дуосини бекор қилмайди. Инсоннинг Унга бўлган эҳтиёжи, ўзини Унга ташлаб, Унга илтижолар қилиши миқдорича унга кенглик берилади, дуоси ижобат қилинади. Яна У Зотнинг карамидан бири мажбур ҳолатда қолиб, ўзини У Зотнинг остонасига ташлаган, Унинг лутфига ишонган, Унинг карамидан умид қилган ғайри динларнинг ҳам дуоларини ижобат қилади. У Зот уларнинг дуоларини ижобат қилади, шояд мусулмон бўларлар деб уларнинг зарарларини аритади. Лекин одамларнинг кўпи бу фазлни унутишади, гўзалликни инкор қилишади, яхшиликка нонкўр бўлишади. Оллоҳ таоло айтади: “Қачон улар кемага минсалар, (ғарқ бўлишдан қўрқиб) Оллоҳга, У Зот учун динни холис қилган ҳолларида (яъни, чин ихлос билан) дуо-илтижо қилурлар. Энди қачонки (Оллоҳ) уларга нажот бериб қуруқликка (чиқаргач), баногоҳ улар (Оллоҳга) ширк келтирурлар!”. (Анкабут сураси, 65-оят).
Аёл ўз уйида ўрнашмоғи лозим. Зеро, у синиши тез бўлган идиш кабидир.
Ўзгаларга озор беришдан ўзингни тийгин, чунки бу мағлубиятдан даракдир.
Юлдуз юзи каби ёрқин бўл. Сенга келган қайғу, зулматлардан қўрқма.
Сен шарқлик ҳам, ғарблик ҳам эмассан. Сен муслимасан.
Ғарбга, унинг фикрларига алданиб қолма. Чунки буларнинг барчаси алдоқдирки, бу билан улар бизларнинг мол-давлатимизга эришмоқ учун бизларни ўз динимиздан аста-секин узоқлаштириш ниятида бўладилар.
Ислом, унинг оилавий интизоми аёлнинг шароитига мувофиқ келади. Чунки аёлнинг табиатида уйда ўрнашмоқ бордир. Нега дейсизми?
Оллоҳ таоло эркакни аёлдан чидамлилик, ақл-фаросат, жисман қувватда кучли қилиб яратди. Аёлни эса ҳис-ҳаяжонга бой қилиб яратдики, у эркаклардек жисмий тоқатга эга эмас. Демак, эрини, фарзандларини севган аёл ҳеч бир сабабсиз ўз уйини тарк этмайди. Эркакларга аралашмайди. Ғарблик аёлларнинг тўқсон фоизи ўзлари етган емирилишга фақатгина ўз нафсларини сотиш оқибатидагина етганлар. Чунки уларинг қалбида Оллоҳдан қўрқиш туйғуси йўқдир.
Ғарбий оламда аёлларнинг бу тариқа иш учун ташқарига чиқишлари эркак аёлнинг ўрнини эгаллашига туртки бўлади. Энди у эркак уйда ўтириб идишларни ювади, болаларга қарайди, ароқ ичади. Аслида Ислом дини эркак киши аёл кишига уй ишларида ёрдам беришига тўсқинлик қилмайди. Балки бунга тарғиб қилади, лекин мана бундай ўринлар алмашувида эмас.

Гўзал бўл, борлиқни гўзал кўрасан

Ғамларингни унут, ишга кириш.
Раҳмонга таваккал қилдик. Бизлар зафар таваккалчиларники эканлигини билдик.
Донишмандлардан бири айтди: Мен гапирмаганимга эмас, аксинча кўп сўзлаганларимга надомат чекканман.
Агар сенинг олдингга биров мени ёмонлаб борса, бу мен учун менинг комил инсонлигимдан далолатдир.
Очкўзлик ва тамагирлик. Буларнинг ҳар иккиси инсонни ҳалок қилар. Қуйидаги нарсалар эса бу иккисининг давосидир:
Яшашда ўртача бўлиш. Инфоқда юмшоқ бўлиш. Яшашда ўртача бўлмоқ қаноатнинг аслидир. Ҳадисда айтилади: “Тадбир яшашнинг ярмидир”.
Келажакни деб қаттиқ изтироб чекма. Балки орзуни қисқа қилиш, ҳамда сенга тақдир қилинган ризқ албатта келишига ишониш билан ёрдам ол.
Оллоҳдан қўрқ.
Пайғамбарлар, солиҳ зотлар, уларнинг қаноатлари, яшашларидаги тавозуликлари, (абадий) қолгувчи яхши амалларга рағбатлари ҳақида ўйла, уларни ўзингга намуна қилиб ол.
Дунё ишларида ўзингдан қуйидагиларга назар сол.
Оқил одам фикр фойдаларидан ноумид бўлмайди. Ҳолатдан умидсизликка тушмайди. Фикр, ҳаракатни ташламайди.
Агар арқон узилса уни Оллоҳ томон боғла.
Иймон билан бирга бўлган солиҳ амалнинг жазоси ерда яхши ҳаёт кечирмоқдир. Бу ҳаёт тўкин-сочин, фаровонликда бўлиши муҳим эмас. Чунки баъзан ҳаёт у билан бўлса, баъзан бўлмайди.
Лекин ҳаётда кўп мол-давлатдан бошқа ўзининг кифоя чегарасида ҳаёт у билан ҳуш бўладиган бошқа нарсалар ҳам бордир. Улар:
Оллоҳга боғланмоқ. Унга ишонмоқ. Унинг бошқаруви, ризосига хотиржам бўлмоқ.
Яна улардан бири соғлик, тинчлик, ризо, барака, хонадон тинчлиги, қалблар бирлашуви.
Яна солиҳ амалга шодланмоқ. Унинг қалбдаги ва ҳаётдаги таъсиридир.
Мол-давлат фақатгина унинг озгинаси билан кифояланадиган моддадир. Токи қалб Оллоҳнинг ҳузурида боқийроқ, покроқ, буюкроқ нарсага боғлансин.
Муқаррар қоидалардан бири шуки, албатта буюк инсонлар ўзларидаги улуғ табиатни оналаридан мерос қилиб оладилар.
Ҳеч илоҳ йўқ фақат Оллоҳ бор.
Оллоҳга ишонгувчилардан ҳам кўра бахтлироқ ким бор?.
Ишларни енгилгина қабул эт. Кунлар ўтар чоғи сен уларга сабр эт.
Мен бу оламда Оллоҳ азза ва жаллага бўлган иймондан маҳрум зодагон бойларни ҳаётлари бахтсизлик билан ниҳоя топганини, келажаклари лаънатга дучор бўлганини, улуғликлари шармандагарчиликка юз тутганини кўрдим. Қани ҳозир улар? Тўплаган давлатлари, йиғган бойликлари, қурган бино, қасрлари қани? Ҳаммаси тугади. Бирлари ўз жонига қасд қилди. Бири ўлдирилди. Бирови қамалди. Қолганлари ўз гуноҳ-маъсиятлари, найранглари сабабли уларга ҳукм ўқилди. Бахтсиз одамга айландилар. Улар мол-дунё улар учун ҳар нарсани – саодатни, муҳаббатни, соғликни, ёшликни сотиб олиб беради деб ўйладилар. Лекин ҳақиқий саодат, ҳақиқий муҳаббат комил соғлик, ҳақиқий ёшлик пулга сотиб олиб бўлинмаслигини кашф этдилар. Ҳа, улар хаёлий саодатни, сохта муҳаббатни, ваҳмий соғликни бозордан сотиб оларлар. Аммо дунё молини барчаси ҳам қалбни сотиб олишдан, муҳаббатни экишдан, бахтни яратишдан ожиз қолур.
Оллоҳга ишонувчилардан ҳам кўра бахтлироқ одам йўқдир. Чунки улар Парвардигорлари томонидан бўлган нур устида бўлурлар. Оллоҳ буюрган ишни қилурлар. Оллоҳ ҳаром қилган нарсалардан қайтурлар. Уларнинг Қуръонда келтирилган сифатларини тингла: наҳл 97-оят.

Бахтли бўлишни истамаган бахтли эмасдир

Ҳар нарса Қазо ва Қадар биландир.
Муслима аёл ҳолига қараб дарстурхон ёзади. ... бу борада мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳу намунадир. У зот айтади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг дастурхонида арпа нонининг ози ҳам, кўпи ҳам увол бўлмас эди.
Бошқа бир ривоятда айтилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдида ёзилган дастурхонда ошган таом бор бўлган ҳолда у дастурхон йиғиштирилмас эди.
Ислом дини қайтарган, балки исроф деб билган нарсалардан бири киши олтин-кумуш идишларни ишлатмоғидир. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кумуш идишда ичган одам ўз қорнига жаҳаннам ўтини пуфлаган бўлади”.
Муслим ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Олтин-кумуш идишда ичган одам ўз қорнига жаҳаннам ўтини қалаган бўлади”.
Ислом дини бу нарсани ҳаром қилишлигида ҳикмат бордир. Чунки бу ишлар ортиқча ишлардир. Ҳаддан ошганларнинг белгиларидир. Ислом эса ўз тобеълари ҳаддан ошувчи эмас, тавозули бўлишини севади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабални Яманга жўнатаётиб айтди: “Ҳаддан ошишдан, исрофдан сақлан, зеро, Оллоҳнинг бандалари исрофгар бўлмайдилар”.
Эзгулик дилни очар.
Арқонлар узилиб, эшиклар ёпилса-да Оллоҳ қайғуйимизни аритар.
Оиша розияллоҳу анҳо айтади: Менинг олдимга бир мискина аёл икки қизини етаклаб келди. Ҳалиги аёл икки қизининг ҳар бирига биттадан хурмо бериб яна бир хурмони ейиш учун уни энди оғзига олиб борганда қизлари онасига очқаганларини айтишди. Она қўлидаги хурмони қизларига бўлиб берди. Бу ҳол мени ажаблантирди. Буни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга айтдим. Шунда у зот: “Оллоҳ таоло ўша иш билан бу аёлга жаннатни вожиб қилди. Ёки уни дўзахдан озод этди”, дедилар.
Ислом эзгуликка, яхшиликлар қилишга, қариндошлар билан алоқа боғлашга, жамиятда раҳмат ва дўстлик уруғини экишга ундайди. Ана шундагина фарзандлар салоҳиятли ва аброр бандалардан бўлурлар.

Аёл муаттар гул, сайроқи булбулдир

Оллоҳ таоло бизларни ҳар қандай ғамдан халос этар.
Узоқ уфқ томон қанот қоқиб учаётган қуш еру осмон орасида муаллақ турар экан, бас мана шу пайтда фаолиятсизлик белгилари кўринади. Ўтирган даҳшатга тушади. Кетаётган чалкашади. Овозлар шовқин солади, эрлар йиғлайди, аёллар қичқиради, гўдаклар фожеага тушишади, қўрқув ом бўлади, безовталик ўрнашади, даҳшат буюклашади, нидо айлаб ёлворадилар, дуолар қиладилар: Ё Оллоҳ, ё Оллоҳ, ё Оллоҳ. Ана шу пайтда Оллоҳнинг лутфи келади, раҳмати тушади, миннати буюк бўлади, қалблар тинчланади, нафслар таскин топади, қушлар ҳам омонлик билан қўнадилар.
Ҳомила она қорнига кўндаланг келса, туғиш қийинлашса, она ҳалок бўлишга яқин бўлса, қайғуларни кетказувчи, ҳожатларни раво қилувчи Зотга илтижо қилади: Ё Оллоҳ, ё Оллоҳ. Ана шунда фарзанд омонлик билан дунёга келади.
Агар олимга бирор масъаланинг ечими қийинлашиб, жавобга қийналса нидо қилар: Ё Оллоҳ, ё Оллоҳ. Ва айтар: Эй Иброҳимнинг муаллими менга билдир. Сулаймонга тушунтиргувчи Зот менга тушунтир. Шунда тавфиқ келар, қулфлар очилар.

Ғафлатдан сақлан

Ғафлатдан сақлан, чунки у зикрдан қочишдир, намозни тарк этишдир, Қуръондан юз ўгиришдир, фойдали илмдан юз буришдир. Булар ғафлат сабабларидир, кейин булар қалбни қўрс қилар, қалб ҳам шунга ўрганар, кейин у яхшиликни билмас, ёмонликдан тонмас, Оллоҳнинг динидан бирон нарсани ўрганмас, у қўпол, маҳзун, қайғули, бахтсиз бўлиб қолар. Бу эса дунёдаги ғафлатнинг оқибатларидир. Энди Охиратдагиси қандай бўлди? Демак, ҳозироқ бу ғафлат сабабларидан сақлан. Тилинг Оллоҳнинг зикри билан намлансин. Унга тасбеҳ, таҳлил, такбир, таҳмид, истиғфор айт, ва ҳар он, турганда ҳам, ўтирганда ҳам Унинг Расули соллоллоҳу алайҳи ва салламга саловот ўқи. Ана шу пайтда сени қамраб олган саодатни топасан. Бу эса зикрнинг таъсиридир. “Улар иймон келтирган ва қалблари Оллоҳни зикр қилиш — эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Оллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур”. (Раъд сураси, 28-оят).
Табассум қилишинг учун бахтли бўлишни кутма, балки бахтли бўлишинг учун табассум қил.
Саодатни кут бахтсизликни эмас.
Ҳаётга табассум билан боқ.
Қалбинг қайғуга тўла ҳолда табассум қилар экансан, ана шунда сен машаққатларингни енгиллатасан, ўзинг учун кенглик томон эшикни очасан. Тараддудга тушма. Чунки сенинг ичингда табассумга тўла тоқат бор. Уни беркитма. Акс ҳолда бу ўзингни азоб ва алам идишида сиқмоқликдир. Зеро, табассум қилмоқ, ўзгалар билан чин юракдан сўзлашмоқ сенга зарар бермас. Табассумла сўзловчи лаблар бунчалар гўзал!
Ўтганлардан бири айтган: Табассум ижтимоий вожиб амалдир. Бу тўғри гапдир. Чунки сен одамларга аралашишни истар экансан, уларга чиройли ҳолда аралашмоғинг ва ижтимоъий ҳаёт сендан инсоний маҳоратни талаб қилишини билмоғинг даркор. Чунки сен ўзгаларга табассум қилар экансан, уларга ҳаёт жамолини, келажакка интилиш руҳини, уларга улар орзу қилган энг гўзал нарсанинг ҳушхабарини берган бўласан. Аммо уларнинг юзига бешафқат юз билан боқсанг, у ҳолда сен уларни мана шу манзара билан азоблаган, уларнинг ҳаётларининг софлигини кир қилган бўласан. Бас, нега сен ўзгаларнинг бахтсиз бўлишига сабабчи бўлишга рози бўласан.

Хотима

Ушбу китобни ўқиганингдан сўнг энди хафаликни ташла, ғамдан кеч, қайғу манзилларидан ажрал, умидсизлик, омадсизлик чодиридан узоқлаш. Янги саодатли ҳаётни, бошқа гўзал кунларни, тараддуд, изтироб, чалкашлик бўлмаган ҳаётни, малол, зерикиш, сиқилиш бўлмаган кунларни бошлаш учун иймон меҳробига, Оллоҳга улфат бўлиш каъбасига, Қазойи Қадарга рози бўлиш мақомига кел. Ана шунда сен орзулар тоғи, ризо водийси узра иймон жарчисининг хушхабар бериб хитоб қилаётганини эшитасан: СЕН ДУНЁДА ЭНГ БАХТЛИ АЁЛСАН!
 
Шайх Оиз ал-Қорний
Арабчадан Заҳириддин МАНСУР таржимаси
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz