Айбловчи Принтер учун
23.01.2011 й.
islom.uz
Абу Тиҳя Ҳукайм ибн Саъддан ривоят қилинади:
«Алининг:
«Шошқалоқ, фоҳиша тарқатувчи ва сирни фош қилувчи бўлманглар. Ҳали ортингизда қаттиқ алам берувчи, ғамга ботирувчи балолар ва узоқ давом этадиган фитналар ҳамда оғир юкли ишлар бор», деганини эшитдим
».
Шарҳ: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўзларининг нубувват маърифати чашмасидан олган ҳикматли сўзларида учта катта нуқсондан эҳтиёт бўлишга чақирмоқдалар. Бу нуқсонларнинг касри охиратдаги ҳолатга ҳам ўз таъсирини ўтказиши мумкинлигини эслатмоқдалар.
Шошқалоқлик яхшиликка олиб бормаслиги ҳаммага аён. Унинг оқибатлари қандай бўлиши ҳам маълум. Шунинг учун, бу сифатдан ҳар бир мўмин-мусулмон йироқ бўлиши керак.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шошмаслик Аллоҳдандир ва шошқалоқлик шайтондандир»,–дедилар».
Байҳақий ривоят қилган.
Фоҳиша тарқатиш ва унинг оқибатлари ҳақида юқорида гап юритдик.
Сирни фош қилиш ҳам энг ёмон сифатлардан бири ҳисобланади. Бундан ҳам ҳазир бўлишимиз лозим.
Шунинг учун, кўриб-билмай, тушунмай туриб, шошилинч хулоса чиқармаслик керак. Фоҳиша ишларга оид гапларни уруғ сочгандай одамларга сочишга уринмаслик лозим. Одамларнинг сирини фош қилишга йўл қўймаслик зарур.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
У киши:
«Агар соҳибинг айбларини гапирмоқчи бўлсанг, аввал ўз айбларингни ўйла», деди.
Шарҳ: Бу хитоб ўзини билган, тушунган ҳар бир одам учун бировнинг айбини эслаш, уни бошқаларга тарқатишдан қайтариқдир.
Бировнинг айби ҳақида гапиришдан аввал инсон ўз айбларини эсласа, ўзининг гуноҳларини ўйлаб, бировнинг айби ҳақида гапиришдан қайтади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу кўпчиликка ана шундай насийҳат қилган эканлар. Саҳобалар айтган гапларнинг ушбу мўътабар ҳадис китобига киритилишига сабаб шуки, буюк саҳобалар бундай ҳикматли гапларни ўзларидан чиқариб айтишмаган.
Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганлари ёки у зотнинг берган таълимларидан шундай маъно келиб чиққани учун айтишган.

Ибн Аббос «Ўзингизни ўзингиз айбламанг» ояти тўғрисида:
«Баъзингиз баъзингизга таъна қилманг», деган.

Шарҳ: Демак, Аллоҳ таоло мусулмон одамнинг мусулмон одамни айблашини «ўз-ўзини айблаш» деб атамоқда.
Мўмин одам биродарини фалон, фалон айблар билан айбласа, худди ўзини ўзи айблаган бўлар экан. Оятдаги ҳикматлардан бири ана шундадир.
Шунинг учун, мўмин одам биродарини ёмонлашдан олдин бу иш ўз-ўзини ёмонлашга тенг эканини ўйлаб қўйиши керак бўлади

Абу Жабийра ибн аз-Заҳҳокдан ривоят қилинади:
«Бир-бирингизга лақаб тўқиманг» ояти биз, Бани Саламаликлар тўғрисида нозил бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга келганларида биздан ҳар бир кишининг иккитадан исми бор эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ё Фалон», дейдиган бўлсалар,
«Ё Расулуллоҳ! У бундан ғазабланади», дейишарди».

Шарҳ: Демак, Ислом янги келган пайтда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага энди ҳижрат қилиб келган пайтларида жоҳилият асорати жамиятда мавж уриб турар эди.
Шу жумладан, одамларнинг деярли барчасида бирор айби асосида тўқилган лақаби ҳам бор эди. Ҳар бир кишининг исмига албатта лақаб қўшиб айтиларди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни билмасдан бир одамнинг исмини эмас, лақабини айтиб юборсалар, одамлар у кишига: «Ундай деманг, бу унинг лақаби, эшитса аччиғи чиқади», дейишар экан.
Демак, кишиларнинг исми ёнига уларнинг аччиғини чиқарадиган лақабларини ҳам қўшиб айтиш одат бўлиб қолган экан.
Ана шунда Аллоҳ таоло «Бир-бирингизга лақаб қўйманг» деган маънодаги ояти каримани нозил қилган.
Лақаб, аслида, бировнинг айбини ошкор қилиш, масхара қилиш учун қўйилган сохта ном бўлиб, «кўр», «кар», «шилпиқ» каби инсоннинг аъзоси, хулқи ёки одатларидан, насабидан, хуллас, бирон жиҳатидан камчилик топиб, эшитса нафсониятига, асабига тегадиган сохта, тўқиб чиқарилган номдир.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида бу нарсани манъ қилган, ушбу ҳадисда эса ана шу машҳур ояти кариманинг нозил бўлишига арабларнинг Бани Салама қабиласига мансуб одамлар сабаб бўлгани айтилмоқда.
Бу қабила аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан аввал одамларни ота-оналари қўйган исмдан ташқари ўзлари қўйиб олган лақаблар билан ҳам айтиб чақиришга одатланган экан.
Ояти каримада:
«бир-бирингизга лақаб қўйманг», дейилган.
Одатда, лақаб қўйиш орқали бир кишини камситиш, масхара қилиш мақсади бўлади. Асосан, лақаб ёмон сифатларни зикр қилишдан иборат. Демак, бу иш аслида яхши эмас.
Ислом гўзал дийн, гўзалликни тарғиб қилувчи дийн. «Аллоҳ гўзалдир, Аллоҳ гўзалликни яхши кўради», дейилади асарларда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият пайтидан қолган хунук исм ва лақабларни чиройлисига алмаштирганлари ҳаммага маълум.
Кейинги даврларда ҳам бу ғайриодобий ишга қарши қаттиқ кураш олиб борилган. Лақаб қўйиш орқали инсонни камситиш катта гуноҳ ҳисобланади. Айниқса, у инсон мўмин бўлса.
Агар баъзи кишилар бир-бирларига лақаб қўйишиб юрган бўлсалар, ҳукмни билмаган бўлсалар, энди ҳукмни билиб, тушуниб етиб тавба қилсинлар, астойдил надомат чекиб, кейин бу ишни такрорламасинлар.
Шунда Аллоҳ таоло уларнинг аввалги гуноҳларини кечиради. Тавба қилмаганлар-чи? Бу саволга жавоб оятнинг ўзида келган:
«Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир».
Мўмин-мусулмонлар бундай ишлардан узоқда бўлишлари керак, инсонни гўзал исмлари билан чақиришлари керак, бировнинг яратилишидаги, туғилишидаги ёки аъзои баданидаги бирор камчилиги, нуқсони ёки феъл-атворидан айб топиб, уни масхара қилиш, устидан кулиш учун лақаб қўйиб олмасликлари керак экан.
Бу нарса ижтимоий муносабатларнинг бузилишига, адоват тарқалишига ва бошқа ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ал-Ҳакамдан ривоят қилинади:
«Икриманинг:
«Билмадим, Ибн Аббосми ёки Ибн Умарми, бирлари иккинчисига таом қилган экан. Чўри қиз хизмат қилиб юрганда улардан бири унга:
«Эй, зония!» – дебди. Шунда иккинчиси:
«Тўхта! Агар бу қиз бу дунёда сендан қасос олмаса, охиратда албатта ўч олади», – деди.
«Ҳақийқатда шундай бўлса-я?» – деди.
«Албатта, Аллоҳ фаҳшчини ва фаҳш гапирувчини ёқтирмас», – деди», деганини эшитдим».

Шарҳ: Дарҳақийқат, у даврдаги ҳолат бўйича чўри қизда на даъво қилишга, на шикоят қилишга имкон йўқ. Бироқ Аллоҳ таоло ушбу туҳмат учун қиёматда даъво қилиб, зиносини исбот қилиб беришни талаб қилар экан.
Зинода туҳмат қилгани учун бу дунёда саксон дарра урилади. Бироқ жория ҳаққсизлиги туфайли бу дунё-да ўша саксон даррани урдира олмаса, иншоаллоҳ, охиратда ҳаққини ундириб олар экан. Бунга шак йўқ.
Ўзимизча назаримизга илмайдиган, чўри ёки жория каби ҳимоясиз бир инсон бўлса ҳам, дийнимизда уни айблаш, туҳмат қилиш, камчилигини айтиш мутлақо манъ этилган.
Бундай одам бу дунёда маҳкамага бориб даъво қилиб, ўч ололмаслиги мумкиндир, лекин охиратда албатта олар экан. Шунинг учун, ҳеч кимни ҳақир, ҳимоясиз санаб, у ҳақда бўлар-бўлмас гаплар тарқатиш мумкин эмас экан.

Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин таъначи, лаънатчи, фаҳшчи ва уятсиз бўлмайди», – дедилар».

Шарҳ: Мўмин киши бўлар-бўлмасга таъна қилавермайди. Мўмин киши ҳаммага лаънат ҳам айтавермайди. Бундай сифатлар мўмин кишига ярашмайди.
Фаҳш ишлар, бешарм, беҳаё сўз ва хатти-ҳаракатлар ҳам мўмин кишининг сиймосига тўғри келмайди.
Мўмин киши бадхулқлик, пасткашлик, ифлослик каби иллатлардан ҳам четда туриши, эҳтиёт бўлиши, бировларга таъна қилавермаслиги, лаънатлайвермаслиги, кўпчиликнинг ичида ҳам, ёлғиз суҳбатларда ҳам фаҳш сўзларни гапирмаслиги, уятсиз гап-сўзлардан, хатти-ҳаракатлардан тийилиши, мусулмон кишининг обрўсига, шаънига тўғри келмайдиган тасарруфларда бўлмаслиги лозим.
Бу борада яхши сифатлар билан сифатланган инсон юксак Исломий маданият соҳиби бўлади, уни кўрган ҳар бир одам ҳавас қилади ва энг муҳими, бу кишининг гўзал хулқи, хуш табиатлилиги, барча яхшиликлари унинг Исломдан эканига далолат қилиб туради.
Бундай гўзал сифатлар билан сифатланган киши Исломнинг жонли тарғиботчиси бўлади. Кўрганларда «Мўмин, мусулмон киши ана шундай бўлар экан, қанийди, бизнинг болаларимиз ҳам шундай бўлса», деган ҳавас ҳосил бўлади.
Чунки, дунё тарихида ҳеч ким бировни сўкиб, лаънатлаб, фаҳш гапларни айтиб муродига етмаган. Бундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Ундай одам пасткаш бўлади, холос.
Агар дунёни сўраб турган катта одам бўлса ҳам, оғзидан икки оғиз уят гап чиққандан кейин унинг ҳурмати кетади. Одамлар у ҳақда: «Ўзи фалончи бўлгани билан, фалон пайтда фалон жойда ана шундай ярамас гапларни гапирган», дейишади. Аллоҳ таоло шундай бўлиб қолишдан сақласин.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz