Душманчилик Принтер учун
23.01.2011 й.
islom.uz
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир-бирингизни ёмон кўрманг! Бир-бирингизга ҳасад қилманг! Эй, Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинг!» – дедилар
».

Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмонларнинг ўзаро бир-бирларини ёмон кўришлари, кўнгилларида бир-бирларига нисбатан ҳасад сақлашлари мутлақо мумкин эмас экан.
Мўмин-мусулмон бандалар бир-бирларини ёмон кўришлари ҳеч ақлга тўғри келмайдиган иш. Улар бир-бирларига дўст-биродар бўлишлари матлуб. Иймонларининг талаби шудир. Исломларининг талаби шудир.
Ҳасадгўй бўлиш мусулмон шахс учун мутлақо мумкин эмас. Чунки, ҳасад бировга етган неъматнинг завол топишини, ундан йўқ бўлиб, ўзига ўтиб қолишини орзу қилиш ва шу ниятни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилишдир.
Бировга Аллоҳ бир неъмат берибди, яхши бўлибди, ўзига буюрсин, бизга ҳам Аллоҳ шунга ўхшаган неъмат берсин, дейиш яхши. Бироқ ҳасад ёмон. «Нега унга бўлар экан? Менга бўлсин» деган муносабатда бўлиш мумкин эмас.
Мўмин-муслумонлар бир-бирларини ёмон кўриш, бир-бирларига ҳасад қилиш ўрнига, бир-бирлари ила биродар бўлишлари ва ўзларига яхши кўрган барча нарсаларни биродарларига ҳам яхши кўриб яшашлари лозим.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида одамларнинг энг ёмони иккиюзламачи эканини кўрасан. У анавуларга бир юзи билан, наригиларга бошқа юзи билан келади», – дедилар».
Шарҳ: Демак, иккиюзламачи одам қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг ёмон кўрилган одам бўлади. Шунинг учун, иккиюзламачиликдан, бировга бир гапни айтиб, бошқаларга бунинг тескарисини айтиб, «Мен уста эканман, икки томонни ҳам алдаяпман» деган фикрдан сақланиш лозим экан.
Иккиюзламачилик мўмин-мусулмон кишининг обрўси, сиймоси, одоб-ахлоқига тўғри келмайдиган ҳолат. Мўмин-мусулмонларнинг ҳар бири бундай ҳолатлардан узоқда бўлишлари керак.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Зинҳор ва зинҳор бадгумонликка яқин келманг. Чунки, бадгумонлик энг ёлғон гапдир. Бир-бирингизни авраманг. Бир-бирингизга ҳасад қилманг. Бир-бирингизни ёмон кўрманг. Бир-бирингиз билан рақобатлашманг. Бир-бирингизга қарши турли ёмон чора-тадбирларни кўрманг. Эй, Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар!» – дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда жамиятдаги кишиларни бир-бирига душман қиладиган, якка шахсларни ўзаро душман қилиш орқали бутун жамиятга адоват уруғини сепадиган ва шу орқали инсоний алоқаларни, оилаларни ва жамиятни таназзулга юз туттирадиган ёмон хулқлар ҳақида гапирилмоқда.
Улар рўйхатининг бошида эса бадгумонлик турар экан. Кўрган, эшитган одамидан бирор ёмонлик ахтариб, «ундай бўлса керак, бундай бўлса керак» дейиш бадгумонлик саналади. Бу нарса, аввало, баъзи шахслар ичида адоват қўзғаб, душманлик ва ишончсизлик руҳини тарқатади.
Кейинроқ ушбу руҳ жамиятнинг турли табақаларига тарқалиб, ҳамма бир-бири ҳақида ёмон гумонга борадиган, бир-бирига душманлик қиладиган ва ишонмайдиган бўлиб қолади.
Аввал айтиб ўтилганидек, бир-бирига ҳасад қилиш, ёмон кўриш, кек сақлашни ўзига касб қилиб олиш, ёмонликда мусобақалашиш, бир-бирига турли ёмонликлар қилиш, одамларни ишга солиш ва бошқаларнинг барчаси бўлмағур нарсалар экан. Аксинча, барча мўмин-мусулмонлар ака-укадек бўлиб юришга ҳаракат қилиб юришлари керак.
Келинг, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсаларни бир-бир кўриб чиқайлик.
«Зинҳор ва зинҳор бадгумонликка яқин келманг. Чунки, бадгумонлик энг ёлғон гапдир.»
Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири-бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади.
Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.
Ёмон гумондан сақланиш лозим. Ким одамлардан ёмон гумонда бўлса, ўшанинг ўзи ичи бузуқ одам бўлади. Мўмин доимо узр истайди, мунофиқ эса, айб истайди. Мўмин барча халойиққа нисбатан кўнгли пок бўлади. Мунофиқ эса, унинг тескариси бўлади.
«Бир-бирингизни авраманг.»
Бу маъно арабчада «Лаа танаажашуу» шаклида келган. Бу сўз, аслида, ваҳший ҳайвонни бир жойдан бошқасига қувишга ишлатилади.
Аммо, бу сўз ва унинг бирикмалари савдода ишлатилиши одатга айланиб қолган. Бунда бировни алдаш учун савдо молининг нархини оширилади.
«Нажш» сўзи луғатда «шишириб кўрсатиш» маъносини англатади.
Савдода эса, бошқаларни алдаб қизиқтириш учун бир нарсани ортиқча баҳога сотиб олишга айтилади.
Бунда сотувчи билан келишиб олган шериклари бўлади. Сотувчи савдо молини мақтаб туради. Шериклар эса, одам тўпланганда келиб, жуда зўр нарса экан, баҳоси ҳам арзон, деб хўжакўрсинга сотиб оладилар.
Буни кўриб турган бошқа кишилар ҳам қизиқиб сотиб ола бошлайдилар. Бу иш очиқ-ойдин алдамчилик экани кўриниб турибди.
Ўзаро муомалада ҳам бировга ўзини яхши кўрсатиб, аслида унинг зарарига иш қилиш ҳаромлиги учун бу нарса ушбу ерда зикр қилинган. Бундай иш бор ерда бир-бирига нисбатан бадгумонлик келиб чиқиши мумкинлиги учун ҳам бу нарса эсга олинган.
«Бир-бирингизга ҳасад қилишманг.»
«Ҳасад» сўзи луғатда «арчиш» ва «шилиш» маъносини билдиради. Чунки, ҳасад қалбни арчади ва шилади.
Уламолар: ҳасад–бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир, дейишади.
Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб энг баланд чўққиларигача ҳар нарсада ҳасад бордир.
Мўмин-мусулмон бандалар бир-бирларига ҳасад қилишдан бутунлай йироқда бўлишлари лозим.
«Бир-бирингизни ёмон кўрманг.»
Албатта, мўмин-мусулмонлар биродар бўлганларидан кейин, ўзаро бир-бирларини ёмон кўришлари мутлақо мумкин эмас.
«Бир-бирингиз билан рақобатлашманг.»
Бу ердаги рақобат арабчада «Танофус» дейилади ва рағбат қилинган нарсада ёлғиз ўзи қолишга интилиш маъносини англатади. Бунда ҳам ҳасадга ўхшаш ҳолат бор.
«Бир-бирингизга қарши турли ёмон чора-тадбирларни кўрманг.»
Албатта, бу иш ҳам мусулмонларга мутлақо тўғри келмайдиган ишдир.
«Эй, Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар.»
Аллоҳ таоло сизни шунга амр қилган.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Душанба ва пайшанба кунлари жаннатнинг эшиклари очилади. Бас, Аллоҳга бирор нарсани ширк қилмаган ҳар бир банда мағфират қилинади. Илло, биродари билан орасида душманлик бор кишигина бундан мустасно. Шунда: «Иккиси ораларини ислоҳ қилишгунча кутиб туринг», дейилади», – дедилар».
Шарҳ: Демак, бир кишининг «Гуноҳларим кечирилсин, Аллоҳ таоло мени мағфират қилсин» деган умиди бўлса, биров билан аразлашган ҳолатда юрмаслиги, гина сақламасдан, бу ноқулай ҳолатни тез ислоҳ қилиб олишга ҳаракат қилиши керак экан.
Чунки, ораларида ислоҳ бўлмаса, гуноҳлари душанба, пайшанба каби гуноҳлар мағфират бўладиган улуғ кунларда ҳам мағфират бўлмай тураверар экан.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Душанба ва пайшанба кунлари жаннатнинг эшиклари очилиши.
2. Аллоҳга ширк келтирмаган бандаларнинг гуноҳлари душанба ва пайшанба кунлари кечирилиши.
3. Ораларида душманлик бор кишиларнинг гуноҳи душанба ва пайшанба кунлари ҳам кечирилмаслиги.
4. Орани ислоҳ қилишга алоҳида аҳамият бериш кераклиги.
5. Душанба ва пайшанба кунлари яхши ишларни кўп қилиш, дуода бўлиб туриш зарурлиги.

Абу Идрисдан ривоят қилинади:
«Абу Дардо:
«Мен сизларга нафл садақадан ҳам, нафл рўзадан ҳам яхшироқ нарсанинг хабарини берайми? Орани ислоҳ қилиш. Огоҳ бўлинглар! Ёмон кўриш қирувчидир!» – деди».
Шарҳ: Бир киши уришиб қолганларнинг орасини ислоҳ қилса, нафл рўза тутган кишидан ҳам, нафл садақа қилган одамдан ҳам кўра кўпроқ савоб олади.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса борки, ўша кимда бўлмаса, ундан бошқасини Аллоҳ кимни хоҳласа, мағфират қилади:
Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмай вафот этган одам;
Сеҳргар бўлмаган ёки сеҳргарга эргашмаган одам;
Ўз биродарига ҳасад қилмаган одам», – дедилар».
Шарҳ: Албатта, бу ҳадисда зикр қилинган учта нарсадан ташқари бошқа ёмонликлардан ҳам сақланиш зарур, бироқ бу уч нарса алоҳида таъкидланган экан.
Биринчиси: Аллоҳ таолога нисбатан одоб доирасида–У зотга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик.
Иккинчиси: Сеҳргарлик қилиш ҳам, сеҳргарга ишониб, унинг сеҳрини тасдиқлаб, унинг олдига бориб, унга эргашиб, «ундоқ қилиб беринг, бундоқ қилиб беринг» деб юриш ҳам гуноҳларнинг мағфират бўлмаслигига сабаб бўлар экан.
Учинчиси: кишилар билан бўладиган муомалада–ҳасад қилиш, аразлашиш, уришиб, алоқаларни узиб юриш ҳолатлари мутлақо бўлмаслиги керак.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri