Узоқ умр сўраб дуо қилиш Принтер учун
28.01.2011 й.
islom.uz
Умму Қайсдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Умри узоқ бўлгур, нима деди?» – дедилар.
Унга ўхшаган умри узоқ аёлни билмаймиз
».

Шарҳ: Имом Насаийнинг ривоятларида «Ўғлим вафот қилди. Унга қаттиқ қайғурдим. Уни юваётган одамга: «Уни совуқ сув билан ювма, ўлдириб қўясан»,–дедим.
Уккоша бориб хабарни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтди. Шунда у зот табассум қилдилар ва: «Умри узоқ бўлгур, нима деди?»–дедилар», дейилган.
Уккоша ибн Муҳсон розияллоҳу анҳу Умму Қайс бинти Муҳсон розияллоҳу анҳонинг акалари бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг савол орасида бир оғиз айтган дуолари билан Умму Қайс бинти Муҳсон розияллоҳу анҳонинг умри шу қадар узоқ бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Буср Мозаний розияллоҳу анҳуга ҳам узоқ умр тилаганлар.
Ибн Жарир Абдуллоҳ ибн Буср Мозаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошимга қўлларини қўйдилар ва:
«Бу бола бир аср яшайди»,–дедилар.
«Аср қанча бўлади?»–дедим.
«Юз йил»,–дедилар».
Ҳақийқатда ҳам Абдуллоҳ ибн Буср Мозаний розияллоҳу анҳу юз йил яшадилар.
Бу каби ҳадислардан бировга узоқ умр тилаб дуо қилиш жоизлиги маълум бўлади.

 Анасдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизга кириб турардилар. Бир куни кириб ҳаққимизга дуо қилдилар. Шунда Умму Сулайм:
«Кичкина хизматчингизни дуо қилмайсизми?» – деди.
«Аллоҳим! Унинг молини, бола-чақасини кўпайтир, умрини узоқ қил, ўзини мағфират қил!» – дедилар.
Ул зот менга учта дуо қилдилар. Юз учта боламни кўмдим. Меваларим албатта икки марта ҳосил беради. Умрим шу қадар узоқ бўлдики, ҳатто одамлардан уялиб кетаман. Энди мағфиратни умид қиламан
».
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ижобат бўлишига энг ёрқин мисоллардан бирини ҳаққларига у зот томонидан дуо қилинган ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг ўзлари айтиб турибдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ривоятда зикри келаётган дуони нафл намоз ўқиб бўлганларидан кейин, икки қўлларини кўтариб туриб қилганлар.
Бошқа ривоятларда айтилишича, Анас розияллоҳу анҳунинг тилло ва кумушлари бўлмаган. Бош-қа турдаги моллари кўп бўлган. У кишининг ўзлари: «Битта узукдан бошқа тиллом ҳам, кумушим ҳам йўқ», деганлар.
Анас розияллоҳу анҳунинг умрлари бир юз етти ёш бўлгани ҳақида ривоятлар бор.
Анас розияллоҳу анҳунинг кўп фарзандлари ҳижрий 96-санада содир бўлган катта вабода ўлгани айтилади. Ўшанда Басрада уч куннинг ичида етмиш минг одам ўлган экан. Анас розияллоҳу анҳунинг етмишта боласи ўлган экан. Бу иборада бола, набира, чевара кабилар кўзда тутилган. Одамлар ўз ҳовлисига дафн этилган.
Мазкур икки нарса–умрнинг узоқ бўлиши ва молу болаларнинг кўп бўлиши юзага чиқди. Энди Анас розияллоҳу анҳунинг мағфират қилинишдан ҳам умидлари бор экан. Аллоҳ таоло у кишидан рози бўлсин.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Бошқа кишининг моли кўп бўлишини сўраб дуо қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидан экани.
2. Бошқа кишининг бола-чақаси кўпайишини сўраб дуо қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидан экани.
3. Бошқа кишининг умри узоқ қилинишини сўраб дуо қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидан экани.
4. Бошқа кишининг мағфират қилинишини сўраб дуо қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидан экани.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz