Банда шошмаса, дуоси ижобат бўлиши Принтер учун
28.01.2011 й.
islom.uz
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирингиз шошилмаса, дуоси албатта қабул бўлади. «Дуо қилдим, лекин ижобат бўлмади», дейди», – дедилар
».
Шарҳ: Дуо қилиш бандадан, унинг қабули Аллоҳдан. Дуо қилгач, унинг ижобатига шошилмаслик керак. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дуони қачон, қандай қабул қилади–Ўзи билади. Банда бу ишга аралаша олмайди. Фақат, дуонинг қабул бўлишига умидни узмаслик керак. Иншоаллоҳ, дуолар қабул бўлади.
Дуо ибодатлардан бир ибодатдир. Дуонинг ҳақийқий ижобат бўлиши унинг қабули ва унга савоб берилишидан иборатдир.
Гоҳида дуога берилган савоб унинг қабулидан кўра фойдалироқ ва кўпроқ бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло дуо қилувчига сўраган ҳожатини бериш билан бирга унинг савобини номаи аъмолига ёздириб қўйиши ҳам бор. Гоҳида берганидан кўра ёзгани кўп бўлиши мумкин.
Баъзи ҳолатларда Аллоҳ таоло дуо қилувчи ижобатга ҳаққли бўлмагани учун дуосини қабул қилмаслиги ҳам мумкин. Мисол учун, бир киши ўзи лойиқ бўлмаса ҳам сиддиқликни сўрайди. Унга сўрагани берилмаса ҳам, дуодаги ибодати учун савоб берилади.
Баъзи ҳолатларда банда бир нарсани сўраб дуо қилади. Аллоҳ таоло унга сўраган нарсасидан бош-қа нарса фойдалироқ эканини билгани учун унга сўраганини эмас, фойдалироғини беради. Мисол учун, биров дунёси учун керакли нарсани сўрайди. Аллоҳ таоло унга охирати учун керакли нарсани беради.
Гоҳида банда сўраган нарсада унинг учун яхшилик йўқ бўлади. Аллоҳ таоло унга ўша фойдасиз бўлган нарсани бермайди. Чунки, уни берса, яхшилик эмас, ёмонлик бўлади. Аммо, дуо қилувчи сўраганига эришмаса ҳам, савобдан бебаҳра қолмайди.
Умуман олганда, банданинг дуосидан Аллоҳ таоло унга яхшиликни ирода қилган нарсалари қабул бўлади. Бу худди бемор бола ўзига ёқмайдиган нарсани сўраганда ота-онаси бунинг ўрнига унга фойдали нарсани берганига ўхшайди.
Имом Шотибий ўзининг «Мувофақот» китобида қуйидагиларни ёзади:
«Дуо қилувчи амр қилинган ёки изн берилган сабабларга амал қилишда камчиликка йўл қўймайди. Бир одам сув яқин жойда эканини билади. Уни тановул қилиши мумкин. Манъ қилувчи йўқ. Аммо у сувни тановул қилишни тарк қилиб, «Аллоҳим! Менга сув бергин! Мени сероб қилгин!» дея дуо қилишдан бошқага ўтмади.
Бас, у шариатга хилоф қилувчи, Аллоҳ таолонинг амрини ортга отувчи осийдир. Қандай қилиб унга ижобат бўлсин.
Ахир, шаръий қоида бўйича, оддий сабабларни қилишда нуқсонга йўл қўймаган одамга ғайбий ёрдам берилади.
Мўмин-мусулмон инсон шариатда кўрсатилган ишни қилиши керак. Бир ишни қилиш учун икки хил амр келса, иккисини ҳам қилиш лозим. Бирини адо этиб, иккинчисини эътиборсиз қолдириш мумкин эмас.
Мисол тарзида кўпчилик эътибор ҳам бермайдиган бир амални олайлик. Маълумки, кечаси ухлашдан олдин шайтондан сақланиш учун қилинадиган амаллар бор. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари ҳам мавжуд.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўз уйига кираётган киши кириш пайтида ва таоми пайтида Аллоҳни зикр қилса, шайтон: «Сизларга ётоқ ҳам йўқ, кечки таом ҳам йўқ», дейди.
У уйига кирса-ю, кириш пайтида Алоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Ётоққа эга бўлдингиз», дейди. Агар таоми пайтида Аллоҳни зикр қилмаса, «Ҳам ётоққа, ҳам кечки таомга эга бўлдингиз», дейди»,–дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Ким кўчадан келиб ўз уйига кираётганда Аллоҳ таолонинг номини зикр қилиб кирса, шайтон у уйга кириб ётоқ олишдан маҳрум бўлиб қолар экан.
Ва ўз аскарларига: «Энди сизларга ётоқ ҳам йўқ, кечки таом ҳам йўқ», дер экан. Чунки, Аллоҳ таолонинг зикри бўлган жойда шайтонга ўрин йўқ.
Ушбу ҳадисни ўқиган, эшитган ва ўрганган одам шайтондан паноҳ сўраш дуосини ўқиса, ҳадисга амал қилган, шайтондан ҳимояланган ва ҳадисга амал қилгани ҳамда дуо қилгани учун савоб олган бўлади.
Аммо, кечаси ўз уйида шайтондан ҳимояланиш учун шу ишнинг ўзи кифоя қиладими? Албатта, кифоя қилмайди. Чунки, бу ҳақда бошқа ҳадис ҳам бор.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Идишларнинг устини ёпинг. Мешларни боғланг. Эшикларни беркитинг. Чироқларни ўчиринг. Бас, шайтон мешларни еча олмас. Эшикларни оча олмас. Идишларнинг устини очолмас. Агар бирингиз ҳеч нарса топа олмаса, идишининг устига бир чўпни кўндаланг қўйиб бўлса ҳам, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин. Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юборур»,–дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Демак, дуо билан бирга амал ҳам керак экан. Бу оддий ҳақийқатни доимо эсда тутишимиз лозим. Шунинг учун ҳам, баъзи ҳадисларда дуо билан бирга амал ҳам зикр қилинган.
Ҳозиргина ўтган ҳадиси шарифнинг имом Абу Довуд ривоят қилган лафзида:
«Эшигингни беркит ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Чироғингни ўчир ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Идишингнинг устини ёп ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Мешингни боғла ва Аллоҳнинг исмини зикр қил», дейилган.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирингиз гуноҳ аралаштирмай ёки силаи раҳмни узмай дуо қилган бўлса ёхуд шошилмаса, ижобат бўлади. «Дуо қилдим, менга ижобат бўлишини кўрмаяпман», дейди ва дуони тарк қилади», – дедилар
».
Шарҳ: Банда «Дуо қилдим, менимча, қабул бўлмаса керак», демасин. Бундай ноумидлик билан дуодан тўхтамаслик керак. Дуо қилаверилса, иншоаллоҳ, қабул бўлади.
Ушбу ҳадислардан дуонинг шартларини ўрганиб оляпмиз:
1. Дуога гуноҳ аралашмаслиги керак экан. Шунинг учун, дуо қилишдан олдин тавба қилиб туриб, кейин дуо қилиш керак.
2. Қариндошлик алоқаларини узган ҳолатда ҳам дуо қабул бўлмас экан. Ўзимиз Аллоҳ таолонинг амрига зид иш қилиб туриб, яна Ундан бирор нарса сўраб дуо қилишимиз ҳеч бир ақлга, мантиққа тўғри келмайди.
3. Шунингдек, дуода ноумид бўлмаслик ва унинг ижобатига шошилмаслик ҳам керак экан.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri