Майит ўзидан бошқанинг амалидан манфаат олади Принтер учун
28.01.2011 й.
islom.uz
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, онамнинг жони бирдан чиқди. Васият қила олмади. Гумон қилишимча, агар гапирса, садақа қилар эди. Мен унинг номидан садақа қилсам унга ажр бўладими?» деди.
«Ҳа», дедилар».
Икки шайх ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, инсон ўлиб кетганидан кейин орқасидан садақа қилинса унга савоби тегади. Бу ҳадисда шу маъно очиқ-ойдин лафз билан келмоқда. Шарҳга ҳожат ҳам йўқ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Саъд ибн Убоданинг онаси у ғойиблигида вафот этди. Бас, у:
«Эй Аллоҳнинг Расули, онам менинг ғойиблигимда вафот этди. Агар унинг номидан бирор нарса садақа қилсам, унга манфаати бўладими?» деди.
«Ҳа», дедилар у зот.
«Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мевали боғим унга садақа бўлсин», деди
».
Бухорий, Термизий, Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Шундоқ қилиб Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ўзларининг мевали боғларини оналарига садақа сифатида вақф қилиб қўйганлар.
Ўша боғнинг меваси ёки ундан тушган фойда муҳтож кишиларга бўлади. Савоб эса, Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг оналарига бориб туради. Мусулмонлар бунга ўхшаш ишлар ила дунё¬¬да шуҳрат топганлар.

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан:
«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Саъднинг онаси вафот этди. Қайси садақа афзал?» деди.
«Сув», дедилар.
У бир қудуқ қазиди ва:
«Мана шу, Саъднинг онаси учун», деди
».
Абу Довуд, Аҳмад ва Насаий ривоят қилишган.
Насаий:
«Ўша Саъднинг Мадинадаги сувхонасидир» жумласини зиёда қилган.
Шарҳ: Демак, кўпчилик мусулмонларга доимий равишда манфаат бериб турадиган хайр ишлар энг яхши садақа ҳисобланар экан.
Афсуски, баъзи юртларда садақа деганда фақат қозон осиб, таом пиширишни тушунтириладиган бўлиб қолган. Бу очликдан қийналаётган кишилар бор жойда бир марта қорин тўйғаза олмай юрганлар учун яхши садақа бўлади. Аммо шароитга қаралса, оддий, ночор, ёрдамга муҳтож мусулмонларга кўпроқ манфаат берадиган амални қилинса, садақанинг савоби кўп бўлади. Буни ҳал қилишнинг энг яхши йўли Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг тутган йўллари.
Аҳли сунна ва жамоа уламолари жумҳури, маййит ўзидан бошқанинг амалидан манфаат олади, деганлар. Мўътазила мазҳабидагилар манфаат олмайди, деганлар. Бу кўп тортишувга сабаб бўлган масала ҳисобланади.
Биз фақат Абул Аббос Аҳмад ибн Таймийянинг гапларини келтирамиз:
«Ким инсон фақат ўзининг амалидангина манфаат олади, деса, ижмоъни бузган бўлади. Бу гап бир неча важҳдан ботилдир:
1. Инсон ўзидан бошқанинг дуосидан манфаат олади. Дуо ҳам бошқанинг амалидир.
2. Пайғамбар алайҳиссалом мавқиф аҳлига, аҳли жаннатга жаннатга киришларига, гуноҳи кабира аҳлига дўзахдан чиқиб жаннатга киришларига шафоат берадилар.
3. Фаришталар ер аҳлига дуо қиладилар ва истиғфор айтадилар.
4. Мўминларнинг болалари ота-оналарининг амаллари ила жаннатга кирадилар.
5. Икки етим бола отасининг амалидан манфаат олган. (Қуръонда) оталари солиҳ бўлган эди, дейилган.
6. Маййит садақа ва қул озод қилишдан манфаат олиши суннат ва ижмоъ билан собит бўлган.
7. Маййит қарздор бўлса, ўлганидан кейин унинг қарзи берилса, қарзи узилади. Бу валийининг амалидир.
8. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Нажошийга намоз ўқиганлари.
Бу масаладаги тортишувда асосан кўпроқ таассуф устун келиб кетади. Зотан, барча тортишувларда ҳам шундоқ бўлади. Натижада икки томон ҳам асл мақсаддан узоқлашиб кетади. Аслида эса, тушунса бўладиган иш.
Маййитнинг ортидан қилинадиган хайр-эҳсон, дуо ва бошқа ишлар шариатнинг асосини ташкил этмайди. Аксинча, булар бир қўшимча нарсалар бўлиб, асосини ҳар бир одамнинг ўзи қилган амали ташкил этади.
Шунинг учун, ўлгандан кейин бошқанинг амалидан манфаат тегар экан, деган ўй билан бу дунёда шариатга амал қилмай юравериш мутлақо нотўғридир. ҳатто, баъзи жойларда йилига бир марта худойи қилиб қўйишни дин деб тушунадиганлар ҳам бор.
Жумҳур уламолар, маййитга ўзганинг амали манфаат беради, деган ҳукмни хаёлларидан чиқариб айтган ҳам эмаслар, балки оят ва ҳадисларга суяниб, уларни ҳужжат қилиб айтганлар. Шунинг учун бу нарсани тўғри тушуниш ва унга тўғри амал қилиш керак».
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri