Аллоҳ таоло: «Қилган нафақангизни ёки назрингизни Аллоҳ, албатта, билади. Золимларга ёрдамчилар йўқдир», деган.
У зот яна: «Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва қадимги уйни тавоф қилсинлар», деган. У зот яна:
«Назрга вафо қилурлар ва ёмонлиги кенг тарқаладиган бўлган Кундан қўрқурлар. Ва ўзлари бир таомни яхши кўриб турсалар ҳам, мискинга, етимга ва асирга берурлар», деган.
Шарҳ: «Назр» сўзи луғатда, яхшилик ёки ёмонлик ваъда қилишни англатади. Унда, огоҳлантириш маъноси бордир. Яъни, бир одам бирор ишни қилишини, албатта, лозимлигини ўзига огоҳлантириш бўлиши учун назр қилади.
Шариат истилоҳида эса, аслида шариат бўйича лозим бўлмаган қурбат ҳосил қиладиган ишни ўша маънони англатувчи лафз ила ўзига лозим қилиб олишни, назр, деб аталади.
Мисол учун, Аллоҳ учун минг сўм садақа қиламан ёки Аллоҳ учун уч кун рўза тутаман, кабилар.
Юқорида келтирилган ояти карималарда назрга вафо қилишлик аброр мўмин-мусулмон кишиларнинг сифати эканлиги таъкидланмоқда.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам назрдан қайтардилар ва, у ҳеч нарсани қайтармайди, у ила бахилдан бир нарса чиқариб олинади, холос, дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳақида баъзи уламоларимизнинг алоҳида мулоҳазалари бор. Ўша мулоҳазаларни ўргансак, ҳадиси шарифларни ўрганиш, улар билан ишлаш қоидаларидан катта бирини ўрганган бўламиз иншааллоҳ.
Шайх Муҳаммад Ғазолий қуйидагиларни ёзадилар:
«Қуръони Каримни оз тиловат қилишлик ва ҳадисларни кўп қироат қилишлик Исломнинг дақиқ сувратига эришишга олиб бормайди. Балки, бу иш, агар айтиш мумкин бўлса, нотўғри овқатланиш билан баробардир. Чунки, ақл ва жисм баробар бўлиши учун керакли унсурларнинг тавозуни лозим.
Аста-секин янгидан бошлаб дақиқ қараб мисоллар келтирайлик:
Санъоний назрни ҳаром деб билади. У ўзининг бу ҳукмида Ибн Умарнинг:
«Набий салайҳиссалом назрдан қайтардилар ва, у ҳеч нарсани қайтармайди, у ила бахилдан бир нарса чиқариб олинади, холос, дедилар», деган ҳадисига суянади.
Ҳеч нарсани қайтармайдиган назр тижорий олди-бердиларга ўхшаш, инсоннинг, агар беморлигимдан тузалсам ёки ўғлим имтиҳондан ўтиб олса, Аллоҳ учун фалонни назр қиламан, дейишидир.
Аммо Аллоҳнинг тоати учун қилинадиган бошқа назрларда ҳеч қандай танглик йўқ. Фиқҳий жиҳатлан тўғри бўлса бўлди, бошқа тўсиқ йўқ.
Савол шулки, Аллоҳ таоло аброрларнинг васфида:
«Назрга вафо қилурлар ва ёмонлиги кенг тарқаладиган бўлган Кундан қўрқурлар», деб турса-ю, яна бошқа оятда:
«Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва қадимги уйни тавоф қилсинлар», деган бўлса-ю, қандоқ қилиб, назларнинг барчаси ҳаром, деб ҳукм чиқариш мумкин?!»
Биз шайх Муҳаммад Ғазолий раҳматуллоҳи алайҳининг ушбу гапларига тўла қўшилиш билан бирга, яна бошқа баъзи мулоҳазаларни ҳам айтиб ўтмоқчимиз.
Агар Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадиси шарифга биноан, назр қилиш ҳаром, дейдиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг:
«Қилган нафақангизни ёки назрингизни Аллоҳ, албатта, билади. Золимларга ёрдамчилар йўқдир», деган ояти каримаси қаёқда қолади?!
Демак, Ислом шариати, унинг аҳкомлари ҳақида баҳс юритмоқчи бўлган, уларни тўғри тушунмоқчи бўлган ва умуман, динимиз ҳақида фикр мулоҳаза юритмоқчи, бирор гапни одамларга етказмоқчи, ўзича ижтиҳод қилмоқчи бўлган ҳар бир одам аввало Қуръони Каримни яхшилаб ўрганмоғи лозим. Сўнгра ҳадиси шарифларни ўрганиб, кейин бошқа масдарларга ўтиши керак бўлади.
Уламоларимиз ҳадиси шарифларнинг саҳиҳ бўлиши учун уларнинг Қуръони Карим оятларига мос келиши лозимлигини асосий шарт қилиб қўйганлар. Қуръони Каримга зоҳирида зид бўлиб кўринган ҳар бир ҳадисни илмий йўл билан, маълум қонун қоидалар асосида таъвил қилинади. Агар таъвил қилиш имкони бўлмаса ҳадис деб даъво қилинаётган нарсани ҳадис эмас, деб эълон қилинади.
Ушбу сиз билан биз ўрганаётган, мунозараларга сабаб бўлаётган, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадиси шарифни ҳам зоҳирий маъносини олинса Қуръони Карим оятига зид бўлади. Шунинг учун уламоларимиз бу ҳадисни таъвил қилиб: «Бу ҳадисдаги наҳийни зоҳирий маъно бўйича олинмайди. Агар шундоқ қилинадиган бўлса, назрнинг ҳукми ботил бўлади. Назрга вафо қилиш ҳам соқит бўлади. Бу ҳадисдаги наҳйи назр қазои қадарни қайтаради, инсонга ўзида йўқ нарсани келтиради, деб эътиқод қилиш мумкин эмаслигига оиддир», дейдилар.
Бу масала бўйича яна бир мулоҳаза бор. Агар Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисни зоҳирий маъносига қараб, назр қилиш ҳаромдир, деган ҳукм чиқарадиган бўлсак, бошқа ёқдаги кўплаб ҳадисларни қўяйлигу, ушбу ўзимиз ўрганаётган бобдаги, ушбу ҳадисдан кейин келадиган ҳадисларга нима деймиз?!
Ҳа, бирор ҳукмни чиқаришдан олдин унга тегишли барча далиллар ва маълумотларни яхшилаб ўрганиб, солиштириб чиқиш лозим бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, назр одам боласига Аллоҳ унга тақдир қилмаган бирор нарсани яқин қилмайди. Лекин, назр қадарга мувофиқ келади ва у ила бахил чиқармайдиган бўлган нарсани ундан чиқариб олинади», дедилар». Икковини Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ўзидан олдин келган ҳадисни шарҳламоқда. Бу борада айтилаётган ҳадислар ақийда бобига, хусусан, қазои қадар масаласига тегишли эканлигини энди тўлиқ тушундик. Исломий ақийдага биноан бу дунёдаги каттаю кичик ҳар бир иш фақатгина Аллоҳ таолонинг қазои қадари ила бўлади. Шунга биноан мусулмон инсоннинг, менга тақдир қилинмаган нарсани келтиради, деган эътиқод ила назр қилиши ҳаромдир.
Агар бундоқ назрдан бирор нарса қоладиган бўлса, у ҳам бўлса, оддий холатларда ҳеч кимга бирор нарса бермайдиган бахил одам, мазкур нотўғри эътиқод билан назр қилса, ундан баъзи кишилар фойдаланиб қолишлари, холос. Лекин, Исломда бу каби «фойдаларнинг» боридан йўғи яхши ҳисобланади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга тоат қилишни назр қилган бўлса, У зотга тоат қилсин. Ким У зотга осий бўлишни назр қилган бўлса, Унга осийлик қилмасин», дедилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан иккита ҳукм чиқади:
1. Намоз ўқиш, рўза тутиш, садақа бериш каби Аллоҳ таолога тоат ибодат ҳисобланган ишларни назр қилган одамга уларни амалга ошириш вожиб бўлади.
2. Намоз ўқимаслик, бировга ёмонлик қилиш каби Аллоҳ таолога осийлик ҳисобланган ишларни назр қилган одамга, қилган назрини бузишлик ва каффорот беришлик вожиб бўлади.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларнинг яхшиларингиз менинг асримдир. Сўнгра, уларга эргашиб келганлардир. (Имрон, У зот ўз асрларидан кейинги икки асрни зикр қилдиларми, уч асрни зикр қилдиларми билмай қолдим, деди.) Сўнгра бир қавмлар келурки, улар назр қилурлар, вафо қилмаслар, хиёнат қилурлар, ишонилмаслар, гувоҳлик берурлар, гувоҳликлари талаб қилинмас ва уларда семириш зоҳир бўлур», дедилар».
Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф олдин ҳам ўтган. Шунинг учун бу ерда ўрганаётган бобимизга тегишли жойини таҳлил қилиш билан кифояламиз. Ҳозир бизга ўрганишимиз лозим бўлган жойи эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Сўнгра бир қавмлар келурки, улар назр қилурлар, вафо қилмаслар», деган ибораларидир.
Ҳадиси шарифнинг умумий маъноси ила ушбу иқтибосни қўшиб таҳлил қиладиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асрларида ва у асрдан кейинги икки уч асрда яшаган энг яхши исломий асрларнинг одамлари назрларига вафо қилишни бошқа амаллар қатори ўзларининг мусулмонлик бурчлари деб билишлари ва уни тўлиқ амалга оширишлари турган гап эканлиги, мазкур хайрли асрлардан кейинги асрларда келадиган кишилар эса, Ислом таълимотларига амал қилишда аста-секин сустлашиб, камчиликларга йўл қўйишлари, жумладан, ўзлари атаган назрларга вафо қилмай қўйишлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан аввалдан айтиб қўйилган эканлигини билиб оламиз.
Бинобарин, назрига вафо қилувчилар ҳақиқий, асл мусулмонлар, аксинча, назрига вафо қилмайдиганлар умуман дину-диёнат билан иши йўқ ёки иймон-эътиқоди суст кишилар бўлиб чиқади.
Фатҳ куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мен агар Аллоҳ сизга Маккани фатҳ қилса, Аллоҳ учун Байтул Мақдисда икки ракъат намоз ўқишни назр қилган эдим» деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мана бу ерда ўқиб ол», дедилар.
У ўз гапини яна такрорлади. У зот яна:
«Мана бу ерда ўқиб ол», дедилар.
Кейин ҳалиги одам ўз гапини яна такрорлади. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ундоқ бўлса, ўзинг биласан», дедилар.
Бошқа ривоятда:
«Муҳаммадни ҳаҳ ила юборган зот ила қасамки, агар бу ерда намоз ўқиганингда, Байтул Мақдисда намоз ўқиганинг ўрнига ўтар эди», зиёда қилинган.
Абу Довуд, Байҳақий ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган ҳодиса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ёрдами ила Маккаи Мукаррамани фатҳ қилиб бўлиб, ҳарами шарифнинг ичида турганларида бўлиб ўтган.
Байтул Мақдис шарафли макон, лекин, Байтуллоҳ ундан кўра кўплаб марта шарафли эканида ҳеч шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мен агар Аллоҳ сизга Маккани фатҳ қилса, Аллоҳ учун Байтул Мақдисда икки ракъат намоз ўҳишни назр қилган эдим?» деган одамга у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳарами шарифдан бир жойни кўрсатиб:
«Мана бу ерда ўқиб ол», дедилар.
Мазкур одам ўз саволини уч марта қайта-қайта такрорлаганидан кейин эса, ҳукмни яна ҳам аниқ қилиб:
«Муҳаммадни ҳақ ила юборган зот ила қасамки, агар бу ерда намоз ўқиганингда, Байтул Мақдисда намоз ўқиганинг ўрнига ўтар эди», дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларидан, агар биров бирор ишни маълум маконда қилишни назр қилган бўлса, унга ўша ишни мазкур таъйин қилинган жойдан афзал жойда қилса жоиз, деган ҳукм олинган.
Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мен сизнинг бошингиз узра туриб, дуфф (шилдироғи йўқ чилдирма) чалишни назр қилган эдим?» деди. У зот:
«Назрингга вафо қил», дедилар. У аёл:
«Фалон-фалон жойда туя сўйишни назр қилган эдим?» деди.
«Санамгами?» дедилар у зот.
«Йўқ», деди аёл.
«Васангами?» дедилар у зот.
«Йўқ», деди аёл.
«Назрингга вафо қил», дедилар у зот». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Аввал ҳадиси шарифда келган баъзи сўзлар билан яхшироқ танишиб олайлик.
«Дуфф» аввал ҳам айтиб ўтилганидек, шилдироғи йўқ чилдирма. Ушбу омилга, яъни, чилдирманинг шилдироғи йўқлигига алоҳида эътибор бериш керак. Чунки, баъзи бир кишилар ҳукм чиқаришда бу омилга алоҳида аҳамият берадилар.
«Санам» бош-юз қисми инсонга ўхшаш бут.
«Васан» инсонга ўхшамаган бут.
Ушбу ҳадиснинг Имом Термизий ривоят қилган матнида бошқа тафсилотлар ҳам бўлиб, ўша матинни ҳам ўрганишимизнинг катта фойдаси бўлгани учун, аввал уни ҳам келтириб олайлик:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг баъзи ғазотларига чиқдилар. У зот қайтиб келганларида ҳузурларига бир қора жория келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, агар Аллоҳ сизни саломат қайтарса, ҳузурингизда чидирма чалишни назр қилган эдим?» деди. У зот:
«Назрингга вафо қил», дедилар.
Жория ўриндан туриб чилдирма чалишни бошлади. Абу Бакр кириб келди. У чалаверди. Сўнг Умар кириб келди. У чилдирмасини ташлаб, устига ўтириб олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен сендан шайтон ҳам қўрқса керак, деб ўйлайман, эй Умар», дедилар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Қилинган назрни шариатга тўғри ёки тўғри эмаслигида шубҳа туғилиб қолганда биладиган кишилардан сўраш кераклиги.
Мазкура қора қиз ана шундоқ қилди. У ўзи қилган назрнинг тўғри ёки тўғри эмаслигида шубҳаланиб қолиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта камтар, тавозуъли зот эканликлари.
Шундоқ улуғ зотнинг бир қора қиз билан юқорида васф қилинган муомалани қилишлари, унинг кўнглига қараб, одатда ўзлари унча рағбат қилмайдиган ишларга ҳам иштирок этишлари ўта камтарлик эмасми.
3. Шариатда мубоҳ ҳисобланган, дуфф чалишга ўхшаш баъзи ишларни ҳам назр қилиш мумкинлиги.
Аммо, баъзи уламоларимиз бошқа ҳадисларни, жумладан, яқинда ўрганажак ҳадисларимизни далил қилиб, фақат Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қиладиган ишларнигина назр қилиш мумкин, дейдилар.
4. Санам ва васанларга назр аташ ҳаром эканлиги.
Бу Аллоҳ таолодан ўзгага назр аташ мумкин эмаслигининг таъкидидир. Жоҳилият даврида санам ва васанларга назр аташ жуда ҳам авж олган эди. Шунинг учун ҳам, ҳалиги қора жория фалон маконда туя сўйишни назр қилувдим, дейиши билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол, санамгами, деб сўрадилар.
5. Аллоҳ таолодан ўзгани аралаштирмай маълум бир жойда жонлиқ сўйишни назр қилиш жоизлиги. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзларига савол берган қора жориядан бут ва санамларга назр қилмай, фақат маконнинг номини айтганини билганларидан сўнг уни назрига вафо қилишга амр этдилар.
Уламоларимиз, маълум жойга атаб қўйилган назр, ўша жой аҳолисиниг ҳаққига айланиб қолади. Назр қилган одамга айни ўша жойда назр қилиши вожиб бўлади, деганлар.
6. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юмшоқ табиатли зот эканликлари.
У киши кириб келганларида қора қиз ўз чилдирмасини чалишда давом этавериши шуни кўрсатади.
7. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг талабчан табиатли, бошқаларни тергаб туриш одатлари машҳурлиги.
Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуларнинг ҳузурида бемалол чилдирма чалиб турган қора қиз, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу келишлари билан чилдирмасини ерга ташлаб устига ўзи ўтириб олди. У бу ишни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ҳайиққанидан қилди, албатта.
8. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуниг фазллари улуғ экани.
Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у кишига: «Мен сендан шайтон ҳам қўрқса керак деб ўйлайман, эй Умар» - дейишлари катта гап.
|