Қизларга нафақа қилиш фазли Принтер учун
30.03.2011 й.
islom.uz
Одатда одамларда қиз бола бировнинг ҳасми, эрта-индин эрга тегиб кетиб қолади. Ундан нима фойда бўлиши мумкин деган салбий фикр бўлади. Ўғил бола эса доимо хизматда бўлади. Уни уйлаб қўйсанг келин ҳам хизматингни қилади. У қариганингда ҳам жонингга аро бўлади каби тушунчалар бор.
Бу нотўғри фикр. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларга нафақа қилишнинг фазли ҳақида ўз ҳадисларида қайта-қайта баён қилганлар. Ўзлари тўрт қизларига қилган муомалалари ила барчага намуна кўрсатганлар.
Ушбу бобда келадиган ҳадиси шариф ва ривоятларда ҳам шу маънолар олдинга сурилди.

Зуҳрийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалам:
«Кимнинг икки қизи бўлса ва у иккисининг машаққатларига ва нафақасига сабр қилса, икковига қилган нафақаси учун унга жаннат бўлади», дедилар».
Шарҳ: Қиз боқиш осон нарса эмас, буни  ҳамма яхши билади. Бу ишни амалга ошириш учун сабр матонат керак, ҳаракат, ғайрат керак, топганини сарфлаш керак. Барибир шу қиз эртами, индинми бировнинг уйига кетиши борлигини, келин бўлиши борлигини билиб туради.
Лекин ҳаммасига сабр қилиб, айниқса кўп қизли бўлганида бу ҳолат аниқ билинади.  Ана шуларни билиб туриб қизларни тарбия қилган одам ўзи учун охиратнинг  катта бир мартабасини касб қилган бўлар экан.
Албатта, қиз боқиш осон эмас. Бу жуда машаққатли иш ҳисобланади. Мазкур машаққатларга сабр қилиш керак бўлади.
Шу билан бирга қизни нафақа билан таъминлаш ҳам керак бўлади. Бу иш учун ҳам сабр бардош керак бўлади.
Ким икки қизнинг тарбиясидаги машаққатларга,  хусусан қизларнинг нафақасини таъминлашдаги қийинчиликларга сабр қилиш ота-она учун катта савоб ҳамда жаннатга киришга сабаб амаллардан бири ҳисобланади.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz