Мусулмон билан аразлашиш Принтер учун
02.04.2011 й.
islom.uz
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир-бирингизни ёмон кўришманг. Бир-бирингизга ҳасад қилманг. Бир-бирингизга қарши тадбир қилманг.
Эй Аллоҳнинг бандалари! Биродар бўлинг! Мусулмон учун ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаш ҳалол эмас», дедилар
».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида сиз билан биз умматларини тўрт салбий ишдан қайтармоқдалар.
1.    Бир-бирини ёмон кўриш.
2.    Бир-бирига ҳасад қилиш.
3.    Бир-бирига қарши чора-тадбир кўриш.
4.    Бир-бири билан уч кундан ортиқ аразлашиш.
Мўмин-мусулмон кишилар бир-бирларини ёмон кўришлари мутлақо мумкин эмас. Ахир мўминларни Қуръони Карим биродар деб атаган. Улар қандай қилиб бир-бирларини ёмон кўришлари мумкин. Душманларгина бир-бирини ёмон кўриши мумкин.
Ҳасад, кўра олмаслик – бир яхшиликнинг бошқа одамдан кетиб, ўзига ўтиб қолишини орзу қилиш, шунга мувофиқ иш қилиш, фалончидаги яхшилик меники бўлиб қолсин, дейишдир.
Лекин «Фалончига Аллоҳ берибди, буюрсин, бизга ҳам насиб қилса эди», дейиш яхши. Буни ғибта, яъни, ҳавас дейилади. Аммо «Нега фалончига шу нарса берилибди? У нарса менга ўтиб қолса эди», деб айтиш ва шу мақсадда қандайдир ишларни уюштириш ҳасад бўлади.
Албатта, ҳасад қилиш ҳам мўмин бандага мутлақо ярашмайдиган сифатдир. Мўмин киши бағри кенг, бутун дунёга яхшиликни раво кўрадиган қалби дарё шахс бўлади. У ўзидан бошқага бирор неъмат етганда хурсанд бўлади. Эгасига буюрсин дейди. Ўзига ҳам шунга ўхшаш неъмат етишини орзу қилади.
Одам боласининг бир-бирига қарши турли чора-тадбирларни уюштириб юриши ёмонликдан бошқа нарсага олиб бормайди. Агар бу ёмон хислатга одатланадиган бўлсалар, уларнинг бу дунёдаги ҳаётлари машаққатга айланади.
Мусулмонлар ана шундай бўлмаслиги, бир-бирларига қарши чақимчилик, иғво, бўҳтон йўли билан турли тадбирлар уюштирмаслиги, одамларни бир-бирига қарши қўйиб, «ундай қил, бундай қил» деб бировга қарши ишлар қилмаслиги лозим экан.
Мўмин-мусулмонлар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида таъкидлаганларидек, биродар, ака-ука бўлиши керак. Ораларидан гап-сўз ўтган, аччиғи чиққан, бир-бирига оғир ботадиган гап айтган, иш қилган бўлса, уларни кўнгилдан чиқариб ташлаш учун шариатда уч кун муҳлат берилган. Мусулмон одам уч кун ичида ҳовуридан тушсин, ўз-ўзига насиҳат қилсин ва уч кундан оширмасдан ярашиб олсин, бундай аразлашиб юришни ўзларига эп кўрмасин.

Ато ибн Язид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирор кишига ўз биродари билан уч кечадан ортиқ аразлашиш мумкин эмас, ҳалол эмас, ҳаром. Икковлари учрашиб қолса, бири у ёққа, бири бу ёққа қараб, тескари бўлмасин. Икковидан яхшиси биринчи салом берганидир», - дедилар
».
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадиси шарифлдарида мўмин-мусулмон бандалар орасига совуқчилик тушиб аразлашиб қолганларидаги ҳолатни муолажа қилиш ҳақида сўз юритилмоқда.
Аразлашиб қолганлар кўришганда юзини ўгириб олмасдан, «Ассалому алайкум» деб биринчи ким салом берса, ўша киши яхши бўлар экан.
Бу аразлашиб қолганларни яраштиришнинг жуда бир ажойиб услуби билан ярашишга тарғиб қилишдир. Икки киши уришиб қолган бўлса, йўлда учрашиб қолганда тескари қараб, юз ўгириб ўтиб кетса, орадаги нифоқ икки баравар кўпаяди. Ичида адоват ғимирлаб, «тескари қараб ўтиб кетди» дейди.
Иккинчи марта тескари қараб ўтиб кетса, адоват янаям кучайиб кетади. «Фалон жойда кўрди, кичкина бўлса ҳам менга салом бермади» деб, гап кўпаяди.
Шунинг учун аразлашиб қолган икки киши учрашиб қолса, шу ерда бир томон савоб умидида яхшиликни бўйнига олиб, салом бериши керак экан. Салом берган одамнинг гуноҳи тўкилади. Чунки у Аллоҳнинг амрини бажарган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган ҳисобланиб, аразлашганлик гуноҳидан фориғ бўлади.
Нариги одам алик олса, икковлари ҳам бу гуноҳдан қутулади. Алик олмай кетган бўлса, гуноҳ унга бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биринчи бўлиб салом бергани яхшиси», - деганлар.
Ҳар биримиз ушбу ҳадисни яхши ўзлаштириб олишимиз керак. Ҳаётда турли ҳолатлар бзага келиб туради. Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо бир билан аразлашиб қоладиган бўлсак, араздан кейинги биринчи учрашувдаёқ ярашиб кетишга одатланишимиз керак. Албатта, бу иш араздан уч кун ўтмасдан олдин юз бериши лозим.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мўмин-мусулмон кишига ўз биродари билан уч кечадан ортиқ аразлашиш ҳаромлиги.
2. Икки аразлашган мусулмон учрашиб қолсалар, бири у ёққа, бири бу ёққа қараб, тескари бўлиб кетмасликлари кераклиги.
3. Икки аразлашиб қолган мусулмондан яхшиси биринчи салом бергани эканлиги.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир-бирингизни ёмон кўрманглар. Ўзаро рақобат қилманглар. Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», - дедилар
».
Шарҳ: Бу маънодаги ҳадис аввалроқда ўтди. Имом Бухорий ҳадисда ушбу бобга боғлиқ маъно борлигидан уни яна бир бор такрор келтирмоқдалар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки киши Аллоҳ Азза ва Жалла учун ёки Ислом учун дўст бўлсалар, улардан бирининг дастлаб қилган гуноҳи ораларини ажратадир», - дедилар
».
Шарҳ: Демак, Аллоҳ учун биродар тутинган мусулмонлар ана шу биродарлик мустаҳкам туришини ҳоҳласалар, гуноҳ қилмасликлари керак.
Чунки бири гуноҳ қилса, иккинчиси «Аллоҳ учун мен билан биродар бўлган киши шу ишни қиладими? Фалончининг биродари шу ишни қилибди, деса бу гап менга ҳам тегмайдими?» деб, ораларидаги муносабатга путур ета бошлайди.
Шу сабабдан Аллоҳ ва Ислом учун бўлган биродарликни сақлаш йўлида ҳам гуноҳдан четланиш керак экан. Икки томон ана шундай йўл тутса, биродарлик кундан-кунга мустаҳкамланиб, яхшиланиб бораверади, икки томон ҳам савоб олаверади.
Аллоҳ ва Ислом учун биродар бўлиб туриб, ўз биродарига ҳам гап тегадиган ишларни қилиш дуруст эмас экан.

 Муъозадан ривоят қилинади:
«Ҳишом ибн Омир, (Анас ибн Моликнинг амакиваччаси)дан эшитдим:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон киши учун бошқа бир мусулмондан алоқасини уч кундан ортиқ узиши ҳалол эмас.
Агар икки киши орасидаги алоқа узилган ҳолида давом этса, иккови ҳам ҳақдан четлаган бўлади.
Агар улардан қайси бири аввал қайтса, бу амали унинг гуноҳларига каффорот бўлади.
Агар алоқалари узилган ҳолда вафот этсалар, икковлари ҳам абадий жаннатга кирмайди.
Агар бири салом берса, иккинчиси унинг саломига алик олишдан бош тортса, салом берганга фаришта алик олади. Алик олишдан бош тортган одамга эса шайтон гапиради», - дедилар
».
Шарҳ: Демак, бирига фаришта, иккинчисига шайтон дўст бўлади.
Буни ҳар бир мўмин-мусулмон жуда яхши билиб олиши керак, мўмин-мусулмонлар бир-бири билан уришиб, ўзаро алоқани узиб, бир-бирига душман ҳолатда юрса, икки томон ҳам ҳақдан четда юришар экан.
Ким бундан аввалроқ қайтса, унинг гуноҳи ювилар экан. Ярашиш ниятида салом берган одам ҳар қандай ҳолатда ҳам салом берса ҳам, алик олса ҳам ютар экан.
Чунки унинг саломига фаришта алик олади, Аллоҳ унинг гуноҳини ювади, қилган рағбати учун савоб беради.
Бундан юз ўгирган одамнинг айби ўзи билан, шайтонга ошна бўлади. Унинг гапини шайтон эшитиб, раддиясини ҳам шайтон беради.
Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмонлар аввало уришмаслиги, аразлашмаслиги керак экан, аразлашиб қолса ҳам имкон қадар уч кундан ўтказмасдан ярашиб олишнинг ҳаракатида бўлиши керак. Ҳаммада ана шундай тушунча бўлса, иншааллоҳ уриш-жанжаллар камаяди.
Инсон жаҳл устида аразлашиб қолиши мумкин. Лекин бу хатони уч кун ичида ярашиш йўли билан тузатиш имкони бор. Ким бунга ҳаракат қилса савоб ваъда қилинган. Фаришталар унинг саломига алик олади.
Буни яхши тушуниб, амал қилиб борса иншааллоҳ жамиятда ижтимоий алоқалар яхшиланиб, маҳалла-кўйда аразлашиш, душманлик руҳияти ҳеч қачон бўлмайди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мусулмон киши учун бошқа мусулмондан алоқасини уч кундан ортиқ узиши ҳалол эмаслиги.
2. Агар икки киши аразлашган ҳолда давом этишса, иккови ҳам ҳақдан четлаган бўлиши.
3. Агар аразлашганлардан бири аввал қайтса, гуноҳлари ювилиши.
4. Агар аразлашганлар алоқалари узилган ҳолда вафот этсалар, жаннатга кира олмасликлари.
5. Аразлашганлардан бир салом берса, бошқаси алик олишдан бош тортса, салом берганга фаришта алик олиши.
6. Алик олишдан бош тортган одамга эса шайтон гапириши

 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен сенинг мендан розилигингни ҳам, аччиғинг чиқиб турганини ҳам биламан», - дедилар.
«Қандай қилиб бунибиласиз, эй Аллоҳнинг Расули!?» дедим.
«Агар сен рози бўлсанг, гапингнинг орасида «Худди шундай, Муҳаммаднинг Роббиси ила қасам!» дейсан. Агар аччиғинг чиқиб турган бўлса: «Йўқ, Иброҳимнинг Роббиси ила қасам!» дейсан», дедилар.
«Тўғри! Фақат исмингизнигина ҳижрон қиламан», дедим
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан У зотнинг энг яхши кўрган аёллари Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ораларидаги қалб сирига боғлиқ дақиқ муносабатларни билиб оламиз.
Бу жуда нозик масала. Буюк зотлар ўтасида уришиш, аразлашиб қолиш ҳолатлари бўлмаган. Ўзгариш жуда ҳам сезиш қийин бўлган нарсада, фақат гапда бор.
Рози бўлиб турсалар, Оиша онамиз гаплари орасида «Муҳаммаднинг Роббиси ила қасам» дер эканлар.
Сал аччиқланиб турган ҳолатларида эса «Иброҳимнинг Роббиси ила қасам» дер эканлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу нарсанинг ҳам мулоҳазасига борган эканлар, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам бунинг жуда дақиқ маъносини тушунтириб берган эканлар.
Бу ҳаммамизга ўрнак бўладиган юксак одоб намуналаридан биридир. Бизлар ҳам ҳаётимиз бу каби нозик дидли муомалаларга ва уларни сезиб қадрлашга одатланишимиз керак.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri