Муҳаббат ҳақида Принтер учун
10.04.2011 й.
....Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас. Хўш, Аллоҳ ва Унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандоқ тушунмоқ керак? Уламоларимизнинг бу саволга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам маъноси бирдир. У ҳам бўлса, Аллоҳга муҳаббат унинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳам У зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборатдир...

ДИННИНГ УСТИНИ АЛЛОҲНИНГ ВА УНИНГ РАСУЛИНИНГ МУҲАББАТИДАДИР

Аллоҳ таоло: «Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қиладир», деб айт», деган.
Аллоҳга муҳаббат, иймон қуруқ гаплар эмас. Одамлар орасида ўзининг иймони борлигини, Аллоҳга муҳаббати борлигини айтиши билан собит бўладиган нарса ҳам эмас. Аллоҳга ҳақиқий муҳаббат, ҳақиқий иймон оғизда айтиладиган гап, виждоний ҳис-туйғу ёки баъзи расм-русумларни адо этишдан иборат иш эмас. Аслида, у Аллоҳга ва Унинг Расулига тўлиқ бўйсунишдан иборатдир.
«Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг».
Ким Аллоҳга муҳаббати борлигидан даъво қилса, бу даъвонинг тўғри ёки нотўғрилигига ҳукм Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишига қараб чиқарилади. Агар у Пайғамбар алайҳиссаломга тўғри эргашса, даъвоси тўғри. Эргашмаса, тўғри эмас. Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга эргашиш ҳар бир бандага битмас-туганмас бахт-саодат келтиради. Бу нарса оятда қуйидагича баён қилинмоқда:
«Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир».
Мўмин банда учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам яхшироқ бахт-саодат борми! Бунинг устига, унинг гуноҳларини ҳам мағфират қилиб турса!

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, Иймон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига–фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши» -дедилар. Бешовларидан Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда Исломнинг энг асл тушунчаларидан бири, комил иймон ҳаловатини қайси йўл билан топиш мумкин эканлиги баён қилинмоқда. Чунки, иймон ҳаловатини топиш оддий ҳол эмас. Ҳаловат сўзи, ҳолвадан олинган бўлиб, «ширинлик» маъносини англатади. Асли моддий маънода ишлатиладиган бу сўз, бу ерда истеъора ила маънавий маънода келмоқда.
Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз бошида: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса иймон ҳаловатини топади», деб эшитувчини қизиқтириб оладилар. Иймон ҳаловати ҳаммани қизиқтирадиган нарса. Ҳамма «қандоқ қилиб, иймон ҳаловатини топса бўлар экан?» деб юради. Иймон ҳаловатини уч нарса билан топиш мумкинлигини эълон қилиш эса, ҳамманинг эътиборини ўзига тортиши турган гап. Эътиборни жалб қилиб олингандан сўнг эса ўша уч нарсани баён қилиш бошланади:

1.«Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари».
Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас.
Хўш, Аллоҳ ва Унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандоқ тушунмоқ керак? Уламоларимизнинг бу саволга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам маъноси бирдир. У ҳам бўлса, Аллоҳга муҳаббат унинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир.
Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳам У зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборатдир.

2.«Бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи».
Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки, уларни биродар қилган, дўстлаштирган зот–Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шунинг учун ҳам мўминларнинг ўзаро муҳаббатлари Аллоҳ учун бўлмоғи лозим. Дунё ва унинг матоҳлари учун бўлган муҳаббат орқали ҳеч қачон иймон ҳаловатини топиб бўлмайди.

3.«Куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши».
Зотан, куфрга қайтиш оловга ташланиш демакдир. Демак, иймон ҳаловатини топиш учун фақат бир тарафлама ҳаракат кифоя қилмас экан. Муҳаббат қилиш билан бир қаторда, нафрат қилишни ҳам, ўзини тийишни ҳам жойига қўйиш керак экан. Куфр ва унга олиб борувчи нарсалар мўмин киши учун унга яқинлашганда куйдирадиган олов каби қўрқинчли ва ёқимсиз нарса бўиши керак. Мўмин киши, катта-кичик куфрга тегишли ҳар бир нарсадан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши, унга тушишдан сақланганидек сақланиши лозим.
Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз аниқ: Бир ўйлаб кўрайлик. Дарҳақиқат, Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатимиз улардан бошқага бўлган муҳаббатимиздан устунми? Доимо Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтаяпмизми? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига, суннатларига қанчалик амал қилаяпмиз? Ёки молу-дунёга муҳаббат қўйиб, унинг домига тушганча халос бўлолмай юрибмизми? Эҳтимол, шунинг учун Иймон ҳаловатини эмас, дунё матоҳи ҳаловатини топаётгандирмиз?!
Аввал нима бўлган бўлса, бўлиб ўтди. Энди иймон ҳаловатини топишга уринайлик! Бунинг учун Аллоҳга ва Унинг Расулига улардан бошқа ҳамма нарсадан кўпроқ муҳаббат қўйишга ҳаракат қилайлик! Ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтганидан қайтайлик! Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари асосида яшаб, суннатларига тўлиқ амал қилишга ўтайлик! Мўмин-мусулмонларга бўлган муҳаббатимизга ҳам қайта бир назар солайлик. Шояд бу соҳада ҳам ушбу ҳадиси шарифдан фойда олсак!

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун муҳаббат қилса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса ва Аллоҳ учун ман қилса, батаҳқиқ, иймонни баркамол қилибди», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳа, мўмин банданинг бу дунёдаги барча ишлари Аллоҳ таоло учун бўлиши лозим.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амалларнинг энг афзали Аллоҳ учун муҳаббат қимоқ ва Аллоҳ учун ёмон кўрмоқдир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган мақомга эришган банда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилган роббоний бандалар қаторидан жой олган бўлади. Чунки бундоқ киши ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам четга қўйиб фақат Аллоҳ таоло учун яшайдиган ҳолга ўтган бўлади.

КИМ АЛЛОҲГА МУҲАББАТ ҚИЛСА, УНГА АЛЛОҲ ВА БАНДАЛАР МУҲАББАТ ҚИЛАДИ

Аллоҳ таоло: «Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур», деган.
Агар банда иймонли бўлса ва яхши амалларни қилиб юрса, Аллоҳ таоло ўша бандага нисбатан муҳаббат пайдо қилур. Бу муҳаббар ўша бандага Аллоҳ томонидан ҳам, бандалар томонидан ҳам бўладир. Ундоқ бандага Аллоҳ таолонинг муҳаббати қандоқ бўлишини васф қилишаг тил ожиз. Аммо иймонли ва яхши амалли бандага бошқа бандаларнинг муҳаббати ҳам мўъжизадек бир гапдир. Ундоқ бандани кўрган одам кимлигини аниқ билмаса ҳам унга муҳаббат қилиб қолаверади. Шунинг учун мўмин ва тақводор бандаларни яхши ҳам, ёмон ҳам салгина одамгарчилиги бор ҳар бир банда яхши кўриши ҳаммага маълум.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон Аллоҳ бир бандага муҳаббат қилиб қолса Жиброилни чақириб: «Мен фалончига муҳаббат қилдим. Сен ҳам унга муҳаббат қил», дейди.
Бас, Жиброил унга муҳаббат қилади ва осмонда нидо қилиб: «Аллоҳ фалончига муҳаббат қиладир. Сиз унга муҳаббат қилинг!» дейди.
Шунда аҳли осмон унга муҳаббат қилади. Сўнгра унинг учун ер аҳлида қабул йўлга қўйилади.
Қачон Аллоҳ бир бандани ёмон кўриб қолса Жиброилни чақириб: «Мен фалончини ёмон кўрдим. Сен ҳам уни ёмон кўр», дейди.
Бас, Жиброил уни ёмон кўради ва осмонда нидо қилиб: «Аллоҳ фалончини ёмон кўрадир. Сиз уни ёмон кўринг!» дейди.
Шунда аҳли осмон уни ёмон кўради. Сўнгра унинг учун ерда ёмон кўриш йўлга қўйилади», дедилар»
. Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, Аллоҳ таолонинг муҳаббатини қозанаман деган одам Аллоҳ таолони рози қилишга ҳаракат қилсин. Одамларнинг муҳаббатини қозанаман деган одам ҳам Аллоҳ таолони рози қилишга ҳаракат қилсин.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «бир яхши ишни қилган одамни кишилар мақтаганига нима дейсиз?» дейилди.
«Ўша нарса бандага бўладиган башоратнинг дебочасидир», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бир бандани қилган амали солиҳлари учун бошқа кишилар мақтасалар зарари йўқ. Балки бу дунёдаги мақтов унга у дунёда бўладиган мақтовларнинг башорати бўлар экан.
Бу маъно худди Аллоҳ таолонинг «Юнус» сурасида айтган қуйидаги гапларига ўхшайди: «Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир».
Ҳа, Аллоҳнинг дўстларига ҳам бу дунёда ва ҳам охиратда ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар икки дунёда ҳам тўлиқ омонликдадирлар. Улар бу дунёда Аллоҳга дўст бўлганлари учун, У зотнинг кўрсатмалари бўйича ҳалол пок, тўғри яшаганлари учун уларга ҳеч нарса хавф хатар солмайди. Уларнинг соғлигига, молу-мулкига, обрў–эътиборига, оиласига, жонларига, умуман ҳеч нарсаларига ҳеч қандай хавф йўқ.
Шунингдек, охиратда ҳам уларга дўзахнинг, ундаги азоб–уқубатларнинг ҳеч қандай хавфи йўқ.
Аллоҳнинг дўстлар бу дунёю охиратда ҳеч хафа ҳам бўлмаслар. Улар доимо хурсанд бўлурлар.
Ана ўша бахтиёр шахслар, Аллоҳнинг дўсти бўлиш шарафига муяссар блўганлар, икки дунёда хавфдан холи бўлганлар, икки дунёда хафа бўлмайдиганлар кимлардир?
«Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир».
Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало, У зотга иймон келтириш; иккинчидан эса, тақводор бўлиш, яъни, Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўзи ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир. Аллоҳга дўст бўлганларга эса:
«Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир».
Аллоҳнинг дўстларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила, аввало, бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар.
Мазкур хушхабар Аллоҳнинг сўзларидир.
«Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир».
Ҳозирда баъзи мусулмон жамиятлар ўша улуғ ютуққа бу дунё ҳаётида эриша олмаётган бўлсалар, бу нарса Аллоҳнинг калималари ўзгарганига эмас, балки иймон ва тақвода камчилик борлигига ёки иймон ва тақвонинг умуман йўқлигига далилдир.

КИМ БИР ҚАВМГА МУҲАББАТ ҚИЛСА ЎШАЛАР БИЛАН БИРГА ТИРИЛТИРИЛАДИ

Аллоҳ таоло: «Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!» деган.
Ушбу оятни ўқиган ҳар бир киши қалбида Аллоҳга ва Пайғамбарга соллаллоҳу алайҳи васаллам итоат қилиш истаги туғилиши ва кучайиши турган гап. Чунки ўзини билган, эси бор ҳар бир одам учун набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва омма мусулмонлар ичидан етишиб чиққан солиҳлар (яхши ишлари ила машҳур бўлган кишилар) билан бирга бўлишдан ортиқ бахт йўқ! Бу бирлик, албатта, жаннатда бўлади. Жаннатдаги мақомларда эса, мазкур бахтиёр тоифаларнинг мақоми энг юксак мақомлардир. Бу дунёда, баъзи бир солиҳлар билан бир марта кўришиб қўйган, бирорта мажлисда бирга бўлган кишилар умр бўйи ёдлаб, фахрланиб юрадилар. Бу оятда зикр қилинаётган биргалик эса, у дунёда, бир эмас, барча набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва аҳли солиҳлар билан, абадий бўлади. Бундай бир тенгсиз бахтни яхшироқ тасаввур қилиш учун, Пайғамбарларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалом билан бирга бўлишга инсоният тарихидаги энг бахтли авлод–саҳобалар авлоди қандай аҳамият берганини ўрганиб чиқайлик.
Ибн Жарир Саид ибн Жубайрдан ривоят қиладилар: «Ансорийлардан бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига хафа ҳолида келди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Эй фалончи, сенга нима бўлди? Хафа кўринасан?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, бир нарсани ўйлаб хафа бўлдим», деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У нима эди?» деб сўрадилар.
«Биз эртаю кеч юзингизга назар соламиз, сиз билан бирга ўтирамиз. Эртага Пайғамбарлар ҳузурига равона бўлсангиз, сизга етиша олмай қоламиз», деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарса демай, жим қолдилар. Бир оздан сўнг Жиброил: «Ким Аллоҳга ва Расулга итоат этса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар» оятини олиб келди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги кишининг ортидан одам юбориб башорат бердилар.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Рабийъ ибн Каъб ал-Асламий қуйидагиларни айтдилар:
«Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида тунаб қолган эдим. У кишига керакли нарсаларни, таҳоратларига сувни тутдим. У зот менга:
«Сўра», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, жаннатда сизнинг рафиқингиз бўлишни сўрайман», дедим.
«Бундан бошқани эмасми?» дедилар.
«Фақат шуни», дедим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ишда менга сен, ўзинг кўп сажда қилиш ила ёрдам бер», дедилар».

Бу дунёда Пайғамбар алайҳиссалом суҳбатларининг ҳаловатини тотган саҳобалар у зот билан охиратда ҳам ҳамсуҳбат бўлишга зўр ва мислсиз иштиёқлари бор эди. Ҳар бир мўмин-мусулмон бундай мақомга эришишни хоҳласа, ҳозир биз ўрганаётган оятга амал қилиб, Аллоҳга ва Расулга сўзсиз итоат этмоғи лозим. Ана ўшанда улар яхши рафиқларга соҳиб бўладилар. Бу нарса Аллоҳнинг уларга берган фазли марҳамати бўлур.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, Бир қавмга муҳаббат қилган ва уларга етиша олмаган одам ҳақида нима дейсиз?» деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўзи муҳаббат қилганлари билан биргадир», дедилар»
. Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги «уларга етиша олмаган»ни икки хил тушиниш мумкин. Бири уларга бориб қўшила олмаган. Иккинчиси улар қилган яхши амалларча амал қила олмаган. Аммо ҳар иккисида ҳам ўша қавмга бўлган муҳаббат ўз эгасини ўзи муҳаббат қилган қавмларга бориб қўшилишига сабаб бўлар экан.
Ким яхшиларга муҳаббат қилса уларга қўшиби қайта тирилтирилар экан. Ким ёмонларга муҳаббат қилса улар билан. Шунинг учун доимо мўмин-мусулмон ва тақводорларга муҳаббат қўймоқ зарур.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қиёмат қачон, Эй Аллоҳнинг расули,» деб сўради.
«Сен унга нима тайёрладинг?» дедилар.
«Мен унга кўп намоз, рўза ва садақа тайёрлаганим йўқ. Лекин Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат қиламан», деди.
«Сен, ўзинг муҳаббат қилгандар билан биргасан», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Биз ҳам шундоқми?» дедик.
«Ҳа», дедилар.
Ўша куни қаттиқ хурсанд бўлдик»ни зиёда қилган»
. Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:га бўлган муҳаббат улуғ нарса. Бу муҳаббат бу дунёда Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга ва у дунёда жаннатга етаклайди. Жаннатда бўлганида ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: билан бирга бўлади.

СОЛИҲЛАРГА МУҲАББАТ ҚИЛИШ, УЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ВА УЛАР БИЛАН БИРГА ЎТИРИШ ҒАНИМАТДИР

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар кумуш ва тилло маъданлари каби маъдандирлар. Жоҳилиятда яхши бўлганлари, агар фақиҳ бўлсалар, Исломда ҳам яхшилари бўлади. Руҳлар таёрланган лашкар кабидир. Танишганлари улфат бўладир. Ёқтирмаганлари ихтилоф қиладир», дедилар». Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: ўзларининг бу ҳадиси шарифларида одамларнинг табиатлари ва уларнинг бир-бирлари билан улфат бўлишлари ва бўла олмасликлари ҳақида тушунтириш бермоқдалар.
«Одамлар кумуш ва тилло маъданлари каби маъдандирлар».
Ердаги маъданлар ўзига хос хусусиятларга, бошқалардан фарқларга ва қимматларга эга бўлади. Баъзиси қаттиқ, бошқаси юмшоқ, баъзиси чидамли, бошқаси чидамсиз, бири нафис, бошқаси дағал ва ҳаказо. Худди шунингдек, одамлар ҳам ҳар хил бўладилар. Лекин одамларни яхшисини қандоқ ажартиб олиш мумкин? Одамларнинг
«Жоҳилиятда яхши бўлганлари, агар фақиҳ бўлсалар, Исломда ҳам яхшилари бўладир».
Демак, яхши одам бўлиш учун диндор бўлиш керак экан. Кишининг диндорлиги, диннинг дақиқ таълимотларини англаб унга амал қилишлиги қанчалик кўп бўлса, яхшилиги ҳам шунчалик кўп бўлар экан.
«Руҳлар тайёрланган лашкар кабидир».
Одамларнинг руҳлари тайёрланган лашкар каби турадилар. Улар ўзларига бўладиган амрни бажо этишга шайлар.
«Улардан танишганлари улфат бўладир».
Ана ўша руҳлардан бир-бирини ёқтириб танишадилар ва улфат бўладилар. Яхшиларнинг руҳлари яхшилар билан топишади. Улар билан улфат бўлади. Руҳи яхши бўлган кишилар аҳли салоҳлар, тақводор уламолар билан улфат бўладилар. Улар билан бирга бўлганларида яйраб кетадилар. Аста-секин тажриба ким кимлигини аён қилади. Ёмонларнинг руҳи ёмонлар билан топишади. Улар билан бирга бўлганда маза қилиб ҳузур топади.
«Ёқтирмаганлари ихтилоф қиладир».
Яхшиларнинг руҳи ёмонлар билан топиша олмайди. Улар ёмонлар билан кўришганда ўзларини ноқулай ҳолга тушиб қоладилар. Ёмонларнинг руҳи ҳам яхшиларнинг руҳи билан топиша олмайди. Улар бир-бири билан ихтилоф қиладилар. Шунинг учун ёмонлар алҳи солиҳ, тақводор кишилар билан бирга бўла олмайдилар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз дўстининг динида бўлади. Бирингиз ким билан дўст бўлаётганига назар солсин», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Албатта, дўст биродар бўлган кишилар бир-бирлари билан кўп вақтда бирга бўлишлари турган гап. Доимий равишда бирга бўлганлар бир-бирларидан тасирланишлари ҳам турган гап. Шунинг учун дўст танлашда жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Уламолар, аҳли солиҳлар ва тақводорлар билан дўст бўлганлар ўша азизлардан тасирланиши турган гап. Шунинг учун фақат яхшилар билан дўст бўлишга ҳаракат қилиш лозим.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Фақат мўмин ила соҳиб бўл. Таомингни тақводордан бошқа емасин», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам дўст танлашга алоҳида эътибор бериш кераклиги ўқтирилмоқда. Бу дегани бошқалар билан алоқа қилмаслик керак эканда деган фикрга олиб бормаслиги лозим. Алоқа қилиш, ҳусни муомалада бўлиш ҳамма билан бўлаверади. Аммо сирдош дўст бўлиш учун энг яхши фазилатларга соҳиб бўлган одамни танлаш лозим.

Миқдом ибн Маъдийкараб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бир киши биродарига муҳаббат қилса, унга ўзининг муҳаббати хабарини берсин», дедилар». Иккисини Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Ким бировни яхши кўрса унга бу хабарни етказмоқ керак. Шунда иккинчи тараф ҳам муҳаббатга ўтади ва одамлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланади.
Имом Термизий келтирган ривоятда: «Бир киши бошқасига муҳаббат қилса, унинг исмини, отасининг исмини ва кимдан эканлигини сўрасин. Бу дўстликни мустаҳкамлайди», дейилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:нинг ҳузурларида бир киши бор эди. Унинг олдидан бир одам ўтиб қолди. Шунда у: «Эй Аллоҳнинг расули, мен манашуни яхши кўраман», деди.
«Буни унга билдирдингми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Унга билдир», дедилар.
У унинг ортидан етиб борди ва: «Мен сенга Аллоҳ учун муҳаббат қиламан», деди.
«Мен ҳам Унинг учун менга сен муҳаббат қилган зот учун сенга муҳаббат қилурман», деди».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ўзидан аввалги келган ҳадиси шарифнинг таъкиди ва амалий татбиқидир.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Солиҳ улфат ва ёмон улфатнинг мисоли худди ҳомили миск ва босқончига ўхшайди. Ҳомили миск ё сенга беради, ё сен ундан сотиб оласан ёхуд ундан хушбўй ҳидни топасан. Босқончи бўлса, ё кийимингни куйдиради ё сен ундан қўланса ҳидни топасан», дедилар». Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳа, яхшиларга ёндошган фойда қилади. Ҳеч бўлмаганда уларнинг яхшилигини кўриб хурсанд бўлади. Аммо ёмонга ёр бўлган эса, ёмон бўлади. Улар билан бирга бўлган ҳеч бўлмаганда «Қозонга яқин юрсанг қораси юқади» деган мақолда айтилганидек бўлади. Шунинг учун доимо яхшилар, уламолар, фузалолар, таводорлар билан бирга бўлишга ҳаракат қилиш керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ўзининг бошқа қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ унинг йўлига кутиб турадиган фариштани қўйди. Унинг олдига келган пайтда:
«Қаёққа бормоқчисан?» деди.
«Ушбу қишлоқдаги биродаримни хоҳлайман», деди.
«Унда сен кўзлаган неъмат борми?» деди.
«Йўқ. Фақат мен унга Аллоҳ азза ва жалла учун муҳаббат қилганман», деди.
«Мен сенга Аллоҳнинг элчисиман. Батаҳқиқ, сен унга муҳаббат қилганингдек, Аллоҳ сенга муҳаббат қилди», деди».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Беғараз муҳаббат ва беғараз зиёрат ўз соҳибини ана шундоқ улкан мартабага эриштиради.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Ким бир беморни кўргани борса ёки ўзининг Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи:
«Қутлуғ бўлдинг. Босган қадаминг ҳам қутлуғ бўлди ва жаннатдан манзил олдинг!» дейди», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Албатта, дўстлик ришталари ўзаро зиёратлари билан мустаҳкамланади. Шунинг учунҳам ҳадиси шарифлар бу савобли ишга алоҳида эътибор берилган. Дўст биродарлар доимо беғараз зиёратларини канда қилмасликлари керак.

МУҲАББАТ ҚИЛИШГАНЛАР ҚИЁМАТ КУНИ АРШ СОЯСИДА БЎЛУРЛАР

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло қиёмат куни: «Менинг жалолим ила муҳаббат қилишганлар қани? Бугунги кунда Мен уларни Ўзимнинг соямдан ўзга соя бўлмаган кунда Ўз соямган олурман» дейди», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Менинг жалолим ила муҳаббат қилишганларга нурдан минбарлар бордир. Набийлар ва шаҳидлар уларга ҳавас қилурлар», дейилган.
Шарҳ: Албатта, Аллоҳнинг жалоли ила муҳаббат қилишганлар фақатгина яхши йўлда бўлурлар. Шунинг учун ҳам улар қиёмат куни мазкур олиймақомларга сазовор бўлурлар. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар бир-бирлари ила фақат Аллоҳ таоло учун муҳаббат қилмоқлари ва ўша муҳаббатга лойиқ бўлиб яшамоқлари лозим.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳнинг бандаларидан баъзи одамлар борки, улар набий ҳам, шаҳид ҳам эмаслар. Уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги маконларига қиёмат куни набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилурлар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули, улар кимларлиги хабарини бизга айтасизми?» дейишди.
«Улар ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молявий олди-бердилари бўлмаса ҳам Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилишган қавмлардир. Аллоҳга қасамки, албатта, уларнинг юзлари нурдир. Улар нурдадирлар. Одамлар хавфда бўлганларида улар хавфда бўлмаслар. Одамлар маҳзун бўлганларида улар маҳзун бўлмаслар. Огоҳ бўлинглар. Аллоҳнинг авлиёларига хавф бўлмас ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги «Аллоҳнинг руҳи»дан мурод Қуръони каримдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримда «Шундоқ қилиб Биз сенга Ўз амримиздан бўлган руҳни ваҳий қилдик» деган. Шундан гоҳида Қуръони каримни руҳ деб ҳам аталади. Ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молявий олди-бердилари бўлмаса ҳам Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилишган қавмлар, Аллоҳ таолонинг Қуръонига амал қилиш сабаби ила дўст бўлган одамлардир. Анашундоқ одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган улуғ мақомга эришар эканлар.

МУҲАББАТДА ЎРТАЧАЛИК МАТЛУБ

Абу Дарда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир насага бўлган муҳаббатинг сени кўр ва соқов қилиб қуюр», дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Бирор инсон ёки бошқа нарсага қаттиқ муҳаббат қўйиш унинг айбларини кўриш ва эшитишдан четга олиб чиқиб қўяди. Унинг барча нарсаси ошиқ учун гўзал бўлиб кўринаверади. Шунинг учун муҳаббат кўру кар қилиб қўядиган даражада бўлмаслиги лозим. Балки мўмин мўминнинг ойнаси бўлиб дўст ўз дўстининг баъзи нуқсонларини тузатиб турадиган бўлмоғи керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўз ҳабибингга бир оз юмшоқ муҳаббат қил. Шояд бирор куни ёмон кўрганинга айланиб қолар. Ёмон кўрганингни бир оз юмшоқ ёмон кўр. Шояд бирор куни маҳбубингга айланиб қолар», дедилар». Термизий, Байҳақий ва Табароний ривоят қилган.
Шарҳ: Инсон эртага нима бўлишини билмайди. Шунинг бир нарсага қўл урганда ҳаддан ошириб юбормаслиги керак. Хусусан одамлар билан муомалаларида. Бировни бугун яхши кўриб турган бўлсанг, эртага ёмон кўриб қолишинг мумкин. Ёки аксинчаси ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун оддий ҳолдаги одамлар билан бўладиган муҳаббат ва ёмон кўришда ўртача йўл тутган яхшидир.
Аммо Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат қанча кучли бўлса, шунча яхши бўлади.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz