Ислом Ҳақ дийн Принтер учун
10.04.2011 й.
Ислом дини ҳақ дин эканлиги аслида исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Аммо баъзи кўзи очиқ, қалб кўзи ожизлар учун фойдадан холи бўлмайдиган насиҳатлар ҳар даврга керак. Ушбу рисола орқали ана шу - ҳеч қачон бирор бир инсон томонидан инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатлар ҳақида сўз боради. Нафақат қалб кўзи, балки фитрати соғлом, ўзини ақлдан насибадор билганлар учун бундан яхши ибрат бўлмаслиги лозим.

"Албатта Аллоҳ наздидаги (мақбул бўладиган) дин Ислом динидир. Аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар) уларга (Ислом ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбарлиги ҳақида) аниқ билим-ҳужжат келганидан кейин фақат ўзаро ҳасад-адоват қилганлари сабаблигина талашиб-тортишдилар. Ким Аллоҳнинг оятларига кофир бўлса, бас, албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир". Оли Имрон, 19.

Ислом дини ҳақ дин эканлиги аслида исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Аммо баъзи кўзи очиқ, қалб кўзи ожизлар учун фойдадан холи бўлмайдиган насиҳатлар ҳар даврга керак. Ушбу рисола орқали ана шу - ҳеч қачон бирор бир инсон томонидан инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатлар ҳақида сўз боради. Нафақат қалб кўзи, балки фитрати соғлом, ўзини ақлдан насибадор билганлар учун бундан яхши ибрат бўлмаслиги лозим.

АҚИДА...

Ислом дини бошқа йўллардан мутлақ ҳақ эканлиги авваламбор ақийда билан, унинг асосий эътиқоди ила тасдиқланади. Барчага маълумки, исломдан бошқа барча тарийқат, маслак вакиллари ислом ҳақида гапирадиган бўлишса, уни "яккахудоликка тарғиб қилувчи дин" деб таърифлашади. Дарҳақиқат, исломнинг бошқалардан фарқи ҳам шундадир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам рисолат нурлари ила келганларида, фақат ва фақат инсонларни яккахудоликка чақирганлар. Ислом дини нима деб сўралганида ҳам авваламбор "Ла илаҳа илла Аллоҳ" дейилиши ва шу калимага жамики мушриклар қилич кўтариб чиққанликларининг ўзи, динимиз шиори "Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги"дир!
Бу борада кўп ҳужжатлар ворид бўлган, аммо биз оддий мисоллар ила чекланамиз. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга "Ла илаҳа илла Аллоҳ" калимасини айтишни таклиф қилганларида, улар Росул саллоллоҳу алайҳи ва салламга шундай дейишган эди: "Биз сен айтаётган сўзларни минбаъд айтмаймиз!" Бу нима дегани? Куфр аҳли ўз йўлида шу қадар собитки, ҳатто "Ла илаҳа илла Аллоҳ" демаймиз", деб ҳам айтишмаган. Ушбу калимани айтиб юборсак, бутларга исён қилган, уларни йўққа чиқарган бўламиз, деб ишонишган. Улар ўз эътиқодларига ростакамига содиқ эдилар.
Демакки, ислом бошқа дин ва ботил йўллардан биринчи навбатда Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига чақириши билан ажралиб туради. Бутун дунё ё Ийсони, ё Довудни Аллоҳнинг ўғли деяётганда, ёки фаришталарни, жинларни Аллоҳнинг фарзандлари деб эътиқод қилаётганда, бизнинг динимиз Қуръоннинг учдан бири деб таърифланган "Ихлос" сурасида Аллоҳ бу нуқсонлардан пок эканлигини тушунтириб беради: Ихлос. 3. У туғмаган ва туғилмагандир (яъни, Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У Азалий ва Абадий Зотдир). 4. Ва ҳеч ким У Зотга тенг эмасдир".

Яна бир оддий мантиқ, азизлар! Араб тилининг гўзаллиги ва жозибадорлиги ҳам шундаки, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам "Ла илаҳа илла Аллоҳ" деганларида улар ҳайратда қотиб қолишди. Чунки пайғамбаримизнинг бу хитобларида биринчи навбатда "илоҳ йўқ" деган сўз бўлди, кейин эса "Аллоҳдан бошқа" калимаси янгради. Бу шундай жозибадор ва мафтункор сўзлар эдики, унинг маъноси фақат ва фақат араб тилида ўз ифодасини топади. Чунки сарваримиз дунёни бутунлай ширкдан тозалаб, сизларнинг илоҳларингиз умуман йўқ, деб ҳайқира туриб, кейин Аллоҳнинг Ўзини яккаладилар. Ундан бошқа бирор бир маъбуд йўқлиги шундай суратда янгради. Бу сўзларнинг замирида "Аллоҳ худодир" деган сўзнинг ўзи кифоя қилмай, ундан бошқа илоҳ йўқлиги ўз тасдиғини топди. Дунё йўллари ила исломнинг ўртасини айнан ана ўша - тавҳид калимасининг биринчи қисми - "Ла илаҳа" сўзи бўлиб ташлади, ажратиб ташлади.
У шоирнинг сўзида жуда чиройли таърифланади:

Ла илаҳа илла Аллоҳни тилимиз айтар осон,
Аммо ушбу калима дунёни қилган ҳайрон.
Саҳобалар даврига олтин қаср қурдирган,
Толстойдек зотларни черковдан юз бурдирган,
Гётени ҳайрат ила исломга қилган мойил,
Айни шу калимадир, биродар бизга қойил
Эртадан кечга томон уни тинмай айтамиз:
Аммо қачон гуноҳдан, маъсиятдан қайтамиз???

Эътиқод илмида яна бир ҳолат бор. Исломнинг ботил динлардан фарқ қиладиган энг асосий жиҳати ҳам унинг ҳақиқатлигини тасдиқлайди. Бу ҳам бўлса, ғайбга иймон келтириш. Кўпчилик бу ҳолатга бефарқ бўлса-да, ислом аслида шунга бино топганини айтмасак бўлмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таъло иккинчи сурасидаёқ бу ҳақда шундай деган: Алиф, Лом, Мим. (Аллоҳ таъолонинг ҳақ каломи эканлигида) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу китоб ғойибга ишонадиган, намозни тўкис адо этадиган ва биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган тақволи кишилар учун Ҳидоят - Тўғри Йўлдир.

Ғайб нима ўзи? Ушбу сўз сўзловчига кўринмаётган, бироқ аслида мавжуд нарсага нисбатан ишлатилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло Бақара сурасида ҳам, бошқа сураларда ҳам инсонларни намозга ёйинки бошқа амалларга буюришидан олдин ғайбга иймон келтиришга чақиради. Сабаби, ғайбга иймон келтириш ила исломнинг бош мақсади амалга оширилади. Бугун дунё аҳлига назар солсак, уларнинг аксари кўзлари кўриб турган нарсага ишонишларини кўрамиз. Бирор бир воқеълик айтилса, у фақат содир бўлгандан кейингина ишонч ҳосил қилинади. Аслида эса мусулмонлар ғайбни ақлларига солмасдан туриб иймон келтирадилар. Мана шу нуқта бутун дунёни исломдан ажратиб юборади. Дунёнинг энг кўп аҳолиси яшайдиган мамлакатлар бунга мисолки, сохта худолар уларнинг уйлари тўридан жой олмиш. Худо ҳақида улар тафаккур ва тасаввурни бемалол ишлатадилар. Ислом эса бу борада фақат ишонишга чақиради. Ишониш шундай бўлиш керакки, қалб-қалбдан, сидқидилдан, бутун вужуд ила ишонишдир, бу ҳам кифоя қилмасдан ушбу ишончга тил ила иқрор бўлиб, амал ила исботлаш талаб этилади. Шу уч босқичдан иборат йўл охир оқибат инсонни ғайбиёт оламига тегишли бошқа бир маскан - ЖАННАТга киришга сабаб бўлади. Бу туйғуларни инсон фақат ва фақат чин дилдан ишониш йўли билан топади. Ислом динидан бошқа бирор бир маслакда бу тушунчалар бу қадар содда ва ишончли суратда ўз ифодасини топмаган. Қайдадир руҳ вужуддан вужудга кўчиб юради, деган сафсата ўйлаб топилган бўлса, қайдадир инсонлар ўлгандан сўнг йўқлик қаърига шўнғийди, деб ишонишади. Бу тушунчалар жамиятни разолат, маъсият ва гуноҳлар ичида қолиб кетишига сабаб бўлади.

Наҳл, 56. Улар биз ризқ қилиб берган неъматлардан ўзлари билмайдиган (яъни, жоҳилликлари, билимсизликлари сабабли Худо деб ўйлаган) бутлари учун насиба ажратурлар. (Эй мушриклар), Аллоҳ номига қасамки, албатта сизлар ўзларингиз тўқиб-бичиб олган бутларингиз тўғрисида (қиёмат кунида) масъул бўлурсизлар. 57. Улар: ("Фаришталар Аллоҳнинг қизлари", дейшиб) у "қизлар"ни Аллоҳники қилишади - у зот (бу бўҳтондан) покдир - ўзларининг кўнгиллари тусаган нарсани (яъни, ўғилларни) эса ўзлариники (қилиб олишди).

Исломнинг ҳақ дин эканлиги ақида илмида яна бир жиҳат билан ҳам исботланади. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан олдинги пайғамбарларга Аллоҳ таъоло кўпгина мўъжизаларни юборган. Кимгадир асо мўъжизаси, кимгадир одамларни тирилтириш мўъжизаси... Ушбу мўъжизалар Аллоҳнинг ҳикмати ила ҳар бир даврга ўзининг даражасида, ўзига керакли муолажа сифатида келган. Лекин исломнинг ҳақиқатини белгилаб берадиган яна бир исбот шуки, пайғамбарларнинг барча мўъжизалари очиқчасига инкор қилинаверган. Юнус сурасининг 13-оятида Аллоҳ таъоло шундай марҳамат қилади:

Юнус, 13. Аниқки, Биз сизлардан аввалги асрлардаги миллатларни ўзларига зулм қилганлари ва пайғамбари очиқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтирган пайтларида, иймон келтирмаганлари учун ҳалок қилганмиз. Биз жиноятчи қавмни мана шундай жазолаймиз.

Қавмлар жазоланди, шу пайтгача жазоланмоқда. Табиийки, ўз пайғамбарларининг мўъжизаларини инкор қилган қавмлар бунга лойиқдирлар. Энди ўзимизнинг мавзуимизга қайтадиган бўлсак, бутун дунёнинг нигоҳи охирги пайғамбарга қаратилди. Ийсо алайҳиссаломдан кейин келадиган охирги пайғамбарга Аллоҳ нимани мўъжиза қилиб юборар экан? У шундай мўъжиза бўлиши керакки, то қиёматга қадар инсонларни ажаблантириши керак. Йил, аср ўтиши билан, инсоният ҳар қанча тараққий этиб кетавермасин, унинг жозибаси сақланиб қолиши керак эди. Келинг, Аллоҳ таъоло набийларнинг охиргисига қандай мўъжизасини юборганлигини ягона Зотнинг Ўзи юборган Каломидан излайлик:

Сод, 1. Сод. Шаъну-шараф соҳиби бўлган Қуръонга қасамки, (албатта Қуръон Илоҳий мўъжизадир ва албатта Сиз, эй Муҳаммад алайҳиссалом, Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбаридирсиз). 2. Балки кофир бўлган кимсалар (бу ҳақиқатни қабул қилишдан) кибру-ҳавода ва (Аллоҳ ва Пайғамбарга) мухолифликда собитдирлар. 3. Биз улардан илгари ҳам қанча аср авлодни (иймонсизликлари сабабли) ҳалок қилганимизда улар (бошларига азоб тушганида ёрдам сўраб) нидо-илтижо қилганлар, (аммо бу вақт азобдан) қочиб қутулиш вақти эмас эди.

Демак, сўнгги пайғамбарга Аллоҳ таъоло мўъжиза сифатида Ўз Каломини жўнатган экан. Қандайдир муддат ичида ҳукм юритадиган шариатлар ила келган пайғамбарлар мўъжизаси қавмларига яраша эди. ҚАВМ бузилиб кетиши ва бошқа росул келиши ила эсдан чиқадиган, ёки тараққиёт даврида инсонларнинг наздида жуда ҳам жўн воқеълик бўлиб қоладиган даврий мўъжизалар охирги пайғамбарга қадар давомий суратда етиб турди. Аммо Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таъоло асони мўъжиза қилиб юбормади, тоғларни ағдариб ташлаш хусусиятини бермади, ёки ўликларни тирилтириб ташлашлик кароматига насибадор этмади. Оламлар раббиси охирги пайғамбарига ҳаёти дунёдан кўра устунроқ бўлган, то қиёматга қадар инс-у, жинни ҳайрон-у, лол айлайдиган Қуръонни, ЎЗИнинг каломини юборди. Ва шуни мўъжиза деб атади. Энди Аллоҳ ушбу мўъжизага қандай муносабатда бўлишимиз кераклигини ҳам уқтиради:

Анбиё, 50. Бу (Қуръон) ҳам Биз нозил қилган бир муборак Эслатмадир. Хали сизлар уни инкор қилгувчимисизлар?!

Ҳа, олдинги пайғамбарларни инкор қилганларнинг аҳволи аён. Улар эхтимол, давр ўтиши билан мўъжизавийлик хусусиятини йўқотадиган нарсаларни инкор қилишгандир. Аммо охирги пайғамбарнинг мўъжизасини улар қандай қилиб инкор қилишмоқдаки, ахир бу мўъжиза қиёматга қадар мўъжизавийлигини йўқотмаслиги аниқ-ку!
Араб шоирларидан бири Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга оятлар индирилаётган пайтда, ўзича Қуръон сураларини инкор этиб юрарди. Аммо Мадиний суралардан бири Ар-Роҳман сураси нозил бўлганида, у шаҳар кўчаларини даҳшатга солаёзган овоз ила бақириб юборган экан: "Бўлди, мен таслимман! Бундай сўзларни одам боласи тўқий олмайди!"
Услуб эътибори билан ҳам, жозибадорлиги ила ҳам, маъноларни қисқа жумлаларда жамлай олиши билан ҳам Аллоҳ таъоло бандаларига энг охирги мўъжизасини ажойиб суратда етказган эди:

1-2. Меҳрибон (Аллоҳ Муҳаммад Пайғамбар ва унинг умматларига) Қуръонни таълим берди.
3-4. У Зот инсонни яратиб, унга (дилидаги мақсадини аён эта олиши учун) баённи (нутқни) таълим берди.
5. Қуёш ҳам, ой ҳам (аниқ) ҳисоб-ўлчов билан (жорий бўлур).
6. Ўт-ўлан ҳам, дов-дарахт ҳам (Ёлғиз Аллоҳга) сажда қилур бўйинсунур.
7-8. У Зот осмонни баланд қилиб қўйди ва сизлар тош-тарозида туғёнга тушмасликларингиз (яъни, ўзгаларга зулм қилмасликларингиз) учун мезон-тарозини ўрнатди.
9. (Эй инсонлар, ўзаро олди-берди муомаларингизда) тўғри, адолат билан тортинглар ва тарозидан уриб қолманглар!
10. Ерни У Зот (жамийки) жонзотлар учун (яъни, улар жойлашиб, фойдаланишлари учун) паст-текис қилиб қўйди.
11. Унда (турли-туман) мева-чева ва гулкосали хурмо дарахтлари бор.
12. Яна сомонли дон-дун ва хушбўй (гуллар) бор.
13. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея (яъни, инкор қила) олурсизлар?!
14. У Зот инсонни (яъни, Одам алайҳиссаломни) сопол каби қуриган қора лойдан яратди.
15. Жин-иблисни эса алангадан оловдан яратди.
16. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
17. (Аллоҳ) икки Шарқнинг (яъни, кун ва ой ботадигин жойларнинг) ҳам Парвардигоридир.
18. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!

ДАЪВАТ

Эътиқодий масала бўйича исломнинг ҳақлигини ўргандик. Энди Аллоҳнинг сўнгги расули одамларни бу йўлга қандай чақирганликлари ҳақида сўз боради. Аллоҳ таъоло охирги пайғамбарига бу йўл жуда ҳам нозик йўл эканлигини айни даъват услубида ўрнак ўлароқ суратда тушунтиради.

Наҳл, 125. (Эй, Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингизнинг йўлига - динига донолик - ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва у зот ҳидоят топгувчи кимсаларни ҳам жуда яхши билур.

Бу даъват йўли шундай йўл бўлдики, у инсониятнинг мантиғига тескари юрди. Ҳар қандай маслак соҳиби инсонларни ўз йўлига киритмоқчи бўлса, авваламбор қавмнинг бойларига назар солади. Уларни эргаштиришга ҳаракат қилади. Ўзи тўқиб чиқарган йўлнинг хатоларини кўрсатиб қўймаслиги учун ҳам иложи борича эхтиёт бўлиб сўзлайди. Ўзига зарар ёки танбеҳ бўладиган бирор бир ҳаракатни бажармаслик учун уринади. Аммо Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли умуман тескари бўлди.
Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлини Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолонинг ўзи буюргани учун у зотнинг бошқа чоралари йўқ эди. Оламлар раббиси сўнгги расулига шу қадар оғир масъулиятни юкладики, уни пайғамбаридан бошқаси хис қила олмас.

Муддассир, 1-2. Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни Охират азобидан) огоҳлантиринг! 3. Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг! 4. Либосларингизни пок тутинг! 5. Бутлардан йироқ бўлинг! 6. (Бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг! 7. Ёлғиз Парвардигорингиз (Юзи) учун (кофирлар томонидан етадиган озорларга) сабр қилинг! 8-9. Чунки қачон (Қиёмат Қойим бўлгани ҳақида хабар бериб) бурғу чалинганида, ана ўша Кун қийин Кундир! 10. Кофирларга осон бўлмаган (Кундир)!

Саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом юқоридаги оятлар нозил бўлиши хусусида шундай деганлар: "Мен бир куни йўлда кетаётиб осмондан бир овоз эшитдим. Бошимни кўтариб қарасам, баногоҳ мен Ҳиро ғорида эканлигимда олдимга келган фаришта осмон билан Ернинг ўртасида муаллақ бўлган бир курсида ўтирибди. Бу ҳолни кўриб кўрққанимдан ерга йиқилдим ва қалтираб-титраган ҳолимда уйга етиб келиб, "Мени ўраб кўйинглар, мени ўраб қўйинглар", дедим. Энди кўрпага бурканиб ётганимда менга "Эй (либосларига) бурканиб олган зот", деб бошланган оятлар нозил бўлди".
Ушбу оятларда Аллоҳ таъоло Ўз Пайғамбарини зиммасидаги пайғамбарлик вазифасини сабр-тоқат билан адо этишга чорлаб, у зотга яқинда Дин Йўлига ғов бўлган кимсалар учун қийин бир Кун - Қиёмат келиши тўғрисида хабар берди. Энди савол туғилади: Даъват қандай бўлади. Ваҳийни росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам қандай етказишлари керак?! Ўзларичами, ёки бирор бир ҳарфига ҳиёнат қилмайми? Аллоҳ таъоло бу борада ҳам пайғамбарини қаттиқ огоҳлантиради.

Ал-Хааққа, 44. Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида; 45-46. Албатта Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шохтомирини узиб ташлаган бўлур эдик.

Энди мана шу ваъиддан кейин Пайғамбаримиз нима қилишлари мумкин эди? У зот шу қадар омонатга вафодор бўлдиларки, инсофи борлар, араб тилидан озгина хабари борлар айтишсин. Жабройил алайҳиссалом Росулуллоҳга араб тилида "Қул", яъни "Айтинг" деган сўз билан мурожаат қилар экан, сарваримиз ушбу сўзни ҳам тушириб қолдирмадилар. Аслида, бу пайғамбаримизга бир буйруқ эди, улар "Айтинг" деган сўздан кейинги сўзларни айтишлари ҳам мантиқан тўғри эди. Аммо бутун башарият юкини кўтариш бу қадар осон ҳал бўладиган, ақлга солиб юритиладиган иш эмасди.
Яна бир оддий мисол. Қуръонда "Абаса" деб номланмиш сура бор. Унда келган огоҳлантириш шу қадар ҳайратлики, агар ғарбликлар айтаётгандек Муҳаммад алайҳиссалом Қуръонни ўзлари тўқиб олганларида мутлақ бундай гапларни ишлатмаган бўлардилар. Чунки бу ҳар қандай маслак эгасининг зарарига юрадиган сўзлар эди.

Абаса, 1-2. (Пайғамбар алайҳиссалом) ўзининг олдига кўзи ожиз киши келгани учун қош чимирди ва (ундан) юз ўгирди. 3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз қаердан билурсиз, эҳтимол у (Сиздан ўрганадиган илму маърифати ёрдамида ўз гуноҳларидан) покланар. 4. Ёки панд-насиҳат олар-да, сўнг бу панд-насиҳат унга фойда берар?! 5. Энди (ўз мол-мулки билан иймондан) истиғно қилиб турган кимса бўлса; 6. Бас, Сиз ўшанга иқбол қилиб юзланмоқдасиз! 7. Ҳолбуки, у (ўзининг куфридаи) покланмаслиги сабабли Сизга бирон зиён етмас! 8-9. Энди (Аллоҳдан) қўрққан ҳолида олдингизга югуриб-елиб келган зот бўлса; 10. Бас, Сиз ундан чалғиб - юз ўгириб олмоқдасиз! 11. Йўқ, (Сиз асло бундай қилманг)! Албатта (Қуръон оятлари) бир панд-насиҳатдир. 12. Бас, ким хоҳласа ундан панд-насиҳат олур. 13-14. (У оятлар Аллоҳ наздида) азизу мукаррам, қадри баланд, покиза саҳифаларга;

Ривоят қилинишича, бир куни Пайғамбар алайхиссалом Қурайш зодагонларидан бир гуруҳини Исломга даъват қилиб турганларида олдиларига Абдуллоҳ ибн умми Мактум исмли кўзлари ожиз бир саҳоба келиб, бир неча бор: "Ё Расулуллоҳ менга Аллоҳ Сизга билдирган нарсалардан таълим беринг", деб такрорлади. Чунки у киши аъмо бўлганлари сабабли Пайғамбаримизнинг бошқалар билан банд эканликларини сезмаган эди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳалиги Курайш катталари Исломни қабул қилишса, уларга эргашиб орқаларидаги тобеълари ҳам мусулмон бўлиб келади, деган умид билан берилиб сўзлаётганлари сабабли, мана шу пайтда Абдуллоҳ ибн умми Мактум келиб сўзларини бўлганидан аччиқаниб, қовоқ солдилар ва у кишига орқа ўгириб Қурайш катталари билан сўзлашишда дивом этдилар. Шунда Пайғамбаримизга танбеҳ бўлиб мазкур вақкуйидаги оятлар нозил бўлди.
Шу ўринда биз эътиборинигизни мазкур оятлардаги икки ибратли нуктага жалб этмоқчимиз.
Бу оят Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб бўлиб, Унда Аллоҳ таоло: "Эй Муҳаммад, қаердан биласан, эҳтимол, бу кўзи кўр Абдуллоҳ ибн Умму Мактум сендан эшитган қуръон ва бошқа таълимотлар туфайли гуноҳларидан покланар. Сен бўлса бойларга боқиб, ундан юз ўгирмоқдасан", дейди. Аввал айтган, гуноҳдан покланишдан бошқа фоидалар ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Мисол учун ўша ҳузурингга рағбат ила келган кўзи ожиз киши сендан насиҳат олар, сенинг ваъзинг унга манфаат берар. Сен бўлсанг унга юз буриштириб, ундан юз ўгирмоқдасан.
Аммо бойлигидан фахрланиб, қулоқ осишни хоҳламаган, қурайшлик кишига бўлсак Сен у томонга интиласан. Унга ўз гапингни етказиш учун қаттиқ уринасан. Имконини топиб кўпроқ гаплашмоқчи бўласан. У покланмаса, сени ҳеч ким маломат қилмас. Ўша бой-задогон, мутакаббир мушрик куфру ширк, гуноҳу исён ифлосликларидан покланмаса, сени ҳеч ким маломат қилмас. Нечук, сен унга шунчалар ҳаракат қиласан? Ўшандоқ шахсни кўпроқ даъват қилишга саъйи қиласану... Аммо ҳузурингга шошилиб келган. Ва У зотдан қўрққан ҳолда бўлгандан эса... Бас, Сен ундан машғул бўласан. Унинг гапларидан аччиқланиб, юз буриштирасан ва ортга ўгирилиб оласан. Йўқ! Албатта қуръон оятлари эслатмадир. Йўқ!!! Бундоқ бўлмаслиги керак! Бой-бадавлат, аъёнларга алоҳида эътибор бериб, бева-бечора, камбағаллардан машғул бўлиб юз ўгирмаслик керак!!!
Ушбу ояти карималар нозил бўлганидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч кимга юзларини буриштирмаганлар. Ким келса, очиқ чеҳра билан кутиб олиб Ислом таълимотларини ўргатганлар. қачон Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу келсалар, У зот у кишини, марҳабо, Роббим мени унинг ҳақида итоб қилган шахс, марҳабо, деб кутиб олар, ридоларини ерга тўшаб, у кишини устига ўтказар эдилар. Бу ишлар, аввало қуръони Карим ҳақиқий илоҳий китоб эканлигига ёрқин бир далилдир. Чунки, фақат Аллоҳгина охирги замон Пайғамбарини бу шаклда итоб қилиши мумкин. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тасарруфлари қуръонни ҳаётга татбиқ қилишнинг яққол намунасидир. Ҳар бир мусулмон ҳам ҳар бир оятни худди шу шаклда татбиқ қилишга ҳаракат қилмоғи лозим.

Ҳа, азизлар, исломнинг ҳақ дин эканлигини яна бир карра томоша қилинг. Аллоҳ таъоло Ўзининг наздида ҳақ бўлган динини Ўзи ҳимоя қила олишини ушбу ваъдаси билан изоҳламоқда. Исломнинг тарихини ўқиган киши ҳайратдан ёқа ушлайди. Ўтмиши эслашга арзигулик бўлмаган, келажагидан ҳам умиди узилган инсонлар бу диннинг пешқадамларига айланишди. Улар томонидан кўрсатилган матонатлар то қиёмат қадар достонга айланажак аҳволга келди. Билол Ҳабаший, Суҳайбур Румий ва бошқа бир қатор қуллар исломни елкаларида кўтаришди. Бу дин қанчалик хўрланса, шунчалик азиз бўлди. Кун қизиган чоғида қизиган тошнинг иссиғи ила иймон деб аталмиш жавҳар пишиб борди. Аллоҳ таъоло ўз динини мана шу мантиқ асосида бино қилди.
Салмон Форсий деб аталмиш бир йигитнинг ҳаётига назар солинг. Эронда зодагонлар оиласида туғилганига қарамай, исломни топганида қул эди. Аллоҳ таъоло суюмли бандасига тўкин сочинлик ҳаётини афзал билмади. Чунки исломнинг аввали ҳадисларда келганидек "ғариб ҳолда" бошланиши тақдир эди. Ғарибликка қайтадиган дин вакиллари ҳамиша шу ҳолатга тайёр туришлари лозим!

САҲОБАЛАР

Фатҳ, 10. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳақиқат, Сизга байъат қасамёд қиладнган зотлар ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳга байъат қилурлар Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устида бўлур. Энди ким (ўз қасамёдини) бузса, бас, у фақат ўз зиёнига бузур. Ва ким Аллоҳ билан аҳд-паймон қилган нарсасига вафо қилса, у ҳолда (Аллоҳ) унга улуғ ажр-мукофот ато этур.

Имом Аҳмаднинг ривоятида машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд шундай деган эканлар: "Алло азза ва жалла бандаларининг албларига араб, Му аммаднинг соллалло у алай и васаллам алби уларнинг орасидаги энг яхши алб эканлигини к рди ва у кишини зига танлаб олиб пай амбар илиб юборди. С нг бандаларнинг албларига араб, са обаларнинг алблари уларнинг орасидаги энг яхши алб эканлигини к рди ва уларни пай амбарининг соллалло у алай и васаллам вазири илдики, улар Унинг дини учун курашдилар. Бас, мусулмонлар нимани яхши деб билсалар, у Алло нинг узурида ам яхшидир. Мусулмонлар нимани мон деб билсалар, у Алло нинг узурида ам мондир" (А мад, Баззор, Табароний).
Абдуллоҳ ибн Масъуд ишончли инсон ҳисобланади. Унинг саҳоба бўлганлиги эса юқоридаги сўзлар жуда ҳам асосли гап эканлигини кўрсатади. Чунки саҳобалар пайғамбаримизнинг ҳадисларини лафзан унутишган бўлса, одатда маъноларини ўзларининг сўзлари қилиб гапирганлар. Шу боис саҳобаларнинг танланганликлари ҳақидаги масала ҳам деярли ҳадис ўрнида қабул қилинади.
Саҳобалар ўша даврда тасодифан яшаб қолмаганлар. Аксинча, Аллоҳ таъоло атайин, ўзининг сўнгги ва ҳақ динига ҳақиқатан ҳам арзийдиган кишиларни асри саодатда яшатган эди. Саҳобаларнинг даъват майдонида кўрсатган ишлари, ақида бобида намойиш этган матонатлари, Расул алайҳиссаломга бўлган садоқатлари олдида то қиёматга қадар инсоният бош эгса арзийди.
Саҳобалар ҳаётидан бир-икки мисол келтириш ила биз исломнинг ҳақ дин эканлигини исботлашга яна бир карра қадам қўйган бўламиз.
Ҳазрати Билол қул бўлган. Қуллик инсонни тубан ҳолатга тушириб ташлайди. На келажакдан умиди, на ўтмиши ҳақидаги хотираси бўлади инсонни. Шу боис ҳам, Билол ўрнида исталган инсонни исталган тузумга қўйиб кўрадиган бўлсак, у ҳалокатга учрашиши муқаррар бўлади. Аммо ислом бир инсонни шу қадар улуғ қилиб тарбиялар эканки, асрлар давомида Билол ибн Рабоҳ инсонларни ҳайрат кўчасига етаклашда давом этмоқда.
Билол ибн Рабоҳ ота-бобоси қул бўлган оиладан чиққан. Унинг ўтмиши деярли бир хил кунлардан иборат ўтган, келажагидан эса бирор бир умид қиладиган нарса қолмаган эди. Аммо у Аллоҳнинг наздида буюк банда эканлиги кейинроқ - исломни қабул қилгандан сўнг маълум бўлади. Қул одам ҳар қандай тузум бўлса ҳам, қуллигини сақлаб қолиши керак. Чунки қуллик унинг қон-қонига сингиб кетган бўлади. Аммо Билол ибн Рабоҳ ҳаётининг энг аянчли даврида - устига қизиган тош қўйилган чоғда нажот кемаси янглиғ етиб келган Абу Бакрга йиллар ўтгандан сўнг, Абу Бакр Билолга азон айтиб беришни илтимос қилганда шундай деган эди: Эй, амирал мўминин, агар сиз мени Аллоҳ йўлида сотиб олган бўлсангиз, ўз ҳолимга қўйинг!
Ҳа, азизлар, бу сўзларни бир пайтлари қул бўлган инсон айтмоқда. Саҳобаларнинг бошқа инсонлардан мавқеъи баланд эканлиги айни шу жиҳат билан исботаланади. Билол қон-қонига қуллик сингиб кетганига қарамай, Абу Бакрга "мени тинч қўйинг" дея олди. Бу сўзлар ислом тарбиясини кўрмаган бирор бир йўл вакили томонидан янграмайди. Чунки Абу Бакр ҳам шу сўзларни кўтара оладиган инсон сифатида қарши олди ушбу сўзларни.
Ҳазрати Умар жоҳилиятда қизини кўмиб ташлагани ҳақида машҳур ривоят бор. Инсон шунчалик ҳам ваҳший бўладими, дейишингиз мумкин. Аммо ана шу инсон йиллар ўтиб, ҳидоят топганидан сўнг, неварасини эркаламайдиган кишини ҳокимликдан олиб ташлайди. Ислом агар ҳақ дин бўлмаса, Умарни, Билолни ва бошқа кишиларни йиллар давомида қон-қонига сингиб кетган ақидаларини шу қадар ўзгартириб юборармиди?
Тарихда иккинчи Умар номи билан танилган, ҳудди бобоси - Умар ибн Ҳаттоб сингари адолат тожини бошига кийган Умар ибн Абдулазиз деб аталмиш ҳалифа ўтган. Тартиб бўйича у саккизинчи бўлиб келса-да, ислом уламолари уни бешинчи ҳалифа деб номлашади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қиёматгача давом этадиган ўн икки тўғри йўлдаги ҳалифаларининг бешинчиси айнан Умар ибн Абдулазиз эканлиги ҳақида умуман ихтилоф йўқ. Анна шу инсон тобеъин ҳисобланади. Ўттиз ой давомида амирлик қилган инсоннинг хизмати шу қадар бўлдики, кейинчалик ўттиз ойни асри саодатга қиёсан ўттиз йиллик тарих деб номлай бошлашди. Лекин қизиқ томони шундаки, Умар ибн Абдулазизни ҳар қанча яхши кўрсак-да, уни асри саодатдан кейинги ҳалифа - Муовиядан устун қўя олмаймиз. Уламоларимиз Муовиянинг бурнидан чиққан чанг Умар ибн Абдулазизнинг жасадидан ҳам улуғдир, дейишган. Чунки Муовия САҲОБА бўлган. То қиёматгача асралишини Аллоҳнинг Ўзи зиммасига олган Қуръони Карим мусҳафга кўчирилаётган пайтда, Абу Бакр бешта ҳужжат инсонларни чақиради. Бу котибларнинг ичида Муовия ибн Абу Суфён ҳам бор эди. Айни манна шу хусусият Ҳазрати Алига қарши чиққан саҳобанинг улуғлигига далолат қилади. Юқорида Абдуллоҳ ибн Масъуд томонидан айтилган сўзларни яна эслаймиз-да, ислом келган даврда тасодифий шахслар бўлмаганликларини айтамиз. Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин.

Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Ҳамза,
Муовия, Абу Суфён, ибн Умар...
Қоронғу йўл ёқасида нурли шўъла ...
То Қиёмат бизга ҳужжат - саҳобалар!

Сиз-ла ислом сийратини ушлаб қолди,
Мунофиқлар бармоқларин тишлаб қолди.
Сиз кетдингиз - бу умматдан нур йўқолди,
Сиз-ла бирга кетган иззат, саҳобалар.

Абу Суфён, Ҳамзага бош эгмоқ зарур.
Ун-да шараф, ун-да фахр, ун-да ғурур.
Олам сизга бош эгса ҳам, қалби мағрур
Боқмадингиз бирор соат, саҳобалар.

Пойингизда олтин олтин дунё оқди,
Румдан тортиб Эронгача мамнун боқди.
Вале сизнинг пойингизда хўп улоқди
Бир қиймати йўқ салтанат, саҳобалар.

Муҳожирлик бўлди насиб сизга оғир,
Ансорий деб ном олган ҳам сизсиз, аҳир.
Қон-қонига сингиб кетган минг бир томир
Бир-бирига нур ва раҳмат, саҳобалар.

Бугун йўқсиз, сизсиз уммат ғариб ва хор.
Ўзидан кам жамоадан етиб озор.
Бугун унинг яшаш жойи кенг бир бозор
Ётар ери шум Шайтанат, саҳобалар.

Йўлимизни ёритгувчи ҳилоллар йўқ,
Ҳаромлар бор, тузатгувчи ҳалоллар йўқ.
Энди бизни уйғотувчи Билоллар йўқ.
Азонимиз бўлди ғафлат, саҳобалар.

Ислом учун жаҳд десалар, ҳайратлар бор,
Бунда руҳ йўқ, фақатгина сувратлар бор.
Аламлар бор, ситамлар бор, ҳасратлар бор,
Бордир гина, ҳам кудурат, саҳобалар.

Илм учун рағбат ҳам йўқ, даъват ҳам йўқ,
Маишат учун тўсиқ ҳам йўқ, сарҳад ҳам йўқ.
Пайғамбарлар меросхўрин кўнгли-чи тўқ,
Оз бўлса ҳам йўқдир ҳайрат, саҳобалар.

Яхшиямки, тун бор, ухлаш бахти бордир.
Тушда сизни кўрган инсон бахтиёрдир.
Бу кенг дунё кўпчиликка балким тордир,
Аммо сиз-ла улкан сарҳад, саҳобалар.

Сўз якуни шулдир: "Сизлар ислом аҳли,
Умар ўтди, ўтди Усмон, ўтди Али.
Учрашурмиз бир кун инша Аллоҳ ҳали
Ватанимиз бўлмиш - жаннат, саҳобалар!!!

ЖУҒРОФИЙ ЎРНИ

Юсуф, 2. "Дарҳақиқат, Биз уни (бу Китобни) сизлар ақлларингизни юргизишингиз (маъноларини англашингиз) учун арабий Қуръон ҳолида нозил қилдик".

Исломнинг аввалги юкини ҳозирги Саудия Арабистони ҳудудида яшаган инсонлар кўтаришган. Бугунги кунда одамлар ҳажга, умрага ушбу диёрга йўл олар эканлар, беихтиёр киши ажабланади. Аллоҳ таъоло ўзининг сўнгги пайғамбарини саҳрога ўралган, жазирама иссиқ ҳукмронлик қилаётган бир диёрга туширди. Бунда ҳам бир ҳикмат бордир-да, деб қўямиз. Анна шу ҳикматни Парвардигоримизнинг Ўзи билади. Аммо бизга маълум бўлган бир икки ҳолатлар борки, уни айтиб ўтмасак бўлмайди. Макка мушриклари исломга қарши шиддатли тарзда кураш олиб борган бўлсалар-да, мард бўлганликлари юқорида айтиб ўтилди. Жангда ҳалок бўлаётган мушрикнинг тепасига келиб исломни қабул қил, дейилса, бу таклифга деярли ҳамиша рад жавоби берилган. Саҳобалардек буюк мақомдаги инсонлар чиқиши тақдир қилинган диёр ўз ўзидан анна шу улуғ инсонлар қаршисида турган кишиларнинг ҳам матонатли бўлишларини талаб этади. Қўшин қанчалик кучли бўлса, унга қарши саф тортажак ёв ҳам шунчалик салобатли бўлиши лозим. Демак, Аллоҳ таъоло саҳобаларни энг яхши инсонлар эканлигини азалда қанчалик билган бўлса, саҳобаларга қарши қилич кўтариб чиққанларнинг қандай эканликларини ҳам шунчалик билган. Ўз-ўзидан мантиқ келиб чиқади: Ислом низомини илк дафъа ўзида тадбиқ этишдек шарафли ишни ўз зиммасига олган мамлакат ҳар томонлама нифоқдан узоқ, қайси томонда турса-да, ўз ақидасида собит бўлмоғи керак эди.
Ислом келмасидан олдин, жоҳилият даврида қабилачилик урф-одатларини кўриб чиқайлик. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қанақа пайтда даъват ишларини олиб бормасинлар, ўз қабиласига, урфига қаттиқ итоат қиладиган Абу Жаҳллар пайғамбаримизнинг амакилари билан ҳисоблашишга мажбур бўлишарди. Ҳатто Мадина томон ҳижрат қилаётган кишилардан фарзанд ё аёл тортиб олинса-да, агар бир кишининг ҳимоясида бўлса индашмасди, қўйиб юборишарди. Аслида, бугунги кунларимизга қиёсан оладиган бўлсак, араб мушриклари ўз ақидаларини йиғиштириб қўйиб, мусулмонларни хоҳлаганча қийнашлари ҳам мумкин эди. Бироқ, қабила урф-одатига ҳилоф юрмоқни улар катта ҳиёнат деб тушунишган. Демак, Аллоҳ ўзининг ҳақ динини ҳар қанақа замон ва маконга таққосланса ҳам мардлиги эътибори билан устун бўлган вақт ва диёрга туширганлиги маълум бўлади. Аллоҳ таъоло инсониятнинг қаймоқларини ва энг бадбахтларини айни шу даврда бир-бирига қарши тўқнаштирди. Ширкнинг энг юқори чўққисида турганларни иймон чўққисида турган асл инсонлар қарши олишди. Бу тўқнашув қиёматга қадар ўрнак бўлиб қолади, ўрнак бўлиб қолиши билан биргаликда, такрорланмаслиги билан-да ажралиб туради.
Яна бир оддий мисол. Араб ярим ороли ўша даврда икки империя - Рим ва Форс салтанатлари ўртасида қолган диёр эди. Мамлакат мақомида бўлмагани учун ҳам, қабилалардан ташкил топган диёр том маънода ҳеч кимга қарам эмасди. Баъзан у, баъзан бу томонга ҳирож тўлаб турса-да, бугунги саудияларнинг ерлари муқаддас замин эканлигини ҳамма биларди. Унга бирор бир салтанат соҳиби жиддий суратда кўз олайтирмаган. Аллоҳ таъоло ўз тақдирида бу муқаддас заминини бу нарсалардан пок сақлаганди. Яман қироли Абраҳанинг ҳалокатга учрагани бу борадаги энг яхши мисол.
Макка аҳли ширк-у, гуноҳ маъсиятлар ботқоғига ботиб қолган бўлишларига қарамай, нифоқ ва ёлғон устига қурилган Рим ва Форс империяси аҳлидан ўзларининг фитратан соф эканликлари билан ажралиб туришарди. Ҳозирда жоҳилият деб аталадиган давр аслида инсоният қадриятлари топталгани учун эмас, балки ана шу туйғулар ҳаддан зиёда, керагидан ортиқча миқдорда қўлланилганлиги учун жоҳилиятдир. Одамлар қизларини кўмиб ташлаганларида, буни орият деб, номус деб қилишган. Ширк ботқоғига ботганликларини ҳам солиҳ кишилар Аллоҳга қурбат ҳосил қилишади, деб изоҳлашган. Форс ва Рим империяси одамлари шу пайтда инсонларга сажда қилишар, ҳатто худони йўқ дейишар, келажакдаги қизлари номус келтиришига қарамай, уларни вояга етказишарди. Араблар билан бошқаларнинг ўртасидаги фарқ ҳам айни шунда эди.
Жуғрофий ўрин ҳам исломнинг ўз жойига тушганлигини кўрсатади.

Тоҳа. 113. Шундай қилиб биз уни (яъни қуръони каримни) арабий қуръон қилиб тушурдик ва унда қўрқинчли ваъдаларни (такрор-такрор) баён қилдик. Шояд улар (ширк ва куфрдан) сақлансалар ё (бу ваъдалар) улар учун эслатма-ибратлар пайдо қилса!

ФИТРАТДАГИ ТАШНАЛИК

Қуръон оятлари инсонларни ажиб бир туйғуга шерик қилиб қўяди. Араб саҳросига нозил бўлган Аллоҳ каломи ҳар бир қалб эгасини бир зум бўлса-да бош эгишга мажбур этган. Ушбу ҳолатларни дунёвий воқеъликка туширган равишда тасаввур қилиб кўрайлик.
Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида Қурайш аҳлининг энг ривожланган соҳаси тижорат ҳамда шеърият бўлган. Одамлар шу қадар шоирлик санъатидан кенг фойдаланишганки, қуръон нозил бўлаётган пайтда сўзлашувда ҳам шеърий услублар қўлланиларди.

Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га ваҳий келгунига қадар у зот ўқиш ва ёзишни билмасдилар. Ўқиш ва ёзишни билмайдиган инсон томонидан шеърий вазнларга бутунлай жавоб берадиган оятлар арабларни жим қилиб қўйди. Улар саводи йўқ инсон ўзидан ўзи бу қадар жозибали ва ҳайратли сўзларни айта олмаслигини ич ичларидан тан олиб бўлишган эди. Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли бандасига мана шундай мўъжизани илҳом қилганди.
Шоирлар ҳаётига бир назар. Халқ суйган шеър соҳиблари эндигина қалам тебратаётган ёки ўртамиёна шеър ёзиб юрадиганларни "шоир" деб аташмайди ҳам. Уларнинг "асарлари"ни шиғир деб номлашади. Бунга улар ҳақлилар, чунки ҳақиқатан ҳам ўртамиёна асар шеър деб номланишга арзимайди. Бугун биз ардоқлаган шоирларимиз ўша пайтдаги Қурайш қабиласи шоирлари олдида ўртамиёна бўлиб қолишади. Ана шундай ўта савияли инсонлар - улар хоҳ мушрик, хоҳ мусулмон бўлсин - қуръон оятларига бош эгишган. Каъба деворига осиб қўйилган шеърлар ичида "Кавсар" сурасини кўрган шоир: "Бу башар қўлидан келадиган сатрлар эмас" деб юборган. Аллоҳ таолонинг ҳақ Каломи беназирдир!
Дунё ҳокимлари ўз даврларида турли қонунлар ишлаб чиқишган. Улар бу ишларни билан келажак авлодга ўз қудратларини кўрсатиб қўйиш учун эмас, балки қонун борасида ўта юксак қобилият соҳиби бўлганликлари боис қилишарди. Мустабид мамлакат султони мустамлака ўлканинг қонунларини ҳам кўздан кечирар экан, яхши жиҳатдарини ўзиники қилиб олади. Шу тақлид қонуншунослик борасида етук мутахассисга айланиб боради.
"Қонун борасида қонуншунослардан кўра подшоҳлар етук бўлишади", деганида Наполеон ҳақ эди. Ана шу Наполеон қонунлар ҳақида гапирар экан, "Агар дунёни босиб олсам, Қуръон ҳукми билан бошқарардим", деган жумлаларни ҳам ишлатади. Бу зоҳиран ўта чиройли гап. Аммо тагида оғир бир ҳақиқат борки, қонунчилик ишларида ўзини илғор кўрсатадиган ғарбнинг мутахассис бир йигити Қуръон ҳукм қилиш борасида ҳам беназир эканлигини тан олмоқда. Франциялик лашкарбоши Аллоҳнинг ҳидояти нима эканлигини билмас, аммо дунёвий масалада Қуръончалик етук қонун йўқлигини ақлан фаҳлмаган. Худди араб шоирлари Аллоҳ каломи олдида жим бўлиб қолишгани сингари дунё қонунлари бўйича амалий иш олиб борган салтанат соҳиби ҳам бошини хам қилмоқда.
Юқоридаги мисоллардан фарқли ўлароқ, мўмин одам Қуръон дунё учун ҳам, охират учун ҳам энг яхши йўл эканлигини тасдиқлайди. У араб шоирлари тан олмаган ҳолда ҳам, Наполеон дунёни босиб олгандан сўнг-да ўз сўзида турмаса ҳам Аллоҳ каломини ҳамма нарсадан муқаддам қўяди. Нимага, биласизми?
Ислом дини инсонлар фитратига қараб келган. Шу боис, унга ҳамма интилади. Дунёвий олимларнинг барчаси Аллоҳнинг буюк динида ҳеч қандай нуқсон йўқлигини эътироф этишган. Саркардалар қуръондаги ҳукмлар ҳамма замонларга мос эканини айтишган. Аммо шу ўринда бир савол туғилади: Нега улар ушбу ҳақиқатларни билсалар-да, ўзлари билгандек яшайверишган. Куфр эътиқодда ўлиб кетаверишган? Жаҳонгирларнинг ҳаёти эса айни адолатсизликлар устига қурилган? Нега??? Унинг жавоби битта:

ҲИДОЯТ АЛЛОҲДАН!!!

Ушбу рисолани тайёрлашимиздан мақсад - фақат ва фақат Аллоҳнинг динига хизмат холос. Аслида бу хизматларимиз Аллоҳ учун эмас, балки ўзимиз учундир. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло бизнинг ёрдамимизга ёки бизнинг хизиматимизга муҳтож эмас. У Ўзи хоҳлаганидек инсонларни динига киритиб қўяверади. Фақат дунёни сабаблар дунёси қилиб яратган. Биз ана шу САБАБ бўлиш учун кураш олиб борамиз. Биринчи навбатда бизни шу йўлга йўллаб қўйгани учун Аллоҳ таъолога ҳамд ва шукроналар айтамиз. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдек зотни бизга муаллим қилиб қўйгани учун ҳам бу хизматни эртаю кеч амалга оширмоғимиз лозим бўлади. Лекин биз нима учун рисоланинг сўнгги қисмини ҲИДОЯТ АЛЛОҲДАН деб номлаганимизни энди айтамиз.
Ушбу рисолани ўқиганлар ичида Аллоҳнинг динига бел боғлаган, ҳалол ҳаром нима ажрата олган ва ҳаётини ушбу мезонларга бўйсундириб яшаган кўпгина инсонлар бор. Улар ҳидоят фақатгина Аллоҳнинг Ўзидан эканига яна бир карра амин бўлишлари учун бугунги рисолаимиз яна бир тасдиқ бўла олади.
Ишонмасангиз, бир синаб кўринг. Маза қилиб томоша қилганингиз - ушбу видеокассета ё дискни танишларингиздан бирига беринг. Унга "фалон-фалонлар исломнинг ҳақ дин эканлигини шу қадар ажойиб тарзда исботлашибдики, қочгани йўл, киргани кўча топа олмайсан", деб айтинг. Диндан бехабар танишингизни ушбу рисолани ўқиб чиққунига қадар кузатинг, ундан кейинги ҳолатини ҳам кузатинг. Агар - мана шу ердаги сўзларимизга қулоқ осинг - агар Аллоҳ Ўзининг ҳидоятига олмаса, юқорида бир ярим соатдан бери айтилган сўзлар умуман кор қилмайди, у буюк ҳақиқатларни қалбида инкор қилиб тураверади.
Мабодо, ўзгарган бўлса ҳам, у биздан бўлмайди. Аллоҳ таъоло унинг ўзгаришини, исломга бўйсунишини, иймон лаззатидан баҳра олишини ирода қилган бўлади, холос. У исломга арзийдиган киши бўлади. Сўфи Аллоҳёр ҳам ўз байтида: "Аввалги ҳолига қилма наззора, ани Тангрим азиз этса начора", деган.

Шу ўринда масалага ойдинлик киритадиган бир нарсани айтиб ўтсак. Чунки рисоланинг сўнгги қисми баъзиларда айбни тақдирга тўнкаш хиссини уйғотиши мумкин. Бирорта одам "Аллоҳ менга ҳидоят ва тавбани ёзмаган" деб айтмасин. Агар мана шундоқ деса, Аллоҳ таъоло қиёматда унга: "Агар сен уни қидирганингда албатта топган бўлар эдинг", деб айтади. Чунки ҳадиси қудсийда оламларни яратган Зот бандаларига шундай хитоб қилади: "Эй бандаларим, Мен ҳидоятга бошлаганлардан бошқа барингиз адашгандирсиз. Мендан ҳидоят сўранглар, сизларни ҳидоят қиламан". Аллоҳ таъоло хитобан: "Мендан ҳидоят сўранглар!", демоқда, демак, ҳидоят сўрамаган инсон фақат ўзидан маломат қилсин. Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, инсон ўз айбини тақдирга тўнкашга сира ҳам ҳаққи йўқ. Излаши керак, ўрганиши лозим, ахир қадимгилар ҳам бежиз айтишмаган: "Эшикнинг олдига бориб, тақиллатмай эшик очилмади, дея олмаганингдек, тақиллатилган эшикнинг ичидан ҳам бир кун овоз чиқиши муқаррардир".
Сўзимиз якунида мақсадга кўчсак-да, гапнинг индаллосини айтсак. Кўп гапирдик, амалимиз ўзимизга яраша. Аллоҳ таъолодан фақат бир нарсани умид қиламиз. Буни биз Ўзининг каломидан олган ҳолда айтамиз. Зеро, Қуръони Каримнинг балоғатли таърифи турганида, бошқа нарсаларга юзланиш ноўрин бўлгай:

Бақара, 272. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларни ҳидоят қилиш сизнинг зиммангизда эмас. Балки Аллоҳ ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилади. Қандай яхшилик (мол) инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, ўзингиз учундир. Фақат Аллоҳ юзини истаб яхшилик инфоқ-эҳсон қилингиз! Қилган ҳар бир яхшилигингиз сизларга зулм қилинмаган ҳолида сизларга тўла-тўкис қайтарилади.

Қасос, 56. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ Билгувчидир.

Анъом, 87. Уларнинг ота-боболаридан, зурриётларидан ва биродарларидан ҳам (ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳақ йўлга ҳидоят қилдик). Биз уларни сайлаб, тўғри йўлга ҳидоят қилдик.

Анъом, 125. Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса, унинг кўнглини ислом учун кенг қилиб қўяр. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек тор ва танг қилиб қўяр. Шунингдек, Аллоҳ ўз азобини иймонсиз кимсаларга (жазо) қилур.

Наҳл, 9. Тўғри йўлга (ҳидоят қилиш) Ёлғиз Аллоҳ измидадир. (Зотан, йўллар) орасида эгриси ҳам бордир. Агар (Аллоҳ) хоҳлаганида сизларнинг барчангизни (тўғри йўлга) ҳидоят қилган бўлур эди. (Лекин у Зот сизларга қайси йўл тўғри ва қайси йўллар эгри эканини кўрсатиб, қай бир йўлни танлаш ихтиёрини ўзларингизга қўйиб берди ва ақл-идрок билан тўғри йўлни танлаб олган бахтли бандаларини Ўз хоҳиш-иродаси билан ўша Ҳақ Йўлга ҳидоят этишини ваъда қилди, эгри йўлларни танлаган кимсалар эса ҳар икки дунёда бахтсиз бўлиб, ўзларига зиён қилишлари тўғрисида хабар берди).

Намл, 80. Аниқки, Сиз (ўз даъватингизни) "ўлик"ларга уқтира олмассиз ва юз ўгириб кетаётган "кар"ларга ҳам бу даъватни уқтира олмассиз. 81. Яна Сиз "кўр"ларни ҳам залолатларидан (чиқариб, Ҳақ Йўлга) ҳидоят қила олгувчи эмасдирсиз. Сиз фақат Бизнинг оятларимизга иймон келтириб, мусулмон бўладиган кишиларгагина уқтира олурсиз.

Ҳа, азизлар. Ислом аслида исбот талаб қилмайдиган ҳақ дин ҳисобланади. Аммо йиллар, асрлар бизни асри саодатдан узоқлаштирди. Пайғамбар алайҳиссалом ўз ҳадисларида энг яхши замон ўзларининг даври эканлигини айтганлар. Табиийки, йил йилдан ёмон бўлиб кетаверади, деган ҳадисда ҳам катта ҳикмат ва мўжиза яширинган. Биз ҳамиша яхши тилак билдирамиз. Аллоҳ таъолодан халқимизни Ўзининг тўғри йўлига йўллаб қўйишини сўраймиз. Зеро, Бухорий, Термизий, Замахшарий, Насафий, Муслим, Абдуллоҳ ибн Муборак, Мотурудий, Абу Лайс Самарқандий ва бошқа бир қатор исломни елкасида кўтарган холисларни улғайтирган Мовороуннаҳр бир кун келиб уйғонишига ишончимиз комил. Барчамизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракаси бўлсин!

Фотиҳа. 6-7. Бизларни, ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш - Тўғри йўлга йўллагайсан. АМИЙН.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort