Шайтоний туйғулар Принтер учун
10.04.2011 й.
ШАЙТОНИЙ ТУЙҒУЛАР...

...Дунёни ўзига қаратган гўзал аёлларнинг аксари ўзига жиддий қарагани учун ҳам, қон тизимидаги ҳолат жуда яхши баҳоланади. Чапани қилиб айтадиган бўлсак, уларнинг қони қайнаб туради. Айни шу тоифа вакилаларига нисбатан мойил бўладиган эр кишиларнинг қонида ҳам шикоят қилишга эҳтиёж йўқ. Демак, ўз-ўзидан савол туғилади: Шайтоннинг қонда айланиши агар рост бўлса, нима учун шайтоннинг энг яқин дўстлари – зинокорларнинг қонлари бу қадар тоза оқади?

ШАЙТОН КИМ ЎЗИ?

Шайтон инсоннинг қонида айланади. Мана шу жумлага ҳеч эътибор қаратганмисиз? Аллоҳ Роббил аъламийнинг ғазабига дучор бўлган бу маҳлуқ нима учун шу пайтга қадар инсониянинг ёвуз душмани бўлиб келмоқда? Шу ва шунга ўхшаш саволлар ҳар бир кишининг бошида айланса керак. Келинг, жавобни ўзимизнинг қосир ақлимизга солиб бермайлик-да, Қуръони Кариймнинг иккинчи сурасига мурожаат қилайлик. Ушбу жавобни оламларни яратган Зот – Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло беради:

Бақара, 30. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман»,- деганида, улар айтдилар: «У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиламанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сени(нг номингни мудом) пок тутамиз. (Аллоҳ) айтди: «Мен сизлар билмайдиган нарсаларни биламан».
31. Ва У Зот Одамга барча нарсаларнинг исмини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў килиб деди: «Агар (халифаликка биз ҳақдормиз, деган) сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринглар!»
32. Улар айтдилар: «Эй Пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта Сен ўзинг илму ҳикмат соҳибисан».
33. (Аллоҳ:) «Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмини билдир»,- деди. (Одам) уларга барча нарсаларнинг исмини билдирганидан кейин (Аллоҳ) айтди: «Сизларга Мен еру осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган ва яширган нарсаларни биламан, демаганмидим?»
34. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Биз Фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат иблис кибр ва ор қилиб, кофирлардан бўлди.
35. Ва айтдик: «Эй Одам, сиз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг ва ундан хоҳлаган жойларингизда бемалол таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангларки, у ҳолдазолимлардан бўлиб қоласизлар».
36. Бас, уларни шайтон йўлдан оздириб, масканларидан чиқарди ва айтдик: «Тушингиз (жаннатдан Ерга! Сизлар - инсон ва шайтон) бир-бирингизга душмансиз. Энди маълум вақтгача (ажалларингиз етгунича) Ерда маскан тутиб яшайсиз».
37. Кейин, Одам ўз Парвардигори тарафидан бир неча сўзлар (фармонлар) қабул қилиб олганидан сўнг (Аллоҳ) унинг тавбасини қабул қилди. Албатта У тавбаларни тавбаларни қабул қилгувчи Меҳрибон Зотдир.
38. «У жойдан (жаннатдан) ҳаммангиз тушингиз», дедик. «Бас, сизларга Мен тарафдан Ҳидоят келганида, кимлар менинг ҳидоятимга эргашса, ана ўшалрга ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар».
39. Аммо ўзлари кофир бўлишиб, Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса дўзах эгалари бўлиб, унда абадий қолажаклар.

Юқоридаги оятлар орқали одамзот Аллоҳ таъолонинг ердаги халифаси экани ва ҳатто бегуноҳ фаришталар ҳам унга таъзим қилишлари муълум бўлгани каби, шайтоннинг сўзига кириш уни жаннатдан маҳрум қилгани, энди ерда тинч, осойишта яшаш учун шайтони лаъиннинг васвасаларига учмаслик зарурлиги уқтирилади. Ҳа, ояти карималар ва саҳиҳ ҳадисларга мурожаат қиладиган бўлсак, соддат ва жўн тилда шайтон Аллоҳнинг осий маҳлуқи эканлиги тушунтирилган. Аммо инсоният мана, қанча вақт ўтса ҳамки, шайтоннинг макрига учиб келмоқда. Иблис юқорида айтилганидек, инсоннинг кушандаси эканлигини тан олган, ўз тили билан Аллоҳ таълога: «Бирон бир бандангни шукр қилгувчилардан топмайсан» деди. Шу мезон бизга ҳаёт тушунчасини очиб беради. Бечора ва телба файласуфларнинг иддаоларини чиппакка чиқаради. Ҳаёт моҳиятини тушунишни истаган, аммо нуқул берк кўчага кириб қолаверган мушрик олимларнинг ҳаёлотларини йўқотиб ташлайди. Чунки Аллоҳ таъолонинг ояти карималарини тафаккур ила тадаббур қиладиган бўлсак, унинг нақадар ҳақ эканлигини кўрамиз. Шайтон ҳақидаги тасаввуротларимиз ҳам янада зиёдалашади.
Бугунгача одамлар Шайтонни қандайдир ёвуз қиёфада тасаввур қилиб келишган. Тўғри, бу тасаввурнинг қисман тўғри жойи бор. Яъни Шайтон ҳамиша ёвузлик йўлбошчиси бўлиб келган. Аммо бизнинг тасаввуротимиздаги шайтон билан ҳақиқий Шайтон ўртасида катта тафовут бор. Ҳақиқий Шайтонни, Одам ва Момони жаннатдан чиқишига сабаб бўлган Шайтонни, фаришталарга дарс берган Шайтонни ва унинг ҳақиқий кайфиятини фақат ва фақат унинг холиқи бўлмиш Аллоҳ таълогина билади. Шайтон Аллоҳнинг Каломида ҳунук кўринишли кампир шаклида эмас, балки инсоннинг қонида айланадиган жирканч маҳлуқ сифатида келган. Қонда айланиш ҳусусиятига 20-срнинг ривожланган техникасига қадар инсонлар фақат эътиқод юзасидан иймон келтириб кетишган. Аммо бизнинг тезкор асримиз шуни кўрсатдики, инсоннинг энг биринчи бузиладиган қатлами ҳам, бузилгач қайта тикланмайдиган жойи ҳам ҚОН экан. Бугунги тиббиёт шуни кўрсатмоқда, исботламоқда. Инсоннинг табиати, унинг юриш-туриши ва жуда кўп белгилари қон орқали аниқланишини ҳам яхши биламиз. Аммо шу ерда нозик жиҳат борки, Аллоҳ таъоло Қуръони Каримда Шайтоннинг қонда айланиб юриши ҳусусидаги ҳақиқий илмини бугунги тиббиёт билмайди, била олмайди. Чунки юқоридаги фикрни чилпарчин қилиб юборадиган кўпгина масалалар бор.
Дунёни ўзига қаратган гўзал аёлларнинг аксари ўзига жиддий қарагани учун ҳам, қон тизимидаги ҳолат жуда яхши баҳоланади. Чапани қилиб айтадиган бўлсак, уларнинг қони қайнаб туради. Айни шу тоифа вакилаларига нисбатан мойил бўладиган эр кишиларнинг қонида ҳам шикоят қилишга эҳтиёж йўқ. Демак, ўз-ўзидан савол туғилади: Шайтоннинг қонда айланиши агар рост бўлса, нима учун шайтоннинг энг яқин дўстлари – зинокорларнинг қонлари бу қадар тоза оқади? Бу масалага ойдинлик киритиш учун Германиянинг машҳур тиббиёт даргоҳларига йўл оламиз. Маълум бўлишича, ўтказилган лабораторияларда ана шу тез оқадиган, кўринишидан тоза бўлган қонлар инсоннинг юрак системасини тез ишлатади ва жинсий яқинлик ҳолатларида кўпинча ўз эгаларини ҳалокат сари етаклайди. Шунинг учун ҳам бугунги Германияда қон масаласидаги фикрлар ҳам кескин суратда ўзгарган. Улар ташқи кўриниши чиройли инсонларга у қадар яхши муносабатда бўлмасликни ва улардан узоқроқ юришни тавсия қилишади.
Бу - европаликларнинг текширувидан сўнг юзага келган фикрлар. Аслида, Европа аҳлининг фикри биздагиларнинг «Шайтон ялмоғиз кампирга ўхшайди», деган тушунчасидан қолишмаслигини ҳам айтиб қўйиш керак. Чунки ҳар кўринган чиройли инсон шайтон бўлавермайди, ҳар ҳунук одам жаннатга тушадиган киши сифатида баҳоланмайди. Балки, инсон қонида айланадиган шайтон кайфияти фақат ва фақат Аллоҳга маълумдир.
Буни шундай тушунишимиз керакки, бир инсоннинг қони бузилди, унинг қонини алмаштириб ташлаймиз, деган билан, Шайтон қонга қўшилиб оқиб кетди, дегани бўлмайди. Балки балоғатга етганда унга қанчалик маҳкам ёпишиб олган бўлса, то ўлгунича у билан бирга яшайди. Ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқа уни таъқиб этади. Ҳатто илм олишни бошлаганидан кейин унга қаттиқроқ ёпишиб олади, уни бузишга уринади, турли йўлларга судрайди.
Иблис жаннатдан қувилган онидан бошлаб, маҳлуқот-у, мавжудотни зир титратиб юборадиган номга лойиқ кўрилди. У илк маротаба Парвардигорга осийлик қилди ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таъло томонидан лаънатланган, ноумид деган тамғани олди.

Олим эди, бир кун ул Иблис бўлди,
Нияти одамни қилмоқ беимон.
Аммо одамларга берилди имкон,
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Инсон деган сўзга қофия - исён,
Ва лекин оз бўлсин, баъзида «имон».
Биргина калима охирги замон...
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Одамлар тинмасдан ҳаддан ошдилар,
Имондан чиқдилар, ҳар ён қочдилар,
Ҳаттоки, осмонга тошлар отдилар,
Ва лекин...
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Ҳар ким турли томон нигоҳин тиккан,
Умидли кўзларда «Аллоҳ - бир» деган
Калима янграса кифоя экан...
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Баъзан қалбимизга тушар тугёнлар,
Баъзан қарши олсак оғир тўфонлар,
Ҳақни топиб келган Абу Суфёнлар...
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Кўпчилик билмайди иймон лаззатин
Умидга ишониб яшамоқ бахтин,
Асли бу энг азиз, энг яхши сокин,
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Энг сўнгги манзилни тавба билайлик,
Аллоҳдан сўрайлик, Унга йиғлайлик.
Сўнгга лаҳзада ҳам умид қилайлик,
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

ШАЙТОННИНГ УСЛУБЛАРИ

Бу саҳифамиз орқали Шайтоннинг услубларини кўриб чиқамиз. Ҳаётимизда оз бўлса ҳам асқотиши учун унинг йўлларини билиб олсак, фойдадан ҳоли бўлмайди. Бу услублар замон ва макон ўзгариши билан ўзгараверади. Техника тараққиёт топгани сайин унинг кўриниши ҳам бошқача бўлиб бораверади. Аммо моҳият ўша-ўша – инсонни ўзи билан жаҳаннамга олиб кетиш. Аллоҳга берган ваъдасини бажариш – бирон бир бандасини шукр қилмаган ҳолда топтириш. Айни шу услубларга алданмаслигимиз учун шайтоннинг турли найрангларини Аллоҳ ирода қилганича ўрганган бўламиз.

Бақара, 168. Эй Инсонлар, Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир.

Аллоҳ таъоло инсонларга ҳитобан жуда ҳам содда услубда тушунтирмоқда: Бемалол еб ичаверинглар, ҳалол пок нарсалардан истеъмол қилинглар, аммо айни шунинг зидди, ҳалол пок нарсаларнинг акси бўлган ишни қилманглар! Ҳаром нарсаларни истеъмол қилманг, ҳаромдан узоқроқ юринг, деган буйруқни Аллоҳ таъоло жуда ҳам чиройли услубда: «Шайтоннинг изидан эргашманглар!» деган буйруқ орқали берди.
Демак, оддий мантиқ келиб чиқади: Шайтон инсонларни ҳалол, пок нарсалар орқали буза олмас экан, уларни бузишнинг йўлини ҳаром томондан олиб боради. Бизга маълумки, ҳалол нарсаларни ҳалол қилган Зот – Аллоҳ, ҳаром нарсаларни ҳаром деган ҳам Аллоҳ. Ҳалол-ҳаром тушунчаларини ҳам биз Аллоҳ ва Расулининг сўзларидан биламиз. Шу ўринда Яна бир нарсани уқиб ўрганайликки, Шайтон бизни Аллоҳнинг ҳалол доирасида алдай олмайди. Шайтонга чалғитиш учун, алдаш учун берилган ҳудуд ҳаром ва шубҳалар мамлакатидир. Аллоҳ ҳаром қилган, ман қилган ишлар орқалигини Иблис алайҳиллаъна инсонларни ЭРГАШТИРА олади. Бақара сурасида Аллоҳ бизга буни ўз буйруғи орқали билдириб қўйди.
Одам алайҳиссаломга ҳам ҳалол ва ҳаром нима эканлиги буюрилган эди. Биргина дарахтнинг меваси ейилмаслиги қаттиқ тайинланганди. Шайтон шунча ҳалол нарсалар турганида, ўзининг ҳийласини айни шу таъқиқланган, яъни инсонга ҳаром бўлган мева орқали амалга оширди. Шундай экан, бу услуб қиёматгача давом этади. Ким нима десин, одамлар ўзларича нимани тўқиб олмасинлар, агар Аллоҳ ҳаром қилган бир ҳудудда инсонлар ўралашиб қолишса, улар шайтонга ем бўладилар. Пайғамбар алайҳиссалом қайтарган ишларни қилишга уринаётганлар ҳам Аллоҳга қасамки, шайтоннинг қармоғига илиниб бўлишган. Чунки Аллоҳ Ўзининг ояти карималарида буни бизга содда ва жўн қилиб тушинтирмоқда. Давомидан тағин айтмоқдаки, «Шубҳасиз, шайтон сизларга очиқдан очиқ душмандир».
Шайтон орқадан ёки олдиндан пистирма ясаб келадиган мавҳум душман эмас, балки очиқ душман эканлигини қандай тушунишимиз керак? Бунга Росулуллоҳ с.а.в нинг машҳур ҳадислари ажойиб жавоб бўла олади.

Абу Абдуллоҳ Нўъмон ибн Башир (р.а)дан: - Мен Расулуллоҳ (с.а.в)нинг шундай деганларини эшитдим: «Дарҳақиқат, ҳалол (бўлган нарсалар) аниқдир, ҳаром (бўлган нарсалар) ҳам аниқдир. Иккисининг ўртасида иштибоҳли бўлган (яъни на ҳалоллиги ва на ҳаромлиги аниқ бўлмаган) нарсалар ҳам борки, кўпчилик уларни билмайди. Бас, кимки шундай шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилиб юрса, динини ҳам, номус-обрўсини ҳам пок асраб қолади. Мутаффақун алайҳ.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳалол ва ҳаром аниқ демоқдалар. Демак, шайтоннинг бизга очиқ душман эканлиги ҳам очиқ кўриб турган нарсамиз орқали бўлишини тақозо этади. Инсон қалб-қалбида шайтонни қуваман деб, ҳаром ишга борса, аниқки, шайтонга эргашиб кетади. Ўзича, жаннатнинг юқори даражаларини топаман, деб ҳуснкор бир аёл билан бир уйда қолишни ирода қилса ва унинг қистовидан чиқиб кетаман, деса, биз кафилмиз, ўша уйни энг катта гуноҳлардан бирини қилган ҳолда тарк этади. Нимага? Чунки у Росулуллоҳ с.а.в таъқиқлаб қўйган ишни қилди. Пайғамбар алайҳиссалом икки номаҳрам пана жойда қолса, учинчиси шайтон бўлишини бир неча маротаба марҳамат қилганлар.

Анъом, 142. (У зот) ҳайвонлардан юк ташувчиларни ва (сўйиш учун) ётқизиладиган ҳайвонларни яратди. Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан енглар. Ва (ўзингизча ҳалол-ҳаром деб) шайтоннинг изидан эргашманглар. Албатта, (шайтон) сизларга очиқ душмандир.

Бугунги кунда дунёнинг энг катта фитналари ҳам айни шу масалада бўлаётганлиги фикримизга ёрқин далил бўлса керак. Одамларнинг ҳаётдаги безовталиклари, ҳотиржам бўла олмаётганлари ҳам Аллоҳ ҳаром қилиб қўйган ҳудудда ўзларининг мўминликларини ҳимоя қилишга уринаётганликларига бориб тақалади. Биродарлар, ундоқ яшаб бўлмайди, инсон ўзига ҳаддан ташқари катта баҳо бермаслиги керак, дейдиганларни ҳамма ҳам ёқтирмайди. Ҳаммани ўзингга ўхшатма, деб ҳақ йўлдагиларнинг овозлари ёпилади. Ваҳоланки, ўша сўзлар ҳам аслида шайтоннинг ёрдамида айтилаётганини ўзлари билишмайди.

Бақара, 169. У сизларни фақат ёмонлик ва бузуқликка ва Аллоҳ шаънида билмаган нарсаларингизни гапиришга буюради, холос.

Шайтон кезадиган ва инсонни адаштиришга ҳаракат қиладиган ҳудуд ҳақида имкон қадар маълумот олдик. Унинг навбатдаги услуби Аллоҳ шаънида билмаган нарсаларимизни гапиришга буюришидир. Инсон сира адашишни истамаса ва ўзининг тақвоси ила шайтонга қарши жиддий кураш олиб борса, Иблис инсонга Аллоҳ таъолонинг Зоти ҳусусидаги фикрларни ташлайди. Бу жуда ҳам ёзув услуб бўлиб, айни шу бузуқ эътиқод туфайли забардаст уламолар ҳам Тўғри йўлдан тойилиб кетишган. Аллоҳ ҳақида Аллоҳ айтмаган нарсаларни ўйлашни бошлаганидан сўнг инсон Аллоҳ Таълонинг Ўзи таъқиқлаган ҳудудни босиб ўтган бўлади. Юқоридаги саҳифамизда айтиб ўтганимиздек, Шайтон бу ҳудудда ўзининг овини ҳотиржам қабул қилади.

Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «£ай бирингизнинг олдига шайтон келади-да, «Бундай қилиб ким яратди? Бундай қилиб ким яратди?» дейишга тушади. Охир-оқибат «Парвардигорингни ким яратган?», дейди. (Мана шу даражага) етган киши Аллоҳдан паноҳ тилаб, ўзини тийиб олсин!».
Бухорий ривояти.

Бақара, 170. Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган нарсаларга эргашингиз»,- дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсаак, ўшанга эргашамиз»,- дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, Тўғри Йўлни тополмайдиган бўлсалар ҳам-а?!

Аллоҳ таъоло Шайтоннинг яна бир нозик ҳийла услуби билан бизни таништирмоқда. Қачон мушрикларга: Аллоҳ нозил қилган нарсаларга эргашингиз, дейилса, улар нима деб жавоб беришларини қаранг: Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшангга эргашамиз!» Аллоҳ таъоло шундан кейин савол бермоқда: Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, Тўғри Йўлни тополмайдиган бўлсалар ҳам-а?!
Аллоҳу Акбар! Нақадар содда ва тушунарли калималар! Ҳудди бизнинг кунларимизда нозил бўлгандек. Неча-неча кишиларни кўрамизки, ўзларининг гуноҳ ишларига ҳужжат ўлароқ қарияларни – ота-боболарини келтиришади. «Ҳа, улар кўпни кўрган бобойлар, агар намоз ҳақиқатан ҳам керак бўлса, улар ўқишарди-ку, ароқ ичиш чиндан ҳам ёмон амал ҳисобланса, шунча йил яшаган нуроний отахонлар билишарди-ку, носнинг ҳаром эканлигини сен тирранча-ёшлар қаёқдан билиб қолдиларинг, бобо-момоларимиз шу ишни қилиб келишган. Чойхонага ўтиришга чиқишни ўзларингча таъқиқлайсан, ахир қанча-қанча оппоқ соқолли кишилар ҳозирда масжиддан кўра кўпроқ чойхоналарда ўтиришади-ку. Нардани ҳаром дейсанлар, қанақасига у ҳаром бўлсин, ахир бу ўйинни фақат биз эмас, балки боболаримиз ҳам ўйнаб ўтган бўлишса. Етти, йигирма, йилни бидъат дейсанлар-у, бу амаллар неча ўн йиллар ошиб бизга етиб келган, қандай қилиб бизнинг ота-боболаримиз ёмон ишни қилишлари мумкин. Ахир уларнинг ҳам ота боболари бўлган, улардан кўрган билган ишларини қилишган. Агар уларни шундай деб айласаларинг, демак, бутун тарихни қоралаган бўласанлар».
Мана шунга ўхшаш қўштирноқ ичидаги мантиқий фикрлар билан ўрта ёшлилар исломдан хабар топган ёш йигитларни мот қиладилар. Аммо Аллоҳ таъоло ана шу шайтоннинг макрига илиниб бўлган кимсаларга хитобан: «Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, Тўғри Йўлни тополмайдиган бўлсалар ҳам-а?!» демоқда.

Шу ердаги жавоб бизнинг мавзуимизни очиб беради. Аллоҳ таъоло оталарига эргашишни таъқиқламади. Балки, агар бу оталар ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, сиротол мустақиймни топа олмаган бўлсалар, улардан узоқлашишга чақирмоқда. Тўғри йўлда бўлган, кўп нарсага ақллари етадиган боболаримизга эргашиш шу ояти карима билан ҳалол эканини тушуниб оламиз. Демак, шайтон ўз ўлжасини барибир, яна ва Яна Аллоҳ ҳаром қилган ҳудудда изламоқда. Шу нозик жиҳатни тўғри тушуниб олиш лозим.

Бақара, 268. Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билгувчидир.

Шайтоннинг яна бир ўта ҳавфли услубидан бири – инсонни камбағал бўлиб қолишдан қўрқитиб, ҳайру эҳсонни тарк эттитиришга уринади. Шунинг учун бўлса, валлоҳу аълам, Парвардигоримиз бизга эҳсон қилишни буюрганида малолланиб қолмаслигимиз учун: «Биз берган ризқдан» деб мурожаат қилади. Яъни инсон ўзидан эмас, балки Аллоҳ берган ризқдан Аллоҳнинг йўлида бериши керак.
Ҳаётда бундай мисолларга кўп бора дуч келганмиз. Қаршимизда бир ҳаром иш туради: унга берилажак маош жуда катта, ҳалол иш эса бизни камбағал қилиб қўядигандек туюлади. Шу ерда Шайтон ўзини кўрсатади. У эҳсон қилмоқчи бўлган кимсага: «Қўй, нима қиласан бериб, ундан кўра ўзингга ишлат, уни қил, буни қил,» деб васваса қилади. Аммо оятнинг мўъжизасига қарангки, Шайтон эҳсон қилишда камбағалликни эслатиб қўртқитса-да, фаҳш ишга келганда бу сўзларини айтмайди. Аслида, мантиқан эҳсонга ҳам, маишатга ҳам пул кетади, иккаласи ҳам инсонга фойда келтирмагандан кейин, яъни иккаласи ҳам инсоннинг чўнтагагига зарар бўлиб турса, Шайтон бу икки ишга бир хил муомалада бўлиши керакмасмиди? Йўқ, Иблис ҳайр эҳсонга ҳозирланган кишини «Буни қилма» дегани билан, фаҳшга чақираётганда сарфланажак маблағни асло эслатмайди. Шайтоннинг номардлиги ҳам шу ўринда яққол намоён бўлади!
Ушбу ояти карима бизга шундай таълимот беради: Шайтоннинг услубига тескари юриб кўр, шунда Аллоҳнинг йўлида бўласан. Сен фахш орқали Қиёматдаги азобни ўзингга сингдира олмасанг ҳам, ҳеч бўлмаса унинг дунёвий зарарларини ўйлаб кўр, аммо эҳсон масаласида Аллоҳга таваккал қил, У ўз Каломида «Биз ризқ қилиб берган неъматлардан» деб таърифлаётганини қўрқмасдан беравер, ваъдасига мувофиқ қайтариб беради. Қиёматдаги ажрни ўйлай олмаётган бўлсанг ҳам, бу дунёдаги ваъдаларига ишон!» деймиз. Бу иймони ўта заиф кишилар учун мурожаатдир. Шайтонни ҳайдашнинг сўнгги чорасини айтаяпмиз биз.

Анъом, 42. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), маълумки, сиздан аввалги миллатларга ҳам элчилар юборганмиз. (Элчиларимизни улар ёлғончи қилишгач), шояд тавба-тазарру қилсалар деб, уларни бало ва зиёнлар билан ушлаганмиз.
43. Бизнинг балоимиз етганда ҳам тазарруъ қилмадиларми?! (Албатта тавба-тазарруъ қилишлари лозим эди), лекин уларнинг диллари қотиб қолган ва шайтон уларга ўзлари қилиб юрган ишларини чиройли кўрсатиб қўйгандир.

«Шайтон уларга ўзлари қилиб юрган ишларини чиройли кўрсатиб қўйгандир». Айни мана шу жумла орқали бугунги ҳаётимизга бир назар ташлаймиз. Биз ўзимизча қилаётган ёмон ишларимизга чиройли баҳоналар топмайлик, Аллоҳ таъоло бу баҳоналарнинг ҳаммаси Шайтоннинг ҳийласи эканлигини айтмоқда. Бу амаллар бизга Иблис томонидан чиройли қилиб кўрсатиб қўйилгани баён этилмоқда. Ҳатто мусулмонман деб даъвао қиладиганларимизнинг хонадонига бориб кўрсак, у ерда шайтоннинг бир қатор амалларини кўришимиз мумкин. Бу амалларга оятлардан ҳужжат берадиганларимиз бор. Аммо шайтон бизни шунчалик хўрлаб қўйганки, у бизни оятлар ила бузмоқчи бўлади.
Ёки ҳаётий бир мисолни олайлик. Одамларга ҳали маълум бўлмаган бир соҳа кашф этилса, унга ном қўйилади. Дейлик, санъат. Ушбу биргина калимага бугунги кунда кўпгина нарса кириб кетган. Оддийгина лапар айтадиган ҳам ўзини санъаткор ҳисоблайди, Американинг барларида джаз ўйнаётган, рок юлдузлари ҳам ўзларини санъат аҳлидан деб билишади. Шайтон алйҳиллаъна одамларга «Санъат» деган сўзни чиройли қилиб кўрсатиб қўйган. Ушбу сўз остида бўлаётган ишларни эса гуноҳ эканлигини у бирор лаҳза ҳам эслатмайди. Шундан кейин бошланади ҳаммаси. Оинаи жаҳонни ёқасиз-у, бир очиқ-сочиқ аёлни ҳамма жойини кўз-кўз қилиб ўйнаётганига кўзингиз тушади. Уялиб кетганингиздан юзингизни буриб оласиз. Шунда атрофдагилар сизга нима дейишади, биласизми: бунинг нимасидан юзингни бурасан. Ахир, у санъаткор-ку, дейишади. Бир пайтлари яхши бир мақсад йўлида пайдо бўлган йўлнинг номи ила бузуқ, фахш ишлар Шайтон томонидан инсонга чиройли қилиб кўрсатиб қўйилган. Нима иш қилаётганлиги қизиқ эмас, у санъаткор бўлса, бас, амали тўғри бўлади, деган нотўғри тушунчани бериб қўйган ҳам Шайтон алайҳиллаъна.
Спорт деган сўз ҳам ҳамиша, ҳар маконда ижбий маънода тушунилади. Бадантария шариатда ҳам фарз амал. Аммо анна шу аслида соф, чиройли сўзнинг ичига шайтоний амалларнинг кириб қолганига гувоҳмиз. Бир ёш йигитча отаси билан сериал кўриб ўтирса, фильмда қиз билан бола бир-бирига бошқачароқ қараб туришса, ота дарҳол ўғлига бир йўталиб қўяди. Аммо ундан кўра минг чандон ҳаясиз бўлган фигурали учиш ёки аёллар теннисидаги баҳсларни бемалол кузатади. Чунки ота бу ишларнинг номи СПОРТ деб аталгани учун ҳам эътибор бермай қўйган. Афсуски, Шайтон қилинаётган гуноҳ амални чиройли кўрсатиб қўйиб, одамларни залолат ва разолат ботқоғига ботирмоқда.

Марям, 83. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз кофирларга уларни (гуноҳ-маъсиятларга) қўзғатадиган шайтонларни юборганимизни кўрмадингизми?
84. Бас, сиз улар устида шошқалолқлик қилманг (яъни, нега азобга гирифтор бўла қолмаяптилар, деб хайрон бўлманг)! Ҳеч шак-шубҳасиз биз уларнинг (қолган ой-кунларини ҳам қилаётган гуноҳларини ҳам) аниқ ҳисоб-китоб қилиб турурмиз.

Ҳижр, 39. (Иблис) айтди: «Парвардигорим, қасамки энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта мен уларга (одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли қилиб кўрсатиб қўюрман ва албатта уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман.
40. Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)».

Қадрли томошабин, энди яхшилаб ўтириб оласиз. Ҳозир биз Шайтон алайҳиллаънанинг бугунги кундаги энг ёмон услубидан огоҳлантирамиз. Бу услуб шу қадар аянчли ва мараз услубки, шу услубни енга олсак, инша Аллоҳ ислом улуғ бўлади, Аллоҳнинг каломи баланд пардаларда жаранглайди.

Оли Имрон, 175. Албатта, ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Бас, агар мўъмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз!
176. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), куфр - динсизликка шошаётган кимсалар сизни ғамгин қилмасин. Албатта улар Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. (Фақат) Аллоҳ улар учун охиратда бирон насиба бўлмаслигини истайди. Улар учун улуғ азоб бор (холос).

ШАЙТОН МАЛАЙЛАРИ

Моида, 90. Эй мўъминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз.

Ушбу ҳукм Қуръондаги ароқ, қимор - ҳақидаги охирги ҳукмдир. Мусулмонлар мана шу ҳукмга амал қилишлари фарздир. Қуръон оятдагидек бу нарсаларни қуруқдан қуруқ ҳаром дейиш билан кифояланмай, нима сабабдан ҳаром қилинганини ҳам баён қилган. Энди оддий мантиқ келиб чиқади. Ароқ ичадиган, ҳақ қаршисида турса-да, бутларга сиғинадиган, фолбинлик қиладиган ва қимор ўйнайдиган кишилар ШАЙТОН МАЛАЙЛАРИ бўлишади. Уларнинг амаллари кимликларини кўрсатиб турибди. Ароқ туридаги ҳар нарсанинг, яъни кайф берувчи сифатига эга бўлган ҳўл-у қуруқнинг ҳаром бўлганига ақлий ва нақлий далиллар етарлича топилади. Нақлий далил юқорида келтирилганини ҳисобга олиб, биз мавзуимизни ойдинлатиб берувчи ушбу оятга алоҳида эътибор қилайлик.
Кайф нима? Инсоннинг маст бўлиши, руҳини бошқара олмаслиги деб таърифланади. Бундай пайтда инсон гуноҳга мойил бўлиб қолади. Энг асосий жиҳати шуки, кайф ҳолати айнан Шайтоннинг маскани бўлмиш - қонда ҳумкронлик қилади. Яна Аллоҳ билгувчироқ, шунинг учун ҳам ароқ ичишни Павардигоримиз шайтон амалидан деб таърифлади.
Уч гуноҳдан бирини қилишга мажбурланган бир йигитнинг ривоятини эшитмаган одам бўлмаса керак. У, аёл билан зино қилиш, болани ўлдириш ва ароқ ичишдан бирини танлаган ҳолда ўлимдан сақланиб қолиши мумкин эди. Энг хавфсизи деб ул йигит ароқ ичишни танлайди ва кайфи ошгандан сўнг қолган икки ишни ҳам бажариб қўяди. Демак, кайф берувчи нарсаларнинг истеъмоли бизга Аллоҳнинг Буюк ҳикмати ила ҳаром қилинганки, ундан инсон юз ўгирса, фақат таназзулга учрайди. Ҳаётий мисоллар юртимизда сон-саноқсиз топилади.
Аллоҳ таъоло ўз оятларида «Эй мўминлар» деб мурожаат қилмоқда ва давомидан маст қиладиган ичкилик ичишни, ундан кейин эса қимор ўйнашни шайтон амали эканлигини таъкидламоқда. Ароқнинг жисмоний, руҳий қийноқлари ҳақида сўз борди. Энди яна бир гуноҳ амал - қимор ўйнашнинг эсланишига нима дейсиз? Қимор руҳиятга, жисмониятга катта зарар бермас, аммо унинг жамият учун турган битгани зарар. Аллоҳ таъоло бу дунёдаги яшаш қонунини – пешона терига топиган пул сабабига кўра яратди. Бир инсоннинг моли бошқасига ҳаром эканлиги қаттиқ тайин қилинди. Шунинг учун ҳам, қимор ўйинлари – бир неча киши ўртага пул ташлаб биттаси ютиб олиши – у қандай номланиши ва қандай кўринишидан қатъий назар «мин амалиш шайтон», яъни шайтон амалларидан эканлиги Аллоҳ томонидан уқтирилди. Бу услуб ила яшаш бошланса, одамлар дангасалик ва ғирром ҳаёт тарзига ўтиб олишлари муқаррардир.
Ароқнинг жисмониятга етадиган зарари, қиморнинг жамиятга етадиган зарари ҳусусида гапирилгандан сўнг, шайтоннинг яна бир жирканч амали – тиклаб қўйилган бутларга сиғиниш том маънода яратган Аллоҳга исёндир, ширкдир. Ароқ ичган одамнинг оғирлиги нари борса, оиласига, қўни-қўшнисига оғир тушар, қиморбознинг зарари ўзига ўхшаш ҳамтовоқларига зарарлидир, аммо бутларга сиғиниш Буюк Парвардигорга қарши очиқчасига терс юришдир. Шайтоннинг амаллари қайси томонга кетаётганини ҳис қиляпсизми? Аввал нафсни, кейин жамиятни ва ундан сўнг Аллоҳни масҳара қилган ҳолда жиддий юриш қилмоқда. Ҳалолидан ризқланиши керак бўлган бандани аввал ароққа ўргатиб ҳароб қилмоқда, сўнгра қимор ўйнашга таклиф этиб, жамиятдаги ўрнини пароканда айламоқда. Кейин эса Аллоҳниг ўрнига қандайдир бутга сиғинишга таклиф қилмоқда. Кейин эса...
Энди тўртинчи амалга яхшилаб эътибор қаратинг. Фолбинлик! Фолбинлик инсоннинг охирги тубанлиги ҳисобланади. Фолбинлар энди Аллоҳга ниманидир шерик қилиб ҳам ўтиришмайди, балки Ёлғиз Парвардигорнинг номидан гапиришни бошлашади. «Мен илоҳман» деган даъво ила келажакни, ғайбни айтишга тушади. Шайтон аста секинлик ила бўлса-да, инсонни шу ҳолатга олиб боради. Энди Аллоҳ таъоло айтмоқдаки, «уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз». Бу ишлардан бирортасини қилган инсоннинг нажот топа олмаслигига бу энг ёрқин далилдир.
Бу иш билан шуғулланаётган кишилар эса шайтон малайлари деб номланишади. Нафақат ароқ ичган, балки ароқ тайёрланиши жараёнида ва ичувчига олиб келинишигача иштирок этганларнинг барчаси шу оятга кириб кетади. Ваҳоланки, пайғамбар с.а.в ароқ туфайли ўнта кишини лаънатлаганларида ҳам, ичувчини биринчи бўлиб эмас, охирларида зикр этдилар. Сабаби, қолганлар ҳам унинг ичишида қатнашдилар. Турли вино, ароқ ва пиво заводи очиб, ундан келаётган фойдалар эвазига масжид қурадиган кимсаларнинг ҳоли ҳам Қуръони Каримда шармандали суратда келган.
Тавба, 109. Бас, (масжид) биноларини Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг ризолиги асосига қурган киши яхшироқми ёки биноларига емирилаётган жар ёқасини асос олиб, шу сабабли ўзи ҳам жаҳаннам ўтига қулаган кимсами? Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас.

Унга қўшимча сифатида шуни айтамизки, агар ўзларини мўмин санаб ҳаром молларидан инфоқ эҳсон қилмоқчи бўлсалар ҳам ўз ишларини тўхтатсинлар. Овора бўлиб ўтиришмасин ҳам. Зеро, Аллоҳ таъоло Бақара сурасининг 267-ятида: «Эй мўъминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол покизаларидан ва биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Эҳсон қилиш учун улардан ўзингиз фақат кўз юмиб туриб оладиган - паст-нопокларини танламангиз! Ва билингизки, албатта Аллоҳ беҳожат ва ҳамду сано эгаси бўлган зотдир», деб қўйган.

Эй биродар, жавоби йўқ саволлардан йироқ бўл!
Жарлик эмас, қулатгувчи зилоллардан йироқ бўл!
Риё бирлан халқ оғзина тиқарлар не топмишлар,
Асли ҳаром, вале номи халоллардан йироқ бўл!
Букун бутлар замонимас, меҳробларда тоғутлар...
Кўринмас бут ясайдирғон кулоллардан йироқ бўл!
Сени йўлдан бурувчилар ошкор бўлсалар, қўрқма!
Гуноҳлар қопин кўтарган ҳаммоллардан йироқ бўл!
Тоза кўнгил буюрган иш сени асло уялтирмас
Нақд фикрни ол, насия хаёллардан йироқ бўл!
Маҳмуд айтар: дин аҳкомин ўрган мутаққийлардан
Ёлғон азон чақиргувчи Билоллардан йироқ бўл!

ХОТИМА

Дунё имтихонхона. Унда бизнинг яхши ё ёмон эканлигимиз Шайтоннинг ҳийлалари ва макру синовлари орқали аниқланади. Аслида Аллҳ Шайтон бўлмаса ҳам бизнинг ким эканлигимизни яхши биларди. Аммо У Зот бизга ўз ишимизни ҳаётда яшатиб, ортиқча гап сўз бўлмаслиги учун ҳужжат қилиб қўйди. Ҳамиша Аллоҳнинг Ўзига топинайликки, у бизни адаштириб қўймасин. Шайтонга дўст қилиб қўймасин. Зеро, Қуръони Каримда Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло Шайтоннинг асл башарасини очиб ташлайди, унга эргашганларнинг аҳволини баён қилади. Айни шу ояти карима билан биз ҳам хайрлашамиз. Ўзимизни Ўзимиздан кўра яхшироқ биладиган Аллоҳнинг Ўзига топширдик. Шайтоннинг амалларидан узоқроқ бўлишимизни таъминласин.

Каҳф, 51. Мен уларни (иблис ва унинг зурриётини) на осмонлар ва Ерни яратишга ва на ўзларини яратишга гувоҳ қилган эмасман (яъни, улар Еру осмонлар қандай яратилганини ҳам, ўзлари қандай яралганликларини ҳам мутлоқо билмайдилар, буларнинг барчасини ёлғиз ўзим яратганман), шунингдек, Мен бу йўлдан оздиргувчиларни (ўзимга) ёрдамчи ҳам қилиб олганим йўқ (бас, сизлар нечун уларга ибодат қилурсизлар)?!

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort