Ичиш одоби ҳақида Принтер учун
18.04.2011 й.
islom.uz
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб замзамдан ичдилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган ва Термизийнинг лафзида:
«Замзамдан ундаги челакдан, тик турган ҳолда ичдилар», дейилган.

Шарҳ: Шунинг учун ҳам ҳозиргача, замзам ичиш одоблари ҳақида сўз кетганда ушбу ҳадиси шарифга амал қилиш тавсия қилинади.

Али розияллоҳу анҳуга Роҳба эшиги олдида турганида сув келтирилди. Бас, уни тик туриб ичди ва:
«Албатта, одамлар тик туриб ичишни макруҳ кўрадилар. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни худди мен қилганимни кўрганингиздек қилганларини кўрдим», деди».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ривоятдан замзамдан бошқа сувни ҳам тик туриб ичиш жоизлиги чиқади.

«Умму Фазл розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир қадаҳ сут юборди. У зот Арафотда тик турган эдилар. Бас, уни олиб ичдилар».
Бухорий ривоят қилган.

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоятида:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар», дейилган.
Муслим ривоятида эса:
«Сиздан бирортангиз ҳам тик туриб ичмасин. Ким унутган бўлса, қусиб юборсин», дейилган.

Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобосидан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тик туриб ҳам, ўтириб ҳам ичаётганларини кўрдим».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Уламо аҳли ичимликни тик туриб ёки ўтириб ичиш ҳақида келган ривоятларнинг ҳаммасини жамлаб, таққослаб, бошқа сабабларини ҳам топиб ўрганиб чиққанларидан кейин ўтириб ичиш мустаҳабдир, тик туриб ичиш эса, баъзи вақтларда жоиздир, деганлар.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликка пуфлашдан қайтардилар. Бас, бир киши:
«Идишга тушиб қолган нарсани кўрсам-чи?» деди.
«Олиб ташла», дедилар У зот.
«Мен бир нафасда ича олмайман», деди.
«Ундоқ бўлса, қадаҳни оғзингдан узоқлаштир», дедилар
».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таомланиш маданиятини қанчалик меҳнат ила жорий қилганларининг ёрқин намунасини кўриб турибмиз. Ҳар бир нарсани айтиб-тушунтириш, турли саволларга чидам билан жавоб бериш лозим бўлган экан. Аввал У зот ичиш одобларидан бирини саҳобаларга баён қилмоқдалар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликка пуфлашдан қайтардилар».
Аммо, бу қайтаришни эшитиш билан ҳамма шундоқ қилмаслигимиз керак экан деб кетавермади.
Бас, бир киши:
«Идишга тушиб қолган нарсани кўрсам-чи?» деди».
Яъни, сиз идиш ичига пуфламанглар демоқдасиз, аммо, бир ичимликни ичмоқчи бўлиб оғзимга олиб борсам, идишда, ичимлик устида бир нарса турган бўлса, пуфлаб юбориш керак бўлади-ку? Бу саволга жавобан:
«Олиб ташла», дедилар У зот».
Яъни, ўша нарсани ҳам пуфлама, балки олиб ташла. Сўровчида яна бошқа савол пайдо бўлди ва у ўша саволни ҳам берди:
«Мен бир нафасда ича олмайман», деди.
Яъни, мен идишдаги ичимликни бир нафас билан охиригача ичиб битира олмайман. Орада нафас олишим керак бўлади. Орада нафас олсам, идиш ичига пуфлашим керак бўлади. Бунга нима дейсиз? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сабр билан бу масалани ҳам ҳал қилдилар:
«Ундоқ бўлса, қадаҳни оғзингдан узоқлаштир», дедилар».
Яъни, нафасинг етмай қолганда идишни оғзингдан узоқлаштириб, нафасингни ростлаб олиб, кейин ичишда давом этсанг, идиш ичига пуфлаш содир бўлмайди.
Одамнинг оғзидан чиқадиган нафасда турли кўзга кўринмас зарарли нарсалар, қўланса ҳид ва бошқалар бўлиши ҳозирги пайтда ҳаммага маълум бўлиб қолди.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз ичса, идиш ичига нафас олмасин», дедилар
».
Шарҳ: Ичимлик ичаётган одам нафас олмоқчи бўлса, ичишдан тўхтаб, идишни оғзидан узоқлаштириб туриб, нафас олади. Сўнгра яна ичишни давом эттиради.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимлик ичганда уч марта нафас олар эдилар ва:
«Мана шу қондирувчироқ, безарарроқ ва ботувчироқ», дер эдилар». Анас:
«Бас, мен ҳам ичимлик ичганда уч марта нафас оламан», деди
».
Иккисини тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Уламо аҳли бу хилда ичимлик ичишни яхшилаб текшириб кўрганлар. Одам чанқаб турганда бадани, ички аъзолари ўзига яраша бошқача бир ҳолатда бўлар экан. Албатта, ўша пайтда бирданига кўп миқдордаги совуқ ичимлик истеъмол этиш соғликка зарар экан. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига амал қилиб ичишда эса, катта фойдалар бор экан.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимлик ичганда уч марта нафас олар эдилар».
Яъни, У зот аввал бир оз ичимлик ичиб, оғизлари, томоқлари ва бошқа аъзоларининг чанқоқлик ҳолидан бир оз бошқа ҳолга ўтишини таъминлар эдилар. Аъзолар бир оз кўникиб олгандан кейин эса, кўпроқ ичар эдилар. Ҳамма нарса ўз ўрнини топгандан сўнг, керагини ичар эдилар ва:
«Мана шу қондирувчироқ, безарарроқ ва ботувчироқ», дер эдилар».
Яъни, мана шундоқ қилиб ичилганда чанқоқ қонади, соғликка зарар етмайди ва ичимликнинг баданга ботиб, сингиб кетиши ҳам яхши бўлади.
«Анас:
«Бас, мен ҳам ичимлик ичганда уч марта нафас оламан», деди».
Ҳадиснинг ровийлари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ўзлари ривоят қилган ҳадисга ўзлари қандоқ амал қилишларини ҳам тарғиб учун қўшиб қўймоқдалар. Бизлар ҳам шундоқ амал қилмоғимиз лозим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Туянинг ичишига ўхшаб бир мартада ичманглар. Икки марта, уч мартада ичинглар. Қачон сизлар ичсангиз, тасмия айтинг. Қачон ичиб битирсангиз, ҳамд айтинг», дедилар
».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, ичимлик ичадиган одам шошилмай, яхшилаб ўтириб олиб, олдин «Бисмиллаҳи»ни айтиб, туяга ўхшаб оғзини борича тўлдириб олмай, оз-оздан, бўлиб-бўлиб ичиши керак экан. Ичиб бўлгандан кейин эса, Аллоҳ таолога шукр айтиши лозим экан.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сут ичдилар ва ундан оғизларини чайқадилар ҳамда:
«Унинг мойи бор», дедилар
».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Мойли нарса оғизда туриб қолса, зарар етказади. Демак, сут ва сутга ўхшаш мойли нарсалар ичгандан кейин оғизни яхшилаб чайқаш лозим экан.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимлик сақланадиган идишларнинг оғзидан ичишдан қайтардилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ичимлик ичмоқчи бўлган одам ичимлик сақланадиган идишдан қадаҳга(пиёлага) қуйиб олиб, ичмоғи лозим. Ҳар ким умумий идишга оғзини қўйиб ичаверса, табиатга ҳам, одобга ҳам, тиббий кўрсатмаларга ҳам тўғри келмайди.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан бир киши билан ансорийлардан бир кишиникига кирдилар. У боғига сув тараётган экан. Бас, У зот:
«Агар ҳузурингда бу кеча мешкобда қолган сув бўлса (келтир), бўлмаса, оғзимиз ила ичамиз», дедилар.
«Ҳа, менда бу кеча мешкобда қолган сув бор», деди у
».
Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилган ва:
«Ва капасига бориб, қадаҳга сув қуйди. Устига қўйни соғди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичдилар. Сўнгра у яна қайтарди. У зотнинг соҳиблари ичди»ни зиёда қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Мезбондан сув сўраш одоби.
2. Сув сақланадиган идишда сув бўлса ўшандан тановул қилиш афзаллиги.
3. Сув сақланадиган идишда сув бўлмаса, оқаётган сувдан оғиз билан ичиш мумкинлиги.
4. Сув сақланадиган идишдан қадаҳга қуйиб ичиш.
5. Сувнинг устига сут қўшса жоизлиги.
6. Аввал фазл аҳлига ичимлик тутиб, кейин бошқаларга тутмоқлик.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга сув аралаштирилган сут келтирилди. У зотнинг ўнг томонларида бир аъробий, чап томонларида Абу Бакр бор эди. Бас, У зот ўзлари ичиб, сўнгра аъробийга бердилар ва:
«Ўнг тарафдан, ўнг тарафдан», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар::
1. Сутга сув аралаштириб ичиш мумкинлиги.
Албатта, бу ичувчига билдирилган ҳолда ва ушбу ривоятдагига ўхшаган ўтиришларда бўлса. Аммо ҳийла тариқасида сутга сув аралаштириб сотиш ҳаромдир.
2. Кўпчилик ўтирганда ичимликни аввало энг афзал, муҳтарам шахсга тутиш лозимлиги.
3. Ундан кейин ўша муҳтарам шахснинг ўнг томонидаги кишига навбат келиши.
4. Сўнгра ўнг томондан давом этиб кетавериши.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қавмнинг соқийси ичишда охиргисидир», дедилар
».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Одоб бўйича бир қавмга соқийлик қилиб, сув ва бошқа чанқовбосди ичимликлар тарқатиб турган киши ўзи охири ичади. Олдин меҳмонларнинг хизматини қилиб савобни тугал олиб, сўнгра бемалол ўзи ичса бўлаверади. Таом улашув билан машғул дастурхончи ҳам шундоқ қилади.

ХУЛОСА

Уламо аҳли ичимликларни ичиш одоби ва унга боғлиқ барча далил ва ҳужжатларни синчиклаб ўрганиб чиққанларидан кейин жумладан қуйидаги мулоҳазаларни айтганлар;

1. Ҳаромлигига далил қоим бўлмаган барча ичимликларни ичмоқ жоиздир.
2. Инсоннинг ўзи ёки баъзи аъзоси ҳалок бўлишини олдини олишга ва вожиб амалларни адо этишга зарур бўлган ичимликни ичиш вожибдир.
3. Ҳожатини қондирадиган ва чанқоғини қондирадиган даражада ичиш мандубдир.
4. Ҳожатидан зиёда ичиш гоҳида макруҳ, гоҳида ҳаром бўлади.
5. Ичимлик ичишдан олдин «бисмиллаҳи»ни айтилади.
6. Ўнг қўл билан ичилади.
7. Уч марта бўлиб-бўлиб нафас олиб ичилади.
8. Идишнинг ичига нафасини урмайди.
9. Ўтирган ҳолда ичади.
10. Сувни симириб ичади.
11. Ўта тўйиб кетадиган даражада ичмайди.
12. Сув идишнинг оғзидан ичмайди.
13. Идишнинг учган жойидан ҳам ичмайди.
14. Ичимликни ичиб бўлганидан кейин ҳамд айтади.
15. Сувни ичиб бўлган одам бошқа кишига бермоқчи бўлса, ўнг тарафидаги одамга узатади.
16. Тилло ва кумуш идишларда таом еб, ичимлик ичиб бўлмайди.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz