Эр ва аёл киши ақли орасидаги фарқ Принтер учун
19.04.2011 й.
islom.uz
...аёлни мақтаб, алдаб кўчага олиб чиқишди, унинг ҳаё пардасини йиртиб, фаҳш ишларга судрашди. Иккови ҳам аёлларнинг шаънини ерга уришдан бошқа иш қилмади. Икковлари ҳам аёлга ишлаб чиқариш воситаси, деб энг оғир ишларга солиб қўйишидан бошқа «эркинлик» беролмади...

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг аҳли дўзахнинг кўпи эканингизни кўрдим»-дедилар. Улардан бир гапга уста аёл: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, аҳли дўзахнинг кўпи эканмиз?»-деди. У зот салоллоҳу алайҳи васаллам: «Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз. Сизга ўхшаган ақли ва дини ноқисларни ақл эгаси устидан ғолиб бўлишини кўрмадим»-дедилар. Ҳалиги аёл: «Эй Аллоҳнинг Расули, ақл ва диннинг нуқсони нимадир?»-деди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ақлнинг нуқсонига келсак, икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тўғри келади. Бу ақлнинг нуқсонидир. Аёл бир неча кунларни намоз ўқимай ўтказади ва Рамазонда рўза тутмайди. Бу диннинг нуқсонидир»-дедилар.
Бухорийнинг иборатида: «Ҳайз кўрган пайтида намоз ўқимай, рўза тутмай қўядими?»-дедилар. Улар: «Худди шундоқ»-дедилар. У зот: «Бу–диннинг нуқсонидир»-дедилар» шаклида келган. (Бешовлари ривоят қилган).
Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан юқорида танишиб ўтганмиз. Қўшимча равишда айтамизки, китобларимизда Ибн Умар, дейилса Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан бошқа одам назарда тутилмайди. Шунингдек, Ибн Масъуддан мурод, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудир.
Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳадиси шарифдаги аёл киши ҳайз пайтида намоз ўқимаслиги ва рўза тутмаслигини диндаги нуқсон эканлиги ҳақидаги гапларни иймонда зиёдалик ва нуқсон бўлишига далил қилиб кетмоқдалар.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг исломий тарбиясига алоҳида эътибор берар эдилар. Доимо муслима аёлларни илм маърифатга чорлар эдилар. Аёллар учун алоҳида илмий мажлислар ўтказар эдилар. Уларнинг ўзларига хос ваъз-насиҳатлар қилар эдилар. Ана шундоқ муносабатларнинг бирида У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлларга хитоб қилиб:
«Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг аҳли дўзахнинг кўпи эканингизни кўрдим»-дедилар».
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида кўп нарсаларни, жумладан дўзахни ҳам, дўзах аҳлининг кўпи хотин кишилар эканини ҳам кўрдилар. Бу ерда ўша кўрганлари ҳақида гапирмоқдалар. Аёлларни дўзахдан қутилиш учун садақа қилишга, кўпроқ истиғфор айтишга чорламоқдалар.
Ушбу вазиятда Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий пайғамбарликлари, меҳрибон ва мушфиқ раҳнамо эканликлари намоён бўлмоқда. Чунки, У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам бор гапни очиқчасига айтиб, аёлларни тўғри йўлга солиш, саодатманд қилиш учун қайғурмоқдалар. Аччиқ бўлса ҳам ростини айтмоқдалар.
Ўз манфаатини ўйлаган ҳар қандай доҳий, раҳбар ёки бошлиқ ҳам аёллар тўпи ичида туриб бу гапни айта олмайди. Улар ёлғон-яшиқни гапириб, одамларни мақтаб ўзига обрў-эътибор олишдан бошқа нарсани ўламайди.
Ҳақиқий муршид эса, очиғини айтади. Муомалани тўғри йўл билан ҳал қилишга имкон қидиради. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг дўзахда кўп бўлиши ҳақида хабар бериш билан бирга, бу мусибатдан қутилиб қолиш йўлидан бири садақа бериб, кўпроқ истиғфор айтиш эканини ҳам баён қилмоқдалар.
Бу хабарни эшитган саҳобия аёл розияллоҳу анҳолар ўзларини чин мўмина, фозила, оқила аёллар эканликларини исбот қилдилар. Нарози бўлиб, бақир-чақир қилмадилар. «Нима учун ундоқ бўлар экан, аёллигимиз айбимизми?» демадилар ҳам. Расули Акрамнинг гапларини тасдиқ қилдилар, унга бутунлай таслим бўлдилар. Лекин, илмий мажлис одобига риоя қилган ҳолда уларнинг вакиласи хабарда келган мусибатдан қутилиш, дўзахга тушишдан сақланиш йўлини билиш ниятида, аёлларнинг дўзахга кўп тушишлари нима сабабдан эканлигини сўради:
«Улардан бир гапга уста аёл:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, аҳли дўзахнинг кўпи эканмиз?»-деди
».
Берилган саволнинг одобини қаранг. «Нима учун биз дўзахга кўп тушар эканмиз?» ёки шунга ўхшаган гап билан эмас, «Бизга не бўлдики?», деб сўралмоқда. Бунда «ўзимизда бирор айб бордирки, шундоқ бўлган, ўша айб нима эканлигини билсак бўладими?» деган маъно бор. Шунинг учун ҳам,
«У зот салоллоҳу алайҳи васаллам:
«Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз
»-дедилар.
Яъни, қарғишни кўпайтирганингиз учун, эрларингизга нисбатан ёмон муомалада бўлганингиз учун, шу аҳволга тушасиз, дедилар. Бунда албатта мўмина, муслима аёллар учун қарғишдан четланиш ва эрнинг розилигини олишга уринишга тарғиб бор. Айниқса эр билан бўладиган муомаладаги хатолар кўп ва нозик бўлгани учун Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам қўшимча қилиб:
«Сизга ўхшаган ақли ва дини ноқисларни ақл эгаси устидан ғолиб бўлишини кўрмадим»-дедилар».
Яъни, ўзингиз ақли ва дини ноқис бўла туриб, ақл эгаси бўлган эркакдан ғолиб келиш учун уринганингиз қизиқ, дейилган. Бу жойда ҳам саҳобиялар олдинги одоб-ахлоқ намуналарини кўрсатдилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гапларига бутунлай таслим бўлдилар, чин дилдан қабул қилдилар. Шу билан бирга билиб қўйиш учун савол ҳам бердилар:
«Ҳалиги аёл:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ақл ва диннинг нуқсони нимадир?
»-деди».
Бу савол ҳам ўта юксак одоб доирасида туриб берилди. Ҳатто «аёллар ақли ва динининг нуқсони нимадан?»-ҳам дейилмади. «Ақл ва диннинг нуқсони нимадир?»-дейилди. Бу–«аёлларнинг ақли ва динида нуқсон борлигига сизнинг гапингизни эшитиб таслим бўлдик, энди, ўша ақл ва дин нуқсони нимада намоён бўлишини билиб олсак бўладими?» деганидир. Шунда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам батафсил жавоб бердилар:
«У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ақлнинг нуқсонига келсак, икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тўғри келади. Бу ақлнинг нуқсонидир
»-дедилар.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда аёллар учун энг тушунарли шаръий мисолни келтирдилар. Аллоҳ таоло баъзи бир ишларга гувоҳлик беришда бир эр ва икки хотин бўлса икки эр гувоҳнинг ўрнига ўтиши таъкидланган. Бунда албатта, аёл кишининг аёллиги эътиборга олинган. Чунки, Исломдаги аёл ҳар хил ноқулай ҳолатларда иштирок этиши кам бўлади. Шунинг учун гувоҳлик пайтида адашиб қолиши мумкин. Икки киши бўлсалар бир-бирларига эслатиб туришлари ояти каримада ҳам айтиб ўтилган. Шу билан бирга баъзи бир фақат аёлларга хос туғиш ва эмизишга ўхшаш ишларда бир аёлнинг гувоҳлиги қабулга ўтаверади. Кўп эркакнинг гувоҳлиги эса ўтмайди. Шунинг ўзи ҳам юқоридаги гап вазиятни эътиборга олиб айтилганини кўрсатади.
Аёлларнинг эркакларга нисбатан ақли камлиги нозик масала бўлиб, Ислом душманлари бу ҳақдаги гапни динимизга қарши таъна тошини отиш учун кўп ишлатиб келмоқдалар. Улар бу масалада икки хотиннинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигигига тенг келишини ва ушбу ҳадисни далил қилиб келтирадилар. (Икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тенг қилиниши ҳақида юқорида қисман гапирилди, ким бу ҳақда муфассал маълумот истаса, «Тасфири Ҳилол» китобига мурожаат қилсин).
Биз бу ерда эса, ҳадиси шарифдаги гап ҳақида сўз юритамиз. Гувоҳлик масаласи шароитга қараб айтилган мисол эканлигини айтиб ўтилди.
Лекин аёлларни ақли ва дини ноқислар, деб васф қилингани ҳақида бир оз гаплашиб олайлик. Бу–аёлларни қасддан камситиш учун айтилган ҳам эмас. Балки бор ҳақиқатни очиқ-ойдин айтишдир. Келинг, ҳақиқатнинг кўзига тик қараб, бу масалада очиқча гаплашайлик.
Аввало, аёлларнинг ақли ноқис, дегани ҳар қандай аёлнинг ақли, ҳар қандай эркакнинг ақлидан паст, дегани эмас. Бу гап нисбий, умуман олганда ақл нисбатида эркаклар аёллардан устун туриши ҳақидаги гапдир. Чунки, баъзи бир аёллар ақл жиҳатидан кўплаб эркаклардан устун туришини бошқалар эмас, Ислом дини олға сургандир. Бунинг Қуръони Каримнинг Сабаъ маликаси ҳақидаги қиссасидан билинади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига келсак, Оиша онамиз ҳадисларини кўп ривоят қилишда, иккинчи ўринда турадилар. Кўплаб, машҳур саҳоба эркаклар ўзлари ҳал қила олмаган масалаларни ҳал қилиб беришни Оиша онамиздан сўрар эдилар. Ҳеч ким «Аёл кишининг ақли паст бўлади, унинг ривоятини олмаймиз», деган эмас. Лекин умумий ровийларни олганда, эркаклар устун турадилар. Энг кўп ривоят қилган шахс ҳам эркак киши, ровийлар сони ҳам улар ичида эркаклар аёллардан кўп эканини кўрсатади. Худди шу ҳолат бошқа иш ва соҳаларда ҳам яққол кўринади. Қайси бир соҳани олиб кўрсак, аёллардан баъзилари ўткир бўладилар, аммо асосий ўткирлар эркаклар бўлади. Жисмоний лаёқатларни бир томонга қўйиб турайлик. Чунки, жисмоний тузилиш ва имкониятлар борасида эркаклар аёллардан устун эканини ҳозирга келиб ҳеч ким инкор қилмай қўйди. «Нима учун?»-дейилганда, аёллик талаблари шуни тақозо қилади, деб жавоб берилади. Чунки, аёл киши, хотин, она бўлиши керак. Бунинг учун унга алоҳида латиф тана, тузилиш, жисм ва аъзолар керак. Ҳатто баданидаги тўқималар, хужайралар ҳам эркакникидан ўзгача, нафис, юмшоқ, нозик бўлади. Энди ўша нафис, юмшоқ ва нозик нарсалардан таркиб топган нозик аёлдан қўпол, кучли, қаттиқ нарсалардан таркиб топган эркакнинг мияси-ақли бўлиши мумкинми? Ҳамма нарсаси ўзига хос бўлган аёлнинг ақли ҳам ўзига хос бўлиши керак. Аёл кишига унинг аёллигига хос ақл керак. Шундоқ бўлган ҳам. Умуман олганда эркаклар аёллардан кучли, десак ҳеч ким ажабланмайди. Ҳолбуки, баъзи аёллар баъзи эркаклардан кучли бўлиши мумкин. Аммо, ҳақиқатни айтиб, умуман олганда эркакларниннг ақли аёлларнинг ақлидан кучли бўлади, дейилса, Ислом душманлари жазавага тушиб динимизга тош отадилар.
Энди соф ақлий соҳаларни олиб солиштириб кўрайлик: Қайси бир соҳани кўриш эса, сизнинг ихтиёрингизда: шоирликни, носирликни оласизми? Алжабр илмини оласизми? Ёки энг ақлий ҳисобланган шатранж-шахматни оласизми? Хоҳлаган соҳангизни олиб кўринг. Баъзи аёллар баъзи эркаклардан зўр бўлиши мумкин. Аммо, умуман олганда, эркаклар ақлий жиҳатдан ҳам худди жисмоний жиҳатга ўхшаб юқори чиқаверадилар. Бу–аёлларни камситиш эмас. Балки, уларни ўзига мос, ўзига хос тақдирлашдир. Аллоҳ таоло беҳикмат иш қилмайди. Эҳтимол, аёлнинг ушбу нозиклиги, латофати, юмшоқлиги билан унга эркакнинг ақли берилганда хато қилинган бўлармиди? Аёлнинг ақли ўзига хос бўлиши ўзи учун зийнатдир. Инсоният учун зийнатдир. Оила учун зийнатдир. Эркаклар учун зийнатдир. Агар икки бир ҳил ақл эгаси эру хотин бўлиб яшаса ҳам бўлмас эди. Қолаверса, мусулмон бўлмаган уламолар ҳам аёл ва эркакнинг мияларини таҳлил қилиб кўриб, ҳадиси шариф келган маъно тўғри эканини тасдиқламоқдалар.
Энди ўзларича аёлларни «ҳимоя» қилиб, уларни «камситаётган» Исломга бўҳтон тоши отаётганларнинг ўзларига бир назар солайлик. Уларнинг ўзи ким? Аёллар учун нима иш қилиб қўйибдилар? Аёлларни Ислом «камситиши»дан ҳимоя қилаётганлар ғарбликларми? Анову Рум империяси соясида, «илмий» анжуман ўтказиб, «аёл одам эмас, эркакка хизмат қилиш учун яратилган махлуқ», деб қарор чиқарган ғарбликларми? Аёлга кўзи тушса, шайтонга кўзи тушгандек гуноҳкор бўлади», деган ғарбликларми?
Ёки бу ҳақда Исломга бўҳтон тошини отаётганлар худосиз-коммунистларми? Улар аёлларга нима қилиб бердилар? ғарбликлар ҳам, коммунистлар ҳам аёлни хўрлашдан нарига ўтмадилар. Икковлари ҳам ёлғондан аёлни мақтаб, алдаб кўчага олиб чиқишди, унинг ҳаё пардасини йиртиб, фаҳш ишларга судрашди. Иккови ҳам аёлларнинг шаънини ерга уришдан бошқа иш қилмади. Икковлари ҳам аёлга ишлаб чиқариш воситаси, деб энг оғир ишларга солиб қўйишидан бошқа «эркинлик» беролмади.
Ислом бор ҳақиқатни очиқ айтгани учун айбдорми? Аёлларнинг аёллигини ўрнига қўйгани учун айбдорми?
Энди диннинг ноқислиги ҳақида сўз юритайлик. Ислом аёлларга ҳайз ва нифос даврида намоз ўқишни ва рўза тутишни ман қилган. Бугунги кунда аёл киши ҳайз ва нифос пайтида қандоқ ҳолатни бошидан кечиришни билмайдиган одам бўлмаса керак. Демак, ўша ҳолатни, ундаги қийинчиликларни эътиборга олиб, бу икки ўта аҳамиятли ибодатни вақтинчалик тўхтатиб туриш учун аёлларга алоҳида енгиллик берилган. Диний амаллардаги бу тўхташ, нуқсон ҳисобланмоқда. Яъни, намознинг сони нуқсонга учрайди. Рўза тутиш кунлари нуқсонга учрайди.
Аммо, зинҳор ва зинҳор бу иш учун аёлга гуноҳ ёзилмайди, мартабасини камайтирилмайди. Бу ҳам аввалги масала каби ҳақиқатни очиқ-ойдин айтишдан бошқа нарса эмас. Ушбу маъноларни аввало биз мусулмонлар ўзимиз тўғри тушуниб олмоғимиз, кейин бошқаларга тушунтирмоғимиз керак.
Энди юқорида айтган гапларимиз қуруқ назариядан иборат бўлиб қолмаслиги учун, илмий далил ҳам келтирайлик. Биз келтирадиган далилиларни юзага чиқарган одамлар мусулмон эмаслар. Уларнинг Иймон-Исломдан, дину-диёнатдан, ҳадис-Қуръондан ва пайғамбар ва Худодан умуман хабарлари йўқ. Улар исломга ҳеч қандай алоқада бўлмаган одамлар. Ўз мутахасисликлари бўйича илмий баҳс олиб бориб натижаларини эълон қилганлар халос.
Ушбу маълумотлар «ал-Жамоҳийрийя» рўзномасининг 1999 мелодий сана, 17-феврал сонидан олиниб, сўзма-сўз таржима қилинди.

ЭР ВА АЁЛ КИШИ АҚЛИ ОРАСИДАГИ ФАРҚ НИМАДА?

Эркак ва аёл кишилар фикрлаши орасидаги фарқни аниқлаш бўйича янги илмий иш олиб борган мия вазифаларини ўрганиш бўйича мутахасис жарроҳлар ўзлари эришган янги натижаларни эълон қилдилар.
Уларнинг таъкидлашларича аёл кишининг мияси эркак кишининг миясига қараганда 16%га кичик экан. Чунки, аёл кишининг ҳажми ҳам эркак кишининг ҳажмидан худди шунча ҳажмда кичикдир. Шунингдек, икковларининг мияси ҳам бир хил вазифани бажарганда ҳам турли услубда бажаради.
Мазкур илмий кашфиётларнинг бошқа хулосалари қуйидагилардан иборат:
1- ЭМ.ЭР.ЭЙ номли мияни сувратга олиш жиҳози баён қилишича, эркак киши фикр юритганда унинг миясининг муаяяан қисмигина ишлар экан. Бу жараён муаяяан қисмда магнит нурлари бўлиб кўринар экан.
Аёл кишининг миясини сувратга олганда эса, магнит нурлари миянинг ҳаммасида кўринар экан. Бу ҳолат ўз навбатида, эркак киши аёл кишига нисбатан фикрни жамлашга қудратли эканинг далили экан.
Эркак киши аёл кишига нисбатан кўнгилчанликда бенасиба эканлиги ҳам илмий равишда собит бўлди. Кўнгилчанлик изҳор қилиш пайтида аёл кишининг мияси эркак кишининг миясига қараганда саккиз марта кўп ҳаракат қилишини ҳам асбоблар кўрсатди.
Шу соҳанинг табибларидан бири: «Мен руҳий ҳолатлар табиби сифатида эркак кишининг кўнгилчанлиги аёл кишиникига нисбатан оз эканлигини яхши билар эдим. Аммо, бу нарса биринчи бор илмий равишда собит бўлди. Фақат бугина эмас, балки, бошқа илмий текширишларнинг натижасига қараганда, эркак киши аёл кишининг кўнгилчанликка оид ҳолатларини мулоҳаза ва таҳлил қилишда ҳам, аёл киши эркак кишининг кўнгилчанликка оид ҳолатларини мулоҳаза ва таҳлил қилишдаги қувватига тенг кела олмаслиги собит бўлди.
Бу соҳада эркакларнинг биргина устунлиги бўлиши мумкин, у ҳам бўлса, кўнгилга оид изтироботларга ва ҳасталикларга оз чалинишлари, холос.
Шунингдек, эркак киши ғазабланганда қўполликк ўтиши, аёл киши эса, гапиришга ўтиши, яъни, гап билан орани ислоҳ қилишга ўтиши ҳам собит бўлди.
Магнит тўлқинлари ўқувчи йигитлар ўқиш ва ёзиш даврида миянинг чап тарафини, ўқувчи қизлар эса, ҳам ўнг, ҳам чап тарафини ишлатишларини аён қилди. Миянинг чап тарафи мантиқ, ўнг тарафи кўнгилчанлик тарафи эканлиги маълум ва машҳур.
Тажриба исбот қилишича, эркак кишининг мияси томонларни, масофаларни ва миқдорларни ҳисоблашга мос ва кучли экан.
Миядаги ёруғлик ва овозни қабул қилиб оладиган махсус бўлаклар фаолиятини таққослаб чиқилганда, мазкур икки нарсани қабул қилиб олишда эркак кишининг мияси аёл кишининг миясига қараганда секин ишлар экан. Шунинг учун жуда паст овозни эркак киши эшитмас, аёл киши эса, эшитар экан. Ёруғликка нисбатан ҳам худди шундоқ экан. Эркак кишининг мияси мантиқ ва ҳисоб билан машғул бўлгани учун ёруғликни қабуд қилиб олишга унча аҳамият бермайди. Шунинг учун эркак киши қоронғуликда аёл кишига нисбатан кўпроқ қоқилади. У қадамларни санаш, томонларни аниқлашга уринади. Аёл киши бўлса, қоронғуликда эркак кишига нисбатан яхши кўради.
Ёш улғайиш билан эркак кишининг мияси аёл кишиникига қараганда кўпроқ кичраяди. Йигирма ёшда эркак кишининг мияси аёл кишиникидан катта бўлади. Кирқ ёшда эса, икковларининг миялари тенглашади. Олтмиш ёшда аёл кишининг мияси эркак кишининг миясидан катта бўлиб қолди. Нима учун? Мутахасислар таққослаб кўрсалар, эркак кишининг ёши улғайиши билан унинг мияси кўпроқ қувват сарфлар экан ва шу туфайли кичариб кетар экан.
Аёл киши ўзининг аёллик хусусияти ила эркаклар қодир бўлмайдиган, ҳомила ва бувакнинг шикоятини англаб, уни таҳлил қилишга уста бўлади. Шунингдек, баъзи махфий нарсаларни ҳис қилиш, уларни мулоҳоза ва таҳли қилишга қобилияти ўткир бўлади.
Эркак кишида эса, хавф-хатарни даф қилиш, қийинчиликларни енгиш, ишларни тартибга солиш ва шунга ўхшаш нарсаларга қбилият кучли бўлар экан». (иқтибос тамом бўлди)

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Аёлларнинг ўзларига ваъз-насиҳат қилиб туриш.
2. Садақа қилишга тарғиб этиш.
3. Истиғфор айтишга тарғиб этиш.
4. Эшитувчига ёқмаса ҳам ҳақ гапни айтиш.
5. Мавжуд муаммонинг ҳал қилиш йўлларини айтиб бериш.
6. Саҳобия аёлларнинг одобларидан ўрнак олиш.
7. Ҳақ гапни, шариат ҳукмини эшитганда бутунлай таслим бўлиш, норози ёки хафа бўлмаслик.
8. Устоз, воъизга одоб билан савол бериш.
9. Аёллар ичидан гапга уста шахснинг устоздан савол сўраши яхшилиги.
10. Қарғиш гапларни гапирмаслик.
11. Эрни беҳурмат қилмаслик.
12. Эридан ғолиб келишга уринмаслик.
13. Аёл кишининг ҳайз кўрган ҳолатда намоз ўқиб, рўз тутишни тарк қилиши.
14. Ибодатларни қилмай туришлик диннинг нуқсони экани. Бу Аллоҳнинг Ўз буйруғи билан тарк қилингани ҳақида. Энди шаръий узри бўлмай туриб ўз ихтиёри билан ибодатни қилмаган, намоз ўқимаган, рўза тутмаган одамга нима бўлишини ҳар ким ўзи бўлиб олаверсин!
15. Аёл кишиларнинг илмий мажлислар қилиб, дину диёнат ва бошқа масалаларда илм олиб туришлари зарурлиги.

Ушбу ҳадиси шарифда келган маънолар татбиқига бугунги олам жуда ҳам муҳтож. Инсониятни латиф қисми бўлмиш аёллар олами йўл қўяётган нолатифлик туфайли келиб чиқаётган муаммоларнинг сон-саноғи йўқ. Қарғиш, лаънатлаш, сўкиш оқибатида оила аъзолари, қўни-қўшни ва жамиятда қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади. Аёлларнинг ўз эрларига бўйсунмаганлари оқибатида келиб чиқаётган ноқулайликларни эса ҳамма кўриб билиб турибди. Ислом дини ушбу икки муаммони аёлларнинг дўзахга кўп тушишига сабаб қилиб, кўрсатди. Бу ишни иложи борича қилмасликка тарғиб қилди. Шу билан бирга нима бўлса ҳам аёллик табиатидан келиб чиқиб, гоҳида хатога йўл қўйилганда уни тўғрилаш йўлини ҳам баён қилди. Аёлларга садақа қилиш ва истиғфорни кўпроқ айтишни йўлга қўйишни тавсия қилди. Бу кўрсатмаларга амал қилиш аввало аёлларнинг ўзларига, қолаверса эрларига, оилаларига, қариндош-уруғларига, жамиятларига ва бутун инсониятга фойда келтиради.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri