Таомлар ҳақида Принтер учун
21.04.2011 й.
Аллоҳ таоло: «Эй, иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унга ибодат қиладиган бўлсаларингиз», деган.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларига пок нарсаларни ризқ қилиб берганини ва улардан еб лаззатланган бандалар ризқ берган зотга–Аллоҳга шукр келтиришлари зарурлигини англатмоқда.

Демак, нопок нарсалар ризқ эмас. Мўмин инсон Аллоҳнинг амрига биноан доимо пок нарсани ейди. Бу илоҳий амр унинг фойдаси учундир. Пок озуқа ила озуқаланган инсон соғ-саломат бўлади. У пок нарсалардан озуқа олгани учун беморликлардан холи бўлади. Пок таом ила озуқаланиш имкони улкан неъматдир. Шунинг учун пок таомни яратган зотга, пок таомни истеъмолига амр этган зотга шукр қилиш мўмин инсоннинг бурчидир.
Ояти кариманнг охиридаги,
«агар Унга ибодат қиладиган бўлсаларингиз», жумласидан, Аллоҳнинг амрига мувофиқ пок нарсалар ила таомланиш ва унинг шукрини қилиш ҳам ибодат эканлигини билиб оламиз.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир тикувчи одам таом тайёрлаб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни даъват қилди. Мен ҳам у зот билан бирга бордим. Бас, у арпа нон ва қуритилган гўштли, ошқвоқли шўрва қўйди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаган атрофидаги ошқовоқни териб еяётганларини кўрдим. Ўша кундан буён ошқовоқни яхши кўраман». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ:Аввало ушбу фаслда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зотнинг саҳобалари ўз даврларида тановул қилган таомлар ҳақида сўз кетишини айтиб қўйишимиз лозим.
Мана, биринчи келтирилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилмоқда:
«Бир тикувчи одам таом таёрлаб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни даъват қилди».
Бундан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари, оддий бир тикувчи одам уйида зиёфат қилиб чақирса ҳам борганларидан билиб олинади.
«Мен ҳам у зот билан бирга бордим».
Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қаерда бўлсалар, ушбу ҳадиси шарифнинг ровийлари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам ўша ерда бўлар эдилар. У кишини оналари Умму Сулайм Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига берган эдилар. Анас розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил давомида, У зот вафот этгунларича хизмат қилганлар.
«Бас, у арпа нон ва қуритилган гўштли, ошқвоқли шўрва қўйди».
Яъни, уй эгаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ меҳмонларга арпа нон ва шўрва қўйди. Шўрвага тузлаб, офтобда қуритилган гўшт ва ошқовоқ солинган эди. Бу дастурхон ўта камбағал кўрингани билан ўша вақтда нодир ҳисобланган бўлиши мумкин.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаган атрофидаги ошқовоқни териб еяётганларини кўрдим».
Бу ишни У зот ошқовоқни яхши кўрганларидан қилганлар. Ҳамдастурхонлари бу тасарруфни кўтарганлари учун қилганлар. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ошқовоқни яхши кўришларини шундан билиб олган ва ўзлари ҳам ўша таомни яхши кўриб қолганлар.
«Ўша кундан буён ошқовоқни яхши кўраман».
Бу иш саҳобаларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш борасида қанчалар ғайратли эканликарини кўрсатади.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хўл хурмони тарра билан тановул қилаётганларини кўрдим». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Янги пишган, ҳали қуримаган хурмо билан бир вақтда таррани ейиш одати ўша вақт ва маконда мажуд экан.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қовунни хўл хурмо билан ер эдилар ва: «Бунинг иссиғини манабунинг совуғи ила кесамиз, бунинг совуғини манабунинг иссиғи ила кесамиз», дер эдилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Қовун совуқ мижозли, хўл хурмо эса, иссиқ мижозли бўлар экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икки нарсани бир вақтда еганлар ва Хўл хурмонинг иссиғини қовуннинг совуғи ила кесамиз, қувуннинг совуғини эса, хўл хурмонинг иссиғи ила кесамиз, деган маънода гап айтганлар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Марриз Заҳронда эдик. Биз арокнинг мевасини терар эдик. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар унинг қорасини олинглар», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, худди қўй боққанга ўхшайсиз-а!?» дедик биз. У зот: «Ҳа, қай бир набий бўлса, албатта, уни боққан», дедилар
». Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: «Марриз Заҳрон» Маккаи Мукаррамага яқин бир жойнинг номи эканини аввал ҳам бир неча бор айтиб ўтганмиз.
«Арок» шохидан мисвок қилинадиган машҳур бутасимон дарахт. Араблар унинг мевасини териб ейишни яхши кўрадилар.
Ровий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар иштирокида Марриз Заҳронда бўлиб ўтган бир ҳодисани ҳикоя қилиб бермоқдалар.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Марриз Заҳронда эдик».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ерда ғазотга чиқан кўп сонли саҳобалар билан бўлганлар. У ерда бир қанча ишлар бўлиб ўтган ва турли саҳобалар томонидан ривоят қилинган. Шунинг учун ҳам бу ернинг исми анчагина ҳадиси шарифларда тилга олинади.
«Биз арокнинг мевасини терар эдик».
Албатта, емоқ учун терганлар. Шунинг учун ҳам бу ҳадис ушбу фаслда келтирилмоқда. Ўз саҳобаларини арок атрофида юриб унинг мевасини тераётганларини кўрган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бу борада маслаҳат бердилар.
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлар унинг қорасини олинглар», дедилар».
Арокнинг маваси бир хил эмас экан Аммо ҳаммасининг ичида қора ранглиси яхши бўлар экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига ўша энг яхши қора рангли меваларни теришни маслаҳат бердилар. Саҳобаи киромлар бу набавий маслаҳатдан хурсанд бўлдилар ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, худди қўй боққанга ўхшайсиз-а!?» дейишди.
Демак, одатда қўй боққан кишилар бу нарсани яхши билишар экан. Саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг арок мевасини териш бўйича берган маслаҳатларини ўшандоқ бу соҳанинг устаси бўлган қўй боққан кишининг маслаҳатига ўхшатдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар уларнинг бу гапларига жавобан:
«Ҳа, қай бир набий бўлса, албатта, уни боққан», дедилар».
Жумладан, мен ҳам қўй боққанман. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қурайшликларнинг қўйларини боққанлари маълум ва машҳур. Уламоларимиз, Пайғамбар алайҳиссаломларнинг қўй боқишлари ўз уммуатларига раҳнамолик қилишларидан олдинги бир машқ сифатидаги ишдир. Қўйга ўхшаш ювош ҳайвонни тарбия қилиб ўрганган зот кейинчалик халойиққа ҳам яхши тарбиячи бўлади, дейдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир бурда нонни олиб унинг устига бир дона хурмони қўйдилар ва: «Бу, мана бунинг хурушидир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ўша вақтда арабистон ярим оролида нонга хурмони хуруш қилиш бор экан. Яъни, қуруқ емаслик учун иштаҳали бўлиш учун қўшиб тановул қилиш бор экан.

Бусрнинг икки ўғли Суламийлар розияллоҳу анҳу молардан ривоят қилинади: «Ҳузуримизга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Бас, биз у зотга сарёғ ва хурмо тақдим қилдик. У зот сарёғни ва хурмони яхши кўрар эдилар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Бунда ҳам ўша вақтнинг таомларидан бир хили ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёқтирадиган таомлари намунаси зикр қилинмоқда.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик хурмонинг қалбини олиб келинди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарахтлар ичида баракаси мусулмоннинг баракасига ўхшаши бор», дедилар. Хурмо бўлса керак, деб ўйладим. Эй, Аллоҳнинг Расулии, у хурмодир, демоқчи ҳам бўлдим. Бундоқ қарасам, ўн кишининг ўнинчиси эканман. Энг ёшлари эканман. Сукут сақладим.
Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У хурмодир», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: «Хурмонинг қалби» ёки арабларнинг яна бир хил аташлари бўйича «хурмонинг чарвиси» ўта фойдали нарса ҳисобланар экан. Уни истеъмол қилинса, ич ўтишни қолдирар, сафродан ва иситмадан фойда берар экан. Яраларга ва чаққан жойларга ҳам суртса бўлар экан.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларига «хурмонинг қалби»ни келтирилганда:
«Дарахтлар ичида баракаси мусулмоннинг баракасига ўхшаши бор», дедилар».
Бу билан у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларидаги саҳобаи киромларга ўзига хос топишмоқ айтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида ўтирган ушбу ҳадиси шариф ровийлари Абдулоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дарҳол бу маънони тушуниб етдилар.
«Хурмо бўлса керак, деб ўйладим».
Яъни, ўша «дарахтлар ичида баракаси мусулмоннинг баракасига ўхшаши» хурмо дарахти бўлса керак, деб ўйладилар Ибн Умар розияллоҳу анҳу
Чунки, мусулмон инсоннинг ҳар бир нарсаси фойдадан холи эмас. Худди шунингдек, хурмо дарахти ҳам ҳамма нарсаси, ҳамма томонидан фойда берувчидир. Унинг мевасини хўлида ҳам, қуриғида ҳам ейилади. У ғизо ўлароқ қорин тўғазади. Кўпгина дардаларга даво ҳам бўлади. Унинг барги ҳам, танаси ҳам томири ҳам, хуллас, ҳамма-ҳаммаси фойдадан холи эмас.
Абдуллоҳ ибн Умар шу нарсаларни ўйлаб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган топишмоқларига, ўша дарахт хурмо дарахтидир, деб жавоб айтмоқчи ҳам бўлдилар. Аммо, бир мулоҳаза туфайли айтмадилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расулии, у хурмодир, демоқчи ҳам бўлдим. Бундоқ қарасам, ўн кишининг ўнинчиси эканман. Энг ёшлари эканман. Сукут сақладим».
Яъни, ўша мажлисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн киши ўтирган экан. Уларнинг ичида энг ёши кичиги Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу эканлар. Ўзимдан катталар турганда мен айтсам беодоблик бўлар, деган мулоҳаза ила топишмоқнинг жавобини айтмай бошқалар қатори жим тураверибдилар.
Ҳамма ўтирганлар топишмоқнинг жавобини айтмай жим тураверганларидан кейин,
Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У хурмодир», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар::
1. Дарахтларни инсонларга ўхшатиб топмишмоқ айтиб билим даражасини ўстиришни йўлга қўйиш.
2. Мусулмон инсон барака соҳиби экани.
3. Ёш кишилар ўзларидан катта одамларнинг ҳурматини қилиб, билган нарсасини ҳам мақомга қараб одоб сақлаб айтмай турса бўлиши.
4. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу илмли ва одобли зот эканликлари.
5. Хурмо баракали дарахт экани.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир қари кампиримиз бор эди. Қозонига қанд лавлагини солиб, устидан арпа донларини қўшиб пиширар эди. Намозни ўқиб бўлсак, уни зиёрат қилардик. У бизга ўша(таом)ни қўяр эди. Шу нарса ила жума куни хурсанд бўлар эдик. Фақатгина жумадан кейин ғизоланар ва ухлар эдик. Аллоҳга қасамки унинг ичида на чарви, на ёғ бор эди». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳунинг бу ривоятларида саҳобаи киромлар ҳаётидан ажойиб бир лавҳа васф қилинмоқда.
«Бир қари кампиримиз бор эди. Қозонига қанд лавлагини солиб, устидан арпа донларини қўшиб пиширар эди».
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ва у киши билан бирга улфат бўлган бир гуруҳ саҳобаларнинг таниш бир кампирлари бўлган экан. Ўша мазкура саҳобия кампир розияллоҳу анҳо қозонларига қанд лавлаги солиб, қанд лавлаги устига бир оз арпа донлари қўшиб юбориб ўзига хос бир таом пишириш одатлари бор экан.
«Намозни ўқиб бўлсак, уни зиёрат қилардик».
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ва укишининг улфатлари масжидда намозни ўқиб бўлганларидан кейин ҳалиги кампир онанинг уйларига ташриф буюрар эканлар. Ўқиладиган намоз жума намози эканини кейинги жумладан билиб оламиз.
«У бизга ўша(таом)ни қўяр эди. Шу нарса ила жума куни хурсанд бўлар эдик».
Яъни, намозни ўқиб бўлиб зиёрат қилганимиз кампир бизга қанд лавлаги устига арпа донлари қўшиб қозонида пиширган таомни қўяр эди. Жума куни хурсанд бўлишимиз ўша таом ила бўлар эди. Чунки ҳар жума куни улфатимиз ўша кампирникида қозон таом татишга муяссар бўлар эди. Овқат тақсиллиги шароитида бу, албатта, катта хурсандлик эди.
«Фақатгина жумадан кейин ғизоланар ва ухлар эдик».
Жумадан олдин таом ҳам емас эдик, кундузги таомни тановул ҳам қилмас эдик.
«Аллоҳга қасамки унинг ичида на чарви, на ёғ бор эди».
Бу мазкур қари кампир ўз қозонида Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ва у кишининг улфатларига пиширадиган таомнинг васфидир. Мазкур таомда ёғ билан гўштнинг асари ҳам бўлмас экан. Бу, албатта, йўқчиликдан. Саҳобаи киромлар ана шундоқ содда ҳаёт кечирганлар. Улар қозонда пиширлишган қанд лавлаги ва арпа донларини тановул қилганларида бошлари осмонга етган.

Жобир розияллоҳу анҳудар ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан хуруш сўрадилар. Улар: «Бизда сиркадан бошқа ҳеч нарса йўқ»-дедилар. Бас, у зот уни келтиришни сўрадилар ва ундан еб туриб: «Сирка қандоқ ҳам яхши хуруш! Сирка қандоқ ҳам яхши хуруш!» дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нақадар содда ва катарона ҳаёт кечирганлар! Сарвари оламнинг уйларида нонга қўшиб хуруш қилиш учун сиркадан бошқа нарса йўқ. У зот борига шукр қилиб:
«Сирка қандоқ ҳам яхши хуруш! Сирка қандоқ ҳам яхши хуруш!» деб сиркани мадҳ қилиб овқатланмоқдалар. Бунда сиз билан биз, У зотнинг умматларига катта ўрнак бор.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени уйларига олиб бордилар ва: «Тушликка бирор нарса борми?» дедилар.
«Ҳа», дейишди. Сўнг учта нон келтирилди.
Бас, у зот битта нонни олиб ўз олдиларига қўйдилар. Бошқасини олиб менинг олдимга қўйдилар. Учинчисини олиб, синдириб, яримини ўз олдиларига, яримини менинг олдимга қўйдилар. Сўнгра: «Хуруш борми?» дедилар.
«Йўқ. Фақат озгина сирка бор», дейишди. У зот:
«Уни келтиринглар. У қандоқ ҳам яхши хуруш!» дедилар
». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бу сафар дастурхон тўкин экан. Икки кишига учта нон ва яна хурушга сирка ҳам бор экан. Бу ривояда зикр қилинаётган нарсалар ҳам ўша вақтдаги таомлар васфига оид маълумотлардан холи эмас.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зайтун ёғини енг ва уни суртинг. Чунки, у муборак дарахтдандир», дедилар». Термизий ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Яъни, зайтун ёғини хуруш қилиб, нон билан енг. Уни баъзи дардлардан даво умидида хаста аъзоларга суртинг. У ёғ муборак зайтун дарахтидан олинадир. Аллоҳ таоло зайтунни Қуръони Каримда муборак деб атаган. Демак, бошқа гапга ўрин йўқ.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан фақатгина Мариям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади. Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги, Сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф аслида эркак аёлларнинг фазли, хусусан Биби Мариям онамиз ва Осиё онамизнинг фазллари, алалхусус Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг бошқа аёллардан устун фазллари ҳақида бўлса ҳам, унда таомнинг зикри ва солиштириши бўлгани учун ушбу бобда келтирилган.
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».
Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан ўзга баркамол бўлган эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.
«Аёллардан фақатгина Мариям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».
Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлишлари Қуръони Каримда биргаликда, алоҳида зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади. Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:
«Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб кўрсатди. У (хотин): «Роббим, менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва золим қавмлардан нажот бергин, деб айтди», деган.
Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан кофир ва золим эрига ва қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришни сўради. Бу эса дунё ҳойи ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.
Мўминларнинг иккинчи мисоли Биби Марямдирлар.
«Ва Марям Имрон қизини (мисол келтирди), у фаржини пок сақлаган эди, Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва У Роббисининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди».
Биби Марям Имроннинг қизи Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ўша пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.
«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги, Сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир»
Энди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини «Сарийд» деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомларнинг устулигига ўхшатмоқдалар. Ўша пайтларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомулуга кўра «Сарийд» бошқа таомлардан афзал таом ҳисобларнар эди. «Сарийд»нинг афзаллиги ҳақида гап-сўз ёки мулоҳаза бўлиши мумкин эмас эди. Худди шунга ўхшаш Оиша онамиз ҳам бошқа аёлларна афзал эдилар. У зотнинг афзалликлари ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас эди.

Абу Довуднинг ривоятида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам энг маҳбуб таом нондан бўлган Сарийд ва ҳайсдан бўлган Сарийд эди», дейилган».
Шарҳ: бу ривоятдан «Сарийд» икки хил эканини билиб оламиз.
1. Нон Сарийд.
Бу таом офтобда қуритилган тузли гўштдан қилинган шўрвага нон тўрғаш билан бўлади. У кам ҳаражатли, тез ҳазм бўладиган, яхши ўтадиган ва ошқозон учун енгил таомдир.
2. Ҳайс Сарид.
Ҳайс-хурмони қурт ва сариғ ёғга аралатирлгани. Ана ўша қоришмани офтобда қуритилган тузли гўштдан қилинган шўрвага қўшилса, Ҳайс Срийд бўлади. У кучли ғизо, ширин, осон ҳазм бўладиган таомдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам анашу таомни яхши кўрар эканлар.

Абдуллоҳ ал-Мазаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз гўшт сотиб олса, шўрвасини кўпайтисин. Агар гўшт топмаса ҳам, шўрвадан олади. У ҳам гўштнинг бири», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадисдан ўша вақтда гўшт, шўрва, гўштли ва гўштсиз шўрва итеъмол қилганларини билиб оламиз. Бу ҳадиси шарифда гўшт сотиб олган одамга шўрвани кўпроқ қилишни тавсия қилишдан мурод шўрванинг сувидан қўни-қўшнига бериш мумкинлигидандир. У вақларда ҳамма ҳам гўшт сотиб олишга, ўз уйида қозон осишга имкон топа олмаган. Мабодо бирор киши гўшт сотиб олишга муяссар бўлиб қолса, шўрвани кўпроқ қилиб унинг сувидан қўшиниларига берса, яхши бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«У ҳам гўштнинг бири» деганлари, шўрванинг суви ҳам гўштга ўхшаш, деганларидир. Яъни, шўрва қайнаганда гўштнинг таъми ва мазаси шўрванинг сувига чиқади. Шўрванинг қуруқ сувини ичган ҳам гўштдан татигандек бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ширинлик ва асални яхши кўрар эдилар». Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Арабистон ярим ороли ва унинг атрофидаги минтақаларда қадимдан турли ширинликлар истеъмол қилинган. Табиий шароит ҳам шуни тақозо қилади. Шу маънода Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ширинликларни яхши кўришлари ҳам тушунарли бир ҳол.
Асал эса, ҳамма жой ва вақтларда энг яхши кўрилган нарсалардан бўлгани ва бўлиб келаётгани ҳаммага маълум. Аллоҳ таоло асални Қуръони Каримда мадҳ этгани ва одамларга шифо эканлигини таъкидлагани кифоя.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, Оиша! Хурмоси йўқ уйнинг аҳли очдир», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳам ўша пайтларда Ҳижоз аҳли, хусусан, Маккаи Мукаррама аҳлига мос гапдир.
Ушбу сарлавҳа остида келган ҳадиси шарифларга эътибор берадиган бўлсак, уларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида у зот истеъмол қилган баъзи таомлар ҳақида сўз кетмоқда. Бу ушбу ҳадиси шарифларда зикр этилган таомлардан бошқа таомларини истеъмол қилиб бўлмайди, дегани эмас.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz