Идда ва мотам ҳақида Принтер учун
21.04.2011 й.
islom.uz
«Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан кейин сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади.

Бу ҳукмни шариатга киритилиши бир неча ҳикматларга эгадир:
Биринчиси эридан ажраган аёл ҳомиладорми, йўқми эканлиги аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади.
Иккинчиси ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади.
Учинчиси эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади. Яна бошқа ҳикматлари ҳам бор.
Янгидан янги ҳикматлари ҳам чиқмоқда. Англиялик олимлар бир эркак билан яшаб туриб кейин бевосита, орада танаффус қилмай иккинчи эр билан жинсий ҳаётни давом этдирган аёлларнинг бачадонларида оғир касаллик пайдо бўлишини исбот қилдилар. Келажакда бунга ўхшаш ҳикматлар яна чиқаверишида шубҳа йўқ.

Аллоҳ таоло: «Талоқ қилинган аёллар, ўзларича уч қуруъ кутадилар. Уларга Аллоҳ уларининг раҳмларида халқ қилган нарсани яширишлари ҳалол эмас. Агар, Аллоҳга ва охират кунига иймонлари бўлса», деган.
Шарҳ: Ушбу оятда, ҳайз кўрадиган аёлни эри талоқ қилганда идда ўтириши қандоқ бўлиши ҳақида сўз кетмоқда. Бу ояти каримадаги «қуруъ» сўзи икки хил маънони-поклик ва ҳайз маъноларини англатади.
Ҳанафий мазҳаби ҳайз маъносини олган. Шунинг учун эри талоқ қилган хотин, талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди, дейдилар.
Аллоҳ таоло аёлларнинг раҳми - бачадонларига халқ қиладиган нарсадан мурод эса, ҳайз ёки ҳомиладир. Мўмина-муслима аёл бу нарсаларни беркитмаслиги керак. Мисол учун талоқдан кейин ҳомиладор бўлиб қолса ҳам, ҳомиладор бўлганим йўқ, уч марта ҳайз кўрдим, деб бошқа эрга тегиб олмаслиги лозим.

У шаъни улуғ Зот яна: «Аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганларининг иддалари, агар шубҳа қилсангиз, уч ойдир. Ҳайз кўрмаганларининг ҳам. Ҳомиладорларнинг белгиланган муддати ҳомилаларини қўйишларидир», деган.
Шарҳ: Бу ояти каримада уч тоифа аёлларнинг иддаси қанча муддат бўлиши ҳақида сўз кетмоқда:

1. Ёши ўтганлиги туфайли ҳайз кўришдан қолган аёлларнинг талоқдан кейинги иддаси уч ой бўлади.
2. Ҳайз кўрмаган аёл талоқ қилинса, унинг иддаси ҳам уч ой бўлади.
3. Ҳомиладор аёл талоқ қилинса, ҳомиласини туғиши билан иддаси чиқади.

Яна: «Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнг уларга (қўл) тегизмай туриб талоқ қилсангиз, сиз учун улар идда сақлаш мажбуриятида эмаслар», деган.
Шарҳ: Ақди никоҳдан сўнг, бирга яшамай туриб талоқ қилинган аёл идда ўтириши вожиб эмас. Чунки, ҳомила бўлишининг эҳтимоли йўқ. Оилавий турмуш ҳурмати ҳам йўқ.

Яна:«Сиздан вафот этиб жуфтларини қолдирса, улар ўзларига тўрт ой ўн кун кутурлар», деган.
Шарҳ: Бу эри ўлган аёлларнинг идда муддатидир. Эри ўлган ҳар бир аёл умр йўлдошилик ҳурматидан тўрт ой ўн кун идда ўтириши вожиб бўлур. Фақат, эри ўлган аёл ҳомиладор бўлса, нима қилади, қанча муддат идда ўтиради? деган масалада баъзи мулоҳазалар бўлган. Уларни келгуси ривоятдан билиб оламиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Салама ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумолар жамъ бўлишганда, эрининг ўлимидан бир неча кеча ўтиб туғадиган аёлни зикр қилиб қолишди. Ибн Аббос: «Унинг иддаси икки муддатнинг узоғи», деди.
Абу Салама бўлса: «Туғиши билан ҳалол бўлади», деди.
Икковлари тортиша бошладилар. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Мен биродарим ўғли томондаман», деди.
Сўраб келиш учун Курайбни Умму Саламанинг олдига юборишди. У келиб: «Умму Салама «Субайъа ал-Асламияя эрининг вафотидан бир неча кеча ўтиб туғди. Кейин буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилувди, у зот уни эрга тегишга амр қилдилар, деб айтди», деди
». Бешовлари ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида: «Субайъа розияллоҳу анҳо эрининг вафотидан йигирма уч ёки йигирма беш кун ўтиб туғди. Сўнгра никоҳланмоқчи бўлди. Бу унга инкор қилинди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилган эди, агар қилмоқчи бўлса, муддати келди», дедилар», дейилган.
Шарҳ: Бу ривоятда номлари зикр қилинган ва Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳодан масалани сўраб келган Курайб розияллоҳу анҳу Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ходими бўлган.
Эри ўлган аёл ҳомиладор аёлнинг иддаси, ҳомиласини туғиши билан чиқиши ҳақидаги ҳукм Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан ҳам қўллангани учун ҳам бу ҳукм маъқул бўлгандир.

Маҳр бобида ўтган ривоятда: «Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эри унга духул қилишдан олдин ўлган хотин идда ўтириши тўғрисида ҳукм чиқарган», дейилган эди.
Маъқал ал-Ашжаний розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ ҳукм чиқарган эдилар», деди».
Шарҳ: Демак, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу суннатни билиб туриб шунга мувофиқ ҳукм чиқарганлар. Ақди никоҳдан кейин, эру хотин бўлиб яшамай туриб эр ўлган бўлса, ўша ўлимга қайғу маъносида, умид билан қурилиб, амалга ошмай қолган оилага ачиниш маъносида хотин идда ўтиради.

Термизий ва Абу Довуднинг ривоятида: «Чўри аёлнинг талоғи икки талоқ, иддаси икки ҳайз», дейилган.
Шарҳ: Ўша вақтда чўри аёлларнинг ҳоли ҳаммага маълум бўлган. Шариатдаги ҳукмлар ҳам уларнинг ўша ҳаммага маълум ҳолларини эътиборга олиб енгиллаштирилган.

Ҳумайд ибн Нофеъ розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Менга Зайнаб бинти Абу Салама ушбу уч ҳадиснинг хабарини берди; У айтдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Умму Ҳабийбанинг олдиларига кирдим. Ўша пайт унинг отаси Абу Суфён вафот этган кунлар эди. У сариқ рангли бир аралаш ёки бошқа хушбўй нарса келтиришларини сўради. Ундан бир қизчага суртиб кўрдида, кейин ўзининг икки юзига суртиб туриб, Аллоҳга қасамки, ҳозир хушбўй нарса суртадиган ҳолим йўқ, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбардан туриб: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл учун бирор маййит учун уч кундан ортиқ аза тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ойу ўн кун тутади» деганларини эшитган эдим», деди».
Зайнаб яна айтадики, кейин Зайнаб бинти Жаҳшнинг олдига акаси вафот этган пайтида кирдим. У хушбўй нарса сўраб олди ва ундан суртди. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, хушбўй нарса суртадиган ҳолим йўқ, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарда туриб:
«Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл учун бирор маййит учун уч кундан ортиқ мотам тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ойу ўн кун тутади», деганларини эшитган эдим», деди.
Зайнаб яна айтадики, онам Умму Саламанинг, бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, қизимнинг эри вафот этди. Унинг кўзи оғриб қолди, сурма суртса майлими?» деди.
«Йўқ», дедилар ва сўнгра:
«Албатта, у (мотам) тўрт ойу ўн кундир. Батаҳқиқ, жоҳилият даврида ҳар бирингиз бир йилдан сўнг тезак отар эдингиз», дедилар.
Ҳумайд айтадики, Зайнабга:
«Бир йилдан сўнг тезак отар эдингиз» дегани нима?» дедим. У:
«Эри ўлган хотин тор уйга кириб, энг ёмон кийимларини кийиб ўтирар эди. Бир йил ўтгунча шундоқ ҳолда хушбўй ҳам, бошқа нарса ҳам суртмай ўтирар эди. Сўнгра унинг олдига бир жонивор, эшакми, қўйми ёки қушми келтирилар эди. Сўнгра у ўшанга олдини артар эди. Кўпинча у олдини артган нарса ўлар эди. Сўнг ташқарига чиқар, унга тезак берилар, у эса ўша тезакни отар эди. Шундан кейингина унга ўзи хоҳлаган хушбўйми ёки бошқа нарсами суртиш мумкин бўлар эди», деди
». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда номи зикр қилинаётган Зайнаб бинти Абу Салама розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгай қизлари, Умму Салама онамизнинг олдинги эрлари Абу Салама розияллоҳу анҳудан бўлган қизларидир. Зайнаб бинти Абу Салама розияллоҳу анҳо ўз замонларининг энг фақиҳ шахсларидан бўлган.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Аёл киши эрига тўрт ой ўн кун мотам тутиши.
2. Аёл киши эридан бошқа қариндошларига уч кун мотам тутиши.
3. Уч кундан сўнг хушбўй нарса сепибми, бошқа бир зийнат нарса қилибми мотамдан чиққанини билдириб қўйиши зарурлиги.
4. Мотам пайтида сурма суртиш ҳам мумкин эмаслиги. Шунга ўхшаш бошқа пардоз-андоз ишлари ҳам мумкин эмас.
5. Жоҳилият даврида мотамнинг муддати бир йил бўлгани. Унда аёл тор-қоронғу хонага кириб, энг ёмон кийимларни кийиб ўзига ҳеч нарса тегизмасдан кир-чир, ифлос бўлиб ўтириши. Бир йил ўтгандан сўнг барча ёмонликлар шунга ўтсин, деб аёлнинг олдига бир ҳайвонни олиб киришлари. Аёл унга фаржини артиши. Ундаги ифлослик ва сассиқлик таъсиридан ҳайвон ўлиб қолиши. Кейин эса, ифлослик билан хайрлашиш рамзи сифатида аёлга тезак отдиришлари.

Жоҳилият нима бўлса ҳам жоҳилият, бўлмаса шу ишларни қайси ақл билан қилиш мумкин. Ҳозирги жоҳилият ҳам аввалгисидан қолишмайди.
Энди, Исломий мотам билан танишиб чиқайлик.
Мотам аёл кишининг эри ўлганда тўрт ойу ўн кун, яқин қариндоши ўлганда уч кун пардоз-андоз ва зийнат нарсаларни қилмай туришидан иборатдир. Бундан бошқа ҳеч нарса мотамга кирмайди.
Келгуси ривоятда мотамдаги аёл нима қилмаслиги ҳақида батафсилроқ сўз кетади.

Умму Атйяя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Биз бирор маййитга уч кундан ортиқ мотам қилишдан наҳий қилинган эдик. Магар эр бўлса тўрт ойу ўн кун эди. Сурма қўймас, хушбўй нарса суртмас, бўёқли кийим киймас эдик. Магар асли бўялган бўлса бўлаверар эди. Батаҳқиқ, биримиз ҳайзидан пок бўлганда қачонки ғусл қилса, бир оз «куст»га рухсат берилган эди». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Яқин қариндоши ўлган аёл уч кундан ортиқ мотам тутиши мумкин эмаслиги.
2. Эри ўлган аёл тўрт ой ўн кундан ортиқ ҳам, кам ҳам мотам тутиши мумкин эмаслиги.
3. Мотамдаги аёл сурма суртмаслиги.
4. Мотамдаги аёл хушбўй суртиши мумкин эмаслиги.
5. Мотамдаги аёл асли бўёғи устидан бўялган кийим кийиши мумкин эмаслиги.
6. Эри ўлгандан кейин мотам тутиб, идда ўтирган аёл ҳайздан пок бўлганнидан сўнг ҳайз туфайли пайдо бўлган нохуш ҳидни кетказиш учун жинсий аъзосига хушбўй нарсали пахтами ёки бошқа бирор нарса қўйиши мумкин.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri