Тотувлик заволи Принтер учун
26.04.2011 й.
Бирор инсон йўқки, ҳаётининг қайсидир палласида «Мен бахтли яшадимми?» дея ўзига савол бермаган бўлсин. Ҳар бир киши бахтга интилади, шу йўлда курашади, бахти учун кўп нарсани қурбон қилади. Бордию, «сен бахт деганда нимани тушунасан» деб сўраб қолишса, бунга ҳар ким ҳар хил жавоб қилади. Биров саломатликни бахт деса, бошқаси кўп пул топишни бахтиёрлик деб билади. Биров учун севган кишиси билан бирга бўлиш чинакам саодат бўлса, яна биров яхши кўрган ишимни қилишдан бахтиёрман, дейди.
Чунки инсонларнинг бахт тушунчасига қарашлари турлича: бировга арзимас туюлган нарса биров учун чинакам бахтиёрлик рамзидир. Хасталарга соғлик, хунукларга чирой, камбағалга мол-дунё, мажруҳларга тўрт мучанинг комил бўлиши чинакам бахт тимсоли саналади. Аммо кўпчилик бир нарсада якдил: оилавий бахт ҳамма нарсадан азиз ва ардоқлироқ.
Йигитлар гўзал ва вафодор, солиҳа ва ширинсўз, фаросатли ва ҳаёли рафиқага рўпара бўлган кунларини ҳаётларидаги энг бахтли дамлар сифатида бир умр эслаб юришади. Қизлар мард, меҳнаткаш, ибодатли, оиласи ҳақида қайғурадиган, хушмуомала ва ғайратли йигитга турмушга чиқишса, улар учун бундан ортиқ бахт бормикин? Иккови учун эса шириндан-шакар фарзандларсиз, фаровон ва тотув турмушсиз, меҳрибон ота-оналарсиз бахт яна кемтик бўлиб қолаверади.
Аммо айрим оилаларда ана шу бахтни асраб қолишда эр ҳам, хотин ҳам нўноқлик қилиб қолишяпти. Оқибатда не-не ширин орзулар, яхши ниятлар, улуғ режалар билан боғланган никоҳлар тезда заволга учраяпти.
Бир маҳалла оқсоқоли бундай зорланиб қолди: «Маҳалламизда тез-тез оилавий жанжалларга аралашишга, қўйди-чиқдиларга гувоҳ бўлишга тўғри келади. Ярим ёки бир йилгина олдин бир-бирига назар солишга ийманиб турган келин-куёвнинг бугун кўзига қон тўлган, бир-бирига ҳақорат сўзлар айтаётган, бир-бирига туҳмат ва нафрат ёғдираётган бўлади. Уларнинг жанжали қудаларни ҳам душманга айлантирган: кечагина оғзидан бол томган қудалар бугун бир-бирига лой чаплаётган, туйқус оғиздан чиқиб кетган биргина сўз бугун катта дастакка айланган. Бизга ўзи нималар бўляпти? Шундай тўқчилик замонида нега гулдай оилалар арзимас сабаблар, «деди-деди»лар билан бузилиб кетяпти? Биримиз умр бўйи сеп йиғиб қиз узатсак, бошқамиз тийинлаб йиғиб ўғил уйласак-да, тўйдан кўп ўтмай икки ёшнинг орасидан қора мушук ўтиб, ҳамманинг тинчи бузилиб ўтирса!
Илгари эр-хотиндан бири хиёнат қилса, ё эр оиласини боқа олмаса, ё фарзандсизликдан ажрашишар эди. Энг алам қиладиган жойи, ҳозир ана шу уруш-жанжаллар, қўйди-чиқдиларга сабаб бўлаётган нарсалар жуда арзимас. Бирида овқатнинг шўрлигидан, бошқасида келиннинг қайнонага салом бермаганидан, яна бирида ҳайит йўқловда тоғоранинг кам қилинганидан, бошқасида куёвнинг ишдан кеч келишидан бошланган ғишавалар бора-бора оиланинг бузилишига олиб келган. Одамлар оила тақдирига, икки ёшнинг бахтига шунчалар бепарво ва енгилтаклик билан қарайдиган бўлиб кетганми?»
Оқсоқолнинг куйинишида жон бор. Буларнинг ҳаммаси ҳаётга янги қадам қўяётган ёшларнинг «турмуш» дея аталган буюк оламнинг  сир-синоатларига, унинг турли машаққатларига, ҳаёт аччиқ-чучукларига, синов-имтиҳонлари ҳамда ташвишларига тайёр эмасликларидан келиб чиқмоқда.
Ёшларнинг аксарияти турмуш, оила, бахт деган тушунчаларни жуда юзаки тушунади. Ҳаёт ҳамиша ўйин-кулгидан, кўнгилхушликлардан, романтик учрашувлардан иборат, деб ўйлайди. Катталар эса фарзандларини бахтли қилишнинг аслий ўлчовларидан чекиниб кетишгани учун ўзлари хоҳламаган ҳолда уларнинг бахт гулханлари устига кул тортиб қўйишмоқда.
…Дилфуза оилада ёлғиз қиз, онасининг эркатойи. Дадаси Даврон ака катта компанияда бош ҳисобчи, онаси Адиба опа эса тиббиёт ҳамшираси. Даврон ака қачон хотини билан ғижиллашиб қолса, албатта бунинг сабабчиси Дилфуза бўлади:
– Қизингни жуда эркалатиб юборяпсан, ахир эрта-индин бир хонадонга борса юзингни ерга қаратиб қўяди.
– Сизнинг ишингиз бўлмасин, ёлғиз қизимни жа хўрлатиб қўймасман, қадрига етадиганини топиб бераман.
– Мана мактабни тугатди, на ўқимаса, на ишламаса, қараб турсам қўлини совуқ сувга урдирмаяпсан.
– Совчи келиб турибди, уч-тўрт кун ўйнаб олса нима қипти, дадаси?
Бундай даҳанаки «жанг»ларда ҳамиша Адиба опанинг қўли баланд келар, Даврон ака «бор-э» деб қўл силтаб қўяқоларди.
Онаси орзу қилган шоҳона тўй ҳам бўлиб ўтди, кўзланган куёв ҳам топилди. Аммо рўзғор тутиш, овқат пишириш, одамлар билан муомала қилиш сирларидан тамоман бехабар ўсган тантиқ Дилфузанинг тўйдан икки ой ўтмаёқ миси чиқиб қолди. Турмуш синовларига дош беролмади. Куёвнинг «дипломатияси» ҳам, қудаларнинг андишаси ҳам иш бермади. Ёш оила ғунчаси очилмай туриб сўлди.
Йигит ҳам, қиз ҳам оила қуришга киришар экан, ўз ҳуқуқ ва имтиёзларинигина эмас, балки никоҳдан кейинги мажбурият ва масъулиятини ҳам ўйлаши керак. Оила бахти эрга ҳам, хотинга ҳам баравар боғлиқ, унинг шарафи, обрўси, мустаҳкамлиги ва тотувлиги икковига ҳам тааллуқли.
Яқинда бир йигитча турмуши яхши эмаслиги, уйда фароғати йўқолгани тўғрисида шикоят қилиб қолди. Суриштирсам, хотини бўлар-бўлмасга рашк қилаверар экан. Ҳатто уни ишхонасидаги бирор аёл билан саломлашганини кўриб қолса ҳам жанжал кўтараверар экан. Бирор қилиғи билан хотинининг рашкига сабабчи бўлгандир, деб ўйласам, қизлардай ҳаёли, тортинчоқ йигит.
Эр-хотиннинг рашки меъёрида бўлса – яхши, аммо хотинларнинг асоссиз рашк қилавериши, бўлар-бўлмас нарсалардан шубҳаланавериши ҳам оилани дарз кетказади, эр-хотиннинг бир-бирига ишончини йўқотади, турмушдан файз кетади.
Кўпинча икки ёш бахтига уларнинг ота-оналари ҳам зомин бўлиб қолишади. Эр-хотиннинг турмушига ҳар бир майда-чуйда хусусида аралашавериш, келиннинг қилиқларидан, ишларидан «хато» топавериш ёки куёвнинг қандай рўзғор тутишида ақл ўргатиш, умуман ёшларни бўлар-бўлмасга тергайвериш ҳам улар ўртасига совуқчилик тушишига сабаб бўлади.
Оила бахтини барқарор қилишда ташқаридагиларнинг маслаҳатлари ва тавсияларининг ўзигина кўпда ёрдам беравермайди. Бунда эр-хотин баравар манфаатдор бўлиши, оиладаги тотувлик ва унинг мустаҳкамлиги учун баравар курашиши зарур бўлади. Атоқли рус ёзувчиси Лев Толстой бундай деган эди: «Ўзаро муносабатларингизда охири бир-бирингизга бегона қилиб қўядиган қусурлар пайдо бўлиб қолишини эр ҳам, хотин ҳам ҳушёрлик билан кузатиб бориши керак. Бунинг учун эса энг аввало инсоннинг инсонга бўлган ҳурмати йўқолмаслиги керак».
Ёш келин-куёвларга аталган бир китобда бундай ёзилган: «Икки кишининг неча-неча йиллар мобайнида биргаликда яшаши уларнинг ҳис-туйғулари, феъл-атворларини қаттиқ синовдан ўтказади. «Киши турмуш қургачгина ўз бахтини топади», деган сўзларни кўп бор эшитган аксари келин-куёвлар остона босиб, ўз уйларига киришлари биланоқ ҳаётимизни бахтли қилиб олдик, деб ўйлашади. Лекин кун сайин, ҳатто соат сайин биргаликдаги турмуш уларнинг олдига турли синов ва машаққатларни кўндаланг қилаверади. Мана шундай синовлардан муваффақиятли ўтиш учун уларнинг ҳар иккови ҳам етарли билимга, ақл-идрокка эга бўлиши, энг аввало худбинларча иш тутишдан ўзини тийиши лозим. Эр-хотин ана шу синовларга дош бера олсагина, вақтинчалик қийинчилик ва етишмовчиликларга сабр қила олсагина, ўз оилалари бахтини асраб қолишади».
Оилада тотувлик бўлиши учун икки ёш бир-бирининг муҳаббатини қадрлаши, ҳамиша бир-бирига садоқат ва бағрикенглик кўрсатиши, ўз қусурларини муҳаббат остонасида қурбон қила олиши керак. Тарихда эр-хотиннинг бир-бирига муҳаббати ва садоқати ҳақида юзлаб гўзал қиссалар борки, уларни ўқишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки улардан ибрат олиб, ҳаётни ана шулар тимсолида безаш ҳам талаб этилади.
Ана шундай севги қиссаларидан бири қадим-қадим замонлардан бизнинг кунимизгача етиб келган. Тарихчи ва ёзувчи Плутарх Епонина деган жувоннинг эрига садоқатини шундай тасвирлаган: Рим императори Юлий Сезар ўзига итоат қилмаган Сабиний исмли сенаторни жазолаш учун қоронғу зиндонга ташлайди. Унинг садоқатли ёри Епонина тўққиз йиллик зиндон азобларини суюкли эри Сабиний билан бирга унинг ёнида ўтказади. Шунча йил тутқунликда қийналса ҳам бўйсунишни истамаган Сабинийни император ўлимга ҳукм қилади. Мағрур ва садоқатли Епонина ҳис-туйғуларига хиёнат қилмай эри билан бирга ажал шаробини ичади. У ўлими олдидан императорга бундай дейди: «Эй Сезар, мен эрим билан зиндонда бирга бўлдим ва шунчалик бахтиёр яшадимки, сен тож-тахтингнинг бутун шаън-шавкати билан ёруғ дунёда яшасанг ҳам ҳеч қачон бу бахтни топа олмайсан».
Хаста эрнинг бошида ойлаб, йиллаб қараган, дардига малҳам излаган фидойи аёлларни кўп кўргансиз. Ёки фалокат туфайли икки кўзидан ажраган эрига «менинг битта кўзимни қўйишингизни сўрайман» шифокорга ялинган аёлни учратгансиз. Ўн саккиз йил оёқ-қўли ишламай тўшакка михланиб қолган аёли устига хотин олишдан воз кеча олган эрлар ҳам бор. Атоқли олимлардан бири: «Оилавий ҳаёт, эҳтимолки, ҳеч қачон сидирғасига қувончдан иборат бўлолмайди. Фақат шоду хуррамликгагина эмас, ғам-андуҳларга ҳам, ташвиш ва бахтсизликка ҳам шерик бўла билиш керак», деганида минг бора ҳақ эди.
Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Кечириш ахлоқимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Бир қарашда оний ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, келгусидаги ғалабани таъминлайди. «Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши» деганларидай, икки ошифта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан нарса. Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини танлаб, зиддиятни даф қилиш чорасини кўриши керак.
Оилада иложсиз равишда турли келишмовчилик, ғишава, жанжаллар чиқиб туради. Чунки  бир-бирига ўхшамаган феъл-атворли икки кишининг дарров тил топишиб, тотув бўлиб кетиши қийин. Бунинг учун кўп йиллар, катта чидам-бардош ва бағрикенглик, бир томоннинг вақтинча «таслим бўлиб», мухолифини кечириши талаб этилади.
Айтайлик, аёлингиз тушунмасликданми ёки жаҳли чиқиб турган эканми, сизни қаттиқ ранжитди. Агар шунда вазиятни тушуниб, индамай кета олсангиз, фақат ютасиз. Аёлингиз тезда ҳовуридан тушади, ҳис-туйғуга берилиб азиз ёрини хафа қилганини тушуниб етади. Фаросати етса, қилмишига дарров узр ҳам сўрайди. Чунки одобимиз талабларига кўра кечирим сўраш аёллардан бошлангани аълороқ бўлади.
Агар аёлингиз ғазаб отига минганида сиз унинг устига фил миниб борсангиз, у алам тўппончаларидан ўқ узганида сиз тўп-замбаракларни ишга солсангиз, оилангиз улкан жанг майдонига айланиб кетиши турган гап. Энди бу даҳанаки жангни тўхтатишга икковингиз қодир бўла олмайсиз. Ғишт қолипидан кўчиши, муросасизлик қиличи қинидан чиқиши эр-хотинга асло яхшилик келтирмайди.
Шундай ҳолатларда бир томоннинг андишага риоя қилиши, ақл-идрок билан иш тутиши, шайтоннинг бўйнини синдириб, жиндай муросага юриши катта можароларнинг олдини олибгина қолмай, оилада чинакам саодат гулшанини барқ урдириб яшнатиб юборади.
Ривоят қилишларича, бир киши хотинининг муросасизлигидан, итоатсизлигидан тўйиб кетиб, Ислом давлатининг раҳбари Ҳазрати Умарга шикоят қилиш учун у кишининг уйига борибди. Эшикка яқинлашса, ичкаридан аёл кишининг қаттиқ-қаттиқ гапираётгани эшитилибди. Шунда бояги киши «Халифанинг уйида ҳам бу можаро бор экан, яхшиси индамай  кетақолай», деб ортига қайтмоқчи бўлибди. Шу пайт ичкаридан Ҳазрати Умар чиқиб қолибдилар. Юмуш билан келган одамнинг изига қайтиб кетаётгани сабабини сўрабдилар. Арзга келган одам: «Хотинимнинг зулмидан шикоят қилиб келувдим, қарасам бу машмаша сизнинг ҳам бошингизда бор экан, шунга қайтиб кетмоқчи бўлиб турувдим», деб жавоб қилибди. Шунда Ҳазрати Умар: «Қизиқ одам экансан-ку, ахир аёллар овқатимизни пиширса, кир-чирларни ювса, болаларимизни тарбия қилса, бутун рўзғор ишларини зиммасига олган бўлсаю, онда-сондаги норозилик-исёнларига сабр қилмасак, инсофдан бўлармикин», деган эканлар.  
Раҳматли шоиримиз Ҳабиб Саъдулла бундай гапни кўп қайтарарди: «Шарқ аёллари ўз эрларини юксак қадрлашлари билан ажралиб туришади. Эрни «бегим», «хўжайин», «тўрам» каби чиройли сўзлар билан аташади. Бу кўр-кўрона мутеъликдан эмас, балки эркаксиз хонадоннинг бахтдан йироқлигидандир. Аёллар тўқиган «Эрсиз бошим – тузсиз ошим» нақли ошнинг тузсиз қолиши эмас, балки ҳаёт мазмунининг йўқолиши, турмушдан файз кетишига далолатдир. Шундай экан, нечук у эр билан бўлар-бўлмасга ўчакишиб, юзига қора чаплаб, кўнгил шишасини чил-чил синдиришга йўл қўяди».
Аёл – беназир хилқат. Унинг меҳри ва муҳаббати олдида тош ҳам эрийди. Агар у аёллик ўрнида турса, ҳатто тошбағир одамлар ҳам аёлларга шафқат кўрсатади. Агар у аёллик назокатини ва ҳурматини йўқотмаган бўлса, ҳар қандай беодоб эркак ҳам уни бошга кўтаргиси келади, хўрлатиб қўймайди.
Аммо аёл оила бекаси эканини унутса, кўз ёшлари ва қонунлар ҳимоясини рўкач қилиб, эрига итоатни эсдан чиқарса, эрига ҳаловат ва оилага фароғат бағишлайдиган хилқат эканини тан олмаса, бундай аёл бахт нималигини билмай ўтади, пушаймонлар дарёсида ғарқ бўлиб кетади.
Ҳозирги пайтда баъзи опа-сингилларимизнинг матбуотга, радио-телевидениега мактуб йўллаб, уйидаги, оиласидаги сирларни элга овоза қилишлари, эр билан аҳил яшашда бошқалардан маслаҳат сўрашлари, сал муросалари бузилса, ота-онага, маҳалла фаоллларига, ҳатто маъмурий органларга шикоят ва арз-дод қилиб югуришлари одат тусига кириб қолган. Аввалда оилада ўтадиган хархашани (борингки, жанжални) ота-онага билдириш уят саналадиган ўзбек хонадонида бугун аёлларнинг «золим эрлар» устидан турли идоралар ва кишиларга жар солиб юришлари айб бўлмай қолди. Афсуски, оилаларнинг бузилиб кетишига кўпинча ана шундай «эрни тартибга чақириб қўйиш» мақсадида қилинган шикоятлар ҳам сабаб бўлмоқда.
Энди масаланинг бошқа томонига эътиборни қаратайлик. Қиз эри устидан ота-онасига шикоят қилиб келди, дейлик. Ота-она кўпни кўрган, мулоҳазали, ақлли бўлса-ку, яхши. «Қизим, оилада нималар бўлмайди, агар эринг билан бир умр бирга бўлишни истасанг, унинг танбеҳларига рози бўл, сабр қил, ҳаммаси яхши бўлиб кетади», деб панд-насиҳатлар билан изига қайтариб юборишади.
Аксари ҳолларда эса, ота ёки она қизининг топиб келган гапини рўкач қилиб, куёвни «тартибга чақиришга», «тавбасига бир таянтириб қўйишга» киришишади, ҳатто у билан ёқалашишгача боришади. Айниқса бу ҳол қиз томон бойлик, мартаба ва насабда бир поғона баландроқ оилаларда кўп учрайди. Оқибатда куёв билан қайнота-қайнона ўртасида, қудалар ўртасида «парда кўтарилади». Хўрланган, иззати топталган йигитнинг кўзига ҳеч нарса, ҳатто севиб уйланган аёли, шириндан-шакар фарзандлари ҳам кўринмай қолади. Уйига гап ташиб, «деди-деди»лари билан оиласи бахтини поймол қилган хотинидан воз кечишга мажбур бўлади. Аршни ларзага келтириб, унинг талоғини беради. Хотинининг жиндай фаросатсизлиги туфайли ширин турмушга хотима қўйилади.
Ёки яна бошқа ҳолатни ҳам олиб кўрайлик. Бир аёл маҳалла оқсоқолига ёки ҳуқуқ муҳофазаси идораларига эри устидан «дод» деб боради. Айрим тажрибасиз ходимлар турмуш кўнгил хуши эмаслигини, гоҳо қийинчилик ва можаролар чиқиб туришини, арз-дод билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини тушунтириб, насиҳат қилиб жўнатиш ўрнига масалага «жиддий» тус беришади. «Ёзиб келинг, муҳокама қиламиз, чора кўрамиз», деб аламзада аёлнинг қўлтиғига сув пуркашади. Жаҳллардан тушилгач, ғазаблар пасайгач, эр-хотин ўзлари келишиб оладиган арзимас ғавғо катталашиб жанжалга ва ҳамманинг муҳокама мавзуига айланади.
Оила раҳбари саналган эрга итоатсизлик аёллар учун кечириб бўлмас одобсизлик ва катта мусибатдир. Воҳидий деган олим бундай деган: «Итоатсизлик – бу, эрга осийлик қилиш, яъни такаббурлик билан унинг буйруқларига хилоф иш юритишдир». Яна бир олим Ато эса аёлнинг эри учун ўзига оро бермасликни ҳам, эрининг ўзи билан ҳузурланишидан бош тортишни ҳам, аввалги итоатгўйлик ҳолатини тарк этишни баравар итоатсизликка қўшади. Ҳар қандай ақлли, эпли, гўзал ва бадавлат бўлмасин, аёл киши эрига итоатсизлик орқасидан ўз бахтига кул тортади, барча яхшиликларини йўққа чиқади, барчанинг лаънатига қолади, охиратдаги насибасидан маҳрум бўлади. Атоқли олмон шоири Хенрих Хейне айтганидай, «Хотинлар бизни бахтли қилишнинг фақат бир усулини, бахтсиз қилишнинг эса ўттиз минг хилини билишади».
Оилавий турмуш – нозик масала. Унга ақл ва фаросат, мулоҳазакорлик ва босиқлик билан, иккови томоннинг манфаатларини тарозига солиб ёндошиш керак. Негадир кейинги пайтларда бу ишга аралашишга маънавий ҳуқуқи борлар ҳам, йўқлар ҳам бемалол бош суқадиган бўлиб қолди. Ҳали турмуш қурмаган қизлар, уйланиб улгурмаган йигитлар оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин, қайнона-келин муносабатлари, бола тарбияси ҳақида мақола ёзадиган, чиқишлар қиладиган, насиҳат айтадиган бўлиб кетишди. Айниқса, оилавий мавзудаги айрим телекўрсатувларни кўриб, юқоридаги «насиҳатгўйлар» бу масалада рус эртагидаги айиқнинг «хизмати»ни қилиб, «қош қўяман деб, кўз чиқариш»га сабабчи бўлишмаяптимикин, дея ўйлаб қоласан, киши.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz