Вой дод - болам сўкишни ўрганибди... Принтер учун
02.05.2011 й.
Оила даврасида ҳар бир қиладиган ҳаракатимиз, оғзимиздан чиқадиган ҳар бир сўз фарзандимизнинг тарбиясига, унинг шаклланишига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатиши табиий. Ҳаракатларимизни ўзига кўчиргани сингари ҳали шаклланмаган сўз заҳирасига бизнинг сўз бойлигимиздан андоза олади...

Ўсмирлик чоғигача бола ҳар хил инсонлар ва ҳаракатлар билан танишади – ёшлигининг тақозоси сифатида кўрган-танишган нарсаларини амалиётга тадбиқ қилади. Катталарнинг ҳаракатига тақлид қилиб, бундан жуда чуқур завқ олади. Масалан, болалар характерининг шаклланиш босқичида (4-12 ёш оралиғи) «жаргон» сўзлар ёки сўкишни ўрганиб уларни амалда қўллашлари мумкин. Ўзини анча тутиб олган ва одоб-ахлоқ ҳақида тушунча ҳосил қилган 6 ёшли болакайга бундай сўзларни ишлатиш яхши эмаслигини тушунтириш мумкин. Лекин, нисбатан кичик ёшдаги унча-мунча гапни тушунмайдиган (6 ёшдан кичик) болалар сўкаётган ёки уятсиз сўзларни ишлатаётган бўлса қандай тарбия услублари қўлланилиши керак?!
Замонавий оналардан бири шундай ҳикоя қилади: икки ўғлим бор. Бири 7 ёшда иккинчиси 3 ёшда. Катта ўғлим яқин кунларда ёмон сўзларни ишлатадиган одат чиқарди. Бундай қилгани учун уни жазолаш мақсадида ҳар сўкканида оғзига гаримдори суртдим. Бора-бора ўғлимнинг бу одати йўқолиб, кўнглим жойига тушгандек бўлди. Лекин кунларнинг бирида уйга келган меҳмонлар олдида нақ ер ёрилмади, мен кириб кетмадим. 3 ёшли кичик ўғлим меҳмонларни ўшандоқ хунук сўзлар билан сўкиб берса бўладими. Кейин билсам каттам ҳар куни кечқурун бир хонада ётадиган укасига ўша сўзларни ўргатиб чиқаётган экан. «Акам ўргатди», деганида жаҳлим чиқди-ю, ўзим нотўғри жазо қўллаганимни тушуниб етдим.

ЖАЗО ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Аслида боланинг шундай тарзда ҳаракат қилиши, яъни жазога нисбатан бир қаршилик кўрсатиши табиий ҳолдир. Буунинг психологиясида ҳамма нарса ўз ўрнида эканидан далолат. Аксинча ҳеч қандай. муносабат кўрсатмаганида боланинг баъзи рефлексларида камчиликлар борлигини эътироф этган бўлар эдик. Асл хато қўлланилган жазода. Ахир фарзанд бу ёшда ишлатаётган сўзининг асл моҳиятини ҳам тушунмайди. Шунинг учун унинг ўзи ҳам ёмонлигини билмаган ҳаракатлари учун уни жазолаш мантиқсиз бўлади. Бунинг устига болага юқорида белгиланган жазо ҳам унинг ғурурини синдирадиган, бир жиҳатдан уни «шарманда» қиладиган моҳиятга эга. Балки шунгадир, бола топталган ғурури учун онасидан қасос олиш мақсадида укасига шундай сўзларни ўргатган. Жазо тарбияда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ақл билан танланиши керак.

ҚАНДАЙ ЧОРАНИ ҚЎЛЛАШ МАЪҚУЛ?

1. Ухлатишдан олдинги эртак ва ҳикояларда қаҳрамонларингизни ана шундай болалардан танланг. Кўп сўкадиган, хунук сўзларни кўп ишлатадиган бола бўлган экан, деб бошланг. Кейин ўша боладан ота-онаси қанчалик хафа бўлишини, бошқалар ҳам уни яхши кўрмаслигини айтинг. Лекин асло, «сен ҳам шу болага ўҳшамагин-а», дея кўрманг! Фарзандингиз керакли бўлган насиҳатни ўзи танлаб олади. Ишончингиз комил бўлсин.

2. Фарзандингиз ишлатаётган сўзларга муқобил сўзларни ўргатинг. Қайси ҳолатда қандай сўз ишлатаётганини билиб олиб, жаҳли чиққанида ёки хафа бўлганида ишлатиш учун бошқа адабий сўзларни ўргатинг. Масалан «Сендан жаҳлим чиқди», «хафа бўлдим» каби ибораларни ишлатишни ўргансин.

3. Фарзандингиз билан келишиб бир соат ичида хунук сўз ишлатмаса унга совға беринг. Масалан ҳар соат бошида бир дона конфет билан уни сийлаб, буни нима учун бераётганингизни эслатиб туринг. Бу одатни ўғлингиз унутиб қўйса ҳам сиз асло канда қилманг. Маълум бир вақт ўтгач эса конфетларни ҳар икки соатда беринг кейинчалик бу одатингиз аста-секин йўқ бўлиб кетади. Лекин шуни ҳам ёдда тутингки, мукофотлар маълум вақт ичида йўқотилмаса, фарзандингиз сиз билан бозорлашишни бошлайди.

4. Фарзандингиз тил савиясининг ривожланишини мутлақ назоратда ушлаб турмоқчи бўлсангиз, унга шеър ёдлатишингиз, тез айтиш ўргатишингиз, қисқа суралар ҳамда дуолардан таълим беришингиз мумкин. Бу йўл билан фарзандингиз тили ширин бўлиш билан бирга зеҳни ҳам очилиб боради.

5. Фарзандингиз ишлатган сўзларга нисбатан кескин муносабат билдиринг. Бу нарсадан фожеа ясаш бефойда, лекин жаҳлингиз чиққанини билдиринг. Бироқ хафа бўлишда ҳаддингиздан ошсангиз бола эзилиши мумкин.

6. Агар айтилган барча кўрсатмалардан фойда бўлмаётган бўлса, ўзингиз ишлатадиган сўзларингизни бир қоғозга тушириб кўринг. Эҳтимол сиз ҳам болангиз билан бир хил сўзларни ишлатаётгандирсиз.

ПАЙҒАМБАРИМИЗ (С.А.В.) БОЛАЛАРГА ҚАНДАЙ МУОМАЛА ҚИЛАР ЭДИЛАР?

У киши (с.а.в.) болаларга нисбатан ниҳоят даражада меҳрли эдилар. Кунларнинг бирида «Сиз болаларни ўпасизми?» - дея сўраган бадавийларга «ҳа» - деб жавоб бердилар. Улар эса «Аллоҳга қасамки, биз болаларимизни ўпмаймиз» - дедилар. Уларга жавобан Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: «Аллоҳ сизларнинг қалбингиздан раҳматини кесиб қўйган бўлса, мен нима ҳам қила олардим».
Жиддий, виқорли бўлсалар-да, болалар билан шунчалик ҳазиллашар эдиларки, сафдошлари У киши (с.а.в.)ни «болалар билан энг кўп ҳазил қиладиган киши» - дейишарди. Тилларини набиралари Ҳасанга кўрсатиб, уни кулдирар эдилар. Ансор болалардан бири ёшлигида Расулуллоҳ (с.а.в.) оғизларига кўзадан сув олиб, унинг юзига сепганларини ривоят қилган.
Кунларнинг бирида меҳмонга кетаётган Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) у ерга набираларини ҳам олиб бормоқчи бўлиб, у кишини бошқа болалар орасидан олиб кетмоқчи бўладилар. Ёш Ҳусайн эса ўнгга, чапга қочиб тутқич бермайдилар. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам набираларини тутиб олгунча ўзларини ҳудди ёш боладек ўнгга чапга олиб қувгандек бўладилар. Ушлаб олгач эса, бир қўлларини боланинг энсасига бир қўлларини даҳанининг остига қўйиб эркалаб, ўпиб «Ҳусайн мендандир, мен ҳам Ҳусайнданман» - дедилар.
Икки набираларини устларига миндириб тўрт оёқлаб юриб, уларни ўйнатар эдилар. Кунларнинг бирида, Ҳазрати Аббоснинг завжалари Умму Фазл набираларидан бирини Расулуллоҳга (с.а.в.) тутқазади. Бола У кишининг кийимларига пешоб қилиб қўяди. «Расулуллоҳга зиён етказдинг» - деб боланинг елкасига урган Умму Фазлга Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.): «Аллоҳ хайрингни берсин, ўғлимнинг жонини оғритдинг» - деб танбеҳ берадилар. Абу Умайр исмли болакайнинг хафалигини кўриб, у билан суҳбатлашиб, кўнглини оладилар. Унинг кичик қушчаси бўлиб, шу қушчаси ўлгани учун ҳафа эканлиги маълум бўлади. Бундан кейин ўша болани ҳар кўрганларида «Эй, Абу Умайр, кичик қушчанг нима бўлди?» - деб сўрар эдилар.
Муҳтарам Пайғамбаримиз (с.а.в.) ёш болаларга нисбатан ана шундай зийрак, аҳамиятли ҳамда меҳр-шафқатли эдилар.

Санжар ЗИЯЕВ тайёрлаган
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri