ЎЛКАМИЗ БАДИЙ АДАБИЁТИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР Принтер учун
02.03.2007 й.

Инсон табиати қизиқ. Баъзи ҳолларда арзимагандай бўлиб кўринган нарса унга қаттиқ таъсир қилиб кетади. Ўша нарса уни чуқур ўйларга толдиради. Роҳатсиз қилади. Нимадир қилишга ундайди. Яқинда “Озодлик” радиоси орқали муҳтарам Намоз Нормўмин томонидан туркчадан таржима қилиб ўқилган бир мақола менга шундай таъсир қилди. Мақоланинг бадиий адабиётга аталган қисмида ўзбек адабиётидаги исломий шуурни Совет давридан олдинги адабиётда ва Абдулла Қодирий ҳамда Чўлпоннинг баъзи асарларидагина кўриш мумкин, деган фикр олға сурилади.
Ўзини қадимдан мусулмон санаб келаётган катта бир миллат учун бу мусибат эмасми?
Бу-сўз мулкининг султони бўлган Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мавлоно Лутфий, Саккокий каби улуғ адиб ва шоирларни етиштирган халқ учун ору-номус эмасми?
Шу ва шунга ўхшаш нарсаларни ўйлаш мени нафақат бадиий адабиётимиздаги исломий шуур, балки адабиётимизнинг умумий аҳволи ҳақидаги хаёлдан йиллар бўйи тугун бўлиб келаётган фикрларни қайтадан эслашга мажбур қилди.

Юқорида зикр этилган мақола соҳиби, Совет давридаги асарлар ичидан раҳматли Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён” асарларини эслайди. Дарҳақиқат, ушбу икки асар ҳозирда ҳам қайта-қайта чоп бўлмоқда, халқ томонидан ўқилмоқда. Бошқа нима бор? Ҳа, бошқа нима бор? Ҳаммамиз бир овоздан иттифоқ қилиб, тортинмасдан бутун дунёга, бошимизни баланд кўтариб тақдим қила оладиганимиз нима бор? Эҳтимол бу ҳаддан зиёд муболағадир. Эҳтимол, шу саволга жавоб излаб ёзувчиларимизнинг Совет даврида ёзган асарларини саралаб чиқишга имконимиз бўлмагандир. Аммо, юқоридаги саволга шахдам жавоб бера олишимиз қийин эканлигидан аччиқ ҳақиқатни ҳам тан олмоғимиз лозим.
Албатта, бу саволни Горбачевнинг қайта қуришидан олдин биров бера олмас эди. Берган одам эса балога қолар эди. Энг аввал ҳурматли шоир ва ёзувчиларимиз бир овоздан: “Эй, сен нима демоқдасан?! Улуғ Октябр Сосиалистик инқилобигача ёппасига саводсиз бўлган, баъзи бир золим бойлар ва руҳонийларнинг ёнини олувчи диний-клирикал руҳдаги арзимаган шоирлардан бошқа ҳеч кими бўлмаган “шўрлик” ўзбек халқидан, Совет даврида, шонли КПССнинг доно раҳбарлиги остида бунча Сосиалистик меҳнат қаҳрамони, Бунча Ленин ва Сталин мукофоти соҳиблари, яна қанчадан қанча орден-медаллар олган шоир ва ёзувчилар етишиб чиқди. Биз, фақат Совет давридагина ўз ёзувчимизга, ўз маданиятимизга, ўз адабиётимизга эга бўлдик”, дейишарди.
Ҳозирда эса, муҳтарам шоир ва ёзувчиларимизнинг ўзлари мазкур даврдаги умр беҳуда ўтганига афсус қилмоқдалар. Улардан бирлари: “Наҳотки етмиш тўрт йил сиғинган жойи манфур манзил бўлса, жирканч ва хароб”, деб шеър ёзаётган бўлса, бошқаси китоб жавони ёнидан ўтаётиб ўз асарларини кўрганда кўзини юмиб тескари қараб ўтишини эътироф қилмоқда.
Хўш? Нима бўлди ўзи? Биргаликда ўйлаб кўрайлик. 1917 йили Ленин бошлиқ бир тўда муттаҳамлар томонидан амалга оширилган иш оддий давлат тўнтариши, балки, ўша машъум ҳудуддаги барча халқлар ҳаётининг барча соҳаларида ҳам тўнтариш эди.
Жумладан, бадий адабиёт соҳасида ҳам катта тўнтариш юз берди. Бизнинг юртимизда ҳам халқлар бошига битмас-туганмас мусибатлар келтирган “Улуғ Октябр” дан олдинги адабиётимиз яроқсиз, деб эълон қилинди. Енг шимариб янги-шаклан миллий, мазмунан соcиалистик адабиёт барпо қилиш бошланди. Аслида эса бу янги адабиёт-шаклан ўз миллатини ерга уриш мазмунан етакчи рус халқининг авангардлик йўлини кўрсатиш ва компартияни муқаддаслаштириш адабиёти эди.
Бу янги адабиётнинг тамсилчилари бадиий йўл билан миллатимиз, халқимиз дину-диёнатини, иймон эътиқодини, урф-одатини, тарихини, ўтмишдаги улуғ сиймоларини, ору номуси ва ғурурини оёқ остига олиб тепсадилар. Шу билан бир вақтда худосизликни, иймонсизлик ва эътиқодсизликни, Ленин ва Марксни, рус халқини ва бошқаларни кўкларга кўтариб мақтадилар. Уларнинг асарлари орқали бошқа халқлар ичида ҳам бизнинг халқимиз ичида ҳам салбий фикрлар тарқади.
Ўзини, сосиалистик реализм адабиёти, деб номлаган бу адабиёт, ҳаётдаги воқеъликни коммунизм фойдасига бузиб кўрсатиш йўлида ҳар қандай пасткашликдан қайтмади. Бу адабиёт юртимиз ва халқимиз манфаатларини болъшовойларга сотганларни миллий қаҳрамон қилиб, миллий мужодаламиз қаҳрамонлари мужоҳид- ларимизни ўғри-муттаҳам ва босқинчи қилиб кўрсатишни ўзига шараф, деб билди. Воқеъликдан узоқ бўлиб туриб реализмни даъво қилган бу адабиёт Бухорои шарифни бино қилган буюк аждодларимизни жоҳил, мутаассиб қилиб сифатлаб, уни босиб олиш учун замбараклардан ўққа тутиб вайрон қилган болъшовой каллакесарларни халоскор этиб сифатлади.
Худди шу ҳолни юртимиз ва халқимизнинг ҳар бир даври ва босқичини акс этдирувчи бадий асарларда кўрамиз.
Мазкур адабиёт вакиллари томонидан сифатланган ижобий қаҳрамонлар динимизга, урф-одатимизга эскилик сарқити деб қарайдилар, уларга қарши курашда ҳатто ўз оталарини ҳам аямайдилар. Янги ҳаёт қуришга келганда эса қўлларидан ҳеч нарса келмай турадилар, шунда бу анқовларга авангард халқ вакили, рус оғалари ёрдамга келадилар, уларнинг кўзини очиб, ақлини созлаб тўғри йўлга бошлайди. Бу эса, улуғ Рус халқи бўлмаганида ўзбеклар одам бўлмас эди, деган фикрнинг бадиий йўл билан ифода этиш эди.
Шундай қилиб, компартиянинг топшириғига биноан реалистик адабиёт янги, инсон-коммунизм қурувчисини яратишда ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди. Ўз навбатида коммунизм қурувчисини яратишга қўшилган бу салмоқли ҳисса кишиларимизни ўз аслларидан, дини диёнати, одоб ахлоқи, миллий ғуруридан узоқлаштиришда ҳам салмоқли ҳисса бўлди.
“Бировга чоҳ қазима, ўзинг тушасан”, дейди доно халқимиз. Ўтмишдаги адиб боболаримизни золим ҳукмрон синфнинг халқни эзишдаги қуроли бўлган, деб васф қилган Совет адиблари уларга қазиган чуқурга охир-оқибат ўзлари тушдилар.
Эски пайтда баъзи бир шоир ва ёзувчилар, ўзларига маълум сабабларга кўра, гоҳида ҳокимларни мадҳ этган бўлсалар, Совет адабиёти бутун борлиғи билан дунёдаги энг золим тузум-коммунистик тузумни мақтаб, унинг қўлидаги халқни эзиш воситасига айланди.
Қадимги “золим ҳокимлар” ўзини мақтаган шоирга ҳадя тақдим этиб, бошқаси билан иши бўлмаган бўлса, “янги одиллар”, ўзининг изнисиз бирор шоир ёки адибнинг бир оғиз калимасини ҳам чиқмайдиган қилиб қўйди. Халқни эзиш учун чиқараётган ҳар бир ҳукми ва қарорини эълон қилишдан олдин шоир ва адибларни тўплаб келиб, биз бу қарорни чиқарамиз, сиз халққа тушинтирасиз, дейдиган бўлишди. “Одил тузум”нинг “ҳур ва эркин” адиблари эса жонажан коммунистик партиянинг ҳар бир чақириғига фақат лаббай, деб жавоб берар эдилар.
Хўш, бунда ким айбдор? Албатта, тузум айбдор! Бугун парчаланиб кетган ўша машъум тузумни ҳамма лаънатламоқда,аммо уни ҳаммадан кўра кўп лаънатлаётганлар унинг эски маддоҳларидир.
Уларнинг бу қилиқлари “Қўрққан олдин мушт кўтарар” деган мақолни эслатади. Айни чоқда ўйлаб қоласан киши: хўш, улар ўтган тузумни нима учун лаънатлайдилар? Ўтган тузумнинг маддохи сифатида улуғ унвонлар, мукофотларга эришган эдилар. Энди янги тузумдан нима кутмоқдалар?
Яқинда бир хабар эшитдим: Наширёт “ХХ аср ўзбек рўмони” туркимини ташкил этган. Бугунги замон учун ҳам хизмат қила оладиган, қайта нашрга арзийдиган 20та рўмон топилмабди. Ҳолбуки “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвонига эга, Давлат мукофотлари билан тақдирланган ёзувчилар сони умумий ҳисобда юздан ошса керак.
Ажабланарли томони шундаки, биронта ёзувчи эски тузумга хизмат қилган асаридан, бу асар учун олган мукофот, унвонидан воз кечгани йўқ.
Албатта, ҳур ва эркин бўлмаган қаламкашдан олий мақом асарлар кутиб бўлмайди. Бунинг устига тузум қургур қаламкашликни қорин тўйдириш, бола-чақа боқиш ва мансаб поғанасида кўтарилиш воситаси қилиб қўйган. Тузумда бошқа манба орқали қорин ҳам тўйғаза олмайсан, бола-чақа ҳам боқа олмайсан. Тузумга ёқадиган нарса ёзмасанг қалам ҳақи ҳам ололмайсан. Тузумга ёқмайдиган нарса ёзсанг ёзганинг чиқмайди, ўзинг балога қоласан. Ушбу ва шунга ўхшаш ҳолатларни эътиборга олиб адабиётимиз заҳматкашларини маломат қила оладиган азамат йўқ. Уларга “Нима учун жаҳон адабиётининг шоҳ асарларини битган кишилар каби асарлар битмадингиз?” деб савол берадиганлар ҳам йўқ.
Лекин адибларимизга бериладиган бошқача саволлар анчагина бор. Баъзи адибларимиз билан ўтказилган учрашувлардан бирида ёш йигит: “Шароитлар бир хил бўла туриб нима учун гуржи адабиётида ўз миллати ва халқининг ғурурини эъзозловчи асарлар битилди-ю, бизнинг адабиётимизда битилмади?”, деган савол берди. Эътиборга сазовор савол. Бир босқинчининг мустамлакаси бўлган, бир хил қонун ва тазйиқлар остида яшаган икки халқ адабиётининг бирида ўз миллати ғурури ерга урилади-ю, иккинчисида ўша ғурур эъзозланади. Нима учун? Атрофлича жавоб бериш керак. Нима учун руслардан ҳақ гапни баралла айтадиганлар чиқдию, ўзбеклардан чиқмади? Нима учун золим тузумга “Сен золимсан!”, деб баралла айтганларида уларни мурдадликда айбловчилар сонсиз-саноқсиз чиқдилар? Ҳолбуки, рус адиблари коммунистик тузум олдида эрка эдилар, улар тузумдан норози бўлишлари эҳтимолдан йироқ эди. Лекин, нима учун аксинча бўлиб чиқди?
Нима учун Афғонистонга қилинган қонли Совет босқини пайтида шоир Евтушенконинг “Афғон чумолиси” шеъри тилларда достон бўлди ва аскарлар томонидан қўшиқ қилиб куйланди-ю, бизда фақат байналминалчи Совет армияси кўкларга кўтарилиб, афғон мужоҳидлари “душман” деб васф қилинди.
Ёки бўлмаса, бошқаларни қўйиб, ўз жигарларимиз, шароит жиҳатидан биздан ҳам бадтар ҳолда бўлган қўшниларимиз қозоқ ва қирғиз биродарларимизни олайлик.
Нима учун қозоқлардан Ўлжас Сулаймон чиқди-ю, биздан чиқмади? Нима учун қирғизлардан Чингиз Айтмат чиқдию, биздан чиқмади? Нима учун Чингиз оғанинг бугунги кунда дунёда асарлари энг кўп ўқиладиган уч ёзувчидан бири эканлигини яхши биламизу, ўз ёзувчиларимизнинг ҳаммаларини тўплаб келганда ҳам нечанчи ўринда туришларини билмаймиз? Бунга ўхшаш саволлар анчагина бор. Бу саволларга холисона саволлар деб қараб, холисона жавоблар излаш керак.
Адолат юзасидан айтишимиз лозимки, шоир ва ёзувчиларимиз қайта қуриш йилларида фақат ҳукуматнинг эмас, балки халқнинг, миллатнинг дарди билан ҳам ёниб-куйиш қобилиятига эга эканликлари намуналари кўрсатдилар. Бу намуналарни эса янада ривожлантириш керак.
Ўтган дарс ва ибратлардан ваъз насиҳат олиб хатоларни такрорламай, ижобий тарафлари ривожлантириб борилиши керак.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо солаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши бир илон уясидан икки марта чақилмайди”, дейдилар.
У зоти бобаракот солаллоҳу алайҳи васалламбошқа ҳадисларида: “Барча одам боласи хатокордир. Хатакорларнинг яхшилиги тавба қилувчилардир”, дейдилар.
Янги замоннинг адиблари шуларни унитмаслар, деб умид қиламиз.

Шайх Мухаммад Содик Мухаммад Юсуф

 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri