Бугуннинг дарди Принтер учун
31.05.2011 й.
islom.uz
Мўминлар бир-бирларининг хатоларини ёйишдан қайтарилганлар. Киши ўзининг гуноҳлари билан овора бўлиб, биродарларининг хатоларини кўрмаслиги айни иймон ишидир. Бу ҳолат жамиятнинг жипслигини, аҳиллик ва биродарликни таъмин этувчи йўлдир.

«Бошқаларнинг хатосини кўрмаслик» Аллоҳ наҳий қилган ишлардан кўз юмиш, фасод ҳолатларни ислоҳ қилишдан қочиш эмас. Айтмоқчи бўлганимиз, бугун ўз айбимизни унутиб, бошқаларнинг хатолари билан машғул бўлаётганимиз, натижада, ораларимиз бузилаётганидир. Хато топишда, тафтиш қилишда мисли кўрилмаган даражага етдик. Биримиз бошқамизнинг гуноҳини юзига тап тортмай айтади, у эса, жавоб тариқасида шеригининг янада каттароқ айбини ошкор этади. Оқибат, икки мўмин Набийларининг: «Бир-бирингларга душманлик, ғазаб қилманглар, ҳасадлашманглар, Аллоҳнинг ўзаро оға-ини бандалари бўлинглар!» деган амрига хилоф бораётганидан заррача истиҳола этмай, ёвлашади, асосий вазифаларини унутишади, энг катта душманлари шайтони лаинга мағлуб бўлишади ва ҳоказо. Шуни ҳам унутмаслик керакки, «Ким бир мусулмон биродарининг айбини таъна қилса, ўзи ҳам шу айбни қилмай дунёдан ўтмайди» (Термизий ривояти).

Ҳолбуки, сиғинаётган илоҳи бир, қибласи бир, пайғамбари бир, китоби бир, даъволари ҳам бир, лекин қалблари бўлак-бўлак. Бугун мусулмонларнинг энг бирламчи вазифаларидан бири ана шу турли-туман қалбларни бирлаштирмакдир. Бу борада яна саҳобийларнинг ҳаётларига қайтамиз, муолажани ўшалардан қидирамиз.

Кечаги кун фазли

Аҳилларнинг энг улуғлари, сўзсиз, саҳобаи киромлардир.
Мана бир мисол: Уҳуд жангида нималар рўй берганини ҳаммамиз яхши биламиз. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абдуллоҳ ибн Жубайр бошлиқ камончиларни: «Биз мағлубиятга учрасак ҳам, ғалаба қозонсак ҳам, мендан буйруқ келмагунича, ўрнинглардан жилманглар», дея тоққа жойлаштирган эдилар. Аммо улар ана шу амри набавийни унутишиб, жойларини ташлаб кетишди. Охир-оқибат эса, мусулмонларнинг талофат кўришига, етмиш кишининг шаҳид бўлишига, Набийнинг жароҳат олишларига сабабчи бўлишди.
Хўш, ўша айбдорлар кимлар эди?
Ҳеч ким билмайди. Чунки бирорта саҳобийдан у итоатсизларнинг кимлиги ривоят қилинмаган, шахслари ошкор этилмаган. Балки уларни ҳеч ким танимагандир. Йўқ, танишарди. (Ҳатто уларнинг орасида биз танийдиган саҳобийлар ҳам бўлиши мумкин.) Лекин йўл қўйилган хатонинг ўзинигина айтишди, биродарлари ҳақида эса, лом-лим дейишмади, бирор айбдорнинг номига таъна, дашном ҳам қилишмади. Ҳолбуки, шонли Ислом тарихида маҳзун саҳифа очган хато эди у.
Хуллас, бирорта тарих китобида уларнинг кимлиги зикр қилинмаган. (Агар Аллоҳ хоҳласа, фазли-карами ила қиёматда ҳам уларнинг шахсини ошкор этмаслиги мумкин.) Бундай биродарлик саҳобийлар ҳаётидан кўплаб топилади. Тарихга тийран назар билан қараган киши у зоти киромлар ўз яхшиликларини яширганларининг, шунинг баробарида, бошқаларнинг айбларини ҳам сир тутганларининг очиқ шоҳидига айланади.
Азиз Биродар, сиз билан биз ҳам иймонимиз туфайли оға-инилармиз, келинг, бир-биримизнинг хатоларимизни кўчага сочишдан, ғийбатдан, ҳасаддан, ёмон кўришдан сақланайлик, буюк асос устига қурилган биродарлигимизни паст сабаблар ила бузмайлик. Мендан ўтганини сиз кечиринг, сиздан ўтганини мен унутай. Зеро, сизу бизнинг севикли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ораларингиз бузилишидан сақланинглар, чунки у диёнатни ўлдиради» (Имом Термизий ривояти), деганлар.

Диёнатимиз ҳаёти учун ҳам ораларимизни ислоҳ қилайлик. Аллоҳ муваффақ этсин.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz