Фаранг хонимнинг дарду қувончи Принтер учун
31.05.2011 й.
islom.uz
Ғарблик бир аёл мутлако тузалмас, дахшатли бир касалликка чалинди. Табиблар «рак» - саратон деб аталмиш бу дард давосига ожиз эдилар. Бечора аёлнинг яшашга ишончи колмади. Бироқ шундай бир холатда Аллохнинг мархамати ила бу ожиза шифо топди. Байтул Ҳарамда Яратганга чексиз илтижолар қилди, чин ихлос билан дардига шифо тилади. Аёлнинг муроди хосил бўлди. Зотан, ягона Аллоҳ таологина хар нарсага кодир зотдир.

Азизлар, келинглар, яхшиси вокеалар тафсилотини ўша ожизанинг ўзидан эшитайлик.
Мен тўққиз йилдан бери жуда хатарли мараздан азоб чекар эдим. Бу мараз саратон (рак) бўлиб, унинг нақадар даҳшатли ва ҳатто номининг ўзиёқ этларни жун-жиктирувчи эканини ҳар ким яхши билади.

Тўғриси, у пайтлар ғофил эдим. Гўзаллик, куч-қувват ва саломатлик умр бўйи бирдай давом этадигандай юрардим, саратондек тузалмас бир дардга чалинишимни хаёлимга ҳам келтирмаганман. Бу дардга учраганимдан сўнг бутун аъзои баданим, бутун вужудим ларзага тушди. Фақат ундан қутулиш йўлларини ўйлайдиган бўлиб қолдим. Аммо, қандай қилиб?! Шу жумбоқ мени гангитар эди. Турсам ҳам, ўтирсам ҳам, фикру ўйимда шу бўлиб қолди. Ҳатто ўз жонимга суиқасд қилишни ҳам хаёлимдан ўтказа бошладим. Бироқ эримни ва фарзандларимни яхши кўрганимдан бу ишга қўлим бормасди. Ғофиллигим туфайли масаланинг Аллоҳга тааллуқли жиҳатини, яъни ўзини ўзи ўлдириш гуноҳ эканини, бунинг учун Аллоҳ қиёмат куни-да қаттиқ жазо беришини ўйлаб ҳам кўрмасдим.
Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, бу меҳрибон ва раҳмли Зот мени ўша касаллигим туфайли ҳидоятга бошлади ва менинг аввалги ва кейинги ҳолатимни кўрган жуда кўп кишилар ҳам ҳидоят топишди.

Даво излаб эрим билан Белгияга бордик, кўп дўхтирларга учрадик. Улар кўкрагимни кесиб ташлаш лозимлигини айтишди. Соч, киприк ва қошларимни тўкиб юборадиган, тирноқ ва тишларимга зарар етказадиган ўта кучли дориларни таклиф қилишди. Бундай дорилардан бош тортдим. Кўкрагим, сочим ва Аллоҳ таоло ато этган бошқа аъзоларимдан ажраб яшагандан бутун ҳолимча ўлишни афзал кўрдим. Аммо шунча жойдан келиб қуруқ қайтмай деб бирорта енгилроқ дори ёзиб беришларини сўрадим.
Уйга қайтиб, улар ёзиб берган дори-дармонларни истеъмол қила бошладим, лекин таъсири мутлақо сезилмади. Ўзимча бу ҳолатдан хурсанд ҳам бўлдим. Эҳтимол дўхтирлар адашгандир, мен бу касалликка чалинмагандирман, деган умидли хаёлларга ҳам бордим. Аммо, бахтга қарши, касаллик хуружи тўхтамас эди. Орадан етти ойлар ўтгач, тобора озаётганимни, оғриқ кучая бошлаганини ва ранги рўйим ўзгараётганини сездим.

Дўхтирлар яна Белгияга боришимни твасия қилишди. Эрим билан яна йўлга чиқдим. Касаллик кучайиб, захми бутун баданимга тарқалаётганини, ҳатто ўпкамда ҳам саратон асоратлари пайдо бўлганини эшитиб чуқур қайғуга ботдим. Дўхтирлар менинг Белгияда ўлиб қолишимдан хавотирланиб, тезроқ уйга кетишим лозимлигини айтишибди. Бу сирдан кейинчалик воқиф бўлдим. Шу сабаб тўғри уйга қайтмасдан, шифо ниятида Франсияга ўтиб кетдик. Аммо у ерда ҳам дарднинг давосини топа олмай, сарсон-саргардон бўлдик.
Охири мен ўзимни жарроҳларнинг қўлига топширишга, яъни, кўкрагимни кесиб ташлашларига рози бўлаёздим.
Шундай кунларнинг бирида эрим биз унутган ва ҳаётимиз мобайнида ғофил бўлганимиз улуғ Яратувчини кутилмаганда эслаб қолди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло муқаддас Байтуллоҳни зиёрат қилиш, у ерда ёлғиз Ўзигагина юзланиб, барча мусибатлардан халос этишини илтижо қилиб сўрашни эримнинг дилига солган эди. Биз бу ишни бажаришга қарор қилдик.

Вужудимни қандайдир хушнудлик чулғаб олган эди. Хуш кайфиятимга Аллоҳнинг муқаддас даргоҳини зиёрат қилишга бораётганим сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас.
Хўжайиним билан Париждан Қуръони Карим ха-рид қилдик, такбир ва тасбеҳ айтиб, тўғри Маккаи Мукаррама зиёратига қараб жўнадик.
Баййййтул Ҳарамга етиб келгач, ичкари кириб, Каъбани кўрдиму ўзимни тута олмай йиғлаб юбордим. Аллоҳ фарз қилган ибодатларни, намоз, рўзаларни, хушуъ, тазарруъ каби амалларни бажармай ўтказган умримга ачиниб, кўп афсус-надомаат чекдим. Сўнгра Аллоҳга илтижо қилиб:
- Эй пок Парвардигор, қаршимда барча умид эшиклари ёпилди. Фақат Сенинг эшигинг очиқдир. Энг сўнгги илинж ва умид таянчи бўлмиш эшикларингни менинг юзимга ёпиб қўйма. Ўзинг раҳм қил! Дўхтирлар мени даволашдан ожиз қолдилар. Энди шифо Сендан ва фақат Сендандир, - дедим.
Байтуллоҳни тавоф қилдим: ноумид қилмаслигини ва ёрдамсиз қўймаслигини ҳамда ҳамма дўхтирларни лол қолдириб менга шифо беришини ялиниб-ёлвориб чин кўнгилдан сўрадим.

Ҳа, дарҳақиқат, мен ғафлатда эканман, Аллоҳнинг энг тўғри ва ҳақ динидан бехабар, бебаҳра юрган эканман.
Бир куни маккалик уламолар ва шайхлар олдига бориб, менга фойда берадиган диний китоблар беришларини, ўқилиши тилимга енгил келадиган шифобахш дуолар ўргатишларини илтимос қилдим. Илтимосим ерда қолмади. Улар менга Қуръон тиловат қилишни ва Замзам сувидан тўйиб-тўйиб ичишимни насиҳат беришди. Айни чоқда, ўша улуғ уламолар менга кўпроқ Аллоҳни зикр қилишимни ҳамда Пайғамбарга (с.а.в.) чексиз саловатлар айтишимни тайинладилар.

Мен Байтуллоҳда ички бир руҳий хотиржамлик ва осойишталикни ҳис этдим. Меҳмонхонага бормай, Каъбада қолишга эримдан рухсат сўрадим. Байтул Ҳарамда мисрлик, туркиялик бир қанча савоб талаб аёллар менга ҳамсуҳбат бўлишди. Тинимсиз йиғлаётганимни кўриб, сабабини сўрашди. Бу муқаддас маконга келиб, Аллоҳ таолога меҳр-муҳаббатим ҳаддан зиёд ортганини билдириб, оғир бир дардга йўлиққанимни сўзлаб бердим.

Улар менга ҳамдардлик билдириб, ёнимдан ажрамай қолишди. Байтуллоҳда эътикофда ўтирганимни билгач эса, улар ҳам ўз эрларидан ижозат олиб, менинг ёнимга жойлашишди.
Биз тунлар деярли ухламасдик, жуда кам овқат ердик, лекин Замзам сувидан тўйиб-тўйиб ичардик. Чунки Пайғамбаримизнинг (с.а.в.): «Замзам сувидек ичимлик йўқ. Кимки уни шифо талабида ичса, Аллоҳ унга шифо беради. У касалга шифо, ташнага чанқоқ босди, очга таомдир», деган сўзларини билар эдик. Тинимсиз ибодат қиламиз, икки ракатдан намоз ўқиймиз-да, Зам-зам сувидан тўйиб ичиб, яна тавоф қилишга тушамиз.
Байтуллоҳга келган кунларим озғин эдим. Баданимнинг юқори қисмини саратоннинг асорати бўлмиш кичик-кичик юмалоқ доначалар ва яралар босган эди. Дугоналарим менга жароҳатларни Замзам суви билан ювишни маслаҳат беришди. Мен эсам, яраларимга тегиб, яна касалим хотирга келади, Аллоҳ зикридан чалғиб қоламан, дея қўрқар эдим. Шу сабаб у жойларга сув теккизмай, эҳтиёткорлик билан ювиниб туришни лозим топдим. Бешинчи куни ҳамроҳларим қисташди. Рози бўлмадим. Аммо қандайдир ғайбий бир куч қўлимга Замзам сувидан олиб, баданимга суртишга мени мажбурлагандек туюлар эди. Бу ҳол бир неча бор такрорлангач, беихтиёр кўкрагимни Замзам суви билан юва бошладим.
Шунда фавқулодда ҳодиса - мўъжиза содир бўлди. Танамдаги бор яралар бир-бир тўкилиб кетди. Вужудимда бирдан на оғриқ, на қон ва на бир йирингдан асар қолди.
Ҳайронлик ичра гангиб баданимни пайпасладим. Баданим соппа-соғ эди. Сесканиб кетдим. Дарҳол Аллоҳнинг қудратини зикр этдим ва ҳамд айтдим. Янги топган дугоналаримнинг биридан ўша яраларнинг ўрнини текшириб кўришини сўрадим.
Баданимнинг соппа-соғ, топ-тозалигини кўриб, беихтиёр ҳаммалари қичқириб юборишди:
- Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!
Бу қувончли хабарни эримга етказиш учун тез меҳмонхонага жўнадим.
- Аллоҳнинг меҳрибонлигини қаранг, - деб соғлом танамни кўрсатдим.
Ҳайратдан ёқа ушлади. Бўлиб ўтган барча воқеа-арни қайта сўйлаб берганимда ишонгиси келмас эди. Ўзини тута олмай севинчидан йиғлаб юборди ва баланд овоз билан:
- Дўхтирлар сени, уч ҳафтадан кейин ўлади, деб башорат қилганларини биласанми?! - деб хитоб қилди. Шунда мен:
- Ажалим фақат Аллоҳ қўлидадир. Ғайбни фақат Аллоҳ билгувчидир, - дедим.
Биз Байтуллоҳда яна бир ҳафта турдик. Сўнгра Мадинаи Мунавварага бориб, Пайғамбар алайҳиссалоту ва саллам масжидларини зиёрат қилдикда, Франсияга қайтдик. Франсияда дўхтирлар менинг соғайганимни кўриб, саросимага тушишди, эсларини йўқотишларига сал қолди. Чамамда улар мендан: «Сиз фалончимисиз?» деб сўрашди. Мен кўксимда фахр ва қатъийат ила:
- Ҳа, мен фалончиман, эрим фалончи, - деб жавоб бердим.
Дарҳақиқат, мен тавба қилдим. Яратганга қайтдим, фақат Аллоҳ таолодангина қўрқадиган, фақат Ундангина нажот кутадиган бўлдим. Зеро, тақдиримизни У белгилайди, ҳукм ҳам Уникидир.
Ўша номдор дўхтирлар:
- Бу ҳолатингиз ўта ғаройибдир. Қайта текшириб (рентген қилиб) кўриш керак, - дейишди.
Текширишди ҳам, аммо касалликдан бирор асар топишмади.
Илгари нафас олишда қийналар эдим. Байтул Ҳарамда Аллоҳдан шифо сўраганимдан кейин бу дардимга ҳам даво топдим.

Шундан кейин Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳ ва саллам) сийратлари ҳамда саҳобаи киромларнинг тарихлари битилган китобларни ўқидим, ўргандим. Кўп мутаассир бўлиб, узоқ йиғладим. Аллоҳ таоло ва Унинг расулини севмасдан ўтказган умримга кўп афсус-надоматлар қилиб, тинимсиз йиғлайвердим.
Мен Аллоҳ таолонинг неъматларига шукрона айтаман ва гуноҳларимни кечириб, тавбаларимни қабул этишидан умидворман...

Азизим, шу ўринда бир ожизанинг ғаройиб ва ғоятда ибратли ҳикояси якун топади. Ундан насиҳатланиш ва зарурий хулоса чиқариш ўзимизга ҳавола.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz