Бир томонли танга Принтер учун
22.07.2011 й.
   Бир томонли тангани ҳеч кўрганмисиз? Бундай танга бўлиши мумкин эмас-а.  Тўғрида тангани ҳам бир томонлиги бўладими.  Ахир у ўз номи билан танга-ку! Демак унда икки томон бўлиши керак.  Майли танга ҳақида кейинроқ…
   Баъзи пайтда ишларимиз юришмай қолади,  бир нарсага астойдил ҳаракат қиламиз-у,  лекин у иш амалга ошмайди.  Шунда албатта кетган вақтимизга,  кўпчилигимиз эса пулимизга ачинамиз.  Нега шунча ҳаракат қилсам ҳам бу иш амалга ошмади деб ўйлай бошлаймиз.  Ва бунга жавоб ҳам келиб чиқади,  бундан-да яхшироқ ҳаракат қилиш керак эди,  бу нарсада тажрибасизлигим панд берди,  бу нарса амалга ошишига бошқалар тўсқинлик қилди ва охирги вариантлардан бири омадсизман…
Омад –у нима ўзи? Қандай инсонлар омадли? Бир ишни хоҳласа уни амалга оширадиган инсонлар омадлими ёки оғзидан чиққани бир зумда муҳайё бўладиганлар омадлими ёки бир нарсага бошқалар қийинчилик билан эришса,  у осонгина шу нарсага етишса мана шу – омадми? Омадсизлик-чи? Бирор нарсани эплаёлмайдиган, қилган ишлари чаппасига кетадиган, бир нарсага елиб югурса ҳам ўша иши амлга ошмайдиган инсонлар омадсизми? Бу иккисига биз тажриба, илм, маҳорат, ҳаракатчанликларни ҳам сабаб қилиб кўрсатишимз мумкин. Ва яна бир нарса тақдир… Ҳа агар бирон нарса бизга тақдир қилинмаган бўлса, биз қанча елиб югурмайлик ўша нарса бизга насиб қилмайди. Омад ва омадсизликни биргина сўз тақдир билан алиштирсак қандай бўларкин? Ахир тақдиримиздан қочиб қутула олмаймиз, агар тақдиримизда бўлса, омад ҳам, омадсизлик ҳам биз билан бирга бўлиши мумкин. Демак бу алмаштиришни амалга оширсак бўлади. Мен ҳаёти омадсизликлар билан ўтганини нолиган кишиларни кўрсам ҳайрон қоламан. Қандай қилиб бутун умри давомида фақат ва фақат машаққатлар кўриб, нафас ростлашга ҳам улгурмай, бу ҳаётни омадсизликлар билан ўтказиб юбориш мумкин? Шундай инсонлар ўзлари омадсизлик деб қабул қилган ишларининг бирон-бир яхши томони бўлиши мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўришганмикин? Масалан оилй ўқув даргоҳига ҳужжат топшириб талаба бўлишини хоҳлаган абитурент ўқишга кира олмади. У кейинги йилгача яхшилаб тайёрланса,  бюджетга кириб кетиши мумкинлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмикин? Ёки бирон малакали мутахассис ишга жойлашмоқчи бўлиб, бирон корхонага борса, турли хил баҳоналар билан уни ишга олишмади, у шу пайтда агар яхшилаб ҳаракат қилса, бундан яхшироқ корхонага ишга жойлашиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрганмикан.  Майли шу жойида менга кўп йиллик умрини қийинчиликлар билан ўтказган бирон одамни мисол қилиб келтирарсиз, ё бўлмаса, бир оилй ўқув юртига 4-5 йиллаб кира олмаганлар ҳақида гапирарсиз, ё ўқишни битириб иш топа олмай неча йиллаб саргардон бўлиб юрганлар ҳақида эътироз билдирарсиз. Ҳа шундай одамлар ҳам бўлиши мумкин, лекин уларни омадсизга чиқариб бўлмайди. Бу инсонлар қаттиқ синовларга дуч келишмоқда холос. Шундай инсонлар агар бу синовларга бардошли бўлиб фақат яхши ният билан тўғри йўл сари одим қадам ташласалар бу қийинчиликлардан кейин яхшилик ҳам келади. Агар бу фоний дунйода рўшнолик кўрмасалар, қилган сабрлари ва қийинчиликларга қарамай тўғри йўлда бардавом бўлганликлари учун боқий дунё –охиратда ажрга эга бўладилар. Шулар ҳақида ҳам ҳеч ўйлаб кўрамизми? Ўйлаш керак. Ўйлаш- бу сўзни фикрлаш билан алиштирсак ҳам бўлади. Бизга ҳозирги кунда айнан шу фикрлаш етишмияпти. Бирон ишимиз юришмаса шу заҳоти омадсизлик ҳақида ўйлаб қоламиз, ё бўлмаса шум тақдирдан нолимиз. Мана шу ерда тангага қайцак. Тангани икки томони бўлганидек, қийинчиликлардан кейин яхшилик етишига умид қилиш керак. Танга фақат бир томон машаққат-у, қийинчиликлардан иборат бўлмайди. Фақатгина биз ўзимиз учун бир томонли танга ясаб олишимиз мумкин холос. Бу эса ҳар биримизнинг ўзимизга боғлиқ.
   Хоҳлаган ишинг амалга ошмадими, кўп ғамга ботма “Ҳар бир ишда ҳикмат бор”

Sadulloh sadulla91@mail. ru

   ***   
 
        Бола “бошидан”…

   Халқимизда бир мақол бор “Бўладиган бола бошидан маълум” – бу дегани бола ёшлигидаёқ ўзининг келажакда қандай бўлиб камолга етишини ўзини тутиши билан кўрсатиб қўйиши мумкин. Доно катталаримиз боланинг ўзини тутишидан у келажакда қандай инсон бўлиб етишиши мумкинлигини таҳмин қиладилар, албатта бу таҳминлар ўзини оқламаслиги мумкин, лекин баъзида “Қозонда бори чўмичга чиқади” -  деганларидек тахминлар ҳам тўғри бўлиб чиқиши мумкин.  Барибир нима демайлик бола барибир бола. Кичкиналигида ҳамма бола шўх, ўйинқароқ, қизиқувчан бўлади. Айниқса қизиқувчанлик кичкина болаларда ҳаддан ташқари кучли бўлади. ”Манаву нега қийшиқ, нега қуёш сариқ, нега сигирри шохи бор?” бу “нега”ларни эшитавериш баъзан жонимизга тегиб кетади ва шунга”бор кўчага чиқиб ўйна”ё бўлмаса”жимгина телевизор кўриб ўтир” – деб бу қизқувчан болалардан қутилишга ҳаракат қиламиз. ”Ҳали болада, кўп нарсани тушунмайди”. Ҳа тўғри болалар кичкиналигида кўп нарсани тушунмайди, кўп нарсага ақли етмаслиги мумкин, лекин айнан кичик ёшлигида болалар катталардан кўп нарсани ўрганадилар. Чунки бу пайтда бола мияси ҳеч нарса ёзилмаган дафтарнинг биринчи бетига ўхшаб тоза бўлади. Ва албатта дафтарнинг биринчи бетига ёзиладиган нарсани болаларга биз катталар ўргатиб қўямиз. Баъзида билиб, баъзида билмай. Энди ёзишни ўрганаётган 1-синф боласи қўлига дафтар ва қалам бериб қўйиб ёз десангиз, бола ёза оладими? Йўқ албатта. Унга устози ёрдам бериб нимани, қандай ёзиш кераклигини ўргатмаса бола ҳеч нарса ёзолмайдиганга ўхшаб ёш болалар ҳам биринчи навбатда катталар қилаётган ишларни кўриб, улардан ўрнак олишга ҳаракат қиладилар. Бола бу пайтда нима яхши, нима ёмон эканлигини фарқига бормай катталарга тақлид қилаверади. Ўзининг қурби етмаса ҳам катталар қилаётган ишларни қилишга ҳаракат қилади, катталар оғзидан чиқаётган ҳар бир гапни диққат билан эшитиб, керак бўлса сўзма-сўз қайтариб ҳам беради. Шунинг учун ёш болаларни беодоб сўзларни қаердан ўрганишига ҳайрон қолмасак ҳам бўлади. Чунки уларнинг устозлари ўзимиз бўламиз. Агар болаларимиз бирон-бир ёмон одат, ё ёмон иш қилишни ўрганса аввало ўзимизга бир яхшилаб разм солишимиз керак. Мен бундай ёмон гапларни гапирмайман, мени бундай ёмон одатларим йўқ деб ўзингизни оқлашга шошмай туринг. Чунки бу нарсани болаларингизга сиз ўргатмасангиз, бу ишни беминнат амалга оширадиган телевизор бор. Ҳа, ҳа ишонаверинг. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг ота-онаси ишдалигида бола ёлғиз қолса нима қилади?Майли озгина китоб ўқир, ўртоқлари била хар ҳил ўйинлар ўйнар. Лекин ҳозир бунақа пайтда болалар кўпроқ телевизор деган “дўст”лари билан яқин бўлиб кетишяпти. Ҳа телевизор яхши “дўст”да, бола нима деса “ҳўп” дейди. Болага ҳеч қачон мана буни кўрма, мана буни кўр демайди. Сиз ишдан хориб келганингизда эса, болангиз мириқиб ухлаётган, ё бўлмаса кун бўйи телевизор кўравериб чарчаб сиз билан бироз вақт бирга бўлишга ҳам ҳоли қолмаган бўлади. Баъзида эса ота-оналар хорижий сериаллар кўриб ўтирганда болалар уларга шерик бўлишади. Сериалга қизиқиб кетганимздан болани ҳам седан чиқриб қўямиз. Сериал тугаганидан кейин эса”Ия, ҳалиям ухламадингми?Бор хонангга кириб ёт”- деб болаларга ухлаш кераклигини эслатиб қўямиз. Бола бечора кунларини телевизор қаршисида ўтириш билан ўтказади. Кейин эса болаларни мактабга берганда болаларни ўзлаштириши пастлигидан хайрон қоламиз. ”Ҳали болада, энди мактабга чиққан бўлса” деган фикр хаёлимиздан ўтади. Лекин боланинг ўзлаштириши юқори синфларга чиққанда ҳам, шу аҳволда давом эца, ”ҳали болада, катта бўлганда ақлини йиғиб олар” – деймиз ўзимизга. Лекин афсуски кеч бўлганини билмаймиз. Бола буёғига ўзи мослашган қолибда қолиб кетишини ўйламаймиз.
     Агар дарахт ниҳоллигида қийшиқ бўлса, уни тўғирлаб қўйиш керак. Шунда дарахт текис, чиройли ва тўғри ўсади. Агар дарахт қийшиқ бўлиб ўсса, уни тўғирлаб бўлмайди. Унга тиргович тираб қўйишингиз мумкин, лекин бу билан дарахт тўғри бўлиб қолмайди. Болаларда ҳам шундай. Биз уларни ҳали кичкина деб юрганимизда, улар ўзликларини топиб олган бўладилар. Катта бўлиб қолганларида эса, болаларнинг бу ўзликларини ўзгартириш осон бўлмайди. Бунинг деярли иложи йўқ. Чунки боланинг ўз дунёқараши шаклланиб бўлган. Унинг атрофидагилар эса гўё уни тушунмаётгандек туюлаверади унга ва бола яқинларидан узоқлашиб бораверади. Хар ҳил кичик камчиликлар, кичик хатолар оқибатида бола тўғри йўлдан адашиб, ҳаёт сўқмоқларида ҳали енгиб ўтишга қодир бўлмаган қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Бола хатога йўл қўйганда эса кеч бўлган бўлади. Бўлган ишдан кейин “нега” деган савол бериш бефойда. Чунки бу саволга жавобни бугундан эмас, ўтмишдан излаш керак бўлади. Бундай пайтда эса биз тақдирдан нолишдан бошқа ишга ярамай қоламиз афсусуки.
   Юқоридаги “Бўладиган бола бошидан маълум”мақолидаги “бошидан” сўзида жуда катта маъно яширинган мени фикримча. Бола айнан шу “бошидан” яъни кичиклигидан ўзи учун керак-керакциз бўлган ҳамма маълумотларни ўзига сингдириб, катталар ёрдамида уларни яхши-ёномга ажратади. Асосан катталар бирон-бир ишни кўп маротаба такрорлашса болалар ҳам шундай қилишга ҳаркат қилишади. Уларга бундай қилма деб оғизни оғритишни фойдаси йўқ.   ”От изини той босади”деганларидек, болалар ҳам қилаётган ишларида катталарга эргашадилар. Шунга болаларга кичкиналиклариданоқ эътиборли бўлиб тўғри йўлга солишимиз керак. Ва айнан шу жойида мана шу “бошидан” қаердан бошланишини яхшилаб англаб етмоғимиз керак. Шу ўринда бир ҳикоят келтирсам: “Бир ота-она фарзандли бўлишганликларидан сўнг, бола уч ойлик бўлганида бир донишманднинг олдига  боришибди ва донишманддан “Фарзандли бўлдик, фарзандимизга тарбия беришни қачондан бошлайлик – деб сўрашибди. Шунда донишманд “Фарзандлик бўлганингизга қанча вақт бўлди? – деб сўрабди. ”Уч ой – беб жавоб беришибди улар. Шунда донишманд “Фарзандга тарбия беришда уч ойга кечикибсизлар – деган экан. ”Бундан кўриниб турибди-ки болаларга тарбия беришни туғилганлариданоқ бошлаш керак десак муболаға бўлмайди. Уларга ёшликлариданоқ тўғри йўлни топишга ёрдам бериб юборсак, келажакда биз орзу қилгандек юртига, ота-онасига беминнат ҳизматда бўладиган,  ақлли, одобли бола бўлиб камолга етадилар. Болаларимизга эътиборли бўлайлик, чунки шу болалар юрт келажагидирлар.  
 
***
 
  Қалдирғочлар қайтади(ми)

                                                                                                   “…Ўқиб илм орттирганлар  билан ўқимаганлар тенг бўладиларми…?” (Зумар :9)

  Баҳор келди. Дарахтлар яшил тус олди. Ҳамма ёқда хурсандчилик, баҳор нафаси кўнгилларни шод этаяпти. Баҳор қушлари - қалдирғочлар ҳам чуғурлаб у ёқдан, бу ёққа ўтиб, ўзларига макон изламоқдалар. Шу қалдирғочларни мен жуда ёқтираман, чунки жуда ақлли қушда бу қалдирғочлар. Аввал жуфти билан ўзи учун ин қурадиган жой танлайди, кейин жуда пишиқ қилиб ин қуради, ундан сўнг тухум қўйиб яхшилаб парваришлайди. Тухумдан полапонлар чиққандан кейин уларни катта қиламан деб тиним билмайди, охири уларни учирма қилиб, мустақил ҳаётга қўйиб юборади. Гапирганда осон, аммо жуда қийин иш. Қалдирғоч билан боғлиқ, ўзим гувоҳи бўлган бир воқеани айтиб берсам. Бундан икки йил аввал қалдирғочлар бизнинг хонадонга ин қуриб бир мавсум қолиб, кузда учиб кетишди. Қалдирғочлар кетганидан кейин мусичалар бўш қолган ин атрофида бир-икки учиб ўтишди ва озгина вақт ўтгандан кейин бўш қолган инни эгаллашди. Аввалига улар иннинг ярмини ўзларига мослаб бузиб ташлашди, кейин иннинг ҳаммасини бузиб, ўзлари озгина хашак ва бошқа нарсалардан ин қуриб олишди, аммо кўп фурсат ўтмай инни ташлаб кетишди. Мен қалдирғочни бузилган уясига ачиндим ва бузилган индан қолган озгина нарсани ҳам олиб ташлаб, ин ўрнини тозалаб қўйдим. Кейин баҳорда қалдирғочлар яна учиб келишди ва яна янги ин қуришди. Улар кузда учиб кетганидан кейин яна ўтган йилги ҳодиса такрорланди. Мусичалар яна инни бузиб, ўзлари ҳеч нарса қурмай учиб кетиб қолишди. Бу йил қалдирғочлар яна учиб келишди ва бузилган ин атрофида бир-икки айланиб учишди. Бу икки кун такрорланди, кейин эса улар келмай қўйишди. Мен эса озгина хафа бўлдим, чунки қалдирғочларни жуда яхши кўраман. Бир қалдирғочларга раҳмим келади, бир ақлсиз мусичалардан жаҳлим чиқади. . .
   Ҳозирда ёшларимизга қараб тўғриси ачиниб кетаман. Ҳаётнинг энг яхши даврини бекорчи нарсаларга сарф қилиб юборишаяпти. Ёшликда олинган билим тошга ўйилиб ёзилгандек, бизга бир умр ҳамроҳ бўлишини наҳотки улар билишмаса. Улар қилаётган хар ҳил кўгилхушликлар, бекорчи гаплар учун сарфланаётган вақтни кейинчалик олтинга ҳам сотиб олиб бўлмаслигини наҳотки тушунмайдилар. Вақт ўтгандан кейин пушаймон бўлиш фойдасиз иш эканлигини наҳотки ўйлаб кўришмаса. Ҳозир айни билим олиб, ўз келажаклари учун пойдевор қуриш кераклигини нимага ўйлаб кўришмайди?"Келажак ёшлар қўлида" деган гапни эсласам, бу ёшлар билан келажак қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлашни ҳам хоҳламай қоламан. Мен ҳам шу ёшлар қатори оддий боламан, мен ҳам вақтида ўзимнинг қимматли вақтимни кераксиз нарсаларга сарф қилганман. Лекин мен улардан фарқли ўлароқ бу қилаётган ишим нотўғри эканлигини ва мен учун ҳозир энг керакли нарса билим олиш эканлигини тушуниб етдим ва бунга ҳаракат қилмоқдаман. Ҳозир ҳам бекорчи ишларга вақт сарфлаётган тенгдошларимни кўрсам ачиниб кетаман. Улар бир-икки насиҳатомуз гапга  қўл силтаб қўйганларидан кейин эса, қайта гапиргинг ҳам келмай қоларкан. Тўғри беш қўл баробар эмас, ўз вақтини билим олишга сарфлаб, бу йўлда бор ғайрат ва шижоатларини сарфлаётган ёшлар ҳам бор. Лекин кўпчилик ёшлар аҳволи яхши бўлмагандан кейин, улар орасида бундай илмга чанқоқ болалар ҳам кўринмай кетаркан. Худди дарё тошса, кичик ирмоқчаларни ҳам босиб кетганига ўхшаб.
  Ҳозирги ёшларимиз аҳволи билан қалдирғочларни нима алоқаси бор дерсиз, мен шу ерда бу икки нарса ўртасида ўзим кўришга муваффақ бўлган ба'зи ўхшаш томонларни билдирсам. Қалдирғочлар мана қанча йиллардан бери ўзлари учун макон танлаб, у ерда янги авлод қалдирғочларини тарбиялаб, уларни мустақил ҳаётга қўйиб юборишади ва улар ҳам кейинги авлодни тарбиялаб, мустақил ҳаётга қўйиб юборишади. Улар қурган мустаҳкам ин эса уларга жуда кўп ҳизмат қилади. Мен қалдирғочларни илмли инсонларга ўхшатдим. Биздан олдинги боболаримиз ҳам биз учун илм пойдеворини барпо этишган ва мана неча асрдан бери ҳар бир авлод бу илм пойдеворга ўз ҳиссаларини қўшиб, муносиб шогирдлар етиштириб, ўз олдиларидаги бурчларини адо этиб келмоқдалар. Ҳозир ҳам қалдирғоч каби тиним билмай бошқаларга илм ўргатаётган кишилар бу пойдеворга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Улардан илм олиб келажак авлодга муносиб бўладиган шогирд қалдирғочлар ҳам йўқ эмас. Лекин афсуски, бу пойдеворни бузиб, ўз бурчлари ҳақида ўйламаётган мусичаларга айланиб қолаган қалдирғочлар ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Улар ёшликда қалдирғочлардан илм олишган, я'ни устозлардан, кейинчалик эса илм олишдан юз ўгириб, керакциз нарсалар билан овора бўлиб қолишган. Улар боболари қуриб кетган пойдеворга ўз ҳиссаларини қўшиш ўрнига, уни бузиб, кераксиз нарсалар билан уни ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилмоқдалар. Улар қураётган бу мўрт пойдевор қулаб кетса, улардан кейинги авлод қандай қилиб ўзларига керакли бўлган билимни олишлари мумкинлигини тушунишмаяпти. Қалдирғоч инини мустаҳкам қурмаса,  у ерда полапонларини катта қила олмайди. Агар бизлар боболаримиз бизга қолдирган пойдеворни мустаҳкамламасак келажак авлод қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин. Улар бу ҳаётда яшашдан мақсад нима эканлигини тушуниб етмай, ўзларига берилган умр неъматини кераксиз нарсаларга сарф қилиб юборишлари мумкин. Шунинг учун ҳар биримиз ўз бурчимизни унутмайлик, буюк боболаримизга муносиб авлод бўлишга ҳаракат қилайлик. Илм олиш йўлида бор шижоат ва ғайратимизни аямайлик. Бу келтирган ўхшатишим балки унчалик ҳам мос эмасдир, ахир мен ҳам оддийгина илм олишга ҳаракат қилаётган бир боламан холос. Агарда бу ёзганларим туфайли ўқувчини ўйлашга мажбур қилаолган бўлсам мен жуда хурсанд бўламан. Фикрларимда хатолар бўлса, каминани мазур тутгайсизлар.
  Баҳор қайтди, кўклам қайтди, аммо қалдирғочлар қайтмади. Қайтармиканлар?. . .
 
 
« Олдинги

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri