Саҳифа 5 24
II. ЭСКИ АҲДГА КИРГАН КИТОБЛАР
Эски Аҳд бадиий ва ҳажм жиҳатдан турли шакл ҳамда кўринишларда бўлиб, оғзаки ривоятдан тортиб, тўққиз асрлик узун бир давр мобайнида, ҳар хил тилларда ёзилган асарларнинг куллиёти, демакдир. Бу асарларнинг кўпчилиги, баъзан бир-биридан жуда ҳам узоқ даврларда, воқеалар ёки баъзи бошқа заруратлардан келиб чиққан ҳолда тузатилган ва ниҳоясига етказилгандир.
Бундай бой бир адабиётнинг пайдо бўлиши, Исроил қироллигининг дастлабки йилларига, милоддан олдинги XI-асрларга тўғри келади. Бу давр қиролнинг атрофидаги бир гуруҳ зиёли кишилардан ташкил топган "котиблар" жамоасини етиштириб чиқарган бир давр эди. Олдинги бўлимда зикр қилинган ва ёзувга кўчирилса, фойдадан холи бўлмайдиган баъзи илк матнлар шу даврдан қолган бўлиши мумкин. Юқорида номлари тилга олинган баъзи "нашида"лар, Ҳазрати Яъқуб ва Ҳазрати Мусонинг Аллоҳдан нақл қилган сўзлари, шунингдек, "Ўн амр" ва умумият-ла, хали ҳуқуқий бир асос ташкил этмасдан туриб, диний анъана ҳолига келган буйруқ матнлари. Бу матнларнинг ҳаммаси Эски Аҳд китобларида у ёки бу ерга жойлаштирилган тарқоқ ҳолдаги парчаларни ташкил этади.
Ҳазрати Мусога нисбат берилган илк беш китобнинг асос унсурини ташкил қилувчи "Пентатуик"нинг Яхвиста бу матнда Тангри Яхва деб аталганлиги учун матнга ҳам Яхва номи берилган. Матнининг ёзилиш тарихи, тахминан, милоддан олдинги X- асрга тўғри келади. Кейинчалик бу матнга Элохист бу матнда Тангри Элоҳим деб аталганлиги учун матнга ҳам шу ном берилган ва Сакардотел бу матн Қуддус ибодатхонасидаги руҳонийлар томонидан ҳикоя қилинган ривоятдир, деб аталган ривоятлар илова қилинади. Энг бошдаги Яхвиста матни ибтидо манзаралари ҳамда Ҳазрати Яъқубнинг ўлимига қадар бўлган ҳодисаларни ўз ичига олади. Милоддан олдинги IX-асрнинг охирида, VIII-асрнинг ўртасида Шимол Қироллигида (Исроилда) китоблари бизгача етиб келган Элие ҳамда Элисее билан бир набавий даъват тўлқини пайдо бўлади ҳамда кенг ёйилади. Бу, айни пайтда, "Пентатуик"нинг Яхвиста матнига кўра, яна ҳам қисқароқ бир даврини ўз ичига олган Элохист матни ёзилган даврдир. Элохист матни фақатгина Ҳазрати Иброҳим, Ҳз. Яъқуб ҳамда Ҳз. Юсуф билан боғлиқ воқеаларни қамраб олган. Бундан ташқари, "Ёшу" ва "Ҳакимлар" китоблари ҳам ана шу даврда ёзилган. Милоддан олдинги VIII-аср, "ёзувчи пайғамбарлар" асридир. Милоддан олдинги 721 -йилда Самириенинг ишғол қилиниши билан Исроил қироллиги тугайди. Яхуда қироллиги, унинг диний меросига ворислик қилади. ”Пентатуик”нинг Яхвиста ва Элохиста матнлари ягона китоб ҳолига келтирилади. "Провербес" мажмуаси шу даврдан қолган бўлиши мумкин; шундай қилиб, Таврот дунёга келади. Тасния китоби ҳам шу даврда ёзилган бўлса, ажаб эмас. Милоддан олдинги VII-асрнинг иккинчи ярмида Ёшиянинг салтанати, пайғамбар Яремя даъватининг бошланғич даврига тўғри келади. Бу пайғамбарнинг асари, орадан бир аср ўтгандан кейингина мукаммал шаклга келади. М. о. 598-йилда воқеъ бўлган Бобил сургунида аввал Тсефеня, Наҳум ва Ҳабаккук даъватлари жой олган. Бу илк сургун асносида Хезекиэл ҳам ўзининг пайғамбарлик даъватини ёйган. Бундан кейин м. о. 587-йилда Қуддуснинг қўлдан кетиши, иккинчи сургуннинг бошланғичини ташкил этади ва бу сургун м. о. 538-йилга қадар давом этади. Охирги буюк пайғамбар ва сургун даврининг пайғамбари бўлмиш Хезекиэлнинг китоби унинг ўлимидан кейин, маънавий ворислари саналмиш котиблар томонидан ҳозирги ҳолатига келтирилган. Котиблар Тақвин китобининг Яратилишдан Ҳазрати Яъқубнинг вафотига қадар бўлган қисмини, учинчи бир ривоят тарзида қаламга оладилар. Улар ёзган бу матнлар сакердотел диндорлар томонидан ёзилган матндир.
Шундай қилиб, Тавротга асос солган ва Яхвиста ҳамда Элохистадан иборат бўлган икки матннинг орасига учинчи бир матн тиқиштирилади. Бу матннинг, ўзидан тўрт ва икки юз йил олдин ёзилган китобларда келтириб чиқарган чалкашликларининг яна бир жиҳатини олдинроқда кўрамиз. Ламентесион китоби ҳам ана шу даврларда пайдо бўлади.
Сируснинг амри билан, м. о. 538-йилда Бобил сургуни ниҳоясига етади. Яҳудийлар Фаластинга қайтадилар ва Қуддус ибодатхонаси янгидан бино қилинади. Нубувват тўлқини янгидан ёйила бошлади. Хаггай, Закариё, учинчи Ишая, Малаки Даниэл ва Барукнинг (бу китоб юнон тилида ёзилган) китоблари, ана шу даврнинг маҳсулидир.
Сургундан кейинги давр, айни пайтда, Садесс (Ҳикмат) китоблари давридир. ”Провербес” милоддан олдинги 480-йилларда ёзилади. Йоб (Айюб) китоби м. о. V-ўрталарида қаламга олинади. Эклесиастик ёки Сиракиде м. о. II-асрда ёзилган. "Сулаймоннинг ҳикматлари" китоби билан I ва II Меккебис китоблари, милоддан бир аср олдин ёзилган Рут, Эстер ва Юнуснинг китобларига ўхшаб, Тоби ва Жудийнинг китобларининг ҳам қачон ёзилганлигини айтиб бериш қийин. Бу маълумотларнинг ҳаммаси кейинчалик амалга оширилган тартиботларга боғлиқ равишда берилган; зеро, милоддан бор-йўғи юз йил олдин Эски Аҳд матнлари маълум бир шаклга келтирила бошланган ва кўпчилик мутахассисларга кўра, милоддан кейинги I- асрдагина ҳозирги ҳолатга келган.
Шундай қилиб, Эски Аҳд, ибтидодан насронийликнинг пайдо бўлишига қадар яҳудий миллатининг адабий ёдгорлиги сифатида кўз олдимизда намоён бўлади. Уни ташкил этган китоблар м. о. X-I - асрлар орасида қоғозга туширилган, тугалланган ёки кўздан кечирилгандир. Бу китобларнинг ёзилиши ҳақида берилган маълумотларнинг шахсий қарашларимизга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Юқорида келтирилган тарихий далиллар профессор С. Р. Сандрознинг "Энсиклопеди универсалис" учун ёзган "Библе" (“Муқаддас Китоб”) мақоласидан олинган. Эски Аҳднинг нима эканини англаб етиш учун мутахассислар томонидан мукаммал равишда исботлаб берилган маълумотларни ёдда тутиш керак бўлади.
Бу китобларнинг ичида ваҳий ҳам бордир. Фақат, бугун бизнинг қўлимизда бўлганлари ўзлари яшаган тарихий шароит ва заруратлар тақозоси билан матнларга ўзгартишлар киритган инсонларнинг бизга қолдирган меросларидан иборатдир.
Бу холис маълумотлар, бугун кенг халқ оммасига мўлжаллаб ёзилаётган "Муқаддас Китобга кириш"лар билан солиштириб кўрилганда шу нарса маълум бўладики, воқеълик бу ерда бузиб кўрсатилади. Китобларнинг ёззилиш тарихи билан боғлиқ воқеалар ҳақида ҳеч нарса дейилмайди, ўқувчини ўйлантирадиган баъзи жиҳатлар четлаб ўтилади. Муқаддас Китобдаги "Сўзбоши" ҳамда "Кириш"ларнинг аксарият қисми ўқувчини чалғитади. Масалан, "Пентатуик"да (биринчи беш китоб) бўлгани каби, китобларнинг ҳаммаси янгидан қўлдан ўтказилган. Бу ҳақда эса, "баъзи тафсилотларнинг илова қилинганлиги" ҳақидаги изоҳ билан кифояланилади. Ҳар қандай китобнинг англашилмаган қисми ҳақида сўз юритилса-да, жиддий таҳлил ва мушоҳадани тақозо қиладиган муҳим масалаларга келганда, сукут сақланади. Муқаддас Китоб мавзусида, кенг халқ оммасига мўлжалланган адабиётларда бундай хато маълумотларнинг берилганлигини кўриш жуда ҳам ачинарлидир.
|