ТАВРОТ, ИНЖИЛ, ҚУРЪОНИ КАРИМ ВА ҲОЗИРГИ ЗАМОН Принтер учун
02.03.2007 й.

Морис Букай 1920 йил 19 июлда Франсиянинг Бун Лифийк шаҳрида туғилди. 1945 йилдан Париж дорулфунунида табиб, 1952 йилдан эса жарроҳлик бўлими мудири бўлиб ишлаб келмоқда. У бир қанча халқаро жамиятлар аъзоси ва қатор илмий-оммабоп асарлар муаллифидир. Доктор Морис Букай 1982 йилда мусулмонликни қабул қилган.
Ўз соҳасидаги шуҳрати марҳум қирол Файсал раҳматуллоҳи алайҳини унга бемор сифатида олиб келар экан, бунинг ўз фикрий ва диний қарашларини даво қиладиган Қуръони Карим билан танишишга васила бўлишини у қаердан ҳам билибди?
Қуръон таржималари ўзини тўла қониқтирмагач, уни тўғридан-тўғри Аллоҳ таоло нозил қилган тилда ўқиш учун араб тилини ўрганишга киришди.

ФРАНСИЯЛИК МУСУЛМОН ТАБИБ МОРИС БУКАЙ китобидан

ТАҲРИРИЯТДАН

Ғарбда Ислом ҳақида китоб ёзган олимларнинг динимизга шарқшунос сифатида "ташқаридан" қарашларига ўрганиб қолганмиз. Бундан ташқари, насроний миссионерларининг ҳам мусулмонлар билан қизиқишлари аксарият ҳолларда манфий кўринишларда зоҳир бўлган ва бўлаяпти. Насроний ғарбликларнинг Исломни ўз ҳолича танишлари учун ошиб ўтишлари қийин бўлган турли хил тўсиқлар бордир.
Тарихан насронийликнинг Исломга қарши ташвиқотлари, империализм каби сиёсий ва иқтисодий сабаблар, мусулмонларнинг турмуш тарзлари, жамоа ҳолида ва том маънода Исломни ҳаётга тадбиқ қилган биронта мамлакатнинг йўқлиги, ҳозирда мусулмонларнинг дунё тараққиётидаги таъсирининг озлиги, Ғарб давлатларининг технология соҳасидаги ютуқлари, шунингдек, шарқшуносларнинг, Ислом динини танитмоқчи бўлиб, ўзлари билмаган ҳолда тахриф этишлари туфайли пайдо бўлган ва ҳ. к. тўсиқлар.
Фарангистоннинг машҳур табибларидан профессор Морис Букайнинг ана шу монеъликларга қарамасдан мусулмонларнинг, яна ҳам тўғрироғи, Аллоҳнинг муқаддас китоби–Қуръони Каримга мурожаат қилиши, илмий тажрибаларини динга тадбиқ қилган ҳолда, самовий китобларни диққат билан таҳлил ва муқояса қилиши эътиборга лойиқдир. Муҳтарам доктор М. Букай, ўз тадқиқотларининг хулосаларини қўлингиздаги, франсузча асли "Таврот, Инжил, Қуръони Карим ва ҳозирги замон" деб номланган китобида жамлаган.
Биринчи марта 1978 йилнинг иккинчи ярмида нашр қилинган китоб, кутилганидан ҳам кўпроқ қизиқиш уйғотди ва 1978 йилнинг августигача олти марта чоп этилди. Фарангистондай ғайримуслим бир мамлакатда бу, албатта, ҳайратланарли бир ҳолдир. Нашриёт томонидан китобга ёзилган "Сўнг сўз"да, жумладан, қуйидагиларни ўқиш мумкин: "М. Букай, диний китобларни холисона таҳлил қилган ҳолда, ҳам эски Аҳд (Таврот) ҳамда Инжиллар ҳақидаги бутун тушунчаларни остин-устун қилиб ташлайди. Ана шундай қилиб, илоҳий ваҳийга оид бўлган қисми билан кейинчалик инсонлар томонидан илова қилинган уйдирма ва хатоларни бир-биридан ажратади. . . "
". . . асл касби жарроҳлик бўлган Букай, фақат баданларнигина эмас, балки руҳларни ҳам ўрганиш мумкин бўлган ҳодисаларни бошидан кечирди. Мусулмонларнинг диний ҳаёти ва мусулмон бўлмаганларнинг кўпчилиги бехабар бўлган Исломнинг турли жиҳатларини ўрганиш жараёнида қаттиқ мутаассир бўлди. Бу соҳадаги билимларини янада ошириш учун араб тилини ўрганди ва Қуръони Каримни таҳлил қилди. Қуръонни таҳлил қилар экан, табиат ҳодисалари ҳақида, фақат табиат илмлари билангина изоҳлаш мумкин бўлган бир қанча мисолларни топгач, ҳайратланди. Шу билан бирга, ёлғиз Аллоҳга эътиқод қилган динларга оид Китоб матнларининг қанчалик тўғри-нотўғри эканлигини ўрганишга киришди, пировардида, Таврот ва Инжиллар билан замонавий билимнинг хулосаларини солиштириб кўрди. Яҳудийлик ва насронийликнинг муқаддас китоблари ҳамда Қуръон ҳақидаги бутун тадқиқотларининг хулосалари ушбу китобда жамулжамдир. " Қуръони Каримнинг ҳақиқат эканлигини илмий нуқтаи назардан тушунишни истамаганлар, балки ўзларича ҳақлидирлар. Уларнинг муносабатлари, "билим тасдиқламагунича Қуръонга ишонмаймиз" қабилида бўлади. Аслида, иймон масаласида билимнинг ҳакамлик қилишига биз ҳам қаршимиз. Чунки илмий хулосалар, баъзи ҳақиқатларни кашф қилганлигига қарамасдан, умумият-ла, жуда ҳам нисбийдир. Бу хулосалар, қанчалик ҳаққоний бўлмасин, барибир тадқиқотчининг қарашлари ва услубларига тобеъ бўлиб қолаверади. Қолаверса, ҳалигача кашф қилинмаган қанчадан-қанча ҳақиқатлар бор дунёда. Фақат Қуръоннинг ҳақиқатдан бошқа ҳеч нарса эмаслигини, ҳақиқий илмнинг Қуръоннинг бир тафсиригина бўла олишини ва Қуръоннинг қиёматга қадар келажак бутун инсонларга хитоб қилишини юзага чиқариш маъносида бўлсагина, илмий ҳақиқатларни Қуръонга тадбиқ қилишнинг бир фойдаси бўлиши мумкин. (Масалан, "Токи уларга (ушбу Қуръон ростдан ҳам Аллоҳ томонидан нозил қилинган) Ҳақ (Китоб) эканлиги аниқ маълум бўлгунича албатта биз уларга атроф–офоқдаги ва ўз вужудларидаги (Бизнинг борлигимиз ва қудратимизга далолат қиладиган) оят–аломатларимизни кўрсатажакмиз" (Бу ва бундан кейинги оятлар Қуръони Каримнинг ўзбекча изоҳли таржимасидан олинган. А. Мансур, Тошкент, Чўлпон нашриёти, 1992. ) ояти каримаси ҳам (Фуссилат сураси, 53-оят) фикримизнинг далилидир) Чунки "билимнинг динни пучга чиқарганлиги" ҳақидаги иддаолар шу йўл билангина пучга чиқарилиши мумкин. Билимларнинг, янги наслларни инкорга олиб борадиган шаклда ўргатилганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, исломий таблиғ нуқтаи назаридан ҳам, бу усулнинг фойдалари беқиёсдир. Бу китобдаги маълумотларни қисман бошқа китобларда ҳам учратиш мумкин. Фақат насроний тарбиясини олган, ғарблик бир олим томонидан холисона ёзилганлиги учун ҳам мазкур асар қимматли ва нодирдир. Узоқ вақт давомида тиббиёт факултатининг жарроҳлик бўлимида деканлик қилган жаноб М. Букайнинг ўзи Ислом динини қабул қилган. Ҳозир ҳам жарроҳлик касби билан машғул. Китоб Сизга манзур бўлади, деган умиддамиз.



 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz