Мушрик ота-онага яхшилик қилиш Принтер учун
14.09.2011 й.
islom.uz
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аллоҳ таолонинг Китобида мен ҳақимда тўртта оят тушган. Онам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилмасам, овқат емаслик ва сув ичмасликка қасам ичган эди.
Шунда Аллоҳ азза ва жалла:
«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма ва дунёда икковларига яхшилик қил»ни нозил қилди.
Иккинчиси: Мен ўзимга ёққан қилични олволган эдим. Бас, Эй Аллоҳнинг Расули! Менга буни ҳиба қилинг», дедим.
Бас, «Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар» ояти нозил бўлди.
Учинчиси: Бемор бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўргани келдилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен молимни тақсимламоқчиман. Ярмини васият қилайми?!» дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Учдан бириничи?» дедим.
Сукут сақладилар. Бас, ўшандан кейин учдан бир жоиз бўлди.
Тўртинчиси: Ансорийлардан бир қавм билан хамр ичдим. Улардан бир киши бурнимга туянинг жағ суяги ила урди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борган эдим, Аллоҳ азза ва жалла хамрни ҳаромлигини нозил қилди
».
Шарҳ: Ушбу ривоятда бобга боғлиқ ери очиқ кўриниб турибди. Ундан Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мушрик ота-онага яхшилик қилиш кераклигини таъкидлаганини билиб оламиз.
Бу ривоятдан унинг ровийси Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг фазлларини ҳам билиб оламиз. Бунга у кишининг ривоят бошидаги қуйидаги гаплари далилдир.
«Аллоҳ таолонинг Китобида мен ҳақимда тўртта оят тушган».
Ҳар бир саҳобий учун унинг ҳақида бирор оят тушиши катта обрў ҳисобланади. Ҳақида бир эмас, бир йўла тўрт оят оят нозил бўлиши қанчалар обрў ва фазл эканини ўзимиз билиб олаверсак бўлади.
Энди, ўша тўрт оятни тушиш сабаблари билан ўрганиб чиқайлик.
«Онам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилмасам, овқат емаслик ва сув ичмасликка қасам ичган эди.
Шунда Аллоҳ азза ва жалла:
«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма ва дунёда икковларига яхшилик қил»ни нозил қилди».
Тарихчиларимиз қилган ривоятларда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ўзлари Исломга қандоқ кирганларини қуйидагича васф қиладилар:
«Исломга киришимдан уч кун илгари тушимда ўзимни қатма-қат зулматларнинг ичида қолганимни кўрдим. Унинг тўфони ичида типирчилаб турганимда бирдан менга ой нур сочиб қолди. Мен у томон юрдим. Ўз олдимда ул ойга мендан олдин борганларни, Зайд ибн Ҳориса, Али ибн Абу Толиб ва Абу Бакр Сиддиқларни кўрдим. Уларга:
«Бу ерга қачон келдингиз?» дедим.
«Бу соатда», дедилар.
Эрта билан менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яшрин равишда Исломга даъват қилаётганлари хабари етди. Шунда Аллоҳ менга яхшиликни ирода қилганини, мени зулматлардан нурга чиқаришни ирода қилганини билдим.
Бас, у зот томон шошилиб бордим. Жиёд дарасида учратдим. Намоз ўқиб турган эканлар. Мусулмон бўлдим. Тушимда кўрганларимдан бошқа шахс менинг олдимга туша олмаган.
Онам Исломга кирганимни эшитиши билан тўполон қилишни бошлади. Мен унга яхшилик қиладиган ва муҳбуб йигит эдим. У менинг олдимга келиб:
«Эй Саъд! Сен қандоқ динга кирдинг ўзи! У сени ота-онангнинг динидан чалғитибди!? Аллоҳга қасамки, ёки янги динингни тарк қиласан, ёки ўлгунимча еб ичмайман! Менга маҳзун бўлганингдан юрагинг парчаланиб кетади! Қилган ишингидан надомат қилиб ўлиб кетасан! Одамлар сени абадий айблашиб юрадилар!» деди.
«Эй она, ундоқ қилманг. Мен барибир ўз динимдан қайтмайман», дедим.
Ҳа, бошқа барча янги мусулмонлар каби Саъд ибн Абу Ваққос ўз Исломларини эълон қилишлари билан дин йўлида синовга дучор бўлдилар.
Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Саъднинг онаси унга ҳаттоки у ўз динига куфр келтирмагунича ҳеч ҳам унга гапирмасликка, еб ичмасликка қасам ичди. Ва, Аллоҳ сенга ота-онангга итоат қилишга амр қилган, мен онангман, мен сени шунга амр қилмоқдаман!» деди.
Бас, уч кун туриб қийналганидан хушидан кетиб йиқилди. Умора деган ўғли туриб унга (бир нарса) ичирди.
Бошқа ривоятда:
«Қачон унга ичимлик ичирмоқчи бўлишса, оғзини чўп билан очиб туриб, қуйишар эди. У Саъдни дуои бад қила бошлади. Бас, Аллоҳ таоло:
«Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тасвия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма»ни нозил қилди».
Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Ўша вақтнинг мушриклари янги мусулмонларни азоблашнинг турли услубларни топганларига яна бир далил. Аввалда ҳаётларини ўрганиб чиққанимиз саҳобаи киромларнинг ҳар бирига ўзига хос азоб ўйлаб топилган эди.
Саъд ибн Абу Ваққосга эса маънавий азоб ишлатганлар. Энг азиз киши бўлмиш она, динингдан қайтмасанг, сенга гапирмайман, ўзим еб ичмайман, деб туруб олиши ўғил учун энг оғир маънавий азаоб бўлиши турган гап. Эҳтимол, калтаклаб азоб берасалар, енгилроқ бўлармиди.
Саъд ибн Абу Ваққоснинг оналари билан бўлиб ўтган бу мажоралари ҳақидаги имом Термизийнинг юқорида зикр қилинган «Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тасвия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма» ояти каримасининг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятларини ўргансак, ҳолат яна ҳам равшанлашади.
Имом Термизий бу ҳақда қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Ушбу оят Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ва унинг онаси Ҳамна бинти Абу Суфён ҳақида нозил бўлган. У онасига яхшилик қилувчи эди. Онаси унга:
«Бу янги дининг нима ўзи? Аллоҳга қасамки, аввалги ҳолингга қайтмагунингча, ўлсам ҳам овқат ҳам емайман, ичимлик ҳам ичмайман. Кейин умрбод шу билан ор-номусга қолиб кетасан. Сени, эй онасини ўлдирган, деб чақиришади», деди.
Сўнгра аёл бир кечаю бир кундуз таом емай, ичимлик ичмай ётди. Сўнгра Саъд розияллоҳу анҳу унинг олдига келиб:
«Эй онагинам, агар сенинг юзта жонинг бўлсаю битта-биттадан чиқиб турса ҳам, мен динимдан қайтмайман. Агар хоҳласанг, еб-ич, хоҳламасанг, еб-ичма», деди.
Саъднинг динидан қайтишидан ноумид бўлган онаси еб-ичди. Ана шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилди».
Уламоларимиз юқорида зикри келган ояти карима Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлганини таъкидлашади. У киши Макка ёшлари ичида онасини ҳурмат қилиш билан ном чиқарган эдилар. Бошқа ёшларга онани эҳтиром этишда Саъд розияллоҳу анҳу мисол қилиб кўрсатилар эди. Иймонга келганларидан сўнг Саъд ушбу нозик нуқтада синовга учрадилар. Аммо у киши иймонни устун қўйдилар.
Ўн етти ёшли йигит Саъд ибн Абу Ваққоснинг дин йўлида қилган бу ишлари мисли кўрилмаган қаҳрамонлик эди. Шу билан бирга Саъд ибн Абу Ваққос оналарига яхшилик қилишда бардавом бўлдилар. Чунки, Аллоҳ таолонинг «Ва уларга бу дунёда маъруф ила соҳиб бўл» деган қавлига биноан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига оналарига яхшилик қилишда бардавом бўлишни амр қилган эдилар.
«Иккинчиси: Мен ўзимга ёққан қилични олволган эдим. Бас, Эй Аллоҳнинг Расули! Менга буни ҳиба қилинг», дедим.
Бас, «Сенда ўлжалар ҳақида сўрарлар» ояти нозил бўлди».
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу зикр қилган ояти карима «Анфол» сурасида бўлиб у Бадр ғазоти тўғрисида нозил бўлган. Аллоҳ таоло ушбу ғазотдаги воқеалар қиёматгача одамларга ибрат бўлиб қолишини ирода қилди.
Суранинг аввалида одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «анфол»– ўлжалар ҳақида сўрашгани айтилиб, орқасидан ўша саволга батафсил жавоб келади.
Анфол сурасининг дастлабки оятлари жангдан кейин ўлжа устида мусулмонлар орасида жанжал чиққани сабабли тушгандир. Ўша ўлжа талаш машмашасида ўзлари айтиб ўтганларидек, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар.
Аллоҳнинг ёрдами билан ғолиб бўлган мусулмонлар ғалаба нашийдасида маст эканлар, ўлжа хусусида ўзаро ихтилофга тушиб қолдилар. Бу эса, инсон табиати ниҳоятда мурракаб эканини яна бир бор кўрсатади. Кофирлардан тушган ўлжани талашаётган инсонлар, аслида, бутун мол-мулкидан кечиб, Исломни танлаган зотлар эди. Уларнинг бир қисми молу дунёларини, қариндош-уруғларини, азиз ватанларини ташлаб, дину диёнат йўлида ҳижрат қилганлар.
Бошқалари эса, ҳижрат қилиб келган биродарларига ҳамма нарсаларни бериб, уларни ўзларидан устун кўрган ансорийлар эди. Улар Бадр урушига кираётиб, «ўлжа» деган нарсани хаёлларига ҳам келтирган эмаслар. Балки, тезроқ шаҳид бўлиб, жаннатга кириш иштиёқида ёнар эдилар. Улардан бири жаннатга киришга шошилганидан қўлидаги бир неча хурмони еб битиршга ҳам чидамаган.
Аммо жанг тугаб, кўп йиллик машаққат ва қийинчиликлардан кейин дастлабки ғалаба қўлга киргач, дарҳол дунёга қизиқиш бошланди. Орада низо чиқди. Бу жуда ҳам ҳам хатарли ҳол эди.
Бадр уришидан кейин ўлжа талашиш ҳам шунга ўхшаш масалалардан биридир. Аллоҳ уларни амалий хато устида тарбиялади. Ўша ҳодисанинг бевосита иштирокчиси бўлмиш Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан шундай ривоят бор: «Бу оятлар биз ҳақимизда-Бадр соҳиблари ҳақида, ўлжа талашиб, ихтилоф қилганимизда, ахлоқларимиз бузилганида нозил бўлган. Аллоҳ ўлжани бизнинг қўлимиздан тортиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берди».
«Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар. Сен: «Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинглар», деб айт».
Аллоҳ таоло ояти кариманинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилмоқда:
«Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар».
Яъни, ўлжа устида талашиб, ҳар қайсиси ўзини бошқалардан кўра ҳақлироқ билиб, соҳиблик давосини қилганидан сўнг сўрайдилар. «Ўлжалар кимники « дейдилар.
«... Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир, деб айт».
Ўлжалар сизники эмас. Сиз шошилиб, уни ўзингизники қилиб олмоқчисиз. Йўқ. Ўлжалар Аллоҳники.
Аллоҳ сизни кофирлар устидан ғолиб қилди.
Бу ғалабани сиз келтирганингиз йўқ. Аллоҳ келтирди.
Мушрикларни сиз ўлдирганингиз йўқ, балки Аллоҳ ўлдирди.
Кофирларни сиз асир олганингиз йўқ, Аллоҳ асир олди.
Ўлжани сиз қўлга киритганингиз йўқ, Аллоҳ киритди.
Ўлжалар сизники эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламники. Ўша зот туфайли сизга Аллоҳнинг ёрдами келди.
Сиз бўлса, ҳаққингиз бўлмаган нарсани талашиб, бир-бирингизни хафа қилиб, ўртадаги дўстликка путур етказиб юрибсиз. Бундай қилиш сизларга ҳеч муносиб эмас.
«Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар».
Қалбда тақво бўлгандагина инсон дунёнинг ўткинчи матоҳини талашиб юрмайди. Молу дунё деб ўз биродарлари билан орани бузмайди. Қалбидан тақво жой олган инсонгина Аллоҳга ва Пайғамбарга итоат қилади.
«Агар мўмин бўлсангиз Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинг».
Демак, мўминликнинг шарти ҳар бир нарсадан Аллоҳга ва Унинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишдир.
Иймон амалда кўринади. Иймонни кўрсатадиган амал эса, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилишда зоҳир бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида: «Иймон қалбда виқор топган ва амал билан тасдиқ этилган нарсадир», деганлар.
«Учинчиси: Бемор бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўргани келдилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен молимни тақсимламоқчиман. Ярмини васият қилайми?!» дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Учдан бириничи?» дедим.
Сукут сақладилар. Бас, ўшандан кейин учдан бир жоиз бўлди».
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу фатҳи Макка чоғида оғир хаста бўлиб қолдилар ва ушбу ривоятда зикр қилинган гаплар бўлиб ўтди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Фатҳ йили бемор бўлиб, унинг сабабидан ўлимга яқинлашдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Шунда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг кўп молим бор ва биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг ҳаммасини васият қилайми?» - дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Молимнинг учдан иккисиничи?» - дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Яриминичи?» - дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Учдан бириничи?» - дедим.
«Учдан бир. У ҳам кўпу. Албатта, сен меросхўрларингни бой ҳолларида ташлаб кетишинг, уларни юк бўлиб одамлардан тиланиб юрадиган қилиб ташлаб кетишингдан яхшироқдир. Сен ҳар ҳандай нафақа қилсанг ҳам, албатта, ажр оласан. Ҳаттоки, аёлингнинг оғзига тутган луқма учун ҳам ажр оласан», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, энди ҳижратимдан ажраб қоламанми?!» - дедим.
«Сен мендан кейин ажраб қолиб Аллоҳнинг розилигини ирода қилиб солиҳ амал қилсанг, албатта, мартабанг ва даражанг зиёда бўлур. Шоядки, сенининг ажраб қолишингдан бир қавмлар манфаат бўлсалар ва бошқалари зарар тортсалар. Эй бор Худоё, асҳобларимнинг ҳижратларини олдингга ўтказгин ва уларни ортларига қайтармагин!» - дедилар».
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насийлар ривоят қилган.
Кейин Аллоҳ таоло Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўзлари таъкидлаганларидек, ушбу ҳадисда айтилганидек, учдан бирни васият қилишга рухсат берилди.
Бу ерда айтиб ўтишимиз лозим бўлган яна бир гап бор. Ўлаётган киши молу мулкининг учдан бирини васият қилишга ҳақли экани ҳақида оят нозил бўлган эмас. Балки Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг қиссаси васият ҳақидаги оят ҳукмини хослашга, учдан бирга таъйин қилишга сабаб бўлган.
«Тўртинчиси: Ансорийлардан бир қавм билан хамр ичдим. Улардан бир киши бурнимга туянинг жағ суяги ила урди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борган эдим, Аллоҳ азза ва жалла хамрни ҳаромлигини нозил қилди».
Кунларнинг бирида Отабон ибн Малик исмли киши меҳмонларни уйига таклиф қилади, улар орасида ҳазрат Саъд ибн Абу Ваққос ҳам бор эдилар. Мезбон меҳмонлар олдида туянинг бошини қўйиб май тортади. Зиёфат авжига минади. Ўз урушларини улуғловчи, Мадийна мусулмонлари – ансорийларни эса танқид остига олувчи шеърхонлик бошланади. Шунда меҳмонлардан бири туянинг жағ суягини кўтариб Саъд ибн Абу Ваққоснинг бурнига туширади. қаттиқ ранжиган Саъд ибн Абу Ваққос Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурларига бориб, воқеани батафсил ҳикоя қилиб берадилар. Ана шунда «Моида» сурасидаги ушбу оят нозил бўлади:
«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?!» («Моида» сураси, 90—91-оятлар).
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Қуръони Каримда бир неча оятлар нозил бўлишига сабабчи ҳодисалар иштирокчилари бўлганлари.
2. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг онаси унинг мусулмон бўлишига қаттиқ қарши тургани.
3. Аллоҳ таолонинг таълимотларига қарши бўлган масалаларда ота-онага итоат қилиш мумкин эмаслиги.
4. Инсоний алоқаларда мусулмон фарзанд мушрик ота-онага ҳам яхшилик қилиши.
5. Ўлжани ўзича олиш мумкин эмаслиги.
6. Беморни кўргани бориш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экани.
7. Билимли кишидан ўзи қилмоқчи бўлган ишнинг шариатга тўғри ёки тўғри эмаслигини сўраб олиш кераклиги.
8. Мусулмон киши ўлими олдидан молининг учдан биридан кўпини васият қилиш мумкин эмаслиги.
9. Хамр – ароқнинг ҳаромлиги Қуръони Карим ила собит бўлгани.

Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Онам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида рағбат қилган ҳолида ҳузуримга келди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Унга силаи раҳм қилайми?» деб сўрадим.
«Ҳа», дедилар».
Ибн Уяйна:
«Бас, Аллоҳ азза ва жалла «Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас»ни (60. 8.) нозил қилди», деган.

Шарҳ: Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг катта қизлари Асмо бинти Абу Бакр мусулмон бўлиб, Мадийнаи Мунавварага ҳижрат қилиб кетганлар, мушрика оналари Маккада қолган. Мазкура онанинг номи Қийла бинти Абдул Уззо бўлган.
Бир замон ўтиб, ҳалиги мушрика она Қийла бинти Абдул Уззо қизимни кўрай деб унинг яхшилигидан умидвор бўлиб келган. Шунда Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо мушрика она билан муслима қиз ўртасида муносабат қандай бўлиши керак деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган. Мушрика онамга силаи раҳм қилаверайми, деб сўраганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳа, қилавер деган эканлар.
Демак, она мушрика бўлса ҳам, фарзанд унга силаи раҳм қилиши, дунёвий ишларда яхшилик қилиб, иқтисодий ёрдам қилиб, яхши гапириб, ҳурмат-эҳтиромини жойига қўйиши жоиз экан.
Ибн Уяйна, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло «Мумтаҳана» сурасидаги саккизинчи оятни, яъни сизларга динга қарши уруш қилмаган бўлса, кофир бўлса ҳам уларга яхшилик қилсангиз бўлаверади, деган мазмундаги ояти каримани ўшанда нозил қилган деган экан.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Саҳобия аёлларнинг диний ҳукмларни ўрганиш ва уларга амал қилишга бўлган рағбатлари.
2. Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг шахсий намуналари.
3. Мушрика бўлса ҳам онага силаи раҳм қилиш мумкинлиги.
4. Аллоҳ мўминларни диний уруш қилмаган ва диёрларидан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармаслиги.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:
«Умар розияллоҳу анҳу ипак йўлли кийим сотилаётганини кўриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мана буни сотиб олинг. Жума куни ва ҳузурингизга ҳайъатлар келганда киясиз», деди.
«Буни охиратдан насибаси йўқ шахс кияди, холос», дедилар У зот.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша кийимдан бир неча сидра келди. Умарга бир донасини юбордилар. Шунда у:
«Буни қадоқ ҳам кияман? Сиз унинг ҳақида айтадиганингизни айтиб қўйгансизку», деди.
«Мен сенга уни кийишинг учун берганим йўқ. Лекин сотсанг ёки бировга кийгазсанг бўлади», дедилар У зот.
Умар уни аҳли Маккадан бўлган укасига у мусулмон бўлишидан олдин юборди».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган Умар розияллоҳу анҳу ипакдан бўлган чиройлик кийимни сотилаётганини кўрган эканлар. Кўриб, ҳаваслари келиб, эй Аллоҳнинг Расули, шуни сотиб олинг, жумъа кунлари, ҳузурингизга чет элдан меҳмонлар келса, кийиб турасиз, деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Буни охиратдан умиди йўқ одамлар кияди. Оқибатдан насибаси йўқ одам кияди деган маънодаги гапни айтганлар. Ипак нарса мусулмон эркакка ҳаром бўлгани учун бу гапни айтганлар.
Бир мунча вақтлар ўтиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига худди шу кийимдан ҳадя бўлибми, савдо-тижорат бўлибми ёки ўлжа бўлибми, келиб қолган экан. Ўшандан бир кийимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Умарга юборган эканлар.
Шунда ҳазрати Умар ҳалигини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, буни қандай қилиб кияман? Бу тўғрисида айтадиганингизни айтиб бўлгансиз, деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, мен уни сенга буни кий деб берганим йўқ, ё сотиб бир керагингга ишлатарсан, ёки бировга, киядиган одамга кийдирарсан, деганлар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўша мусулмон одам кийиши мумкин бўлмаган кийимни Маккада қолиб кетган бир мушрик укасига ҳадя совға қилиб юборган экан. Ўша вактда у одам мусулмон бўлмаган экан, Исломга кейинроқ кирган экан.
Демак, бу ерда нафақат мушрик ота-онага, балки мушрик ака-укага, опа-сингилга ҳам яхшилик қилиш жоизлиги келиб чиқади.
Ипак кийимни Умар розияллоҳу анҳу Мадийнадан Маккага совға қилиб, мушрик укам кийсин деб юборишларининг ўзи ота-онадан бошқа қавм - қариндошга мушрик бўлса ҳам яхшилик қилиб бориш мўмин-мусулмонларнинг одобидан эканлиги кўрсатади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мусулмонларнинг раҳбарлари, йўлбошчилари билан бирга юрадиган кишилар уларга кийиниш ва бошқалар олдида обрўни сақловчи бошқа нарсалар ҳақида маслаҳат бериб турганлари.
2. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг обрўларини сақлашга бўлган рағбатлари.
3. Кўпчилик ва бошқа юрт вакиллари билан бўладиган учрашувларга алоҳида кийим қилиб қўйиш мумкинлиги.
4. Жума учун алоҳида яхши кийим қилиш мумкинлиги.
5. Ипак кийим мусулмон экак учун ҳаром экани.
6. Ипак кийим охиратдан насибаси йўқларга экани.
7. Мусулмон эркакка шариатда унга ҳаром қилинган нарсани сотиш ёки совға қилиш учун ҳадия қилиш мумкинлиги.
8. Мусулмон эркак шариат эркакларга ҳаром қилган нарсани мушрикка совға қилиши мумкинлиги.
9. Мушрик ака-укага яхшилик қилиш мумкинлиги.
10. Мусулмон эркак ўзига шариат ҳаром қилган ипак кийимга ўхшаш нарсаларни сотиши мумкинлиги.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri