Ҳарра воқеъаси Принтер учун
16.09.2011 й.
Ҳарра воқеъаси ҳижрий 63-йилда бўлиб ўтган. Ҳарра – Мадийнаи Мунавваранинг ташқарисидаги қора тошли жойнинг номидир. Ўша вақтдаги халийфа Язид ибн Муовия ўз қабиладошлари – Бани Умайя одамларини Мадийна аҳолиси қамал қилиб олганларини эшитганидан кейин уларга қарши аскар юборишга қарор қилди. Бир неча аскарбоши у томон боришдан бош тортдилар. Охири Муслим ибн Уқба деган одам рози бўлди ва аскар билан Мадийна томон юрди. У Мадийнага яқинлашиб қолганда Бани Умайяликларнинг шаҳардан чиқиб келаётганларини кўрди. Улардан йўл сўраган эди, жавоб бермадилар. Чунки, шаҳар аҳолисига уларга қарши ёрдам бермасликка аҳд беришган эди. Муслимнинг аччиғи чиқиб, ўзи йўл топиб борди. У Ҳаррада жанг қилишга қарор қилди. Зул ҳижжа ойининг охирги икки куни қолганда, чоршанба куни машъум жанг бошланди.

Аввал Муслим ибн Уқбанинг одамлари устун келдилар. Кейин мадийналиклар ғолиб кела бошладилар. Шунда Муслим одамларига қаттиқ топшириқлар берди ва уларни қайтадан тартибга солди. У кўрган чоралар фойда берди ва аскари ғолиб кела бошлади. Мадийналикларнинг бошлиғи Абдулла ибн Ҳанзала ҳалок бўлди. Мадийналиклар енгилдилар. Бу машъум урушда саҳобалардан қолганларидан кўпчилик ва катта саҳобаларнинг фарзандларидан жуда кўпчилик ҳалок бўлдилар. Қурайш ва ансорлардан уч юз олти киши ҳамда қорилардан етти юз киши ҳалок бўлди. Бу жанг ҳазрати Усмон даврларидаги фитнадан кейинги, иккинчи фитна деб аталди. Валлоҳу аълам.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz