Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг фазллари Принтер учун
02.10.2011 й.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари бўлмиш бу саҳобий розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Ҳассон ибн Собит ибн Мунзир ибн Ҳаром ибн Умар ибн Зайд Манот ибн Адий ибн Амр ибн Молик ибн Нажжор ал-Ансорийдир. У кишининг кунялари Абулвалид бўлган. Шунингдек, гоҳида Абу Абдурроҳман ёки Абул Ҳисом деган кунялари ҳам ишлатилган.

Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг оналари ал-Фарийъа бинти Холид ибн Қайс ибн Лузон ибн Абдуд ибн Зайд ибн Саълаба ибн ал-Хазраж ибн Соъида ибн Калб ибн ал-Хазраждир.
Насаб илми уламолари Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг насаблари бир тарафдан Хазраж қабиласининг Бани Нажжор уруғига бориб тақалади. Яна ҳам нарироқ борилса, Ямандаги қаҳатонийларга, Шом мулкдорларидан Оли Ғассонга ва охир-оқибат Амр ибн Омир ибн Моус Самаага боради. Амр ибн Омир ибн Моус Самаа ўз қавмининг раиси эди. У Ирам селидан олдин орқасидан бир қанча авлодларни қолдириб вафот этди. Унинг ўрнига укаси Имрон ибн Омир раис бўлди. Унинг боласи йўқ эди. Аммо ўта бой-бадавлат эди. Унинг боғу бўстонлари каби боғлар бош¬қа подшоҳларда йўқ эди. Унинг қавмида Торийфа исмли коҳин аёл бор эди. Бир куни ўша аёл унга тўғон портлаши ҳақида хабар берди.
Шунда у ўз одамлари билан бу ҳақда гаплашди. Уларга сирни бошқаларга ошкор қилмасликни қаттиқ тайинлади. У ҳийла йўли билан ўз қавмини бошқа юртларга олиб кетиш режасини тузар эди. Имрон ибн Омир акасининг болалари билан тил бириктириб, ўзи билан одамлар кўзига хусумат қилиш ва уни таҳқирлашни келишиб олди. Кейин эса, у ўзини қаттиқ хафа бўлган қилиб кўрсатиб мулкларини сотиб, бошқа юртга кўчиб кетадиган бўлди. Шундагина одамлар унга ишониб унинг нарсаларини сотиб олишлари мумкин эди. Агар тўғон бузилиб офат етиши ҳақидаги хабар тарқаса, биров ҳеч нарса сотиб олмас, балки ҳамма қочиб қолиш пайидан бўлар эди.
Имрон ибн Омирнинг ҳийласи иш берди. Одамлар унинг боғу роғлари, иморату қасрлари ва бош-қа мулкларини сотиб олдилар. У эса, ўз қариндошлари билан бошқа юртларга кўчиб кетди. Ҳориса ибн Имрон ибн Омир Маккага тушди. Улардан кейинроқ Хузоъаликлар тарқалди. Саълаба ибн Имрон ибн Омир Ясрибга келиб тушди. Улар кейинги Авс ва Хазражлардир. Бизнинг қаҳрамонимиз Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу айнан Хазраж қабиласидандир.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу бир юз йигирма йил умр кўрганлар. Бу йилларнинг олтмишини жоҳилиятда, олтмишини Исломда ўтказганлар. Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу жоҳилият вақтида ўз қавмининг фарзанди бўлиб ўсган эди. У киши Хазраж ва Авс орасида бўлган тинимсиз урушларнинг кўпини бошидан ўтказдилар. Аммо бирор марта қурол кўтариб жангга кирмадилар. Чунки жангчилик у кишининг табиатида йўқ эди. У жанг қилса ҳам даҳанаки жанг қилар эдилар. Ўз шеърлари билан душманга қарши курашар эдилар.
Умуман олганда, Ҳассон ибн Собит эс тортганидан бошлаб, жоҳилиятда ўтган барча умрини асосан ўз қавми Оли Жуфнани мадҳ қилиб, уларнинг мукофотларини ва сахийликларидан баҳраманд бўлиб ўтказди.
Ўша пайтларда Ясриб деб аталадиган Мадина шаҳрида араблар билан бирга қачонлардир қув-ғинлардан қочиб келиб қолган яҳудийлар ҳам яшар эди. Улар аҳли китоб бўлганлари учун ўзларини араблардан устун кўрар эдилар. Араблар ҳам уларга ҳавас билан қарар эдилар. Жумладан, бизнинг қаҳрамонимиз ҳам.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Етти-саккиз ёшдаги бола эдим. Кўрган-эшитган нарсамга ақлим етар эди. Бир куни эрталаб Ясрибда бир яҳудий:
«Эй яҳудийлар жамоаси!!!» деб бақириб қолди.
Унинг олдига тўпланишди. Мен эшитиб турибман, улар:
«Шўринг қурғур, сенга нима бўлди?» дедилар.
«Батаҳқиқ, бу кеча туғиладиган Аҳмаднинг юлдузи чиқди!» деди у.
Шундай қилиб, у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келиш хабарларини анча аввал эшитди.
Вақти-соати келиб, у зот Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар этиб юборилганларида ҳижратдан олдин иймон келтирдилар.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ҳаётлари ҳақида келган маълумотларни синчиклаб ўрганадиган бўлсак, у кишининг туғма шоир эканликларини, умр бўйи шоирлик касблари бўлганини кўрамиз. Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу шоир-ликдан бошқа нарсага меҳр қўймаган, ундан бош-қа касб қилишни хаёлларига ҳам келтирмаганга ўхшайди. Аллоҳ таоло у кишига берадиган барча қобилиятларни айнан шоирлик учун берганга ўхшайди.
Шунинг учун ҳам Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг зикрлари бор жойда шеърнинг ҳам зикри бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир саҳобийнинг қобилиятидан унумли фойдаланар эдилар. У зот алайҳиссалом Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг шоирлик қобилиятларидан ҳам жуда унумли фойдаланганлар.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳассон ибн Собитга: уларни ҳажв қил ёки улар ила ҳажвлашиш, Жаброил сен билан», деганларини эшитдим».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Арабларда ўз душманини ҳажв қилиш кенг тарқалган одат эди. Улар ҳажвий шеърлар айтиш йўли билан душман устидан кулар ва уни элу юрт ичида шарманда қилар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Исломга душманликнинг барча услубларини ишга солган мушриклар ҳажв йўлини ҳам кенг миқёсда ишга солар эдилар. Уларнинг шоирлари турли ҳажвий шеърлар айтиб, мусулмонларнинг устидан кулар эдилар.
Душманнинг бу қилмишига яраша жавоб бериш керак эди. Бунинг учун улардан кучлироқ ҳажв қилмоқ зарур эди. Бунинг уддасидан чиқадиган мусулмон Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Уларни ҳажв қил, ёки улар ила ҳажвлашиш, Жаброил сен билан», дедилар.
Бу муборак жумлада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир йўла Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга ҳам амр, ҳам дуо қилмоқдалар.
Ҳа, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу Пай-ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ила Ислом душманларини ҳажв қилганлар.
Ҳа, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу Пай-ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ила Ислом душманлари билан ҳажвлашишганлар.
Ҳа, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу Пай-ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ила Жаброил фаришта алайҳиссалом билан бирга Ислом душманларини ҳажв қилганлар.
Бу фазл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа саҳобаларига насиб қилмаган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳассон: эй Аллоҳнинг Расули, менга Абу Суфён ҳақида рухсат беринг», деди.
«Менинг у билан қаробатим не бўлур?» дедилар у зот.
«Сизни икром этган Зот ила қасамки, албатта, сизни улардан қилни хамирдан суғуриб олгандек суғуриб оламан», деди ва:
«Албатта, Оли Ҳошимнинг улуғлиги чўққисидир
Бинти Махзум ўғиллари ва отангиз Абдуллоҳдир» …деган қасидасини айтди
».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Абу Суфён розияллоҳу анҳу мусулмон бўлгунларича, Исломнинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ашаддий душманларидан бири бўлганликлари маълум ва машҳур. У киши Исломга қарши жабҳанинг бошлиғи эдилар. Унга теккан гап жабҳанинг барчасига тегар эди. Шунинг учун бўлса керак, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Суфённи ҳажв қилишга изн сўраб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менга Абу Суфён ҳақида рухсат беринг», деди».
Абу Суфён Исломнинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душмани бўлиши билан бирга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қаробати ҳам бор эди. Агар Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу уни ҳажв қиладиган бўлса, орада гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насл-насабларига ёки баъзи аввал ўтган яқинларига ҳам тегиб кетиши мумкин эди. Шунинг учун Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга:
«Менинг у билан қаробатим не бўлур?» дедилар у зот.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ўта уста шоир бўлганларидан ва бу борада ҳамма нарсадан хабардор бўлганларидан ишончлари комил бўлгани учун дарҳол:
«Сизни икром этган Зот ила қасамки, албатта, сизни улардан қилни хамирдан суғуриб олгандек суғуриб оламан», деди ва:
«Албатта, Оли Ҳошимнинг улуғлиги чўққисидир
Бинти Махзум ўғиллари ва отангиз Абдуллоҳдир»
деган қасидасини айтди.
Албатта, бу ҳам Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу учун фазл ва шону шарафдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қурайшни ҳажв қилинглар. Бу уларнинг устидан камон ўқи ёғдиргандан кўра шиддатлироқ¬дир», дедилар ва Ибн Равоҳага одам юбориб, уларни ҳажв қил, дедилар. У ҳажв қилиб, уддалай олмади. Сўнгра у зот Каъб ибн Моликка, кейин Ҳассон ибн Собитга одам юбордилар. У зотнинг олдиларига кирганда Ҳассон:
«Батаҳқиқ, сизларга ушбу думи ила уриб турган арслонга мурожаат қилиш вақтингиз келди», деб тилини чиқариб қимирлата бошлади. Сўнгра у:
«Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, мен уларни тилим билан терини ошлагандек ошлаб ташлайман!» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шошилма! Абу Бакр қурайшликлар ичида уларнинг насабларини энг яхши биладигани. Албатта, уларнинг ичида менинг ҳам насабим бор. У сенга менинг насабимни чиқариб берсин», дедилар. Ҳассон унинг олдига бориб келди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, батаҳқиқ, у менга сизнинг насабингизни чиқариб берди. Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, албатта, сизни улардан қилни хамирдан суғургандек суғуриб оламан», деди.
«Модомики, Аллоҳ ва У Зотнинг Расулини ёқлар экансан, сени Руҳул Қудус қўллаб турур», дедилар.
Шунда Ҳассон розияллоҳу анҳу деди:
«Муҳаммадни ҳажв қилдинг. Мен жавоб бердим.
Бунинг мукофоти Аллоҳдан бўлур деб билдим.
Отам, унинг отаси ва менинг обрўим ҳаммаси, ҳа.
Муҳаммаднинг обрўсини сиздан сақловчи бўлса.
Болаларим азасин тутай, агар устингизга уларни
Кўрмасангиз Кадо икки тарафидан ғаротларини.
Улар учар отлар ила ўзишарлар ҳужумда.
Қонга ташна ўткир найзалари елкада.
Тулпорларимиздан тинмай тер оқар.
Аёллар уларга тинмай хамрлар суртар.
Агар бизни тек қўйсангиз, умра қилинур.
Фатҳ бўлиб, орадаги пардалар очилур.
Ундоқ бўлмаса, сабр қилинг бир кунда.
Азиз қилур Аллоҳ, кимни истаса унда.
Аллоҳ деди: Расул қилдим бир бандани.
Ғубори йўқ ҳаққа бошлар ул ҳаммани.
Аллоҳ деди: Ҳозирладим бир лашкарни.
Истаклари тўқнашув бўлган ансорларни.
Ул йўлиқар ҳар куни турли адувдан.
Сўкиш бўлсин, қитол ёки ҳажвдан.
Сиздан ким Расулуллоҳни ҳажв этса бир.
Ёки мадҳ этса, ёхуд нусрат этса, барибир.
Ичимизда Расулуллоҳ ва Жаброил бордир.
Ва Руҳул Қудус ҳам, унга тенг йўқ ҳеч бир».
Оиша айтди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ҳассон уларни ҳажв қилди, шифо берди ва шифо топди», деганларини эшитдим
».
Муслим ва Бухорий ривоят қилишган.
Шарҳ: Душманга қарши кураш олиб боришда турли услублардан фойдаланишни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши йўлга қўйган эдилар. Ушбу Ҳадиси шариф Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маънафий жабҳада олиб бориладиган жанг қурол-аслаҳа ила олиб бориладиган жангдан кўра таъсирлироқ эканини таъкидламоқдалар. У зот:
«Қурайшни ҳажв қилинглар. Бу уларнинг устидан камон ўқи ёғдиргандан кўра шиддатлироқдир», дедилар».
Чунки, қуролнинг яраси битади, тилнинг яраси битмайди, деганларидек душманга гап-сўз орқали берилган зарба катта таъсир кўрсатиши турган гап. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишга алоҳида эътибор берганлар. У зот бу борада фақат тавсия бериш билан кифояланиб қолмай амалий ишга ҳам ўтганлар. У зот душманга зарба бериш мақсадида
«Ибн Равоҳага одам юбориб, уларни ҳажв қил, дедилар».
Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳунинг ҳам шоирликлари бор эди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини чақириб, Қурайшни шеър ила ҳажв қилишни амр қилдилар. Зотан, у вақтда шеърдан бошқа нарса билан ҳажв қилиш йўқ ҳам эди.
«У ҳажв қилиб, уддалай олмади».
Аллоҳ таоло илҳом бермаганми ёки бошқа нарса халал берганми, Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу Қурайшни ҳажв қилишнинг уддасидан чиқа олмадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, бу ишни қилишни зарур деб билар эдилар.
«Сўнгра У зот Каъб ибн Моликка, кейин Ҳассон ибн Собитга одам юбордилар».
Афтидан шоир саҳобалардан бўлган Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам душманни ҳажв қилишни ўрнига қўя олмаган бўлсалар керак. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга одам юбордилар ва у киши дарҳол етиб келдилар. У кишининг ўзларига ишончлари кучли эди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўйлаган ишни шараф билан бажара олишларига кўзлари етар эди.
«У зотнинг олдиларига кирганда Ҳассон:
«Батаҳқиқ, сизларга ушбу думи ила уриб турган арслонга мурожаат қилиш вақтингиз келди», деб тилини чиқариб қимирлата бошлади».
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ўз тилларини душманга ташланишга шай бўлиб турган шерга ўхшатдилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб:
«Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, мен уларни тилим билан терини ошлагандек ошлаб ташлайман!» деди».
Ҳажв қилишни менга қўйиб беринг, Қурайшни ҳажв ила додини бераман, деганлари эди.
«Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шошилма! Абу Бакр қурайшликлар ичида уларнинг насабларини энг яхши биладигани. Албатта, уларнинг ичида менинг ҳам насабим бор. У сенга менинг насабимни чиқариб берсин», дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу қизиқишда ўз насабларига ҳам тил теккизиб қўйишининг олдини олдилар. Бундан душманга қарши мафкуравий кураш олиб боришда ўта эҳтиёт бўлиш зарурлиги келиб чиқади. Эҳтиётлик чораларидан бири фаолият кўриладиган соҳанинг мутахассисларидан маслаҳат ва тавсиялар олиш экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Қурайш насаблари бўйича бош мутахассис бўлганларидан Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга бу ишда у кишидан маслаҳат олишни амр қилдилар.
«Ҳассон унинг олдига бориб келди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, батаҳқиқ, у менга сизнинг насабингизни чиқариб берди. Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, албатта, сизни улардан қилни хамирдан суғургандек суғуриб оламан», деди».
Ҳассон ибн Собит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қурайшни ҳажв қилиш давомида у зотнинг насабларига мутлақо тил теккизмасликка кафолат бердилар. Бу гаплардан хурсанд бўлган Пай¬ғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Модомики, Аллоҳ ва У Зотнинг Расулини ёқлар экансан, сени Руҳул Қудус қўллаб турур», дедилар».
Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу учун бўлган катта ваъда ва башорат эди. Бировни Руҳул Қудус қўллаб туриши кичкина иш бўлармиди?!
«Шунда Ҳассон розияллоҳу анҳу деди:
«Муҳаммадни ҳажв қилдинг. Мен жавоб бердим.
Бунинг мукофоти Аллоҳдан бўлур деб билдим.
Отам, унинг отаси ва менинг обрўим ҳаммаси, ҳа.
Муҳаммаднинг обрўсини сиздан сақловчи бўлса.
Болаларим азасин тутай, агар устингизга уларни
Кўрмасангиз Кадо икки тарафидан ғаротларини.
Кадо Маккаи Мукаррамага юқори тарафдан кирадиган икки тоғ орасидаги йўл. Бу байтда Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу агар болаларим сиз қурайшликлар устингизга Кадо тарафдан ҳужум қилиб бормасалар, мен уларнинг азасини тутганим яхши, демоқдалар.
Улар учар отлар ила ўзишарлар ҳужумда.
Қонга ташна ўткир найзалари елкада.
Бизнинг одамларимиз сизнинг устингизга елкаларида сизнинг қонингизга ташна найзаларини кўтарган ҳолда учқур отларини чоптириб ҳужум қилиб боришади.
Тулпорларимиздан тинмай тер оқар.
Аёллар уларга аста хамрлар суртар.
Ҳужумнинг шиддатли бўлганидан уларнинг минган отларидан тинмай тер оқади. Отларнинг бу чарчоғини чиқариш учун аёллар уларга хамрлар суртади.
Агар бизни тек қўйсангиз, умра қилинур.
Фатҳ бўлиб, орадаги пардалар очилур.
Сиз қурайшликлар биз мусулмонларнинг йўлимизни тўсмай тек қўйсангиз биз Байтуллоҳни умра қилиб қайтамиз. Иш яхшилик билан тугайди.
Ундоқ бўлмаса, сабр қилинг, бир кунда.
Азиз қилур Аллоҳ, кимни истаса унда.
Бўлмаса, бир куни келиб Аллоҳ таолонинг Ўзи кимни азиз қилишини билади. Сизними, бизними, буни эсон бўлсак кўрамиз.
Аллоҳ деди: Расул қилдим бир бандани.
Ғубори йўқ ҳаққа бошлар ул ҳаммани.
Бу байт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида айтилган энг гўзал байтлардан ҳисобланади.
Аллоҳ деди: Ҳозирладим бир лашкарни.
Истаклари тўқнашув бўлган ансорларни.
Бу байтда Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ансорларни Аллоҳ таолонинг нусрати учун тайёр лашкарлар сифатида мадҳ қилмоқдалар.
Ул йўлиқар ҳар куни турли адувдан.
Сўкиш бўлсин, қитол ёки ҳажвдан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга душманлар ҳар куни турли томонлардан ҳужум қиладилар. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни гоҳида сўкадилар, гоҳида у кишига қарши уруш очадилар ва гоҳида у зотни ҳажв қиладилар.
Сиздан ким Расулуллоҳни ҳажв этса бир.
Ёки мадҳ этса, ёхуд нусрат этса, барибир.
Ичимизда Расулуллоҳ ва Жаброил бордир.
Ва Руҳул Қудус ҳам, унга тенг йўқ ҳеч бир».
Эй қурайшликлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳажв қиласизларми, қилмайсизларми, барибир. У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи азиз қилиб қўйган. У зотни фаришталар ҳимоя қилиб туради.
«Оиша айтди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ҳассон уларни ҳажв қилди, шифо берди ва шифо топди», деганларини эшитдим».
Яъни, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ўзининг ҳажви ила бизга шифо берди, ўзи ҳам шифо топди. Албатта, бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга берилган улкан баҳо эди.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ҳам ўзларининг шоирлик фаолиятларини аввалгидек давом эттирдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар масжидда шеър айтаётган Ҳассоннинг ёнидан ўтди ва унга ғалати қилиб қараб қўйди. Шунда у:
«Мен бу ерда сендан яхши зот борларида ҳам шеър айтар эдим», деди ва Абу Ҳурайрага қараб:
«Сендан Аллоҳнинг номи ила сўрайман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга:
«Менинг номимдан жавоб бер! Эй Аллоҳим, уни Руҳул Қудус ила қўллагин!» деганларини эшитганмисан?!» деди.
«Аллоҳ шоҳид, ҳа!» деди у
».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятда келаётган ҳодиса ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида бўлган.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу масжиддан ўтиб кетаётиб, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг у ерда шеър айтаётганларининг гувоҳи бўлганлар. Бу иш у кишига ёқмаган. Ибодатхонада туриб шеър айтиш масжиднинг одобига тўғри келмайдиган нарса бўлиб кўринган бўлса керак. Шунинг учун у киши Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга норози бўлган ҳолда ғалати қараш қилганлар.
Бу ҳолни мулоҳаза қилган Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу дарҳол ўзларини оқлашга ўтганлар. Бунинг учун у киши ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга ҳужум қилганлар ва:
«Мен бу ерда сендан яхши зот борларида ҳам шеър айтар эдим», деганлар.
Яъни, мен шу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг борликларида ҳам шеър айтганман. У зот менга бирор нарса демаганлар. Энди сен менга масжидда шеър айтганим учун ўқраясанми?
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу шу билан бирга, ўз гапларини тасдиқлаш учун гувоҳ ҳам борлигини исбот қилмоқчи бўлдилар:
«ва Абу Ҳурайрага қараб:
«Сендан Аллоҳнинг номи ила сўрайман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга, «Менинг номимдан жавоб бер! Эй Аллоҳим, уни Руҳул Қудус ила қўллагин!» деганларини эшитганмисан?!» деди.
«Аллоҳ шоҳид, ҳа!» деди у».
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ўзларининг қилган ишларига ҳужжатлари кучли экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига мушрикларнинг ҳажвларига ўзлари номидан шеърий йўл ила ҳажвий жавоб беришни амр қилган эканлар ва у кишига Аллоҳ таолодан нусрат сўраб, «Эй Аллоҳим уни Руҳул Қудус ила қўллагин», деб дуо ҳам қилган эканлар.
«Руҳул Қудус» Жаброил алайҳиссаломдирлар.
Ана ўша амр ва дуо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан қилинган пайтда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам бор эканлар. Шунинг учун Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу у кишини ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг қаршиларида гувоҳликка ўтишга таклиф қилмоқдалар. У киши гувоҳликка ўтдилар ва:
«Аллоҳ шоҳид, ҳа!» дедилар.
Бу, албатта, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу учун катта фазл эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига биноан, Ислом ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳимоялари учун мушрикларни ҳажв қилиш ишониб топширилиши ва Аллоҳ таолога Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан юқоридаги маънода дуо қилиниши ҳар кимга ҳам насиб қилавермаган.

Масруқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Оишанинг олдига кирсам, Ҳассон ибн Собит унинг ҳузурида шеър айтаётган, ўз байтлари ила уни мадҳ қилаётган экан. Бас, у:
«Ул афийфа, ақли расо ва бирор шубҳага
қолмаган
«Одамлар гўшти»дан оч тонг отдириб,
кеч киритган»,
деди. Шунда Оиша унга:
«Лекин сен ундоқ эмассан», деди.
Масруқ айтади:
«Мен Оишага, нима учун сиз Аллоҳ: «Улардан (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир», деган бўлса ҳам, унга олдингизга киришга изн берасиз, дедим». Шунда у киши:
«Кўрликдан ҳам ашаддийроқ азоб борми? У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилар эди», дедилар
».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда зикр қилинаётган ишлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин бўлиб ўтган. Саҳобаи киромлар Оиша онамизнинг зиё¬ратларига кириб турар эдилар. Улар у кишидан фатволар сўрар ва яна бошқа ўзларига керак масалаларни ўрганишар эдилар. Оиша онамиз уларнинг барчасига парда ортидан туриб, муомала қилар эдилар.
Тобеъинлардан бўлмиш Масруқ розияллоҳу анҳу ҳикоя қиладилар:
«Оишанинг олдига кирсам, Ҳассон ибн Собит унинг ҳузурида шеър айтаётган, ўз байтлари ила уни мадҳ қилаётган экан. Бас, у:
«Ул афийфа, ақли расо ва бирор шубҳага
қолмаган
«Одамлар гўшти»дан оч, тонг отдириб,
кеч киритган»,
деди.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг мадҳларида у кишини «Одамлар гўшти»дан оч тонг отдириб, кеч киритган», деганлари эртаю кеч бировнинг ғийбатини қилмаган, деганларидир.
Чунки Исломдан бировни ғийбат қилиш унинг ўлгандан кейин гўштини емоқ билан баробардир. Бу маъно Қуръони Каримда келган ва мусулмонлар ичида шуҳрат топган. Ғийбат қилганни бировнинг гўштини еган билан тенг ҳисобланади.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ўз шеърларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳони мадҳ қилиб, ўша маънонинг тескарисини–бировни ғийбат қилмасликларини зикр қилганлар.
«Шунда Оиша унга:
«Лекин сен ундоқ эмассан», деди».
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга бундоқ дейишлари у кишига аввал бўлиб ўтган ишни эслатиш эди. Ҳа, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу соддалик қилиб, мунофиқларнинг иғвосига учиб, Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг тўғриларидаги ифкка қўшилган эдилар. У киши Оиша онамиз розияллоҳу анҳони зинода айблаганларнинг гапига ишонган эдилар.
Ўшанда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан бирга туҳматга Сафвон ибн ал-Муъаттал розияллоҳу анҳу чидай олмай, ифкка қўшилгани учун Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг бошига қилич билан уриб, ўлдириб қўйишига сал қолган.
Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу бўҳтонда очиқ-ойдин иштирок этган чин мўмин-мусулмонларгагина туҳматчилик ҳаддини, саксон даррани урдирдилар. Мазкур уч кишининг иккитаси эркак ва биттаси аёл киши эди. Эркаклар Ҳассон ибн Собит ва Мистоҳ ибн Асоса розияллоҳу анҳумолар, аёл киши эса, Ҳамна бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо эдилар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўзларининг мадҳларида шеър айтаётган Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг эсларига ўша гапларни солдилар.
Зотан, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳам ўша гуноҳларини ювиш мақсадида Оиша онамиз розияллоҳу анҳони мадҳ қилаётган эдилар. Бировга туҳмат қилиб, обрўсини тўккан одамнинг тавбаси ўша туҳматга қолган одамни кўпчилик ичида мақташ билан ювилиши бор.
«Масруқ айтади:
«Мен Оишага, нима учун сиз Аллоҳ: «Улардан (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир», деган бўлса ҳам унга олдингизга киришга изн берасиз?» дедим».
Ўшанда Аллоҳ таоло Оиша онамиз розияллоҳу анҳони оқлаб у кишига туҳмат қилганларни қоралаб оят нозил қилган эди.
Аслида Аллоҳ таолонинг «Улардан (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир», дегани мунофиқларнинг бошлиғи Убай ибн Салулга қаратилган.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ва у кишининг ҳақиқий мусулмон шериклари Мистоҳ ибн Асоса ва Ҳамна бинти Жаҳш розияллоҳу анҳумоларнинг гуноҳлари уларга ҳадд қоим қилиниб, дарра урилиши билан ювилган.
Масруқ розияллоҳу анҳунинг Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг қилар ишни қилиб қўйиб, яна Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг уйларига кириб ўтиришларига қарши айтган гапларига онамизнинг ўзлари:
«Кўрликдан ҳам ашаддийроқ азоб борми? У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилар эди», дедилар».
Ҳа, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу кейинчалик кўзлари ожиз бўлиб қолган эдилар. Эҳтимол, бу ҳам Аллоҳ таолонинг у кишига кўрсатган марҳаматидир.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоири сифатида саҳобалар жуда ҳам ҳурмат қилар эдилар. Гоҳида у кишининг ҳурматлари ўз қавмига ҳам фойда бериб қолар эди.
Имом ал-Ҳоким ва Тобаронийлар келтирган ривоятда Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Биз ансорийлар жамоаси Умар ёки Усмондан (ровийлардан Абу Зинод шак қилган) бир нарсани талаб қилдик. Бас, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир неча нафарини ўзимиз билан бирга олиб бордик. Шунда Ибн Аббос ҳам гапирди, қолганлар ҳам гапирдилар. Улар ансорийларни, уларнинг фазлларини зикр қилдилар. Биз талаб қилган иш оғир иш эди. Волий узр айтди. У уларнинг ҳар гапига жавоб топиб бераверди. Охири улар унинг узрини қабул қилиб, ўринларидан туришди. Илло, Ибн Аббос турмади. У ўз гапида давом этиб:
«Йўқ! Аллоҳга қасамки, ансорийларга бундоқ қилиш тўғри келмайди. Ахир улар нусрат берганлар, жой берганлар...» деб уларнинг фазлларини зикр қилаверди. У яна:
«Манависи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари, у зотни ҳимоя қилган», деди.
Ибн Аббос ўзининг жамловчи каломи ила барча узларни тўсиб, мурожаат қилишда давом этаверди. Охири волийнинг бизнинг ҳожатимизни чиқаришдан бошқа иложи қолмади.
Бас, Аллоҳ унинг каломи ила бизнинг ҳожатимизни раво қилганидан кейин чиқдик. Мен Абдуллоҳнинг қўлидан ушлаб олиб, уни алқаб, ҳақига дуо қилиб борар эдим. Бас, масжидда у билан бирга бўлиб, у қилган ишни қила олмаган жамоа олдидан ўтиб қолдим. Мен улар эшитадиган қилиб:
«Албатта, у ичингизда бизга энг яхшиси экан», дедим.
«Шундоқ!» дедилар.
Шунда мен Абдуллоҳга:
«Аллоҳга қасамки, бу нубувватнинг қолдиғидир. Аҳмад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросидир. У ичингизда ўша нарсага ҳақлироғи экан!» дедим».
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ушбу муносабат ила Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу¬нинг мадҳларида ажойиб байтлар ҳам айтганлар.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ўзларининг Исломда ўтган умрларида ҳам шоирликларини ишга солиб яшадилар. У киши бу даврда жоҳилиятдаги каби турли-туман шеълар айтишга барҳам бериб, фақат мадҳ, ҳажв ва фахр бобида шеър айтиш билан кифояландилар.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу арабларнинг энг машҳур шоирларидан бири ҳисобланадилар. Бу ҳақиқатни араб шоирларининг ўзлари эътироф этганлар.
Абу Убайда «Ҳассон шоирлардан уч нарса ила афзал бўлди; У жоҳилиятда ансорларнинг шоири эди. У нубувват даврида Набий алайҳиссаломнинг шоири бўлди. У Исломда барча Яманнинг шоири бўлди. Араблар Ҳассоннинг аҳли мадарнинг (ўтроқларнинг) энг катта шоири эканига иттифоқ қилганлар», деган.
Машҳур араб шоирларидан ал-Асмаъий, Амр ибн ал-Алаа, Абул Фараж ал-Асфиҳоний, ан-Нобиға аз-Зубяний, ал-Аъшаа ва бошқалар Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг улкан шоир эканликларини тан олганлар.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу кучли шоир бўлишлари билан бирга, рақибларига нисбатан раҳмдил ва сахий зот ҳам эдилар. Бунга тарихчилар кўпгина мисолларни ҳам келтирадилар. Биз улардан бирини мухтасар равишда келтириш билан кифояланамиз.
Нажоший исмли шоир Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуни ҳажв қилади. Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу унинг қавмини қойилмақом қилиб ҳажв қиладилар. Икки ҳажвни солиштириб кўрган Нажошийнинг қавми унинг қўл-оёғини боғлаб, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг олдиларига олиб келиб ташлайдилар ва ҳукмни ўзинг чиқаравер, дейдилар.
Шунда Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ўз ўғиллари Абдурроҳманга хачирларини ва бори-будур молу мулкларини олиб келишни амр қиладилар. Сўнг у киши Нажошийнинг қўл-оёғини ечиб, молнинг барчасини бериб, хачирни миндириб кузатиб қўядилар.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломни мадҳ қилиш билан бирга, Абу Бакр Сиддиқ, Умар Форуқ, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Зубайр каби саҳобаи киромларни ҳам мадҳ қилганлар.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу эллигинчи ҳижрий санада вафот этдилар. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri