Қул озод қилиш Принтер учун
02.10.2011 й.
Ўн уч-ўн тўрт аср илгари битилган китобларимизда қул озод қилиш тўғрисида алоҳида фасл ва бобларнинг бўлиши биз мусулмонлар учун фахрдир. Бу масалада ҳаммадан олдинги сафда туришимиз далилидир.
Ҳозир бу масала амалий жиҳатдан йўқ бўлса ҳам тарих, маълумот ва мавқифнинг қандоқлигини билиш учун ўрганиш лозим.

Аллоҳ таоло:
«Бас, у довон ошиб ўтмади.
Довон қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди?
У қул озод қилишдир.
Ёки очарчилик кунида таом беришдир.
Қариндош етимга.
Ёки тупроққа қорилиб ётган мискинга
», (Балад, 11-16) деган.
Шарҳ: Балад сурасидаги ушбу оятларда Аллоҳ таоло қул озод қилмаслик ёмон иш эканини баён қилмоқда. Бу ҳол эса, ўз навбатида, инсон қул озод қилмоғи керак эканини билдиришдир.
Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъмати инсонга яхши-ёмонни, оқу қорани, савоб-гуноҳни ажратиш хусусиятини бериб қўйгани ҳамда яхшилик йўлини ва у қаёққа олиб боришини, ёмонлик йўлини ва у қаёққа олиб боришини кўрсатиб қўйганидир.
Демак, инсон ёмонлик йўлини тарк этиб, доимо яхшилик йўлида юриб, ҳавои нафсга эрк бермай, тўғри йўлдан қийинчиликларни енгиб бормоғи лозим. Аммо инсонлар ҳар хил бўлади. Баъзилари яхшилик йўлидаги тўсиқларни енгиб ўтишда дангасалик қилиб, яхшиликни қийинчилик, деб ўйлайди. Шундай инсонлар ҳақида айнан биз ўрганаётган оятларда сўз бормоқда:
«Бас, у довон ошиб ўтмади».
Ушбу ояти каримада инсоннинг ҳавои нафсига оғир келадиган ишни қилиши истиора йўли билан довон ошишга ўхшатилмоқда. Сўнгра ўша «довон»нинг аҳамиятли, унча-бунча одам идрок қилиб ета олмайдиган нарса эканини изҳор қилиш учун қуйидаги улуғлаш саволи ҳам берилмоқда.
«Довон қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди?»
Сўнг Қуръон ўзи «ақаба» — «довон ошиш» нима эканини қуйидаги оятларда тушунтиради.
«У қул озод қилишдир».
Маълумки, Қуръони каримнинг мана шу оятлари нозил бўлаётган вақтда қулдорлик тузуми бутун дунёда авж олган эди. Тарихда биринчи бўлиб Ислом қуллик ва қулдорликка қарши чиқди ва қулларни озод қилишни ибодат даражасига кўтарди.
«Ёки очарчилик кунида таом беришдир.
Қариндош етимга.
Ёки тупроққа қорилиб ётган мискинга».
Довон ошиш ҳавойи нафснинг тўсиқларини енгиб, Аллоҳ таолога ёқадиган иш қилиш очарчилик пайтларида намоён бўлади. Тўқчилик вақтида одам риёкорлик, манманлик ва кимўзарга уринаверади. Аммо очарчилик бўлиб, ҳар ким ўз қорнини, эртанги кунини ўйлаб, бу шиддатли замон қачон тугашини билмай ҳайрон бўлиб қолган пайтда муҳтожларга таом бериш ҳақиқий довон ошиш ҳисобланади, ана ўша ишни амалга оширганлар Аллоҳнинг розилигини топадилар. Ушбу оятларда мазкур қийинчилик кунларида таом беришга энг муҳтож тоифалардан иккитаси: қариндош етимлар ва тупроққа қорилиб қолган мискинлар алоҳида зикр қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен билан етимнинг кафили жаннатда мана бундоқ биргамиз», деб кўрсатгич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб кўрсатган эканлар. Кўриниб турибдики, муҳтож кишиларга ёрдам бериш улкан савобли иш. Фурсати борлар бунга амал қилишлари керак.
Ҳақиқий эҳсон оч-яланғоч, муҳтож кишиларга ёрдам бериш билан бўлади. Аммо бундай яхшиликлар ҳаммаси доимо иймон билан ҳамроҳ бўлмоғи даркор. Шунинг учун кейинги оятда бунга ишора қилинган.
Қуръони каримда қул озод қилиш ҳақида бошқа оятлар ҳам бор. Аллоҳ таоло Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:
«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, Китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир» (177-оят).
Одатда одамлар яхшилик матлуб экани ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар кўпинча яхшиликни белгилашда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар. Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устун тургувчи жиҳат белгилаши керак.
Ислом динида яхшилик Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима экани ушбу оятда тўлиқ таърифлаб берилган. Ана ўша яхшиликлар ичида қул озод қилишга молу мулкни сарфлаш иши ҳам бор.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида қуйидагиларни айтган:
«Мўмин мўминни ўлдирмас. Магар билмасдан қилиши мумкин. Кимки мўминни билмасдан ўлдириб қўйса, бас, унга мўмин қулни озод қилиш ва (ўлганнинг) аҳли кечирмасалар хун бериш вожиб бўлур. Агар у сизга душман қавмдан бўлиб, ўзи мўмин бўлса, мўмин қулни озод қилиш вожиб бўлур. Агар у сиз билан орасида аҳдномаси бор қавмдан бўлса, аҳлига бериладиган хун ва мўмин қулни озод қилиш вожиб бўлур. Ким топмаса, Аллоҳга тавба учун кетма-кет икки ой рўза тутиш вожиб бўлур. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир» (92-оят).
Мўмин инсон ўзининг мўмин биродарига нисбатан доимо яхши муносабатда бўлиши лозим. Бу унинг мўминлик вазифаси. Шунинг учун ҳам ушбу оятда:
«Мўмин мўминни ўлдирмас». Яъни, мўминнинг мўмин томонидан ўлдирилиши эҳтимолдан узоқ ҳисобланмоқда. Лекин бандалик туфайли хато содир бўлиб, беихтиёр бундай кўнгилсиз ҳодиса юзага келиши мумкин. Уламолар хато қилиб, билмасдан ўлдиришни бир неча хилга бўлишган: бирор ҳайвон ёки қушни овлаш ниятида отилган ўқ бехосдан мўминга тегиб ўлдириши; кофирларнинг ичида, уларнинг кийимида юрган мўминни билмай ўлдириб қўйиш каби. Оятда мўмин мўминни билмай ўлдиришининг уч хил суврати ва уларнинг жазоси тилга олинган:
1. Мусулмон жамиятида яшаб турган мўминни бошқа бир мўмин билмасдан ўлдириб қўйса, қотил бир мўмин қулни озод қилади. Модомики, у мўминлар жамиятидан бир тирик жоннинг камайишига сабаб бўлдими, бунинг жазосига бошқа бир мўминни тўлақонли ҳурликка чиқарсин. Бунга қўшимча равишда ўлдирилган кишининг аҳлига унинг хунини берсин. Бу хун уларнинг дард-аламини енгиллатади. Ўлган киши келтириши мумкин бўлган моддий фойдаларнинг эвази бўлади.
Имом Аҳмад ва бошқа муҳаддислар қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билмасдан ўлдирилган одамнинг хунига йигирмата Бинти Мухоз, йигирмата Бани Мухоз, йигирмата Бинти Лабун, йигирмата Жазуаъ, йигирмата Ҳиққа туялар беришга ҳукм чиқардилар». Хунни қотилнинг ота тараф қариндошлари тўлайдилар.
Агар ўлдирилган кишининг қариндошлари кечириб юборсалар, бу ўзларининг иши. Бу иш яхшилик ҳисобланади. Бу иш марғуб ишдир.
«Кимки мўминни билмасдан ўлдириб қўйса, бас, унга мўмин қулни озод қилиш ва (ўлганнинг) аҳли кечирмасалар, хун бериш вожиб бўлур».
2. Ўлдирилган киши ўзи душман қавмидан, аммо мўмин бўлса, бу ҳолда қотилга бир мўмин қулни озод қилиш вожиб бўлади. Биринчи сувратда айтилганидек, бир мўмин жоннинг камайишига сабаб бўлгани учун Ислом жамиятига янги тўлақонлик мўминни қўшиши зарур. Бироқ бу ҳолатда хун бериш вожиб бўлмайди. Чунки агар хун тўланадиган бўлса, душман қавмга берилади. Улар эса, бу молни мусулмоннинг зиддига ишлатадилар.
«Агар у сизга душман қавмдан бўлиб, ўзи мўмин бўлса, мўмин қулни озод қилиш вожиб бўлур».
3. Ўлдирилган кишининг ўзи мўмин, қавми эса, мўмин эмас, аммо уларнинг мусулмонлар билан тузилган тинчлик аҳдномалари бор. Бу ҳолда қотилга бир мўмин қулни озод қилиш ва марҳумнинг аҳлига хун тўлаш вожиб бўлади. Иккинчи сувратдагидан фарқ шундаки, марҳумнинг аҳли мусулмонлар билан тинчлик аҳдномаси тузган. Бунда мусулмонларга қарши уруш хавфи бўлмайди, шунинг учун уларга марҳумнинг хуни берилаверади.
«Агар у сиз билан орасида аҳдномаси бор қавмдан бўлса, аҳлига бериладиган хун ва мўмин қулни озод қилиш вожиб бўлур».
Баъзи ҳолларда қотил қул озод қилишга имкон топа олмаслиги мумкин. Бу ҳолда унга бошқа жазо белгиланади. У узлуксиз икки ой рўза тутади. Фақат беморлик, ҳайз кўриш ёки нифос сабабидан рўза орасини узса бўлади. Бошқа ҳолда бирон кун тутмаса яна янгидан икки ой рўза тутишни бошлайди.
«Ким топмаса, Аллоҳга тавба учун кетма-кет икки ой рўза тутиши вожиб бўлур. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир».
Аллоҳ таоло Моида сурасида қуйидагиларни айтади:
«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутадир. Бас, унинг каффорати ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга шундай қилиб Ўз оятларини баён этади. Шоядки, шукр қилсангиз» (89-оят).
Ушбу оятдан ҳалол-ҳаром фақат тановул қилинадиган таом, ичиладиган шароб ёки никоҳдагина эмас, балки ҳамма нарсада, ҳатто оғиздан чиқадиган, одамлар эътибор бермайдиган сўзларда ҳам тушунилади. Демак, инсон фаолиятининг ҳар бир жабҳасида ҳалол-ҳаром бор. Ҳар бирига алоҳида ҳукм бор. Ўша ҳалол ёки ҳаромни аниқлаш ва ҳар бир ишнинг ҳукмини чиқариш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Бу ишга ундан бошқа ҳеч ким аралаша олмайди. Инсонни йўқдан бор қилган — яратган Аллоҳ унинг қандоқ яшамоғи лозим эканини кўрсатиб беришга ҳам фақат Ўзигина ҳақли. Инсонга ризқ берган Аллоҳ ўша ризқнинг қайсиниси ҳалол ва қайсиниси ҳаром эканини аниқлашга ҳам фақат Ўзигина ҳақли. Инсонга ақл ва тил берган Аллоҳ ўша ақлни ишлатиб, ўша тил билан қандай сўзларни айтганини тутади-ю, қайсинисини тутмайди, Ўзи ҳукм қилади.
Ояти карима:
«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас» жумласи ила бошланмоқда. «Беҳуда қасам» деганда, тил ўрганиб қолган, беихтиёр гапга қўшилиб кетадиган қасам иборалари тушунилади. Бу ҳол айниқса, арабларда кўп учрайди. Уларда «валлоҳи», «биллоҳи» дейиш қасам ичишни англатади. Айтилиши ҳам осон. Сўз орасида ишлатавериб, ўзлари ҳам ўрганиб қолишган. Демак, ана шундай ҳолларда беихтиёр қасам лафзи оғзидан чиқса, Аллоҳ унинг учун тутмас экан. Айб ҳисоблаб, жазо чораси белгиланмас экан.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, исломий таълимотларда умуман қасам ичишга тарғиб қилинмайди. Аввало, қасамни фақат Аллоҳнинг номи билан ичилади. Бошқаси мумкин эмас. Аллоҳнинг номи билан эса, ҳадеб қасам ичавериш яхши эмас. Фақат шариатда кўрсатилган жойлардагина қасам ичиш зарур. Мисол учун, қозининг ҳузурида. Бошқа вақтларда ҳуда-беҳудага оғизга қасам лафзларини олавериш яхшиликдан эмас. Аммо бу кўрсатмаларга амал қилмай, бекордан-бекор қасам ичиб юборса, ушбу оятдан билинмоқдаки, Аллоҳ томонидан тайин қилинган жазо йўқдир. Лекин беҳуда қасам одобсиз, ишончсиз киши сифатида жамиятда эътиборсиз бўлиб қолишига сабаб бўлади.
Қасам ичишнинг Аллоҳ томонидан тутиладигани ҳам бор:
«Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутадир».
Бу жумлада қасамнинг маҳкамлиги ҳиссий таъбир ила баён қилинмоқда. Бунинг учун «қасд ила» иборасининг маъносига «туккан» ибораси ҳам боғланмоқда. Худди қасам бир ҳиссий нарсаю, уни маҳкамлаш учун тугиш мумкин бўлганидек. Бундан шу нарса келиб чиқадики, тутиш–айб санаш учун қасам қасд ва мустаҳкам ният ила ичилган бўлиши шарт экан. Ана шундай ҳолатда қасам ичувчи агар қасамхўр бўлса, яъни, қасамини ўринлата олмаса, шариат бўйича унга нисбатан жазо чораси кўрилади.
«Бас, унинг каффорати – ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир».
Араб тилида «каффорат» сўзи бир нарсани яхшилиб, ҳеч ҳам кўринмайдиган қилиб тўсиб-беркитишга айтилади. Шариатда эса, содир этилган гуноҳни ювиш учун адо этиладиган молиявий ёки бадан ибодатига айтилади.
Қасам ичиб, унга амал қила олмай қасамхўр бўлган инсоннинг адо этиши лозим бўлган каффорати, аввало, ўнта мискиннинг қорнини тўйғазишдир. Уларни тўйғазишдаги ўлчов–каффорат берувчининг ўз аҳлига–бола-чақасига берадиган ўртача таом миқдоридир. Агар таом беришни хоҳламаса, ўнта мискинга бир сидирға кийимбош олиб беради. Кийим ҳам ўша вақтнинг, жойнинг ва урфнинг ўртача кийими бўлади. Учинчи жазо эса, бир қул озод қилишдир.
Қасамхўрга каффорат учун белгиланган ушбу жазо чораларидан Ислом динининг бева-бечораларга, камбағал-мискинларга қанчалик эътибор билан қарагани яққол кўриниб турибди. Шунингдек, бу мукаммал ва оламшумул диннинг қулчиликка қарши бўлгани, қулларни озод қилишга қаттиқ урингани ҳам кўриниб турибди. Исломда бу ишлар гуноҳларни ювадиган ибодат даражасига кўтарилгани эътиборга сазовордир. Оғзига кучи етмайдиган, ўзига эътиборни қаратиш ва бир ишни албатта қилиш ёки қилмаслигини таъкидлаш мақсадида Аллоҳнинг номи ила қасам ичган одам аслида Аллоҳ таолога нисбатан катта беодоблик қилган бўлади. Бу ишнинг жазосига бошқачароқ чора белгилаш ҳам мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло айнан фақир-мискинларга ва қулларга меҳр кўрсатиб, уларнинг фойдасини кўзловчи чораларни белгилаган.
 Аллоҳ таоло Тавба сурасида:
«Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли Зотдир», (60-оят) деган.
«Садақалар» деганда «закот» назарда тутилган. Бу ояти карима Аллоҳ таоло бойларга, яъни, моли нисобга етган мусулмонларга фарз қилган закотга кимлар ҳақли эканини баён қилади. Демак, садақаларни ҳар ким ҳам олавермайди, балки Аллоҳ таоло Ўзи тайинлаган кишиларгина оладилар. Бошқаларга закот олиш ҳаром. Закотга ҳақдор тоифалар ушбу ояти каримага асосан саккизтадир.
Бешинчи тоифага — «Қул озод қилишга».
Маълумки, ушбу оят нозил бўлган пайтда дунёда қулдорлик тузуми мавжуд эди. Ислом қулдорликка қарши кураш бошлади. Турли йўллар билан инсонларни қулликдан озод қилиш чораларини кўрди. Жумладан, бу ишни ибодат даражасига кўтарди. Закот молиявий ибодат ҳисобланиб, Исломнинг беш рукнидан биридир. Бой мусулмонлардан йиғилган закотдан бир қисмини қул озод этиш ишига сарфлашга амр қилинди. Хусусан, закот қулларнинг «мукотаб» деб номланадиган турига бериладиган бўлди. Қул одам ўз хожаси билан маълум миқдор мол эвазига озод бўлишга келишса, бунга «мукотаб» дейилади. Демак, ўша мукотабга озод бўлиши учун келишилган молни тўлашга ёрдам тариқасида закотдан берилади.
 Аллоҳ таоло Нур сурасида қуйидагиларни айтади:
«Қўлларингизда мулк бўлганлардан (озодлик) васиқасини истайдиганлари бўлса, бас, уларда яхшилик борлигини билсангиз, улар ила васиқа ёзинг ва Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг» (33-оят).
Ислом дини келганда дунёда қулчилик авжига чиққан эди. Ислом қулчиликка қарши биринчи бўлиб бош кўтарди. Инсонлар озод бўлишлари учун у барча чораларни кўрди. Турли йўллар билан мусулмонларни қул озод қилишга даъват этди. Ким бир қулни озод этса, дўзахдан паноҳ топишини эълон қилди. Каффорат учун, гуноҳни ювиш учун қул озод этишни, ўзида бўлмаса, сотиб олиб озод этишни шарт қилиб қўйди. Яна бошқа кўпгина чораларни кўрди. Ўша чоралардан бири ушбу оятда зикр қилинаётган «мукотаба» номли амалдир.
«Мукотаба» сўзи луғатда «икки томонлама ёзиш» деган маънони англатади. Шаръий истилоҳда эса, қул ёки чўрининг маълум бир маблағ ёки хизмат эвазига озодликка эришиш ҳақида ўз хожаси билан тузган шартномага айтилади. Бу ҳам қулчиликка қарши курашишнинг бир йўли, қул ва чўрилар озодликка эришишлари учун яратилган бир шароитдир. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга Қуръони карим орқали хитоб қилиб, агар уларнинг қул ва чўриларидан қайси бири озодликка чиқиш учун шартнома тузишни истаса, улар билан ўша шартномани тузишга амр этмоқда.
«Бас, уларда яхшилик борлигини билсангиз...», дегани ўша «мукотаба» қилишни истаган қул ёки чўриларингизга бу ишда яхшилик бўлишини, улар аҳли солиҳ эканини, озод бўлгандан кейин ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам наф етишини билсангиз, деганидир.
Демак, хожа қули билан маълум миқдор мол топиб ёки бирон ишни қилиб бериш эвазига унинг озод этилиши ҳақида шартнома тузиб, ёзиб қўяди. Бу иш «мукотаба» дейилади. Шундан сўнг икки томон ҳам шартномага амал қилиши лозим бўлади. Қул пулни топиб бериши учун ҳеч ким унинг йўлига тўсиқ бўлмаслиги лозим. У шунда озодликка эришади. Хожа эса, шартнома асосида қулга шароит яратиб бериши керак. Қул келишилган молни ёки хизматни адо этиши билан озод бўлади, хожанинг унда ҳақи қолмайди.
Агар хожалар Аллоҳ таолонинг ушбу оятдаги
«ва Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг» деган амрига бўйсуниб, келишилган маблағдан бир қисмини кечиб юборсалар яна ҳам яхши бўлади. Уламоларимиз бу амр ҳам хожаларга, ҳам мусулмонлар оммасига қаратилган, шартномада келишилган маблағни топиш учун мукотаба қилган қулга хожаси ҳам, бошқа мусулмонлар ҳам молиявий ёрдам беришлари керак, дейдилар.
Маълумки, закотнинг ҳақдорларидан бири ҳам айнан шу қуллардир. Яъни, закотдан маълум бир қисмини қул озод қилиш учун сарфлаш Қуръони каримда тайин этилган.
Ислом қул озод этишни энг улкан ибодат ва Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишнинг энг самарали воситаси даражасига кўтарди.
Имом Байҳақий Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Менга жаннатга киритадиган амални ўргатинг», деди. У Зот:
«Батаҳқиқ, қисқа гап билан масалани рўй-рост қўйдинг. Аҳолини озод қил, (қул) бўйнидан (кишанни) еч», дедилар.
«Иккови бир иш эмасми?» деб сўради.
У Зот:
«Йўқ, аҳолини озод қилиш – ёлғиз ўзинг озод қилишинг, (қул) бўйнидан (кишан) ечишинг эса, баҳосини тўлашга ёрдам беришинг. Шунингдек, туя ёки қўйнинг сутидан фойдаланиш учун бировга берадиган бўлсанг, сути кўп вақтида бер. Сенга зулм қилган қариндошингга яхшилик кўрсат. Агар қодир бўлмасанг, тилингни яхши гапдан бошқасидан тий», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, кишини жаннатга киритадиган ишларнинг бошида қул озод қилиш ёки қулнинг озод бўлишига молиявий ёрдам бериш турибди.
Шунингдек, Ислом ҳукуматига ҳам Байтулмолдан қул озод қилиш учун ҳисса ажратиш тавсия этилган.
Уламоларимизнинг тасдиқларига кўра, қадимда қуллар уч тоифа бўлганлар:
1. Урушда асир тушиб қул бўлганлар.
2. Ҳур бўлса ҳам, куч билан қул қилиб олинганлар.
3. Ота-боболаридан буён қул бўлиб келаётганлар.
Ислом дини келган пайтда дунёдаги ижтимоий ва иқтисодий низомларнинг барчасида қулчилик асосий омиллардан бири ҳисобланар, ҳамма бу нарсани оддий бир ҳолат деб билар эди.
Ислом одамлар ўрганиб қолган ароқхўрлик, зино, рибохўрлик сингари ижтимоий касалликларни даражама-даража даволаб йўқотганидек, қулчилик муносабатларини ҳам аста-секин муолажа қилди. Чунки бунга ўхшаш масалаларда шошма-шошарлик фойда бермаслиги аниқ. Ислом қулчиликка қарши режали равишда тадрижий кураш бошлади. Олдин инсонларга бир-бирларини қул қилишлари яхши эмаслиги тушунтирилди. Сўнгра эса, қул озод қилиш савоб иш эканлиги, охиратда нажотга, гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлиши оят ва ҳадислар орқали баён этилди. Сўнгра закот, каффорат каби ибодатларга қул озод қилиш киритилди. Энг аҳамиятлиси, бу ишлар қуруқ гап бўлиб қолмади. Балки амалда қарор топди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари олтмиш учта қул озод қилганлар.
Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидан Ҳазрати Оиша онамиз олтмиш еттита қул озод этганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб етмишта, саҳобаларидан Ҳаким ибн Ҳизом юзта, Абдуллоҳ ибн Умар мингта, Зул Кулоъ Ҳумайрий саккиз мингта, Абдурроҳман ибн Авф ўттиз мингта қул озод қилишган.
Ҳазрати Абу Бакр ва Ҳазрати Усмон (Аллоҳ улардан рози бўлсин) томонидан озод қилинган қулларнинг кўплигидан тарихчиларимиз сонини аниқлай олмаганлар.
Бу амал мусулмонлар орасида кенг тарқалди. Эски қулларни озод қилиш йўлга қўйилди.
Аллоҳ таоло Мужодала сурасида:
«Хотинлардан зиҳор қилганлар ўз айтганларидан қайтсалар, (қайта) қўшилмасларидан аввал бир қул озод қилсинлар. Бу (ҳукм) ваъзланишингиз учундир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир», (3-оят) деган.
Яъни, хотинидан зиҳор қилган киши афсусланиб, ўз гапидан қайтиб, хотини билан қайта ярашишни ихтиёр этса, у ҳолда эру хотинлик муносабатларини қайта бошлашдан олдин бир қул озод қилиб каффорат бериши лозим.
Каффорат — содир бўлган гуноҳни ювиш учун қилинадиган қўшимча молиявий ибодат. Ислом ана шу йўл билан қул озод қилишни ибодат даражасига кўтарди.
Энди қул озод қилишга тарғиб қилувчи ҳадиси шарифлардан баъзиларини ўрганишга киришамиз.

Саъид ибн Маржона розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менга Абу Ҳурайра:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қай бир киши мусулмон кишини озод қилса, Аллоҳ ўша (қул)нинг ҳар бир аъзоси учун унинг бир аъзосини дўзахдан қутқариб олади, дедилар», деди.
Саъид: «Мен бориб бу ҳақда Али ибн Ҳусайнга хабар бердим, у Абдуллоҳ ибн Жаъфар ўн минг дирҳам ёки минг динор берганда сотмаган қулини олдига бориб уни озод қилиб юборди», деди
».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Муслим ва Термизий ривоятида:
«Ким мусулмон қулни озод қилса, Аллоҳ ўшанинг ҳар бир аъзоси эвазига унинг бир аъзосини дўзахдан озод қилади, ҳатто фаржи эвазига фаржини озод қилади», дейилган.
Шарҳ: Аввало, ровий Саъид ибн Маржона розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Аслида исмлари Саъид ибн Абдуллоҳ Қураший ал-Омирийдир. Оналарининг исмлари эса Маржонадир. Тобеинлардан эдилар.
Зуҳалий:
«Бу зот Саъид ибн Ясор, оналари Маржонадир», деб айтдилар.
Ҳадисларни Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Ибн Умарлардан ривоят қилдилар.
Бу зот тахминан ҳижратнинг 97-йилида вафот этдилар.
Қул озод қилиш борасида бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам Али ибн Ҳусайн бу ҳадиси шарифни эшитишлари билан минг тилло тангага сотмаган қулларини озод қилиб юборганлар.
Умуман, мусулмонлар орасида қул озод қилиш энг шарафли ишлардан бўлган. Ҳар бир мусулмон дўзахдан қутилиш йўлини ахтариб яшайди. Қул озод қилиш эса, ўша мақсадга етишнинг энг осон йўлларидан бири. Озод қилинган қулнинг ҳар бир аъзоси эвазига, озод қилувчининг ўшандоқ аъзоси Аллоҳ таоло томонидан дўзахдан озод қилинади. Шунинг учун ҳам аъзолари бутун ва соғлом қулни озод этишга ҳаракат қилинган.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Қайси амал афзал?» деб сўрадим.
«Аллоҳга иймон келтириш ва Унинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар.
«Қандоқ қулни озод қилиш афзал?» дедим.
«Энг қимматли ва аҳли ҳузурида энг қадрлисини», дедилар.
«Агар қилмасам-чи?» дедим.
«Қилувчига ёрдам берасан ёки ожизга ёрдам берасан», дедилар.
«Агар уни ҳам қилмасам-чи?» дедим.
«Одамларга ёмонлик қилишни тарк қиласан, бу, албатта, садақадир», дедилар
».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Абу Довуд ва Термизийнинг ривоятларида:
«Қайси бир мусулмон киши бир мусулмон кишини озод қилса, Аллоҳ таоло қулнинг суякларидан ҳар суякни уни озод қилувчининг суякларидан бир суякни дўзахдан сақловчи қилур, қайси бир аёл бир муслима аёлни озод қилса, Аллоҳ таоло чўрининг суякларидан ҳар бир суякни уни озод қилгувчининг суякларидан бир суякни дўзахдан сақловчи қилур», дейилган.
Сунан эгаларининг ривоятида:
«Ўлим пайтида қул озод қилувчи тўйгандан кейин ҳадя берадиганга ўхшайди», дейилган.
Шарҳ: Ҳамма яхши ишлар ҳам афзал. Лекин афзалларнинг ичида ҳам афзали бор. Мусулмон киши кўпроқ фазлга эга бўлишни хоҳлаб энг афзал ишни кўпроқ қилишга уриниши керак.
Шу маънода Абу Зарр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга савол бердилар ва у Зот энг афзал иш Аллоҳга иймон келтириш ва Унинг йўлида жиҳод қилиш эканини баён қилдилар.
Абу Зарр Ғифорий қул озод қилиш яхши амал эканини яхши билар эдилар. Шу билан бирга, қул озод қилиш билан қул озод қилишнинг фарқи борлигини ҳам яхши билар эдилар. Шунинг учун ҳам у Зотдан қандоқ қулни озод қилиш афзал, деб сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг қимматбаҳо ва эгаси учун энг қадрли бўлган қулнинг озод қилиниши энг яхши қул озод қилиш эканини баён этдилар.
Албатта, қулни ишлатиб-ишлатиб, қариб, ҳеч нарсага ярамай, боқиманда бўлиб қолганда озод қилиш билан, ёш, навқирон, қўлидан ҳар бир иш келадиган, баҳоси юқори бўлиб турганда озод қилишнинг фарқи бор.
Исломда хайрли ишни қуруқ овоза учун қилиб, уни қилишдан кўзланган мақсадни суъистемол этиш маъқул кўрилмайди. Балки энг яхши сифатларга эга бўлган қулларни биринчи навбатда озод қилишга тарғиб этилади. Токи қобилиятли, ўзига ҳам, жамиятга ҳам кўпроқ фойда келтирадиган кишиларнинг сони кўпайсин.
Шу билан бирга, ўлим кўзига кўринганда қул озод қилиш билан ёш, навқирон қулни озод қилишнинг фарқи бор. Дунёга берилиб қулни озод қилмай юриб, кўзига ўлим кўринганда қул озод қилса, худди овқатдан тўйиб, ўзидан ошиб қолганини бошқага ҳадя қилгандек бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким моли бор қулни озод қилса, қулнинг моли ўзиникидир, магар хожа шарт қилган бўлса, бўлмайди», дедилар
».
Шарҳ: Қулнинг ўзини озод қилиб, молини олиб қолиш мусулмонларнинг одати бўлмаган. Аксинча, мусулмонлар моли йўқ қулни озод қилган чоғларида ҳам ўзини ўнглаб олиш учун шароит яратиш мақсадида унга молиявий ёрдам ҳам бериб турганлар. Қуллар қулликда яшаб, мустақил яшаш шароитларига кўникишлари қийин бўлиб қолади. Амриқода қулларни бирдан озод қилинганда катта муаммолар келиб чиққан. Исломда бир йўла қулларни озод ҳаётга кўниктириш чоралари ҳам кўриб борилган.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz