Ҳалол савдо касбларнинг яхшиси Принтер учун
22.10.2011 й.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таолога чексиз ҳамду саноларимиз бўлсин, У Зот бандаларига ҳалол касбни ва ҳаромдан қочишни амр қилди.

Ҳалол яшаш йўлларини умматларига батафсил тушинтириб, ўз ҳаётларида амалга ошириб, кўрсатиб берган севикли Пайғамбаримизга салавот ва дурудларимиз бўлсин!

Аллоҳ таоло инсонни ер юзини обод этувчи зот сифатида яратиб, унинг учун зарур бўлган барча нарсаларни унга омонат қилиб берди ва хиёнат қилиш ҳамда бойликни нотўғри жойларга ишлатишни оғир гуноҳ деб ҳисоблади. Инсонлар доимо бир-бирлари билан турли хил муомалаларда бўладилар. Шундай алоқалар вақтида бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилмаслик лозим. Ислом дини савдо-сотиқда ҳалол бўлишликни тарғиб этади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ушбу масалага кенг ўрин берилиши  бежиз эмас.

Шариатда, вазн ва ўлчов билан бўладигансавдода хиёнат қилмаслик ва олувчи ҳам ўлчовдан кўпроқ қилиб олишни талаб қилмаслиги лозим. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!

Юқоридаги оятларда савдо кишилар ҳаққидан уриб қолувчи фирибгарлар ҳақида сўз юритилган.Улар тарозими, литрми ёки бошқача ўлчовми, бари бир кишиларда нарса олаётганларида тўлиқ ва ортиқча оладилар, аммо харидорларга ўлчаб бераётганда, кам берадилар. Уларнинг бу иши қиёматдан қўрқмаслик белгисидир. Лекин, охиратда аниқ ҳисоб китоб бўлиши билан огоҳлантирилмоқда.

Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таолонинг пайғамбари Шуайб а.с. қавмига мурожаат қиладики:

Эй, қавмим! Ўлчов ва вазнни адолат билан тўла берингиз! Одамларнинг нарсаларини уриб қолмангиз ва Ерда фасод ишлари билан бузғунчилик қилмангиз!» Агар мўмин бўлсангиз (билиб қўйингизки), Аллоҳнинг (ҳалол касбдан) қолдиргани сизлар учун яхшидир. Мен эса, сизларга (бойликларингизга) қўриқчи эмасман». Бойликнинг қўриқчиси бу ҳалол меҳнат, пешона тери билан бўлади. Орттирилган бойликнинг фойдали ва баракали бўлиши ҳам қайси йўл билан келишига боғлиқдир.

Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладиларки:

“Олувчи ва сотувчи бир-бири билан савдони келишиб олгунча ихтиёрлари ўзларидадир. Агар улар бир бирларига рост гапириб, молининг айбини яширмасалар, бундай савдода уларга барака бўлади. Агар молнинг айбини яширсалар ва бир-бирларини алдасалар, савдоларида барака бўлмайди”. (Имом Бухорий ривояти)

Савдо аҳлининг хушмуомалали бўлишига ҳадис шарифда алоҳида аҳамият берилганини кўрамиз. Жобир ибн Абдуллоҳ (рз) ривоят қилади:

 “Сизлардан бурун ўтган бир кишини Аллоҳ таоло мағфират қилди. У бирон нарса сотганда мулойим эди, сотиб олаётганда ҳам мулойим эди, бировга ҳукм чиқараётганда ҳам мулойим эди” деган эканлар.

Маълумки, пайғамбаримиз (сав)нинг қавмлари тижорат билан шуғулланардилар. Тирикчилик манбаларининг асосини савдо-сотиқ ташкил қилар эди. Уларнинг қадамлари Яман ва Шом, Форс ва Рум орасида тинмасди. Расулуллоҳ (сав)нинг ўзлари ҳам мана шундай тижорий сафарларнинг айримларида иштирок этганлар. Расулуллоҳ (сав) бир куни бозорда буғдой сотиб турган кишининг буғдойига муборак қўлларини тиқиб кўрсалар, буғдойнинг таги нам экан. Шунда “бу қандай бўлди?” – деб сотувчига эътироз билдирдилар. Сотувчи эса, “ҳозир ёмғир ёғиб ўтган эди, шунинг учун нам текканини тагига қўйган эдим” – деб узр айтди. Расулуллоҳ (сав) унга: “нам теккани устида тураверса бўлмайдими?” – деб:

        “Кимки ҳиёнат қилса бизлардан эмас” – дедилар.

Мазкур биргина ҳадисдан савдо-сотиқда бўлиши мумкин бўлган барча ва ҳар қандай ҳиёнат, у сотувчи ёки олувчи томонидан бўлишидан қатъий назар, кескин қораланади. Бозорларда молни нархини сунъий ошириш ва қимматроқ сотиш учун қасамлар ичиб ҳамда бозорга сотиш учун келаётган кишиларнинг молларини арзон олиш, сотиладиган молни айбини беркитиш ман қилинади.

Имом Абу Ҳанифа (рҳ)нинг машҳур шогирди Имом Муҳаммад (рҳ)дан “тақво ҳақида бир китоб ёзсангиз” деб илтимос қилганларида, у киши “Ёзиб қўйганман-ку”, деб жавоб бердилар. Шунда, “У қайси китоб?” дейилганда, “Китоби Байъ - тижорат китоби,” деб жавоб қилганлар эканлар. Бу буюк зотнинг тижоратни тўғри қилса, шунинг ўзи тақво деганларидир. Зеро асосий энг катта тақво, инсон луқмасининг ҳалол бўлишидадир.

Аллоҳга беадад шукрлар айтамизки, мустақиллик шарофати билан юртимизда бозор иқтисоди жорий бўлди. Олдин ўзимизнинг миллий ҳунармандчилигимиз маҳсулотини ҳам бозорга олиб чиқа олмас эдик. Тижоратчи, тадбиркорнинг номини чайқовчи деб камситилар эди. Мана, энди савдо-сотиқ ишларимиз эмин-эркин, тижорат учун ҳатто бемалол қатнаш имконияти туғилди. Катта ва кичик тадбиркорларнинг эркин фаолияти учун ҳукуматимизнинг қатор қарорлари чиқиб турибди. Бунга фақат шукр қилишимиз ва муомалотларимизда адолатли ҳамда инсофли бўлишимиз даркор.

Ҳаёт тақозоси билан инсонлар доимо бир-бирлари билан турли хил молиявий муомала қилишга муҳтождирлар. Лекин бу алоқада мақсадни ҳалол йўллар билан амалга ошириш, ҳаром йўллардан четланиш ва бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилмаслик лозим. Ислом дини савдо-сотиқда ҳалол бўлишликни тарғиб этади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ушбу масалага кенг ўрин берилиши бежиз эмас.

Олдин ўзимизнинг миллий ҳунармандчилигимиз маҳсулотини ҳам бозорга олиб чиқа олмас эдик. Тижоратчи, тадбиркорнинг номини чайқовчи деб камситилар эди. Мана, энди савдо-сотиқ ишларимиз эмин-эркин, тижорат учун ҳатто бемалол қатнаш имконияти туғилди. Катта ва кичик тадбиркорларнинг эркин фаолияти учун ҳукуматимизнинг кўплаб қарорлари чиқиб турибди. Бунга фақат шукр қилишимиз ва савдо-сотиқ муомалотларимизда адолатли ҳамда инсофли бўлишимиз даркор.

Аллоҳ таоло юртимиз бозорларига Ўзининг баракотларини ёғдирсин. Барчамизни гўзал хулқ билан тўғри, сифатли, ҳалол савдо-сотиқ қилишлигимизни насибу рўзий айласин!

 

                                              Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Тошкент шаҳридаги

“Хўжа Аламбардор” жомеъ масжиди

 имом хатиби

                                                                           

 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz